Бугунги ҳодисотдан чиқарилган хулоса

18 апрел, 2011 йил

Дунёга демократия нималигини ўргатаман деб Америка халқининг пулини “туя қилаётган” идоралардан бири Фридум Ҳаус (Freedom House) экан. Тағин бу идора интернет эркинлигини баҳолаганига ўлайинми? Улар бугун қарийб икки томлик китобдай келадиган ҳисобот эълон қилибдилару Ўзбекистон ҳақида лом-лим дейишмабди.

Ишониш қийин… интернет “арқонга тортилган” Ўзбекистон ҳақида ўз ҳисоботида бир нарса демаган бу ташкилот раҳбарларининг балки зарбоф тўн кийиш мақсадалари бордур?

Кейинги пайтда бу идорада ҳам ўзбеклар пайдо бўлгани ҳақида гаплар юрганди. Наҳотки, диктаторнинг “қўли” бу идорага қадар ҳам етди?

Дарвоқе, дарахтни қурт ичидан кемиради. Кемирилган дарахтнинг шохлари на бешик, на тобут учун ярайди. Бундай дарахтдан тахт ясаш эса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Ташкилотлар, партиялар, гуруҳлар-дарахтдир. Уларни ўз ичидаги “қурт” емиради.

17 апрел, 2011 йил

Тонг-саҳардан йўлдамиз. Йўллар туганмас, умрни йўлга қиёслайдилар, аммо умр қисқа, йўллар эса дум-дароз, кишини чарчатади, зериктиради, ҳолдан тойдиради… Умр, йўлларга ўхшама!

16 апрел, 2011 йил

Бугун Ню Йоркда бир неча жойда ватандошлар билан тўпландик. Кейин у ёқ-бу ёқларга бордик. Гап кўп. Келганидан хурсанд бўлганлар ҳам бор, хафа бўлганлар ҳам. Мана қулоққа чалинган гаплардан баъзилари:

-«Ватандош» деган газета чиқаришибди, Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволдан ҳеч гап йўқ, бепул бўлса ҳам олмаяпмиз, бу кетишда банкрот бўлади-ёв!

-Шер ака келаяти. Яҳудийлар у кишини яхши кўради. «Борсам қанча берасизлар?» деган экан, кўкидан ўн минг дейишибди, у киши «Мен ўн мингни боргунча йўлга экиб кетаман» дебдилар. Ишқилиб Шерали Жўраевнинг концертига билетни қиммат қилиб юборишмасинда, биз ҳам у кишини яхши кўрамиз!

-Юлдуз келиб кетгандан кейин уни ИАК чақириб «У ёқда мени ёмон кўрганлар билан учрашибсанми?» дебди. Шер ака шуни эшитганки «Озодлик»да Каримовни озгина тилга олиб қўйди. Буни тақия дейишади.

-Андижонда ИАК «Халқни бостир!» деганда генерал Қосимов «Бу армиянинг иши эмас» деган экан, ишдан олиниб, олти йиллик жазо бериб юборишган.

-Илгари Ню Йоркда бизникиларга иш кўп эди. Ҳозир бирдан камайди. Иш ташкил қилаётганларнинг хўржини очилиб қолганга ўхшайди, ушла-ушла кўпайган.

Технология тараққий этиб кетди, бу сатрларни Ню Йоркни кезиб юраркан, машинада ўтириб сайтга ёзиб қўя қолдим. Нега бу гапларни ёздим-ми?

Демоқчиманки, Ўзбекистонда ҳамма гап халқнинг орасида, шу одат ҳам бу ёққа кўчибди: Халқнюс!

Бу айни пайтда илгари «Бруклин ва Кувинс Ўзбекистоннинг бир парчасига айланиб бўлган» деган гапимнинг яна битта тасдиғи.

Дарвоқе,  Бруклинда  АҚШдаги 100 чи ўзбек ресторани очилибди, номини «Маворауннаҳр» деб қўйишибди.

15 апрел, 2011 йил

Бугун АҚШнинг 22 нафар Сенатори президент Обамага хат ёзиб, бир пайтлар бу мамлакатга ғайриқонуний равишда келган муҳожирларнинг фарзандларини депортация қилишни тўхтатишни сўради. АҚШга қисқа муддатли виза билан келиб, шу ерда қолиб кетган ўзбеклар орасида ҳам бу кетегорияга тушадиганлари бор.

Илгари бу борадаги қонун лойиҳаси Конгрессда муҳокама қилинган, лекин сенатдан қайтган эди. Шунинг учун бу ҳаракат тарафдорлари Обамадан ўз кучини ишга солишни сўрашмоқда. Обама президент сифатида шундай ваколатга эга.

Дарҳақиат, кеча ТВда бир пайтлар она-онаси билан Мексикадан келган бир қизнинг суҳбатини тингладим. У АҚШга келганда бир ёшли экан. Онасининг қучоғида келган. Ҳозир олийгоҳни битирмоқда. У Мексикада менинг ҳеч кимим йўқ ва мен у мамлакатга бегонаман, чунки мен бу ерда улғайдим дер экан кўзларида ғилт-ғилт ёш айланди.  Балки уни бугун депортация ҳам қилишгандир?

АҚШга ноқоний келганларга ўрнатилган қоидалар бўйича муносабат қилиш керак. Лекин улар келганларида жуда ёш бўлган болаларига нисбатан раҳм-шавқат кўрсатилиш зарур. Чунки бу мамлакат битта миллат, битта халққа оид эмас. Юз йиллардир инсон зулмидан, табиат зулмидан, шароит зулмидан қочиб келганлар бу ерни ватан қилишган.Қайси бир маънода Америка дунёнинг барча халқлари учун иккинчи ватандир. Шундай экан бутун дунёдан тўпланган Америка халқи меҳр-шавқат масаласида хасислик қилмаслиги зарур. Бу фикримни бугун Обамага ҳам ёзиб юбордим.

Менинг қонунларни бузган ота-оналари билан ишим йўқ, улар ўзлари учун ўзлари жавоб берсинлар. Лекин бегуноҳ болаларни чинқиратиш Америкага ярашмайди, аксинча шундай ҳам ошиб-тошиб кетаётган нафратни янада кўчайтиради.

14 апрел, 2011 йил

Қушлар дарахтга бир қўниб-кетгали келадилар.

Баъзилари сайраб-сайраб кетсалар…

Баъзилари яйраб-яйраб кетадилар…

Баъзилари ухлаб кетсалар…

Баъзилари бўқлаб кетадилар…

Дунё дарахтдир…

13 апрел, 2011 йил

Бугун ҳамма ёқда Россиянинг икки “айиғи” – Медведев билан Путин орасида келишмовчилик чиққани ҳақидаги миш-мишлар. Кимдир Медведев Хитойга бориб, Путинни ясаб келди деса, кимдир энди навбат Путинга , у “Медпед”нинг путига тепади дейди.

Лекин “иван”лар ҳақида гапирадиган одам йўқ.
Қайси “иван” билан гаплашманг Сталин, Андропов, Путинни “Зўр!” дейди, қолганларни “Ҳа..” деб қўяди. Чунки уларда худди “эридан калтак емаса, туролмайдиган хотин” характери бор. Юмшоқроқ одамни ёмон кўришади. Горбачев ёки Елциндан гап очинг, бир зумда “тряпка”га чиқариб қўйишади. Улар Россияга демократия бошлаб келган инсонлар эканлигини айтсангиз, демократияни ҳам “мат-мат”лаб юборишади.

Менимча, Россияга вақти-вақти билан реформатор-демократлар “чумчуқ қўнди” раҳбар бўлиб, келиб-кетиб туришади. Лекин умумиятла олинганда бу ўлкани диктаторлар бошқаради. Россияни сақлаб қолишнинг бошқа иложи йўқ. Чунки бу сунъий қурилган ўлкадир. Агар росманасига демократия бошланса, дарҳол Татаристондан Чеченистонга, Тувадан Ёқутистонга қадар етмишга яқин элат ўз мустақиллигини эълон қилади. Қарабсизки, Россия тарихий мавжудияти бўлмиш Москва ва Петребургга айланиб қолади. Буни тушунмаган “иван” қолмади. Шунинг учун ҳам Медведев билан Путиннинг жанжали юз берса ҳам барибир охир оқибат иванлар битта диктаторнинг этагини тутадилар.

Нима бўлса ҳам, Россияга тезроқ ҳақиқий демократия келсин! Бу ўлка ҳақиқий демократияга муштоқ!

12 апрел, 2011 йил

Бундан эллик йил олдин баҳорнинг айни шу кунида одам боласи фазога “оёқ қўйди”. Одамнинг оёғи етган жойда гул кўкаради, деган гаплар бўларди. Фазода гул кўкармади.

Кеча сунъий йўлдош орқали олинган бир сурат эълон қилинди. Бу суратда инсон фазони қанчалик ахлатга тўлдираётгани кўриниб турибди.

Бошқача айтганда, инсон ўша ёқда қолиб кетаётган технологик чиқитлар билан фазони “забт этмоқда” экан.

Одам оёғи етган жойга ифлослик ҳам етадиган бўлиб қолди. Наҳотки, одам борлиқнинг энг ярамас махлуқи бўлса?

Хайриятки, одамда ақл бор, агар ақл бўлмаганда у Ер куррасини ҳалигача ўз ўқидан чиқариб юборган бўлармиди?

Лекин ўзини ўнгламай, шу кетиши бўлса бу нарсани амалга оширади-ёв?

11 апрел, 2011 йил

Кеча АҚШ фуқаролиги борасидаги бир саволга жавоб ёзаётиб шу ишни бекор қилаяпман, энди саволлар ёғилиб кетади-ёв,  деб ўйлагандим. Ростдан ҳам шундай бўлди. Гапимнинг индаллосида айтиб қўяй: мен юрист эмасман, ҳамма ҳуқуқий саволларга жавоб беролмайман, фақат ўзим билганим қадар мулоҳаза юритишим мумкин, ҳаётий тажрибам билан ўртоқлашишим мумкин, холос.

Шундан келиб чиқиб, кейинги кунларда саволларнинг баъзиларига жавоб қиламан.

Маълумки, АҚШ да қонунлар тез-тез ўзгариб туради ва буни фақат юристлар кузатиб борадилар. Масалан, “Патриот Акт” номи билан машҳур бўлган қонун муҳожирлар  ҳаётига оид жуд кўп ҳужжаталарга бошқа талаблар қўйган ёки қоидаларни ўзгартирган. 2001 йил воқеаларидан кейин қабул қилинган бу қонуннинг ўзи ҳам “вақтинча” деб аталади ва муддатини узайтириш учун тез-тез конгресс кун тартибига чиқиб туради. Ҳар сафар ундан нимадир олиб ташланади ва нимадир қўшилади. Шунинг учун менга саволлар йўллаган баъзи меҳнат муҳожирларига энг яхши маслаҳатим шуки, муаммонгиз бўлса ҳеч кимга қулоқ солманг ва фақат юристнинг ҳузурига боринг, адвокатнинг маслаҳати билан иш қилинг. Бўлмаса ҳам пулингиздан айриласиз, ҳам  орзуларингиз саробга айланади.

Менга хат ёзганлардан бири ўзининг атрофидагилар қонунларни бузиб юргани боис у ҳам шундай қилиб, энди иши пачава эканлигини айтган. “Ҳамма ўзини томдан ташласа, сиз ҳам ташлайсизми?” деган ибора бор. Масалан, мен ўзимни биламан, доим қонунларга риоя қиламан, оила аъзоларимдан ҳам шуни талаб этаман. Мен билан яқин бўлган ёшларга ҳам доим шуни уқтираман. Бу борада менинг хулосам шундай:

-Қонунлар бузиш учун эмас, бўйсуниш учун яратилади.

-Қонун сизга ёқмаслиги мумкин лекин уни инкор этсангиз, бошингиз дардга киради.

-Қонунларни бузмасдан яшаш – эркинликнинг нашидасини кучайтиради. Акси эса умрни барбод этади.

-АҚШга келдингизми, ҳужжатларингизни қонунлар асосида расмийлаштиринг ва қонунларни ҳурмат қилиб яшайверинг, ўшанда озодлик нима эканлигини ҳис этасиз.

-Озодлик шахс диктатураси эмас, балки қонунлар диктатураси остида яшашдир.

-Қонунсиз ҳаёт – ўрмон ҳаёти.

10 апрел, 2011 йил

Бугун электрон почтамга келган бир мактубда К. У. деган бир киши “АҚШда фуқаролик олсам Ўзбекистон гражданлигини йўқотаманми?” деб сўрабди. Бу масалада бошқалар ҳам қизиқиб савол йўллашларини инобатга олиб, жавобимни  шу ерда ёзиб қўйишни лозим топдим.

АҚШ дунёдаги бир нечтагина давлат қаторида фуқаролик олаётган кишилардан ўз мамлакатининг фуқаролигидан воз кечишни талаб қилмайди. Бу ихтиёрий ҳолга келиб қолган ва фақат ҳукуматнинг идорларига ишга ўтмоқчи бўлсангиз биттасини танлаш заруратида қоласиз.

Сизнинг вазиятингизда агар АҚШ фуқаролигини олсангиз амалда Ўзбекистон фуқароси ҳисобланаверасиз. Чунки Ўзбекистонда фуқароликдан чиқиш жуда мураккаб жараён ҳисобланиб, бу фақат Президентнинг имзоси билангина амалга ошгани учун бир неча йилларга сурилиб кетиши мумкин.

Агар бу жараённи четласангиз ва бир кун давр ўзгариб, Ўзбекистонга қайтсангиз ҳамда у ерда доимийга қолишни ихтиёр этсангиз АҚШ фуқролигидан осонгина кечишингиз мумкин ва бу фақат сизнинг ихтиёрий қарорингиз бўлади, жиддий расмиятчилик талаб этилмайди.

Бир кун келиб Ўзбекистон АҚШдан фуқаролик олганларнинг агар улар туғилган ватанларига қайтсалар ҳар иккала  фуқароликларини ҳам сақлашлари мумкин деган инсоний қарорга келса, у ҳолда икки фуқаролик ҳуқуқига эга бўласиз. Туркия каби мамлаклатлар шундай қоидани йўлга қўйганлар. Туркия фуқароси бўлиб турли сабаблар билан АҚШ фуқаролигини олган шахслар агар Туркия ҳудудига кирсалар уларнинг Туркия фуқаролиги кучга киради. Бу эса ҳар икки томон учун ҳам катта имкониятлар яратади ва ҳар икки томонга ҳам фойда. Ўзбекистон ҳам келажакда бу йўлни танласа кўп нарсани ютади.

9 апрел, 2011 йил

Фикрларим кимгадир ёқмаслиги мумкин. Нима қилай, ҳаммага ёқишини ўйласам ўзимга ёқмайди?! Агар кимгадир ёқмаса, илтимос, бошқа фикр қидирсин, дунё фикрлар уммони.

8 апрел, 2011 йил

Шу 13 рақами яна ўртага чиқмоқда. Яъни 13 апрел куни Россия Думаси Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлардаги камчиликларни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилар экан.

Кун тартибининг ўзаги “Араб давлатларида юз бераётган воқеалар ва Ғарбнинг Осиёга ҳукмронлик қилиш мақсадида Марказий Осиёга кириб бораётгани” масаласи.

Эсингизда бўлса, 2005 йилда ҳам Россия Думаси айни масалани муҳокама этган эди. Фақат унда “араб давлатлари” ибораси ўрнига “рангли инқилоблар” ибораси ишлатилганди. Ўшанда Россия махсус хизмат идоралари раҳбарлари Думада маъруза қилганлари ва инқилоблар ортида Ғарб турганлиги ҳақидаги икки жумлалик хабардан бошқа нарса чиқмаганди.

Аммо кўп ўтмай Андижон воқеалари юз берди. Инқилоблар “цунами”си қайтарилди. Бу сафар “араб шамоли”ни қайтариш учун нима ўйлаб топиларкан?  Ниятлари нима? Ғарбни “Манас”дан қувишми? Назарбоевнинг номини Ҳазарбоев деб қўйишми? Раҳмоннни “Роғун”га кўмишми? Билмадим.

Балки Ўзбекистоннинг қайтадан Ғарбга оз-моз очила бошлаши ҳам Москвани безовта қилаётгандир? Бу ҳолда улар Ўзбекистон бўйича икки қарорга келишларини тахмин қилиш мумкин:

1.Жаноб Каримов халқинг норози, кетишинг керак, биз айтаётган ана у номзодни ўрнингга чиқаришни бошла, бўлмаса бу ишни ўзимиз қиламиз.

2.Агар биринчи қароримиз сенга ёқмаса, у ҳолда Ғарбнинг башарасига очиқчасига тупур, Кремл остонасидан бошингни кўтарма!

2005 йилда ҳам шундай бўлган ва Каримов АҚШнинг ҳарбий базасини Хонободдан чиқариб Москва “қарори”нинг иккинчи бандини танлаган эди.

Ҳозир эса Каримов учун танлов аниқ – номустақил ўлка мустақиллигининг 20 йиллигини ка-а-а-а-а-та байрам қилиш, байрамда чиройли қилиб ўйнаб беришдир!

7 апрел, 2011 йил

Бугун Ўзбекистонда мухолиф гуруҳлар “мухолиф” ташкилотлар тузишлари, Мирзиёев бошлиқ ҳукуматни, вазирларни, ҳокимларни-хуллас ҳаммани кескин танқид қилишлари мумкин, ичкарида оз, ташқарида бемалол, шундай “шароит” яратилди. Араб ўлкаларидаги исёнлардан кейин бу “шароит” кўлами кенгайтирилди. Аммо бу фақат ва фақат Оқсаройнинг изни билан амалга ошиши йўлга қўйилган. Оқсарой “мухолифлар”дан МХХ, Бош прокуратура ва ИИВ (улар қайси бири билан ҳамкорлик қилсалар) орқали битта нарсани талаб қилади: “Истаган нарсани гапиринглар, ёзинглар, лекин Президентни танқид қилмайсизлар!”

Уларга Президент ҳақидаги ҳар қандай саволдан қочиш ёки:

-“Президентимизнинг хабари йўқ”.

-“Вазирлар, ҳокимлар айбдор”.

-“Газеталарнинг Бош муҳаррирлари цензура ўрнатган”.

-“Мелисанинг ипи узилган…, энг тепасидан энг пастигача” (МХХ билан ишлайдиганлар учун).

-“Прократура ва органларни порахўрлар босган, буни президентимизнинг ўзи фош этмоқда”.

-“Атрофдагилар Президентимизга хиёнат қилмоқда”.

“Керак бўлса биз Президентимиз билан биргамиз” каби жавоблар беришлари талаби қўйилган.

Шунга итоат қилганларга чет элга бориб яллама-ҳуштит қилиб келишларига изн берилади, хориждан олаётган пуллари текширилмайди, биров уларни судга берса босди-босди қилинади, жиноятлари яширилади. Айни пайтда улар ишга солиниб хорижий мамлакатларда Президентнинг мавқеини мустаҳкамлаш учун брифинглар берилади.

Демак, бугун кимки Ислом Каримовни очиқ танқид қила олса, Ўзбекистондаги аҳвол учун  бевосита диктаторнинг ўзи айбдор эканлигини кўрсатиб бера олса – ўша ҳақиқий мухолифатчи, ўшанга қийин… ўшaнинг ёнида бўлишимиз керак!

6 апрел, 2011 йил

Бугун бир кишининг ўзбек тили “бузилиб кетаётганлиги” ҳақидаги гапини ўқиб қолдим. Бу гап менга ёқмади. Тил биномидики ёки қизмидики, бузилиб кетсин?!

Тил дунёдаги энг мустақил кучдир. Унга қоровулнинг, йўл кўрсатадиган миршабнинг  кераги йўқ. Чунки ҳар қандай қуролли қоровулнинг ҳам кучи етмайди унга. Ҳатто дунёдаги манаман деган диктаторлар ҳаммага ва ҳамма нарсага зуғум қилишлари мумкин, лекин тилга қолганда кучлари етмайди.

Кейинги ўн йил ичида АҚШда тилшунослик борасида бешта китобга муаллифлик ёки ҳаммуаллифлик қилдим. Шу жараёнда нафақат ўзбек тилига оид, яна бир неча тилдаги китобларни мутолаа қилишга тўғри келди. Ҳозир ўзбек тилида рўйхатга олинмаган сўзлар луғати устида ишлаяман. Ана шуларнинг ҳаммасидан олган хулосам шу бўлдики, тилга кириб келаётган янги сўзлардан чўчимаслик керак. Уларни тўхтатаман деб ўйлаш тўр ёйиб дарёнинг йўлини тўсаман, деган каби гап. Яъни тил тилга тил тегизган билан  ҳисоблашмайди.

Тилнинг бошқа тиллардан келаётган сўзлар билан бойиб боришига севиниш керак, дод-фарёд солиш бефойда. Тил ўзини ўзи тозалаб бориш маҳобатига соҳибдир.

Тил мутлоқ мустақил, бўйсунмас, тирик жондир. Лекин у ҳар қанча кучли бўлса ҳам инсоний ёрдамни рад этмайди, доим бундай ёрдамга муҳтож. Унга кўмаклашман десак унинг таржима ҳолини, бошидан кечираётган ҳодисаларни, кечинмаларини ўрганиб унинг сувратини чизиб боришимиз лозим. Агар уни севсак унга ўзимиз яратган қоидаларни сингдиришга уриниш ўрнига унинг ўз туғма қоидалари, ҳаёт тарзи, гўзаллиги, замондан орқада қолмаслиги, истиқлболга интилишини ҳис қилиб, эшитиб, кўриб, ўрганиб бошқаларга ҳам буни ўргатишимиз лозим, бу бизнинг тилга буюк ҳурматимиз бўлади.

Зеро она тилимизни азиз онамиз каби севсак, азиз ёр каби суя олсак, ватан каби ардоқласак у шунча яшнаб, гўзаллашиб боради.

5 апрел, 2011 йил

АҚШ президенти Обама иккинчи муддатга Оқ уйда қолмоқчи эканлигини маълум қилди. Бу унинг конституциявий ҳуқуқи.

У ана шу ҳуқуқининг биринчи муддатини қўлга киритиш учун сайловда етти юз миллион доллардан зиёд пул сарфлаганди, ҳозирги мақсади эса бир миллиард доллар тўплаб, кейин шуни сарфлаш экан.

Бошқача айтганда, унинг Оқ уйда қолишини истаганлар унга бир миллиард доллар беришлари керак.

Маълумки, олдинги етти юз миллион долларни Обама жуда катта ваъдалар билан тўплаганди. Лекин асосий ваъдаларини бажара олмади. Унинг “Ўзгартир!” деган шиори ҳам латифага айланди. У ўзини ўзгартирди,  сайлов арафасидаги Обамага Оқ уйдаги бугунги Обама зид.

Шунга қарамай бугун сайлов бўлса, у яна сайланиши мумкин. Чунки рақибларининг рақиб бўла оладиган номзоди йўқ ҳали. Шунақа номзод чиқиб қолса, Обамани бир миллиард ҳам қутқара олмайди.

Шундай дейману  Америкада кенг тарқалган “Бугуннинг пайғамбари ҳам, худоси ҳам -доллар” деган гап ёдимга тушади. Бу ҳақиқат бўлса, у ҳолда бу гапга “халқ ҳам, демократия ҳам” деган сўзларни илова қилиш керак.

Ўзбекларда ваъдаларини бажармаган (Президентдан бошқа одамга-ЖМ) одамга “Белингда белбоғинг борми?” дейдилар. Буни Обага ҳам айтолмайсиз, чунки ўзбек эмас, белбоғ боғламайди.

Лекин бир долларликдан  бир миллиардини улаб чиқса, Ер куррасига тўртта белбоғ бўларкан.

4 апрел, 2011 йил

Бугун хабар сайтларининг бирида “Қозоғистонда сайлов бўлди” деган сарлавҳа  кўзимга “Қозоғистонда сайлов ўлди” бўлиб кўринди.

Кўзим яхши кўрмай қолмоқдами? Э, йўқ, кўзойнагим янги-ку?!

Гап шундаки, диктатура одамнинг  кўп нарсага қизиқиши ва ишончини ўлдиради. Илгари дунёнинг қаерида сайлов бўлса, ўша ҳақдаги хабарга, албатта, бир назар ташлардим. Энди ҳатто Ўзбекистон ва унинг қўшниларида сайлов бўлмоқда, деган хабарга кўзим тушса ҳам кўнглим айнийди.

Натижаси бошланишидан маълум бўлгани учунгина эмас, балки… бунинг қип-қизил ўйинлигини билган дунё аҳли шу ўйинга ҳамоҳанг бўлгани учун ҳам.

Демак, баъзан кўз фақат ёзилганни, кўринганни эмас, ўз соҳибининг дилидагини ҳам ўқийди.

3 апрел, 2011 йил

Бугун Интернетда (www.census.gov) АҚШнинг Ўзбекистондан нималар харид қилиши ҳақидаги ҳисоботга назар ташладим. Диққатимни қуйидаги рақамлар тортди: АҚШнинг  Ўзбекистондан пахта ва пахта маҳсулотлари харид қилиши 2002 йилдаги 25 миллион доллардан 2010 йилга келиб 399 минг долларга тушибди.

Бошқа нарсалар харид қилиш ҳам кескин камайиб кетган. Ўзбекистон АҚШга уран сотувчи муҳим манба ҳисоблансада бу соҳада  салом-аликка қараб тепага чиқиш ва қуйига кетиш сезилмоқда. Агар 2002 йилда Ўзбекистон АҚШга 18 миллион 730 минг долларлик уран сотган бўлса, бу кўрсатгич кейинги йиларда қуйидагича бўлган:
2003-26.241.000
2004-44.332.000
2005-57.427.000
2006-132.273.000
2007-154.055.000
2008-285.111.000
2009-84.725.000
2010-55.677.000

Демак,  кўп нарса ана шу рақамларнинг нолга тушиши ёки Ўзбекистон тоғларида ураннинг тугаб қолишига ҳам боғлиқ. Бу эса худди Афанди олдин ўладими ёки эшагими дегандай гап. Лекин эшаги олдин ўлгани ҳақидаги латифалар анчагина.

2 апрел, 2011 йил

Ўзбеклар Лотин Америкаси испанларидан 50 йил орқада экан. Москвада қорнида наркотик солинган етмишдан зиёд пластик халтачани олиб келган ўзбек ўлгани ҳақидаги хабар менда шундай хулоса уйғотди.

Чунки 50 йил олдин испанлар Америкага наркотикларни олиб кириш учун махсус “ютувчилар”ни ишга солишгани фош этилган.  Бу “усул” туфайли ўлган ёш қизлар ва йигитларнинг қисмати ҳақида  бир нечта бадиий ва ҳужжатли филмлар ҳам олинган, машҳур муаллифларнинг машҳур китоблари ҳам бор.

Ҳозир эса орада бир битта туннел топилади. Испанлар  мардикор ва наркотикларни ер остидан ковланган туннеллар орқали Америкага олиб ўтаётганлари фош этилмоқда.

Наҳотки 50 йилдан кейин ўзбеклар Қозоғистон орқали Россияга туннел ковлайдлар?

1 апрел, 2011 йил

Ислом Каримов учун йилнинг ҳамма кунлари ҳам биринчи апрелдир:

“Олти ойда жаннат қилиб бераман!”

“Элнинг мозорига ва бозорига тегма!”

“Баракатопгур, раҳбар дегани бир умр битта жойга ёпишиб қолмайди”…

“Сизларга демократия керакми, мана ман қуриб бераман!”.

“Ҳар бир кишининг  маоши ўртача 500 доллардан зиёд”.

“Аллоҳ менинг қалбимдадир”

“Ватанни севмоқ иймондандур”!

“Ҳар биттангизни алоҳида севаман, қучоқлаб бағримга босаман”.

“Битта одамнинг ҳам бурни қонаса мен жавобгарман”

“Буюк давлатнинг келажаги ҳам буюк бўлади”

“Қирғизистонда бўлган воқеаларни кузатишнинг ўзи бир азоб”.

“Биздан четга бориб, иш қидириб, сарғайиб юрганлар йўқ, биз бу ерда ҳаммага иш топиб берганмиз”.

“Раҳбар дегани ўзи учун эмас,  ўз оиласи учун эмас,  халқи учун яшамоғи керак, баракатопгурлар”.

31 март, 2011 йил

Ислом Каримовнинг фармойиши билан эртадан бошлаб Ўзбекистонга хориждан келтириладиган  банан,  ананас, авокадо,  анорак (гуава), анбаҳ (манго), мандарин, апелсин ва бошқа бегона маҳсулотларга қўйиладиган божхона солиғи 25 фойизга оширилади.

Каримов дунёда давом этаётган инқилоблар сирини топганга ўхшайди. Чет эллардан келадиган бундай мева-чеваларни еган оддий одамлар намойишларга чиқиб кетишлари мумкин-да!

Чиқиб кетишлари мумкин… хорижга!

30 март, 2011 йил

Сиёсат ўз номи билан “сиё” -“сат”- қора қудрат.

Кеча ва бугун Туркияда Бош вазир Ражаб Тайиб Эрдўғаннинг Ироққа сафарини муҳокама қилишмоқда.

Эрдўған Насафга бориб Оятилло Саид Али Сустани билан сунний ва шиалар орасидаги душманликка чек қўйишни муҳокама этибди. Кейин илк сунний-лидер сифатида Ҳазрат Али мақбарасини зиёрат қилибди.

Туркияда йигирма миллион атрофида алавийлар бор ва улар асосан унинг партиясига эмас, жумҳуриятчиларга овоз берадилар.

Кейин Эрдўған Эрбилга бориб, курдларнинг лидери Барзоний билан учрашибди ва бу қайси бир маънода Курдистонни тан олиш дейишмоқда. Туркияда курдлар деярли ҳукмрон синф.

Дарвоқе, июн ойининг бошида катта сайлов бор ва бу одимлар ғалабани мустаҳкамлаши турган гап. Оффарин, сиёсат мана бунақа бўлибди.

Шундай дейману ёдимга Эрдўғаннинг феврал ойида Қирғизистонга боргани келди. У Бишкекда Роза Ўтинбоева, Алмазбек Атамбаев  билан роса чойлашди, парламентда нутқ ирод қилди.  У сафари давомида:

Инқилоблар ҳақида гапирди…

Ўшанда Туркиянинг иқтисодий томондан зарар кўргани ҳақида гапирди…

Мафия ҳақида гапирди…

Порахўрлик  ҳақида гапирди…

Қирғиз талабларига Туркия олийгоҳларидан қўшимча ўринлар бериш ҳақида гапирди…

Лекин ўзбеклар қирғин қилингани ҳақида лом-мим демади. Туркча ибора билан айтганда худди бу воқеа умуман юз бермаган каби “давранди” ва Ўтинбоева хоним уни “миллатлараро дўстликни мустаҳкамлагани учун” Данакер ордени билан тақдирлади.

Туркияда ўзбеклар жуда оз ва сиёсатга деярли таъсири йўқ..

Агар Туркияда ўзбеклар алавийлар ёки курдлар каби катта кучга соҳиб бўлганда борми ҳозир катта сайлов олдидан Қирғизистондаги қирғин бош масалага айланган ва Эрдўған жаноблари Бишкек ва Ироққа эмас, Ўшга қатнаб юрган бўларди. Балки “Ўзбек туркнинг бош бўғинидир!” деган гап шиорга айланарди. Бугун эса бўш бўғини..

Сиёсат, шунақа…

29 март, 2011 йил

Ўзбекистонда Спарк автомобилининг нархи  11 минг доллардан зиёдроқ эди, энди уни 14 минг доллардан сотишга қарор қилишибди. Бу ҳукумат нархи, устамаси ҳам бор ҳали. Дамас ва Нексия ҳам aна шундай йилдан-йилга қимматлашиб келмоқда. Ласетти, Каптива ва Эпиканинг нархи ҳам осмонда.

Каримовнинг қўлидаги энг катта “козир”лардан бири ана шу! У ким билан гаплашмасин бу машиналар нархининг ўсиши ва қанча сотилаётгани ҳақидаги бир нечта рақамни “шарақлатиб” ўртага ташлайди. “Агар аҳволимиз шунча ёмон бўлганда бу машиналарни ҳеч ким сотиб олмасди ва нархи тушиб, бозори касод бўларди. Ваҳоланки, нархини қанча оширсак шунча кўп сотилмоқда” дейди у.

Ўтган ҳафта суҳбатлашганим бир мардикор ёдимга тушди. У олти йилдан бери Америкада экан. Нью Йоркда бир яҳудий очган ресторанда ўзбекча таомлар пишираркан.

-Ойига эр-хотин тўрт минг доллар юборамиз Ўзбекистонга. Иккита машина олиб қўйдим. Энди битта уй ҳам қурсам деган ниятим бор,-деганди у.

У учта боласини ташлаб келган ва олти йилдан бери уларни кўрмаган экан.  Гап бунда ҳам эмас. Гап шундаки, у бутун ҳаётини Каримовни ва унинг режимини оёқда сақлаш учун сарфлаётганини билмайди ҳам.

Шуларни ўйлаб ўтирсам, ўзимнинг ҳам Ўзбекистонга пул юбориш вақтим келгани ёдимга тушди. Юбормай қўяйинми? Бунинг мутлоқ иложи йўқ. Менинг ёрдамимга кўз тиккан касаллар, бечоралар нима қилишади?

Ана шундай боши берк кўчага кириб қолдик. Каримовнинг омади бор экан, ҳатто биз унинг душманлари ҳам унга фойда қилмоқдамиз. Биримиз билмай, биримиз билиб…

Ё, Рабб, бу не балолиғ бўлди?..

28 март, 2011 йил

Сўровлар ўтказадиган Галлуп(Gallup) ҳамда Меридиан(Meridian) деб номланган ташкилотлар дунё мамлакатлари аҳолисининг бошқа мавзулар қатори АҚШга, унинг раҳбариятига муносабатини ҳам ўрганибди. Улар сўровларга аҳолининг турли қатламларидан ва ҳатто ҳукумат таркибидан ҳам одамларни жалб қилганлар.

Шунга кўра, Ўзбекистонда сўровга тортилганларнинг қарийб ярми АҚШ раҳбариятига хайрихоҳ экан. Фақат 20 фоизга яқини ёқтирмаслигини айтган. Сўралганларнинг учдан бир қисми эса жавоб беришга қийналибди.

Буни қандай тушиниш керак? Ҳар ким ўзича хулоса чиқаради. Масалан, мен АҚШ раҳбариятини қўллаганлар сони қарийб эллик фойиз ва қўлламаганлар жуда оз эканлигидан севиндим. Бу фавқулодда муҳим хабар.

Негами? Чунки саволда АҚШ раҳбарияти демасдан Шри Ланка ёки Балло Баттар мамлакатининг раҳбарияти десангиз ҳам айни натижани олардингиз. Бизнинг халқ коса тагида нимкоса қўйиб фикрлайдиган ақлли халқ.

Бу дегани шунча одам Каримов режимига очиқдан очиқ қарши. Булар “Қани эди бизда ҳам ўшанақа раҳбарият бўлсайди?” деган фикрдаги одамлар.

Жавоб беришга қийналганлар ҳам аслида айни фикрда. Фақат улар косанинг тагида бола-чақаларини кўрадилар. Шунга қарамасдан “жавоб беришга қийналаман” дейишларининг ўзи ҳам катта жасорат.

Ана у 20 фойизли гуруҳ кимлар эканлигини ўзингиз тахмин қилаверинг. Аслида уларнинг ҳам диллари тубида шу гап бор, фақат дилларидаги тилларига чиқмайди, чиқса тилларини кесишади.

27 март, 2011 йил

Ғарб ғариблашди, Шарқ шаталоқ отмоқда. Шимол ва Жануб ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

26 март, 2011 йил

Бугун “Замондош ТВ” да таниқли шоир Ёдгор Обиднинг халқига беминнат хизмат қилишни қалбига туйган журналист Ризо Обиднинг саволарига берган жавобларини тингладим. Бу яқин орада шундай самимий ва дилимда айланиб турган гапларни ифодалаган суҳбатни тингламаган эдим.

Суҳбат ярим соат бўлсада қандай ўтиб кетганини сезмай қолибман.

Бу суҳбат келажакда Ёдгор Обиддан авлодлардан авлодларга ўтадиган ёдгорлик бўлишига шубҳа йўқ.

25 март, 2011 йил

Бугун  Абдулла Орипов  куни. Ўзбекистон халқ қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон давлат гимни матнининг муаллифи,  Ўзбекистон сенатининг Ўзбекистон президенти томонидан тайинлаб келинган собиқ аъзоси Абдулла Ориповнинг 70 йиллик юбилей куни. У бошқа кунда туғилган, аммо ҳукумат бугунни танлабди унинг учун. Худонинг айтгани эмас, ҳукуматнинг айтгани!

Тошкентда Миллий театр биносида маслаҳатчи президентининг табригини  ўқиб берибди, тантаналар билан…

Менинг ҳам Ўзбекистон деган сўзнинг қарийб эгизагига айланаёзган шоири замонни эслагим келди.

Ишохонамда турган ва 1999 йил 16-феврал воқеалари ҳақидаги оз қолсин тўрт соатлик ҳужжатли филмнинг Абдулла Ориповга оид қисмини томоша қилдим. У минбарда, қўлларини кўкка кўтариб, кўзларини Ислом Каримовнинг кўзларига тикиб уни шундай мақтаяптики, залда ўтирган ҳукумат фаоллари унга қўшилиб энтикмоқдалар.  У кутилмаганда Ички ишлар вазири Зокир Алматовга юзланиб:  “Алматов бу иблисларнинг бошини сапчадек узиб ташланг” деб ҳайқиради…

Залдагиларни деб ўйладингизми? Э, йўқ, улар яхши одамлар, Абдулла Орипов Ислом Каримовга қарши бўлганлар ҳақида  гапирмоқда.

Эсингиздами, бир йилча аввал Ислом Каримов Абдулла Ориповни қувғинга олди деб жар солишганди. Ўшанда ишонмагандим, чунки 20 йил давом этган садоқатни, тинмаган мақтовларни Каримов унута олмасди… буни фақат қалби сўқир инсонлар унутиши мумкин.

Шундай ўйлар билан қўлимдаги бошқарув пултининг тугмасини босиб, Абдулла Ориповнинг гумбирлаб турган овозини шартта ўчираман. Ўз кўзимга цензура ўрнатдим: бас, томоша қилмайсан!

Дарвоқе, замона зайли қўлида бошқарув пулти бўлган одамни яккаҳокимга айлантиради(ми)?

24 март, 2011 йил

Инсон эллик ёшдан кейин ёмон хабарларга тайёр бўлиши керак. Айниқса, у Ватандан айро тушган бўлса.

Эндигина туғилганлар ҳақидаги ширин хабарлар унга озгина қувонч бахш этиши мумкин, лекин у олдиндан таниган-билган ва узоқ вақтдир дийдорига ташна инсонларнинг кетма-кет бу оламни тарк этишлари ҳақидаги мунгли хабарлар жуда оғир бўлиб, дилини оғритади, бунга ҳозир бўлиш керак. Бу кўникиш эмас, жудолик азоби билан кураш демакдир. Биз кураш одамларимиз!

23 март, 2011 йил

Инсоннинг ёши бир жойга қараб кетавергач дийдаси қотарканми ёки кўп нарсани кўравериб, бу дунёнинг асрорини англай бошлар эканми, кўзига ҳадеганда ёш келавермай қоларкан. Лекин кеча оқшомдан бери кўзимда ёш. Ҳаётимда мен учун энг азиз бўлган инсонлардан бири тўсатдан бу оламни тарк этди. Бор-йўғи 62 ёшда эди.

Мендан олти ёшга улуғ бўлсаларда жуда яқин дўст ва сирдош эдик. Ҳар гаплашганимизда яқинда сени кўришга бораман, дердилар. Келолмадилар. Қанд касаллиги кутилмаганда у кишини йиқитди. Бу хабарни олганимда тилим айланмай, сўз тополмай қолдим. Ҳамма нарсага сўз тополаман дер эдим, адашган эканман.

Инсон сўз тополмай қолганда унинг сўзлари кўз ёшларига айланар экан.

Биз болаликдан битта ҳовлида катта бўлдик. У амакимнинг ўғли бўлсада, менинг туғишган акамдан ҳам зиёд эди. Ҳамма бизни ака-ука деб биларди. Мен зулм режими қатағонига учраганимда, золимлар “Уканг қаерда, топиб берасан?!”, деб акамни зиндонга солишганди.

Менга тош отиш керак бўлганда ҳам бу режим акамнинг номини душманларим қўлига тутқазганди. Бугун улар қуролларидан айрилдилар.

Бизни шу даражада ака-ука деб ўйлашардики, ҳатто уни “Аббос Маматов” деб ёзганлар ҳам бўлган. Ваҳоланки, у Аббос Муртазоев эди, яъни бобомнинг номларини таширди. Режим битта нарсада адашмаган эди- бу инсон ҳақиқатдан ҳам менинг акам. Ака бўлганда ҳам шунчаки ака эмас, энг яқин дўст ҳам эди. Ҳаётда оғир жудолик бу энг яқин дўстдан айрилиш экан. Бу жудолик билан 20 йилдан бери курашаман, вақтинча деб ўйлардим, мана энди мангуга айланди.

Мен таниган ва мен билан яқин бўлган ижодкорлар Аббос акамни жуда ҳурмат қилишарди. Чунки у ижод аҳлининг яқин дўсти, ўзи ҳам дилдан, қалбдан ижодкор эди.

У тўйларда сўз айтганда диллар ларзага келарди.

У давраларда шеър айтганда ҳар қандай одамни мафтун этарди.

У жажжи болаларнинг ҳам дўсти эди.

Қулоқларим остида ижод аҳлининг ўша 90-йилларда айтган сўзлари:

Жамол Сирож: Ўтган-қайтганда ака билан бир қучоқлашиб ўтмасам, дилим нотинч…

Нурилла Остон: Аббос акани соғиниб қоламан, у кишининг меҳри бошқача…

Холмуҳаммад Нур: Аканинг уйи ёнида албатта тўхтаб ўтаман, бир салом бермасам, кўнглим жойига тушмайди…

Аҳмаджон Мухторов: Аббосжонни бир неча марта газетага ишга таклиф қилганман, келмаган…

Нусрат Раҳмат: Аббосжон билан суҳбат қилишнинг гашти бор…

Акамни таниган инсонлардан ҳатто сенатор-депутат, вазир ёки вазир ўринбосари бўлганларидан тортиб, турли нашрларда ишлаётганлари ҳам бугунги режимнинг баттоллигига қарамай ҳамдардлик билдиришмоқда. Йигирма йилда бизни унутишган деб юрсам, улар ҳатто акамни эслаб юришган экан. Уларга одамийликлари учун раҳмат.

Аббос акамнинг уйи Самарқанд шаҳридан Ургут-Панжакент томонга борадиган йўлнинг шундай устида эди. Уни кўрганлар менга “Акангиз дарвоза олдига чорпоя қуриб, ўтган қайтганга чой-бериб ўтирибдилар”, дейишарди.

Акам узоқ йиллар санитария-эпидемиология соҳасида врач бўлиб ишлаб, нафақага чиққанди. Кейинги йигирма йил давомида қанд касаллиги билан олишди. У руҳан кучли инсон эди. Лекин касаллик ҳар қандай кучли инсонни ҳам йиқитар экан.
-Қабристоннинг қаерига қўйдингизлар?-деб сўрайман жиянларимдан биридан.
-Жанозаларини ўзлари обод қилган мачитда ўқидик, кўпчиликнинг истаги билан у кишини қабристоннинг кираверишдаги асосий йўллакнинг ўнг тарафидаги тепаликка қўйдик…

У энди ўша ердан Пулимуғоб қишлоғига, ўзи севган, ўзи ардоқлаган  қишлоғига боқиб туради. Биз тириклигимизда йигирма йил бир-биримиздан айрилдик. Орзуим-қудратли яратувчи бизни келажакда бирлаштирсин! Менга ҳам унинг ёнига бориш насиб этсин!

Парвардигор, унинг жойини жаннатдан айлаб, раҳматингга қовуштир!

22 март, 2011 йил

Бугун республикачи сенатор Лугар президент Обаманинг Ливия борасидаги қарорини савол остига олди. Унинг конгресс ҳузурига келмасдан чиқарган қарори бўлса, бу фақат жуда чекланган доирада иттифоқдошларга ёрдам беришдан иборатдир, бизнинг Ливияда жиддий ҳаракатимиз йўқ, деди.

Демократик партия вакили конгрессмен Кусенич ҳам Обамани кескин танқид қилиб, ҳарбий бюджетни қисқартириш таклифини илгари сурди.

Ливияда ҳарбий амалиётлар бошланиши билан Лотин Америкаси сафарига чиққан Обаманинг бу “қочиш тактикаси”ни қоралаганлар Каддафи жойида, сен қаёққа кетдинг, дейишмоқда.

Обама Каддафийни кетказиш АҚШнинг сиёсати деб такрорласада, ҳарбийлар Каддафийни кетказиш, режим ўзгартириш мақсадимиз йўқ, биз фақат инсонпарварлик ҳаракатида қатнашмоқдамиз, деганлари деган.

Бугун Обама Чилида туриб берган баёнотида тез кунда ҳарбий амалиётлардан чиқиш ҳақида ўйлаётганини урғулади. Бошқача айтганда ўйиндан “қочиш тактикаси”ни қидирмоқда.

Хуллас, Америка жиддий баҳслар қучоғига кирди, саволар устига саволлар ёғмоқда:

“Урушга қарши бўлгани учун сайланган президент нега урушга кирди?”

“Бу кетишда жаҳон полициячиси сифатида Сурия, Яман, Баҳрайн…га ҳам борамизми?”

Бундай саволлар 2012 йилда бўладиган президентлик сайловининг шиорларига ҳам айлана бошлади.

Менга ёққан савол эса мана бу:
“Агар Каддафийни кетказиш ва режимни ўзгартириш мақсад бўлмаса, у ҳолда биз Ливияда нима қилмоқдамиз?”

21 март, 2011 йил

Муаммар Каддафий золимнинг золими, аблаҳнинг аблаҳи. Буни ҳамма билади ва бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас.

Каддафийни кетказиш учун халқаро кучлар Ливияни ҳаводан ўққа тутмоқдалар. Бундай ҳолда Каддафийдан олдин жуда кўп оддий, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлиши мумкин. Шундай бўлмоқда ҳам.

Ҳатто золимнинг ўзи оддий одамларни осмондан ёғаётган ўқ ёмғири остига териши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки бу золимнинг зеҳниятига хос нарсадир.

Шундай экан, Каддафийни кетказишнинг бошқа йўллари йўқмиди?  Йўқ йўлнинг ўзи йўқ. Ҳамма масалада оптимал йўлни топиш мумкин. Фақат  бу йўлни топиш керак. Табиийки, бунинг учун истак ҳам бўлиши лозим.

Менинг бу гапларим кимгадир ёқмаслиги турган гап. Лекин менинг ўйлашимча, ўз халқини эзаётгани учун ўша халқ яшаётган жойни ўққа тутиш мантиқли эмас. Бу ҳолда дунёнинг ярми қонга ботарди. Каримовдан Лукашенкога, Чавездан Кастрога, Шимолий Корея қаттолидан Бурма баттолига қадар…яшаётган жойлар осмондан ўққа тутилиши керак  бўларди.

Ливияда БМТ учун Каддафийни кетказишнинг жуда осон йўллари бор эди. Ҳали ҳам бор. Масалан, Бенгазида мухолифат томонидан янги ҳукумат тузилди ва унинг раҳбари эълон қилинди. Каддафийни эмас, шу ҳукуматни тан олиш ва уни ҳар жиҳатдан қўллаш керак эди. Бу иш қилинмади. (Ҳали ҳам кеч эмас!)

Буни сезган Каддафий уларга ҳужум бошлади.

Агар бугун Ливия осмонида учаётган учоқлардан беш-олтитаси бу янги ҳукумат қўлида бўлганда Каддафийнинг куни битарди. Фуқаролар уруши бўлиши мумкин эдику, дейишингиз мумкин. Аммо аксар халқ Каддафийдан нафрат қилган элда фуқаролар уруши учун замин йўқ.

Саддам ёмонлик рамзи эди. Унинг қўлидан бу рамзни тортиб олиб, уни кимларнингдир наздида оддий қурбонга айлантиришди. Наҳотки, яна бир ёмонлик рамзининг бошидан ҳам унинг қаттоллик тожи тортиб олинмоқчи?

20 март, 2011 йил

Бугун Каримов каби золим ва қаттол Муаммар Каддафий режими халқаро кучлар томонидан бомбардимон қилинмоқда. Мен ҳеч қачон Ўзбекистон ана шундай бомбардимон қилинишини истамайман, чунки оддий одамлар ҳам ҳалок бўлиши мумкин!  Оддий одамларнинг ўлими туфайли келадиган бахтиёрликни  қабул қилолмайман. Сиёсатчи эмаслигим ҳам ана шунда бўлса керак!

19 март, 2011 йил

Ўзингни ёмонласанг ўзбекка ёқасан. Дунёда эса, агар ўзингни мақтай олиш қудратида бўлсанг сени ёқтиришмаса ҳам ҳурмат қилишади.

Дарвоқе, виждонинг олдида қаддинг тик, ўзингга, оилангга, миллатингга, дунёга ёмонлик қилмаган ва доим яхшилик учун курашган бўлсанг ўзингни бекордан-бекорга ёмонлама, ўзингни ерга урма, бу камтарлик эмас, манманликдир, чунки кимгадир ёқиш учун ўзингни ёмонлаяпсан-да.

18 март, 2011 йил

Гадойнинг гапига ва кийимига ишонганлар унинг ўзларидан бой бўлиши мумкинлигини тасавввур қила олмайдилар.

17 март, 2011 йил

20 йил олдин-17 март куни СССРни сақлаб қолиш бўйича референдум ўтказилганди ва Ўзбекистонда воз берганларнинг қарийб  юз фойизи(93,7)  буни қўллади, деб эълон қилинганди.

Агар СССР йиқилиб кетмаса, ўзбеклар мазкур ҳудудда учинчи сорт инсон муомаласига маъруз қолармидилар? Хаёлимда бу савол айлана бошлаганига бир неча йил бўлди. Мендай-мустақилликнинг ашаддий тарафдорларидан бирида шундай савол пайдо бўлган экан, демак бошқаларда бу савол янада кучлироқ заминда туғилган бўлиши мумкин. Каримов режими халқни ҳатто мустақилликни ҳам савол остига қўядиган даражага олиб келди.

Дарвоқе, нима ҳақида гапираяпман, Ўзбекистонда мустақиллик борми? Бор, Ислом Каримов ва оиласига.

Дарвоқе, СССР пайтида ўзбекларга нечанчи сорт инсон каби муомала қилинарди? Ўшанда ҳам айни муомала эди…

16 март, 2011 йил

Дарахтнинг барглари тўкилиб-тўкилиб бораверади, куз келганда эса қуриб қолади, хазонга айланади, чиринди бўлади, лекин баҳор наврўзингман дея дарахтни янги барглар билан қоплайди, бу ҳол яна кузгача… кузлардан кузларга давом этади… Бир кун ўз баргларини ўзи инкишоф қилишини билмаган дарахтни алдамчи баҳор унутади. Чунки дарахт ўзини ўзи унутган бўлади бу пайтда. Бу пайтда дарахт ўтинга айланган бўлади. Бунчалик одамга ўхшамаса бу дарахт! Бунчалар ёлғончига ўхшамаса бу баҳор!

15 март, 2011 йил

Ўзбекистонда статистика очиқ эмас, давлат сири. Шундай экан, хориждаги баъзи олимларнинг “Кейинги йилларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ўсиши кузатилди”, дейишлари “шпион”ликларини билмаган ҳолда ошкор қилиб қўйишларидир.

14 март, 2011 йил

Ҳамманинг кўнглини оламан” деб овора бўлма. Ифлосга ифлос, муттаҳамга муттаҳам, аблаҳга аблаҳ, лаганбардорга лаганбардор бўлмоқчимисан? Бу ҳолда ўзингни, ўзлигингни йўқотасан. Дўстингдан душманинг кўп бўлса бўлар, лекин ўзлигингни сақлаб қололсанг бу сенинг ғалабангдир.

Элликни эгилтириб олтмишга томон одимлаяпман, шунинг қирқ йилида қирқ минг ҳужумга учрадим. Кимдир ҳасад қилиб сўкди, кимдир қизғаниб сўкди, кимдир мендай бўлолмагани учун сўкди, кимдир подшога ёқаман деб сўкди, кимдир сўккиси келгани учун сўкди… Лекин мен уларнинг кўнглини олишга уринмадим, уринмайман ҳам.  Бу мен эришган энг катта ғалабадир.

13 март, 2011 йил

Японияда юз берган дунёнинг энг кучли зилзиласи ва сунамиси натижасида ўлганлар сони 10 мингдан ошиши мумкинлигини айтган бир киши “бу дунёнинг охири келганидан далолатдир” деди.
Бунақа “охир замонлар” эса тарихда жуда кўп бўлган. Мана фақат бир нечтаси:
-Туркиядаги 526 йилда 300 минг,
-Хитойда 1887 йилда 2 миллион, 1931 йилда 2,5 миллион, 1976 йилда  250 минг,
-Бангладешда 1970 йилда 500 минг,
-Ҳиндистонда 1839 йилда 300 минг,
-Ҳаитида 2010 йилда 320 минг,
-Индонезияда 2004 йилда 231 минг киши (атрофида) офат қурбони бўлган.
Шулар билан таққослаганда Япониядаги офат дунёнинг охири эмас.

12 март, 2011 йил

Кеча ва бугун японларнинг қиёмат куни.  Ерлари мудҳиш равишда қимирлаган, уйлари, мулклари ёнган,  умид дунёлари сув остида қолган… Нима гуноҳи бор экан бечора инсонларнинг? Саволим ҳам, жавоб ҳам мавҳум. Биз мана шундай пайтларда жуда ожиз эканлигимизни ҳис этамиз, агар ҳисларимиз ўлмаган бўлса?!

11 март, 2011 йил

Бизнинг фожиамиз шундаки, ҳар бир ўзбек якка ҳолда ўзича ўта ақлли, дунёдаги барча илму ҳунарларнинг соҳиби, ҳаммага дарс бериб, жавобларни ғиштдек териб қўядиган, ҳар қандай ишнинг “кўзини ўядиган”, тоғни урса талқон, дўстига кўксини қалқон қиладиган, хуллас йўлидан ҳамма қочадиган, қўлидан ҳамма иш келадиган…

Бирлашган ҳолда эса ҳеч ким.

10 март, 2011 йил

Ўзбекнинг фалсафаси: Опам ўлди, поччам бегона!

9 март, 2011 йил

Миср Ички ишлар вазирининг бир махфий ҳужжати матбуотга чиқиб қолди. Ундан маълум бўлишича, 2005 йилнинг 23 июлида Шарм-ал-Шайх дам олиш зонасида  88 кишининг ҳаётига зомин бўлган портловда Ҳусни Муборак режимининг бевосита қўли бор экан. Мисрда 2005 йилга қадар ҳам  бир неча марта шундай қонли воқеалар юз берган. Зотан бу фиръавнлардан қолган қонли ўйин.

Дарвоқе, Муборакнинг ҳокимиятга келишини эсланг: Президент Анвар Содатни отиб ўлдиришганда у вице-президент эди. Президентлик мақомига ўтиргач, вице-президент мавқеи 2011 йилгача бўш турди. У нимадан қўрққанди?

Дарвоқе, 20 йил олдин Ўзбекистонда ҳам вице-президент мақоми бор эди.

Дарвоқе,  20 йил давомида Ўзбекистонда ҳам бир неча марта қонли воқеалар юз берди.

Дарвоқе, фиръавнлар ўйинининг қоидаси ҳамма жойда ҳам бир хил.

8 март, 2011 йил

Аёлларни ёмонлаб ёзган эркаклар аёллардан куйган эркаксимонлардир.

Аёлини ёмонлаб ёзган эркак эса қип-қизил хунаса.

Мардлар аёлларни ҳурмат қиладилар ва қадрлайдилар.

Агар аёллар орасидан йўлдан тойганлар чиқаётган бўлса, бу энг аввало эркакларнинг уларга хиёнатидир. Демак, аёлларни эмас, хиёнаткорларни қоралаб ёзмоқ керак.

Фоҳиша сўзи аёлларни йўлдан урган, уларга қул каби, мол каби қараган ҳирсли эркакларнинг сифатидир.

Аёллар ширин сўз, мақтов ва қадрлашга лойиқ гўзал яратиқ эрурлар.

7 март, 2011 йил

Кечаги куним йиқилиб, жароҳат олган бир танишимга ёрдамлашиш билан ўтди. Шундай дедиму, “Агар у мана шу гапимни эшитиб қолса, яхшилигини миннат қилмоқда, деб аразлаши мумкин” деган гап кўнглимга келди. Дарвоқе, у ўзбек эмас-ку!

6 март, 2011 йил

Бир америкалик танишим телефон қилиб:

-Ўқидингми, жаноб Каримов  қонунларга ўзгаришлар киритибди, демократияга йўл бераётган экан,-деди. Мен унга:

-Нега 20 йиллик эски газетани ўқиб юрибсан?

-Tушунмадим?-деди у.

Ҳа, буни тушуниш учун ўзбек бўлиш керак.

5 март, 2011 йил

Ҳар қандай катта, буюк ишлар ҳам кичик одимлардан бошланади. Кичик деб менсимаган одамингиз бир кун ҳаётингизни қутқариши ёки бошлиғингизга айланиши мумкин бўлганидек, шу ҳам нарсами деб менсилмаган иш бир кун ҳавасингизни келтирши  ёки қўлингиз етмайдиган чўққига айланиши мумкин.


4 март, 2011 йил

Сиёсий бошқарув нима эканлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмаганлар ўзларини етук сиёсатчи, динни юзаки билганлар ўзларини билимдон мулла, демократияни мутлоқ қабул қила олмайдиганлар ўзларини файзли демократ қилиб кўрсатар эканлар –  бу жамиятнинг оғир касалга учраганидир, даъвоси топилмаса саратонга айланади, агар аллақачон айланмаган бўлса…

3 март, 2011 йил

Шар-баллон шиширмоқ учун яратилган нарса. Лекин уни зўр бериб шишираверсангиз портлаб кетади… э, йўқ,  йиртилиб кетади, портлаган каби шовқин билан. Агар қаттироқ йиртилса юзингизга “тарсаки” ҳам тушади. Қўлбола сиёсатчилар, яъни “ясалган сиёсатчи”ларни бунча шишиверманг, портлаб… э, йўқ, йиртилиб кетади.

2 март, 2011 йил

“Агар Михаил Горбачев бўлмаганда СССР парчаланмасди”… Ҳа, ҳали ҳам бу ном турарди, ниманинг эвазига?..

Горбачев туфайли “СССР”  йўқолди. Қолган ҳамма нарса қолди. Фақат номлар – Советсиз бўлди, жомлар –  қон билан тўлди, томлар – ғарибона эмас, ғарбона, комлар – кўпроқ ейдиган бўлди… Горбачев саксонга тўлди.

1 март, 2011 йил

Жилғанинг сувини бошқа томонга буриб юбориш қўлингиздан келар, ариқнинг йўналишини ўзгартира оларсиз, ҳатто дарёнинг оқимини ҳам бузишингиз мумкин, лекин денгизга, уммонга қарши нима қила оласиз? Ғарқ этади.

28 феврал, 2011 йил

Дунё раҳбарлари бугунги талатўпда унутаётган шиор: Танқидингни очиқ айт, мақтовингни сир сақла, бўлмаса аҳмоққа чиқиб қоласан.

27 феврал, 2011 йил
Бугун Оскар мукофоти  топширилиши олдидан гапирган бир киши “Бутун дунё нафасини ютиб, кўзини шу маросимга қадаган”ини айтди,  ундай бўлса қон тўкилаётган Ливия, Тунисдан жон олиб қочаётганлар, Боливияда сел босганлар, Янги Зелландияда ер тагида қолганлар, турли мамлакатларда ўқ  остида намойишлар қилаётганлар…нинг ҳам дарди Оскар эканда-а! Ўзбек бўл-е!

26 феврал, 2011 йил
Қўзғалишнинг бош қўмондони инсоннинг ички дунёсида яшасагина у керакли вақтда қўзғала олади, бўлмаса биров ҳар қанча тепса  ҳам қўзғалмайди.

25 феврал, 2011 йил
Хайриятки, Каримов ҳокимият тепасига Муаммар Қаддафи каби 27 ёшида келмаган.

24 феврал, 2011 йил
Фоҳиш эркаклари қанчалик кўпайган сари ўша жамиятнинг фоҳишалари ҳам шунчалик кўпаяди.

23 феврал, 2011 йил
Агар Америкада ҳам йўлингни тополмасанг, демак бу дунёдан йўлсиз ўтиб кетасан.

22 феврал, 2011 йил
Кимгадир эшикни очар экансан, бир куни у эшигингни қарсиллатиб башарангга уриб кетиши ёки тўсатдан тепиб келиши учун имконият бермасликни ҳам назарда тутишинг керак.

Жаҳонгир Маматов.

4 Responses

  1. Ассалому алайкум, Жахонгир ака! Купдан бери сайтингизга кириб тураман. Бир канча китобларингизни укиб,сизни хакикий инсон сифатида жуда хурмат кила бошладим. Узбек мухолифатининг хозирги ахволи хакида сиз оркали куп нарсаларни тушундим деб уйлайман…хурмат билан Нодир.

    • Ва алайкум ассалом…
      Хатингиз бироз қисқарди, узр.
      Чунки сиз юборган саволга сиз ўқий бошлаган китобларда жавоб бор.
      Шунинг учун у гапларни такрорлашга ўрин бўлмаса керак.
      Бошқа жиддий саволларингиз бўлса бош устига.
      Ҳурматингиз ва илиқ гапларингиз учун раҳмат!

  2. juda qiziq yozilib boryapti bu “kundalik”, intizorlik bilan davomini kutamiz.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: