Жаҳонгир Муҳаммад׃ Адолат тикланмаган жойда қиёмат қойим бўлади

“Қиёмат куни” ҳақида Фарғона.ру мухбирининг саволларига жавоблар

Фарғона.ру мухбири׃ Жаҳонгир ака, романнинг айнан бугун пайдо бўлиши ва унга айнан ана шундай ном қўйилиши ортида нима турипти, ақлни йиғиб олишга чақириқми ёки аниқ келаётган воқеалик ҳақида огоҳлантиришми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Маълумки, тарихий роман маълум бир даврнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий расмини чизади. Бу расмнинг олдинги қаторида бугунги воқеалар, бугунги тарихий шахслар туради. Бугунги воқеалар эса қирғин-баротга боғланиб қолмоқда. Китобнинг ёзилиши ана шу қирғин – Ўш ва Жалолободда юз берган катта ЖИНОЯТ, унинг яқин тарихдаги илдизлари ҳақидадир.

Китобнинг номига келсак, унинг кейинги бобларга кирадиган мана бу ҳикоят нималарнидир англатиши мумкин.

Бу ҳикоятни китобнинг қаҳрамони Саиджонга унинг дадаси Комил тарихчи ўзи кўрган туш сифатида айтиб берган׃

…Буюк Яратувчи бир куни Одам Ато ва Момо Ҳавонинг атворларидан ранжиб уларга жазо тайин этишни ихтиёр қилибди. Кўкдан бир парча узиб, Ерни пайдо қилибди, бир қисмини қуруқлик ва қолганини сувдан. Аввалига Одам Ато ва Момо ҳавони  қумурсқага айлантириб, Ерга ташлабди. Қарасаки, қумурсқалар кўпайиб кетиб, ерни илма-тешик кулбага айлантираётган эмишлар. Шунда Яратгувчи уларни қушга айлантирибди. Қарасаки,  қушлар Ерни ташлаб уммонлар устига кетиб, балиқ овлаб, роҳат-фароғат қилиб юришибди. Шунда уларни одамга айлантириб юборибди.

-Бизни қаерга ташладинг, ё Рабб?-деб сўрабди Одам ато ўз Яратгувчисидан.

-Сизларни жазолаш учун дўзахга итқитдим,-деган жавоб олибди.

-Биз бу дўзахда қанча қоламиз?-деб сўрабди Момо ҳаво улу Тангридан.

-Бу дўзахни  атига бир кунга деб яратдим. Демакки, у ерда бир кун турасизлар. Бу сизлар учун Қиёмат кунидир.

Яратгувчининг бир кун деган ўлчови билан бизнинг бир кун деган ўлчовимиз орасида биззилион-биззилион йиллар бор экан. Демак, биз Қиёмат кунининг фарзандларимиз,  яъни Қиёмат кунида, дўзахнинг қават-қават азоблари аро ёнаётган бандалармиз! Яратгувчининг бу Куни қачон битади, унинг ўзига аён!..

Фарғона.ру мухбири׃ Романда жуда кўп нозик ҳолатлар баён килинган, айниқса президент Каримов ва мамлакат Ички ишлар вазири Матлубов ўртасидаги суҳбат ана шундай ҳолатлардан. Айтингчи, бундай эпизодларнинг киритилиши янги романда ҳам мухолифлик кайфиятини намоён қилиб ўтишга уринишми ёки гап тагида гап борми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бугунга келиб дунёда тарихий-замонавий романчиликниг янги бир йўли пайдо бўлди.

Бу – биринчидан, романнинг тили жуда сода бўлиши керак. Чунки биз Интернет асрида яшамоқдамиз ва ўқувчининг бир атиргулни беш саҳифа қилиб тасвирлашингизга тоқати йўқ. Компютер тугмасини айлантирса, бир эмас, мингта атиргулнинг ҳам суврати, ҳам расми ва ҳамда графикасини кўриши мумкин.

Иккинчидан, унинг вақти билан ҳисоблашишга мажбурсиз. Бугунги ўқувчи кечаги китобхон эмас. У ҳамма воқеалар ҳақида истагани қадар маълумотни бир лаҳзада топа олади. Демак, сиз унга ана шу воқеалар орасида у кўра олмаган нарсаларни топиб берсангизгина у ўқийди.

Учинчидан, бугунги тарихий шахслар ҳаётининг ўқувчига номаълум жиҳатларини кўрсатиб берсангиз  унинг “иштаҳасини” очишингиз мумкин.

АҚШда президентнинг Оқ уйдаги ҳамма гаплари ёзиб олинади. Лекин бу эллик йил давлат сири сифатида махфий сақланади. Бугунги Обаманинг Оқ уйдаги гапларини тарихчилар эллик йилдан кейингина ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Ўзбекистонда эса, Оқсаройдаги гапларни умуман ёзиб олмаслик чоралари кўрилади. Демак, у ердаги гапларни тарихчилар минг йилдан кейин ҳам билмайдилар. Шунинг учун ҳам бу масалада тарихий тўқима асар ёзадиганларнинг имконияти катта. Уларни чеклайдиган воқелик йўқ. Оқсарой муҳитини  ва атрофдаги жараёнларни озгина билган, кузатган ёзувчи у ердаги гап-сўзларни тўқима ҳолатида бўлсада “тиклаши” ва ўқувчига етказиши мумкин. Мен ёзаётган китобда гарчи жуда кўп воқеалар айнан киритилаётган бўлсада, сиз эслатган эпизод тўқимадир.
Фарғона.ру мухбири׃ Романнинг “Туронзамин” интернет нашри ва сизнинг шахсий блогингизда эълон килиб борилаётган ҳар бир банди сўнгида. сиз ўкувчиларга мурожаат қилиб, романнинг битилишида маълумотлар билан ўртоқлашиб, ёрдам қилишни айтиб борасиз. Ҳозир Фергана.ру ўқувчиларга романдаги асосий ҳодисаларнинг асосий манбалари кимлигини айта оласизми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Асосий манба бу биринчи галда ўқувчиларнинг ўзлари. Ҳозир қўлимда юздан зиёд мактуб бор. Борган сари кўпаймоқда. Бу эса романнинг ёзилишини ҳам қийинлаштирмоқда. Чунки бу мактублар ва улардаги воқеаларни бир йўлга солиш осон эмас. Дарвоқе, манбалардан яна бири Интернетнинг ўзи, жумладан, Фарғона.ру ҳам. У ердаги маълумотлар ва изоҳлар орасида жуда қимматли ишоратлар бор. Шуларни ҳам териб романга сингдираяпман.

Фарғона.ру мухбири׃ Романда, буни балким тан олиш керакдир, айрим доиралар ва ҳатто давлатлар учун дастак сифатида фойдаланишларига маълум маънодаги имконият яратиб берувчи ҳодисалар баёни ҳам бор. Муаллиф сифатида сиз яратаётган асаринингиз сиёсий уйинлар, қарама қаршиликлар калити бўлиб қолиши мумкин деган хавотир йўқми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бугунга қадар ҳали бирор бир тарихий роман қандайдир доиралар ёки давлат учун бирор масалада дастак ёки баҳона бўлган эмас. Бу ўз номи билан роман. АҚШда президентлардан тортиб, МРБ ва ФҚБ ҳақида минглаб тўқима китоблар ёзилган. Умуман дунёда бу жуда кенг ёйилган услубдир. Шундай экан, бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин. “АССАССИН” романимдан кейин ҳам шундай гаплар бўлганди. Лекин мана орадан қарийб беш ўтди ва Оқсарой атрофида тинчлик.

Фарғона.ру мухбири׃ Романнинг бир эпизодида, президент Каримовнинг, Россия Бош вазири Владимир Путин билан ниманидир келиша олгани, аммо Россия президенти Медведев бу келишувга тўсқинлик бўлаётгани айтилади. демак сиз бу ўринда Ўрта Осиё Россия таъсир майдонидалиги ва унинг ичида кечувчи хар қандай жараён унинг хабардорлиги билан бўлишига ишора қилгансиз, шундайми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Агар хабардор бўлмаса, у Россия президенти эмас, балки Чита вокзалидаги гадой демакдир. Уни гадой дея олмайсиз. Демакки, у хабардор. Қолаверса у ҳали ҳам Марказий Осиёни Россиянинг орқа томорқаси деб билади. Томорқадаги гапдан бехабарлик ақлга сиғмайдиган ҳолдир.

Фарғона.ру мухбири׃ Айтайлик романнинг кўп жойлари бадиий тўқима, ҳатто шу тўқима куринишида ҳам, айтингчи Каримов Ўш борасида нимани режалаяпти, чиндан ҳам Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимлари Қиргизистон жанубида ўзбек ва қиргиз жиноий уюшмаларининг ўзаро тортишувини назорат қила олиш кучига эгами?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Ўзбекистон минтақадаги энг кучли кучишлатар тизимларига эга. Бу Ислом Каримовнинг ҳамма нарсани билиб туриш истагидан келиб чиққан. Ўзбекистон МХХси ва ИИВси минтақада анчайин эмин-эркин фаолият олиб борадиган кучга айланган.

Биттагина мисол келтираман, Ўшда қирғин бўлган кун Роза Ўтинбоева бу воқеаларнинг ип учи ўша ёқда дея ШҲТ мажлиси бораётган Тошкентга томон очиқ тош отди. Орадан кўп ўтмай Ислом Каримов у билан телефонда гаплашди. Шундан кейин Ўтинбоева ҳам, Қирғиз куч ишлатар тизимлари раҳбарлари ҳам Ислом Каримовни мақтай бошладилар. Ҳатто отишмалар, қирғин дарҳол тинди. Демак,  Ислом Каримовда Ўтинбоевага ва унинг казо-каозларига босим ўтказиб, уларни 180 даражада айлантириб юборишга қодир  “далил” бўлган. Бундай “далил” эса унга фақат шу икки идорадан келади.

Фарғона.ру мухбири׃Романдаги яна бир эътибор тортувчи ҳолат бу сизнинг ва ўшлик Саиджон ўртасидаги мулоқотингиз. Бу маълум маънода сизнинг Ўш воқеалари хусусидаги позициянгизни намоён этади. Ёки бу ҳам шунчаки бадиий ёндашувми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Илгари бошқа матбуот воситасининг шундай саволига жавоб бергандим. Фикрим ўзгарган эмас׃ яъни воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлиш бошқа ва воқеалар ҳақида билвосита манбаларга таяниб хулоса қилиш бошқа. Қирғизистонда юз берган воқеалар борасида бизнинг позициямиз иккинчи ҳолга яқин бўлгани учун ҳам субъектив характерга эга бўлади.

Айни пайтда Каримов каби битта нарсани кўрсатиб, сабаб мана шу деб туриб олиш-яъни айбни кўринмас ”учинчи куч”га юклаб қўйиш- бу туллак сиёсатнинг иши.

Менинг олисдан туриб, шахсий кузатувларимга кўра, Қирғизистонда юз берган қирғин ортида бир қанча жиддий факторлар бор. Кўрганларим, ўқиганларим ва эшитганларимни жамлаб, бу факторларни қуйидаги тартибда жойлаштирган бўлар эдим׃

1. Ҳукумат учун  жанг

2. Каримов режимининг аралашуви

3. Ташқи дунё таъсири

4. Миллий-тарихий низолар

5. Диний, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар йиғиндиси

6. Мафия ёки қонундан ташқари кучларнинг қутқулари

7. Қирғизлар орасидаги ички низолар

8.Ўзбеклар орасидаги ички низолар

9. Миллатчилик ва ҳоказо сабаблар бор  ва мен китобда ана шу сабабларнинг ҳаммасини бир нуқтага келтиришга уринаяпман. Чунки воқеалар бир кунда онийдан бошланган эмас ва бу анча вақтдан бери давом этиб келаётган жараёнларнинг эскалациясидир.

Фарғона.ру мухбири׃ Романда рус йигитининг ўзбек қўшнилари, хонадошлари билан тортишуви, хафагарчилиги туфайли юзага келган ҳолат, яъни унинг полицияга арз килиши ва унинг ортидан юзага келган ҳибсга олиш жараёни келтирилган. Мен бу ўринда романнинг оддий ўқувчиси сифатида қизикаётганим, йигитларнинг кейинги такдири кандай кечгани хусусида янги банд борми ёки? Кейин нима бўлди ахир?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Албатта бу Саиджонга боғлиқ. Балки у уларнинг тақдири ҳақида бир нарсалар билар ва келгусида айтиб ҳам берар. Дарвоқе, Саиджон ҳам бор шахсдир. Асардаги ҳамма шахсларнинг прототиплари ҳам бор. Аниқ исмлари келтирилганлар булар тарихий шахслар. Қолганларнинг исмлари озгина ўзгартирилган.

Фарғона.ру мухбири׃ Романнинг яна бир жойи, собиқ президент Акаевнинг ўғли ва қизининг Қирғизистон жанубини куроллантириш уринишлари ҳакида, айтиб ўтиш жоизки жануб воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилиш арафасида романдаги бу эпизод жуда жиддий таъкидни англатади, боринг ана бу ҳам шунчаки бадиий тўқима дейлик, сиз Акаевлар оиласи шундай бузғунчиликка ҳали ҳам қодир деб ишонасизми ва Акаевларнинг ўзлари тарафидан романдаги айни эпизод ўларок жиддий эътирозидан чўчимайсизми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Акаевлар романга эътироз қиладиган даражада жоҳил инсонлар эмас. Қолаверса, романдаги гаплар бор гаплар. Ҳали Айтматовлар борасида ҳам айтиладиган гаплар бор. Китоб қирғизларга қарши позицияда эмас. Кўпроқ биз ўзбекларнинг ички муаммолари таҳлил қилинади. Умуман туркнинг икки боласи нега душман бўлиб қолди деган саволга жавоб қидирилади. Биз истаймизми, йўқми, барибир қирғиз ва ўзбек бир жойда яшайди. Шундай экан, улар орасида душманликни қандай қилиб йўқотиш ҳақида ўйлашимиз керак. Жиноят бор ўртада. Катта жиноят. Маълумки, бир жиноят содир этилса, унинг ҳамма версиялари ўрганилади. Бу китоб ҳам Ўш ва Жалолободда содир этилган катта жиноятнинг битта версиясидир. Уни кимдир қабул қилиши мумкин, кимдир йўқ.

Фарғона.ру мухбири׃ Қиёматнинг олди олинадими ёки биз унинг даҳшатли оқибатини кўришга мажбур бўламизми?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бу бизнинг – ҳам қирғизларнинг ва ҳамда ўзбекларнинг миллатчиликни енга олишимиз, катта жиноятнинг айбдорларини топиб жазолашимиз, адолатни тиклай олишимизга боғлиқ. Адолат тикланмаган жойда қиёмат қойим бўлади.

Эслатма ўрнида׃ Саволларга жавоблар 2010 йилнинг 19 август куни жўнатилган.

%d bloggers like this: