27.Танқид танинга ёқмас
Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганда уни биринчи бўлиб Туркия жумҳурияти таниганди. Бунга жавобан Ўзбекистон Президенти 1991 йилнинг 16 – 19 декабрида биринчи расмий зиёратини Анқарага қилди.
Ўшанда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида алоқа, транспорт, иқтисод, савдо-саноат ҳамкорлиги шартномалари имзоланди. Айни пайтда икки жумҳурият ўртасида маданият, таълим ва технология ҳамкорлиги хусусида протокол имзоланди.
Шундан буён икки мамлакат муносабатлари гоҳ юксалиб, гоҳ дебсиниб, гоҳида эса орқага чекиниш билан давом этмоқда.
Рамзий ўхшатиш қиладиган бўлсак, Ўзбекистон – Туркия муносабатларини йилнинг тўрт фаслига ўхшатиш мумкин. Муносабатлар осмонида гоҳида қуёш, гоҳида булут кўриниб тураркан. Туркия томони Ўзбекистоннинг барча инжиқликларига дош бериб келди. Чунки яқинда мустақиллигига эришган қон-қардоши билан жиққамушт бўлишни истамасди.
Шу сабабдан Ўзбекистон баъзан турк ширкатлари фаолиятини тўхтатиб қўяркан, баъзан эса етти-саккиз ойлаб уларнинг ҳисобларини музлатар, муҳрларкан Анқара товушини чиқармади.
Бухорода турклар томонидан иншо этилган нефтни қайта ишлаш заводи очилишига боришни истаган Давлат вазири, асли ўзбек бўлган Аҳад Андижон истагига рад жавобини олди.
Маълумки, бунгача Каримов Туркияда ислом фундаменталистлари таъсирига тушди, дея икки минг нафар талабани ортга чақирди. Исломий йўналишдаги бойларнинг фабрикалари чиқарган маҳсулотларига Ўзбекистон эшиклари ёпиб қўйилди.
Ўша кезда барча турк жумҳуриятларидан ўн минг талаба Туркияда таҳсил олаётганди. Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон ёзги таътилдан сўнг талабаларнинг аксариятини ўқишга юбормадилар. Ҳозир эса Ўзбекистондан Туркияда беш юзнинг атрофида талаба ўқийди ва улар таътил учун мамлакатга борганлар. Уларнинг келажаги ҳақида бир нарса дейиш қийин.
Танқид танинга ёқмас экан. Икки мамлакат муносабатларининг ҳам танқиддан таноби тортилди. Ўзбекистон Президенти 1992 йилдаги зиёрати давомида Истанбулда бу ерда яшаётган ўзбеклар билан учрашди. Ўшанда Туркистон жамиятининг раиси бўлган профессор Аҳад Андижон “Ўзбекистон диктатура томон бораётгани ва бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин”лиги ҳақида гапирди. Бир йилдан кейин Ўзбекистонга отланган Аҳад Андижонни Тошкент қабул қилмади.
Бугун ҳам Ўзбекистон ҳукумати Турк жумҳуриятлари масалалари билан шуғулланаётган давлат вазири, Туркистон жонкуяри Аҳад Андижонни ўзбек мухолифатини қўллаб қувватламоқда деб билади. Бир пайтлар шундай бўлган. Ватандошларини қўллаб, ўйлаб гапирган. Лекин бугун Аҳад Андижон катта сиёсатчи, давлат арбоби. Бир мамлакатнинг йирик вакили.
Ўтмишдаги бир танқид ва бугунги шубҳа билан Аҳад Андижоннинг Ўзбекистонга бориши муаммога айланган бўлса, ҳали сиёсатни ўрганишимизга жуда кўп вақт керак.
Кеча ака-укасини ўлдирган рақиблар бугун тинчлик столи атрофида ўтираётган ва сулҳ учун имзо отаётган шу даврда бир неча йил олдинги танқид учун икки мамлакат муносабатларини пайсалга солиб қўйиш ташвишли ҳолдир.
Яқинда Аҳад Андижон Бокуда мамлакат президенти билан музокаралар олиб борди. Ўзбекистон ҳам ўзбек вазирга йўл очиши ва у билан музокара олиб бориши шарт.
Икки томонлама муносабатларда қуёш ботиши, булут босиши у ёқда турсин, қор, ёмғир ёғиши ҳам табиий ҳол.
Лекин бу нарсалар халқнинг, мамлакатнинг келажагига таъсир қилмаслиги керак. Сиёсатчи ва дипломат бўлишнинг асосий шарти ҳам ана шунда.
Жаҳонгир Маматов, “Озодлик”, сентябр, 1997 йил.
Filed under: Turkiya turkumi |
You must be logged in to post a comment.