Савол-Жавоб

Муҳташам разолат

САВОЛ: Намойиши Россияда тўхтатиб қўйилган ва Туркия ҳамда бошқа жойларда жуда катта қизиқишларга сабаб бўлаётган “Муҳташам 100 йил” кўп серияли филмини кўриш имкониятингиз борми? Биз уни Туркияда кўраяпмиз, шуни Ўзбекистонда кўрсатишса бўлмайдими?(Эътибор, Истанбул).

ЖАВОБ: Дарҳақиқат, Туркиянинг “STAR” TVсида ҳозиргача 56-бўлими намойиш этилган “Муҳташам юз йил” кўп серияли тарихий филмини турк зеҳниятининг ўзига хос бир исёни дейиш мумкин.

Усмонли саройининг намоёндаси Султон Сулаймон ҳаёти ва ҳарамини илк бор саҳнага олиб чиққан филмнинг ҳар бир бўлими икки соатдан кўп бўлгани учун 56 қисмига юз соатдан кўп вақт сарфлаб томоша қилишга арзийдими?

Арзийди.

Агар тарихга қизиқсангиз.

Агар диктатура, зулм нима эканлигини билмоқчи бўлсангиз.

Агар шараф ва шарафсизлик, адолат ва адолатсизлик, садоқат ва хиёнат, муҳаббат ва разолат чегараларини ажратишни ўрганаман десангиз кўришга арзийди.

Дастлаб бу филм ҳақида Туркия бош вазири Ражаб Тайиб Эрдўғаннинг гапини эшитиб қолдим. Унинг “Аждодимиз, Усмонлига бир ҳурматсизлик кўрсатилмоқда. Саройни бошқа бир шаклда кўрсатишга уринилмоқда. Буларнинг ҳеч бирининг далили йўқ. Ҳужжати йўқ, исбот этолмайсиз. Бундай филмни ўтмишга ҳақорат, ҳурматсизлик, ўтмишимизни ёшларга ёмон қилиб кўрсатиш деб биламан ва буни тўғри деб ҳисобламайман”, деган гапларини ўқидим.

Кейин Эрдўғаннинг касалхонага тушгани ва касалахонадан чиқиб ҳам халққа кўринмай қолгани хабарлари пайдо бўлди. Маълум бўлишича, бу пайтда у филмнинг илгари намойиш этилган 50 сериясини “нафас олмай” томоша қилибди. Сўнг туркларнинг бир пайтлар арманиларга геноцидини тан олиш борасида Францияда қонун қабул қилиниши билан бошланган машмашалар пайтида Эрдўған Султон Сулаймоннинг Франция қироли Франсуага ёзган мактубини эслатиб қолди. Маълум бўлишича, бу мактуб матнини у айнан шу филмдан олган экан.

Тарихга қизиққаним учун бу табиийки, диққатимни тортди. Филмнинг бугунга қадар кўрсатилган барча бўлимларини томоша қилдим ва давомини ҳам ҳар чоршанба оқшоми кўраяпман. Ҳақиқатдан ҳам “нафас олмай” томоша қилинадиган асар.

Бундан 10-15 йил олдин Туркияда демократлар ҳокимиятда эдилар ва у пайтда бу мавзу жуда нозик ҳисоблангани учун адиблар четлаб ўтардилар. Бошқача айтганда, сарой разолатлари ҳақида гапирилса, диний жамоалар демократларни айблаб, динга, ўтмишга ҳурматсизлик кўрсатилмоқда, тарихни бузмоқдасиз дейишарди. Шунинг учун ҳам Усмонли саройи ҳақида илиқ ва сохта гаплардан нарига ўтилмасди.

Мана қарийб ўн йилдирки, ҳукуматга диний илдизи кучли бўлган партия раҳбар ва бу даврда Усмонли саройининг разолатлари ҳақида гапириш яна ҳам мушкул. Лекин турк адиблари ва санъат аҳли бу анаънани бузишибди. Бузишганда ҳам ағдар-тўнтар қилиб юборишибди.

Филм ўртага қўйган мавзуларни қисқа сатрларда санайман ва хулосани ўзингиз чиқариб олинг:
-Усмонли ҳарамига дунёнинг турли бурчакларидан қизлар (айниқса, рус, украин, можар қизлар) қул сифатида олиб келинган.

-Ҳарам чўри қизлар учун “инкубатор” бўлган, улар подишоҳ билан ётиб, унга бола туғиб бериш вазифасини ўтаганлар.

-Қул жориялар никоҳга олинмаган, аксар шаҳзодалар зино натижасида дунёга келишган ва ҳаромзодалар Усмонли тахтига ўтиришган.

-Подишоҳнинг тўшагига кириб, у билан ётиб, унга ёқмаган чўрилар бекларга ҳадя қилинган, худди Ўрта Осиё тарихида бўлгани каби ҳаромзодалар сулоласи вужудга келган.

-Алдов ва ёлғонлар ҳарамнинг адолатига айланган.

-Адолатсизлик чўққига кўтарилган, адолат оёқлар остида қолган.

-Манфаат ҳамма нарсадан, ҳатто диндан ҳам устун кўрилган.

-Дин “хўжайинлари”нинг “гилам остидан” олиб борган разил жанглари жамият ва сарой орасида девор яратган.

-Битта шахснинг битта сўзи билан не-не инсонларнинг тақдирлари яксон этилган.

-Инсоннинг инсонлик роли қолмаган ва у битта шахснинг қулига айланган.

-Тахт учун ота ўғилдан, ўғил отадан воз кечган, бир-бирини заҳарлаган, ўлдирган.

-Тахт олдида волиданинг, фарзанднинг, отанинг, дўстнинг, халқнинг, миллатнинг, диннинг қиймати қолмаган.

-Ватан фақат подишоҳнинг шарафи, унинг ҳудудига айланган.

-Жанглар босқинчилик билан бойлик тўплаш ва қайтиб қиш бўйи саройда айшу ишрат қилишнинг воситаси бўлган.

-Халқ тинимсиз таланган ва хазина эса подишоҳ оиласи томонидан талон-тарож қилинган…

-Сарой интригалар, бир-бирининг устидан уйдирмалар уюштириш, бири бирига жосуслик қилиш, бир-бирининг тагига сув қуйиш кошонасига айлантирилган…

Хуллас, филм муаллифлари худди Ислом Каримов режимини 20 йил яширинча суратга олиб, энди томоша қўйгандек манзара хаёлингиздан ўтади. Бу манзара миллионларнинг нафратини уйғотиши турган гап. Нафақат Туркияда, балки дунёнинг бу филм намойиш этилаётган олтмишдан зиёд мамлакатида…

Агар ҳукмдорлар ҳукми ила ёзилган тарих бугунги ижодкорлар томонидан бузилган бўлса, Усмонли шарафини унинг ворислари-иқтидордаги Эрдўған ҳукумати ва партияси ҳимоя қилиш қудратига соҳиб. Бу уларнинг вазифаси.

Лекин бу санъат асари Ўзбекистонда ҳам кўрсатилса эди, халқ золим Каримов саройининг муҳташам разолатидан хабардор бўларди. Шунинг учун ҳам кўрсатишмайди.

Диктатор кеча ҳам, юз йил олдин ҳам, минг йил аввал ҳам айни бўлган. У дунёнинг қаерида бўлмасин, қачон яшамасин, унинг портрети айни: қон билан чизилган, атрофи олтин билан нақшланган муҳташам зулм, муҳташам разолат…
19 апрел, 2012 йил.
ЖМ.

2 Responses

  1. Ҳурматли Жаҳонгир ака!

    Сизнинг фильм ҳақидаги мулоҳазаларингиз асосида ушбу фильмни кўрмаган бўлсамда анчайин маълумотга эга бўлдим.
    Сарой ҳарами ҳақидаги маълумотларни тартибга келтиришингиз жоғида фикримда бир савол уйғонган эди.
    Яъни Усмонли давлати ва бизнинг “МИЛЛИЙ ҲАРАМ” ўртасидаги тафовут ҳақида. (латифаларингиздан бирида шу мавзу кўрсатилган эди).
    Энди эса тўлиқ маълумотга эга бўлдим деб ўйлайман.
    Араблар боқини натижасида Ўрта Осиёда кўп хотинлилик ва ўзаро ака уканинг нифоқлари ҳалиямки ўз таъсирини кўрсатиб кемоқда.
    Билмадим! Бу қон билан кирган чамамда жон билан чиқар балки?!

    Сизга катта раҳмат.

    Ҳурмат билан …

  2. meni ham qiziqtirib qo’ydingiz, men ham filmni tamosha qiliman. Rahmat. Jahongir aka, odatda utubga kirib olib qaerdagi narsalarni ko’rib vaqt o’tkazaman, mana shunaqa suggestionslar berib boring, iltimos. Gayrat.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: