Савол-Жавоб

Келажагимизни қутқарса демократия қутқаради

САВОЛ:Ҳурматли Жаҳонгир ака! Асарларингизнинг бирида таъкидлаганингиздек, девондан тортиб қуйи ташкилотларда ҳам бошлиқлар томонидан ходимларнинг онасини “мақташ” ҳоллари мавжуд.

Балки, бу ҳақда айтмаслигим керакдир, аммо бир инсоннинг қилган ҳатти ҳаракати мени “портлатиб” юборди. Ҳозир ҳам унга ҳавас қилмоқдаман!

Ҳокимлик мажлисида ҳурматли катта ташкилот рахбарлари ва ходимларини тартиб билан бирма-бир чунонам туғилганига пушаймон қиларди. МХХ ва бошқалар ҳам каттанинг бошида соябон эдилар, ўша мажлисда. Навбат бир ташкилот раҳбарига етиб келди, (сизга ўхшаб олдиндан огоҳлантирганми шекилли яна билмадим), у ҳам каттанинг онасини “мақтаб” жавоб қайтарди.

Залда жимлик ҳукм сурди. Бошқалар эртак эшитиш учун момоларига тикилган сингари каттага ва бир “кичикка” термулишарди. Сукунатни кичик бузди. Бошқаларга қарата фикрини айтди: Сизлар қанақа одамсизлар, азиз онангизни ҳақорат қилишларига чидаб турсангиз?!, Олсанг ишингни оласанда дея шартта залдан чиқиб кетди ва ишини топширди. У ҳар ишни вақтида қилди.

Менинг обрўйим ҳам яхши эдику-я, аммо мен ҳам бошқалар сингари ҳар кун бўладиган “мақтов”ни ҳазм қилишга мажбур эдим. Афсуски бошқачароқ йўл билан мен ҳам бундай расволикка кейинги кун барҳам бердим. Аммо, у каби эмас албатта. У каби ўз вақтида жавоб қайтариш эмас, балки, бундай муомалани бас қилиш кераклигини ўша вақтда айта олмаганим учун хафа бўлдим.

Бундай тартибга ишга янгидан кириб келаётган ёшлар ҳам ўрганиб боришмоқда.
Ёшларнинг ёлғон ҳисоботларни тайёрлашларини кўриб баъзан ижод қўйнида илҳомланаётган шоир сиймосини кўз олдимга келтираман.

Ушбу ҳисоботлар ўз вақтида тайёрланганлиги учун каттадан “Баракалла” сўзини эшитиш вақтинчалигини ҳамда ушбу ҳисоботлар вақти келиб бу ёшларни чирмовуқ каби бир кун келиб бўғишини уларга қайдан ҳам тушунтура оласан киши?!..

Сизнинг фикрингизча Ўзбекистон қанча муҳлатда бу каби салбий оқибатлардан қутилиши мумкин? Ёшларчи?

Ҳозирда ташкил этилаётган академик лицей ва коллежларда, (институтларни айтмаса ҳам бўлади, чунки уларда тайёр порахўр кадрларни шундоқ ҳам мажбуран тайёрлашади ёки талаба бундан “ОЧИСЛЕНИЕ” бўлиб қутулади), янгидан ташкил этилаётган чет эл олийгоҳларида таълим олаётган кадрлардан умид борми?

“Умид” ёшларни четга ўқишга жалб этиш проектидан умиднинг ўзи қолмади. Ёки коллежларни ҳозирда чет элга пул топиш илинжида нафақат ўқитувчилар балки аксарият қисми ўқувчилар тарк этаётганларидек чет эл институтларида ҳам бир хил бўлиши мумкинми?

Кундаликка айланиб ораётган маддоҳлик болалар яслисидан бошланиб турган бир шароитда (ёшгина болаларнинг эртак эшитиши лозим бўлганда конституцияни кўр кўрона ёдлатишгани ва ТВда такрор ва такрор намойиш этишганичи) аниқ бир чора тадбир борми?

Ҳурат билан М.Қ.

ЖАВОБ: Сиз ёзиш услуби анчагина “пишган” ва унча-бунча журналистдан тузукроқ ёзадиган киши экансиз. Шунинг учун номингизни очиқ қўйиб ёки бу хавфли бўлса тахаллус остида мушоҳадали, мулоҳазали ва муҳокамали мақолаларни қаламга олишингиз мумкин. Бу ишга киришсангиз, саволингизда қўйилган масалани олдинроқ ҳал этишда ёшларга, жамиятга салмоқли фойда қилган бўлардингиз. Бу жуда хайрли одим бўлади.

Чунки бугун ёшлар ишонадиган журналистлар, ўз фикрни очиқ ёза оладиган қаламкашлар ва давр файласуфлари деярли йўқ даражада. Кимдир “лўп” этиб чиқиб қолади. Лекин қисқа вақтда ё ҳукуматнинг дойрасига ўйнайди ёки қайси бир гуруҳнинг ноғорасига.

Ҳеч қайси томонга қўшилмаган ҳолда ҳақиқат, адолат тарафида турадиган фикр соҳиблари керак бугун. Чунки ёшлар ва умуман жамият гангиб қолган. Улар қайси йўлни танлашлари ва қайси йўл тўғрилигини танлашда қийналмоқдалар.

Бугун аҳмоқларнинг бобокалони ҳам ўз йўлини тўғри дейди ва ўзига эргашмаган, қўшилмаганни нокас деб ўйлайди. Шунинг ўзигина аслида унинг кимлигини кўрсатадиган ишорат. Лекин буни тушинтириб берадиган сиз каби фикр соҳибларига зарурат бор бугун.

Энди саволларингиз мағзига келсак, шуни айтишим мумкинки, агар Ўзбекистон барча учун қадрли бўлган исломий йўлдан кета бошласа, “бошига” жуда кўп ишлар келади ва бугунги кунлар ҳам ҳолва бўлиб қолиш мумкин. Чунки бизда ҳали исломни англайдиган сиёсатчилар йўқ, исломни англайдиганлар эса сиёсатчи эмас.

Бунинг устига Ўзбекистон жойлашган геополитик нуқта ҳам бу борада катта муаммолар келтириб чиқаради. Ислом Каримов диктатурани мустаҳкамлаш учун худди мана шундан усталик билан фойдаланиб келмоқда. У қўлига тушган ҳар бир “кесакча”ни катта “харсангга” айлантирди ва айлантирмоқда.

Агар биз демократик йўлни танласак, Сиз айтган қабоҳатлардан қутула оламиз ва демократия ана шу разолатдан қутулишни ўргатади. Матбуот эркин бўлса, сўз айтиш озод бўлса Сиз айтган қабоҳатларга қарши курашмоқ мумкин.

Бу осонгина “олма пиш, оғзимга туш” қабилида ҳал бўлмайди, албатта, қадамба қадам ҳал этилади.

Маддоҳликни тизгинлайдиган битта режим бор, у ҳам сўз эркинлиги режими. Бу режим маддоҳликни бутунлай тугата олмаса ҳам унга қарши ҳақиқатни айта олади. Бошқача талқин қилсак, балансни сақлайди. Ўзга бирор бир режим бунга қодир эмас. Буни тарих миллион карра исботлаган.

Қайси бир ҳисобдан бугунги ёшларнинг чет элга чиқаётгани яхшидир. Улар ҳеч бўлмаганда маддоҳлик нима эканлигини тушунадилар. Бу эса Ўзбекистондаги қаттол режимни тезроқ тугатишга кўмаклашади. Чунки режим ўзгарса, унинг ТВларидан тортиб, газетларию мактабларида ишлайдиган фикри очиқ миллионлаб ёшлар керак бўлади. Жамиятнинг қанчалик тез ўзгариши ана шу кучларга боғлиқ бўлади.

Демак, 70 йилда нуратилган ва 25 йилда қулатилган бинони тиклаш учун оз вақт кетмаслиги ўз-ўзидан аён. Аммо демократияни қалбан англаб, ўзини енгиб, ўзи ҳам унга риоя қиладиганлар ҳокимиятга келсалар бу муддатни бир неча мартага қисқартириш мумкин. Унақалар эса анқонинг уруғи…
ЖМ.

One Response

  1. Ҳурматли Жаҳонгир ака!

    Сизнинг қайтарган жавобингиз мени жуда хурсанд қилди! Айниқса, исломий йўл масаласи. Тажрибам давомида кўплаб ёшларнинг кўр кўрона “ислом намоёндалари”га эргашганлари ва уларнинг жамиятдан бутулай ўчиб кетганларининг гувоҳи бўлдим. Сизнинг фикрингиз нафақат мен учун балки кўплаб ёшлар, шу жумладан катталарга ҳам сабоқ бўларли.

    Яқин кунларда, Россияда бир ҳолатга ўзим гувоҳ бўлдим ва бу мен учун қизиқ бўлганлиги сабабли шахсан иштирок этишга жазм қилдим. Магазин олдида икки нафар бола туришарди (уларни кўринишидан интитут талабаси ёки уни тугатган деб ўйлаш мумкин). Албатта, сигарет олиш учун ичкари кирарканман, улардан бири илтимос қила бошлади. Унинг айтиши бўйича унинг паспорти ёнида йўқ. Сотувчи эса унга ишонмасдан, балоғат ёшига етмаган дея унга коняк сотишдан бош тортган.
    Мен эса уларга “ёрдам” бермоқчи бўлдим. (албатта, уларга аслида ёрдам бермасдим). Уларнинг “закази” бўйича номи алламбало конякни сотувчидан сўрадим. Сотувчилардан бири хизмат кўрсатмоқчи бўлганда, бошқа бириси ёнимга келиб, бундай қилишим нотўғри эканлигини ва буни бошқа киши учун харид қилаётганлигимни “юзимга солди”. Уялиб кетдим.
    Сигарет қутиларининг ҳар турли маркаларининг ҳар бирида катта ҳарфлар билан реклама каби олдинида “КУРИНИЕ УБИВАЕТ” сўзи, орасида эса катта ҳарфлар билан “КУРЕНИЕ МОЖЕТ СТАТЬ ПРИЧИНОЙ МЕДЛЕННОЙ И БОЛЕЗНЕННОЙ СМЕРТИ” дея кўрга ҳасса каби ёзиб қўйилган. Шу жумладан, Россия ҳудудида маълум даражадаги спиртли ичимликлар савдоси қатъиян кечки 10-00 дан бошлаб эрталабки 10-00гача тақиқланган.

    Саволим эса қуйидагича:
    Бизнинг азиз диёримизда 24 соат давомида ёшидан қатъий назар харидорга тақдим этилаётган спиртли ичимликлар ва тамаки махсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва улардан тушаётган маблағлар йўналиши, ушбу масала бўйича сиёсатни юритилиши кимларга боғлиқлиги ҳамда фойда бўлаётганлиги ҳақида ўз фикингиз билан ўртоқлашсангиз. Балки кулгингиз келар, сигареталарни қутилаб сотишга кўникмасдан ҳозирда магазин ёки ташқариларда доналаб сотишгача борилгани, ўз боласини боқиш учун боласи тенги ёш боларга тамакиларини “ўтказаётган” тадбиркорлар ҳақида нима дейсиз? BRITISH-AMERICAN TABBACCO ltd/ in Tashkent ёки спиртли ичимликлар тайёрловчи корхоналаримиз бизнинг келажакка борадиган йўлимизни ёритиб иқтисодий юксалишга ёрдам берар?

    Ҳурмат билан Мистер Қалампир.

Leave a comment