Китобдан боблар

ЎЗИНИ ЕНГОЛМАГАН, ЎЗГАНИ ЕНГОЛМАЙДИ!

Конгресс кундалиги ёки бирлаша олмасликнинг илдизлари

Бу китобда 2005-2010 йиллардаги жуда кўп ҳужжатлар илк бор эълон қилинмоқда, жумладан, Демократик Ўзбекистон Конгрессини тузган фаоллар орасидаги баҳсларни акс эттирган ўзаро ёзишмалар ҳам. Бу ёзишмалар шахсий бўлмай, ташкилот фаолияти ва асосан сиёсат, мухолифат, мухолифатчилар, ҳукумат билан боғлиқ бўлгани учун уларни эълон қилиш шарт деб ўйладим. Чунки бу бизнинг хатоларимизни таҳлил қилиш ва бирлаша олмаганимиз илдизи нимада эканлигини кўрсатадиган кўзгудир.

ДЎК фаоллари мактубларидаги ҳарфий-имловий хатоларни тузатмадим. Бунинг учун ўқувчидан узр сўрайман. Чунки  битта қалам урилган ҳужжат аллақачон ҳужжат эмас. Фақат лотинда ёзилганларни кирилга, кирилда ёзилганларни лотинга айлантирдим ва китоб ҳар икки ёзувда ҳам ўқиш, таҳлил қилиш, тарих учун ҳозир.

Китобда ҳамма нарсани ўз ҳолича келтирганим боис кимнингдир дили оғрийдиган бўлса, олдиндан узр сўрайман, зотан мени аямай танқид қилинган хатларнида айнан келтирдим. Бу хатлар кўпчиликнинг электрон почтасида турган бўлиши керак. Лекин электрон почталар бир умрлик эмас. Шунинг учун бу тарихга кўчсин ва  баҳони тарихчи берсин.

Бу китобда мен ҳужжатлар орасида бошловчилик қилдим ва ўша кездаги воқеалар жараёнига орадан йиллар ўтиб, келинган бугунги нуқтадан шахсий қарашларимни “лирик чекинишлар” билан мухтасар ўлароқ битдим, холос.

ХАЛҚҚА ҚУЛОҚ ТУТАЙЛИК!

23-27 май, 2005 йил. Андижонда 2005 йилнинг 13 майида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди. Халқ ғазабда, мухолифат эса жим. Бу сукунат 23 майга қадар давом этди. Шу куни “Озодлик”нинг “Қурултой” дастурида мавзуни муҳокама этдик ва электрон почта орқали Каримов режимига қарши бўлган барча демократик кучлар мансубларига ўзбек, рус ва инглиз тилларида мурожаат йўлладим. Мана ўша ҳужжат:

“1.Ўзбекистон демократик кучларининг миллий конгрессини тузиш керак…

Андижонда 2005 йилнинг Май ойида намойишлар бошлангандаёқ Ўзбек демократик кучлари унинг ёнида, халқнинг ичида бўла олмадилар, шу боис намойишлар сиёсий курашдан қуролли ҳаракатга юз тутди ва Каримовнинг бешавқат зулми билан қонга беланди. Бугун шу боис одамлар демократик кучлардан тарқоқликка барҳам бериш ва бирлашишни талаб қилмоқдалар!

Намойишлардан кейин ҳамма ўз ҳолича курашмоқда. Лекин дунё, Каримовнинг жиловини тортадиган дунё Ўзбек демократик кучларини Гуржистон, Украина, Қирғизистондаги каби қўлламади ва қўлламаётир. Бунинг сабаби эса бу кучларни реал куч деб тан олмаётганидадир.

Шу фожеалар давомида дунё сиёсатида бевосита сўз соҳиби бўлган жуда кўп одамлар билан гаплашдим. Уларнинг ҳаммасида битта фикр мавжуд. Улар  “Ўзбекистонда мавжуд ҳукумат  кетган тақдирда унинг ўрнини оладиган демократик-сиёсий алтернатив куч йўқ.  Агар шундай куч мавжуд бўлганда Андижонда дарҳол ташаббусни қўлга олиб, масалани қамоқдагиларни қўйиб юбориш билан эмас, балки янги демократик ҳокимиятни эълон қилиш билан ҳал этарди ва мамлакатнинг ҳамма жойида халқни бирданига кўтарса Каримов режими қулар эди” дейишади.

Шундан келиб чиқиб, таклиф қилмоқчиман, бу таклиф фақат меники бўлиб қолмаслиги учун, “Қурултой” қатнашчилари ҳам муҳокама этсинлар ва бир қарорга келайлик.

2.Агар шу кунларда Андижон масаласида айтаётган гаплари самимий бўлса, ким бўлишидан қатъий назар, қаерда бўлишидан қатъий назар агар демократияни қўлласа ва Каримов режимига қарши бўлса,  бу Конгрессга қўшилсин.

3.Ташкилотлар, шахслар Андижонда ҳалок бўлганлар хотираси ва ватан келажаги учун гина-кудрат, низоларга мараториум эълон қилишсин. Масалан, мен 15 Майдан эътиборан эълон қилдим. Мамлакат озод бўлгандан кейин ҳар қандай гапни гаплашиш имконияти бўлади.

4.Мазкур миллий Конгресс дунёга ўзбек демократик кучлари борлиги ва алтернатив сиёсий куч мавжудлигини намойиш этиш учун радио, интернет орқали бўлсада демократик кучларнинг умумдунё қурултойини чақирсин ва мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилсин.

5.Ҳамма истаган жойида ва вазифасида қолган ҳолда мазкур кенгашда тенг аъзо ҳисоблансин ва мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳайъати лидерлик вазифасини бажарсин.

6.Мухолиф  вебсайтлар мазкур кенгашнинг дафтарини очсинлар ва истаганлар унга ёзилсинлар.

Биз агар куч бўлсак, дунё қўллайди, халқ қўллайди  ва Каримов  битади. Агар пуч бўлсак, дунё қўлламайди, халқ ҳам қўлламайди, Каримов ва каримовчилар  ютади.

Агар яна баҳоналар билан бу имкониятни қўлдан чиқарсак, демак яна ўлик санаш, орқадан йиғлашдан бошқа нарсага ярамаймиз! Каримовдан кейин ҳокимият “кичкина Каримов”га ўтиб кетиши ва у  халқни демократия ўйини билан яна бир неча йиллар алдаши мумкин.

Бу аччиқ ҳақиқатни тушуниб олайлик!

Бу уни  ўқиган ҳар бир кишининг ўз мурожаати бўлсин ва бунга тузатишлар киритсин.

Радио орқали муҳокамада қатнашчилар бу таклифларни қўлладилар ва таниқли ҳофиз, сиёсатчи Дадахон Ҳасан “Мазкур миллий конгресснинг биринчи аъзосиман” деб эълон қилди. Хўш ким иккинчи, ким учинчи, ким…? Ҳурмат билан Жаҳонгир Муҳаммад-Маматов. (Бундан буёғига исми-шарифимни Ж.М. тарзида қисқартириб қўяман).

Айни шу куни – 23 Май май куни “Озодлик” радиоси ўзбек шўъбасининг директори Адолат Маликовага ҳам мактуб ёздим:

“Ассалому алайкум  Адолатхон ва “Озодлик” жамоаси.

Мен кейинги кунларда Андижон фожеаси ҳақида ҳамма томондан маълумот олишга ҳаракат қилдим ва энг аниқ, батафсил маълумотни фақат сизлардан топдим. Тинмасдан, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан хизмат қилаётганларингиз учун сизларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

“Қурултой” дастури ҳам “Озодлик”нинг ўзига хос бир минбарига айланди. Бунда албатта, Шуҳратбек ва Тошкентдаги фидойи йигитларнинг ҳам хизматлари катта. Сиздан илтимос, бир тингловчингиз сифатида Андижон воқеаларини ёритишда қатнашган барча дўстларга юракдан тўкилган раҳматимни етказсангиз.

Айни пайтда сизлардан бир илтимос, бугун “Қурултой”да кўтарилган масала – Ўзбекистон демократик кучларининг миллий Конгрессини тузиш борасида Ўзбекистондаги ва ташқаридаги барча кучлар вакилларининг фикрларини олиб, эшиттиришга қўйсангизлар мамлакатимиз келажаги учун улкан хизмат бўларди. Кеча “Вашингтон пост”да ҳам айни шу гап айтилди ва алтернатив сиёсий куч йўқ дейилмоқда. Агар шундай бирлик юзага келса, бутун дунё ёрдамга ошиқади. Сизларга  ҳурмат билан Ж.М.”

Бу масалада Шуҳрат Бобожоновнинг ўзига яна алоҳида хат ёздим. Ўзбекчилик. Кўнглига тегмасин дедим. Хатимга Адолат Малик “Сизга ҳам раҳмат” шаклида жавоб қилган бўлса, Шуҳрат Бобожонов  билан бир ики “хат отишдик”:

“Жаҳонгир ака. Журналистлар ҳолис бўлиши зарур деган RFERL(“Озодлик” радиосининг инглиз тилидаги номланишининг қисқартмаси-Ж.М.) тамойили боис бу ишни зиммага ола  олмайман. Узр.”

“Салом Шуҳратбек!

Мен сизнинг бундай совуқ ва  кескин жавобингизни тушуна олмадим. Сизни нохолисликка чорлаганим йўқ. Аксинча холисликка чорладим. Зиммангизга олинг ҳам деганим йўқ. Аслида бу бир ташаббус эди ва унга одамларнинг фикрларини олиш сизнинг вазифангиздир, бу радио хартиясига зид ҳам эмас, балки журналистнинг бурчидир. Шу боис бу қадар кескин жавобингиздан ҳайрон бўлдим. Айниқса, шу кеча кундузларда бир-биримизга бу қадар асабий ва совуқ муомала қилиш  яхши эмас. Ҳурмат билан Ж.М.”.

“Жаҳонгир ака  бу ҳат кескин ва совуқ эмас, балки қисқа мактуб эди. Балки шунинг учун ҳам сизга шундай туюлгандир. Жаҳонгир ака RFERL тамойилига кўра журналист воқеаларни фақат ёритади ва айни вақтда воқеаларга аралашмайди. Журналистикага оид китобларга кўра журналист воқеаларни девордаги пашша каби кузатиши керак холос. Агар мактубим сизнинг дилингизни оғритган бўлса узр.”

“Мактубингиз учун раҳмат. Асло дилим оғриган эмас, сизга ҳурматим  боис гапимни очиқ ёздим, ўйлайманки бир қарашдаги журналистлармиз. Фақат бир-биримизни тушуна олмадик ва бу табиий, демократия ва плюрализм… Радиога келсак, мен ҳам шу “қозон”дан чиққанман ва илгари битта идора эдик, талабларни яхши биламан. Хабарчилик масаласида гапингиз тўғри.  Аммо қолган борада, BBG( АҚШнинг Халқаро теле-радиолар бошқармаси-ЖМ) кейинги йилларда журналистлар фақат кузатувчи бўлиб қолмаслиги керак, деган масалани илгари суриб келмоқда. АҚШда энг катта воқеаларни яратган журналистлардир. Баъзан битта таклифни ушлаб, минглаб одамларнинг фикрларини оладилар ва улкан воқеа яратaдилар. Бир воқеа эсимдан чиқмайди. Бир талаба сайловларда ёрдам сифатида бериладиган пул рўйхатга олинсин, деган таклиф айтганди ва бир журналист шуни ушлаб, ўнлаб эшиттиршлар қилганди. Бугун ҳеч ким талабани эсламайди. Аммо Конгрессдан чиққан қонун ўша журналистнинг номига қўйилган. Бундай мисоллар жуда кўп.Саломат бўлинг.Ҳурмат билан Ж.М. “

Радиога “алвидо” деб ишни сайтимга кўчирдим. Ҳали тузилмаган Конгрессга аъзо бўлаётганлар кўпайиб бормоқда эди. Кунига ўнлаб хатлар ола бошладим. Ташаббус билан чиққан жазоланади, деган гап бор. Кўпчилик мендан қандайдир амалий ҳаракат қилишимни сўрарди. Менда эса фаол сиёсатга қайтишга иштиёқ йўқ эди.

Шунинг учун мухолифатнинг бирлашуви масаласида ёрдамга, хизматга ҳозирлигимни айтиб, аммо ўзим фаол сиёсатга қайтиш ниятим йўқлиги ҳақида  бир хат эълон қилдим.

“Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар юрагимни ёндиради. Нималардир қилгим келади. Шунинг учун ҳам мурожаат ёздим. Бу билан кимларнидир ҳаракатга солгим калди, мавжуд сукунатни бузгим келди. Бунга эришдик ҳам. Сукунат ўрнини ҳаракат эгалламоқда. Энди ўзбек мухлофатига етакчилик қилиш иштиёқида бўлганлар ўртага тушиб бу ҳаракатни бошқаришлари керак. Мен ҳаракатнинг оддий аъзоси сифатида қўлимдан келган ҳар қандай ишни бажаришга ҳозирман. Фақат фаол сиёсатга қайтмоқчи эмасман, яъни бу ҳаракат бошқарувида бўлишни истамайман, бошқарувга янги кучлар кириши керак. Балки бу ҳаракатни битта раҳбар эмас, кенгаш бошқарса яна ҳам яхши бўлармиди? Ж.М.”

Кескин танқидга учрадим. Кўпчилик буни ўзини олиб қочиш, умуман сиёсатдан кетиш деб тушунди. Мана шундай мактублардан бири:

“Жаҳонгир ака, балки сизда сиёсатга қайтмасликка етарлича сабаб бордир. Лекин сиз ёзаётган  “Ассассин” романи ва юритаётган веб саҳифангизни ўзи сиёсий ҳаракат ҳисобланади. Сиз мавжуд режимни қулатиш учун унинг сирларини очаяпсиз, ҳолатини таҳлил қилаяпсиз, бу сиёсат бўлмаса нима унда? Фақат сизники партия эмас, сизнинг ёнингизда қичқириб турган минглаб одам йўқ…

Ўзбекистон Миллий Демократик Кучлар Конгрессини ташкил қилишлик жуда ҳам яхши фикр. Лекин бир иш бошланганга яраша жуда пишиқ бошланса, натижали бўлади, деб ўйлайман…

Жуда кўп нарса раҳбарга боғлиқ…Қийин вазиятда раҳбарни ўрни билинади, эргашувчилар тўғри йўлни кўрсатувчига муҳтож бўлишади. Энди фараз қилинг кемага одамлар чиқиб, роса зич бўлиб тўлди, лекин капитан йўқ. Кема жойидан силжийдими? Ҳа майли ўша одамлардан бирортасини капитан қилиб кўтаришди, чиройли кийим ҳам беришди, лекин у эплоладими? Уни хатоси билан ҳамма сувга чўкади-ку?…Нима учун ман ўзим билмаган одамга эргашишим ва унинг хатоларидан хавотир қилиб ўтиришим керак?

Демоқчиманки, бир ҳаракатни бошлаганда эргашувчилар кимга эргашаётганини ўрганадилар, ишонсалар эргашадилар, бўлмаса… билмадим яна ҳам, балки тушунмасдан эргашувчилар ҳам топилар…Хуллас бу ҳолатда ҳаракат бор, раҳбар йўқ…Натижаси қанақа бўларкин??

“Жуда кўп ажойиб фикрлар пишитилмаслиги ва давом эттирилмаслиги билан қолиб кетади, иккинчи марта кўтарилганда эса унинг биринчи марта натижа бермаганлиги эсланиб, яна қолиб кетади…

Ҳурмат билан, Полвон”.

Полвон ҳақ эди. Мен боши берк кўчага кириб қолдим. Ташаббусни бошлаб қўйдим ва айни пайтда лидер бўлиш иштиёқим йўқ.

Бир йўли топилар, деган маънода Конгрессга аъзо бўлаётганларнинг мактублари асосида рўйхатни “ЎЗИНИ ЕНГОЛМАГАН, ЎЗГАНИ ЕНГОЛМАЙДИ”! шиори остида эълон қилиб боравердим.

Рўйхат “семириб кетаверди”, ватан тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар ўз номларинии очиқ ёзиб, ёки гизли тутиб ҳаракатга қўшилавердилар, ҳар куни истаганларнинг исм-шарифларини, ташкилот ва гуруҳлар номларини jahongir.org (Кейинчалик “Turonzamin”  сайти-Ж.М.) номи билан очган сайтимга қўйиб боравердим:

“-Дадахон Ҳасан, “Бирлик” ҳаракатининг асосчиси, таниқли ҳофиз ва сиёсатчи.

-Баҳодир Чориев,  Ўзбекистон “Бирдамлик” ҳаракатининг лидери

-Тўлқин Қараев, Инсон ҳуқуқлари фаоли, журналист, Қашқадарё

-Дайнов Ташанов, “Бирлик” фаоли, Қашқадарё

-Улуғбек Ҳайдаров, Инсон ҳуқуқлари фаоли, журналист, Жиззах

-Зулфиқор Мирзо, Инсон ҳуқуқлари фаоли, Қашқадарё

-Бобомурод Абдулло, “Озод овоз” ташкилоти раҳбари, Тошкент

-Абдувоҳид Парпиев, собиқ Ўзбекистон халқ депутати, Дания

-Исмат Хушев,  журналист

-Тошпўлат Йўлдошев, сиёсатшунос, собиқ дипломат, Тошкент

-Фарҳод Иноғомбоев, тадқиқотчи, АҚШ

-Акрам Маҳмедов, фермерлар ҳаракати фаоли, АҚШ

– Довюрак ёшлар Демократик партияси, Тошкент

– Шуҳрат Аҳмаджонов, Инсон ҳуқуқлари фаоли, табиат ҳимоячиси

-Насрулло Сайид,  собиқ Ўзбекистон халқ депутати, ЕРК партияси фаои

-Гулчеҳра Нуруллаева, таниқли шоира, Тошкент

-Зоҳир Аълам, таниқли адиб, “Бирлик” ва “ЭРК” асосчиларидан бири

-Камолиддин Ҳамзаев, журналист,  Фарғона

-“Ёш демократлар уюшмаси”, Хоразм

-Нуриддин Комилов, “ЭРК” фаоли, Самарқанд

-Сулаймон Мурод, Эрк Партияси Марказий Кенгаши аъзоси

-Наманган вилоят ҳуқуқ ҳимоячилари

-Алишер Соипов, “Қирғизистонлик Ўзбеклар” ёшлар гуруҳи вакили

-Муҳаммадбобир Маликов,”Озод Деҳқонлар” партияси лидери

-“Орол бўйи” табиат муҳофазаси ва инсон ҳуқуқлари гуруҳи

-Наби Раззоқов, кинорежиссер

-Абдуманноб Пўлат, Мустақил Консултант

-Бобур Исоев, Бухоро

-Бахтиёр Ҳамро, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят раҳбари

-Ёдгор Обид, шоир, “Бирлик” аъзоси

-“Сўғд Ўзбеклари” жамияти (Хўжанд)

-Ёдгор Турлибеков, мустақил журналист, Қарши шаҳри

-Фазлиддин Ёқубов, АҚШ, “Бирлик”нинг Андижондаги асосчиларидан

-Эгамназар Шайманов, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Дўстлик тумани раиси

-Абдулманнон Кескин, АҚШда яшаётган ўзбеклар вакили

-Шоҳида Ёқуб, Британияда яшаётган журналист ва тадқиқотчи

-Алибой Йўляхшиев, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Самарқанд вилоят ташкилотининг асосчиси

-Исми шарифи эълон қилинишини истамаганлар – 171 киши

ҒОЯНИ ҚЎЛЛАМАГАНЛАР:

-Абдураҳим Пўлатов: “Мухолифатни бирлаштириш учун “Давра кенгаши” тузилган

ва бошқа ҳаракатларни мен “Бирликни” парчалаш учун интилиш деб биламан”,  2005

йил, 26 Май

-Муҳаммад Солиҳ, фаолиятларни мувофиқлаштириш керак деб ”Озодлик” радиосида (2005 йил, 27 Май) такрорлашига ва бевосита мурожаатларга қарамасдан Конгрессга қўшиламди.

Мурожаат бевосита юборилганига қарамасдан уларнинг “халқнинг минбари” деб атаганлари веб саҳифаларида Конгресс борасидаги маълумотларга мутлоқ ўрин берилмади.

Натижа:

1.Муҳаммад Солиҳ 27 Май куни Тошкентда АҚШ элчихонаси қаршисида пикет ўтказмоқчи бўлди, аммо амалга ошира олмади.

2Абдураҳим Пўлатов 30 Май куни Адлия вазирлиги қаршисида Пикет ташкил қилмоқчи эди, амалга ошира олмади.

Хулоса:

Бўлинганни бўри ер, айрилганни айиқ,

Бизникиларни эса Ислом Каримов.

Ўзбекнинг бирлашишини Ислом Каримов қаторида ҳам ичкарида, ҳам ташқарида истамаганлар жуда кўп ва бунга ўзингиз бевосита гувоҳсиз!”

Лирик чекиниш

Ўшанда ушбу рўйхатни эълон қилиб борар эканман, унинг остига қўшимчалар ёзишда халқимиз минталитетини эътиборга олмаганимни эътироф этишим керак.

Демократиянинг асоси танқид деб қараганман ва танқид қилсам одамлар ўзгаради деб самимий ишонганман. Ваҳоланки, вақт шуни кўрсатдики, биз танқидни ҳазм қила олмас эканмиз ва демократиянинг мана шу қисми бизга зид экан.

Ўшанда мен ҳаммани мақтасам, балки ишлар бошқача бўлиб кетармиди? Афсус бундай қила олмаганман. Бугун ҳам бунга қодир эмасман.

Ким билади бизнинг бирлаша олмаслигимизнинг асосий сабаби ҳам танқидмикан? У ҳолда қачондир бирлаша олишимизнинг асосий омили мақтов бўлса керак!?

Ўша кунлари бир танишим менга:

-Сизда дипломатия деган нарса йўқ экан. Ҳамманинг юзига кулиб қараш, ҳаммага ширин гапириш ва ҳаммага хушомад қилиш керак,ўшандагини иш юришади,-деганди.

Мен унга:

-У ҳолда чет элда нима қилиб юрибмиз, Каримовни мақтаб юраверсак бўлмасмиди?-дедим.

У жилмайдида, кейин кесатди:

-Мен сизга айтдимку, сизда дипломатия йўқ!

Ж.М.

2 Responses

  1. Taxmin va tasalli:
    1865-yil.Chor qo’shinlari Toshkentga hujum qilganda Amiri Lashkar Alimqul 40 ming askari bilan o’n baravar kam dushmanni yenga olmadi.Otliq askarlar jangni tashlab qochdi.
    Buxorodan madad kuchlari kelganda rus askarlari allaqachon Toshkentni qabriston qilishgandi.
    Ma’naviy zaiflik oqibati edi bu.
    1898. Dukchi Eshon tayoq ko’targan mingtacha odami bilan yurdi…
    Biroq mo’jiza faqat ertakda bo’ladi,hayot esa metin qoidalarga bo’ysunadi.
    Ikki rota askar pulemyotlariga nishon bo’ldi ular.
    1917.Turkistonliklar nima qilishni tushunib yetdilar Qo’qon muxtoriyatini tuzdilar.
    Bu ham xudo yo’liga ketdi.
    Bosmachilar birikmadi.Bir qismi amir tuzumini qayta tuzamiz dedi,ikkinchi qismi zamonaviy davlat quramiz dedi,oqibat yana shunga olib keldiki qadimchilar va yangi davr kishilari o’zaro ziddiyatga kuch berdilar.
    Mustaqillik uchun har kuni ham imkon beravermaydi,bizda imkoniyat bo’ldi nolimayman.
    Sho’royi Islomiya va Ulamo bu-birlik va erkning o’zginasi-ku birikmaslikda.
    Davom etamiz.1985-yil Qayta qurish e’lon qilindi.Bir deputat:Biz samalyotga o’tirdik,qayerga ketayotganini bilmaydigan uchqichga” degan edi o’shanda.
    Biroq 20-iyun ikkinchi sessiyada ko’p narsali bo’lib qolishimizga Karimov xalaqit berdi.
    Avgustda Manejdan yana bitta imkon keldi.
    Bir sohibjamol malika bor ekan, Hamma unga oshiq ekan-u qizaloqning ko’ngli juda nozik,uncha bunchasiga qayrilmas ekan.Shahzodalar uni deb nima harakat qilsa,havoga sovurilaverarkan.
    Oyimcha bir kuni ko’lga cho’milgani yolg’iz boribdi.Nima bo’libdiyu oyog’i toyib, boshi g’ishtga tegib jon taslim qilibdi shu yerda.
    Shu orada bir bukri yashar ekan mamlakat yigitlari kabi u ham oshiq ekan malikaga.
    O’tin terib yurib qarasaki malika yotibdi cho’milish kiyimida…
    “Menga nasib qilgan ekan” debdi u.
    Siyosatni o’yinga o’xshatishadi.Oddiy qarta o’yinidan farqi shuki unda butun millat taqdiri tikiladi.Shu sababdan uni faqat ustalari o’ynashi kerak,sotqin xoinlar emas!
    Shu bois hech kim buni mustaqillik demadi,ilojsizlikdagi va keraksizlikdagi qaror edi bu.
    Xalq bayrami 20-iyun. Agarki 12 moddani o’zgartirilsa..
    Kun tartibida islomiy inqilobmi yoki amerikacha demokratiya?
    Bu savolga hozir javob yo’q!
    Bu savolni javobi har birimizni o’zimizda,
    Kremlning devori ortida emas,MRB ning sovuq zalida ham emas!
    Rossiya katta beso’naqay mashina murvatlarini burab axlatga irg’itsa bo’ladi,
    Amerikaning pul hamyonini olib qo’ysang bo’ldi harakatdan to’xtaydi.
    Marraga yetib kelidik hisobi shu yerda hammasini ustamonlik bilan larzalarsiz qo’lga olish va iqtisodiy o’pirilishga xotima yasash yoki o’zbek xalqi rus yerto’lalarida qirilib ketganda “qoshingdan” “ko’zingdanni”och qoringa eshitish.
    Shohi darvesh.2013- yil

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: