Савол-Жавоб

Демократия нима?

САВОЛ׃ Жаҳонгир ака, Сиз ёзувларингизда демократия деган сўзни жуда кўп ишлатасиз. Лекин демократия куфр эканлигини билмайсизми? (Валломат).

ЖАВОБ׃ Валломат бўлсангиз исмингизни нега очиқ ёзишдан қўрқасиз, ахир саволингиз жаллод Каримов ҳақида эмаску?

Майли, шундай бўлсада жавоб берайин.

Парвардигор ўз бандалари, яъни халифларини эркин қилиб яратган ва уларга ўзларини ўзлари бошқариш ҳуқуқини берган. Ана шу ўзини ўзи бошқариш дегани – демократия деганидир.

Демак, демократияни куфр дегувчилар Яратганга исён қилишмоқда. Бундайлар бошқариш ҳуқуқини халқдан ўз қўлларига олиш,  ҳукуматга осонгина эгалик қилиш каби хомхаёлда бўладилар. Яратган бундай исёнчиларга нисбатан жуда ғайюрдир. Шундай экан, бундайлар ўз жазолари билан ўзлари юзма-юздирлар. Биз фақат уларга Ўзи инсоф берсин деймиз.

Бугунги кунда ҳамма ёмонликларни, ахлоқсизлик ва очиқ-сочиқликларни ҳам демократия деб одамларни қўрқитадиганларнинг мақсади ўз исёнларини алдов пардаси билан бекитишдан бошқа нарса эмас. Буни англаш учун олдин бугунги демократик тузумларга бир назар солинг. Масалан, АҚШ мисолида.

Бу ерда икки партия бор. Ҳар иккаласи ҳам халқ бошқарувини истаган демократларнинг партияси. Фақат биттасининг номида бу сўз бор. Иккинчисида эса бу сўзнинг “укаси”- “республикачи” деган калима бор.

Демократлар партияси либерал, социалистик, коммунистик қарашдагиларнинг тўдаси. Кейинги пайтда уларнинг ораларида ҳам диндорлар алоҳида оқимга айланмоқда. Ахлоқсизлик, очиқ-сочиқлик кўпроқ шу партия атрофидадир.

Республикачилар партияси муҳофазакорлар, яъни консерваторлар партияси бўлиб, у ҳам ичида уч оқимни бирлаштиради. Радикал диндорлар, социал қарашларни тутган диндорлар ва ўрта қарашдаги диндорлар.

Бошқача айтганда ҳар икки партиянинг ўнг ва сўлчилари бор. Ўнгдагилар ўта диндор ва сўлдагилар ўта либерал.

Кўрдингизми, сиз ва биз демократия дер эканмиз аввало ўзимиз қаерда турганимизни билишимиз керак. Масалан, мен муҳофазакор демократларнинг ўрта бўғинини қўллайман. Чунки улар яратганга содиқлик, оилани сақлаш, фарзандлар тарбияси, жамиятда ахлоқни устивор қилиш, адолат тантанаси ва қадриятларга соҳиб чиқишга тарафдор. Хўш, бунинг нимаси ёмон?

Мен ҳам Худога ишонаман, оилага ишонаман, ахлоқсизликка қаршиман, адолат тантана қилсин дейман, қадриятларни эъзозлайман. Яратганнинг ўзи берган ақлим бор ва бир нарсани гапириш, ёзишдан олдин ўзим ўқиб, таҳлил қилиб кейин тўхтамга келаман.

Раҳматли Боймирза Ҳайит “Мия бир парча эт, ишлатмасангиз этлигича қолади. Кимдир сизга мия бўлиши керак эмас, ўз миянгизни ишлатинг” дер эдилар.

Бу эса инсонга бошқаларнинг алдовини олдиндан сезиб қолиш, ниятлари бузуқлигини англаш каби ҳисларни беради. Ўшанда сизни алдайдиган кимсаларга ишонмайсиз, уларнинг тўмтоқ ақли билан эмас, ўз ақлингиз билан иш тутасиз ва нияти бузуқларни ўзингизга ошно тутмайсиз. Менинг демократиям шу. Буни кўнглимга Яратганнинг ўзи солган деб биламан. Чунки ундан қудратли куч йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

ЖМ.

Leave a comment