ЖАҲОНГИР МАМАТОВ: 2005 йил савол-жавоблари

ҚАТАҒОН кунларининг тарихи

 

Тарихни кунба- кун, соатма- соат ёзиб бормоқ лозим. Акс тақдирда у тарих эмас, хотирага айланади.

 

Мен замондошимнинг саволларга айланган кунларнинг (2005 йилнинг Февралидан 2006 йилнинг Февралига қадар, олдингилари “ЗЕҲНИЯТ ЖУМБОҒИ” ва “САРОЙ СИРЛАРИ” китобларида) тарихини имконим қадар кунба- кун ёзиб борар эканман, бу ишни сиз учун қилдим.

Сизга қолгани уни ўқиб, қатағон кунларининг даҳшатини англашдир. Умид қиламанки, бунга қодирсиз, азиз неварам!

 

Муаллиф.

 

 

 

Биринчи президенти бўлиш учун туғилган одам

 

 

26 Феврал, 2005 йил

 

 

САВОЛ: Сиз бир жойда “Ўзбекистоннинг биринчи президенти бўлиш учун туғилган одам” деб Назир Ражабов исмини келтиргансиз. Бу одам ҳақида батафсилроқ маълумот беришингиз мумкинми? (Олимжон)

 

 

ЖАВОБ: Мен Назир Ражабов ҳақида илк бор 1970 йилларнинг охири 1980 йилларнинг бошида у Бухорода (у асли ромитанлик-ЖМ) ёнғинга учраган бир йирик корхона биносини қайта тиклаш лойиҳасини тайёрлаб, СССР Давлат мукофотини олганда эшитгандим.

Кейин у жуда ёш бўлишига қарамасдан жуда катта вазифаларда ишлади, Қурилиш вазири бўлди, Наманган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиблигидан Самарқанд вилоят партия комитетининг биринчи котиблигига ўтказилганда уни бевосита танидим. У янгича фикрлайдиган, ташаббускор, тиниб-тинчимас, адолат томонида маҳкам турадиган, адолатсизликка чидай олмайдиган бир раҳбар эди.

 

Илгари Самарқандда худди ана шундай бир раҳбар бўлган-Владимир Николаевич Қодиров. Уни 43 ёшида заҳарлаб ўлдиришган.(Болалар уйидан чиққан халқпарвар Қодиров ҳақида ёзган китобим ошкоралик йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида давомли ўлароқ эълон қилинганди-ЖМ).

 

 

Менга Қодировни эслатган Назир Ражабовнинг тақдиридан ҳам қўрқардим. Коммунистик режим пайтида ҳам халқ томонида бўлган саноқли раҳбарлар етишган, лекин уларни тезда йўқотишган. Ўғрилар, милиция, мафия, ҳатто партиянинг ичидагилар ҳам Назир Ражабовга қарши эдилар.

 

У адолатпеша раҳбар бўлиш билан бирга адабиётсевар ҳам эди. Машраб шеърларини тўлалигича ёддан биладиган, Навоий асарлари борасида ҳаммани ҳайратга солиб, лол этадиган бир инсон эди. Мен ёзган юзлаб фельетонлар бўйича у текширишлар ўтказдириб, бегуноҳ қамалган юзлаб одамларни озодликка чиқарган, букилган ҳақиқатни тиклаганди.

 

Аммо бир кун қўрққаним бўлди. Вилоят партия қўмитаси биносига келсам, ҳамма саросимада. Идеология котиби Фароғат Шукурованинг хонасига борсам, у ҳўнграб йиғлаб ўтирибди.

 

-Назир акани қўлига кишан солиб олиб кетдилар,-деди у.

 

Кейин Назир ака ҳикоя қилишича, уни қурилиш машинасининг бетон қориштириладиган қутиси ичига ташлаб, айлантира-айлантира бир жойга олиб бориб, у ердан Москвага етказиб, зиндонбанд этишган.

 

Унга қўлланилмаган қийноқнинг ўзи қолмаган. “Спорт билан шуғулланганим жисмонан ва Навоий ҳамда Машрабни ёддан билганим маънан мени қутқазди” деган эди у. Қийноқлардан ҳар куни ҳушидан кетиб, ҳушига қайтган.

 

Биз Самарқандда “Назир Ражабовни озод қилиш ва ўз иш жойига тиклаш қўмитасини” туздик.

 

Ислом Каримов келиб, уни роса мақтади, бирга ўқиганлиги ва ватанпарварлигини, миллатпарварлигини, ҳақиқатни ҳимоя қилувчи инсонлигини айтиб, “Мана қамоқдан чиқди, Москвадан оқлангани ҳақидаги қоғозни олиб келиши билан жойига тиклаймиз” дея Самарқандда “биринчи”ликка Пўлат Абдураҳмоновни тайинлади.  Назир ака  тўққиз ой деганда оқланди. Аммо Каримов сўзида турмади. Мирсаидов ва Жўрабековни Самарқандга қайта-қайта юбориб, Назир ака ҳақида уни ёмон отлиқ қиладиган тарғибот юрғизди ва ўзи келиб яна Абдураҳмоновни қайта тайинлаб кетди.

 

Назир ака Каримовнинг қаршиликларига қарамасдан 1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланди. Аммо Каримов унга нисбатан оғир зуғумни бир кун ҳам тўхтатмади. Уни ҳатто Бухорода ўзи илк бор ишлаган қурилиш ташкилотида ҳам ишлашга қўймади.

 

 

Кейин унинг Москвага кетиб қолгани ҳақида эшитдим ва бу ташкилотчи ҳамда адолатсевар одамнинг бундан сўнгги тақдири ҳақида бошқа маълумотга эга эмасман.

 

 

Омон Матчон

 

26 Феврал, 2005 йил

 

 

 

САВОЛ: Омон Матчон ҳақида биласизми? Яқинда унинг қувғинга  учраганини эшитдим, шу ростми? (Ёрқин).

 

 

ЖАВОБ: Омон Матчон… мен ўзини ва ижодини ҳурмат қилган, ажойиб, бетакрор шоир.

Совет даврида унча-бунча гапни асарлари орқали айта олган икки адиб бўлса, бири Эврил Турон ва иккинчиси Омон Матчон деб биламан.

 

1970 йилларнинг бошида бир куни талабалар шаҳарчасидаги маданият саройига борсам, ёш шоир Омон Матчон билан учрашув бўлаётган экан. Унинг шеър ўқиши ўзига хос ва жозибали эди. Мени қойил қолдирган яна бир нарса у икки соат давомида тўхтамасдан шеърларини ёддан айтиб берди. Ҳар бир шеърдан кейин худди бу соҳилдан у соҳилга ўтган каби қўлини бир айлантириб оларди-да давом этаверарди. Охирида эса бир достонини ёддан айтиб берди.

 

Унинг шеърлари чуқур фалсафий, айни пайтда халқ дардини ташиган оғир ва ҳазин эди. Кейинчалик танишдик, уйида ҳам бўлганман. Инсон сифатида ҳам жуда камтар ва кўнгли очиқ одам.

-Негадир ичкилик менга ёқмаяпти, аллергия қилаяпти, ичсам юзим қизариб, бир нарсалар тошмоқда,-дердию пиёлани кўтариб юборарди.

 

1990 йиллар бошида бир кун телевизорда пахтакорларга бағишланган дастурда чиқиб гапирди. Унинг “Пахта бу сиёсий қурол” деган гапи Каримовга ёқиб қолибди, у ҳамма жойда шу гапни такрорлаб юрди ва Омон Матчонни саройга ишга олди. У сарой учун бегона одам эди. Қачон кўрмайин бошини қуйи солганча, хаёлга ботиб, кабинетига худди бегона аёлга қарагандай саволомуз тикилиб ўтирган бўларди. Ҳар ҳолда бир янги шеър ҳақида ўйлаётган бўларди.

 

Гапиришда хоразмча шевани жуда чиройли қилиб ишлатиши ва раҳбарларга ҳар куни “пахта” қўйиб туришни билмаслиги, турли ўйинларнинг ичига кириб кета олмаслиги, шеърларига барибир дардни сингдириши уни саройга бегона тутарди.

Ҳақиқий маънодаги шоир кимларнингдир кўнглига қараб гап тўқимайди, дилида борини айтади, бу эса кимгадир ёқиши ёки кимгадир ёқмаслиги мумкин, унинг учун фарқи йўқ.

 

Шу боис Омон Матчоннинг баъзи гаплари Каримовга ва бошқаларга ёққан, баъзилари эса ёқмаган бўлиши турган гап. Ёққанида сийлаб, ёқмаганида қувғин қилиш эса зулмдорларга хос. Умри гоҳо шодликда, гоҳо қувғинда ўтиш эса шоирнинг қисмати.

 

Ҳа, бугун Омон Матчонга ола кўз билан қаралаётган кунлар… Бу унга қайсидир маънода ёмон ва қайси бир маънода яхши. Чунки дардли шеърлар, дардли кунларда туғилади, дейдилар. Яқин орада унинг халқ дардини елкасига юклаган янги асарларини яна ўқиб ёки яна эшитиб қолсак, ажабмас?!

 

 

 

Нима дегандим?

 

28 Феврал, 2005 йил

 

 

САВОЛ: “Озодлик” радиосининг бугунги, мен доим эшитиб борадиган “Қурултой” дастурида журналист Исмат Хушев  “Жаҳонгир Маматовга ўхшаб вақтида бу одамнинг (Ислом Каримовнинг) юзига кимлигини айтиб, мамлакатни тарк эта олмадик. Бунинг учун ҳам одам жуда кучли, иродали, жасоратли бўлиши керак экан, назаримда” деди. Нима деб кетганингиз ҳақида маълумот беришингиз мумкинми? (Одил)

 

 

ЖАВОБ: Табиийки, Ислом Каримовнинг золим эканлигини унинг кўзига тик қараб айтиш осон эмас эди. Буни Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Мели Қобулов, Шуҳрат Нусратов каби депутатлар айтишга ўзларида жасорат топа олгандилар. Лекин уларнинг аксариятини мудҳиш кунлар, қувғин, қатл, қамоқ қаршилади.

 

Энди менинг нима деганимга келсак, бунинг учун “ИАК” ҳужжатли романи билан танишиб чиқсангиз, ҳар ҳолда саволингизга жавоб топишингиз мумкин. Шунингдек, “ҚУВҒИН” романида ҳам бу ҳақда батафсил тўхталинган.

 

 

Авропадаги Ўзбекистонлик Ўзбекка

 

28 Феврал, 2005 йил

 

 

 

САВОЛЛАР ВА ЖАВОБЛАР: Ўтган сафарги саволимга кичик бир ўзгартиш киритмоқчиман, у ерда “Европалик Ўзбек” дейилган, аслида мен Европалик Ўзбек эмас, Ўзбекистонлик Ўзбекман ва ҳозирда Европадаман, хуллас:

 

БИРИНЧИ САВОЛ:

 

-Мен илгари бир саволимда чет эллик Инвесторлар ҳақида қисқа гап очган эдим ва берилган жавобдан қониқмадим, балки савол умумий бўлганлиги учун қисқагина умумий жавоб берилгандир. Шу учун яна шу масалага қайтаман. Ҳаммани эсида бўлса керак, мустақилликдан кейин 1992-94 йилларда Ўзбекистонда чет эл Фирмаларини ҳар бир шаҳарда топиш мумкин эди, жумладан Самарқанднинг ўзида бир нечта Германия фирмалари очилиб иш бошлаган эди.

Сиз юқори давраларга кўп аралашгансиз ва балки шулар ҳақида аниқ маълумотлар биларсиз.

-чет эл Инвесторларини Ўзбекистонга таклиф қилиш қай тарзда амалга оширилади ва уларга қанақанги шартлар қўйилади?

 -кейинги пайтларда чет эл Инвесторларининг ўлкамизга киришдан чўчиб қолганликларини сабаби нимада?

-аксарият чет эл Фирмалари нима учун Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишди?

-ўлкамизда арзон иш кучидан фойдаланиб юқори сифатли маҳсулот чиқара олган фирмалар учун ўз маҳсулотларини чет элга Ўзбекистондан туриб экспорт қилиш қулай эмасми?

-балки маҳсулотни ишлаб чиқариш арзонга тушгани билан, уни бошқа давлатларга, масалан Европа ва Америкага олиб бориб, сотиш қимматга тушаётгандир, шу учун Ислом Каримов куйиб-пишиб денгизга чиқишимиз керак деб жар солар?

 

 

ЖАВОБ: Битта саволингизнинг ичида яна бир қанча савол бор ва ҳар бирига жавоб бериш учун камида биттадан китоб ёзишга тўғри келади. Лекин саволларингиз фавқулодда муҳим бўлгани боис мухтасар тарзда бўлсада жавоб беришга ҳаракат қиламан.

 

Ўзбекистонда четдан эркин инвестиция келиши учун ҳеч қачон қулай шароит бўлмаган. Агар шундай шароит бўлганда вазият бугунгидек аянчли нуқтага етиб келмас эди.

 

Ҳа, энди 1990 йилларнинг бошида чет эллик ширкатлар кўп эди-ку, деган гапга келсак, бундай вақтинчалик ”меҳмон”лар ҳозир ҳам келиб-кетиб юрибдилар.

Яқинда бир танишим “Туркманбошини ёмонлар эдингиз, мана унинг “Руҳнома”сини Олмон тилига ҳам таржима қилишибди” деб қолди. Демак, қайси бир ширкатлар Туркманистонга бориб, қандайдир иш қилишмоқчи. Китоб эса диктаторнинг сандиғига “калит”. Аммо бу вақтинчалик эканини кўп бизнесменлар тушунмайдилар ёки кеч тушунадилар. Балки тушунсалар ҳам “Ишимни битириб, эшагимни лойдан чиқариб, кейин кетаман” дейдилар. Ваҳоланки, диктаторларнинг хотираси унутувчан, айниқса, “ҳадялар” масаласида.

 

Мен Истанбулда “Туркия” газетасида ишлаганимда (1994-1998) “Нурчилар” деб танилган ва Фатҳуллоҳ Гулан гуруҳининг бир вакили, ёзувчи Ёвуз Қилич бизнинг газетага ҳам мақола ёзар эди. У деярли ҳар куни Каримовни мақтаб ёза бошлади. Мен у билан учрашиб, бу қилаётган иши хатолигини ва Туркия жамоатчилигини чалғитаётганини, диндор биродари қамалганига кўз юмиб, Каримовга қуллуқ қилаётганини айтдим. У эса:

-Сизлар ёш ва қизиққонсизлар,-деди.-Биз Ўзбекистонда лицейлар очмоқдамиз. Бу эса ёшлар нафақат инглиз тилини ўрганишлари, балки умумий тилимиз бўлган турк тилини кенг ёйиш, ўрта турк тилини яратиш ва Ўзбекистонни юксалтириш учун хизмат қилади. Каримов эса тентак. Уни бир-икки мақтов билан алдаш мумкин экан, улуғ мақсад йўлида бундай “гуноҳ қилиш кечирилиши ҳақида ҳадислар ҳам бор..,-деб анча ваъз ўқиди.

 

Мен унга:

 

-Бу вақтинчалик ва бир куни диктаторга бир нарса ёқмай қолса, қурган қўрғонингизни ер билан яксон қилади,-дедим.

 

-Каримов кетади, лекин бизнинг ишимиз қолади,-дея у ва  телевизорда ҳам Каримов ҳақида ҳужжатли филмлар намойиш этди.

Аммо бир неча йилдан кейин мен айтган нарса бўлди ва Ёвуз Қилич ҳозир Каримовни ёмонлаб ёзиб юрибди.

Каримовни ҳадялар, мақтовлар, докторлик унвонлари билан алдаб бизнес бошлаганларнинг кўплари кетиб қолиб, янгилари келмоқда. Бундан халқ ютаётгани йўқ, балки ютқазмоқда. Худди ёпиб ташланган Турк лицейларидаги ўқувчиларнинг аксарияти икки йўл орасида қолганлари каби.

 

Ўзбекистон халқаро бизнес учун катта имкониятларга эга бўлган жой. Лекин ўз халқининг қўшни мамлакатларга бориб-келиб, бизнес қилишини чеклаб қўйган режим четдан келаётганлар учун қандай кафолат бериши мумкин?

 

Хуллас, бу ерда Каримов учун иккита “жиддий” масала мавжуд.

 

Биринчиси, “Халқ менга қарам бўлиши керак, қорни тўйса қулоқ солмай қўяди”, деб ўзи яратган “фалсафа”га жуда ва жуда ишонади.

 

Иккинчиси эса, “Четдан келаётганлар халққа таъсир қилишлари мумкин ва режим хавф остида қолади”, деган фикрга эга.

Ана шу икки иллатдан қутулмагунча, Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди. Бунга ўтган 15 йил ҳужжатдир!

 

Денгизга чиқайлик, бизнесга шароит қилайлик каби чақириқ-бақириқлар 15 йилдан бери айтилади 1996 йилда Қозоғистон денгизга чиқиш учун порт қуришга розилик берганда, Каримов буни сенга қарам бўлиб қоламан-ми, дегандай қабул қилмаганди. Шундан бери денгизга Эрон орқали чиқиш ҳақида гапириб келмоқда. Қозоғистонга ишонмаган қўрқоқ диктатор таҳлика бўртиб турган Эронга ишонармиди?

 

Хуллас, ўзидан бошқа нарсани ўйламайдиган Каримов режими ўзгармаса, Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди. Букрини гўр тузатади, деб бекорга айтмаганлар. Ўзбекистон бугун Ўрта Осиёдаги энг қолоқ мамлакатга айланди. Яқин орада ҳатто Афғонистон  ривожланиб кетади. Агар режим ўзгармаса Ўзбекистон иқтисодий қоронғу ўлка сифатида қолавериши турган гап.

 

ИККИНЧИ САВОЛ:

 

-Сиз Самарқандликсиз ва албатта ҳамшаҳарларингизни яқиндан билсангиз керак. Самарқанд Давлат Чет Тиллар Институти Ректори Юсуф Абдуллаевнинг Москвадан элчиликдан қайтиб келиш сабабларини аниқ биласизми? Унинг ўз атрофига таниш-билишларини йиққанлиги тўғрисидаги гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин. Абдуллаевнинг Ректорликдан четлатилиши ва Кореяга қочиб кетиши ҳақида нималарни биласиз?

 

 

 

ЖАВОБ: Юсуф Неъматович Абдуллаевни жуда яқиндан бўлмаса ҳам, танир эдим. У ҳақда илгари бир нарса ёзган ҳам эдим. Шу нарса аниқ-ки у Каримовга астойдил хизмат қилди, айниқса, Ўзбекистоннинг Москвадаги вакили бўлган пайтда. У Каримов “топган” ва Каримовнинг ўзи “йўқотган” диктатура машинасининг минглаб “гайка”ларидан бири эди. Шу боис унинг шахси ва кейинги тақдирига қизиққаним йўқ. Бунга эҳтиёж ҳам бўлмаганди.

 

 

 

УЧИНЧИ САВОЛ:

 

-Шу сайтга кирадиган инсонлар ҳаммаси анча кенг фикрлайдиган инсонлар кўринади, шу инсонларнинг ҳаммаси, шулар жумласидан Жаҳонгир Муҳаммад ҳам, келажакда ватанга қайтиш ва халққа чин дилдан хизмат қилиш ниятлари борми?

 

 

 

ЖАВОБ: Бу ҳақда “Зеҳният жумбоғи” ва “Оқсарой сирлари” китобларида батафсил жавоблар мавжуд. Шу боис мавзуга яна ва яна қайтмаганим учун узр.

 

 

 

ТЎРТИНЧИ САВОЛ:

 

-Жаҳонгир ака, агар сиз келажакда ватанга қайтадиган бўлсангиз, хохлайсизми йўқми бу сайтда исмлари тилга олинган жуда кўплаб инсонлар билан бирга ишлашингизга тўғри келади. “Ўзбекчилик” деган гап бор, шу инсонларга “Ҳаммаларингни ошкора танқид қилишга мажбур эдим, энди узр” дейсизми ёки “Ғарбдаги сингари “Бу демократия, ҳаммаси бўлган гаплар, бундан ўзимни ноқулай ҳис қилишга ҳечам ўрин йўқ” деган бўлармидингиз?

 

 

 

ЖАВОБ: Иккинчи йўлни танлаган бўлардим. Умуман эса, менда бир одамни танқид қилдингми у билан бир умрга душман бўлиб қолиш, деган иллатга қарши туйғу бор. Масалан, Каримовни 15 йилдан бери танқид қилиб келаяпман, лекин уни мақташим ҳам мумкин. Яқинда Назарбоев “Марказий Осиё иттифоқини тузайлик” деган бир гапни айтди. Каримов томони ўйлаб кўриш керак, деди. Агар Каримов дарҳол байроқни қўлга олиб, президентларни Тошкентга чақирса ва эркин борди-келди, пул ва армия бирлиги каби масалаларда қарор қабул қилишда, амалий одим отишда (Масалан, ўзи бориб чегарадаги сим-тўрларни кесиб ташлашни бошлатса-ЖМ) ташаббускорлик қилса, мен уни мақтаган бўлардим, ҳатто 15 йилдан кейин бўлсада ақли жойига тушди, дея “офарин” деган бўлардим унга.

 

Ёки Зокир Алматов эртага чиқиб, “Жонимга тегди, бугунга қадар Каримовнинг буйруқларини бажаравериб тирноқларимга қадар қонга ботдим, мана ўз ихтиёрим билан барча сиёсий маҳбусларни чиқариб юбордим, бечора халқни қийнайвериб, ўзим ҳам қийналиб кетдим, бундан кейин бу одамнинг айтганларини қилмайман, айбларим учун адолат олдида жавоб беришга тайёрман” деса, “Офарин ўғил бола экансиз-ку!” дея уни ҳам мақташим мумкин.

 

Худди шундай Иноятов ҳам ертага Каримов ўлгандан кейин емас, ҳозир чиқиб унинг башарасини очиб ташласа ва ўз қуноҳларига иқрор бўлса, унинг шаънига ҳам илиқ гаплар айтишим мумкин.

 

Ёки Муҳаммад Солиҳ чиқиб, бугунга қадар Ўзбек мухолифати оёқ ости бўлиб кетишида, Каримов мансабда қолишида менинг ҳам катта айбларим бор, бирлашиш йўлини эмас, тарқоқлик йўлини танладим, охир оқибатда партияни парчалаб юбориб, йўқ партияга “лидер” бўлиб ўтирибман, Каримовга ўхшаб мақомим муддатини узайтиришнинг турли йўлларини қидириб, вақтни беҳудага ўтказиб юбордим, ўзимни тарғиб қилишдан бошқа нарсани ўйламадим, деса, унга ҳам “Қойил қолдим” деган бўлардим ва ҳоказо.

 

 

 

Бу билан демоқчиман-ки, бир одамнинг ҳар қанча ёмон томонлари бўлиши билан бирга, унинг яхши томонлари ҳам ўртага чиққанда уни кўра олиш керак. Айни пайтда ҳар қандай яхши одамнинг ҳам ёмон томонлари кўринганда ундан ҳам кўз юммаслик шарт. Бу мен учун ҳаётий қоида. Буни кимдир мени ёқтириши ва ёки ёқтирмаслиги, “ўзбекчилик” ёки “қозоқчилик”… учун эмас балки, шундай қилиш керак, деб ҳисоблаганим учун қиламан.

 

 

Жиноят ва жазо

 

1 Март, 2005 йил

 

САВОЛ:”Порахўрликни Ўзбекистонда жуда ҳам илдиз отгани ва бу жамиятни ислоҳ қилишда қандай йўл тутиш мумкин” деган саволга “демократия йўли билан” деган маънодаги жавобни қилган эдингиз…Менинг саволим шуки, куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган ташкилотлар ўзбек халқининг ҳозирги  кундаги иккинчи бир катта муаммоси, мусибати…

Бу ташкилотлар ўғрилар билан тил бириктириб оддий деҳқонларни бозорда талашдан тортиб, кўчада кетаётган оддий аёл-қизларни ўғирлаб, зўрлашгача бўлган ҳар қанақа жиноятлардан тап тортмайдиган бўлиб қолишди…

Бу ташкилотлар уларга бунақа шароит яратиб берган Ҳукуматни ўзгармаслиги учун иложи борича ҳаракат қилишса керак?

 

Мабодо ўзгарган тақдирда ҳам шунча сонли жиноятчиларни қисқа вақтда қанақа қилиб тартибга солиш мумкин?

Улар ўзларининг паразитларча ҳаётини сақлаб қолиш учун янги Ҳукуматга ҳам анча қаршилик қилишса керак?

Вақти-соати келиб, балки бу ишларга бош-қош бўлганлар жазоланар, лекин бу Органларда жиноят қилиш  оддий ходимларгача одат бўлиб қолаяпти… Жазо худди шу оддий ходимларга ҳам бериладими?? (Полвон, 2005, 1 Март).

 

 

ЖАВОБ: Биласизми, табиатда, умуман борлиқда тозалаш, тозаланиш қонунияти мавжуд. Денгиз ва уммон вақти-вақти билан ахлатларни соҳилга олиб чиқиб ташлайди. Худди шундай ҳайвонларда ҳам мавжуд бу нарса. Одам ҳам вужудидаги ахлатни вақти-вақти билан чиқариб ташлайди ва бу унинг ихтиёридан ташқарида, истаса ҳам, истамаса ҳам чиқариб ташлайди, бу умумий қонуният.

 

Ана шу қонуният жамиятда ҳам мавжуд. Динларнинг келиш пайтларини ўргансангиз ёки режимларнинг ўзгариш даврлари бунга бир мисол. Жамият маълум бир нуқтага қадар чидайди ва сўнгра ахлатини чиқариб ташлашга мажбур бўлади.

Бугун Ўзбекистондаги жамиятнинг ҳам қорни бурамоқда. Аммо Каримов режими уни чидашга мажбурламоқда. Лекин бу маълум бир муддатга мумкин. Кейин ё ўзи югуриб қолади, ёки аҳволи бад бўлади, ёки четдан ёрдамга муҳтож қолади ва ҳоказо.

 

Ана шундан кейин янги бир давр бошланади. Бу эса қоидаларга риоя қилиш даври. Нима учун бундай вазиятга тушиб қолингани, қайси овқатлар зарар қилгани ва нормал ҳаёт учун қайси таомларнинг фойдаси ҳақида ўйланганидек, жамиятда ҳам қонунлар ҳукмронлиги, ҳамманинг қонунлар олдида баробарлиги каби қадриятлар устивор бўлади.

 

Жазо берилиши керак бўлганда эса, жиноят қилган одамнинг, оддий ходим бўладими, президент бўладими фарқи қолмайди. Агар бу одамлар жамиятнинг ахлатига, чиқиндисига айланган бўлсалар, жамиятнинг ўзи улардан қутулади.

 

Бошқа йўл эса… Бугунги замонавий технология ахлатларни ўғит ҳолида ёки тозаланган сув тарзида фойдали ишга йўналтираётгани каби жамият турли йўллар топиши мумкин. Бунинг учун яна илгариги жавобимга қайтаман, олдин демократия тузуми яратилиши, ҳокимият халқнинг қўлига ўтиши ва бошқарув бевосита халқ томонидан амалга оширилиши керак. Ўшанда жамиятнинг “қорни оғриб” қолганда унинг йўлини тўсиб турган “девор”лар бўлмайди.

 

Яхши гап йўқми?

 

2 Март, 2005 йил

 

САВОЛ: Саҳифангиздаги савол-жавоб бўлимини деярли ҳар куни ўқиб бораман. Лекин шу кунгача Президент Ислом Каримов ҳақида бирор бир яхши тарафини ёки яхшилаб ёзган сифатларини учратмадим Наҳотки у одамда бирор бир яхши сифатлар бўлмаса? Агар бўлса, улар қайсилар? Олдиндан катта раҳмат.(Нодирбек)

 

ЖАВОБ: Истаган Ўзбек матбуоти ва китобларини қўлга олсангиз, Каримов ҳақида мақтовдан бошқа нарса топа олмайсиз. Ҳамма унинг “яхши сифатлари”дан гапиради. Шундай экан таққослаганда бизники уммон олдида қатрадир.

 

“Ҳар куни ўқиб бораман” деган гапингизга унча қўшилмайман. Чунки илгари ҳам худди шундай саволга жавоб қилгандим.

 

Энди менинг ҳам сизга бир неча саволим бор, Нодирбек!

 

Сиз балки менинг ҳам ўша маддоҳлар сафига қўшилишимни истамоқдамисиз?

Бугунга қадар мақтовлар билан тўла матбуотдан, ёзувлардан безмадингизми?

Агар четда бўлсангиз, ўша мақтов-ёзувларга ўрганиб қолиб, энди қўмсамоқдамисиз?

 

Шайтоннинг қандай яхши сифатлари бўлади?

 

Бу оғир туюлган, аммо оддийгина саволларга жавоб берсангиз олдиндан катта раҳмат.

 

Бекитилган китоб

3 Март, 2005 йил

 

САВОЛ: Мен кунда сайтингизга кириб янгиликларни кўриб бораман, бўш вақтимга қараб романлар, мақола ва шеърларингизни ўқиб бораман. Ёзилганларнинг санасига эътиборимни қаратсам бундан қарийб 10 йил олдин ҳам халқни ҳозирдагидек курашга даъват этгансиз, имкон доирасида ҳукуматнинг ҳақиқий башарасини очиб беришга ҳаракат қилгансиз. Кўриб турибсизки, халқ ҳануз жим, ҳукумат ўша-ўша. Шунча йилдан бери қандай маънавий куч топа оляпсиз бу кураш учун?

 

Кейинги саволим бошқа мавзуда. Яқинда М.Солиҳ жанобларининг сайтида унга қилинган суиқасдни фош қилувчи материалларни ўқидим, видео тарзида кўрдим ҳам. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай? Бундай суиқасдлар сизга нисбатан ҳам бўлганми? (Баҳром, 2005 йил, 3 Март).

 

 

ЖАВОБ: Сиз қизиққан барча масалалар борасида бугунга қадар ёзганларимда қисман бўлсада жавоблар мавжуд. Жумладан, сабр ҳақида ҳам, суиқасдлар ҳақида ҳам…

 

Энди сиз айтган жанобнинг саҳифасидаги “фош қилувчи материаллар” масаласига келсак, ўша гаплар чиққан кунларда менда жуда жиддий саволлар туғилган ва бу саволларга ўша пайт жавоб тополмаган эдим. Кейин “Булар умрини бир-бирини “ейиш” билан ўтказмоқда” деган гапларга замин яратмаслик учун бу “китоб”ни бекитгандим. Чунки ундан анча муҳимроқ мавзулар бор эди.

 

 

Қўзғолонлар бўлиши мумкин…

 

3 Март, 2005 йил

 

САВОЛ: Бу саволни қачондан бери ўзим-ўзимга айтаману, лекин жавобини тополмайман,  агар сиз менга айта оласангиз жуда хурсанд бўлардим. Нимага Ўзбек халқи шунча  қаттиқ вазиятига  чидаб,  ҳатто намойишга чиқмайди? Шу вақтгача Ўзбекистонда вазият учун намойиш  бўлишини истардим. Билмайман, намойишлар ҳаётни ўзгаришига ёрдам бера оладими ё йўқми, буни фикрлаганим йўқ. Аммо биламанки,  Эрон халқи  жуда кўп намойишлар қилиб вазиятларини  кам бўлса ҳам ўзгартириб олмоқдаларку?  Ҳурмат билан  Олмониядан (Манзура).

 

 

ЖАВОБ: Сиз Эрон қаттиқ зулм остида бўлишига қарамасдан халқ намойишларга чиқмоқдаку, демоқчисиз ва Ўзбекистондаги диктатуранинг қиёсини яхши топгансиз.

 

Ўзбекистонда ҳам халқ намойишларга тайёр ва турли сабаблар билан баъзан-баъзан чиқиб турибди. Мен илгари водийдаги қўзғолонлар ҳақида ёзганимда айтганим каби уларни сиёсий томонга йўналтирадиган ва бошқарадиган куч йўқ.

 

Эронда эса шундай куч, мухолиф лидерлар, мухолиф ҳаракатлар бор. Қолаверса, уларни дунёнинг кўп томонида дастаклайдиган демократик кучлар ҳам мавжуд.

 

Бизнинг мухолифатни ҳам кўп йиллар давомида қўллаб келишди. Аммо ўзини мухолифат лидериман, деб юрган зотлар вазиятни шу аҳволга қадар туширдиларки, шу кунга қадар етиб келдики, улардан мана Америка ҳам юз бурди ва Давлат департаментининг конгрессга тақдим этиладиган йиллик халқаро ҳисоботида уларни “ихтиёрий қочоқлар”деб эълон қилди.

 

Зотан кейинги пайтда халқ уларга эргашмаслиги ҳам кўриниб қолди. Улар уюштирган намойишларга энг кўпи билан 10 киши чиқди ва унинг ҳам ярми халқаро жамоатчи мухбирлар эди. Аҳвол ҳамин қадар.

 

Хуллас, ҳали оммавий равишдаги сиёсий намойишларга қадар анча борга ўхшайди. Стихияли намойиш ва қўзғолонлар бўлиши мумкин, аммо улар сиёсий даражага кўтарилиши ва кўпчилик кутган натижани бериши даргумон.

 

 

Ўзбекистон мафияси

 

3 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ўзбекистон “мафия”си ҳақида фикрингиз? Улар ҳақида нималар биласиз!? Жумладан, Салим Абдувалиев ва Ғофур Раҳимов ҳақида фикрингиз қандай? Олдиндан катта раҳмат. (Нодир).

 

 

ЖАВОБ: Улар ҳақида жуда кам биламан. Билганларим дунё матбуотида чиққан нарсалар ва ўзим “Қувғин” ҳамда “ИАК” романларимда ёзилган гаплардир.

 

Аммо шуни аниқ биламанки, Ўзбекистон ҳукумати мафиянинг қўлида ва бу трансформация 1990 йилларнинг бошида бошланган.

 

Мафия отаси-“Гадфазер”(Годфатҳер) эса Ислом Каримовнинг ўзларидир. Мафия онаси-Гадмазер (Годмотҳер) эса отанинг қизлари Гулнора Каримовадир.

 

“Гадфазер” ва “Гадмазер” ҳақида ёзаётганларимиз  мафия ҳақида билганларимиздир.

 

Мудофаачи

 

4 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Фараз қилинг, футбол майдонидасиз, ўзингизни ҳужумчи деб биласизми ёки мудофаачими? (Алишер).

 

 

ЖАВОБ: Мен бугунга қадар ҳеч қачон ҳужумчилик қилиб, олдиндан ҳужумга ўтганим йўқ. Ҳатто Каримовдан ҳам дастлаб яхшилик излаганман. Қолганлардан ҳам. Лекин улар менга, менинг атрофимдагиларга, бечораларга ҳужум қилганларини кўрганимда мудофаага киришганман. Демак мен ҳужумчи эмас, мудофаачиман. Лекин яхши мудофаачи яхши ҳужумчидан устун келиши муқаррардир, деган фалсафам бор.

 

 

Камчиликларим

 

5 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Ҳар бир инсонни яхши, ёмон томонлари ва камчиликлари бўлади, дебсиз? Сизникичи? (Ёрқин).

 

 

ЖАВОБ: Меники  мендан кўра сизга кўпроқ аён. Сиз баҳо беринг, мен ўзим яхши деган томонларим сизга ёмон кўриниши ва ёмон деган томонларим яхши туюлиши ҳам мумкин.

Аммо ёмон томонларим йўқ, деган фикрдан олисдаман. Фақат Парвардигорнинг ёмон томонлари йўқ. Бандалари эса яхши ва ёмон ўртасида. Гоҳо у томонда, гоҳо бу томонда.

Буни баҳолаш яна биринчи галда яратганнинг ўзига ва иккинчи галда атрофдагиларга, ундан кейингина кишининг ўзига боғлиқ.

 

Мен мана шу томоним ёмон, деган фикрга келсам, дарҳол шуни ислоҳ қилишга киришаман. Масалан, ёшлигимда, талабалик даврида гина сақлайдиган одатим бор эди. Кейин Тангри кечирувчан, мен нега кечирмайин, дея ҳаммани кечирадиган бўлдим. У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам, гоҳ ютқазиб, гоҳ ютдим.

 

Баъзилар мени чўрткесар, дейишади, баъзилар танқиднинг тузини оширадиган, дейишади, яна баъзилар ўзларида бўлган айбни менда кўрадилар.

 

Демак, уларнинг наздида ёмон томонларим ҳам бор ва шу ҳақда ҳам ўйлаб кўришга тўғри келади, баъзан.

 

Лекин дилимдагини очиқ айта олмасам менга бундан ортиқ азоб йўқ. Шу боис мендан фақат ана шу нарсани тузатиш талаб қилинса, буни қабул қила олмайман. Балки сизнинг наздингизда бу ҳам ёмон томонимдур? Менинг наздимда эса акси. Шунақа, кимнидир мен танқид қиламан, сиз эса мақтайсиз, бировни мен мақтасам, сиз эса танқид қилишингиз мумкин…

 

 

Бобомурод Абдуллаев

 

6 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: “Озод Овоз” ташкилоти мудири Бобомурод Абдуллаев ҳақида биласизми? Ойгул Маматованинг “Президент соатини сотаман” номли мақоласини чиқарганидан сал ўтмасдан шунга жавобан яна бир мақола чиқарди. Иккинчи мақола “махсус” ёздирилгани кўриниб турганди. Қолаверса, унинг қилмишларидан Юсуф Жума ҳам “Миллат фожеаси”да нолиган, “провакатор”ликда айблаган эди. Сиз шу “мард журналист” ҳақида нималар биласиз? (Ўзбек).

 

 

ЖАВОБ: Кўп нарса билмайман. Фақат икки-уч марта телефонда гаплашганмиз. Аммо нима бўлганда ҳам веб саҳифа яратиб, яхшими, ёмонми бир иш қилмоқда. Бу ҳам ҳар кимнинг қўлидан келавермайди.

 

Албатта, эркин минбарда ҳар хил нарсалар чиқади. Масалан, ўша Ойгул Маматова ҳақида ёзилган ҳақоратомуз мақола менга ҳам ёқмаганди. Лекин бу билан шу саҳифадан юз ўгирганим йўқ.

 

Қолаверса, унинг ўзининг бир томонлама қарашлари ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳам чидаса бўладиган нарса. Бугун ким ҳам марказда? Ҳамма ҳам қайси бир томонда. Ё диктатура, ё демократия, ё фалончи, ё пистончи, ё грантчи, ё халқ томонида, дегандай.

 

Аммо “Озод овоз”да яхши нарсалар ҳам чиқаётганидан кўз юмсак тўғри бўлмайди.

 

Бобомурод Абдуллаевнинг шахсига келганда, яқиндан танимаган, учрашиб, суҳбатлашиб кўрмаган одамнинг эл наздидаги фаолияти ҳақида бир нарса айтишим мумкин, аммо шахси ҳақида бир нарса айта олмайман.

 

Мен бугунга қадар ўзим бевосита таниганлар ҳақида ёзмоқдаман. Воқеалар ва таниганларимнинг фаолиятларига нисбатан ўз шахсий қарашларимни баён қилмоқдаман ва бу нарса мутлоқ ҳақ, қолган нарсалар ҳақ эмас, деган фикрдан йироқдаман.

 

Бир ёш журналист кимнинг бир нарсасини ўқиб қолса, “Намунча бу бетамиз ҳамма нарса ҳақида фикр билдиради, нима у экспертми?” дея жаҳл қиларди. Ҳамма нарса ҳақида ўз қарашларимизни айта олиш даражасига етсак, демак биз мустақил ва демократмиз. Бу энди бошқа мавзу.

 

 

Менга хат ёзадиган…

 

6 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Бир неча кун олдин сиз Нодирбек деган ўқувчининг Каримовни фақат танқид қиласиз, унинг бирорта ҳам яхши томони йўқми, деган саволига жавоб сифатида унга бир қанча савол берган эдингиз. Шу ўқувчи жавоб бердими ёки…? Чунки сиз унинг бошқа бир саволига жавоб берганингизни кўриб қолдим-да.(Юсуф).

 

 

ЖАВОБ: Менга хат ёзадиган жуда кўп ўқувчиларни уч гуруҳга бўлиш мумкин.

 

1.Аниқ исмлари кўрсатилмаган адресдан ёзадиганлар.

2.Исм-шарифлари аниқ бўлган ҳолда буни ошкор этмасликни илтимос қиладиганлар.

3.Номларини очиқ ёзиб, ҳеч нарсани яширмайдиганлар.

 

Мен ҳар уччала гуруҳга кирганларни ҳам тушунаман ва танловларини ҳурмат қиламан. Уларга нисбатан Тошкент режимининг сояси тушмасин, деган мақсадда аниқ номлари ва адресларини қўйганларнинг ҳам фақат исмларинигина келтириш билан кифояланаман. Чунки бу ерда муҳим бўлгани саволдир.

 

Биз савол-жавоб орқали баҳсга, дардларимиз, муаммоларимизни маданиятли тарзда тортишишга ўрганмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан ҳам мен вақтим тиғиз бўлишига қарамасдан аксарият саволларни ё бу ерда жавоблантиришга, ёки икки энлик бўлсада хат ёзиб юборишга, ёки баъзи сатрларини “Хатлар” бўлимига қўйиб, эътиборсиз қолдирмасликка ҳаракат қилмоқдаман.

 

Энди мавзуга қайтадиган бўлсак, Нодирбек исми ва адресини яширмаган ўқувчилар сирасига киради. У мен берган саволларга дарҳол жавоб йўллаган эди. Бу эса унинг масъулийли, жиддий эканлигини ҳамда эл дардига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Мана унинг жавоби:

 

“Ассалому алайкум,

 

 

Мен у киши ҳақида (Каримов назарда тутилмоқда-ЖМ) мақтовлар битилган мақолалару, ёки ТВ кўрсатувларни  қўмсаганим ҳам, ёки соғинганим ҳам йўқ. Бу дунёда ҳеч ким шайтон ҳам фаришта ҳам бўлолмас, яъни ҳеч ким – бегуноҳ ёки бир фақат гуноҳкор бўлмайди, деб ўйлайман. Умрида фақат одам ўлдириб, одамларга зулмдан бошқа нарса қилмаган инсон ҳам умрида 1 маротаба бўлса ҳам яхшилик қила олади, деб ўйлайман. (Бу менинг шахсий фикрим, албатта). Шу фикримга таяниб, ва сизнинг  у кишини мендан кўра яхшироқ билганингиз учун – мақтовлар битилган мақолалар эмас, айнан сизнинг – фикрингизни, у ҳақида билдирган ҳақиқий фикрингизни билмоқчи эдим, холос. Нодирбек”.

 

Бу жавоб мени жуда хурсанд қилди.  Чунки бир ўзбек ўз фикри, ўз қарашини очиқ ойдин ўртага қўймоқда ва ҳимоя қилмоқда. Бу фикр балки тўғридир ва балки хатодир. Гап бунда эмас. Гап шундаки, ўртада фикр бор.

 

Яна унинг “ИАК” ҳужжатли романига назар ташлаб, менинг у кўтарган масала борасидаги фикримни ҳам билиб олганига шубҳам йўқ.

 

 

Президентликка номзод

 

6 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ҳозирги кунда кимни президентликка лойиқ деб ҳисоблай оласиз?(Ёрқин).

 

ЖАВОБ:Гап менинг фалончи “лойиқ” дейишимда эмас. Гап шундаки, партия, ҳаракатлар ичида ва умум мамлакатда эркин сайловлар бўлиши, ўнлаб, балки ундан ҳам кўп номзодлар чиқиб, дастурлари билан бизни ишонтиришлари, халқни ўз ортларидан эргаштира олишлари керак. Ўшанда “Ҳа, мана бу одам лойиқ экан”, дейиш мумкин. Ҳозир эса зулмат. Зулмат ичида одамнинг юзини кўра олмайсизу, қандай қилиб ана у киши лойиқ дейиш мумкин?

 

 

Мақтов…

 

6 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Олдинги саволимга вақт топиб жавоб берганингиз учун раҳмат. Яна бир иккита саволлар билан бошингизни қотирмоқчиман.

 

1.Сизни ўзингизга мақтаганлар бор. Бунга сиз қандай жавоб берасиз?

 

2.Каримовни ёнида уни мақтаб юриб, четга чиқиб, “безопасний” жойга боргандан кейин уни танқид қилишга нима дейсиз?(Умид).

 

ЖАВОБ: Саволларингиз жуда узун бўлгани боис бироз таҳлил қилганимни ва баъзи веб саҳифалар ҳақидагилари тадқиқотталаб бўлгани боис кейинга қолдирганим, исмларни ҳам келтирмаётганим учун маъзур тутасиз, деб ўйлайман.

 

Мен саҳифамнинг биринчи бетида ва “Хатлар” бўлимида қуйидаги ёзувни жойлаштирганман.

 

“Менинг учун саройдан  бериладиган “қоп-қоп” унвонлару мансаб-мукофотлардан кўра, оддий ўқувчимнинг самимият билан ёзилган икки энлик мактуби қимматлироқдир…

 

Менинг учун ғанимлар ёхуд саройнинг топшириғи билан ёзиладиган бўҳтонлардан кўра, оддий ўқувчимнинг бир жумлалик мулоҳазаси таъсирлироқдир…”

 

Менимча, биринчи саволингизга шу жавоб бўлиши мумкин.

 

Иккинчи саволга келсак, “безопасний” жойда узоқ йиллардан бери яшаб, Каримовни танқид қилмаётганлар жуда кўп.

 

Ҳатто ўзларини бирор бир гуруҳнинг боши, деб эълон қилган бўлсаларда йиллардир Каримов ёки унинг режими ҳақида лом-мим демаётган зотлар ҳам анчагина.

 

Сиёсий бошпана олганларига қарамасдан бир нарса ёзсалар ўз исмларини яшириб юрганлар ҳам талай.

 

Ташқарида шундай ҳолат экан, албатта, ичкарида туриб танқид қилиш осон эмас. Лекин бу ишни бажарганлар, бажараётганлар ҳам бор. Кеча ҳам бор эди. Бугун ҳам бор. Эртага ҳам бўлади.

 

Каримовни юзига мақтаб, кейин олисларга кетиб қолгандан кейин танқид қилиш ҳам бир услубга айланиб қолди. Лекин қуруқ танқид эмас, аксинча у ҳақда билганларини, унинг жиноятларини у ҳали тирик экан, мансабда экан далиллаб берилса, бундан фойда бўлади. Аммо у ўлгандан кейин ёв қочса, паҳлавон кўпаяди, деган каби у ҳақда ёзадиганлар  уруғлаб, матбуот ҳам, адабиёт ҳам “битлаб” кетади.

 

“ИАК” ҳақида

 

6 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: ”ИАК” романингизнинг кирилда ёзилган варианти йўқми?(Исмат, Баҳодир, Абдурасул, Зафар ва бошқалар).

 

ЖАВОБ: Номланиши Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг  қисқартма исму-шарифини ифода этган “ИАК” романимнинг кирилдаги варианти йўқми, деб сўрашаётган ўқувчилар кўпайиб қолди.

 

Мен илгари кирилни унутиб, лотинга ўтишни тарғиб қилиш мақсадида атайлабдан ёзганларимнинг янгиларини лотинда эълон қилмоқдаман, дея бир изоҳ берган эдим. Зотан бугунги ёшларнинг аксарияти кирилдан кўра лотинни афзал кўрмоқдалар. Чунки улар мактабни лотинда битирдилар.

 

Шунга қарамасдан, модомики талаблар кўпаяётган экан, мазкур романнинг сўнгги бир неча бўлими ҳам компютерга киритилиши ва эълон қилиниши билан унинг кирилдаги вариантини электрон почта орқали ёзувларимни олаётган ўқувчиларга йўллайман.

 

 

Нега бўлмасин?

 

6 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Матбуот ходимлари президент бўлиши мумкинми?(Ёрқин, 2005 йил, 6 Март).

 

 

ЖАВОБ: Нега бўлмасин? Демократик жамиятда ҳар бир фуқаро сайловда қатнашиши мумкин ва халқ ишончини қозонса президент бўлади.

 

Рейган киноактёр эди. Путин КГБчи эди. Гамсахурдиа ёзувчи эди. Элчибей тилшунос эди ва ҳоказо.

Демократик жамиятда касбий чекловлар таҳқир ва камситилиш ҳисобланади.

 

САВОЛ: Ўлганлар ҳақида, “Яхши одам эди” дейиш динимиздан кирган одат бўлса керак. Лекин халққа зулм қилган ёки зулмга шерик бўлганларни ҳам ўлгандан кейин “Яхши одам эди” дейиш керакми? Бу тирикларга “Барибир оламдан ўтганимдан кейин мен ҳақимда яхши гап айтишади, нима қилсам қилавераман” деган фикрни бермайдими?(Фарҳод).

 

ЖАВОБ: Яқинда Мирмуҳсин, Ориф Алимахсумов, Ёлқин Тўрақуловларнинг вафотидан кейин улар ҳақида “улуғ одам эди” каби фикрлар айтилганда менинг хаёлимдан ҳам ана шундай савол ўтганди.

 

Маълум бир шахс назарда тутилаётган бўлса, албатта ўлгандан кейин унинг  камчиликлари ҳақида гапиришнинг унга фойдаси йўқ. Шу боис ҳам гапинг бўлса, тириклигида айтиб қол, дейишади. Лекин жамият ва келажак авлод учун жамоат кўз ўнгига чиққан кишининг яхши ёки ёмон томонлари тириклигида ҳам, ўлгандан кейин ҳам айтилиши керак.

 

Бизда  ё ёмонлаб ўлдириб юбориш, ёки мақтаб кўкка кўтариб юбориш одати бор. Буни Усмон Носир, Қодирий, Чўлпон кабиларнинг тақдирида ҳам кўриш мумкин. Бир пайтлар улар қораланиб ерга киргизиб юборилган бўлсалар, энди “осмонга чиқариб” қўйилдилар. Айни пайтда Совет тузумига жон дилдан хизмат қилган Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом каби юзлаб одамларга уларга кўрсатилгандек ҳурмат бажо келтирилмоқда. Оддий қилиб айтганда ўлганга ҳам, ўлдирганга ҳам бир хил муносабат.

 

Раҳбарларга қуллуқ қилишда Мирмуҳсиндек уста одам бўлмагани,  Каримовнинг белига олтин камарни боғлашда Алимахсумовдек санъаткор етишиб чиқишини айтиш бу ўлганнинг орқасидан гапириш эмас. Балки бунинг бугунги авлод ва келажакка фойдаси бор. Ҳар бир киши ҳақиқат эртами, кечми барибир айтилишини билиши  кўп фитналарнинг олдини олади.

 

Жамоатчиликка танилган бир одамнинг қилмишлари, халққа зулми бўлса буни у тириклигида очиқ айтиш қаҳрамонлик ва жамиятга улкан хизматдир, у оламдан ўтгандан кейин бу ҳақда гапириш эса фақат жамиятга хизматдир.

 

 

Халқ кимга эргашади?

 

7 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ:Сизга бир киши хатида кимга халқ эргашишлигини сўраган, яна номзодларни ҳам айтган, гап диндор инсон билан дунёвий инсон ўртасида кетаяпти. Эшитишимча, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўзбекистонга келишдан олдин бир шарт билан келган экан. Яъни, манга ҳеч қанақа мансаб таклиф қилмайсизлар, шундагина Ўзбекистонга қайтаман, деган эканлар. Чунки бу тизимда у инсонларни булғашлари мумкин, ёки биронта ножўя ишга аралашиб қолишлари мумкин. Шуларни ўйлаб оч қорним, тинч қулоғим, деб ҳеч қандай мансабга ўтирмаётган бўлиши мумкин. Ваҳоланки, у киши диний қўмита раиси, ислом университетига ректор бўлишлари ёки яна аввалги жойига, муфтий бўлишлари мумкин эдику?…(Ёрқин).

 

 

ЖАВОБ: У киши қандай шарт билан қайтгани менга қоронғу. Менга маълум бўлгани “Америка овози” радиосининг инглиз тилида ёзадиган мухбирига берган бир суҳбатида ҳозирги режимни ҳимоя қилиб, айб кўпроқ қамалаётганларнинг ўзида, ҳукумат эса уларни авф этмоқда шаклидаги гаплари.

 

Одатда у радиолардаги гапида дин ҳақида гапириб, мавжуд режимга, золим

Каримовга қарши очиқ-ойдин деярли гапирмаган.  Унинг юқорида мен зикр  этган суҳбати эълон қилинганда бир киши бу ҳақда савол юборган ва бу гап сайловлар арафасида айтилгани диққат тортганди.

 

Ҳукмдорлар азалдан уламоларни ўз йўлида қўлланиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Умуман эса уламолар мансабдан, ҳукмдорлар ва сиёсатдан қанча йироқ турсалар бу уларнинг ўзларига ҳам, халққа ҳам яхши. Бунга Тожикистонда Ислом уйғониш партиясига қўшилиб, қонли йўллар билан ҳукуматга илинганларнинг тақдири ҳам бир мисолдир. Улар нафақат ҳукуматнинг, балки халқнинг ҳам наздидан тушдилар.

Бунга қўшимча ўлароқ,  “ИАК” романининг “Халқ сўзи” бўлимини ҳам ўқиб чиқсангиз яна анча нарса ойдинлашади.

 

 

Йусуф Абдуллайев

 

7 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Сизнинг  Самарқанд Чет тиллар институтининг собиқ ректори Юсуф Абдуллаев ҳақидаги саволга жавобингизни ўқигандим. Лекин у нима учун Кореяга қочиб кетган бўлиши мумкин?(Шоҳида).

 

ЖАВОБ: Юсуф Неъматовичнинг  ва яна Самарқанд шаҳридан бўлган, комсомолдан чиққан бир қанча ёш кадрларнинг 1990 йилларнинг бошида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети(Кейин Президент Девони)га, ҳукуматга ишга олиниши, ўша пайтда комсомол етакчиси бўлган Азиз Носиров номи билан боғлиқ.

 

Азиз Носиров ўшанда Олий кенгашда мен муовин бўлган Ошкоралик қўмитасининг аъзоси ва демократик йўлдаги барча ҳаракатларга тўсқинлик қилиш бўйича Каримовнинг ишончли вакили эди.(“ИАК” романида бу ҳақда батафсил ёзилган-ЖМ).

Каримов Азиз Носировни яхши кўрарди, уни “Азизжон” деб ўзига яқин оларди. Шу боис уни мансабдан мансабга ўтказиб “пиширмоқчи” бўлди. Бундан фойдаланган Азиз Носиров 1990 йилларнинг бошида танишларининг (жумладан баъзи қариндошларининг ҳам–ЖМ) юқори ишларга ўтишларида қандай ёрдамчи бўлган бўлса, кейин айни “миссия”ни Самарқандга ҳоким бўлганида, Президент девонида ишлаганида ҳам бажарди.

 

Ҳатто Анвар Солиҳбоевнинг МХХ раисининг асосий ўринбосарлиги (ҳозир у Покистонда элчи-ЖМ) даражасигача етиб келишида ҳам унинг қўли бор. Бошқа йўллар билан юқори лавозимларга ўтган юртдошлар ҳам Азиз Носиров атрофида тўпландилар. Қариндош-уруғ бўлдилар, қиз бериб, қиз олдилар ва ҳоказо. Самарқанд Ароқ заводининг директори қамоққа олиниши воқеасидан кейин бу “занжир” кўриниб қолди.

 

Бу ерда “занжир”нинг очилишида яна бир омил рол ўйнаганини айтиш керак. Самарқанд вилоятидан чиққан кадрлар билан Самарқанд шаҳридан чиққанлар орасида кўзга кўринмас, аммо жуда жиддий рақобат мавжуд ва бугунги натижаларда бунинг ҳам ўрни катта. Жумладан, Самарқанд чет тиллар институти талабаларининг икки йил олдинги кўча юришлари, Самарқандда тарихий ёдгорликларнинг бузилиши каби воқеалар ортида ҳам ана шу рақобатнинг излари бор.  Икки уч йил олдин шаҳарликлар Каримовни ишга солиб, вилоятдан мамлакат даражасига кўтарилган, шунингдек, вилоят раҳбарлиги даражасида ишлаган бир қанча кадрларни четлаштиришга муваффақ бўлишганди. Элга навбат, шерга навбат дейдилар.

 

Каримов Азиз Носиров ўзидан яшириб сиёсий мафия тузганини билгандан кейин, ундан ва унга яқин бўлганларнинг айримларидан юз ўгирди. Аммо муҳим нуқталарда бўлганлардан баъзилари ҳали керакли дея боис сақлаб қолинди.

 

Азиз Носиров устидан тергов анча олдин бошланган эди. Орада бир ёпилди. Лекин Каримовнинг топшириғи билан яна очилди. Унинг иши судга ўтгани  баъзилар учун муҳим “сигнал” эди. Абдуллаевнинг кетиб қолишини ана шундан деб биламан.

 

 

Икки “қўчқор”

 

8 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ:Охирги янгиликларни  ўқиб туриб кулгим келади, яъни Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳақида, яқинда қанча  оилаларнинг уйларини бузиб, чегара ўрнатишган эди, энди бўлса ягона  иқтисодий зона яратишмоқчи. Ҳайронман. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг янгидан янги иқтисодий ва сиёсий алоқаларига қандай қарайсиз? Пул бирлиги, эркин  иқтисодий зона ва ҳокозо… (Фаррух).

 

 

ЖАВОБ: Ўзбек, Қозоқ, Қирғиз, Туркман бир оила, бир маданият, бир дин, бир тил ва бир заминнинг мансубларидир. Шундай экан, уларни узоқлаштирадиган ҳар қандай одим хиёнат  ишидир ва яқинлаштиришга йўналган ҳаракатлар эса мақтовга лойиқдир.

Лекин 15 йил давомида бу халқларни бирлаштириш имконияти пайдо бўлди, аммо  тўрт коммунистбошининг “боши бир қозонда қайнамагани” учун бу имконият бой берилди.

 

 

Халқлар шундай бирликка талпинганлари учун бу коммунистлар мазкур ҳолни сиёсий ўйин қартасига айлантирдилар ва зарур бўлганда қўлланиб келмоқдалар.

 

Мен Каримовнинг ҳам, Назарбоевнинг ҳам самимий бўлганига ишонмайман.

 

Марказий Осиё давлатлари орасида иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти тузилганига 10 йил бўлади. Аммо амалда қилинганлари бунинг акси.

 

Образли қилиб айтганда, кейинги шов-шувлар кўприкнинг устида бир-бирига шох ўқталиб турган икки “қўчқор”нинг олдинги сакраб рақибига шох уриши учун орқага юришидир.

 

 

Турон сари

 

8 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Бу ердаги савол-жавобларни Каримов ҳам ўқиб бориши ҳақида аниқ маълумотга эгаман, деб эдингиз. Бунга мен ҳам ишониб қолдим. 28  Феврал куни саволларга жавоб бериб, шундай ёзган эдингиз: “Каримовни 15 йилдан бери танқид қилиб келаяпман, лекин уни мақташим ҳам мумкин. Яқинда Назарбоев “Марказий Осиё иттифоқини тузайлик” деган бир гапни айтди. Каримов томони ўйлаб кўриш керак, деди. Агар Каримов дарҳол байроқни қўлга олиб, президентларни Тошкентга чақирса ва эркин борди-келди, пул ва армия бирлиги каби масалаларда қарор қабул қилишда, амалий одим отишда (Масалан, ўзи бориб чегарадаги сим-тўрларни кесиб ташлашни бошлатса-ЖМ) ташаббускорлик қилса, мен уни мақтаган бўлардим, ҳатто 15 йилдан кейин бўлсада ақли жойига тушди, дея “офарин” деган бўлардим унга”…

 

Мана ишлар шунга кетмоқда. Энди Каримовни мақтайсизми? (Эркин).

 

 

ЖАВОБ: Ҳали гапдан амалий ишга ўтилган эмас. Бундай гаплар, балки бундан ҳам “ширин”роқ гаплар 15 йил давомида жуда кўп айтилган ва сўнгра жуда тез орқага қайтилган.

 

Мен фикримда қатъийман. Ҳақиқатдан ҳам Каримов мен ёзган ишларни бажарса, унга “офарин”, дейман. Аммо унинг бажармаслигига ҳам ишонаман, чунки Каримов феномени халқни ўйлаш эмас, ўзини ўйлаш доираси ичидадир. Агар юқоридаги талаблар ана шу доира ичига кирса, дарҳол буни бажарарди. Аммо бу талаблар халқ манфаати томонида бўлгани учун мазкур доирадан ташқарида турибди.

 

 

 

Ямонқулов яхши бўлиб қолдими?

 

9 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:“Озодлик” радиосига берган суҳбатида (2005 йил, 7 Март) журналист Шароф Убайдуллаев Жиззах вилоят ҳокими, сенатор Ямонқуловнинг АҚШга қарши кескин гапларини оқлаб, муҳими танқид эмас, муҳими ўз фикрини очиқ айтишдир, деган. Бунга сиз нима дейсиз?(Умид).

 

ЖАВОБ: Бу ҳам бир фикр. Фикрга қарши фикр айтаверсак, ҳалқа ҳосил бўлади. Аммо модомики савол берган экансиз, ўз фикримни билдирмоқчиман.

 

Муҳими танқид эмас, муҳими ўз фикрини очиқ айтиш дегани бугунги Ўзбекистон учун катта аҳамият касб этади. Аммо ўша Ямонқулов сенатда чиқиб, ўзи мансуб бўлган режимнинг қилмишлари ҳақида ҳам гапирганда уни очиқ фикр юритадиган одам дейишимиз мумкин  бўларди.

 

Ҳар бир одам ҳар қандай соҳада гапириши ёки муносабат билдириши мумкин. Аммо сиёсий раҳбар ёки арбоблар одатда ўз ваколатлари доирасида фикр юритадилар, ўзлари мансуб бўлган режимнинг қарашларини ифода этадилар. Ўзбекистонда эса раҳбарлар фақат Каримовнинг қарашларидан келиб чиқиб гапирадилар.

 

Шуни ҳисобга олганда, юқоридаги иборани Ямонқуловга нисбатан қўлланишни тўғри деб айта олмайман.

 

 

Агар буни истамасангиз…

 

9 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Мен сиёсатчиман, деб сизнинг танқидларингизга чидаб ўтираверишим керакми? (Собиқ дўст).

 

ЖАВОБ: Агар ёмон сиёсатчи бўлсангиз фақат менинг эмас, миллионлаб одамларнинг танқидларига чидаб ўтираверишингизга тўғри келади.

 

Сиёсат футбол ўйинидек гап. Ўйинчиликни ихтиёр этдингизми ё яхши ўйнаб, доим ғолиб бўлишингиз керак, ёки томошабинларнинг танқиди, бақир-чақирлари, қолаверса бўш қути отишлари, ҳатто тош билан бошингизни ёришлари, майдонда йиқилиб оёғингиз ёки белингиз синиши, тўп зарбидан бепушт бўлиб қолиш, югуриб кетаётиб иштонингиз тушиб қолиши каби мингдан-минг кутилмаган зарбани кўзга олишингиз керак.

 

 

 

Агар буни истамасангиз, тоқатсиз бўлсангиз “ўйинчилик”ни йиғиштириб,  шарҳловчилик ёки “томошабинлик”ни танланг.

Ана унда кўрамиз ўйинчиларга муносабатингиз қандай бўлишини!

 

 

Инсофлилар бор

 

10 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:”Туронзамин”  журналида битта мақолани ўқидим, Куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган соҳа ходимларига мурожаат қилиниб, уларнинг катта куч эканлиги ва катта ўзгаришларни ҳам қилишга қодирлиги тушунтирилган…Сиз таниган одамлар ичида инсоф-диёнатини сақлаб қолган Милиция, МХХ, Прокуратура, Мудофаа соҳасининг юқори лавозимли ходимлари борми? Яъни шу соҳаларда мақола таъсир қилиши мумкин бўлган инсон топиладими?(Полвон)

 

ЖАВОБ: Топилади, деган фикрдаман. Ҳатто анчагина топилади. Агар “Қувғин” романини ўқисангиз у ерда ана шундай одамлар ҳақида ёзилган нарсалар ўйлаб топилган эмас, балки ҳаётдаги юз берган воқеаларнинг сатрларга кўчганидир.

 

Энг юқори лавозимлилар орасида билмайман аммо сал қуйироқдагилар орасидан инсофлиларни топиш мумкин. Аммо улар товушларини чиқара олмай икки олов ичида ёнмоқдалар. Ҳам жиноятга шерик бўлмоқдалар ва ҳамда виждонлари азобида тўлғонмоқдалар. Шундай пайтда уларга йўл кўрсатишнинг ялпи фойдаси бўлмаса ҳам, зарари йўқ.

 

 

Нурулло Остонов

 

10 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: “Трибуне-уз” веб саҳифаси очилиши қийин бўлиб қолди. Бу нимадан бўлиши мумкин?(Гулшан).

 

ЖАВОБ: Менга ҳозир бу масаланинг унчалик аҳамияти қолмади. Чунки “Трибуне-уз” веб саҳифаси иш бошлаганда қувонган эдим. Уни яхши минбар деб ҳисоблардим. Унда журналист Нурулла Остоновнинг Каримов режимининг дарахтини қуритадиган Чехов услубидаги мақолаларини худди мана шу ерда бир неча марта  ўрнак сифатида келтирган эдим.

 

Аммо мазкур веб саҳифа ҳозир “дайжестга” айланиб қолди. “Озодлик”, ББC радиоларининг веб саҳифаларидаги хабарларни кўчириб босишдан ва ҳукуматни четлайдиган мақолаларни тарқатишдан нарига ўтмаётир. Тобора ҳукумат томонга қайишиб кетмоқда. Каримов ва Сафоевнинг расмларини кўравериб, бу саҳифани ҳам очмай қўяётганлар кўпайган бўлса ажабмас?!

 

 

Ўзбекчани билиш керак!

 

11 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Нима сабабдан сизники каби Ўзбек халқининг муаммолари ва Каримов режимининг башарасини очиб ташлайдиган, бу масалани чуқур анализ, муҳокама қиладиган, соф ўзбекча веб сайтлар йўқ?(Носирхон).

 

ЖАВОБ: Аввало менинг баҳоли қудрат юритаётган камтарона саҳифамга берган катта баҳонгиз учун раҳмат. Дарҳақиқат, агар ҳамма ана шундай ҳаракат қилганда тома-тома кўл бўлар дегандек, бугун анча иш қилинган бўларди.

 

Бунинг бир мисоли сифатида Украинада мухолифатнинг катта кучга айланишида ва мавжуд режимни қулатишда “Украинская правда” веб саҳифаси асосий рол ўйнаганини эътироф этмоқ керак.

 

Ҳамма нарса мақсадан келиб чиқади. Мақсад Каримов режимига қарши курашми ёки номига у ёқ, бу ёқдан кўчириб, саҳифа қилиб, олинган грантларни “оқлашми”? Мавжуд веб саҳифаларга назар ташласангиз дарҳол масаланинг моҳиятини англаб оласиз.

 

 

Бундан қочиш мумкин эмас

 

11 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Олдин бир саволга жавоб бериб, жамиятдаги  “пагонлик одамларни” ортиқча “чиқиндиларга” ўхшатганингизга қўшиламан, албатта, ўз ловозимларини суистемол қилганларини,  лекин сиз айтаётгандек одам, ҳайвонот ва табиатдан ортиқча нарсалар чиқиб кетганидек, “жамият чиқиндилари” ҳам ўз-ўзидан кетармикан?

 

Уларда ҳам ақл бор, балки ўзлари учун жуда ҳам кўпроқ бош қотирадилар… Муаммони ҳал қилиши мумкин, деган Демократияни келишига ҳам шулар тўсқинлик қилишмаяптими?? Ёки улар оддий буйруқни бажарувчи машиналар деб ўйлайсизми?(Полвон).

 

 

ЖАВОБ: Ҳеч нарса ўз-ўзидан чиқиб кетмайди. Таъсир ҳамма ҳолда ҳам мавжуд. Албатта улар оёқ тирайдилар. Лекин итарувчи куч таъсирлироқ бўлса, ҳеч нарса қила олмайдилар.

 

Шу кеча кундузда улар буйруқни бажарувчи машиналардан ҳам бешбаттар вазиятда. Лекин демократик жамият қурила бошланганда улар  ўзлари қарши бўлган янги тузумнинг неъматидан фойдаланиб, “уйғониб қолиб”, оёқ тирайдилар, қаршилик кўрсатадилар. Бундан қочиш мумкин эмас.

 

 

Бунинг ҳам олдини олиш керак!

 

12 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Тошкентда мотоцикл ҳайдашни ман этишмоқда, бу нимадан бўлиши мумкин?(Олимжон).

 

ЖАВОБ: Йўл назорати ходимларига кўра, улар шундай тадбир билан қатновни енгиллаштиришмоқчи. Бу анқовнинг қулоғига лағмон осиш, дегани бўлади. Аслида эса, масала мутлоқ бошқа.

Президентга яқин манбанинг маълумотига кўра, Каримов яқинда кучишлатар вазирликлар раҳбарлари билан брифинг ўтказиб, Тошкентда ўтган йил баҳорда юз берган портлашлар масаласини муҳокама қилган.

 

Миллий хавфсизлик хизмати тайёрлаган ҳисоботда ҳукумат биноларининг қўриқланиши яхши эмаслиги, уларнинг олдига машиналар яқинлаша олмасада мотоциклда ўтиш таҳликаси борлиги қайд этилган.

 

Бу ҳисоботга жавоб ёзган Ички ишлар вазирлиги пойтахтнинг марказий қисмида мотоцикл воситаларидан фойдаланишни чеклаш таклифи билан чиққан. Бу таклиф Каримов тасдиғидан ўтгандан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлигига расмийлаштириш учун берилган.

 

Эртага бир кун ўзидан қўрққан ҳукумат қушлар учишини ҳам тақиқлаши мумкин. Айтиб бўладими, бирорта қуш Каримовнинг вертолетига бориб урилиши мумкин-да. Бунинг ҳам олдини олиш керак!

 

 

Ахмоққа ҳам аён ҳодиса

 

12 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: “Трибуне-уз” веб саҳифасининг рус тилидаги бўлимида 2005 йил, 9 Март куни сиёсатшунос(?) Гулсара Вафоеванинг “Ўзбекистонда ҳукуматни назорат қилиш йўқ” деб номланган мақоласида “Ўзбек халқининг пассивлигининг илдизи ўтган асрдадир” деган хулоса айтилган. Шунга нима дейсиз? (Ҳамид).

 

ЖАВОБ: Бу ҳам мухолиф бўлиб кўринган ҳолда Каримов режимига астойдил хизмат қилишдир. Халқнинг “пассивлиги” боиси бугунги диктатура эмас, балки ўтиб кетган асрлардаги воқеалар, зулмдорлар дейиш билан Каримовнинг айбларини енгиллатмоқчи бўладилар. Бу ҳам бир “манёвр”.

Ўтган асрда ўзбекларнинг бошига нима келган бўлса, ҳаммаси қирғиз ва қозоқларнинг ҳам бошига келган. У ҳолда нима сабабдан қирғизлар бугун бу қадар фаолу ўзбеклар бу қадар “пассив”?

 

Ёки 1990 йилларнинг бошида фаол бўлган ўзбеклар  ўтган аср воқеаларидан таъсирланмай қолганларими? Бугунги вазиятнинг илдизини Чор Россияси, Ленин инқилоби, Сталин ваҳшатларига олиб бориб боғлаш бу Каримовда айб йўқ, айб халқнинг ўзида, дейишдир. Уларнинг ҳам халқ зеҳниятида қолдирган излари бор, лекин бу изларни зангга айлантирган Ислом Каримов режимидир.

 

Хуллас, бугун ўзбеклар фаол эмас экан, бунинг илдизини бугундан қидирмоқ керак. Диктатура халқни лоқайд қилиши, фикран “бичиб ташлаши ахмоққа ҳам аён ҳодисадир.

 

 

Араблар ва Дажжол

 

13 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз битта саволга жавоб берганда арабларни ёмонлагансиз. Нима учун арабларга қаршисиз?(Малик)

 

ЖАВОБ: Мен аслида бирор бир халқ ёки миллатга тўла ҳолида салбий баҳо бериш иллатига қаршиман. Шу боис менинг арабларга қарши бўлишим мумкин эмас. Араблар ёки руслар деган нуқталарда, бутун бир халқни эмас, гап кетаётган гуруҳни, ёки маълум бир кишиларни назарда тутаман, доим.

 

Мен ўзим ўқиганларимдан қуйидагиларни аниқладим.

 

1.Араблар Туронзаминни босиб олганда улар қилган ваҳшийликлар, қонли қилмишлар жуда ҳам даҳшатли бўлган.

 

2.Араб тарихчилари бизнинг минтақада яшаган халқларни дунёга “Булар ўз онаси билан ётадиган, ўз синглисига уйланадиган ва ўз қизини ҳомиладор қиладиган маданиятсиз, ваҳший халқ” дея танитган ва шу йўл билан Муқанна исёнини қоралашга уринишган. Буни арабларнинг ўша йиллар ҳақида ёзилган барча тарихий китобларида кўришингиз мумкин.

 

3.Улар Қуръонда зикр этилган ёмонлик тимсоли Дажжолни Шарқда яшаган туркийлар орасидан чиқади деб тафсирлар ёзганлар ва ёзиб келмоқдалар.

 

4.Улар Туронзаминдан чиққан барча буюк олимларни дунёга араб деб тақдим этганлар.

 

5. Араблар Қуръонда зикр этилган яхшилик элчиси Зулқарнайн ёмонлик қавми Яъжуж-Маъжужларга қарши икки тоғ орасида қурган темир қалъа Термезда топилганини иддао этадилар.

 

6.Улар бир қатор тафсирларда ва бошқа китобларда охир замон махлуқлари Яъжуж–Маъжужлар қавми ҳам бизнинг минтақадан чиқишини ёзганлар.

 

Саҳрода бадавий бўлган бир халқ мансублари маданият соҳиби бошқа бир халқни ер билан яксон этса ва кейин тарихга уни қора отлиқ қилиб “михласа” бундан кўз юмиш мумкинми?

 

Баъзи ўзлигини, шаъни ва ғурурини билмаган қўлбола муллалар арабларни “отамиз”, “онамиз”, “биз уларнинг авлодларимиз” деб оғиз кўпиртирганларида менинг ёдимга ҳали яқиндагина Ленинни отамиз, Крупскаяни онамиз, деган  коммунистик давр тушади. Русларни эса “оғамиз” дер эдик.

 

Худо Қуръон орқали ҳар бир қавмни тан олишини эълон қилган бўлса, нима учун энди биз ўзлигимиз билан ғурурланмасдан ҳали ўрус,  ҳали араб бўлишимиз керак? Мана гап қаерда?

 

Мен бу саволни араб ёки ўрусларга эмас, тарихни ўқимасдан, эшитганини такрорлайдиган, чаласавод кимсаларга ишонадиган ўзимизга беришни истайман. Ҳақиқий ота-бобоси Муқанналар бўлган ҳолда, ундан юз ўгириб, авлодини Дажжолга, Яъжуж-Маъжужга  тенглаган Саид Қутубларнинг этагини тутган ўзимиздан бу саволга жавоб излайман.

 

Бу дин масаласи эмас, бу илм масаласи.

 

Лекин бугунга қадар биздан чиққан уламолар бу ҳақда гапириб, арабларнинг иддаоларига қўшилган бўлдилар, бу гапларни рад этмадилар ва умуман бир илмий жавоб қилмадилар. Жавоблари эса Муқаннани  умумий тарзда ёмонлаш бўлди.

 

 

“Ўзбекчилик”

 

14 Март, 2005 йил.

 

 

 

САВОЛ: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида юз бераётган ишдан  бўшатишлар ҳақида нима дейсиз? (Рустам).

 

ЖАВОБ: Бу ҳам  “ўзбекчилик”. Янги келган раис кассири ва ҳисобчиси, шофери ва ошхона хизматчисини ҳам олиб келиши азалдан маълум.

 

Ҳар вазир алмашганда ҳам кимлардир эскисининг “думи”га айланиши ҳам “табиий ҳол” бўлиб қолди, Ўзбекистонда.

 

Сўнгги маълумотларга қараганда вазир Элёр Ғаниев чет элларда, дипломатик миссияларда ишлаётганлар орасидан сиёсий бошпана сўрайдиганлар кўпайиб қолмаслиги учун уларни чўчитмасдан Тошкентга таклиф қилишни буюрган. Аммо ҳозирданоқ Тошкентга боришни рад этган ва сиёсий бошпана истаётганлар кўпайган. Булар айниқса, элчиликларда оддий лавозимларда ишлайдиганлар орасида кўплиги айтилмоқда.

 

 

Хатоларни тан олиб…

 

15 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ:БМТда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи кўрилар экан, лекин нега алтернатив доклад ёзиш мухолифатга эмас, балки ҳеч ким билмаган, ҳеч ким эшитмаган “Ҳуқуқий ёрдам” гуруҳига топширилган. Нега бу ишда мухолифат иштирок этмаётир?(Усмонбек).

 

ЖАВОБ: Дарвоқе яна бир неча кундан кейин, яъни 21-22 Март кунлари БМТда  шундай масала кўрилади ва аввал ҳукуматнинг ҳисоботи эшитилади, кейин эса одатга кўра муқобил маъруза. Уни ҳақиқатдан ҳам ҳеч ким билмаган ва ҳеч ким номини эшитмаган гуруҳ  тайёрлаган. Мажлисда Элдор Шафиев деган кишининг маъруза қилиши режаланган. Шахсан мен унинг кимлигини билмайман.

 

Илгарилар шундай кезларда, яъни халқаро тингловларда муқобил ҳисобот тайёрлашда мухолифат вакиллари қатнашар эдилар. Юқоридаги ҳолат Ўзбекистонда мухолифат куч сифатида халқни эргаштира олмайдиган даражага келганини БМТ ҳам эътироф этаётганини кўрсатади. Зотан яқинда АҚШ Давлат департаменти ҳам буни қайд қилганди. Буни Ўзбекистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари курашчилари, мухолиф гуруҳ вакиллари ҳам тан олмоқдалар.

 

 

 

Масалан, “Озодлик” радиоси 26 Феврал кунги дастурида  “ЭРК” гуруҳларидан бирининг Наманган вилоятида ўтган 25 Феврал кунги мажлиси ҳақида берган ҳисоботида шундай сатрлар бор: “Йиғилиш иштирокчиларидан баъзилари мухолифат анча заиф эканлиги, халқни эргаштира оладиган кучга айланмагани ҳақида фикр билдирдилар”.

 

Хуллас, мухолифат жабҳасидаги инқирозни  чуқур таҳлил қилиб, хатоларни тан олиб, олдинга кетиш учун жиддий чоралар кўрилмаса, бугунгидан ҳам баттар бўлади ва диктатура “ғолибият” шаробини симиришда давом этаверади.

 

 

Нарёғига халқнинг ўзи қарор беради

 

15 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ:Ўзбекистонда Ислом давлати бўлиши мумкинми? Шариат қонунлари келса судлар адолатли бўлармиди?(Садриддин).

 

 

ЖАВОБ:Ўзбекистонда Ислом давлати бўлмасдан нима? Мазкур мамлакат Ислом Каримовнинг шахсий давлатига айланганига 1 Сентябрда 15 йил тўлади. Бу масаланинг  бир қисми.

 

Агар диний давлат бўлиб-бўлмаслигини назарда тутаётган бўлсангиз, бугунга қадар қаерда соф Ислом давлатлари қурилгани ва уларнинг Исломга тўла жавоб бергани, диктатурага айланиб кетмагани ҳақида иккита мисол келтирсангиз, кейин бу ҳақда мулоҳаза юритиш мумкин. Умуман эса дин айри ва давлат айри бўлмоғи зарур.

 

Яқинда бир мақола ўқигандим. Африкада шариат қонунларига ўтган бир вилоятда юз берган ҳодиса ҳақида. 16 ёшли бир болага қўшни қабиланинг қизини тажовуз этди, деган айб қўйишади. Қиз маҳкамага келмасдан ўз вакили орқали буни тасдиқлайди. Қиз томони қасос истайди. Қози уларга қасосни қондириш сифатида нариги томоннинг 16 ёшли бир қизини зўрлашга изн беради. 28 киши бу ишни бажаради. Норасида қиз ҳалок бўлади. Кейин маълум бўлишича, даъво қилган қиз ёлғон гапиртирилган, аслида унинг номидан ёлғон гапирилган ва қозининг ўзи ҳам нариги қабилага қарши экан, уларни обрўсизлантириш учун шундай қилишган экан.

 

Худди шундай ҳол яқинда Покистонда ҳам рўй берди, фақат у ерда қабилавий қоидалар асосида. Демоқчиманки, одам ҳамма жойда одам. Унинг қўлига куч ўтдими у кўп нарсани унутади. Демократияда эса худди ана шуни назорат қилиш механизмлари мавжуд.

 

Демократия ишлаётган жойлар бор. Олдин ана шу борини бир синаб кўрайлик. Нарёғига халқнинг ўзи қарор беради. Зотан демократия бу халқнинг иродаси деганидир.

 

 

Тозалаш

 

16 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ:Шу кунларда хабарингиз бўлса, Сафар номли кимса мухолифат ва ИҲҲ чиларига Апрелда қатағон бўлиш ҳақида маълумот беряпти.Шунга фикрингиз? (Азизбек).

 

ЖАВОБ: Ҳар ҳолда Интернетда “Сафар Абдуллаев” номидан эълон қилинган ва Ўзбекистон ҳукумати яқин орада кимларни қамаяжаги ҳақидаги “мақола”ни назарда тутаётган бўлсангиз керак.

 

Бу Ўзбекистондаги режим нималигини билмаган ёки тушунмаганлар учун ўртага ташланган “суяк”. Ёки бу БМТда Ўзбекистон масаласи кўрилиши олдидан диққат тортишни истаган қўлбола мухолифатчининг ҳам ҳунари бўлиши мумкин.

 

Аслида эса, Каримов ўлгандан кейин архивлардан халққа қарши ёки маълум бир йўналишга қарши бирор сатр ҳам топа олмайсиз. Ҳамма нарса инсонпарварлик, демократия, халқ манфаатини кўзлаган тарзда ёзилади. Қонунлардан тортиб оддий қарорларга қадар.

 

Бу Каримов йўлга қўйган сиёсатнинг бир услуби. У қоғозда ҳамма нарсани гўзал тарзда “юритиб”, бирор бир ёмон из қолдиришни истамайдиган диктаторлар тоифасидан. У ўзи буюрган нарсаларни ҳам боплаб бошқаларнинг бўйнига юклаб қўядиган устомон одам.

 

Шу боис ҳамма амалий ишлар оғзаки буйруқ билан, ишора билан бажарилади. Каримов режими фалончини қамаш лозим деб қарор чиқариб юрмайди, керак бўлса қамаб қўяверади.

 

Бу режим 15 йил ичида қатағонни қачон тўхтатган эди? Тўхтатган эмас. Демак, тўхтатилмаган нарсани “бошламоқчи дейиш “Шу пайтга қадар олам гулистон эди” дейиш демакдир.

 

Ҳар йил турли тадбирлар олдидан, жумладан Мустақиллик куни олдидан шундай ҳам “профилактик тозалаш” ўтказиб келинмоқда ва бу йилгиси янги бўлмайди.

 

Яқинда Каримовнинг Президент девонида ўтказилган йиғилишда айтган гаплари ҳам бунга бир мисол. Мазкур парчани девон  ходимларидан бири электрон почта орқали юборган.

 

“Катта” яқинда мажлис ўтказди. Қуйидаги уч нуқтани алоҳида уқтирди.

 

1) Наврўзда беш ўнтадан одамни мукофотга берларинг, беш ўнтадан одамни қамоқдан чиқарларинг. Буни яхшилаб пропаганда қилларинг.

 

2)Ҳаммани қамоққа тиқавермаларинг, нега мен душманларимни боқишим керак. Уларга кўпроқ жарима солларинг. Уйини, мол-мулкини сотувга қўйларинг, етмаса ота-онасининг уйини сотларинг. Жигарини ана шу йўл билан суғуриб олларинг.

 

3)10-20 киши митинг, пикет қилса, индамаларинг, аммо ярми санларнинг одамларинг бўлсин. Мен ана у  элчига ҳам ваъда бердим, индамаймиз, дедим. Аммо кўпайишга йўл бермаларинг…”.

 

 

Тариқдек тарқалиб кетган мухолифат

 

17 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Мухолифат раҳбарлари ораси яхши эмаслиги, зотан парчаланиб кетган мухолифат учун катта йўқотиш ва жорий амалдаги, диктатура ҳокимияти учун муваффақият-ку! Ўрталарингдаги, ҳар қандай совуқчиликни мана шу халқ учун унутиб, биргаликда, ва қолаверса бу бирлашишга бошқа мухолиф партияларнинг лидерларини ҳам даъват қилсаларинг бўлмайдими!? Буюк золим куч олдида парчаланиб ҳаракат қилиш самарасизлигини ҳамма билади-ку?

 

Бу ҳаракатлар учун бош-қош бўлишни ўйладингизми ҳеч?

 

Тариқдек тарқалиб кетган мухолифат, ўз ичидан дарз кетиши ва бир-бири билан эмас, аксинча ЖОРИЙ ДИКТАТУРАГА қарши бирлашиши яхши-ку!

 

Сиёсатда ҳам иқтисодда ҳам шундай вазиятлар бўладики, баъзан бир-бирига рақиб бўлган кучлар бирлашишга мажбур бўлади. Агар ҳамма лидерликни ўйлайверса, бу кетишда нима бўлади? Сиз нима дейсиз? (Нигора).

 

ЖАВОБ: Ҳар ҳолда бугунга қадар мен ёзган ва ёзаётган нарсаларни диққат билан ўқимаган кўринасиз. Шу боис қуйидаги фикрларим илгари мен ёзганларни такрорласа, уларни аллақачон ўқиган ва уққан ўқувчилардан узр сўрайман.

 

Мен демократия тарафдориман  ва халқ ҳокимиятигина адолатга хизмат қилишига ишонаман. Шу боис демократияга зид ҳаракат қилганлар, қарши чиққанлар- Каримов бўладими, Эшматми, Тошматми-уларга  диктат, яккаҳокимлик услубидан воз кечиш зарурлигини уқтириб келмоқдаман. Шундай қилишга сизнинг ҳам ҳаққингиз бор. Буни демократияни англаган, уни истаган бир кишининг демократия йўлидаги бурчи деб биламан.

Сиз мухолифат деб атаётган гуруҳлардан мен расман айрилганимга 10 йилдан ошди. Ҳамма лидерликни ўйлаётган бўлиши мумкин, аммо мен ўйлаганим йўқ. Ўйлаганимда бугун менга мурожаат қилаётган юзлаб ёш йигит-қизларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, аллақачон битта ҳаракат ёки партия тузиб, ўзимни лидер, деб эълон қилишим мумкин эди.

 

Аммо Ғарбда иссиққина уйда ўтириб, ўзимни бунга ҳақли деб ҳисобламайман. Лидер бўладиган бўлсам, мен лидерлик қиладиган одамлар билан бирга бўлишим керак. Бугун бунга имконият йўқми, демак  имкониятим даражасида иш қилишим лозим. Тахтсиз подшо-бахтсиз подшо дейдилар. Бу бахтсизлик фақат унинг ўзига эмас, бошқаларга ҳам соя ташлайди.

 

Илгари кўп ёзганимдек, кимдадир шахсий адоватим йўқ. Агар кимнидир танқид қилган ёки қилаётган бўлсам, бунга уларнинг шахслари эмас, шахсиятлари, эгаллаб турган мавқелари ёхуд ўзлари даъво қилган “лидер”ликни уддалай олмаганликлари асосдир.

 

Биз Каримов Ўзбекистонни бугунги даҳшатли вазиятга туширганини қанчалик танқид қилсак, ўзларини мухолифат деб иддао этган гуруҳ “лидерларини ҳам вазифаларини қойил қилиб бажармаганлари, мухолифатни чил-парчин қилиб юборганлари ва шу ҳаракатлари туфайли диктатурага астойдил хизмат қилганларини, ҳукуматга кела олмайдиган даражага етганларини очиқ айтишимиз керак, деб ўйлайман.

 

Бирлашиш масаласида сиз ҳақсиз… Лекин ўтган 15 йил давомида кимлар орага кирмади ва кимлар уринмади?! Аммо икки лаёқатсиз одамнинг ўзаро талашлари оқибатида мухолифат ожиз бўлиб қолди. Бу биргина менинг хулосам эмас. Халқаро жамоатчилик ва ҳатто уларнинг ўз яқинларининг ҳам хулосаси шундай.

 

Бугун энди  кеч. Энди ана шу икки шахс ўзини четга олгандан кейингина бирлашиш бўлиши мумкин. Улар ватан ва миллатни ўйласалар ўзларини четга тортиб, қўлларидан келмаган лидерликни даъво этмай, парчаланишлар тўхташига хизмат қиладилар ва Ўзбекистондаги мухолиф кучларнинг йўлида тўғон бўлмайдилар.

 

Агар шундай қилсалар тахтга ёпишиб қолган Каримовга ҳам ибрат бўладилар, халқаро миқёсда ҳам ҳурмат қозонадилар.

 

 

Миссионерлик

 

17  Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Мени бир нарса жуда ташвишлантиради. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда болалар адабиёти умуман ўлган. Яъни мактаб ёшидаги болалар учун яхши китоблар йўқ! Умуман ахлоқий темадаги китобларни ҳам нашр қилмаяпти давлат? Гўёки, бу ҳам диний даъват, оқимчилик уларни фикрича.

 

Халқ фарзандлари атайлаб онгсиз, зомби, динсизлаштирилмоқда! Бу нарса миссионерлар учун жуда қўл келмоқда. Улар ялло қилиб, маънавий қашшоқлашаётган болаларимиз учун, истаган турдаги китобларини тарқатишмоқда!

 

Бу бир миллатни келажаги учун жуда катта хавф-ку! Ислом дини қоидаларини ўз фарзандингизга ўргатсангиз ёки укангизни тўғри йўлга чақирсангиз ҳам “вовчик” деган тамға олиб, қамалиб кетасиз. Аммо…..ИИВ, МХХ си нега миссионерларга индашмаяпти? Бу ҳам Каримов мақсадлари учун хизматми? Нима дейсиз?(Музаффар).

 

ЖАВОБ: Ўзбекистонда болалар адабиёти умуман ўлган, деб айтибсиз. Катталар адабиёти ҳам тирик эмас. Фақат Каримов адабиёти амалда!

 

Миссионерлар масаласига келсак. Ҳар қандай ҳаракат, ҳар қандай дин ва ҳар қандай гуруҳнинг ҳам миссионерлари бўлади.

 

Масалан мен ўзимни ва халқ ҳокимияти тарафдорларини демократиянинг миссонерлари, деб ҳисоблайман. Диктатуранинг миссионерлари ҳам бор. Масалан, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповга ўхшаган.

 

Ҳозир диктатура устунлик қилаётган бўлса, демак, унинг миссионерлари бўш келмаяптилар. Биз демократиянинг миссионерлари эса яхши ишламаяпмиз, ёки бутун халқнинг ишончини қозона олмадик ва ҳоказо.

 

Дунёда мусулмончилик миссонерлари ҳам кўп ва уларни “таблиғчилар” дейишади. Ғарб давлатларида улар очиқ фаолият кўрсатадилар ва кимдир нега ҳуқуқ тартибот идоралари уларни назоратга олмайди, деган даъво билан чиқмайди. Бу виждон эркинлиги масаласи билан боғлиқ.

 

Диктатура виждон эркинлигини тан олмайди. Ўзбекистонда бошқа динларнинг миссионерлари ҳам қувғин қилинаётгани ҳақида фактлар кўп. Агар диктатура режимига раҳна соладиган бўлса, ҳар қандай миссионерликка қарши кураш бошланади. Фойдаси тегса ҳатто эшак бўлишни тарғиб қилувчилар ҳам қўллаб-қувватланади!

 

Агар Ўзбекистонда демократия ўрнатилса, виждон эркинлиги ҳам устивор бўлади ва сизнинг ташвишингизга ўрин қолмайди.

 

 

Бу тузум ўзининг ҳам душмани

 

18 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Сизга қандай тушунтирсам экан! Ўзбекистонда ҳозирги ҳукуматда шунақанги ахмоқона ишлар бўляптику, тавба дейсиз.Бу ҳукуматдан халқ истеъфо талаб қиладиган вақт аллақачон ўтиб кетди, керак бўлса! Давлат муассасалари ва ҳокимиятлар расман оммавий концертларга ҳомийлик қилишмоқда! Ҳатто, ўтган йили Тошкент шаҳар ҳокимияти Насиба Абдуллаеванинг концертига ҳомийлик қилди. Бу нима деган гап ахир? Давлат бюджети отасининг кармони эмаску!

 

Қашшоқ халқдан тортиб олаётган пулни қаерларга ишлатишмоқда! Бир йил давомида Ўзбекистонда энг камида 12-15 тача қўшиқчилар танлови ўтказилади. “Офарин”, “Она-Замин юлдузлари”, “Ниҳол”…Бу нима дегани? Халқни музика остида ухлатиб бошқармоқдами? Телевизорни очсанг, фақат ТАДБИР,ТАДБИР, ЙИҒИЛИШ ….. Янгиликлар шундан иборат! Кейин “Шоу” программалар бошланади.

 

Бу тизим халқнинг келажагини заррача бўлса ҳам ўйламайдими? Бу тизим ёки халқни онгсиз, қашшоқ сақлаб узоқ яшамоқчими? (Баҳодир!).

 

ЖАВОБ: Демократик давлатларда ҳукуматнинг адабиёт ва санъатга аралашувини кузатмайсиз. Бу соҳани қобилият ва даромад бошқаради.Ҳар турли кўриклар ўтиши мумкин ва буни ҳукумат эмас, жамоат ташкилотлари, мустақил матбуот воситалари уюштирадилар.

 

Мен баъзи чаласавод муллаларга ўхшаб мусиқага қарши эмасман, улар ғино (мусиқа) ва зинони айни тарозига қўядилар.

 

Минг қаршилик қилманг, барибир халқ мусиқадан воз кечмайди. Бу дардининг садосидир, бу қувончининг ифодасидир!

 

Лекин диктатура бунинг фақат иккинчи қисмини қўлланади. Уни ҳам сохталаштирган ҳолда қўлланади. Халқнинг ҳақиқий мусиқасига эса йўл бермайди. Масалан, Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари радио ва телевизорда янграса сиз ҳам мазза қилиб тинглар эдингиз, дилингиздаги дард ташқарига чиққанидан енгил тортган бўлардингиз.

 

Жамиятнинг ҳамма қатлами ва кулбаларидан ҳаво тортиб олинса, бўшлиқ вужудга келади. Диктатура ҳавони тортиб олгандан кейин бўшлиқни ашулалар, мақтов ва мадҳиялар билан тўлдиришга уринади. Лекин бу ҳавонинг ўрнини босмайди ва жамият барибир бўғилади.

Диктатуранинг ташқи кўриниши ўйин-кулги ва ички томони чириб битгандир.

Бу халққа ёт бўлган тизим нега халқнинг келажагини ўйламаяпти, дейиш мантиқсизлик бўлади. Бу тизим ҳатто ўзининг келажагини ҳам ўйламайди.Шу боис  шармандаларча қулаб кетади.

 

 

Бу шунчаки қуруқ ишонч эмас

 

18 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Бир саволга жавоб бергансиз, у ерда анча мунча далиллар келтиргансиз, араб олимлари Ўзбекларни ёмонлагани, олимлар тарафидан келтирилган баъзи бир ҳадисларга, жаҳлингиз чиққан ҳолда жавоб қилгансиз.

 

Яжуж мажужлар Осиёдан, яъни Термиз тарафдан чиқади, деган тахминий қарашларга, ўзбекларни нима демоқчи бу араблар, дегансиз. Лекин ўзингиз жуда кўп такрорлайсиз, ҳақиқатни тан олиш бу яхши одат ёки мардлик деб.

 

Энди мени фикрим, нима, ҳозирги шароитда Ўзбекистонда Яжуж мажужчалар йўқми, қаерга кўз тикса, қуритиб ташламагунча ҳужум қилишади. Сув десангиз Оролни қуритиб ташлашди, одамлар орасидан оқибатни кўтариб ташлашди, бирор бир мусулмон ўз динига эркин амал қила олмайди, қилса яжуж-мажуж чалар олиб бориб, қонигача ичишмоқда.

 

Ҳатто катта яжуж мажужлар сизни ватанингиздан қувғин қилишди.Ёки нима, сизни ва мени қувғин қилганлар яжуж мажужга  ўхшамайдими, ёки қанчадан қанча одамлар беайб нобуд бўлиб кетишмоқда, нима улар ўз ўзидан бўлмоқдами, йўқ менимча бу яжуж мажужларни бошланиш эраси бўлса керак.

 

Демократия демоқдасиз, Буюк Британия шулар қаторида, яъни демократ мамлакатлардан, нима қилишди, Ўзбекистон халқига ёрдам бераман, деган элчисини яъни Крег Мюррейни, ишдан бўшатишди, айби давлатга бўйсунмади. Бу демократия ҳисобланади, тўғрими?

 

Бу билан мен демократия ёмон демоқчи эмасман, лекин сиз айтган гапларга ҳам қўшилмайман, Арабларни ўзбек халқи онаси билан ётган деб ёзганига, балки ростдан шунақа бўлгандир, нима ҳақиқатни ёзиш айбми, худди сиз И. Каримов ҳақидаги ҳақиқатни ёзганингиздек. Менимча сиз мендан ҳам яхши билсангиз керак, ҳалигача Ўзбекистонда И. Каримовга ишонадиган оддий халқ бор. Улар фикрида сиз халқ душманисиз, ёки нотўғрими? Ҳозир ҳам одамлар 2 га бўлинган, 1 қисми ҳақиқатга ишонади, 2-қисми ёлғон, бўҳтонга ишонишади, ҳа айтганча 3-қисм инсонлар бўлса умуман ҳеч нарсага ишонмайди, бу ҳаммаси мени фикрим. Ўз фикрини айтиш бу демократия, тўғрими?(Фаррух).

 

ЖАВОБ: Тўғри. Ўз фикрингиз бўлгани ва менинг фикримга қўшилмаганингиз ҳам демократиянинг неъмати, бу мени мамнун этди. Бошқа режимларда бундай қила олмайсиз. Яъни битта нарсага бўйсунишингиз, хўп дейишингиз, кимнингдир айтганига қарши чиқмаслигингиз, эътирозингизни ичда сақлаб, ўтиб кетишингиз мумкин. Айтсангиз ё қамайдилар, ёки халқ душмани, деб эълон қиладилар.

 

Энди, сиз жуда ҳам кўп савол қўйгансиз ва ҳар бирига мухтасар ҳолда алоҳида-алоҳида  жавоб беришга ҳаракат қиламан.

 

Биринчидан, аслида Яжуж-Мажужлар дейилганда бир икки одам эмас, балки маълум бир минтақадаги бир халқ назарда тутилади. Баъзи араб зиёлилари эса бутун бир халқни айблашган. Агар масалага сиз айтган каби қарайдиган бўлсак, дунёнинг ҳамма бурчидан ҳамма вақт Яжуж-Мажужлар топилган ва топилади. Қирол Фахд оиласини Яжуж-Мажужларга ўхшатиш билан бутун Саудия Арабистонидагиларни ўхшатиш орасида фарқ бор.

 

Иккинчидан, мен бирор бир ҳадис ҳақида гапирганим йўқ, гарчи ҳадислар орасида ҳам саҳиҳлари ва носаҳиҳлари, ишониб бўлмайдиганлари бор эса-да. Мен баъзи тафсирлар ва айрим бирёқлама шарҳлар ҳақида гапиргандим.

 

Учинчидан, мени қувғин қилди, деб бутун халқимни айбламайман, аксинча жонимни “Яжуж-Мажуж”дан қутқаргани, менга ёрдам бергани учун бу буюк халқимга қандайдир хизмат қилишни истайман. Акс тақдирда бу ерда баҳс қилиб ўтирмаган бўлардик.

 

Тўртинчидан, осонгина қилиб шариат яхши, шу йўлни тутинг, дейиш мумкин эди, кимлардир кўнгилларида буни истамасалар ҳам, тилларида айтмоқдалар. Лекин мен буни қила олмайман. Бугунги шароитда Ўзбекистонда шариат ҳукмлари билан юритиладиган режим мамлакатни иккинчи Афғонистонга айлантиради, бошқарув Толибонга ўхшаган жоҳиллар қўлига тушади ва Каримов режимидан фарқи бўлмайди. Чунки бизда кўпчилик ҳали Исломни юзаки, эшитганига кўра билади. Исломни мукаммал ўрганишлари ва баъзи манфаатпараст кишиларга алданиб кетмасликлари учун фақат демократия йўл беради. Шу боис аввал демократияни устивор қилиш керак. Бугун Ўзбекистонни демократия қутқазиши мумкин.

 

Бешинчидан, Буюк Британия ва элчи қисматини мисол келтирибсиз. Режим ва ҳукуматни ажратиб олиш керак. Демократия шароитида ҳам турли ҳукуматлар бошқарувга чиқади. Аммо вақтинча. Чунки демократия уларни тизгинлаб, алмаштириб туради. Агар Англияда демократия бўлмаганда ўша элчи ўз вазирлигига қарши кураша олармиди, ҳатто ўз номзодини вазирга қарши қўя олармиди? Йўқ, ҳеч ким, ҳеч нарсани билмай ва эшитмай қолар эди.

 

Демократия бор-ки, Крей Мюррей ўз ватанида яшамоқда, ҳукумат йўл қўйган айбларни очиқ айтмоқда, китобини нашр этмоқда, ҳукуматни судга тортмоқда ва ҳоказо. Қайси бошқа режимда бугун шундай бўлиши мумкин? Битта одамнинг амри билан унинг калласини сапчадек узиб юборишган бўлишарди.

 

Олтинчидан, сиз баъзи арабларнинг бизнинг халқларимиз ҳақида айтган гапларини ростни айтиш мардлик, дея оқламоқдасиз. Бу гапнинг ростлигини сиз қаёқдан биласиз? Агар бошқа манба келтирсангиз мамнун бўлар эдим. Мен эса бу гап ёлғонлигини Искандар Зулқарнайн юришлари ҳақида ёзилган китоблар, Беруний, Форобий ва бошқа улуғларимизнинг қадимги халқлар тарихи ҳақида ёзганларидан биламан.

 

Еттинчидан, сиз Ўзбекистон  ҳақида гапириб, бу Яжуж-Мажужларнинг бошланиш эраси бўлса керак, дебсиз. Бутун халқ Яжуж-Мажужларга айланиб кетади, деган фикр чиқмоқда гапингиздан. Йўқ. Бундай бўлмайди. Халқимиз озодлик ва ҳуррият кунларига етади ва ўз ҳокимиятини ўзи бошқарадиган кунлар келади, деб ишонаман. Бу шунчаки, қуруқ ишонч эмас, балки етарли асосга эга бўлганимдан пайдо бўлган ишончдир.

 

 

Охир замон ҳақида

 

19 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Охири замон келиб қолди, деган сўзларга нима дейсиз?(Муродилла).

 

 

ЖАВОБ: Биласизми, ҳатто илоҳий ҳукмлар нозил бўлган даврда бир 12 ёшли боланинг пешонасида учинчи кўзи бўлгани ва у кўп нарсаларни башорат қила бошлагани учун уни Дажжол деганлар бўлган. Баъзилар уни охират замон белгиси дейишган. Кейин Карбало қотиллигини қиёмат белгиси, деб аташган. Ҳар сафар урушлар, сув босишлари, зилзилалар юз беришида ҳам ана шу калима такрор ва такрор айтилаверилган.

 

Усмонли юришларидан тортиб, қизил инқилобга қадар ҳаммасини қиёмат қойим келмоқда, деб башорат қилишган. Шунга ўхшаб бугун ҳам ҳар қандай салбий ҳолатни қиёмат белгиси, дейдиганлар кўпайиб қолган.

 

Ваҳоланки, ҳаёт давом этган ва давом этаверади. Балки минг йилдан кейин ҳам бир цунами юз берса, ёки фазодан бир тош тушса, бу қиёматдан дарак, деб одамларни қўрқитадиган башоратчилар бўлар. Аммо Тангри башорат қилишни қоралаган. Шундай экан, қачон қиёмат бўлишини биз эмас, яратганнинг ўзи билади.

 

 

Ўзбекистонни четлаб…

 

19 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ:АҚШ Давлат котиби Афғонистонга борди, аммо нега Ўзбекистонга бормади?(Акмал)

 

ЖАВОБ: АҚШ Давлат департаменти Кондолиза Райс (Cондолезза Риcе) хонимнинг бу сафарини “Жанубий Осиё сафари” деб атаган. Табиийки, Ўзбекистон Жанубий Осиёга кирмайди. Балки Давлат котибининг Кавказ ва Марказий Осиё сафари ҳам амалга ошиб қолар ва ўшанда у Ўзбекистонга борар.

 

Лекин Афғонистонга борган раҳбарлар албатта, Ўзбекистонда ҳам тўхтаб ўтишлари одат тусига кирганини ҳисобга олсак, Давлат котибининг Афғонистонга сафари куни Ислом Каримовнинг унчалик аҳамиятга эга бўлмаган Словенияга бориши диққат тортарли воқеа эди.

 

Чунки Каримов ким биландир учрашишдан қочмоқчи бўлса, олдиндан ўша пайтга бир сафарни режалайди. Кондолиза Райс қайси раҳбар билан учрашмасин, демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласини илгари сураётгани, АҚШда жойлашган бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда қайдиятдан ўтказилмаётгани учун билдириладиган жиддий норозилик Каримовни қочишга ундаган бўлиши мумкин.

 

 

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди

 

20 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Менимча Демократия бизлар учун умуман тўғри келмайдиган – система. Фараз қилинг: Демократия Ўзбекистонда худди АҚШ ёки Бошқа демократик давлатлар сингари ишлаяпти деб. Демократия – дегани бу эркинлик. Мисол учун кўчада сиз – икки кишини зино қилиб турганини кўрсангиз ёки бўлмаса у-бу ҳаёсиз кийимларни кийиб юрганини кўрсангиз уларга ҳеч нима дейишга ҳаққингиз йўқ. Чунки Демократия бу Эркинлик, ҳамма хоҳлаганини қилади, ҳудди АҚШдагиларга ўхшаб , ҳамма хоҳласа кўчада зино қилади, хоҳласа – ярим яланғоч кўчада юради. Агар сиз буларни чеклайман, деб айтсангиз унда бу Демократиянинг демократиялигини йўқотади. Демакки, бизлар Демократия эмас  - Шариатга асосланган шарқона бир йўналишга асосланишимиз керак. Шундай эмасми? (Нодирбек, 2005 йил 20 Март)

 

 

ЖАВОБ: Мен Туркиядан келиб Америкадаги аҳволни Яқин шарқ билан таққослаб ёзгандим ва сиз ўқимаган кўринасиз. АҚШда кўчада зино қилади, дебсиз, афсуски ундай эмас, АҚШда бу нарса қонун тарзда қаттиқ жазоланади. Ҳатто ўз машинасида қўлга тушиб, қамалганлар бор. Аммо Авропада шундай ҳол бор, дейишади. Беҳаёлар ҳамма жойда топилади.

 

АҚШда аҳолининг аксар қисми жуда ҳаёли ва ахлоқ масаласига ижобий ёндашади. Аксинча, четдан келганлар бу масалада ўзларини эркинроқ тутадилар. Чўмилиш жойлари, дам олиш масканларида ярим яланғочлар бўлиши табиий.

 

Лекин матбуотда бу нарсаларга ўрин берилмайди Масалан,  ўтган йил охирида Майкл  Жексоннинг синглиси Жаннет Жексон саҳнада ашула айтаётиб кўкрагининг бир қисми очилиб кетгани боис буни жонли кўрсатувда намойиш этган телевидениелар бир ой оммавий тарзда, сўнг конгрессда муҳокама этилди ва қаттиқ жаримага, жазога тортилди.

 

Ҳа, АҚШда ахлоқ масаласи дунёдаги қолган мамлакатлардан анча яхши. Бу жамият ҳар қандай ахлоқсизликни муҳокама этади, қоралайди ва унга қарши қонуний тадбирлар олиб боради. Шунга қарамай, кўчада ярим яланғоч юрганлар бўлиши мумкин.

 

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган гап бор. Қизлар ярим яланғоч юради, деб демократияни истамаяпсиз, худди Ўзбекистонда ҳозир юрмагандек.

 

Дарвоқе, шариатга асосланган шарқона ўлкалардан Туркияга бориб яланғоч бўлиб олиб юрадиганлар ҳақида ҳам ёзган эдим. Минг кийинтириб, ўраб-чилмаб қўйинг, қиламан деса, истаганини қилади, шу боис Худонинг ўзи инсоф берсин, деб бекор айтишмайди.

 

 

Наврўз кимнинг байрами?

 

21 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Наврўз кимнинг байрами, аслида? (Зулфия).

 

ЖАВОБ: Ким соҳиб чиқса, ўшанинг байрами!

 

Ким нишонласа, ўшаники!

 

Турон ва Эронда яшаган халқлар минг-минг йиллардан бери баҳорнинг уйғониш кунини байрам, сайл сифатида нишонлаб келадилар. Уни йўқотмочи бўлган кўп эди. Аммо қўлларидан келмади. Чунки табиатни йўқ қилиш мумкин-ми?

 

Наврўз бу она  табиат, унинг илк баҳор куни, кеча ва кундузнинг баробарлашган, тенглашган куни!

 

Наврўз янги кун демакдир.

 

Бу байрамни нишонлаётганларга  янги кун насиб этсин.

 

Бу янги кун эркинлик йўлига бошловчи нурли кун бўлсин.

 

Бу курашчан байрам сизнинг ҳам орзуларингиз китобида янги бир ёрқин саҳифа очсин! Оилангиз, дўстларингиз, танишларингиз даврасида Наврўз байрамидек азиз бўлинг

 

Наврўз кун ва тунни тенглаган байрам деймиз. Наврўз ёмонликни тизгинлаб, бўйи ўсмай қолган Яхшиликнинг қулоғидан тортиб, тарозини баробарлаган байрам деймиз. Демак, бундан буёғига зулмат қисқариб, кун улғаядиган, ёмонлик чекиниб, яхшилик қанот ёзадиган палла. Қор остидан бош кўтарган чучмомонинг жасорати халқимизга ҳам насиб этсин ва зулматли қишнинг охири кўриниб, баҳор шабадаси дилларга ҳуррият насимини олиб кирсин! Асл ҳуррият нури халқимизнинг ҳам бошига қўнсин!

 

Наврўз нурингни бергил,

 

Соғинч титган дилимга,

 

Баҳорни бошлаб келгин,

 

Зулмат битган элимга,

 

 

 

Қор остидан бош чўзсам,

 

Камар бўлгин белимда!

 

Сен уйғониш  рамзисан,

 

Байроқ кўтар йўлимда!

 

 

 

Қирғизистонда имконият бор!

 

22 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Қирғизистонда нима бўлади, деб ўйлайсиз, бу Ўзбекистонга ҳам Наврўзнинг келиши бўлармикан? (Наргиза)

 

ЖАВОБ: Башорат қила олмайман. Аммо таҳлил ва тахмин қилиш мумкин. Гап шундаки, собиқ демократ ва фарзандларини парламентга “суқиш” билан феодал шоҳга айланган Акаев ҳозир икки ўтнинг орасида. Бир томонда мухолифлари ва иккинчи томонда Каримов ва Путин. Акаев халққа қарши куч ишлатиб, 15 йиллик умрини бир кунда сувга оқизиш нияти йўқ. Аммо икки зулмдор уни бунга ундамоқда. Аллақачон намойишчилар орасида террористлар бўлиши мумкин, воқеалардан улар фойдаланиб қолишлари эҳтимоли бор, деган гаплар тарқатилмоқда. Ҳатто атайлабдан тайёрланган “бузғунчилар”ни юборишлари ҳам мумкин.

 

Агар Акаев зулмдорларнинг босимига рози бўлса, у ҳолда Туркистон заминида кўп қон тўкилиши мумкин. Шундан асрасин!

 

Ўтган йили Гуржистон воқеалари ва ундан кейин Украина ҳодисалари борасидаги саволларга жавоб берганимда, янги давр инқилоби учун Қирғизистонда имконият борлигини ёзган эдим. Агар яқин орада бу самарали якун топса, у ҳолда илгари тахмин қилганимиздек, воқеалар Қозоғистонга кўчиши ва бу жуда ҳам жиддий тус олиши мумкин. Руслар жунбушга келишлари ва кутилмаган оғир воқеалар ҳам юз бериши ҳеч гап эмас. Шу боис бугун Туркистон мамлакатларининг мухолифат кучлари бирлашадиган ва биргаликда ҳаракат қиладиган, ўйинлар тузоғига тушмасдан сиёсий йўл билан масалани ҳал қилиш чораларини кўрадиган палла.

 

Қирғизистон демократия ўлкаси бўлса, бу Ўзбекистон озод бўлиши учун платформа ташкил этади. Бугун Қирғизистондаги ўзбеклар қирғизлар билан ёнма-ён турганлари ва ҳатто етакчилик қилаётганлари жуда қувончли ҳолдир. Бугун Ўзбекистондаги мухолиф кучлар кузатувчи ролини ўтамасдан, улар билан ёнма-ён эканликларини амалда кўрсатишлари керак.

 

 

Бор-э, сен ҳам Хўжа Аҳрорники!

 

23 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Баъзи ўзбек мухолифатчилари қирғиз мухолифат лидерларига орқада юрманг, намойишчиларнинг олдида юринг, дея ақл ўргатишмоқда. Шунга нима дейсиз? (Рустам).

 

 

ЖАВОБ: Сиз саволингизда ким бу гапни айтганини ва ўша шарҳни ҳам қисман келтирган экансиз. Биласизми, тўғри келган ҳар бир шахснинг қаердадир айтган ёки ёзган ҳар бир гапига бу ерда муносабат билдираверсак, биринчидан, унинг шахсига диққатни ошириб юборган бўламиз ва иккинчидан, умумий, муштарак муаммоларимиздан четлашиб кетамиз.

 

Шунга қарамай, саволингиздан, яна бир қизиқ савол келиб чиқмоқда: “Шундай шароитда ўзбек мухолифатининг “лидериман” деб юрганларнинг ўрни қаерда бўлиши керак?”

 

Қирғизлар билан ёнма-ён турса бўлади, десангиз, жавоб ҳозир: ”Каримов чегараларни ёпиб ташлади”.

 

Четдагилар Қирғизистонга бориши мумкин, десангиз, яна жавоб тайёр:  ”Каримов ушлаб кетади”.

 

Бутун мухолиф кучлар бирлашиб, ҳар куни баёнотлар бериб туриши, Тошкентда Қирғиз элчихонаси ёнида намойишлар ўтказиш имконияти мавжуд десангиз, яна жавоб бор: “Каримов қатағонни бошлатади” ва ҳоказо.

 

Шундай экан, ҳамма нарса битта одамга боғлиқлигини кўрган Хўжа Насриддин эшагидан тушиб, унинг орқасига бир тепиб, “Бор-э, сен ҳам Хўжа Аҳрорники!” деганидек, сиз ҳам ҳафсалангиз пир бўлиб, “лидерлар”дан юз ўгириб, “Бор-э, сени ҳам қўрқоқ Каримовдан фарқинг йўқ!” дейсиз-да.

 

 

Татяна китоб ёзадими?

 

24 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Кейинги кунларда Каримовниг хотини Татяна Акбаровна кўринмай қолди, бу ҳақда бирор нарса биласизми? (Муҳсин).

 

 

ЖАВОБ: Йўқ, билмайман. Қизиққаним ҳам йўқ. Чунки унинг ўзбек жамиятида ҳеч қандай роли ва ўрни йўқ.

 

Аммо Каримов жаноблари ушбу “Савол-Жавоб” саҳифасини кузатиб бораётганлари боис, бир таклифим бор.

 

Ислом Абдуғаниевич, ўз отингиздан чиқаётган китобларга ҳеч ким ишонмай, қарамай қўйган. Сизни мақтаётганларга ҳам. Энди битта йўли қолди. Татяна Акбаровна “Маликаи турондотнинг кундаликлари” деган бир китоб чиқарсин.

 

 

 

Бир ўқ билан икки қуённи урасиз: ҳам маликангизни жамиятга олиб кирасиз, ҳам ўзингизни элга танитасиз. Лекин бу китобни унга ёздирманг, баъзи сирларингизни элга ошкор қилиб қўйиши мумкин.“Қаҳрамон” маддоҳларга топширсангиз, улар китобни аёлона услубда ёзиб, бу ишни боплайдилар.

Ажабмас, бу китобни халқ ўқиб қолса!

 

 

Вақт ўтиб кетмоқда

 

24 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Осилсанг баланд дорга осил, деган гапга амал қилиб, Каримов режимига қарши бўлган барча кучлар жуда ҳам катта нарсаларни орзу қилмаяптиларми? (Насиба).

 

ЖАВОБ: Баъзан менга ҳам шундай туюлади. Дарвоқе, тасаввур қилинг, бир одам умрбодга қамалган. У камерада ўтириб, “Мен адолат тизимини қайта қураман” дейди. Ҳар куни шу ҳақда ўйлайди ва гапиради. Шу зайл 15 йил ўтиб кетади. Бир куни камерадоши:

-Сен аввал бу ердан чиқиш ҳақида ўйла. Ноҳақ қамалганман, дейсан, қаерга мурожаат қилдинг, ёки бу ердан чиқиш учун қандай тадбирлар кўрдинг. Олдинга мақсад қилиб қўйишинг керак: биринчидан, озодликка чиқишни, иккинчидан, номингни оқлашни ва учинчидан, одамларда ўзингга нисбатан ишонч пайдо қилишни…Ана шундан кейингина, адолат тизимини ўзгартириш ҳақида бонг урсанг, натижаси бўлади,-деган экан.

 

Шунда у қуйидагича жавоб қилибди:

 

-Келиб-келиб сен жиноятчи менга ақл ўргатасан-ми?

 

Бугун Каримов режимига қарши бўлган кучлар орасида вазият ана шундай. Таклиф айтган ёки танқид қилган одам ё хоин, ёки МХХнинг жосуси, деб эълон қилинади. Озодликка чиқиш ҳақида эса аниқ бир режа йўқ. Вақт ана шу зайл ўтиб кетмоқда.

 

 

Инқилоб муборак!

 

24 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Акаев тақдири Каримовга дарс бўлармикан? (Носир).

 

ЖАВОБ: Қирғиз элга инқилоб муборак бўлсин!

 

Агар диктаторлар бошқа ҳукмдорларнинг бошига келган воқеалардан дарс олганларида улар диктатор бўлмас эдилар. Улар доим тескарисига ҳаракат қиладилар. Уларнинг шиорлари “Хотинингдан маслаҳат сўра ва тескарисини қил” шиоридан фарқ қилмайди.

 

Маълумотларга кўра, Асқар Акаевни Ички ишлар вазирини ва Бош прокурорни алмаштириб, золимроқ одамларни тайинлашга ундаган Ислом Каримов экан. Аслида бундан бир неча йил олдин кетишни истаган Акаевни кетмасликка ундаган ҳам Каримов эди.

 

Мана энди у “яхшилик” қиламан, деб Акаевни чоҳга қулатди. Чунки Акаев “чақмоқ инқилоби”дан бир кун аввал Бишкекда намойишчиларга қарши куч ишлатмаганда революция бунча тезлашиб кетмаган ёки Акаев шармандали қочишга қадар етмаган бўларди. Буни унинг ўзи танлади. Путин ва Каримов унинг жонига ора кира олмадилар.

 

Каримов ҳозир ухламасдан чора-тадбир қидириш билан овора. У яқин орада Акаевни “латта эди” деб ёмонлаб, кечагина “қора кучлар” деб атаганларини эса табриклаб қолади ва мақтайди.

 

Аммо барибир Каримовнинг ҳам келажаги шармандали якун топади. Қирғизистонга келган Наврўз шамоли Ўзбекистонга томон эсиши ҳам муқаррар. Бугун бўлмаса, эртага, эртага бўлмаса индин, барибир бу режим якун топади. Қирғиз халқига ва уларни жунбушга келтирган ўшлик, жалолободлик ўзбекларга қойил қолмоқ керак. Улар ўзликларини англаб етдилар ва демократия байроғини баланд кўтардилар.

 

Ўзбекистонда бу осон кечмайди. Каримов ва унинг жаллодлари қон тўкиш учун қўлларидан келган ҳамма ишни қиладилар. Лекин бу қон, бу зулм уларни сақлаб қолмайди, балки ювиб кетади,

 

 

Букрини гўр тузатади

 

25 Март, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Қирғизистон воқеаларидан кейин Каримов юмшайдими ёки янада қаттиқўллик кўрсатадими? Нима деб ўйлайсиз? (Улуғбек).

 

 

ЖАВОБ: Баъзи раҳбарларни диктаторга айлантирган нарса уларнинг ички қўрқувлари, ўзларига ва одамларга ишонмасликларидир. Шу жиҳатдан қараганда Каримовнинг ҳам тиззаси қалтирамоқда.

 

У нима қилиши мумкин? Менимча, шундай ҳам кучсиз бўлган демократик мухолифларга ёпишмаса керак. Акс ҳолда демократик давлатларнинг “Бундай қилсангиз бошингизга инқилоб келиб қолади” дея берадиган дашномини истамайди. Аммо кузатув ва назоратни сусайтирмаслиги аниқ гап. Кўпроқ диққатни диндорларга қаратишда давом этса керак.

 

Айни пайтда Қирғизистондаги воқеаларни таҳлил қилиб, ҳукуматда ишлаб, четга сурилган одамларни қаттиқроқ назоратга олиши мумкин. Чунки Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда ҳам халқни ғалаёнга бошлатган кишилар-булар ҳукуматдан ишдан кетган собиқ раҳбарлар эканлиги сир эмас.

 

Президент девонидан чиққан электрон мактубга кўра, Каримов ҳукуматда ишлаётганларни, вилоят раҳбарларини ҳам қаттиқ назорат қилишни, уларнинг Интернет алоқаларини текшириб чиқишни, телефонда кимлар билан қандай мавзуларда гаплашаётганларини, қаерга бориб келаётганлари ва кимлар билан айшу ишратда бўлаётганларини МХХ баробарида президент девонига қарашли махсус хизматга топширгани айтилади.

 

Менимча, турли ўйинларга уста бўлган Каримов бундай назоратни тўла амалга ошира олмаслигига кўзи етгани боис, атайлабдан бу “хабар”ни ташқарига сиздирган бўлиши мумкин. Вазиру вазоратни ваҳимада, қўрқув ичида тутиш учун!

 

Унинг махсус хизматларга чет эл ташкилотлари, элчихоналар, банк муносабатлари ва хорижий матбуотга кўз-қулоқ бўлишни топширгани эса аниқ маълумотдир.

 

 

“Чақмоқ инқилоби”

 

26 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Қирғизистонда юз берган воқеага “Чақмоқ инқилоби” деб ном берганингиз менга ёқди. Ҳақиқатдан ҳам чақмоқдек тез юз берди. Лекин гапларингиздан ҳали Ўзбекистонда бундай воқеалар юз беришига вақт бор, деган хулоса чиқмоқда. Бунга қўшилиш мумкин. Лекин Қирғизистондаги инқилобнинг Ўзбекистон учун ҳеч қандай аҳамияти йўқми? (Юсуф).

 

 

ЖАВОБ: Жуда катта аҳамияти бор. Энг асосийси Каримов, Путин ва уларнинг сон-саноқсиз мафкурадош гумашталари йиллар давомида қурган “метин” қалъа қулай бошлади.

 

Маълумки, 15 йилдан бери Каримов Ғарбга “Агар биз кетадиган бўлсак, бир зумда исломий экстремистлар ҳокимиятни босиб оладилар!” деган гапни уқтириб келмоқда.

 

Мен ишим юзасидан ва қизиқишим доирасида жуда кўп сиёсатчилар, Марказий Осиё билан ишлаётганлар ҳамда мутахассислар билан гаплашиб келганман ва ҳозир ҳам тортишиб тураман.Йиллар давомида каримовчиларнинг гапи кўпчиликнинг зеҳниятига чуқур сингиб қолган. Улар ҳақиқатдан ҳам бу режимлар кетса, ҳокимиятга ким келади, деган саволга жавоб топишда қийналиб қолганлар. Исломий экстремизм шу қадар кучли қилиб кўрсатилмоқдаки, бу борада гап очилса, улар “Алабўжи”дан қўрққан боладек таҳликага тушадилар.

 

“Йўқ, Марказий Осиёда дунёвий режим, демократия тарафдорлари кўп”, десангиз, фақат АҚШ Давлат департаменти, Хьюман Райтс Ватч, Сорос фонди каби ташкилотлардагина бунга ишонадиганлар топилади. Кўпчилик ишонқирамай қарайди. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Чунки Каримов режимининг 15 йилдан бери давом этиб келаётган сиёсати, қўлга олинган диндорларнинг “иқрорлари”, сирли портлашлар, давомли судлар, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати атрофидаги шов-шувлар, Ҳизбу ат Таҳрир ваҳимаси, турли варақалар, ким томонидан яратилгани номаълум қолаётган исломий-радикал веб саҳифалар, турли туман янги оқимлар ҳақидаги маълумотлар… Истайсизми, истамайсизми, Ғарб сиёсатшунослари ва таҳлилчиларига қаттиқ таъсир қилган.

 

Ўзбекистонга бориб келмаганлари у ерни Арабистон каби тассаввур қиладилар. Ҳатто Ўзбекистондаги исломий ҳаракатлар ҳақида бир фильм олишганда (Канадада олинган) Тошкентда ҳамма эркаклар салла ўраган, ҳамма аёллар паранжи остида ва бутун ҳукумат идораларидаги ёзувлар араб тилида, одамлар ҳам арабча гаплашган тарзда тасвирлаганлари бунинг бир исботдир.

 

Шу жиҳатдан, каримовчилар яратган ана шу “имидж”ни бузишда Қирғистон жуда катта синов эди. Чунки исломий экстремизм ва гиёҳвандликнинг ўчоғи сифатида шу ўлка кўрсатилар эди-да. Бу ерда сайловлар муносабати билан бошланган намойишлардан кейин дарҳол исломий экстремизм ҳақида гапирганлар кўпайиб кетгани ҳам ана шундан.

 

Мана инқилоб юз берди ва “Алабўжи” кўринмади. Умуман исломий ташкилот ва гуруҳларнинг инқилоб у ёқда турсин, олдинги намойишларда ҳам ҳеч қандай сас-садолари эшитилган эмас, ўринлари кўринган эмас. Бу эса Тожикистонда сайловларда бир фойиз ҳам овоз ололмаган бундай ташкилотлар Қирғизистонда ҳам ҳамин қадар эканлигини кўрсатди. Марказий Осиё халқлари мусулмон, аммо экстремист эмас. Маърифат, эркинлик, демократияни истаган мусулмонлар эканлигига қирғиз инқилоби кучли ҳужжат бўлди.

 

Бугунга қадар Каримов режимига очиқ қарши чиқмаган Ғарб энди жиддий ўйлаб кўришга, бу “имидж”га қарши бўлганларга қулоқ солишга ва ишонишга, тадбирлар бошлатишига замин мавжуд. Бошқача айтганда Каримовнинг “Алабўжи”си қўлбола “Алабўжи” эканлиги кўриниб қолди.

 

Бу қирғиз инқилобининг Ўзбекистонга ва умуман дунёга таъсирини кўрсатадиган фақат бир жиҳатидир. Бундан ташқари ҳам жуда кўп жиҳатлар борки, улар ҳақида ҳам келгусида гаплашиш мумкин.

 

 

Мўжиза…

 

27 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Каримовнинг кетиш учун қандай йўллари қолди? Қарашларингизга ўзгариш юз бердими?(Асламбек).

 

ЖАВОБ: Илгари бу масалага батафсил тўхталган эдик, лекин савол Қирғизистондаги воқеалардан кейин яна ўртага келиши турган гап ва бу борада олдинги қараш ларимда жиддий ўзгариш бўлган эмас. Мавжуд шаротлардан келиб чиқиб, олдинги каби тахмин қилиш мумкин, албатта бу менинг шахсий тахминим:

 

1.Тўсатдан келадиган ўлим. Ҳеч ким бундан йироқда эмас.

2.Каримовнинг ўзи жиловни қўлда сақлаган ҳолда ҳокимиятни кимгадир топшириши.

3.Каримовнинг саломатлиги ёмонлашган тақдирда саройда юз берадиган яширин тўнтариш.

4. Мўжиза…

 

 

Ҳамма нарсани ўз номи билан айтайлик!

 

28 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Арабларнинг Рисолатни ёйиш учун қилган юришларини босқинчилик дебсиз, ваҳоланки, улар тўғридан-тўғри бир мамлакатга кириб боришмаган, магарам исломни қабул қилишни шарт қилишган ва 3 кун муҳлат беришган, шундай мамлакатлар бор, бир томчи қон оқмаган.

 

Саҳобийлар бирор ҳудудга кирса, ҳамма жойни ёндириб, таламаган, ҳатто буни ўша даврда яшаган испан тарихчилари ҳам ёзиб қолдиришган…”Улар озиқ-овқатни бозордан пулларига сотиб олардилар” деган маълумотлар сақланиб қолган…Абу Райҳон Берунийнинг воқеадан 250-300 йил кейин яшаганликларини ҳисобга олсак, кечаги кунни таҳлил қилгандай ёзишларига бир нарса дейиш қийин. Шундай эмасми? (Полвон).

 

 

ЖАВОБ: Масалага бу мантиқдан келиб чиқиб қарайдиган бўлсангиз, дунё тарихидаги жуда кўп уруш ва босқинчиликларни оқлаб қўйган бўласиз ва Қуръони Каримда “Исломда зўрлаш йўқ” деган қоидага қисман бўлсада амал қилинмаган деган хулосага замин яратасиз.

 

Шунингдек, Абу Райҳон Беруний каби улуғ олимларга ишонмайдиган бўлсангиз, ёки улар ёзганлари воқеалардан анча кейинги таҳлил, холос, десангиз у ҳолда умуман олим бўлмаганларнинг турли ривоятларига, минг йил олдин фалон нарса бўлган деганларига нима учун ишониш керак, деган саволни ўртага қўйган бўласиз.

 

Шу боис бу масалага қанча чуқур кириб бораверсангиз саволлар шу қадар кўпаяверади. Хуллас, кечаги кунни қайтариш мумкин эмас, аммо эртанги кунни яратишга кеч қолиш мумкин. Шу боис кўпроқ вақтни ана шунга сарфлаш керак, деб ўйлайман.

 

Биз кўрмаган ва гувоҳи бўлмаган кечаги кун тарихчиларнинг ҳукмига ҳавола, эртанги кунни яратиш сиз ва бизга. Бу йўлда, демократияга етишмасак, ҳеч нарсага етиша олмаслигимизни уқиб олган музаффар бўлади, деган фикрдаман.

 

 

Сиз Ўзбекнинг бахтини қаро қилгансиз!

 

28 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Қирғизистонда бўлаётган воқеалар у ерда ҳар ҳолда мухолифатнинг суянадиган аҳоли қатлами борлигидан далолат. Бизда 90 йиллар бошида зиёлилар жамиятда асосий куч эканлигини исботлашганди. Кейинчалик эса Тожикистон воқеаларидан кейин активликлари умуман йўқолди. Бунга албатта ҳукуматнинг қаттиққўл сиёсати ҳам сабаб (Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги ўқитувчилар намойиши қатнашчиларининг кўпчилигини бедарак йўқолганини назарда тутяпман). Шу пайтгача ҳам зиёлиларимиз тинчликни 1-ўринга қўйиб, кўп нарсаларга чидаб келишмоқда ва билмайман қанчагача чидашади? Айтингчи, бу қатламни сиз ҳали ҳам Ўзбекистонда катта куч бўлишига ишонасизми? (Баҳром).

 

ЖАВОБ: Мазкур қатламнинг юзадаги қисмига ишонмайман. 1990 йиллар бошида асосий куч бўлган зиёлиларнинг кўпчилиги халқни мурдадек босиб ўтиб, қўлланиб, Каримов режимига сотилдилар. Аммо шу қатламнинг ёнида бошқа бир сиртқи қатлам борки, унга ишонаман. Бу Каримов режимига ҳамон мухолиф қарашдаги зиёлилар ва ёшлар.

 

 

Мен яқинда Ўзбекистондан электрон почта орқали, “Туронзамин” журналида эълон қилишим сўралган ва  бир гуруҳ ёшлар имзолаган мурожаатнома олдим. Бу ташқи кўринишдан “ўлик” одамларни тирилтиришга уринишдек туюлсада, аслида ҳақиқий аҳволни кўрсатадиган кучли ҳужжатдир.

 

Мана ўша мурожаатнома. Уни мана бу ерда ўқишингиз мумкин ва мурожаатнома “Сиз Ўзбекнинг бахтини қаро қилгансиз” (матн кирилда) деб номланади.

 

Рауф Парфи

 

29 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Рауф Парфи оламдан ўтди, бугун Лабзакда қабрга қўйдик. Эшитдингизми?(Муҳиддин).

 

ЖАВОБ: Эшитдим…Жойи жаннатда бўлган бўлсин!

 

Илк бор Рауф Парфи деган шоир борлиги ҳақида талабалик йилларимда эшитган эдим.Аммо шеърларини ўқимаган эдим. Унинг “Дилоромнинг кўзлари” деган тўплами чиққандан кейин, катта шоир эканлигини билгандим.Бу китоб бизнинг курсдошимиз Дилором Исоқовага бағишланган эди.

 

Дўрмонда ёш ижодкорлар билан учрашувда Дилоромни севиб қолган Рауф Парфи унга уйланди ва севгилари анча-бунча афсоналарга боис бўлди. 1990 йилларнинг бошида уларнинг ҳар иккаласи ҳам ЭРК партиясида эдилар. Дилором Партиянинг етакчиларидан бири эди. У эса оддий, аммо залворли аъзоси.

 

Улар эр-хотин сифатида ажралдилар, аммо дўст бўлиб қолдилар. Бу Ғарбда кенг ёйилган одат. Ажралгандан кейин ҳам дўст бўлиб қолаверадилар. Аммо Шарқда эр-хотин ажралдими, абадий душманга айланишади. Рауф Парфи ва Дилоромнинг ажралганини эса кўпгина яқин дўстлари ҳам билишмасди. Чунки улар ҳамма намойишлар, ҳаракатлар ва мажлисларда бирга қатнашиб юраверардилар. Ҳатто Дилором унга моддий жиҳатдан ҳам қарашиб турганини эшитиб ҳайратда қолгандим, аслида тескариси бўлишига одатланганимиз бу дунёда…

 

Рауф Парфи улуғ, бетакрор шоир, Туркистон бирлигини орзу қилган адиб эди. Ўтган йил Тошкентга телефон қилганимда забардаст шоира Гулчеҳра Нуруллаева овозлари титраб, йиғлаган оҳангда:

 

-Жаҳонгир, бугун даҳшатли хабар олдим,-дедилар,- бу аблаҳ режим одамларни хор қилди. Улкан бир истеъдод, катта бир шоир метронинг чиқишида гадойлик қилиб турганини айтишди, дод деб юбораёздим…

 

Менинг кўз олдимга дарвеш шоир, ҳақиқатдан сўфиёна, дарвешона ҳаёт ошиғи, гоҳида шишани қўлтиқлаб, гоҳида унга эллик грамм қуйиб берган ёш шоирни қўлтиқлаб юрадиган Рауф Парфи келди.

 

-Рауф аками?-деб сўрашга журъат этдим. Гулчеҳра опа ҳеч нарса демасдан йиғлаб юбордилар. Бугун ҳам Ўзбекистоннинг дилоромлари ва гулчеҳралари йиғламоқдалар…

 

”Туронзамин” журналини ташкил этганимизда биринчи сонида Рауф Парфининг мана бу шеърини чоп этгандим.

 

 

Ўзбеклар айтингиз, бизда нима бор?

 

Бизда бор мутелик, қуллик, озорлар.

 

Бизда бор қуллардан кетган ихтиёр,

 

Ҳайқириб ётибди буюк мозорлар!

 

 

Ўзбеклар айтингиз бизда нима бор?

 

Бизда йўқ иттифоқ, бизда йўқ бирлик.

 

Оёқ остидадир инсоний ҳуқуқ,

 

Оёқ остидадир муқаддас ҳурлик!

 

Мана энди, абадиятга кетган улуғ шоирнинг ҳурлик деган садосини буюк мозорлардан келадиган ҳайқириқлар элдан-элга ташийди. Зотан бизда инсон ўлгандан кейингина қадрланади! Бу ҳам бизнинг ўзлигимиз, ўзбеклигимиз!

 

 

Нега Ўзбекистонда инқилоб бўлмайди?

 

29 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Нима сабабдан Ўзбекистонда инқилоб бўлмайди, деб айтмоқдасиз? (Холида).

 

 

ЖАВОБ: Мен Ўзбекистонда умуман инқилоб бўлмайди, деб айтган жойим йўқ. Аммо ҳозирги шароитда бўлмаслигига кўзим етганини айтганман. Ҳали ҳам шу фикрдаман. Инқилобни уюштирадиган, бошқарадиган куч йўқ. Тўғрироғи режим вақти-вақти билан етишиб турган ана шундай кучни бичиб ташлаган ва йўқ этиб келмоқда.

 

Ўзбекистон бугун катта қамоқхона ҳолида. Одамлар турли туман камера-катакларга тиқиб ташланган. Бош кўтариш юз берса, ана шу катакларнинг ичидан ташқарига чиқмайди. Чунки ўртада девор, тўсиқлар бор. Бир камерада исён юз берса, қолганларнинг қўлидан нима келади? Фақат темир қошиқлари билан темир косачаларини уриб, шовқин кўтаришлари мумкин, холос. Бу эса бутун қамоқхонадагиларни озод қилишга қадар етиб бормайди. Чунки қамоқбон қонхўр ва муросага бормайдиган жаллод.

 

Бошқача айтганда бир ниҳолни экиш учун юмшоқ ер ва сув зарур. Уни чўлга олиб бориб ҳам экишингиз мумкин. Аммо кўкармайди. Инқилоб учун ҳам шароит керак. Каримов режими ҳамма ёқни чўлга айлантириб ташлаган. Ҳатто ниҳол экиш учун ҳозирлик кўриш ҳақида ўйлаганларнинг фикри қатағон қилинади.

 

Қирғизистон, Украина ва Гуржистонда мукаммал диктатура ўрнатилмаган эди. Яккаҳоким режим бўлган, аммо халқнинг сиёсий фаоллигини бичиб ташлайдиган қонли диктатура даражасига етмаган эди.

 

Ўзбекистонда ҳам инқилоб бўлиши мумкин. Масалан, юзлаб вариантлардан бири, шуки, Каримовдан кейин бўладиган ҳукмдор  вазиятни бироз юмшатишга мажбур бўлади ва икки-уч йил ичида унга қарши бошқа бир “ҳукумат” етишади ҳамда халқни оёққа турғазади.

 

Ёки Каримов тузган партиялар Каримовдан кейин тахт учун кураш бошлатадилар ва ҳокимиятга келиш мақсадида халқни қўлланадилар.

 

Шунингдек, бугунги шароитда қорин исёнлари юз бериши ҳам мумкин, аммо улар сиёсий инқилоб даражасига етиб бориши мушкул.

 

Аслида тез-тез адашиб турадиган инсон ҳеч қачон хато қилишни, адашишни истамайди. Аммо мен бу яқинда инқилоб бўлмайди, деган фикрим жуда ва жуда хато бўлиб чиқишини истардим…

 

 

Тарихий иллат

 

30 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ: Қирғизистонда Бакиев ва Кулов ҳокимият талашмоқда, деб ёзишмоқда. Наҳотки лидерлар ҳамма вақт халқни эмас, ўзларини ўйлайдилар? (Мўминбек,2005 йил, 30 Март).

 

ЖАВОБ: Ташқи кўринишда Қирғизистоннинг собиқ ва амалдаги Бош вазири Қурмонбек Боқиев билан собиқ вице президент ва амалдаги кучишлатар вазирликлар ҳокими Феликс Қулов ўртасидаги нифоқ битгандек кўринмоқда. Аслида мана шундай кўриниш бериш ҳам катта мардлик талаб қилади. Чунки ҳокимият шундай нарсаки, булар ҳали яқин дўстлар эмас, яқин дўстларни, ака-укани, ота-болани бир-бирига душман қилади.

 

Бунга Ғарб ва Араб дунёсини бир томонда қўйинг, Шарқнинг ўзида ҳам  мисол жуда кўп.

 

Қўлларини ханжар билан кесиб, қонларини қўшиб ака-ука тутинган Тимучин(Чингизхон) билан унинг болаликдан бирга ўсган дўсти Жамука орасидаги мудҳиш интиҳо…

Амир Темур билан амакисининг ўғли Ҳусайин ўртасида Самарқанд учун тўкилган дарё-дарё қон…

Тарихимизда падаркуш номини олган Абдулатифнинг ўз отаси Улуғбек Мирзони ўлдиришга фатво бериши… ва ҳоказо ва ҳоказо.

 

Бу иллат бугун ҳам давом этмоқда. Узоқ йиллар дўст бўлган, тунларни тонгларга биргаликда улаган ҳамда “эгизаклар” деб ном олган Каримов ва Мирсаидов ўртасидаги даҳшатли якун…

 

Йўқ “ҳокимият”га мухолифатнинг икки қаноти бошида турган “лидер”ларнинг 15 йиллик муноқашаси…

Шуларнинг ҳаммасини тарозига қўядиган бўлсангиз, Боқиев ва Қуловга тасанно айтиш керак.

 

Фақат шуни афсус билан илова қилиш мумкин-ки, ишончли манбадан олинган хабарга кўра Каримов Бош вазир Боқиев билан гаплашганда уни қўллаб қувватлашини айтган ҳолда, Қуловни дастакламаслигини ҳам билдирган. Қулов эса бундан хабар топган ва келиб чиқиши ўзбек бўлган янги Бош прокурорга бу ҳақда нолиган.

 

Америка учун Каримов муҳим эмас

 

31 Март, 2005 йил.

 

САВОЛ:Америка Каримовдан воз кечиши мумкинми? Уни ҳимоя қилиб майдонга тушмайдими? (Собир, 2005 йил 31 Март).

 

 

ЖАВОБ: Агар Қирғизистондаги каби вазият вужудга келса, АҚШ Каримовни ҳимоя қилмайди, балки ўзбек халқини ҳимоя қилади. Нега?

 

Биринчидан, Каримов “Американики” бўлолмади. Масалан, Покистон ҳам АҚШ билан терроризмга қарши курашда ҳамкор, Ўзбекистон билан айни даражада АҚШ учун муҳим. Лекин Покистон президентини АҚШнинг энг яқин дўсти, деб ҳар куни айтишади ва у йилда икки-уч марта бу мамлакатга сафар қилади, катта ёрдамлар олади.

 

Аммо Каримовга бундай ишонч ҳеч қачон билдирилган эмас. Чунки унинг ҳали АҚШга, ҳали Россияга оғиб туришини салбий ҳолат деб қабул қилишади.

 

Иккинчидан, илгари ёзганимдек, бугун АҚШ учун Каримов муҳим эмас, мамлакатнинг миллий манфаати ижоб этган нарса муҳим. Каримов алмашиб кетавериши мумкин, аммо АҚШнинг Ўзбекистондаги манфаати тураверади.

 

Учинчидан, АҚШнинг худди ана шу манфаати Ўзбек халқи учун ҳам муҳим. Чунки катта мамлакатдан катта ёрдам олиши мумкин. Бу амалда жиддий равишда сезилмаётган бўлса, демак айб АҚШда эмас, Ўзбекистон раҳбариятида. Аммо бир неча миллион одам турли йўллар билан АҚШдан олинаётган ёрдам, иш лойиҳалари, грантлар эвазига кун кечираётгани сир эмас.

 

Тўртинчидан, АҚШ маъмурияти демократияни ёйиш масаласида дастурлар ишлаб чиқаётган экан, истайсизми, истамайсизми зулм режими ҳукм сураётган Ўзбекистон ҳам эътибордан четда қолмайди. Ҳозир биринчи галда АҚШ Ўзбекистонда эркин матбуотни вужудга келтирмоқчи ва шу йўналишда одимлар отмоқда. Буни яқинда демократия борасида эълон қилган йиллик ҳисоботида ҳам алоҳида қайд этди.

 

Бешинчидан, бирор бир давлат ҳокимиятсиз қолган яккаҳоким раҳбарни ҳимоя қилиб, унинг учун майдонга тушмайди. Агар тушганда Россия Акаевдек содиқ қули учун майдонга тушарди. Бундай бўлмади. Шу боис ўзбек халқи оёққа туриб, Каримовни қувадиган бўлса, АҚШ халқ томонида бўлиши аниқ.

 

 

Ўзбекистон барқарор ўлками?

 

1 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ:  Қочиб кетган Акаевнинг “Ўзбекистон барқарор ўлка”, дея айтган гапларига нима дейсиз? (Муроджон).

 

ЖАВОБ: Бу гапни бугун биринчи Апрел куни айтганда эди, ҳазилга йўйиб юборган бўлардик. Барибир ҳам у ўлик сиёсатчи бўлгани боис унинг гапларини жиддий олиш керак эмас.

 

У ҳали ҳам нима бўлгани ва бўлаётганини идрок эта олмаяпти. Бишкекда инқилобни амалга оширган “Бирге” ёшлар ташкилоти, яъни талабалар “Акаевнинг қабр тоши”ни ҳозирлаш шиори остида пул тўплашмоқда экан. Улар бутун оиласини сиёсатга суққан,  оиласи билан бирга коррупцияга ботган, демократдан яккаҳокимга айланган Акаев учун марказий майдонда қора тошдан монумент ўрнатиб, унинг қора тарихини бошқаларнинг кўз олдига тиклаб қўйишмоқчи. Менимча, мақтовга сазовор, яхши ҳаракат.

 

Қирғиз ёшларининг ташаббусини давом эттирган ҳолда, Каримов кетганда кейин Мустақиллик майдонига йирик қора тош ўрнатиб, “1989-200.. йиллар давомида бу ўлканинг бошида халқининг қонини ичган диктатор, қора қузғун турганди” деб ёзиб қўйилса, кейинги раҳбарлар учун ибрат бўлар эди.

 

 

Пайтавасига қурт тушган

 

2 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз Қирғизистондаги каби воқеалар юз берган жараёнда АҚШ Каримов томонида эмас, ўзбек халқи томонида туради, дебсиз. Бунга қандай асосингиз бор? (Нозим).

 

ЖАВОБ: Албатта, ҳар қандай фикр айтилганда, қандайдир асосга таянилади. Менда ҳам шундай замин мавжуд. Бошқаларини қўйиб турайлик, ҳозир АҚШда бошқарувни қўлда тутган республикачилар партиясининг етакчи газетаси, деб танилган “Вашингтон таймс” рўзномаси 2005 йил, 1 Апрел сонида АҚШ конгресси, вакиллар палатасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё қўмитаси раиси Илеана Рос-Леҳтиненнинг “АҚШнинг Марказий Осиёдаги роли” сарлавҳали мақоласини чоп этди.

 

Мақоладан, жумладан, Ўзбекистон масаласида ҳам қатор саволларга жавоб топиш мумкин.

 

Биринчидан, муаллиф АҚШнинг Қирғизистон борасидаги сиёсати Марказий Осиёда бошқаларга нисбатан ҳам айни шаклда сиёсат юрғизишни тақозо этаётганига урғу беради.

Иккинчидан, зулмга таянган режимлар машинаси исломий радикализмни кучайтираётганлиги ва халқаро таҳликани ошираётганлиги таъкидланади.

Учинчидан, минтақада мухолиф партиялар фақат қоғозда ёки  Ўзбекистондаги каби ўзини мухолифат деб атаётган гуруҳлардан иборат бўлиб қолганига диққат тортилади.

Тўртинчидан, бундай вазият АҚШни қониқтирмаслиги ва 2004 йилда АҚШ маъмурияти Ўзбекистон билан тузган стратегик шартномасини жиддий назардан ўтказгани ва Ўзбекистон ҳукумати 2002 йилдан бери сиёсий ислоҳотлар ўтказиш борасида Вашингтонни алдаб келаяпти, деб хулоса чиқаргани ҳамда  шартномани бекор этгани айтилади.

 

Ана шулардан келиб чиқиб, конгрессда янги ҳужжатлар тайёрланаётганига ишора этилади.

Бу гаплар шунчаки бир одамнинг эмас, Марказий Осиё борасидаги сиёсатни белгиловчи шахснинг гаплари бўлгани, АҚШ Каримов томонида эмас, балки ўзбек халқи томонида, деб айтишга асос яратади.

 

Кейинги пайтда Каримов пайтавасига қурт тушган одамдек типирчилаб қолгани ҳам ана шундан.

 

 

Ўзига хос бир мафия

 

4 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ:Бугун Ўзбекистонда ўзига мухолифат кўринишини бераётганларнинг кўпчилигини рус тилида гаплашадиганлар ташкил қилади. Улар ўзбек тилини ўрганмасдан қандай қилиб ҳокимиятга келмоқчилар (Сулаймон).

 

ЖАВОБ: Аслида ҳар бир мамлакатда турли тилларда сўзлашувчи турли халқларга ҳам уларнинг инсоний ҳуқуқлари кафолатланиши керак. Бу демократиянинг шартларидан бири.

 

Аммо улар шу мамлакатда яшайдиларми унинг қонунлари, тили, маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилишлари керак. Масалан, Америкада тилни билмасдан ҳам яшаш мумкин. Аммо энг кейинги одам бўлиб. Олдинга чиқиш учун эса инглиз тилини билишингиз зарур.

 

Ўзбекистонда яшаган рус тилида сўзлашувчилар учун қонун бир неча йил муҳлат берганди ва улар ҳалига қадар ўрганмадилар. Ўрганаман, деган одам бир тилни бир-икки йилда ўртача даражада ўрганади.

 

Аммо орадан 15 йил ўтди ва сиз айтаётган бугунги ‘мухолифатчилар ҳалига қадар ўзбек тилини билмайдилар. Аслида бу ўзбек тили ва ўзбек халқи учун қаттиқ ҳақорат, унинг тилини менсимасликдир.

 

Агар ‘мухолифатчиман демасалар, ҳокимият учун курашмасалар, уларни ҳам тушуниш мумкин, энг кейинги одам бўлиб яшашни танлабдилар, бу уларнинг ҳаққи дейсиз.

 

Зотан сиз айтган гуруҳларнинг мақсади ҳукуматга келиш эмас. Улар кела олмасликларини ва мўъжиза рўй бериб, келган тақдирда ҳам ишлай олмасликларини жуда яхши биладилар. Бугун мактабларда лотинда ўқитилмоқда. Кирил суриб чиқарилмоқда. Шундай экан, келажакда улар мутлоқ чаласавод бўлиб қоладилар. Буни англаб турибдилар. Аммо тирикчилик.

 

Бугун Россияга борсалар қора иш қилишлари керак. Ўзбекистонда эса ‘мухолифатчилик қилсалар долларнинг ичида ўйнайдилар. Бугун дунёдаги жуда кўп ташкилотлардан ажратилаётган миллион-миллион долларлар асосан ана шу рус тилли гуруҳларнинг қўлига ўтиб кетмоқда. Уларнинг берган сариқ чақасига муҳтож бўлган маҳаллий халқ вакиллари ҳам орқаларидан эргашиб юрибдилар.

 

Улар Каримов режими ҳақида ёзган ҳамма мақолалари, мурожаатлари рус тилида. Шу боис ҳам ҳукумат уларга индамайди. Чунки бу четга чиқади, ичкарига йўналган эмас, халқни қўзғатишга йўналган эмас. Ҳатто улар ташкил қилган веб саҳифаларнинг ҳам ўзбек тилидаги бўлимлари йўқ, борлари эса номигагина бўлиб, ҳеч нарса қўйилмайди, балки хорижий радиоларнинг сайтларидан у бу нарсани кўчириб қўядилар. Грант берувчини шу йўл билан алдайдилар.

 

Улар радио очишлари, газета чиқаришлари, китоб нашр этишлари, веб саҳифалар юритишлари мумкин. Диктатурага зарар етказмаганлари учун ҳукумат уларга деярли индамайди. Чегарадан билиб-билмай ўтиб қўйганларини эса баъзан жиловлаб туради. Бу ҳам грантни кўпроқ олишлари, Ғарбдан сиёсий бошпана топишлари учун уларнинг фойдасига ишлайди.

 

Бугун улар турли ҳуқуқлар учун кураш ниқоби остида ўзига хос бир мафияни ташкил қилганлар, десак янглишмаймиз. Улар тузган юзлаб ташкилотларнинг ҳатто кўпчилиги рўйхатдан ўтган ва бор-йўқлигини эл билмайди.

 

Биргина АҚШ муассасалари ўтган йили шундай ташкилотлар орқали йигирма миллион доллардан зиёд еб кетарга пул бергани ҳисоботларда қайд қилинган. Агар дунё бўйича ҳисоблаб чиқсангиз бу гуруҳларнинг қўлига йилда юз миллион доллардан кўп маблағ ўтмоқда. Шундай экан, уларнинг ўзбек халқи, тили, маданияти билан неча пуллик ишлари бор! Улар аслида юракдан Каримовни қўллайдилар ва  йўлига, заруратлари учун ‘мухолифатчилик қиладилар.

 

 

Ўзбекистонда  шаръий давлат қуриб бўлмайди

 

4 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: “Ўзбекистонда  шаръий давлат қуриб бўлмайди” деган гапингизга ‘ҳозирча шарти билан қўшиламан…Буни кўпгина катта олимлар ҳам таъкидлашади, халқнинг ҳали диндан узоқлиги ва диний илмларни пухта эгаллаган мутахассисларнинг етарли эмаслигини ҳисобга олиб, баъзи олимлар 40 йил керак дейишса, баъзилари бир авлод ўзгариши керак дейишади…Нима бўлганда ҳам ҳаммалари “ҳозирча” имкони йўқ деган нарсани айтишади…Шу ўринда менинг саволим:

 

Сиз ҳам баҳс юритишни бошқача тушинадиган бу халқ ҳали демократиядан узоқ дейсиз (тўғридан-тўғри кўчирма эмас, гапингизни маъноси, агар тўғри тушунган бўлсам)…Шундай экан, худди шариатни тушунадиган одамлар етарли бўлмаганидай демократияни тушунадиганларнинг камлиги демократик давлат қуришни узоқлаштириб юбормайдими? (Полвон).

 

ЖАВОБ: Баҳс юритишни билмайди, дейиш бу демократиядан узоқ, дегани эмас, балки демократиянинг бир чашмасидан бебаҳра, деганидир. Демократия бу уммон. сизга ҳам, менга ҳам етарли. Ўйлайманки, сиз ҳам бу уммондан баҳраманд бўлмоқдасиз. Акс тақдирда юқоридаги каби фикрингизни эмин-эркин ифода этишингиз мушкул бўларди.

 

Мен доим демократиянинг илдизлари халқимизнинг қонида, тафаккурида бор, деб келаман. Масалан, демократиянинг чашмаларидан биттаси одамларнинг бир-бирига тоқатли бўлиши, ҳар хил фикрларни ҳурмат қилиши, гапига қараб эмас, ишига қараб баҳо бериши, кўпнинг муаммосини бир кишига ёки илоҳий кучга ташлаб қўйиш эмас, балки кўплашиб ҳал этиш бу миллатимизнинг қонида бор.

 

Агар Наврўз каби анъаналаримизнинг хосиятларини синчиклаб ўргансак, бу илдиз бир неча минг йилларга узанишини кўрамиз. Форобийнинг демократик бошқарув ҳақидаги китобларидан, Сарбадорлар ҳаракатига, Бухоро амазонларидан Тўмарис қаҳрамонларига, Хўжа Насриддин образидан Алдаркўса ҳажвияларига қадар ҳамма-ҳаммаси халқимизнинг демократияга, турли фикрлиликка очиқлигини кўрсатади.

 

Аммо бугунга келиб, Каримовнинг зулм машинаси ҳам ўзини демократия, деб атаётгани боис, халқимизнинг ана шундай генетик хазинасига путур етмоқда. Минг йиллар давомида яккаҳокимлар, зулмдорлар, диктаторлар зулми остида яшаб келганига қарамасдан демократия руҳини йўқотмаган бу халқ озгина имкон бўлса, бу ниҳолни улкан чинорга айлантиради. Аммо бу ‘Олма пиш оғзимга туш эмас, сиз айтган каби анча вақт талаб қилади.

 

Демократия догма эмаслиги, ўз-ўзини янгилаб, хатоларини тузатиб, ўрганиб-ўргатиб борадиган тузум эканлигини ҳисобга олсак, бу жараён унчалик узоққа чўзилмаслиги ҳам мумкин.

 

 

Бунинг жавобини топган эртанинг президентидир

 

5 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Яқинда мен “Озодлик”радиоси орқали Жиззахда бир инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини ҳимоя қилиб 400дан ортиқ киши қўзғалганини эшитдим, кеча катта гапираётган Жиззах вилоят ҳокими Ёмонқулов бир кунда етиб келиб, ош қилиб, кечирим сўрабди. Ёки биз кўзлаётган: элнинг қўзғалиши пишиб етилаяптими? Мен тарихдан ўқиганларим  эски даврдан кўп қўзғолонлар стихияли равишда бўлиб, бир-бирига қўшилиб кетган. Бу давлат халқнинг бирлашиб кетишидан қўрқадими, сиз нима дейсиз (Акром).

 

ЖАВОБ: Одамларнинг турли сабаблар билан ана шундай қўзғалишлари аслида

ҳамма вилоятларда, тез-тез юз бериб келмоқда. Аммо кўпчилик асосан Жиззахда рўй бераётган воқеалардан воқиф бўлмоқда. Бу эса жиззахлик матонатли инсон ҳақлари курашчиси Бахтиёр Ҳамроевнинг тинмай бонг уриши натижаси, десак хато қилмаймиз.

 

Айни пайтда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Толиб Ёқубов ҳам Жиззахдан эканлиги бу вилоятдаги ҳодисалар жаҳон жамоатчилиги диққатига тез етиб боришига бир омил бўлмоқда дейиши мумкин. Бунинг учун уларга қойил қолиш ва миннатдорчилик билдириш керак. Қани эди ҳар бир вилоятдан ана шундай қўрмас ва иродаси метин бир неча киши жар солиб турса, бугун дунё янада кўп даҳшатлардан воқиф бўларди.

 

Ўзбекистонда қўзғолонлар нафақат етилган ва балки юз бериб келмоқда, аммо булар турли сабаблар билан бўлиб мамлакат миқёсида сиёсий қўзғолон даражасига етиши мушкул. Одамлар асосан ўзларининг яқинлари қамалсагина пикетга чиқмоқдалар, ўзларининг мулкларига ҳужум бўлсагина норозилик билдирмоқдалар, калтак ўзларининг бошларида сингандагина қўзғолонга қўшилмоқдалар. Бундай қўзғолонларни битта ош, юзаки кечирим ва ёлғон ваъда билан бостириб келишмоқда. Агар бу йўл иш бермаса, ёки одамларнинг қўшилиб кетиш шубҳаси пайдо бўлса жаллод раҳбарлар қурол ҳам қўллашдан қайтмайдилар. Уларнинг кечирим сўрашлари уларнинг халқдан қўрққанларидан эмас, мансабдан айрилиб қолишдан қўрққанларидандир.

 

Зотан маълумотларга кўра, Жиззах воқеасидан Каримов хабардор бўлган ва Мирзиёев, Ёмонқулов ҳамда Жиззах бўйича куратор Ғаниевларга қандай бўлса ҳам тинчитларинг, деган. Акс тақдирда уларнинг ким бўлишларидан қатъий назар, теппада ўтирган Алдаркўса орқаларига тепиши аниқ-да!

 

Бугуннинг энг долзарб муаммоси бу қўзғолонларни қандай қилиб сиёсий ҳаракатларга айлантиришдир. Бунинг жавобини топган ва уддалай олган гуруҳ  келажакнинг ҳукумати ва бунга бевосита лидерлик қила олган киши эса эртанинг президентидир.

 

 

Бошқа жойларингиз очилиб қолиши мумкин

 

6 Апрел, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Адресимиз сизнинг саҳифангиздаги хатлар бўлимида эълон қилингандан кейин бизга ажабтовур мактублар келмоқда, шунга нима дейсиз(Ўқувчилар).

 

 

ЖАВОБ: МХХни СНБ ҳам дейишади. Албатта, бу русчадан кўчирма. Энди у ўзига ‘Хуршида деб ном қўйганга ўхшайди. Акс тақдирда веб саҳифада электрон адреслари эълон бўлган баъзи ўқувчиларга мана бундай хатни юбориш кимга керак

 

хуршида_18@инбох.ру

 

АСАЛОМУ АЛАЙКУМ УЗР МАИЛИЗГА БЕРУҲСАТ ХАТ ЙУЛАГАНИМ УЧУН. БАЛКИ МАНДАН АНЧА КОТТАДИРСИЗ УНДАЙ БУЛСА СИЗДАН УЗР СУРАБ БИТТА НАРСА СУРАМОҚЧИ ЕДИМ АГАР ИЛОЖИ БУСА МАН ҲАМ ЖАҲОНГИР АКАГА ХАТ ЙУЛАСАМ БУЛАДИМИ. МАН СИЗЛАНИ ХАТЛАРИЗНИ САЙТЛАДАН БИРИДА КУРИБ МАНИ ҲАМ ХАТ ЁЗИШ ИШТИТОҚИ ТУГЪЛДИ. УШАНИ УЧУН АГАР СИЗИ АВОРА ҚИЛМАСАМ МАНГА ТУШУНТИРА ОЛМЙСИЗМИ ҚАНҚА ҚИЛИБ ХАТ ЙУЛАШНИ ИЛТИМОС.МАНГА ЁРДАМ  БЕРИНГ. ХУРШИДА.

 

 

Бечора “Хуршидахон ўша ўқувчиларга хат йўллашни билибдилару, лекин каминага қандай қилиб мактуб юборишни билмабдилар-да. Балки шу йўл билан жавоб олиб, (қизларга хат ёзишга шошиладиганлар кўп-да, айниқса, 18 ёшдалигига шаъма бўлса!) кейин хат ёзувчиларнинг қаерданлигини билиб олмоқчиларми. Балки  уларни алдаб-сулдаб ‘тузоққа туширмоқчимилар

 

Балки шу йўл билан  вебсайт ўқувчиларини чўчитиб қўймоқчидирлар! Лекин шу нарса аниқ-ки, мактуб йўллаган баъзи ўқувчиларнинг электрон адреслари саҳифага қўйилган бўлса-да МХХ, яъни “Хуршида”хоннинг ёш бўлишларига қарамай уларнинг қаерданлигини аниқлаш учун тишлари ўтмабди. Ўтмайди ҳам. Бу ҳам разолат ботқоғига ботиб кетаётган режимнинг, Каримовга қуллуқ қилаётган “Хуршидахон”ларнинг башарасини кўрсатади.

 

Қолаверса, ‘Савол-Жавоб бўлимига мактуб йўллаётган ўқувчиларнинг фақат исмларинигина келтираётганимиз, яқинда ҳакерлар бўлимини ишга туширган МХХ-”Хуршида”хонни жунбушга солаётган кўринади.

 

Шуни ҳам айтиш керак-ки, МХХнинг тузоғига илинган баъзи ‘янги ўзбеклар ҳам турли мактублар, вируслар, спамлар йўллаб турадилар ва қўлларидан келгани қадар ҳаракат қилиб, ‘Савол-Жавобларни, ‘Латифалар ва “Ўзбек радиоси жавоблари”ни (бунинг устига “ИАК”нинг кирилдаги варианти эълон бўла бошлади-ЖМ) тўхтатишга уринмоқдалар. Аммо меҳнатлари сувга оқмоқда.

 

Бу уринишлар Ўзбекистондан келаётган турли хабарлар оқимини тўхтатишга ҳам қаратилгандир. Йўлтўсарлик қилувчиларга айтадиганим: юзингизни калтагина этагингиз(юбкангиз) билан бекитиб,  Ой ва ҳақиқий Хуршиднинг йўлини тўсаман, деб уринсангиз бошқа жойларингиз очилиб қолиши мумкин. Шу боис, кўп ҳам Ислом акангизга ишонманг. Унинг кучи кетиб пучи қолган!

 

 

“Мен президентлар билан иш қилмайман”

 

7 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ:Каримов Ҳиндистонга ҳар йили бир марта борадиган бўлиб қолди. Бунинг ортида бирор сир борми?(Юсуф, Комил, Баҳром, Ойгул ва бошқалар).

 

ЖАВОБ: Ҳар йили бир борганини билмадиму, лекин камида беш марта бориб қайтганини биламан. У ҳали президент бўлмасдан олдин ҳам Москвада Горбачевни тўнтариш воқеаси пайтида Ҳиндистонда эди ва қайтаётиб Янаевга табрик телеграммаси йўллаб, давлат тўнтарувчилари тарихига кирганди.(Бу ҳақда ўқинг: ГКЧПдан чиққан қаҳрамон)

 

Шуни ҳам айтиш керак-ки, бугун Ҳиндистон дунёда демократия энг ривожланаётган катта ўлка. Сайловлардан бошлаб сўз эркинлигига қадар олдинга қараб жуда жиддий силжишлар мавжуд. Эркинликка ўрганаётган одамлар яккаҳоким режимлар билан ҳамкорлик қилишларида мушкулликлар чиқади. Шу боис ҳам бу икки ўлка ўртасида имзоланган жуда кўп ҳужжатлар қоғозда қолиб кетмоқда. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши турган гап.

 

Дунёнинг металлургия саноатига деярли соҳиблик қилаётган (Қозоғистон металлургия саноати ҳам унинг қўлида-ЖМ) миллиардер, ҳинд Лакшми Митталга “Олмалиқ кон металлургия комбинатини сотиб олиш таклиф қилинганда” у “Мен президентлар билан иш қилмайман” деган экан.

 

Шундай бўлгандан кейин Каримов яна нима учун борди. Бу саволга жавобни унинг ҳозирги вазиятидан қидирмоқ керак. АҚШ диктаторларни йўқотиб демократия ўрнатамиз, деб очиқ айтмоқда. Американинг таниқли сиёсатчилари Ўзбекистонда ҳам демократия ўрнатилишинии талаб қилмоқдалар.

 

Тошкент ва Вашингтон орасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик шартномаси бекор қилинди. Каримов жаҳлга миниб, АҚШнинг Тошкентдаги бир қатор ташкилотларини бекитди. Афғонистонга борган Давлат котиби Кондолиза Райс ва кейинроқ президентнинг рафиқаси Лаура Буш ҳам Ўзбекистонни четлаб ўтдилар.

 

Хуллас, АҚШ Ўзбекистонни “тузатилиши керак” ўлкалар рўйхатига ола бошлади. Инқилоб Каримовнинг эшигини қоқмоқда У типирчилаб, ҳам Россия билан, ҳам Вашингтон билан яқин бўлиш йўлларини изламоқда. Ажабмас Ҳиндистондан кейин Хитой каби яна бир катта мамлакатга борса! Яъни ўзини кўрсатишга, диққат марказига тушишга, 2001 йилдан кейинги ‘обрўйи доирасига қайтишга уринмоқда. Лекин мушкул. Унинг ёлғонга асосланган сиёсатининг чуви чиқиб бўлди. Бугун энди унинг номини эшитганда юзини буриштирмайдиган лидер қолмади, дунёда.

 

Каримов Ҳиндистонга бориш олдидан, “Ҳумоюн мақбарисига борганда нимани ният қиласиз деган саволга умумий жавоб қилиб қўя қолганди. Балки ростдан ҳам бу мақбарада ният қилинганлар амалга ошади, деб ишонган ва “Мени инқилобдан асра. Вашингтонга йўлимни оч!” дея ният қилиб қайтган бўлса, не ажаб! Бу ёғи энди бизга қоронғу.

 

 

У ёғи билан, бу ёғининг фарқи йўқ

 

8 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ:Яқинда собиқ Адлия вазири Палвонзоданинг қочиб кетгани ҳақида гап тарқалди. Мен бир нарсага ҳайронман. Юртбошимизга садоқат билан хизмат қилган инсонлар ҳам тазйиққа учрамоқдалар. Мана шунга ўхшаган воқеалардан  ҳозир садоқат билан хизмат қилаётган амалдорлар нега ўзларига хулоса қилишмаяпти?(Акром).

 

ЖАВОБ: Биласизми, дунёда ўтмишидан дарс олмайдиган икки гуруҳ бўлса, биттаси, агар битта бўлса, у ҳам Ўзбек амалдорлар  тўдасидир. Ўзбек амалдорлар тўдаси бугун билан яшайдиган, кеча ва эртанинг бетига тупурадиган антиқа, қўрқоқ, манқуртлардан ташкил топганки, баъзан подадан фарқи йўқ. Ўруслар ‘Баран деганда ана шуларни назарда тутган.

 

Биласизми, 1990 йиллар бошида Давлат котиби  Раҳим Ражабов, Олий кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов, Тошкент ҳокими Адҳам Фозилбеков ва бир қатор ҳокимлар ишдан олинганда мен мақолалар ёзган ва қолганларни бундан сабоқ олишга даъват этгандим. Аммо Кейин Мавлон Умурзоқов, Убай Абдураззоқов, Шавкат Йўлдошев, Пўлат Абдураҳмонов, Эркин Самандаров ва ҳоказо ва ҳоказолардан тортиб ҳали кечагина ‘урилган Исмоил Жўрабеков, Азиз Носировларга қадар ҳар бир садоқатли қул(“Баран”) сурилганда буни қолганларга эслатиб келмоқдамиз. Аммо уларнинг қулоғи кар, бағри сўқир, сиймоси чўтир, елкаси қўтир.

 

Мансабда эканликларида Каримов уларнинг кўкрагига орден тақади, кейин қувиб, қимирламасинлар деб орқаларига қозиқ тиқиб қўяди. Улар ана шу қозиққа ўрганиб, миқ этмай, садолари чиқмай ётаверадилар. Украина, Гуржистон, Қирғизистонда ишдан кетганлар инқилобнинг марказида турдилар. Бизда эса кетганлар инларига кириб кетишлари… бу ҳам Ўзбекнинг зеҳнияти!

 

Президент девони кадрлар бошқармасининг давлат сири даражасидаги статистикасига кўра 15 йилда Президент бошқаруви номенклатурасига кирган раҳбарлардан 17 минг 469 киши ишдан олинган. Буларнинг ҳаммаси Каримовга садоқат билан хизмат қилиб, кейин бошларига уртўқмоқ тушганлардир.

 

Полвонзода масаласига қайтадиган бўлсак,  Каримов 1990 йилда уни Олий суд раисининг ўринбосарлигига тавсия этганда, биз қарши чиққанмиз, шунда Каримов

 

“Полвонзода Сурхондарёлик тожик бўлгани учун қаршилик қилинмоқда деб гап тарқатганди ва демократик депутатларни ‘мот қилганди. У Олий Судда ва адлия вазирлигида Каримовга содиқ ит каби хизмат қилди, мана энди ғимирлаган бит каби Тожикистонда тешик-мешикларда юрган эмиш.

 

Душанбедагилар “Бу ерга яқин йўламасин, кўриб қолсак, Каримовга ушлаб беришга мажбур бўламиз” дейишибди. Россия эса унга тор. Ҳали олти ой олдин Ғарбга лаънат тошларини ёғдирганди. Аслида биздагиларнинг у ёғи билан, бу ёғининг фарқи йўқ. Кечаги гапини унутиб, эртага Ғарбдан бошпана сўраши ҳам мумкин.

 

 

Коммунистчасига ҳақорат

 

9 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ўзбек матбуотида Каримовнинг Улуғ ватан уруши қатнашчиларига 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул ва янги ташкил қилинган медал беражаги ҳақидаги фармони кенг тарғиб қилинмоқда. У илгари 9-Майни Хотира куни, деб ўзгартирган эди, энди шу куни ғалабанинг 60 йиллигини нишонламоқчимиз. Бу орқага қайтиш эмасми?(Жаббор).

 

ЖАВОБ:Орқага қайтиш унинг қонида бўлган касалликдир. Шу касаллик бўлмаганда Ўзбекистон бугун феодализм даврига қайтмаган ва Марказий Осиёдаги қолоқ мамлакатлардан бирига айланмаган бўларди.

 

Унинг фармони масаласига келсак, бу Алдаркўсанинг навбатдаги ёлғонидир. Илгари у Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига бепул машина бераман, деб фармон чиқарганда ҳам ‘Бу унинг чўпчаги деб ёзган эдим. Шундай бўлди, бирорта фахрий бепул машина олган эмас.

 

Бугун энди у фахрийларга ғамхўрлик қилиш ниқоби билан бошқаларни алдамоқчи. Кўрдингизми, хазинадаги пулни кимларга бераяпман, демоқчи. Шўрлик Ўзбек, дўпини олиб қўйиб, ўйлаб ўтирмайди ва ‘Ҳа, қарая!- деб ишониб кетаверади.

 

Аслида эса 1941 йилда 17 ёшида бўлган аскар агар тирик қолган бўлса бугун 2005 йилда 81 ёшга кириши керак. Ўзбекистонда ўртача умр кўриш 61 йил. Бу ҳам соғ-саломат, пахта далаларида заҳарланмай қолган, овқатга тўйиб юрган бўлсангиз.

 

Фахрийлар эса деярли хаста одамлардир. Тасаввур қилинг, Ўзбекистонда қанча фахрий қолди. Каримов уларнинг номларини қўлланиб ўз курсисини мустаҳкамламоқчи.

 

Айни пайтда у Туркистон легионида русларга, сталинчиларга қарши курашган Боймирза Ҳайитларни, сафдошларини коммунистчасига ҳақорат қилмоқда.

 

Яна бу билан Совет Иттифоқи ҳали ҳам бизнинг Она ватанимиз, Улуғ ватанимиз, деган руҳни ўлдирмоқчи эмаслигини  кўрсатмоқчи ва 9- Май куни оғаси Путиннинг ёнида туришига замин ҳозирламоқда.

 

 

“Туронзамин” ва “Ҳаракат”

 

10 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: “Ҳаракат” веб сайтида одамлардан ёрдам пули сўраб ёзилган эълонда ўз журналларини ҳукуматдан мустақил бўлган ягона журнал дейилган ва ягона сўзи алоҳида ажратиб кўрсатилган. Нима, сиз чиқараётган ва мазмунан “Ҳаракат”дан устун бўлган “Туронзамин” журнали ҳукуматдан мустақил эмасми? (Баҳодир).

 

ЖАВОБ: Аввало берган баҳоингиз учун раҳмат ва буни журнални янада яхшилаш керак, деган таклиф сифатида қабул қиламиз.

 

Биз чиқараётган журнал нафақат ҳукуматга балки айрим шахслар ва гуруҳларга ҳам тобе эмаслиги унинг биринчи саҳифасида ёзиб қўйилган. Бу эса журнал кимлардандир тўпланган пул эвазига эмас, шахсий ташаббус эвазига чиқаётганини кўрсатади.

 

Айтиб қўйишим керак, Ўзбекистонда бу ишни шахсий тарзда бажариш қийин. Аммо хорижда унчалик қийин эмас. Ватан севгиси ва холис ният бўлса бас. Албатта, мақсад пул топишга қаратилган бўлса, бу энди бошқа масала.

 

“Ягона..” калимасига келсак, ҳақиқатдан ҳам бир пайтлар “Ҳаракат” ягона мустақил журнал эди, аммо бугун эмас. Шу боис бу эълонни ёзган одамнинг манманлиги ёки дунёдан бехабарлигини кўрсатади, холос.

 

Аслида бундай нарсаларга эътибор қилмасдан, диққатни Ўзбекистонда ҳукм сураётган қаттол зулм ўрнида демократия ўрнатишга қаратиш керак. Бу эса манманлик, дунёбехабарлик эмас, демократия тарафдорларининг ғоявий ҳамкорлиги ва бирлигини талаб этади.

 

Шу ўринда айтиш керак-ки, кейинги пайтда журналга ўз ёзувларини юбораётган ўқувчилар кўпайди. Улар бу ишни холис ният учун, ватанга хизмат учун қилмоқдалар ва бу билан Ўзбек жамиятида бўлаётган воқеаларга бефарқ қарамайдиганлар кўпайиб бораётганини кўрсатмоқдалар.

 

 

“Самара”

 

12 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Кеча ‘Озодлик радиосининг “Қурултой” программасида жумладан, Сизнинг журналист Исмат Хушев билан тортишувингизни тингладик. Исмат Хушев ўз сўзида ‘Ислом Каримов дастлабки беш йиллик фаолиятида демократия учун, ўзбек халқи, Ўзбекистон учун жуда катта хизмат қилган эди деди. Сиз эса бунга қарши чиқдингиз, Исмат Хушевга ‘Ислом Каримовнинг хизматларини санаб бер деганингизга қарамай, санаб бермади, хўш сиз Каримовнинг шу йилларда демократия, ўзбек халқи, Ўзбекистонга қарши хизматларини санаб беришингиз мумкинми?(Сулаймон).

 

 

ЖАВОБ: Мен буни қачонлардир бирма-бир санаб қўйганман. “ИАК” ҳужжатли романининг

 

КУЧ АДОЛАТДАМИ,  АДОЛАТ КУЧДАМИ?

 

деб номланган бўлими Ислом Каримовнинг 1990 йиллар бошидаги бевосита демократия, ўзбек халқи, Ўзбекистонга  ‘хизматлари ҳақидадир. Умуман бу ҳужжатли романда Каримовнинг асосан ўша йиллардаги ‘хизматлари қаламга олинган.

Шунингдек ‘Ўзлигим роман-памфлетида ҳам Ислом Каримовнинг дасталабки беш йилдаги беш тамойили ва “самараси” ҳақида сўз боради. Шу боис қайта такрорлашга ҳожат бўлмаса керак!

 

 

Мос келадиган одам

 

13 Апрел, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Рангли революциялар тўғрисида гап кетганда, “АҚШ га мос келадиган одам” деган атама тўғрисида сўз кетади, яъни АҚШ ўзига мос келадиган одамни президент бўлишига ёрдам беради, деган тушунча бор. Сизнинг фикрингизча ўша одам қайси жиҳатлари билан АҚШ га мос келиши керак  Бўлғуси президентга қанақа талаблар қўйиши мумкин?(Полвон).

 

ЖАВОБ: Инқилобларни АҚШ тайёрламайди, балки диктаторлар, яккаҳокимлар ‘тайёрлайдилар ва оломон амалга оширади. Шундай пайтда бошқарув кимнинг қўлига ўтиши масаласида ҳар ким ўз манфаатидан келиб чиқиб, ёрдам беради. Ҳеч ким ўз манфаатига зид иш қилмайди, буни кутиш ахмоқликдир.

 

Қайси куч демократияни қўлласа, АҚШга ҳам, Авропага ҳам мос келиши ва ёрдам олиши мумкин. Бу асосий мезон. Қолганлари эса ҳар икки томоннинг турли манфаатларидан келиб чиқади.

 

Сиз Карзайни(Афғонистон) АҚШга мос одам дейишингиз мумкин. Тўғри. У барибир осон бўлмаган сайловдан ўтди ва яна бир мураккаб сайлов билан юзлашиб турибди.

 

Демократия бошланган жойда, барибир асосий гапни халқ айтади. Ироқда АҚШга мос дейилган одам-Алавий қолиб, мос эмас дейилган-Жаъфарий Бош вазирликка, яъни асосий раҳбарликка сайланди. У диндор, исломий партиянинг вакили. Аммо демократияни инкор этмайди.

 

Қирғизистонда эса Путин ва Каримовга мос бўлган Боқиев ҳукумат теппасида. Лекин у ўзини демократия томонида қилиб кўрсатмоқда ва демократия йўлидан боришга интилмоқда.

 

Юшченко(Украина)  АҚШ билан ҳамкорлик қилиб, Авропа билан эса бирлашмоқчи. Саакашвили(Гуржистон) ҳам айни қаноатда. Лекин ҳаммаси демократияни инкор этмагани боис диққат марказида.

 

Демак, бўлғуси Ўзбек президентига ҳам биринчи қўйиладиган талаб унинг демократ бўлиши, демократияни рад этмаслиги ва иккинчи талаб мамлакатнинг халқи томонидан демократик йўл билан белгиланган миллий манфаатларни ҳимоя қила олиш қобилиятига эга бўлиши шартлигидир.

 

 

Инқилобни четдан туриб бошқариш мумкин эмас

 

13 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз инқилобни четдан туриб бошқариш мумкин эмас, дейсиз. Мана Ленин ва Хумайнийлар четдан туриб шунга муваффақ бўлганларку?(Улуғбек)

 

 

ЖАВОБ: Ленин ташқарида бўлган, аммо давлат тўнтарилишидан олдин Россияга бориб, бевосита бу ишга раҳбарлик қилган. Гарчи 70 йил уни ‘инқилоб деб атаган бўлсак-да у инқилоб эмас эди. Менинг назаримда инқилоб бу асосий халқнинг хохишини ифода этган тушунча бўлиши керак. Коммунистлар эса жуда озчилик эдилар, аммо куч билан ҳокимиятни қўлга киритиб, халқни зулм билан бошқардилар, миллионлаб одамларни гумдон қилдилар.

 

Ҳумайни масаласида ҳам гарчи ‘Эрон инқилоби дейилса-да аслида бутун халқнинг хоҳишига зид иш қилинганди. Бугун агар очиқ сайлов бўладиган бўлса, кўпчилик бу режимни қўлламаса керак. Тез-тез бўлиб турган намойишлар шундан дарак бермоқда. Шуни билгани учун ҳам Хотамий ислоҳот қиламан, деб ҳокимият теппасига келганди.

 

Ўзбекистонга униси ҳам, буниси ҳам тўғри келмайди. Ҳар иккаласи ҳам ўз номини халқ ҳокимияти деб қўйган бўлса-да аслида халқнинг бошқарувини, сиёсий эркинликларни рад этади.

 

Четдан туриб давлат тўнтариши билан ҳокимиятни қўлга киритиш ва сўнгра халққа диктат қилиш тажрибаси кўп бўлган. Аммо Ўзбекистондаги диктатура шароити билан Эрондаги шоҳ даври ва Чор Россиясидаги даврни тенгаштириб бўлмайди. Ер билан осмонча фарқи бор.

 

 

10 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ:Фараз қилинг, Америка Каримовни алмаштиришга қарор қилди ва унинг ўрнига кимни танлаши мумкин?(Комил, 2005 йил, 14 Апрел)

 

ЖАВОБ: Фараз қилишимиз мумкин. Агар Конгресс, Президент ва Пентагон ‘Каримов кетиши керак, у Америка манфаатларига зиён етказмоқда”- деган қарорга келишса ва буни биринчи галдаги масалалар жумласига киритишса, (Ҳали бундай қарорга келинган эмас) табиийки, номзодлар кўп.

 

Агар 100 фойизлик ўлчовда қарайдиган бўлсак, шундай ҳол юз берганда 50 фойизлик ҳисса Қодир Ғуломов ва ҳар бири 25 фойизлик ҳиссалар Рустам Азимов ҳамда Содиқ Сафоевга тушади.

 

Қолган оғирлик воқеалар ривожи, халқнинг сиёсий фаоллиги, демократияга хайрихоҳлиги билан боғлиқ бўлади. Бу номзодлар демократияга ўтиш даврининг қисқа муддатли ‘кўприги бўлиб қолишлари ҳам мумкин. Бу бир фараз.

 

 

10 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ўзбекистонда Интернет қаттиқ назоратга олинмоқда. Бизнинг мактубларимизни ҳам ўқишлари мумкинми? Бу борада қонун ҳам чиқаётган экан, шу ростми?(Абдумалик, 2005 йил, 14 Апрел).

 

ЖАВОБ: Ҳа, рост. Масалан, Интернет рейтинглари уюштириш ва оммавий жойларда Интернетдан фойдаланиш ҳақида Каримов ҳукумати қонун лойиҳаси тайёрлаган ва шу йилнинг Сентябр ойига қадар қабул қилинмоқчи.

 

Бу йўл билан кимнидир қўрқитишлари ва ҳатто ушлаб ‘жазолашлари ҳам мумкин. Аммо умумий нуқтаи назардан Интернетни, айниқса, электрон почталарни назорат қила олишмайди.

 

Бугун Ўзбекистонда кунига икки миллиондан зиёд электрон мактуб чиқар экан. Демак, шунча қайтиб ҳам боради. Бу рақам кундан-кунга кўпаймоқда. Қолаверса, бу тахмин қилингани. 750 минг кишининг Интернетга кириш имконияти бўлгани боис шундай рақам тахмин қилинган бўлса керак. Тахмин четида қолгани яна шунча. Бунча нарсани фақат ўқиб чиқиш учун МХХга камида бир  миллионта штат, яъни иш жойи керак. Бунга эса ҳукумат қодир эмас. Ҳукумат Интернетни назорат қиламан, деб ўргимчак инига кириб қолади.

 

Мана мен яширмасдан айтаман. Беш йилдан бери Президент девони ва ҳукуматдаги танишларимдан электрон мактублар оламан. Аммо бугунга қадар МХХ улардан бирортасини ҳам ушлай олмади. Ҳатто кечалари келиб, уларнинг компютерларини текшириб ҳам кетишган. 

 

Улардан бирининг кеча ёзган электрон хатига кўра, ‘Ўзбеккино директорлигидан яна Президент Девонига қайтиб олиб келинган Мурод Муҳаммад Дўст бундан кейин Интернетда чиқаётган рус тилидаги танқидий чиқишларга қарши пропаганда материаллари тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланади. Шунинг ўзи ҳам ҳукумат Интернетни чеклай олмаслигини билганидан дарак беради.

 

Дунёда нуфузи катта бўлган, Ғарбда жойлашган Интернет хизматлари(Масалан, яҳоо.cом каби) орқали мактуб юборсангиз, МХХ ҳеч қачон ўқий олмайди. Фақат паролингизни янгилаб туришингиз ва луғатларда учрамайдиган сўзлар ҳамда турли рақамлар бирикмасидан парол тузишингиз керак бўлади.

 

 

САВОЛ: Жўрабеков қочиб кетибди, деган гаплар тарқалди. У АҚШда эмасми?(Жўрақул, 2005 йил, 14 Апрел).

 

10 Апрел, 2005 йил.

 

ЖАВОБ: Йўқ. Исмоил Жўрабеков Москвага яқин бир шаҳарда ва ҳар йили баҳорда ўша ердаги илмий текшириш институтида қонини тўла алмаштиради. Унинг қон ҳужайраларида оқ таначалар кўпайиши хасталигига учраганига анча бўлган. Бундай касаллар тез оламдан ўтиб кетадилар. Аммо жуда катта пул эвазига вужуддаги қонни бутунлай алмаштириб яшаётганлар бармоқ билан санарлидир. Шулардан бири Жўрабеков. Буни Каримов ҳам яхши билади. Уни қамаса, ёки, ташқарига чиқишига изн бермаса, ўлиб қолишини ҳам билади. Жўрабеков ҳам ана шу тузоққа тушиб қолмасликни ўйлаб, чора кўриши табиий.

 

Ишончли маълумотларга кўра Жўрабековнинг ҳамма қариндошлари Самарқандда, эски ишларида ишлаб юришибди. Укаси вилоят миқёсидаги ишда. Вилоят ҳокими эса Жўрабековга содиқ одамлардан бири.

 

“Исмоил Ҳакимович хотини Сора опа билан бирга Москвада, болалари ва яқинлари уларни зиёрат қилиш учун бориб келиб юрибдилар”, дейилади бу борада олинган электрон мактубда.

 

 

15 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ўзтелерадио компаниясининг раиси Абдусаид Кўчимов нега ишдан олинди, деб ўйлайсиз? (Комилжон, 2005 йил, 14 Апрел).

 

ЖАВОБ:Президент Девонидан олинган хабарга кўра, бу Қирғизистонда юз берган воқеалардан чиқарилган ‘сабоқ туркумига киради. Инқилобда телевидение ва радио муҳим нуқта ҳисоблангани учун Каримов бу жойга МХХ резервида бўлган одамни қўйишни режалаган. МХХнинг резервида турган 42 ёшли Алишер Хўжаев(Тошкент вилоятида туғилган, СамДУда физикани ўқиган)нинг бу вазифага тайинланиши Каримовнинг Совет даври тажрибасидан ҳам илгари кетганини кўрсатади. У пайтда бу идора раисининг биринчи ўринбосари КГБ резервида турарди.

 

Қирғиз воқеаларининг ёритилиш жараёни ҳам Каримовни қониқтирмаган. Шу боис Кўчимовга ўринбосар бўлган Фахриддин Низомов ва Низомиддин Маҳмудовлар ҳам ишдан олинган.

 

Кейинги пайтда юз берган бир воқеа жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолди. Каримов МХХ ва Бош прокуратурани ҳукумат таркибига қўшмасдан, бевосита Президент Девонининг бошқармасига айлантирди. Шу боис ҳам бу идора раҳбарларини ҳукумат таркибига кирган вазирликлар раҳбарларидан айри Фармон билан тайинлади. Бир томондан кўпгина вазирликларни ҳукуматга, Мирзиёев қўл остига бериб, иккинчи томондан бу идораларга МХХ вакилини қўйиб, сиртдан назорат ўрнатмоқда.

 

Каримов Кўчимовни қабул қилишни ҳам истамаган, аммо Девонда асосий одам даражасига етиб қолган маслаҳатчи Хайриддин Султоновнинг илтимоси билан у компания раисининг радио бўйича ўринбосарлигида қолдирилган. Мурод Муҳаммад Дўстни ҳам ўз қўл остига ишга олганини назарда тутсак, бугун ёзувчи Хайриддин Султонов(Тошкент вилоятида туғилган) Каримовнинг ўнг қўлига айланганига шубҳа қолмайди. Лекин келгусида Мурод Муҳаммад Дўст яна Каримовнинг кўнглини топиши ва Султоновнинг остига сув қуйишига ҳам шубҳа йўқ.

 

 

16 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ислом Каримов ҳақидаги “ИАК” ҳужжатли романингизни қизиқиш билан танишиб бораяпман. Менда бир савол туғилди, президентимизни Ўзбекистон Республикаси коммунистларининг биринчи котиби бўлишида аёл киши сабабчи бўлган экан. У бир замонлар Олий мажлисда қўмита раисаси бўлган экан. Шу ҳақда маълумот бера оласизми? (Акром).

 

ЖАВОБ: Ҳар ҳолда сиз менинг икки йил олдин ‘Америка овозида Ўзбекистон Олий мажлисида 1990 йиллар бошида қўмита раиси бўлган Ҳалима Усмонова билан ўтказган мулоқотим ҳақида эшитган бўлишингиз мумкин. ‘Садоқатга хиёнат деб  номланган ушбу мулоқотда Ҳалима Усмонова Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг раҳбари экан, Шукрулла Мирсаидовнинг топшириғи билан Каримовни қаттиқ ҳимоя қилганини айтганди.

 

Гап шундаки, Каримов Қашқадарё вилоят қўмитасининг биринчи котиби экан, Москвадан келган Гдлянчи ‘тозаловчилар ёрдамида  унинг номзоди биринчи котибликка кўрсатилади. КПСС МКнинг иккинчи котиби Егор Кузмич Лигачев Сурхондарё вилояти раҳбари Мамарасуловга розилик бериб, Каримов номзодини қайтаради. Бунга унинг акаси ва укаси қамоқда эканлиги сабаб қилиб кўрсатилади.

 

Шунда Мирсаидов ишга тушади. Мамарасуловга вазифа рад эттирилади. Горбачев Ўзбекистон КП МКси масалани кўриб чиқсин, дейди ва пленумда катта муҳокама бўлади. Ҳамма чиқиб ‘Нима учун биров акаси ёки укаси учун жавоб бериши керак деган масалани қўядилар. Ҳалима Усмонова ана шу муҳокамага ва кейин парламент сессияларида ҳам Каримовни ҳимоя қилганига, аммо оқибатда садоқатига хиёнат бўлганига ишора этганди.

 

Шуни айтиш керак-ки, ўша пленумда энг ‘ёрқин нутқни Пўлат Мажидович Абдураҳмонов сўзлаган ва унинг нутқи бир неча марта олдиндан режаланган олқишлар билан бўлинган. Бундан таъсирланган Каримов уни Самарқанд вилоятига раҳбар қилиб қўйди ва у режим мухолифларининг қариндошларига қадар қатағон этди.

 

Каримов ҳам одамларнинг ака-укаларигина эмас, балки ота-оналари, қариндошларигача масъул, деган қатағон тажрибасини ўрнатди. Яъни жаллодлиги билан машҳур бўлган коммунистбоши Лигачевдан ҳам ўтиб кетди. ‘Табиб табиб эмас, бошига тушган табиб деган гап ҳам бекор экан!

 

17 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Ўсиб турган олмаларнинг ҳаммаси сифати паст олмалар бўлса , ичидаги яхшироғини танлаб, шуниси етарли, дейиш керакми, ёки бир вақтларда яхши мева берган, лекин душманлар томонидан кесиб ташланган яхши олмаларни тиклаш керакми?(Полвон).

 

ЖАВОБ: Ўша йўқолиб кетган олманинг ниҳолини ёки уруғини қайси бозордан сотиб олиш керак? Ёки кўрмасдан туриб, битта олма кўчатини экиб, бепушт чиқса меҳнатингиз ва умрингиз зое кетса ҳам майлими?

 

Бир пайтлар кўкариб, энди ҳеч қаерда кўкармаётган ёки кўкарса ҳам мевасиз, қуруқ дарахтга айланиб қолаётган бўлса-чи? Ўшанда ҳам йўқ, мана мен эксам, ҳосил беради, дейсими? Ким ишонади, ким йўқ..

 

Ҳамма ҳам кўчатини мақтаб сотади. Менинг кўчатим чирик олма беради, дейдиган одамни тентак дейишингиз аниқ. Шунинг учун пайванд пайтида ёки кўчат ўтқазишда таваккал қилган эмас, борларини кўриб, орасидан яхшисини еб кўриб, кейин ўшандан ниҳол ёки қаламча олган ютади.

 

Аммо бу билан масала ҳал бўлмайди. Асосий гап парваришда. Парвариш қила олмасангиз ҳар қандай кўчат ҳам қуриб қолади

 

 

17 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Мани навбатдаги саволим Ўзбекнинг ер ости бойликлари ҳақида, тўғрироғи, рангли металлар ҳақида…

 

Эшитишимча, Кучерский ҳамма нарсани Россияга ташиётган экан, унга ҳеч ким ғинг деёлмас эмиш…Бу одамни қилаётган ишларидан Диктатор хабардор бўлса керак. Ёки  хабари бўлса ҳам ҳеч нарса қилолмайдими. Бутун РМЗ нинг идора ходимлари руслар, ички назоратчилари ҳам руслар, битта ҳам ўзбек ходим йўқ, энг аламлиси, шу олтинлар ҳисобига уларнинг болалари МГУ да мазза қилиб ўқиб юришибди, ҳар бирига алоҳида уй ҳам олиб беришган…Олтинлар Ўзбекларникими ёки бу келгиндиларникими? (Полвон).

 

ЖАВОБ: Бу савол 1990 йиллар бошида ҳам худди ана шу шаклда қўйилган ва бугунга қадар ҳеч нарса ўзгарган эмас. Фақат ўзгарган нарса шуки олтинлар битта қўлдан иккинчи қўлга ўтди ва энди Каримовнинг шахсий мулкига айланган.

 

Бу Давлат сиригина эмас, Каримовнинг сири бўлиб қолди. Истаса, Россияга, истаса дунёнинг нарига четига ташимоқда.

 

Шу кунларда унинг қизи ҳам ҳамма бойликларини (Ўзбек халқининг бойликларини-ЖМ) Ўзбекистондан ташқарига чиқармоқда.

 

Кучерский эса Каримовнинг лайчаси. Ҳар ҳолда топшириқ ‘хазинабондан бўлганга ўхшайди. Қирғизистонда бир кунда сувлар тескари оқиб кетганидек бир ҳол юз бериб қолса, нима қиламан, деган ташвишда ҳар эҳтимолга қарши олтинларни четга чиқараётганларига шубҳа йўқ.

 

Қачонки, Ўзбекистонда халқ бошқаруви ўрнатилса ана ўшанда олтинлар ҳақида очиқ сўраш, очиқ ёзиш мумкин ва ўшандагина бу бойлик халқнинг мулкига айланади.

 

 

18 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сизнинг Ислом Каримов ҳақидаги “ИАК” романингизни жуда қизиқиш билан ўқиб бормоқдаман. Олдин ‘Қувғин ва ‘Ўзлигимни ҳам ўқиб чиққандим. ИАК китобининг бош қисмида бошқалар ҳам Каримов ҳақида билганларини ёзиб борсинлар, деган даъватингиз мени ўйлатиб қўйди. Нишоновдан бошлаб, Бобур Маликов, Абдурахим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва яна Ўзбекистондан чиқиб кетган юздан ортиқ одам Каримов билан учрашган ва у ҳақида нималарнидир билишлари керак. Лекин нима учун бугунгача бу ҳақида ёзмадилар. Ёки ёзганлари бору мен ўқиганим йўқми?

 

Ҳозир Жўрабеков, Полвонзода, Хушев кўп сирни биладилар, деб уларни ёзишларини кутсак, яна 15 йил ўтиб кетса керак. Яқинда қочиб кетган Исмат Хушев ҳам ўзининг бачканаликлари ҳақида олди-қочди гапларни ёзишдан нарига ўтмаяпти. Уни 40 йил олдин Абдулла Ориповнинг ёқаси яғир қўйлагини мақтаниб кийгани кимга қизиқ? Бугун одамларга бу эмас, унинг Каримов ҳақида билганлари керак. Диктаторни фош қиладиган воқеаларни айтиб берсин ва бу ишни тезроқ қилсин. Каримов тириклигида ёзилмаган нарсанинг кейин бир тийинга ҳам кераги йўқ деб тушунаман. Ёки у ҳам ҳозир шунақа қилиб вақтни чўзиб Каримовнинг ўлишини кутмоқдами?

 

Инсонга ҳаётида катта имкониятлар жуда кам берилади. Сизларга, Каримовни шахсан таниган ва билган шахсларга Ўзбекистоннинг биринчи диктаторининг характери, ким эканлиги, қанақа одамлигини бизларга танитиш имконияти берилган. Буни Сиздан бошқа ҳеч кимнинг китобидан топмадим. Сиз 15 йил олдин ҳам ёзган экансиз, бугун ҳам ёзаяпсиз. Ўзингиз қаердадир айтган каби Каримовни қора қилмишлари билан бирга тарихга михлаб қўйдингиз. Бу хизматингиз номингизни абадий қилишига шубҳам йўқ.

 

Агар бошқаларнинг ҳам  Каримов ҳақида бевосита билганларини ёзган китоблари бўлса маълумот беришингиз мумкинми? Ёки е-маилимни ҳам эълон қилсангиз, агар уларнинг ўзлари бу ҳақда менга маълумот берсалар, хато қилган бўлсам кечирим сўраган бўлардим. Мен ёш журналистман, жуда қизиқаман, Каримовни таниган одамларнинг у ҳақидаги хотираларига, ким ҳам қизиқмайди? (Шерзод, ашерзодбек@яҳоо.cом).

 

 

ЖАВОБ: Сиз мени 15 йилдан бери ўртаган муаммони тилга келтирибсиз. Ҳақиқатан ҳам четга чиққанлар ҳеч нарса қила олмасалар-да бугунга қадар Каримовни фош қилишлари мумкин ва бу сиз айтган каби уларнинг олдидан чиққан имконият. Балки Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлат Каримов билан юзма-юз учрашувлари давомида уни ўрганганлари ҳақида бир нарсалар ёзган бўлишлари мумкин, аммо уларнинг бундай китобларига кўзим тушган эмас, ўқиганим йўқ.

 

Сиз айтган имконият Мақсудийлар олдида ҳам пайдо бўлди. Улар менга айтганларидан ўтиб, ҳали бирор янги гап айтганлари эмас. Тўғри, Каримовнинг сирлари сирлигича қолиб кетмайди, лекин бу унинг тириклигида ошкор бўлганда эди диктатуранинг умрини қисқартирган бўларди.

 

Аслида бир-икки марта ёки узоқдан келиб учрашиб кетиш билан бир одам ҳақида кўп нарсани ўрганиш мушкул. Аммо сиз айтган кўпчилик Каримов билан деярли ҳар кун бўлмаса ҳам, кун ора учрашган бўлиши мумкин. Мен айниқса, собиқ Адлия вазири Муҳаммад Бобир Маликовдан кўп нарса кутгандим. У бугунга қадар Каримов шахси ва қилмишлари ҳақидаги билганларини сир сақлаб келди. Балки унга шериклиги очилиб қолишидан қўрққан бўлиши мумкин. Аммо тарих олдида ва виждони олдида ўзини тозалаб олган бўларди. Бугун энди унинг партия туздим, деб ҳалига қадар ҳам Каримов ҳақида ҳеч нарса демаслиги самимиятини кўрсатмайди. Худди шу каби унинг тақдирдоши ва издоши Полвонзода ҳам ҳеч қачон бир нарса ёзмайди. Унга ҳам қўрқоқлик қўндоқда теккан.

 

Каримовни йиллар давомида мақтаб, унга тилёғламалик қилганлар учун четга чиқиш ўзларини оқлашлари йўлида Тангридан берилган инъомдир. Ана шу инъомни оёқ-ости қилган одамлар ҳеч қачон халқ, миллат ва Ватан томонида бўла олмайдилар. Улар доим ўзларининг тор манфаатлари, қўрқувлари, ҳадиксирашлари атрофида айланиб юраверадилар ва ўргимчак инидан ташқарига чиқа олмайдилар.

 

Бу балки умумий фожеамиздир. Акс тақдирда Каримовни бевосита билганлар бугунга қадар мум ютиб юрмасдилар ва  Каримов ҳақида камида юз томлик қора китоб нашрдан чиққан бўларди.

 

19 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Нима сабабдан одамлар (кўпчиликни назарда тутаяпман) мухолифатчиларга яхши назар билан қарамайдилару, мансабдаги тўраларга таъзим қиладилар? (Зулфия, 2005 йил, 19 Апрел)

 

 

 

ЖАВОБ: Агар ўша мухолифатчи ҳам янги костюм-шим кийиб, бўйнига бўйинбоғ боғлаб, эшигининг ёнига келган ҳукумат машинасига миниб кетса, бутун маҳалланинг қараши бир кунда ўзгаради. Мабодо ҳукумат мажлисларида қатнашиб телевизорда кўриниб қолса борми, унинг йўлига поёндоз соладиган бўладилар.

Бу зеҳниятдаги, кўпроқ бизга хос бўлган яна бир нуқс. Инсонни эмас, мансабини ҳурмат қилиш нуқси. Адолатга эмас, манфаат келадиган жойга талпиниш нуқси. Агар президентнинг ўрнига битта эшакни ўтқизиб қўйсангиз ҳам унинг оёғини ўпадиганлар сон-саноқсиз бўлади. Нега бизга эшак бош бўлиб қолди, деб сўрайдиган эса оз бўлади.

 

Зеҳниятдаги бу доғ бугун пайдо бўлган эмас. Насриддин Афандининг олтин туғадиган эшагига қанча одам сиғингани ҳақидаги каби латифалар бу иллатнинг илдизи узоқлардан келишини кўрсатади. Бир томондан масхара қилиб, иккинчи томондан ўзи ҳам шу йўлга юриши бу ҳам зеҳниятдаги зангдир.

 

Мансабга минган кун одамлар наздида шоҳга, мансабдан кетган кун гадога айланиш, мансабда экан давраларининг тўрини унга бериб, мансабдан кетиши билан остонадан ҳам жой бермаслик одатлари ҳам диктатуранинг умрини чўзаётган ‘дармондир.

 

Сиз айтган мухолифатчи ўзини ўйламасдан бечора одамлар ҳақида қайғураётганига кўз юмиб, ҳақларини ўмараётган, топтаётган мансабдорга қуллуқ қилиш зеҳниятидан қутулмас эканмиз жамиятда кўп нарса ўзгармай қолаверади.

 

Бу иллатнинг илдизига керосин қуядиган ҳам- демократия.

 

 

Журналистларни уч тоифага бўлиш мумкин

 

20 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Қайси бир форумда бугунги ўзбек журналистикаси ҳақида гап кетганда бир киши сизни “Империализм ғояларини тарғиб қилувчи” деб айблади. Унинг бу гапи бошқаларга ёқмади, лекин сиз айтган каби бу ҳам фикр, шунга ўзингизнинг муносабатингиз қандай? Қолаверса, бугунги журналистлар ҳақида нима дея оласиз?(Мансур).

 

ЖАВОБ: Агар “Империализм” дегани диктатурага, зулмга қарши кураш, бечора халқ томонида туриш ва демократия, халқ бошқарувини исташ бўлса, у ҳолда ўша одам ҳақ. Аслида диктатурага қарши бош кўтаришни, халқ ҳокимиятини ўрнатишни “Империализм ғоялари” деб жар солаётганлар оз эмас. Шулардан бири Ислом Каримовдир. Бугун Ислом Каримов “мактабининг толиблари ва ҳали журналистикада кўйлагинининг орқасини тепага санчоқлаб қўйган болакайдек улғая олмаётганлар ҳам шу фикрдалар. Бундайлар анчагина. Ёмон қовуннинг уруғи кўп бўлади, деганлари бежиз эмас.

 

Журналистлар ҳақида эса фикримни илгари ёзганман ва ҳали ҳам ўша қарашдаман. Журналистларни уч тоифага бўлиш мумкин.

 

1.Ўз жонига суиқасд қилганлар. Улар туғма қобилиятга эга бўладилар ва журналистликдан адиб, арбоб даражасига етадилар.

Сўз сеҳрини ўзлари ҳам ҳис этадилар ва ўқувчига ҳам ҳис эттирадилар. Ёзганлари воқеага айланади, эсда қолади, ўлмайди. Улар умрларини ёзганларига бағишлайдлар.

 

2. Чалажон журналистлар. Улар журналистика билан чекланиб қолган ижодкорлардир. Ўз истеъдодларини қандай қилиб ишга солишни билмай юрадилар, ёзганлари чала жон бўлгани каби ўзлари ҳам чала жондек ички бир қийналиш билан яшаб ўтадилар.

 

3. Ҳайкал журналистлар. Улар ишчан, аммо ёзганлари лойдан ясалган ва қуриб қолган ҳайкалчаларга ўхшайди. Уларни қуп-қуруқ журналистлар ҳам дейиш мумкин.Уларга кўча супуришни топширсангиз ҳам қойил қилиб бажарадилар, аммо кўча ифлос кўринаверади. Биров уларнинг бирор ёзган нарсасини эслай олмайди, аммо жуда кўп ёзадилар.Маҳмаданаликлари ҳам оламга сиғмайди. Не дариғки, булар кўпчиликни ташкил қиладилар.

 

 

Шубҳа

 

21 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Баъзи Интернет сайтлари Ўзбекистонда цензурага қарши кураш кампанияси бошлатдилар ва сиз бу ҳақда ҳеч нарса демадингиз. Шунинг учун саволим шундай, Одил Рузалиев чиқараётган Узланд.инфо-hттp://www.uzland.info/indeх.html  веб сайти ва унинг ҳозир Ўзбекистонда цензурага қарши кураш кампанияси ҳақида нима дея оласиз? .(Умида)

 

ЖАВОБ: Мен Одил Рузалиевни шахсан танимайман ва унинг ўзбек журналистикасига гултож бўладиган бирор нарсасини ҳали ўқиганим йўқ. Балки келгусида ўқиб қолармиз. Аммо у вебмастер бўлган саҳифани вақти-вақти билан кўриб тураман. Илгари бу веб саҳифа ҳақида “Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда” деган гаплар бор эди. Бунга менимча, саҳифада Каримов режимининг қарашлари тарғиб қилиб келингани, саҳифа режим маддоҳларининг минбарига айлангани, мухолифат, мухолиф қарашлар, Каримов режимининг кирдикорлари ҳақида ҳеч нарса бермасдан, бўлаётганларга кўз юмилгани сабаб ўлароқ хизмат қилган бўлса керак.

 

Дарҳақиқат, илгари саҳифа Узланд.уз адреси билан чиққани (ҳттп://www.рферл.орг/феатурес/2003/01/31012003182158.аспҳам)  ва Каримов ҳукумати манфаатларини ҳимоя қилгани унинг Ўзбекистон режимига боғлиқлигига шубҳа қолдирмасди. Кейин нимадир юз берди. Унда Каримов ҳукуматига қарши бўлган баъзи мақолалар ҳам бошқа жойлардан кўчириб қўйиладиган бўлди. Шунда ҳам жуда эҳтиёткорлик билан иш тутилгани, режимнинг жаҳлини чиқармасликка интилгани сезилиб турарди.

Диктатурага ҳар қанча эгилманг, бир куни билмасдан унинг оёғини босиб қўйсангиз ёки чизиб қўйилган чизиғидан чиқсангиз у сизни бегона, деб эълон қилади, деган ҳақиқат мавжуд. Ҳар ҳолда Одил Рузалиевнинг саҳифаси билан ҳам шундай бўлди .Бугун Ўзбекистон режими унга ҳам таъқиқ қўйган бўлса керак-ки у баъзи саҳифаларга қўшилиб Каримов режимининг цензурасига қарши кураш кампаниясини давом эттирмоқда.Трибуне-уз ходимининг хорижий радиолардан бирига айтишига кўра, Каримов цензурасига қарши кураш ташаббусини Одил Рузалиев бошлатган. Буни учун уни қутламоқ керак. Ҳа, кеч бўлса-да ҳақиқатни англаган одамларни қутлаш зарур. Шу нуқтаи назардан Каримов цензурасига қарши кураш кампаниясини давом эттиришда Одил Рузалиевга ва шерикларига куч-қувват тилаймиз.

 

Орада бир муддат ўлик бўлиб қолиб, ҳозир “тирилган” саҳифасини эса, янада очиқроқ, диктатура қилмишларини фош этишда янада жасоратлироқ ўринга олиб чиқишини тилаймаиз. Кундалик янгилик-шарҳларни фақат рус ва инглиз тилларида тўплаб қўйиш эмас, балки муҳимларини ўзбек тилига ҳам ўгириб (табиийки бу осон иш эмас) нашр этса, диктатурага қарши кураш жабҳасига анчагина ҳисса қўшган бўлади.

 

 

Қачонгача адашиш мумкин?

 

22 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз адашмасам, 1992 йилда Исмат Хушев ҳақида “Тўппонча”га жавоб” деб ёзганингизда уни Каримов ишлатиб, ахлатхонага ташлайди, кейин яна биттаси топиб олса, яна қўлланади, деб ёзганингиз эсимда. Шундай бўлди ҳам. Каримов уни қўлланиб отиб юборди. Шунда ҳам у хулоса чиқармай, 15 йил Каримовга маддоҳлик қилди. Энди четга чиқиб олиб, “Мен ҳуррият учун курашгандим”деяётганига ва бошқаларга маддоҳлик қилаётганига ёқамни ушлаб қолдим. Наҳотки, одам ҳам шунча безбет бўлса?

 

Сизга эса саволим, кеча Трибуне-уз да унинг мақоласини ўқидим. Карим Баҳриев ҳақида ёзиб 1992 йилда, уни Каримов вазир ўринбосари, этиб тайинламоқчи эди, аммо (киноя шаклида) “Кейин бу ўринга Жаҳонгир Маматовни тайинлашади”, деб ёзган. Китобингизни ўқиб чиққанман ва ҳеч қаерда вазир ўринбосари бўлганингиз ҳақида гап йўқ. Шунга изоҳ беролмайсизми? (Алимардон).

 

ЖАВОБ: Аслида бунга  изоҳни Хушевдан сўраш керак эди. У кейинги пайтда менга ёзган мактубларида тарихни ёритишда ҳақиқатга тўла риоя қилишни олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлаб келмоқда ва хатлар бўлимида баъзиларини ўқишингиз ҳам мумкин. Аммо ҳақиқат тулкининг кулкиси шер кетгандан кейин заҳарга айланади,  каби бўлмаслиги керак.

 

У бир куни менинг “ИАК” ҳужжатли романимда Журналистлар уюшмаси ҳақида ёзганимга эътироз билдириб, у ерда Компартия МК Бюросининг аъзолари қатнашмаган эди, “Кўпиртириб ёзаверса бўларкан-да” деди киноя қилиб. Мен битталаб, кимнинг қатнашгани, қаерда ўтиргани ва нима деганини эслатганимдан кейин  “Ҳа, юришган эди-я, энди эсладим” деди.

 

Худди шундай, у “Озодлик” радиосидаги мулоқотимизда ҳам 1991 йилдаги 7-сессияда мен ўша ерда ўтирган эдим, дея у пайтда Каримовни халқ истаганини иддао этди. Демак, биз халқ истагига қарши бош кўтарган эканмиз-да! Балки халқ деганда у ўзини тушунган бўлса, у ҳолда гапимни қайтиб олдим.

 

Мазкур сессиянинг асосий қисмининг матнини видеолентадан сўзма-сўз кўчириб,  “ИАК” китобида эълон қилганман. Магнит лентасига ёзилган ёзуви эса, “Америка овози” радиосида эълон қилинганди. Шунга қарамай у тарихни сохталаштиришга ва Каримовга қарши кураш 1991 йилда бошланганини рад этишга уринаётган бўлса, бу жуда жиддий масала. Наҳотки, яна топшириқ олиб, ташқарига чиққан бўлса? Ёки топшириқни ташқаридан олдими?

 

У “Озодлик” радиосидаги мулоқотда уялмай нетмай Каримов дастлабки беш йилда демократия учун катта хизмат қилди, деб айтди. Демак-ки,  мухолифатни,  ҳуррият тарафдорларини қатағон қилиш демократияга хизмат экан-да! Ёки Каримов суяк ташлаб турганда “демократияга хизмат қилмоқда”, ташламаганда эса акси бўладими?

 

Қолаверса, “ИАК” китобининг Саройга оид қисмларини 15 йилдан кейин хотирани титкилаб эмас, 1992-93 йилларда қоралаганман. “Эрк” фаоли, адиба Дилором Исхоқова муҳаррирлик қилиб, кўриб берган ва мухолифатдан кўпчилик ўқиган . Алматовнинг одамлари ҳам бир нусхасини олишган ва Каримовга етказгандан кейин мени қувғин этиб, қамоқда чиритмоқчи бўлишган.

 

Мен китобимда ёзганимдек, қисқа муддат Ўзбекистон Телерадио компанияси раисининг телевидение бўйича ўринбосари бўлганман ва бу ишга 1991 йил охирида тайинланиб, 1992 йилнинг Январ ойида Талабалар шаҳарчасидаги воқеалардан сўнг истеъфо берганман. Хушевнинг версияси бўйича, ўзим ҳам билмаган ҳолатда яна бир марта тайинланганман, шекилли?!

 

Бу жойда Элбек Мусаев ишлаб тургани учун Каримов янги бир штат очганди ва менинг истеъфомдан кейин бу штатни қисқартирганди. Ҳар ҳолда Исмат Хушев Карим Баҳриевдан бошқа бир воқеани эшитиб, ўшани ўзлаштириб, чалкаштириб ёзган бўлса керак. Зотан у ўзининг шундай одати борлигини ҳам инкор этмайди.

 

Телевидениедан истеъфо берганимдан кейин бир куни президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов чақирди. Борсам, Карим Баҳриев ҳам ўша ерда экан. Уни ҳам чақиришибди.

 

-Сизлар билан оқсоқол учрашмоқчилар,-деди у.

 

Кутиш узоқ чўзилди. Каримга қандай вазифа ваъда қилишганини билмайман. Мен илгари ишлаган жой ваъда қилингандир десам,  у штат қисқартирилиб, яна Элбек Мусаевнинг ўзи  телевидение жабҳасига раҳбарлик қилаётганди. 

 

Ўша кун Мавлон ака менга ЎзА директорининг ўринбосари вазифасини таклиф қилди. Мен қабул қилмадим ва Каримов ҳузурига ҳам кирмадим. Шундан кейин газетада менга қарши бўҳтоннома чиқди. Биз Карим Баҳриев билан яқин эдик. У мақола чиқишидан бир кун олдин менга телефон қилиб, унга ҳам қўл қўйиш сўралгани, аммо бош тортгани ва бу ифлос иш “тўппонча”га қолганини айтганди. Унинг ана шу ибораси менга ёқиб қолиб, Хушевга ёзган жавобимга сарлавҳа  бўлган ва унинг бу лақаби оммалашиб кетганди. Бу ҳақда ҳам “ИАК”да ёзганман.

 

Яқинда  Хорижий радиолардан бирининг Тошкентдаги мухбиридан мактуб олдим. Унда ёзилишича, Хушев ишдан кетиб, халқаро бир конференцияда бу ҳақда баёнот берганда унга саволлар ёғилган ва шулардан бири мен ҳақимда экан.

 

Ундан:

-Бир пайтлар Жаҳонгир Маматов ҳақида топшириқ билан бўҳтон ёзган эдингиз, мана энди ўша кун сизнинг ҳам бошингизга келди. Ўша қилмишингиздан пушаймонмисиз?,- деб сўрашганда у:

 

-Мен пушаймон эмасман, мақолани ўзим ёзганман ва ҳали ҳам ўша фикрдаман,- деган экан.

 

Мени ҳайратга солгани шу конференциядан кўп ўтмай у Би-Би-Си(ББC) радиосининг Тошкентдаги офисидан менга телефон қилиб, кечирим сўради. У йиғлагани учун уни маст, деб ўйлаб, гапини жиддий олмадим.. Кейин радио орқали чиқиш қилиб, менга қарши мақолани топшириқ билан ёзганини тан олди.(Мана ўз овозидан эшитиб кўринг).Кейин ҳам бир неча марта кечирим сўради.

 

Хуллас, унинг бу сафарги хатоси атайлаб эмас, балки шунчаки адашиш ҳам бўлиши мумкин. Аммо қачонгача адашиш мумкин? Ёки букрини гўр ҳам тузатолмайди, деганлари ростмикан?!

 

 

Асадулло Ортиқов

 

23 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Саҳифангизда журналист Асадулло Ортиқов вафоти ҳақда таъзияномани кўрдим, бу киши ҳақида маълумот беришингиз мумкинми?(Рустам).

 

ЖАВОБ: Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшаб, ижод этган Асадулло Ортиқов (Яккабоғли) 2005 йилнинг 21 Апрел куни юрак хуружидан, жуда ёш ва бевақт вафот этди. Ўзбек журналистикасининг бир исёнкор овозини тиндиришди. У Ўзбек журналистикаси тарихида икки жиҳати билан ўчмас из қолдирди.

 

Биринчиси, унинг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос услуби бор эди.

 

Иккинчиси, эса у фавқулодда камтар, камсуқум, ўз манфаатини ўйламайдиган, ростгўй, адолатпеша қаламкаш эди.

 

Унинг “Озодлик” радиосидан янграган деҳқончилик, фермерлар ҳақидаги туркум фельетонлари Каримов режимининг башарасини очганди. Унинг бу режимга астойдил хизмат қилган Ўткир Ҳошимов, Абдулло Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби маддоҳлар ҳақидаги жуда кўплаб мақолалари ҳам асло эсдан чиқмайди. Улардаги Абдулла Қаҳорчасига янги топилмалар ва деҳқончасига содда ифодалар ҳамда дилларни ларзага солгувчи давомли саволлар ўқиган ёки эшитган одамнинг бир умр ёдига муҳрланиб қоларди.

 

Мен “Америка овози”да ишлаган пайтларимда уни ҳамкоримиз Тўлқин Қораев орқали кўп қидирардим. Чунки унинг янги-янги асарларини ўқигим, эшитгим келарди. Маълум кунларда у Яккабоғдан Тўлқинжоннинг уйига ташриф буюрар ва биз телефон орқали дардлашардик. У халқнинг оғир аҳволидан дод деб фикр юритарди. У билан ўтказган ўнлаб суҳбатларим радиожурналистикадаги ўзига хос бир тарих, десам, муболаға қилмайман.

 

Унинг бошига Каримов режими кўп ишларни солди. Кунларини милиция, суд остоналарига боғлаб қўйди. Ортидан кузатишди, таъқиб этишди, калтаклашди, асоссиз қамашди, оиласи, фарзандларини қувғин этишди ва буларнинг ҳаммаси унинг соғлиғини емирди.

 

Уни ҳатто Қаршида ва Тошкентда даволанишга қўймадилар.

 

Касалхонада ҳам таъқиб этдилар, заҳарладилар. Четга чиқиб даволанмоқчи эди, аммо муттаҳамлар, каззоблар, Каримовинг “латта”ларига очилган йўл, Ўзбек халқининг дардини елкалаган алпомиш журналистга очилмади.

 

Қашқадарёдан қандай қаламкашлар чиққан эди, десалар Абдулла Орипов кабиларни ҳазар билан, Асадулло Ортиқов сингариларни эса ҳавас билан тилга оладиган кунлар келишига ишонаман.

 

 

Тизим ва тузум

 

24 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: “Халқ сўзи” газетасида ўтган кун мамлакат Бош прокурорининг мақоласида  беш йилда раҳбарлардан 8 мингдан зиёд кишининг устидан иш очилгани айтилади. Бу рақамни эълон қилишдан қандай мақсад бўлиши мумкин?(Иброҳим).

 

ЖАВОБ: Мана шу савол-жавоблар бўлимини Ислом Каримов ўқиб бораётгани ҳақида илгари ҳам далил келтирган эдик. Бу ҳам яна бир ҳужжат. Давлат сири ҳисобланган қайси маълумотни ошкор этсак, орадан кўп ўтмай шу мавзуда мақола пайдо бўлмоқда.

 

Шу йилнинг 8 Апрел куни Акром исмли ўқувчининг Полвонзода ҳақидаги саволига жавоб берганда,  жумладан шундай деб ёзгандим:

 

“Президент девони кадрлар бошқармасининг давлат сири даражасидаги статистикасига кўра 15 йилда Президент бошқаруви номенклатурасига кирган раҳбарлардан 17 минг 469 киши ишдан олинган. Буларнинг ҳаммаси Каримовга садоқат билан хизмат қилиб, кейин бошларига уртўқмоқ тушганлардир.”

 

Ана шундай кейин Каримов булар нега ишдан олинганига изоҳ бергиси келган бўлса не ажаб?! Чунки Каримовдан кўрсатма бўлмасдан Бош прокурор бу мавзуда ёза олмаслиги аниқ.

 

 

 

15 йиллик маълумотни эълон қилса, бизники билан айни чиқиб қолади ёки нега илгари бу рақамлар яширилган экан, деган савол туғилади. Шу боис беш йиллигини эълон қилишган, шекилли. Олдин ҳам шундай воқеалар кўп бўлганди ва буни ўқиб, кузатиб бораётган бўлишингиз керак. Мурод Муҳаммад Дўст ва Абдусаид Кўчимовлар ҳақида инкор этиб бўлмайдиган баъзи муҳим сирлар шу ерда очилганди ва кўп ўтмай Каримов улардан юз бурди. Лекин ҳали уларнинг устидан иш очган эмас, аммо текшириш ҳам давом этмоқда.

 

Мамлакатда ўтган йилларда бу қадар кўп раҳбар ишдан кетиши, бошига уртўқмоқ билан урилишининг асосий сабаби режим, режимнинг коррупция ботқоғига ботганидир.

 

Раҳбарлар пора бериб вазифани сотиб оладилар, кейин пулларини теришга киришадилар, халққа эмас, Каримовга содиқ хизмат қилиш баробарида пул теришни кучайтирадилар. Лекин юқори уста, унинг териб олганини ҳам олади. Аввал вазифадан четлатади, кейин устидан жиноий иш қўзғаб қўйса бас, у тўплаганларини яна пора сифатида “топширади”. Бу тизимдан ўтиб тузумга айланган.

 

 

Кўпчилик томонида бўлинг!

 

26 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз ҳамма масала референдум йўли билан ҳал этилишини истайсиз. Сиз истаётган Демократия шароитида ҳам барибир бутун халқнинг фикри ҳисобга олинмайди-ку? Озчиликнинг фикри четлаб ўтилади-ку?(Бобохон).

 

ЖАВОБ: Ҳамманинг фикри бир хил бўлиши бу диктатура шароитидагина мумкин. Чунки бу режим одамларни роботга айлантириб қўяди. Диктаторлар ҳатто бир фойиз одам ҳам қўлламаса-да бутун халқнинг фикри шундай, деб эълон қилаверадилар. Ҳақиқий ҳаётда эса. доим зиддият, қарама қаршилик, турли фикрлилик(плюрализм) мавжуд. Яъни ҳақиқий ҳаётда ҳамманинг фикри бир хил бўлиши мумкин эмас. Шундай ҳолда демократик тузумда кўпчиликнинг истагани амалга ошади. Кўпчиликнинг фикри балки сизга ёқмас. Аммо кўпчилик томонига қўшилиш сизни ёмонликдан сақлайди.

 

Аввал бирлашиб, демократик бир жамият қуриш зарур, кейин қандай ғоялар бўлса, халқнинг олдига олиб чиқасиз, референдум йўли билан ҳал этасиз, кўпчилик истамаса, бош эгасиз, истаса бошқа гап, деган эдим мен. Билмадим, бунинг нимаси ёмон? Бундан яхшироқ йўл борми? Ҳатто саҳиҳ ҳадисларда айтилишича, ҳазрати пайғамбар ҳам шу йўлни қўллаган:

 

 

 

“Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки, улар орасида қарама-қаршилик кўрсангизлар, сизлар кўпчилик томонида бўлингиз!” (“Сунани ибн Можжа”, 8-боб).

 

 

Яна Рауф Парфи ҳақида

 

27 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз адибларга баҳо беришда соҳилдан соҳилга ўтилиб келинаётганига кўп урғу берасиз. Кимнидир қаҳрамон қилиб юбориш ва кимнидир қаро ерга киргизиб юбориш керак эмас дейсиз, масалан ўзларингиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддиновларни қоралаб, Рауф Парфини жуда ҳам улуғлаб юбормадингизларми? (Абдушариф).

 

ЖАВОБ: Рауф Парфи вафотидан кейин мен ҳам у ҳақда ёзгандим ва кўплаб ана шу руҳдаги саволлар олдим. Аввалига уларга жавоб бериш шартмикан, деган фикр ҳам кечди кўнгилдан. Аммо саволлар мавзуи чекланмаганини ўзим эълон қилганим боис уларнинг баъзиларига мухтасар тўхталмоқчиман ва булар сизга ҳам жавоб бўлар деган умиддаман.

 

САВОЛ: “Туркистон учун йиғлайдиган одам қолмади, деб ёзишмоқда, йиғлайдиган одами қолмаган бўлса, курашадиган одами бордир, ёки йўқми, чиқмайдими? Бир кишининг ўлими билан ҳаёт тўхтайдими?”(Искандар)

 

ЖАВОБ: Йўқ, ҳаёт тўхтамайди. Марсия муболағадир. Рауф Парфи яхши шоир эди, аммо яккаю ягона буюк шоир эмас эди. У курашчи шоирлардан бири эди.

 

САВОЛ: “Би-Би-Си радиосининг ўзбек сайтида ёзилган мақолада Рауф Парфи “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини рад этгани айтилиб, айни пайтда у мазкур унвон берилгани ҳақидаги ҳужжатни кўрсатиб милициядан қутулиб юргани ҳам айтилади. ”Озод овоз” саҳифасида эса Гулчеҳра Нур бир куни Рауф Парфини Ёзувчилар уюшмаси олдида кўрдим ва у унвон учун бериладиган пулни олишга келганини айтди деб ёзди. Бу эса эшакни кучи ҳаром, гўшти ҳалол дегандек гап эмасми? Ёки у унвондан кечдим, дея шунчаки гапириб қўйганмиди?”(Умурзоқ)

 

ЖАВОБ: Агар қийин вазиятга тушсангиз ҳаётингизни қутқазиш учун ҳатто ўлакса ҳам ҳалол деган қоида бор.

 

 

 

САВОЛ: “Озод Шарафиддинов мен унга “Жаҳон адабиёти” журналидан иш топиб бердим, бўлим мудирлиги, аммо у эпламади, деди. Наҳотки гадоликни танлаган бўлса?”(Баҳодир)

 

ЖАВОБ: У эпламадими ёки эплашни истамадими ёхуд Озод Шарафиддинов каби виждонни сотиб юборган одам билан бирга бўлишдан ҳазар қилдими? Бу ҳам савол.

 

САВОЛ: “Рауф Парфи ҳақида ёзган Муҳаммад Солиҳ,  у Туркистон учун буюк йўқотиш эканлигини ёзганди.. Хўш у шу қадар бир буюк одам экан,  нега унга ойига 50 доллардан юбориб турмаган? Мана Ойгул Маматовага бир неча минг доллар юборган экан-ку?”(Дўст).

 

ЖАВОБ: Бировнинг чўнтагидагини бировдан сўраш маданиятдан эмас, аммо бу Ўзбекка  хос бўлиб қолди.

 

Ким ташаббус қилса, ўшани жазолаш керак бўлгани каби саволларга ким жавоб берса, ҳамма нарсани ундан сўраш керакми? Бу савол тўғридан тўғри менга тегишли эмас. Балки сиз мендан нега сиз юбориб турмадингиз, дея сўрашга истиҳола қилган бўлсангиз керак. У ҳолда жавоб беришим мумкин: Рауф Парфику “Ўзбекистон халқ шоири” унвони учун сариқ чақа бўлса-да бир нарса олар экан, аммо сариқ чақасиз қолган буюклар ва миллионлаб оддийлар ҳам бор. Қайси бирига етишасиз?

 

САВОЛ: “Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳам казо-казолар имзоси билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси”да Рауф Парфига таъзиянома эълон этди. Кейин Сурхондарёда бир кўчага унинг номи берилди. Буни маҳаллий одамлар амалга оширди деб баҳона қилишди. Демакки агар халқ истаган жойига истаган одамининг номини бера оладиган даражага етган бўлса, Ўзбекистонда демократия юз берибди-да?“(Муҳсин)

 

ЖАВОБ: Ўзбекистонда демократия юз берса халқ ўзини дарвеш, гадо ҳолига туширишга хизмат қилгани учун шоҳ кўчалардан шоирлару ёзувчиларнинг номларини олиб ташлайди. Балки Рауф Парфи ҳам “биздан эди” дея кўчасининг номига тегмас.

 

САВОЛ: “Нима бўлганда ҳам балки Совет даврида балки зулм даврида, унинг бир қанча китоби Ўзбекистонда нашр этилибди-ку?”(Шоира).

 

ЖАВОБ: Шу ҳам нашр этилмаса эди, демоқчимисиз.

 

Рауф Парфи дарвеш эди, дарвешона яшади, балки дарвешнинг ҳаёти шундай бўлиши керакдир? Аслида ҳаммамиз ҳам ана шундай саволлар гирдобидамиз. Фақат бу саволлар кимни ютиб кетади ва кимни юта олмайди. Гап ана шунда.

 

Хафа бўлманг, ҳатто Ўзбек адабиётининг қотили Лазиз Қаюмовни мақтаб ёзадиган Аъло Хўжаевлар топилганидек, Эркин, Абдулла, Озод акаларингиз ўлганда ҳам уларга марсия битадиганлар кўп бўлади.

 

Яъни соҳилларда жой кўп. Бирига сиғилмаса иккинчисига сакралаверади.

 

 

Лазиз Қаюмов

 

29 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Сиз саволлардан бирига жавоб бериш мобайнида, Лазиз Қаюмовга “Ўзбек адабиётининг қотили” дея баҳо бергансиз.Тўғри унинг бир вақтлар 27 лавозимда ишлаганини эшитганмиз. Лекин унинг айнан “қотил” эканлигини тушунтириб берсангиз? (Фарҳод, Шерзод ва бошқалар).

 

ЖАВОБ:Аълохон Хўжаевни ва умр йўлдошини ишга жойлаб қўйгани учун у Лазиз Қаюмовни улуғлаб ёзгани  менинг ҳаёт тарзимга зид бўлгани учун бу ҳақда жуда қисқа тўхталиб ўтгандим. Лазиз Қаюмов шахсан мени ҳам туҳматчилардан ҳимоя қилган. Лекин бу унинг бутун фаолиятини оқлашимга асос бўлмайди .Таниқли журналист ва давлат арбоби Аҳмаджон Мухторов эса менга ёмонлик қилган бўлса ҳам (Бу ҳақда “ИАК”да ўқишингиз мумкин-ЖМ) унинг фаолиятини мен доим мақтаб келаман.

 

Маълумки, Қотил дегани ўлдирувчи, маҳв этувчи, деганидир. Лазиз Қаюмовнинг Ўзбек адабиётида ўлдирувчи, маҳв этувчи  ролни бажарганини кўпчилик яхши билади. Унинг ТошДУдаги “фаолияти” ҳам бир достон. Аммо гап “қотиллик” ҳақида экан, бу борадаги минглаб мисоллардан фақат учтасини келтираман.

 

1.Маълумки, у Ҳамзашунос сифатида машҳур эди. У “Яша шўро, яша шўро, сен яшайдиган замон” деган машҳур шеърни ва бошқа ўзгартирилган  шеърларни Ҳамзанинг номидан адабиётга олиб кирган ва бу каби “асарлар” миллионлаб ёшларнинг онгига сингдирилган эди. Кейин Боймирза Ҳайит жанобларининг ўша пайтдаёқ Ҳиндистондаги халқаро конференцияда унинг юзига қараб айтган гапларидан маълум бўлдики, Ҳамза бу шеърни “Яша Турон, яша Турон, сен яшайдиган замон” шаклида ёзган экан. Иккинчисида қофия ҳам уйғун. Биринчисида эса,  “каллани” кесган қотил бошқа нарса ҳақида ўйламаган.

 

У Ҳамза Ҳакимзода ва бир қатор сафдошларининг асл асарларини ўлдириш билан русларга хизмат қилиб берганди. Бу аслида одам ўлдиришдан ҳам оғир жиноят. Чунки у шу йўл билан миллионлаб онгларни заҳарлади ва бугунга қадар ҳам мазкур заҳри қотил ўз ишини кўрсатмоқда.

 

 

 

2.Қайта қуриш энди бошланаётган йилларда у Ўзбекистон компартияси МК котибаси Раъно Абдуллаеванинг биринчи маслаҳатчиси эди. Абдуллаевага “Наврўз-диний байрам”, дея уни йўқотиб, ўрнига “Навбаҳор” байрамини ташкил қилайлик деган таклифни берган Лазиз Қаюмов эди. Бир неча йил Наврўз бўғилиб, 5 Апрел куни “Навбаҳор” байрами “нишонланган”, аммо халқ буни қабул қилмаганди.

 

Бу “ташаббус” Ўзбек миллий одатларини ҳам яксон қилиш ҳаракатига айланиб кетганди. Ўша пайтда Қаюмов бошида турган гуруҳ жуда кўп миллий руҳдаги асарларни четга сурдириб, коммунистик партияни улуғлайдиган нарсаларни чоп эттиришганди.

 

3.Лазиз Қаюмов бош муҳаррир бўлганда, мен “Совет Ўзбекистони” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири эдим. Менга туҳмат бўлганда, бунга ишонмаган. Охирига қадар текширтирган эди. Бу раҳбарликка хос яхши хислат. Бунинг учун Худо уни раҳмат қилсин.

 

Лекин менга нисбатан шундай адолатли бўлган эди, дея унинг бутун бошли “қотилликлари”дан ҳам кўз юма олмайман. У газетада ҳам гоҳо билиб, гоҳо эса билмай кўп асарларни ҳам маҳв этганди. Бир кун таҳририят таклифи билан Тошкентга келдим. Лазиз Қаюмов беш соатлик тушликдан қайтгач, мени чақириб топшириқлар бера бошлади. Шу пайт котибиятдан бир киши янги чиқадиган газетанинг саҳифасини олиб кирди ва  “Мана бу фельетон саҳифага сиғмаяпти” деди. Лазиз Қаюмов қаламни теппага кўтариб, саҳифанинг устига ташлади-да, ҳатто нималигига ҳам қарамасдан қалам тушган жойидан 100 сатрдан кўп қисмини чизиб, котибга берди. Кейин билсам, бу менинг фельетоним экан ва қалам тушган жойида танқид қилинаётган адрес ҳамда фельетоннинг энг муҳим қисми бор экан. Котибиятдагиларга ҳар қанча тушунтиришга уринмайин “Домланинг айтганини бажармасак, бошимиз кетади” дейишди ва  фелъетон адрессиз, мазмунсиз бир шаклда чиқиб кетди. У менинг ҳам бир асаримни шу зайл ўлдирган эди. Бу энди унинг бошқаларнинг ёзганларига нисбатан беписанд қарайдиган бир “хислати” эди.

 

 

Мансаб ва манфаатга сиғиниш иллатидан бир қутула олсак

 

30 Апрел, 2005 йил.

 

САВОЛ: Бугун зиёлиларимиз Ўзбек зеҳниятидаги камчиликларни ҳам кўрсатиб беришлари керак, деб ўйлайман. Масалан, сиз ўзингиз кузатган камчиликлардан баъзиларини айтиб беролмайсизми? (Еркин)

 

 

ЖАВОБ: Менимча фақат Ўзбек зеҳнияти эмас, балки Шарқ зеҳнияти ҳақида ўйлаш ва нуқсларнинг илдизини таҳлил қилиш керак. АҚШда ишлаган жойларимда Шарқ мамлакатларидан келиб бу ерда яшаётган одамлар билан кўп учрашдим ва икки нуқта диққатимни тортди.

 

Биринчиси, Шарқдан келганлар мансаби озгина юқори бўлган одамга, гарчи унинг фойдаси тегмаса ҳам қуллуқ қиладилар, унинг атрофида айланадилар, у билан яхши муносабатлар ўрнатиш учун қўлларидан келган ҳамма ишни амалга оширадилар. Керак бўлса, ўзларини унинг оёқлари остига ташлайдилар. Яъни ўзларини камситиш даражасига ҳам бориб етадилар. Бу нарсани америкалик ёки Авропадан келганларда кўрмайсиз.

 

Иккинчиси, сиз ким бўлишингиздан қатъий назар, агар сизга ишлари тушган ёки тушадиган бўлса, тиржайиб яхши гаплашадилар, кўнглингизни топишга уринадилар, байрамлар ва бошқа сабаблар билан телефон қилиб турадилар, ўтиришларга чақирадилар, ўзларини яқин оладилар, дўст бўлиб кўринадилар ва ишлари битиб, эшаклари лойдан ўтиши билан кичик бир баҳона сабаб сиздан юзларини буриб кетаверадилар.

 

Ҳар иккаласи ҳам Ўзбек жамияти учун жуда таниш манзара, шундай эмасми? Мен бу манзарани араблар мисолида ҳам, дари, паштун, турк, форс, курдлар мисолида ҳам кўрдим. Аввалига бу дин билан боғлиқмикан, деб ўйладим. Бунга далил тополмадим. Аксинча дин фақат Худога қул бўлишга, фақат Худогагина сиғинишга чақиради. Динсизлик билан боғлиқмикан, деб ўйладим. Кузатсам, диндорлар бу масалада бошқалардан ҳийла олдинда. Бошқа динда бўлганларда ҳам шуни кузатдим. Масалан, корейслар, непал, бирма ва ҳоказоларда.

 

Бу узоқ тарихдан зеҳниятга сингиб кетган қуллик белгиси деб ўйласам, асрлардир расман қул бўлиб яшаган қора танлиларнинг бугун Америкада ўз ғурурларини ҳаммадан баланд тутишлари бу фикримни ҳам рад этди. Улар бировнинг мансабига қарамайдилар ва ундан фойда келиб келмаслигини ҳам ўйламайдилар. Агар нафсониятларига тегадиган гап бўлса, ким бўлишидан қатъий назар дарҳол жавоб қиладилар. Менимча, бу бизнинг анъаналар ва тарбия тизимимиз билан боғлиқ.

Менга яқинда бир Ўзбек: “Сиз ҳамма лидерларимизни танқид қилаяпсиз, улардан бири президент бўлиб қолса, яна Ўзбекистонга қайтишингиз мумкин бўлмай қолади-ку?” деб хат ёзди.

 

Унга жавобимда: “Мен уларни танқид қилиб, уларга ёрдам бераяпман. Агар улар сиз айтган каби йўл тутсалар, демак Каримовдан фарқлари қолмайди. Масалан, мен президентликка, лидерликка даъвогар эмасман, лекин фалакнинг чархи тескари айланиб кетиб, шундай ҳол юз берганда уларнинг ҳаммасини ҳурматларини жойига қўйиб, Ватанга қайтарган ва юракларида ростдан ҳам элга хизмат қилиш нияти бўлса, шунга йўл очиб берган бўлардим” дедим.

Шундан бери унинг менга муносабати ўзгарган, тез-тез телефон қилиб туради, гап орасида “Америка ҳукумати бу вазифага сизни лойиқ кўрган бўлса керак” ҳам деб қўяди. Кўрдингизми, бу ўша қусурли зеҳниятнинг асорати.

 

Биз ана шу мансаб ва манфаатга сиғиниш иллатидан бир қутула олсак.

 

 

 

Қайтсангиз ботиб, маҳв бўлиб кетасиз

 

3 Май, 2005 йил.

 

САВОЛ: Биласиз 15 йилдан бери мухолифатдаман. Менинг ҳукуматга яқин жойда ишлайдиган бир жияним бор. Унинг фамилияси бобомнинг исмида. Меники отамнинг исмида. 1999 йил у уйимга келиб мени «тарбия» қилмоқчи бўлди. Ҳатто ўз қўлим билан МХХ га топшираман, деган гапларни айтишгача борди. Мен албатта тоға сифатида босиқ бўлдим ва бу йўлдан қайтмаслигимни тушунтиришга ҳаракат қилдим, бўлмади. Уйимдан чиқиб кетишидан олдин «Сени уйингни елкамнинг чуқури кўрсин» дея чиқиб кетди. Мен хафа ҳам бўлганим йўқ. Мана олти йилдан бери на гаплашамиз, на алоқа бор. Олти йил давомида фақат ўлим маросимларида бир-биримизни узоқдан кўрдик, холос.

 

Яқинда у бир икки қариндошим билан кириб келди. Ўз қондош яқинларим битта талабни қўйишди: Ё олиб бораётган ишингни ташлайсан, биз билан бўласан, ёки барча ака-ука ва сингиллар билан алоқани бутунлай узасан.

 

Ўзинг ҳам, болаларинг ҳам қишлоққа бормайсан. Бу сафар ҳам ўзимни оғир тутдим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаслигимни аниқ қилиб айтдим. Бу ерда қишлоқдаги ака-укаларим ва сингилларимни айблашдан умуман йироқман. Чунки улар қишлоқда яшашади. Фақат уларни амалдор жиян роса қўрқитган, ваҳима қилган.

 

Акамнинг айтишича, жиянни ҳукумат идорасига чақириб, агар тоғангни бу йўлдан қайтармасанг сени қаматиб юборамиз, деб қўрқитишган. Мен йўлимдан қайтмаслигим аниқ. Аммо ака-ука ва сингилларим билан бўладиган муносатни энди қандай олиб бораман? Мана шу савол мени қийнаяпти Биламан улар ўз хатоларини вақти келиб тушунишади. Оз қолди албатта. Жуда кўп тазйиқлар ва азобларни кўрган инсон сифатида, бунга нима дейсиз?(Дўст).

 

ЖАВОБ: Каримов режимининг энг кечирилмайдиган жиноятларидан бири мухолифларининг ота-онаси, яқинларига қилган зулмидир. Ҳамма нарсага баҳона топиши мумкин улар, аммо бу жиноятга ҳеч қандай баҳона топа олмайдилар. Бу масалада инсоният ҳеч қандай баҳонани қабул қилмайди. Бу бутун дунёда оғир жиноят ҳисобланади.

Албатта бугун сизга осон эмас. Бундай кезларда одамга анча қийин бўлади. Мен ҳам шундай кунларни яшаганман. Президентга қарши чиққанимда қариндошларга қаттиқ тазйиқ бўлган, кейин уларни бир-бир қамашган ҳам. Баъзилари мендан қаттиқ хафа бўлишган. Аммо кўпчилик қатори улар ҳам мен ҳақ эканлигимни юрак тубида тушунишса керак, деб ўйлайман.

 

Сизни ҳам ўзингиз айтган каби бир кун улар тушунадилар. Лекин шу нарса аниқ-ки кишининг бошига оғир кун келганда барибир қариндошлар ярайди. Кўп одам, ҳатто баъзи дўстлар ҳам ўзини олиб қочар, фақат жону жигар бўлган яқинларгина ёнингизда қолади. Шу боис уларнинг ҳам кўнглини топишга ҳаракат қилиш лозим. Яъни улардан ҳам ажралиб қолмаслик керак. Чунки улар биз ҳақ ҳуқуқлари учун курашаётган халқнинг бир қисми. Улар бизни тушунмади, дея улардан юз ўгира олмаймиз. Аксинча, уларга яқин бўлиб, ҳақиқатни уларга тушунтириш йўлларини топишимиз зарур.

 

Улар билишлари лозимки, сиз бугун мухолифатдан қайтсангиз ҳам қайтмасангиз ҳам ҳукумат сизга нисбатан босқисини камайтирмайди. Номингизни қора рўйхатдан чиқариб ташламайди. Сиз учун орқага йўл йўқ. Орқа ноҳақлик, адолатсизлик ботқоғи. Қайтсангиз ботиб, маҳв бўлиб кетасиз. Буни эса қариндошларга, халқимизга тушунтириш керак. Улар тушунмайдиган авом эмас, ҳатто ўша ҳукуматга яқин бўлган жиянингиз ҳам юрагининг бир четида сиз ҳақ эканлигингизни билади. Лекин начора! Ўзингиз айтгандек, кўпи кетиб, ози қолди.Ҳукумат қариндошлар ва яқинларга ҳам тазйиқ ўтказиш билан ўз оёғини кесмоқда. Бу боши эзилган илоннинг аҳволини эслатади. Ҳукумат ўз қилмишлари билан ўз бошини эзмоқда. Балки бошсиз қолганда думини ликиллатиш билан ўзини қутқармоқчидур?

 

Аммо дум бўлиб қачонгача яшаши мумкин?!

 

 

Чорийевлар

 

5 Май, 2005 йил.

 

 

САВОЛ: Ёзганларингиз ва айтганларингиз тўғри бўлиб чиқмоқда. Одамлар фақат манфаат ўртага чиққандагина оёққа турмоқдалар. Масалан, Тошкентда 3 Май куни Чориевлар оиласи ўтказган намойиш ортида ҳам аслида АҚШдан сиёсий бошпана олиш мақсади ётгани яширилган эмас. Наҳотки, шунинг учун одамлар ўзларини оловга урсалар? Бунга нима дейсиз? (Ўткир).

 

ЖАВОБ: Биринчидан, Чориевлар оиласининг мардлик ва матонатига қойил қолиш керак.

 

 

Иккинчидан, Ўзбекистондаги аксар фуқаронинг ҳаёти бугун таҳлика остида ва демак уларнинг тинч жойлардан бошпана топишга ҳақлари бор. Бу ҳар фуқаронинг Конституциявий ҳақидир.

 

Учинчидан, ўз ҳақларини истаётган оналар ва болаларни қон қақшатган режим лаънатга сазовордир.

 

Ҳукуматнинг мана шундай шафқатсиз эканлиги олдиндан маълум эди. Агар буни кўра олмасак, бизни сиёсий кўрликда айблашга ҳақингиз бўларди. Шу боис айтганларимиз ва ёзаётганларимиз қисман бўлсада тўғри чиқаётган экан, бу қандайдир башорат эмас, балки оддий ҳақиқатни инкор этмасликдан келиб чиқади.

 

Биз буни тинмай айтиб келмоқдамиз. Ҳатто, АҚШдан бошпана олган Баҳодир Чориев билан гаплашганимизда ҳам мен унга буни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Демак, ё мен тушунтира олмаганман ва ёки у мени тушунишни истамаган.

 

Дарвоқе, намойишга чиққанлар бойликлари, ҳақ-ҳуқуқларидан айрилганлар, хўш нима қилишлари керак? Ҳаётларидан ҳам айрилишни истасалар бу ёвуз ҳукуматнинг оёғи остига ўзларини ташлайдилар. Жонидан тўйган ўзини сувга ҳам, ўтга ҳам отаверади. Аммо бу фойда келтирадими?. Кимга кўра ҳа, кимга кўра йўқ.