Дунёга, атрофдаги воқеаларга ўз муносабати бўлмаган одамнинг ўзлиги бўлмайди. Муаллиф.
-1-
САВОЛ: Агар 2007 йилнинг 23 декабр куни Каримов сайланмай қолса, нима бўлади?(Насим).
ЖАВОБ: У ўз жойида қолади.
-2-
САВОЛ: Каримов ўлган кун нима бўлади?(Шуҳрат).
ЖАВОБ: Мотам байрами!
-3-
САВОЛ: Агар янги сайланган номзодлардaн биттаси сайланиб қолса, нима бўлади?(Рустам).
ЖАВОБ: “Жаслиқ”да маҳбуслар сони яна биттага кўпаяди.
-4-
САВОЛ: Сиз янги кўрсатилган номзодлардан қайси бирига овоз берган бўлардингиз?(Наврўз).
ЖАВОБ: Қайси бири Каримовнинг юзига қараб, “Бу мамлакат онангизни маҳрига тушган эмас, кетинг-да энди!” деб айта олса, ўшанга!
-5-
САВОЛ: Нега бизнинг одамлар фақат мансабни яхши кўрадилар?(Умида).
ЖАВОБ: Бир юракка икки муҳаббат сиғмайди.
-6-
САВОЛ: Савол берсам, кимлигимни билиб қолишлари мумкинми?(Исмсиз).
ЖАВОБ: Улар учун савол эмас, жавоб муҳим!
-7-
САВОЛ:Каримовни ҳам Рашидовга ўхшаб гўридан чиқаришлари мумкинми?(Зоҳиджон).
ЖАВОБ: Йўқ, унинг ўлигидан ҳам қўрқадилар!
-8-
САВОЛ: Орага халқаро жамоатчилик тушса, Каримов режими ярашга рози бўладими?(Исмоил).
ЖАВОБ: Америка билан ҳа, мухолифат билан йўқ!
-9-
САВОЛ: Путин, Шанхай Ҳaмкорлиги ташкилоти мухолифатга нажот манбаи бўлиши мумкинми?(Равшан).
ЖАВОБ: Агар мухолифат ҳокимиятга келса ва намойишга чиққан демократларни ўққа тутса, уни дунё жамоатчилиги ғазабидан ҳимоя қилишга Путин ва ШОС келиши табиий!
-10-
САВОЛ: Бир жойда “Мулланинг айтганини ҳам қилма, қилганини ҳам қилма” деб ёзибсиз. Бу билан гуноҳ қилганингизни биласизми?(Азиз).
ЖАВОБ: Бугун Ўзбекистонда минглаб муллалар золимни мақтамоқдалар, дуо қилмоқдалар ва бошқалардан ҳам буни талаб этмоқдалар. Шундай пайтда кимдир “гуноҳ” ҳам қилиши керак!
-11-
САВОЛ: Мухолифат сайловда кимга овоз бериши керак?(Мурод).
ЖАВОБ: Бу савол ҳақида бугун эмас, бир-икки йил олдин ўйлаш кераклигини ўша пайтда айтгандик. Қулоқ солишмади. Бугун энди кимга овоз бериш ҳақида эмас, ҳинони қаерга қўйиш ҳақида ўйлаш керак. Чунки ҳайит ўтиб бўлди.
-12-
САВОЛ: Каримов мухолифат билан мулоқот қилиши мумкинми?(Шокир).
ЖАВОБ: Агар у назарга илса, мумкин. Афсуски, назарга илмайди.
-13-
САВОЛ: Бир кун келиб Мирзиёев ҳам президент бўлиши мумкинми?(Фахриддин).
ЖАВОБ: Бу юртда Каримов шунча йил президент бўлгандан кейин Мирзиёвгина эмас, ҳатто Виктор Чжен ҳам президент бўлиши оддий ҳол.
Лекин сайловдан кейин Мирзиёевнинг бошида қора булутлар айланиши мумкин.
-14-
САВОЛ: Каримов ўлса, қаерга кўмилади?(Ойниса).
ЖАВОБ: Аввал ўлсин-чи!
-15-
САВОЛ: Туркияда ҳокимият теппасига диндорлар келишди. Шуни ҳисобга олиб, бизнинг мухолифат ҳам динни маҳкам ушласа, тезроқ ҳокимият теппасига келмайдими?(Ботир).
ЖАВОБ: Туркияда шундай бўлишини армия истади. Бизда унақа армия ҳам, ҳокимият теппасига кела оладиган мухолиф сиёсий куч ҳам йўқ. Каримов бундай муқобил куч пайдо бўлиши учун замин қолдирмади, мухолифат эса бундай заминни ярата олмади.
-16-
САВОЛ: Агар менда имконият бор десам, Каримовни ўлдиришга буйруқ берармидингиз?(Йўлдош).
ЖАВОБ: Йўқ!
Биринчидан, мен ҳокимият даъвосидан йироқда бўлган оддий демократ ва бу менинг ғоямга зид.
Иккинчидан, бировнинг жонини олиш ваколати бизга берилмаган.
Учинчидан, мен бир ижодкорман ва ҳатто қўли қон қотилни ўлдиришни ҳам тасаввур қила олмайман.
-17-
САВОЛ: Мамлакатдан чиқиб кетиб, тўғри қилганмисиз ёки хатоми?(Қаҳрамон).
ЖАВОБ: Хато!
-18-
САВОЛ: Четда туриб бирор иш қилишингизга кўзингиз етадими?(Фаррух).
ЖАВОБ: Мамлакат ичида ташкилотимизнинг бўлимларини тузмоқдамиз ва бир кун бу ташкилотланиш жуда муҳим миссияни бажаришига ишонаман.
-19-
САВОЛ: Нега йўлини топиб, хорижий радиолардан минбар сифатида фойдаланмайсиз?(Раҳимжон).
ЖАВОБ: Бир ҳафта ичида шу мавзуда мамлакатдаги у ёки бу тарзда мухолифатга алоқаси бўлган 26 киши билан гаплашдим. Шулардан фақат бири-шоир Юсуф Жума радио эшитар экан. Унинг ҳам ҳафсаласи пир бўлибди. Аммо гаплашганларимнинг ҳаммаси турли йўллар билан бўлсада “Туронзамин”ни ўқир эканлар. Мана сизга жавоб!
-20-
САВОЛ: Диктатурани қуруқ гап билан ағдариб бўладими?(Самир).
ЖАВОБ: Сўз қуролдан кучлироқ!
-21-
САВОЛ: Бу кетишда биз демократияга қандай етишамиз?(Комрон).
ЖАВОБ: Демократия тоғ эмаски, унга етишсангиз. Демократия қонда, жонда, тарбияда, шуурда бўлиши керак.
-22-
САВОЛ: Ўзбекистоннинг келажаги мавҳум деган экансиз, наҳотки сиз ҳам унинг келажагини кўра олмаяпсиз?(Саъдуллла).
ЖАВОБ: Кўра олмасам ҳам тахмин қила олганим учун айтаман, Каримовнинг “хосияти” туфайли Ўзбекистоннинг “буюк” келажаги қамоқхоналарда етишмоқда.
-23-
САВОЛ: Халқни сўкаверган билан бир нарса ўзгарадими? (Нозим).
ЖАВОБ: Сўкиб ҳатто болангизни одам қилолмайсиз!
-24-
САВОЛ: Нега ташқарига чиққандан кейингина қаҳрамон бўламиз?(Аслам).
ЖАВОБ: Ўрмондан узоқлашса, қуён ҳам ўзини арслон санайди. Бу табиат қонуни.
-25-
САВОЛ: Ватанга ёрдам қилмоқчиман, нима қилишим керак?( Ўткир).
ЖАВОБ: Ватаннинг ҳавосидан нафас олинг!
-26-
САВОЛ: Нега Алишер Соипов ҳақида ёзмаяпсизлар?(Шуҳрат).
ЖАВОБ: Қўлимизда бу воқеа ҳақида турли-туман версиялар таҳлил этилган ўнга яқин мақола тўпланди. Уларни эълон қилиш турли баҳслар ва ички жанжалларга бошлайди. Шуларни назарда тутиб, ДЎК бошқарув ҳайъати тергов натижаларини кутишга қарор қилди.
-27-
САВОЛ: Ўзбек пахтасини бойкот қилиш масаласига қандай қарайсиз?(Аҳмад).
ЖАВОБ: Агар дунё иқтисодий мафия манфаатига зид одим ота билганда, Африканинг ажалига айланган, ҳатто ҳақида ўнлаб филмлар яратилган олмосни бойкот қиларди!
-28-
САВОЛ: Ўзбек пахтасини бойкот қилиш масаласида сизлар ҳам нега жар солмаяпсизлар?(Исмсиз).
ЖАВОБ: Бундай ҳарaкатларни шов-шувларсиз қилиш керак! Чунки натижа чиқиши мушкул. Аммо диктатура матбуоти “Хоинларимиз оқ-олтинимизни бойкот қилишга чақирмоқда” деб ёза бошлади. Бу эса деҳқоннинг сўнги тийинини ҳам бермасликка баҳона!
-29-
САВОЛ: Мухолифат битдими?(Абдураҳмон).
ЖАВОБ: Агар ота-онаси топилса, янги мухолифат туғилади.
-30-
САВОЛ: Балки сайловдан кейин Каримов юмшаб қолар ва четдаги мухолифларга мамлакатга қайтиб, сиёсий фаолият қилишга йўл берар? (Шавкат).
ЖАВОБ: Каримовдан нажот кутиш, ҳўкиздан сут кутишдир! Кимдир бунга ҳам ишонади!
-31-
САВОЛ: Келажакда Каримовни ҳам қаҳрамон дейдиганлар чиқиши мумкинми? (Нурилла).
ЖАВОБ: Ҳа, агар Худонинг номини икки пулга сотадиган мунофиқлар ҳокимият теппасига келиб қолсалар Каримов эртаклардаги афсонавий қаҳрамонга айланиши ҳеч гап эмас. Унинг ўзи буни билади ва Ўзбекистон йўналишини ана шу изга солишга тиришмоқда.
-32-
САВОЛ: Андоза олса бўладиган мукаммал жамият борми!(Нурилла).
ЖАВОБ: Йўқ. Чунки инсоннинг ўзи мукаммал эмас. Шундай экан у қурган жамият қандай мукаммал бўлсин. Бугунга қадар қурилганларининг ичида тузукроғи демократик жамиятдир.
-33-
САВОЛ: Озгина қийинчиликдан қочадиган бирор одам “Ватаним учун жонимни беришга тайёрман!” деса кулгим келса нима қилай? (Ҳаким).
ЖАВОБ: Кулгингиз келса, мазза қилиб кулинг, кулги ҳам фойдали!
-34-
САВОЛ: Сайлов арафасида лидерларимиз шиширилган балон-шарлар каби ёрилиб кетдилар. Наҳотки шуни олдиндан кўра олмаганлар? (Мурод).
ЖАВОБ: Кўп гап шарни пуф-пуфлаганларда бўлади. Пуфлайвергандан кейин ёрилиб кетади-да. Аммо уларга нима! Бозорнинг талабига кўра, йиртилган шарнинг парчаларидан шарчалар ясаб ғичирлатиб юраверадилар.
-35-
САВОЛ: Баъзи жавоблар такрорга ўхшаб қолмоқда, бунга эътибор қилмайсизми?
ЖАВОБ: Бу менга эмас, савол йўлловчига боғлиқ. (Қосим).
-36-
САВОЛ: Сиз ёқтирган сиёсатчи ким? (Нозима).
ЖАВОБ: У ёшдан ўтганман.
-37-
САВОЛ: Ўзбек журналистлари орасида ҳаммага бирдек қарайдиган мустақили йўқлигининг сабаби нимада?(Шодиёр).
ЖАВОБ: Шуурида, руҳида мустақиллик бўлмаган одамнинг ўз фикри, ўз сўзи бўлмайди, у кимнингдир ёки ниманингдир қулига айланади.
-38-
САВОЛ: Сиз ҳукуматдан ижтимоий ёрдам олиб яшайсизми? (Гул).
ЖАВОБ: Йўқ мустақилман.
-39-
САВОЛ: Сиз бундан бир неча йил олдин ёзган сиёсий латифаларни бугун бир қанча жойларда бошқа муаллифлар номи остида ўқиб қолаяман. Бунга сиз қандай қарайсиз?(Олим).
ЖАВОБ: Бундан хурсандман. Демак, ёзганларим бекорга кетмабди.
-40-
САВОЛ: Россиядаги сайловлар бу мамлакатда демократия тамом бўлганини кўрсатадими? (Алишер).
ЖАВОБ: Нима, Россияда демократия бормиди?
-41-
САВОЛ: Ислом Каримовнинг ўзи Ўзбекистон Конституциясини ўқирмикан? (Озодбек).
ЖАВОБ: Конституция сўзидаги “К” ҳарфини у баъзан “Х” билан, баъзан эса, “Қ” билан алмаштириб ўқиса керак.
-42-
САВОЛ: Ўзбекистон Конституциясига нега биров назар ташламайди? (Искандар).
ЖАВОБ: Бу брошюра ертўлада чанг босиб ётгани учун. Уй тозаланганда у ҳам тозаланса, кейин унга биров назар ташлаши мумкин.
-43-
САВОЛ: Сизни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 15 йиллиги билан табриклашим мумкинми? (Фахри).
ЖАВОБ: Йўқ ! Чунки қабул қилинганда унга уч киши қарши овоз берган ва бири мен эдим.
-44-
САВОЛ: ОБСЕ раислиги Назарбоевга насиб этгани Каримовни ёндираётган бўлса керак? (Ёш сиёсатчи).
ЖАВОБ: Югурганники эмас, буюрганники!
-45-
САВОЛ: Наҳотки Ўзбекистондаги зулм абадий бўлса? (Хуршид).
ЖАВОБ: Зулм вақтинча, аммо “меъроси” абадий.
-46-
САВОЛ: Нега биз ҳақ сўзни айтишдан қўрқамиз? (Насиба).
ЖАВОБ: -Ҳақ сўз дор тагида бўйинга илинган арқонга ўхшайди. Айтмасангиз бўғиласиз, айтсангиз ҳам бўғиласиз. Танлов ўзингизда. Айтиб қолинг!
-47-
САВОЛ: Андижонда Бобур ҳайкалини Бобур майдонидан бошқа жойга кўчиришди. Бунга нима дейсиз? (Абдураззоқ).
ЖАВОБ: Бу майдон қонга бўялди…
-48-
САВОЛ: Сайловдан кейин нима бўлади? (Ўзбек).
ЖАВОБ: Газ камайиб, нархлар ошса керак…
-49-
САВОЛ: Каримовнинг ёши 70 га етиб ҳам нега бу қадар тахтга ёпишиб қолди? (Адҳам).
ЖАВОБ: Унга кимдир “Агар президент сифатида ўлсангиз шаҳид бўласиз, жаннатга кирасиз” деб айтган бўлса керак.
-50-
САВОЛ: Бизнинг халқимиз қачон кўчаларга чиқади? (Ориф).
ЖАВОБ: Бизнинг халқимиз зотан кўчаларда. Қачон уйига қайтади десангиз-чи?!
-51-
САВОЛ: Золимнинг қўлидан ҳар қандай иш келишини наҳотки Юсуф Жумадек зукко одам билмас эди? (Баҳора).
ЖАВОБ: Биларди. Бундан бир ой аввал гаплашганимизда ҳам уни четга чиқиб кетиш ҳақида ундадим. “Ҳаммамиз кетаверсак, ким курашади?” деди у. Юсуф Жумадек шоир юз йилда битта туғилади. Унинг кураш майдони шеърият, унинг қуроли сатрлар ва унинг пикети ёзганларини эълон қилишдир. Аммо у қолганларнинг ишини ҳам ўз елкасига олди. У фавқулодда буюк одам!
-52-
САВОЛ: Сайловлар натижаси олдиндан маълум бўлса, Каримов нима қилади сайлов ўтказиб? (Фахриддин).
ЖАВОБ: Каримов ҳам одам, унинг ҳам ўйин қилгиси келади.
-53-
САВОЛ: -Мухолифат 23 декабр куни сайловда қатнашиши керакми-йўқми? (Адҳам).
ЖАВОБ: Қатнашди ёки қатнашмади, фарқи йўқ. Бу сайловни мухолифат 2005-2006 йиллардаёқ ютқазган.
-54-
САВОЛ: Нега имзосиз “постинглар” ёзишга қаршисиз? (Бахтиёр).
ЖАВОБ: Бир сўз бузган дунёни минг сўз туза олмаслиги мумкин-да.
-55-
САВОЛ: 19 декабр-Қурбон байрами. 23 декабр-Президент сайлови. Бу кунлар орасида бирор боғлиқлик кўрасизми? (Укангиз).
ЖАВОБ: Иккаласида ҳам қўйларни қурбон қиладилар.
-56-
САВОЛ: Агар ўзбекнинг бошига арабнинг ўлигини раҳбар қилиб қўйсангиз нима бўлади? (Зафар).
ЖАВОБ: Ўзбек уни ҳам доҳий деб сиғинади.
-57-
САВОЛ: Яхшилик ва ёмонликни ўлчайдиган мезон борми? (Ўткир).
ЖАВОБ: Бор׃ яхшилик ва ёмонлик.
-58-
САВОЛ: Нега бизнинг одамлар Ўзбекистон ҳақидаги муаммоларни гапирмасдан фақат АҚШни танқид қиладилар? (Алишер).
ЖАВОБ: Чунки уларнинг бола-чақаси бор…
-59-
САВОЛ: Бутун Ўзбекистон Каримовнинг суратларига тўлган. Суратларни ретуш қилиб, уни чиройли кўрсатишга уринишган. Наҳотки ҳамма нарсани бўяш билан ҳаётни ўзгартирамиз деб ишонсак? (Ёш журналист).
ЖАВОБ: – Суратни ҳар қанча бўясангиз ҳам сиймога айланмайди.
-60-
САВОЛ: -Каримовнинг бугун Марказий Осиё сиёсатида ўрни борми? (Сирожиддин).
ЖАВОБ: Йўқ. Унинг бебурдлигини ҳамма билиб бўлган.
-61-
САВОЛ: “Каримов сайловдан кейин даволаниш учун Олмонияга кетади” деган гапларни айтишмоқда, бунга нима дейсиз? (Саид).
ЖАВОБ: Уни ва унинг планларини яхши билмаганлар кўп гапларни айтаверадилар. Ҳаммасига ишонсак, Каримов қачонлардир ўлиб кетиши керак эди.
-62-
САВОЛ: -Юсуф Жумадек мухолифатчи шоирнинг бошига шунча ишлар тушди, у бир ўзи Каримов ҳукуматини пикет қилди ва нима учун бу ҳақда баъзи мухолифатчи сайтлар ҳатто битта хабар ҳам бермади? (Ғайрат).
ЖАВОБ: Бу ҳам сизга кимнинг кимлигини билиш учун бир ишоратдир.
-63-
САВОЛ: Нега энг яқин дўстларимиз сал нарсага сотиб кетадилар? (Азиз).
ЖАВОБ: Чунки дўст танлашни билмайсиз. Хафа бўлманг, бошқалар ҳам билмайдилар, мен ҳам.
-64-
САВОЛ: Нега матбуотимиз эркин бўлишига йўл беришмайди? (Мухлис).
ЖАВОБ: Матбуоти эркин бўлмаган элнинг одамлари қулоғи яхши эшитмайдиган, кўзи хира кишининг аҳволига тушадилар. Улар турли воситалар билан ўзларига эшиттирилгани ва кўрсатилганидан бошқа нарсани билмайдилар. Агар билсалар… ўша кун уларнинг уйғониш куни бўлади. Шунинг учун ҳам эркин матбуотга йўл беришмайди.
-65-
САВОЛ׃ Мурод Жўраевни яна “эркчи” деб ёзишмоқда-ку? (Мурод).
ЖАВОБ׃ Унинг қамоқдан чиқишини истамаган душманларигина шундай қилади. У ҳеч қачон “Эрк”ка аъзо бўлмаган. Буни ўзи ҳам судда ва қамоқдан ёзган хатларида бот-бот айтган.
-66-
САВОЛ׃ Сиёсий партия тузмоқчиман, ишни нимадан бошлашим керак? (Ўткир).
ЖАВОБ: Пул топишдан!
-67-
САВОЛ: Бу йил Ўзбекистонда юз берган янгиликлардан бирортасини айта оласизми? (Али).
ЖАВОБ׃ Катта сиёсатда сиёсий манёврларни ифода этадиган “ПОЛИТТЕХНОЛОГИЯ” сўзи қайта қурилиб “ПАЛИДТЕХНОЛОГИЯ”га айлантирилди.
Дарвоқе, ПАЛИД дегани-кир, ифлос, ярамас, қабиҳ деганидир.
-68-
САВОЛ: Журналистлар ва журналистикамиз ҳақида нима дея оласиз? (Муса).
ЖАВОБ: Журналистикани касби-кор, кун кечириш манбаи деб билганлар журналистлар эмас, оддий кемирувчилардир. Журналистикани ҳақиқатга хизмат, деб билганлар эса ҳаловатларидан кечган жонсараклардир. Ҳар ҳолда кемирувчиликдан жонсараклик яхшироқ!
-69-
САВОЛ: Ўзбек телевидениесини мустақил ишлатиш учун нима қилиш керак?(Хуршид).
ЖАВОБ: Каримовнинг ҳар битта хонасига биттадан кўзгу ўрнатиб, остига катта ҳарфлар билан ЎЗТВ деб ёзиб қўйиш керак.
-70-
САВОЛ: Ҳажга бориб шайтонга тош отишга қўрқмаганлар, нега Каримовдан қўрқишади? (Содиқ).
ЖАВОБ: Шайтоннинг қўлида МХХ си йўқ-да!
-71-
САВОЛ: Мана сайлов ҳам ўтди, энди бу ёғи нима бўлади? (Мухлис).
ЖАВОБ: Каримов ҳам, “мухолифат”нинг “лидер”лари ҳам ўз атрофидагиларни узоқлаштиришга уринадилар.
-72-
САВОЛ: Сайлов натижаларини кўриб нима ҳақда ўйладингиз? (Ўзбек).
ЖАВОБ: “Мухолифат сайловни ютқазди” дея икки йил олдин айтган гапимни.
-73-
САВОЛ: Каримов энди ўз ўрнига одам тайёрлашга киришиши мумкинми? (Алишер).
ЖАВОБ: Бу бизнинг зеҳниятга зид тушунчадир.
-74-
САВОЛ: Нега одамларда имкон бўлгани ҳолда овозларини бошқа номзодларга эмас, балки Каримовга бердилар? (Зайнаб).
ЖАВОБ: Худди сандиқлардаги овоз варақаларини санаб чиққан каби гапираяпсиз-а! Диктатура шароитида варақалар саналмайди. Саналганда ҳам умумлаштиришда ва эълон қилишда ҳисобга олинмайди.
-75-
САВОЛ: Наҳотки Каримов ўлгунча ҳокимият теппасида қолиш учун курашади? (Комил).
ЖАВОБ: Ҳатто оддий ўзбек бригадири ҳам бир умр бригадир бўлиб қолиш учун курашади. Атрофингизга қаранг… минглаб мисоллар кўрасиз.
-76-
САВОЛ: Бу сайлов халқимиз демократияга тайёр эмаслигини кўрсатмадими? (Талъат).
ЖАВОБ: Тавба қилдим! Сиз ҳали бу сайловни демократия деб биласизми?
-77-
САВОЛ: Каримов ўзидан кейин қизини қўйиб кетишни режалаётган эмасмикан? (Абдукарим).
ЖАВОБ: Бир пайтлар режалаганди. Аммо ҳозир ораларидан мушук ўтган кўринади. Гулнора Интернетда сайт очгани мен таниган Каримовнинг майлига зид.
-78-
САВОЛ: Каримов яна олдинги каби АҚШга яқинлашадими?(Сухроб).
ЖАВОБ: Ҳали Путин тирик!
-79-
САВОЛ: Ўзбек халқи стихияли равишда оёққа туриб кeтишидан Каримов наҳотки қўрқмаса? (Баҳром).
ЖАВОБ: Нега қўрқсин? Оёққа турганлар чет элларга кетадилар ва пул юборадилар. Бундан унга фойда-ку!
-80-
САВОЛ: Сичқон йили келмоқда. Бу йилдан нималарни кутиш мумкин? (Таниш).
ЖАВОБ: Буни Бобур Маликовдан сўраш керак. У кишининг тенгдошлари сичқон йилида олтмиш ёшга киришади.
-81-
САВОЛ: Ислом Каримов Янги йил табригида “Мен учун сиз, азизларга, бутун Ўзбекистон халқига умрбод садоқат билан хизмат қилишдан бошқа мақсад ҳам, ҳаёт ҳам йўқ, десам, кўнглимдаги, дилимдаги гапни айтган бўламан” деди. Шунга нима дейсиз? Шу жумладаги умрбод дегани нима? (Абдураҳмон).
ЖАВОБ: Ҳар ҳолда яна 20 йил дегани эмас!
-82-
САВОЛ: Мирзиёевнинг кетиши бирор нарсани ўзгартирадими?
ЖАВОБ: Мирзиёев сиёсий саҳнадан кетса, Ўзбекистонда яқин келажакда диктатуранинг умри 14 йилга қисқаради. (Музроб).
-83-
САВОЛ: Ўзбекистонда 23 декабрда ўтган Президент сайлови ҳақида Америка халқи нима демоқда? (Жавлон).
ЖАВОБ: Америка халқи ўтган йилнинг бошидан буён фақат 2008 йил 4- Ноябрда ўзи ўтказадиган Президент сайлови ҳақида гапириш билан банд.
-84-
САВОЛ: Асл маданиятимиз, тарихимиз, маънавиятимизга қайтиш деганда динга қайтишни айтишмоқда. Диндан олдингилари ҳисоб эмасми? (Раҳимжон).
ЖАВОБ׃ Ҳисоб-китоб қилувчи биз эмас, Тангридир. У ҳамма нарсани ҳисоб қилгувчидир!
-85-
САВОЛ: Бизнинг имом, агар ҳижрат мажбурияти пайдо бўлса дарҳол мол-мулкингиздан кечинг, деб айтадилар. Бу ҳолда мол-мулкимиз бировларга қолиб кетмайдими? (Раҳимжон).
ЖАВОБ: Хафа бўлманг, бировларга эмас, ўша имомга қолади.
-86-
САВОЛ: Кимга қараманг, четга чиққандан кейин, мулла бўлиб қолмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин? (Раҳимжон).
ЖАВОБ: Уларга Ўзбекистоннинг келажаги четдан яхшироқ кўринса керак.
-87-
САВОЛ: Нега биз бизга яхшилик қилганларни эмас, балки биз кимга яхшилик қилганимизни кўпроқ эслаймиз (Давлат).
ЖАВОБ: Нима ҳам дейсиз, ўзига яхшилик қилганларни унутиб, ўзи яхшилик қилганларни эслайдиган одам разолат ботқоғига ботган кимсадир.
-88-
САВОЛ: Нега энди ҳамма нарсани билган одамлар ҳам диктатурага бош эгишмоқда? (Наргиза).
ЖАВОБ: Диктатура қуртлаган овқат. Кўнгли тортганлар ейверади.
-89-
САВОЛ: Покистондаги воқеаларга муносабатингизни билмоқчи эдим? (Ўткир).
ЖАВОБ: Уларнинг ҳам ҳукумати, мухолифати, демократияси ғирт ўзимизникига ўхшар экан. Бўлмаса 19 ёшли, ҳатто ўз тилида гапира олмаган болани ўлдирилган онасининг ўрнига тайинлашадими? Марҳум Беназир Бхутто шунақа демократия учун курашганмиди?!
-90-
САВОЛ: Қозоғистоннинг информация порталида “Озодлик” радиоси ўзбек бўлими ҳақида мақола чиқди. http://www.geokz.tv/article.php?aid=4777 адресда. Шуни шарҳлаб бера оласизми? (Аҳмад).
ЖАВОБ: Бунга шарҳни мендан эмас, “Озодлик”нинг ўзбек бўлими директори Сожида Жаъфаровадан сўрашингиз керак.
-91-
САВОЛ: Рустам Азимовнинг Бош вазир биринчи ўринбосарлигига келтирилиши нимани билдиради? (Қосим).
ЖАВОБ׃ Қайтар дунё! У 2005 йилда ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари эди.
-92-
САВОЛ: Нега “Озодлик” радиоси шоир Юсуф Жума ҳақида ҳар куни жар солмаяпти? (Баҳора).
ЖАВОБ: Чунки у террорист эмас.
-93-
САВОЛ: Ғарбдан демократия учун деб пул олиб яшаётганларнинг баъзилари демократияга зарар бериб юрганларига нима дейсиз? (Нодир).
ЖАВОБ: Зарар келтиришга интилган одам яхшиликни ёйиш учун маош олиб ишлаганда ҳам зарар келтираверади.
-94-
САВОЛ: Авропа Иттифоқи Ўзбекистонда 2008 йил бошидан ўлим жазоси бекор қилинишини қутлаб ҳукуматни олқишлаганига қандай қарайсиз?(Мурод).
ЖАВОБ:Улар энди Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч ким ўлдирилмайди деб ўйлаётган бўлсалар керак!
-95-
САВОЛ: Баъзан сиёсатда ҳам ўйин қилиш ёмонми? (Одил).
ЖАВОБ: -Сиёсатда ўйин қилиш ёмон эмас, аммо ўйинчи бўлиб қолиш ёмон.
-96-
САВОЛ: Сиз кимни ҳақиқий сиёстачи деб билардингиз? (Одил).
ЖАВОБ: Кимки сиёсатни пул учун эмас, қалбининг амри учун қилса, у ҳақиқий сиёсатчидир!
-97-
САВОЛ: Нафақат ҳукуматда, ҳатто мухолифатчиман деганлар орасида ҳам маҳаллийчилик кучли эканлигини кўраяпман. Бунга нима дейсиз? (Ҳаким).
ЖАВОБ: Маҳаллийчилик – Ўзбекнинг ажали!
-98-
САВОЛ: Нега Ўзбекистон туркийзабон давлатлар зирвасидан узоқ туришга интилмоқда? (Шаман).
ЖАВОБ: Тошкент ибораси билан айтганда, Анқара турк бирлигига ислом бирлиги деб қарамоқда ва сиёсий мақсадларни кўзламоқда.
-99-
САВОЛ: Сиз танқид қилганларнинг баъзилари ҳам демократия ҳақида гапиришмоқда-ку? (Рустам ).
ЖАВОБ: Демократияни гапирганга эмас, уни ўз ҳаёти мисолида кўрсатганга ишонинг!
-100-
САВОЛ: Ўзбек журналистикаси бутунлай бадном бўлган деб ёзишганини ўқидим. Шундайми? (Анвар).
ЖАВОБ: Журналистика денгизга ўхшайди. Кимдир унда марваридни кўради, кимдир шўр сувни ва кимдир акулани.
-101-
САВОЛ: Нима сабабдан АҚШда ҳали йилнинг охирида бўладиган сайловга бугундан бошлаб дунёда бу қадар қизиқиш катта? (Меҳрибон).
ЖАВОБ: Чунки чоҳ ёқасига келиб қолган дунёнинг келажаги ҳаммани қизиқтиради.
-102-
САВОЛ: АҚШда қайси бир номзод ютса, бу Ўзбекистон билан муносабатларга қандай таъсир қилади? (Тоҳир).
ЖАВОБ: Агар демократик партиянинг кўзга кўринган номзодлари Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама ютишса, Тошкент учун Вашингтонга йўл очилади. Чунки улар ҳар қандай диктатор ва режим билан мулоқот тарафдори. Мўъжиза рўй бериб, республикачи Жон Маккейн ёки унинг сафдошлари ютиб қолишса, Ўзбекисон раҳбари учун Вашингтонга келиш орзуси орзулигича қолиб кетади.
-103-
САВОЛ: Ўзбекистондаги сайловчи билан Америкадаги сайловчининг фарқини айтиб бера оласизми? (Азиз).
ЖАВОБ: Ўзбекистондаги сайловчи “Менинг битта овозим нимани ҳам ҳал қиларди?” деб ўйлайди. Америкада эса ҳар бир сайловчи мамлакат ва дунёнинг келажаги менинг қўлимда деб билади. Минглар ҳам, миллионлар ҳам бир рақамидан бошланишини ва бирларнинг жамғармаси эканлигини яхши билишади.
-104-
САВОЛ: Сиз АҚШдаги номзодлар орасидан қайси бирига овоз берган бўлардингиз? (Дилмурод).
ЖАВОБ: Аниқ қароримни сайлов бўладиган 4-Ноябр арафасида олган бўлардим. Чунки номзоднинг тилидаги билан дилидагининг фарқини фақат вақт ўртага чиқариши мумкин.
-105-
САВОЛ: Сайловдан кейин АҚШ Ироқдан чиқиб кетади деб ўйлайсизми? (Акбар).
ЖАВОБ: Демократик партия номзодлари шундай ваъда беришмоқда. Лекин ваъда бошқа, реал ҳаёт бошқа. Шахсан мен, АҚШнинг бутунлай чиқиб кетиши жиддий оқибатларга олиб келади деб ўйлайман. Яна Худо билади.
-106-
САВОЛ: АҚШдаги сайловларнинг Россияга таъсири бўладими? (Фахриддин).
ЖАВОБ: Бутун дунёга, шу жумладан Россияга ҳам таъсири бўлади. Ҳиллари Клинтон Путинни “қалби йўқ раҳбар” дегани ва Маккейн эса, “Унинг кўзида уч ҳарфни кўраман холос, яъни – К.Г.Б.” дегани Россия доим диққат марказида бўлишидан даракдир.
-107-
САВОЛ: Бу сайловда АҚШда демократик номзод ғолиб чиқса, мусулмонлар ва мусулмон мамлакатларига муносабат қандай бўлиши мумкин? (Салим).
ЖАВОБ: АҚШ Ўзбекистон эмаски, ҳамма нарса фақат битта одамга боғлиқ бўлсин. Жуда кўп нарса Конгрессда қайси партиянинг ҳукмронлик қилиши билан ҳам ўзгариши мумкин. Мусулмонлар ва мусулмон давлатлари дейилган режимларга қандай муносабат кўрсатилиши эса, энг аввало уларнинг ўзларига боғлиқ.
-108-
САВОЛ: Дунё олдида турган энг катта таҳлика нима бўлиши мумкин?(Камол).
ЖАВОБ: Ядровий ва умуман ялпи ўлимга олиб келадиган қуролларнинг ақлини еб қўйган террористлар қўлига тушиб қолиши энг катта таҳликадир ва ҳар бир соғлом фикрли киши бу масалага ўта жиддий қараши керак деб ўйлайман.
-109-
САВОЛ: Ўзбекистонда жуда кўп одамларнинг исми Саиддир. Уларнинг ҳаммаси пайғамбар авлодиданми?(Саид).
ЖАВОБ: Бу ерда ўзбек тилидаги Саид ва Сайидни аралаштирмаслик керак, менимча. Саид арабчада бахтли деган сўздир. Демак бу Бахтиёр деган исм каби кенг тарқалган. Ҳазрати пайғамбарнинг авлодларини эса, сайидлар дейилган. Аммо Совет даврида бунга ҳам риоя қилинмаган ва Сайид исми ҳам ҳар кимга қўйилаверган. Жуда кўп манбаларда ҳазрати пайғамбар шажарасининг охиргиси Оғахон эканлиги айтилади. Лекин қонлар қайта-қайта қўшилган ва қўшилаётган Марказий Осиёда ким кимнинг авлодидан эканлигини қидириш қумдан нина излашдек гап, топишингиз мушкул, аммо тўсатдан оёғингизга ботиши ҳам мумкин.
-110-
САВОЛ: Нима қиласиз узоқлардаги одамларни ўйлайвериб? Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак эмасми? (Фазлиддин).
ЖАВОБ: Эҳ, дўстим… Куни кечаги бир воқеа׃ олис қишлоқда яшайдиган саксонга яқинлашиб қолган бир мўйсафид синглимга׃ “Телевозорда кўриб қолдим, Американи қор босибди, мана шу ўзимизнинг боғдан, шуни бериб юборинглар, бизни ўйлаб ўша ёқларга кетиб қолди” деб, бир халтача ёнғоқ ва майиз олиб келибди. Менку мен, буни эшитиб, бошқа бир жамият ва бошқа бир муҳитда ўсаётган фарзандларимнинг ҳам кўзига ёш келди. Ёдингизда тутинг, биз бир-биримизни унутган кун унутилган кунимиздир.
-111-
САВОЛ: Америкада яшаётганингиз ва тилшунос бўлганингиз учун қуйидаги масалага аниқлиқ киритсангиз. АҚШдаги бир штат номини “Америка овози” – Nyu-Gempshir, “Озодлик”- Нью-Ҳэмпшир, Би-би-Си- Нью Хампшир деб ёзади. Қайси бири тўғри? (Моҳира).
ЖАВОБ: “Америка овози” да ”Nyu-Gempshir” шаклида ёзилиши бу рус тили босими остида ҳали ҳам “Ҳоливуд”ни “Голивуд”, “Ҳитлер”ни “Гитлер” дегандек гап. “Озодлик” эса, ёзилишига эмас, талаффузига қараб олган. Бу йўлдан борилса, “Техас”ни талаффузига кўра, “Тексас” дейишга тўғри келиб қолади ва ҳоказо. Хуллас, номлар аслида қандай ёзилса, худди шундай қабул қилинса, мантиққа мос бўлади. Яъни “Nyu Hampshir”- “Нью-Ҳампшир” (Бу ерда юмшатиш белгиси ҳам аслида ортиқча-ЖМ) шаклида ёзиш тўғридир.
-112-
САВОЛ: “Қувғин” романингизда “Нофила” деган сўзни кўрдим. Бу сўзнинг мазмунини билолмай бошим чуяндай қотди. Бу нима дегани? (Холдор).
ЖАВОБ: Бу асли арабча сўз бўлиб, бир қанча маъноси бор. “Қўшимча ҳаракат”у “Ихтиёрий ҳаракат”дан тортиб, “Талон тарож” маъноларига қадар. Этимологик нуқтаи назаридан биринчи маъноси “Ихтиёрий ҳаракат”га яқиндир. Лекин туркчада бу иккинчи маънога кўчган. Туркчада “Нофила”нинг биринчи маъноси “Беҳуда”, “Бефойда” демакдир. Бизда ҳар иккала маъносида ҳам ишлатилади. Шўролардан олдин ва бугун “Нофила” кўпроқ диний сўзлашувда тилга олинади. Масалан, “Нофила ибодати” каби. Туркчадаги биринчи маъноси эса, арабчадаги бу калиманинг ўзагига манфий бўлишсизликка айлантирувчи “ло” қўшимчаси қўшилишидан вужуда келган бўлиши мумкин. Умуман бундай кўп маъноли сўзларнинг қаерда қайси англамда келиши контекстга қараб аниқланади.
-113-
САВОЛ: Жуда кўп сайтларда “Ислом Каримовнинг отаси яҳудий бўлган” деб ёзишади. “Қувғин”га қараганда сиз Каримовни яхши биласиз. Шу гап тўғрими? (Ўткир).
ЖАВОБ: Йўқ!
-114-
САВОЛ: Ёзганингиз ўзингизга ёқадими?(Қурбон).
ЖАВОБ: Ёзганим ўзимга ёқмаса, нима учун сизга ўқитаман.
-115-
САВОЛ: Худди Совет давридагидек бугун ҳам сизларни ватангадолар дейишмоқда. Муносабатингиз? (Амриддин).
ЖАВОБ: Биз Ватангадо, улар эса Ватанда гадо!
-116-
САВОЛ: Диктатор ҳам одам-ку, унда ҳам раҳм бўлиши керак-ку? (Мунира).
ЖАВОБ: Диктатор овчи, сизни сотиб олишга ҳаракат қилади, отиб олишга ҳаракат қилади. Қўлига тушдингизми, қозонида қовуради.
-117-
САВОЛ: Бизда бир-биримизни менсимаслик жуда кучли. Шунга қандай қарайсиз? (Акрам).
ЖАВОБ: Бировни “У ҳеч кимдир!” дея менсиманг, ўша лаҳзадан бошлаб у сиздан устун одамга айланади!
-118-
САВОЛ: Сайловдан олдин ноғора чалиб юрган сиёсатчилар қаёққа кетишди? (Элдор).
ЖАВОБ: Тоғора чалишга. Тўйдан олдин ноғора чалган сиёсатчи тўйдан кейин тоғора чалади.
-119-
САВОЛ: Бугун ўлганлар ҳақида ёзишни анъанага киритаяпсизлар. Худо сақласин, аммо ўлим ҳақ, мабодо мен бугун ўлиб қолсам, эртага мен ҳақимда нима дейсизлар, шуни олдиндан билсам бўладими? (Рустам).
ЖАВОБ: Нима дердик׃ Худо раҳмат қилсин, саволдан қутулдик!
-120-
САВОЛ: Яхшилик қилдим деган одам билан ёмонлик кўрдим деган одамнинг ўхшашлиги борми? (Рустам).
ЖАВОБ: Бор. “Яхшилик қилдим” деган одам билан “ёмонлик кўрдим” деган одамнинг ўхшашлиги ҳар иккаласининг ҳам яхшилик қилмаганидадир.
-121-
САВОЛ: Ислом Каримов 16 январ куни Олий Мажлиснинг қўшма йиғилишида сўзлаган тантанали нутқида “Бизга Оллоҳнинг ўзи доимо мададкор бўлаётганига, йўлимизни очиб бераётганига бугун барчамиз ишонч ҳосил қилмоқдамиз ва бунинг учун минг бора шукрона айтамиз” деди. Шундай экан, Оллоҳнинг ишига қарши чиқиб нима қиламиз? (Рустам).
ЖАВОБ: Мабодо мулла, муфти ёки шайх эмасмисиз?
-122-
САВОЛ: Бугунги низоларнинг илдизи динларда эмасми? (Ориф).
ЖАВОБ: Одамлар бир-бирларини ҳурмат қилишни ўрганмагунча динлар низоларга сабаб бўлиб қолаверади.
-123-
САВОЛ: Нега кўпчилик тўпланганда Каримовни мақташади ва якама-якка қолганда ёмонлашади? (Ботир).
ЖАВОБ: Чунки ёлғиз қолганда ўзига бек, ўзига хон!
-124-
САВОЛ: Каримов кетгани билан нима ўзгарарди, унинг ўрнига келган одам ҳам диктатор бўлаверади. Шундай эмасми? (Жавлон).
ЖАВОБ: Ҳар кимнинг феълида диктаторлик бор. Аммо бирида у ғолиб, бирида бу ғолиб.
-125-
САВОЛ: Шу кетишда Интернет бутун мабуоттнинг ўрнини ололадими?(Бахтиёр ).
ЖАВОБ: Интернет радио ва телевидениенинг ўрнинни олади, деганлар кўп. Ўрнини ололмайди, балки матбуот, радио ва телевидение Интернетнинг муҳим бир бўлагига айланади.
-126-
САВОЛ: Бугунги Ўзбек мухолифати лидерларининг рейтинги ҳақида нима дея оласиз? (Фаррух).
ЖАВОБ:Бугун майдонда сиёсий куч сифатидаги мухолифат бўлмагандан кейин унинг қанақа лидери бўлсин?! Йўқликнинг лидери бўладими?
-127-
САВОЛ: Бизни нима бирлаштириши мумкин?(Искандар).
ЖАВОБ: Умид! Чунки умид бирлаштиради, умидсизлик айиради!
-128-
САВОЛ: Нега баъзилар ўзини ақлли, бошқаларни ахмоқ деб билади? (Зулфия).
ЖАВОБ: Ахмоқ учун ақллилик ҳам ахмоқликнинг кўринишидир.
-129-
САВОЛ: Кўпчилик фақат кўриниб туриш учун иш қилаётганга ўхшамаятими? (Ёқуб).
ЖАВОБ: Ҳа, кўриниб туришни истайдиганлар кўпчилик, кўрадиганлар эса озчилик.
-130-
САВОЛ: Кимга қараманг ўзини ўйлайди. Лекин ютуқ шундай одамники бўлиб қолмаятими? (Зилола).
ЖАВОБ: Ўзинигина ўйлаган бугун ютиши мумкин, аммо узоқ келажакда ютқазиши муқаррар.
-131-
САВОЛ: Эркин Халиловни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерлигидан олиб ташланишини унинг ўғли атрофидаги шикоятлар билан боғлашмоқда. Шунга нима дейсиз?(Абдумалик).
ЖАВОБ: Каримов қарийб 20 йиллик содиқ қулини бундай воқеалар, кимларнингдир шикояти туфайли бўшатди десангиз у ҳолда дунёда Каримовдан адолатли шоҳ йўқ экан деган фикрга келиш мумкин. Балки шундай фикр уйғотиш ҳам кимнингдир вазифасига кирар, аммо диктатураларда кетиши аниқлашган раҳбар атрофида машмашалар, ёзув-чизувлар пайдо қилинишини бугунгача кўрганларимиз-мингта мисолдан кейин ҳам тушунмаганларга нима ҳам дейсиз?!
-132-
САВОЛ: Президентнинг хабари, изни ёки буйруғи бўлмасдан бир депутат ҳақида фелъетон ёзилиши, унинг фарзандлари билан боғлиқ қилмишлари фош этилиши мумкинми? Ёки гуруҳлар аро жанг шунга сабаб бўлиши мумкинми?(Рустам).
ЖАВОБ: Диктатура шароитида мумкин эмас! Гуруҳлар аро жанг натижалари эса диктатура шароитида сичқоннинг инидан ташқарига чиқмайди.
-133-
САВОЛ: Агар пул бўлса, бугун Ўзбекистонда ҳамма нарсани қилиш мумкин, деган гапни ўқиб қолдим, шу тўғрими? (Мурод).
ЖАВОБ: Пул бўлса жангалда шўрва!
-134-
САВОЛ: Икки ўзбек зиёлиси қаерда бемалол баҳслашиши мумкин? (Ғайрат).
ЖАВОБ:Интернет адреси ёзилганда охирида «момо юртлари»нинг белгиси- “ру” бўлган барча веб саҳифаларда, яъни ру… ру..ларда!.
-135-
САВОЛ:Интернет сайтларидаги постинглардаги сўкинишлар ҳам ошкораликми? (Ҳамид).
ЖАВОБ:Ошкоралик маънавий озуқа. Интернетдан фойдаланувчиларнинг баъзилари эса буни молга бериладиган оддий озуқа деб биладилар ва кўпроқ еб қўядилар.
-136-
САВОЛ: “Ҳар” ёзиладими “хар”ми? (Заҳро).
ЖАВОБ: Кимга нисбатан ишлатганингизга боғлиқ!
-137-
САВОЛ:Ким ҳақида танқидий фикр ёзилса, дарҳол уни “лой чаплаш” деб баҳолашмоқда. Бу ҳам танқидни бўғишнинг бир усули эмасми? (Бахтиёр).
ЖАВОБ: Танқидни “лой чаплаш” деб баҳолаш – болакайлик!
-138-
САВОЛ:Кимга яхшилик қилсам, ёмонлик қайтмоқда. Дунёнинг охири келдими? (Исмсиз).
ЖАВОБ:Ҳамма сизга ёмонлик қилаётган бўлиб туюлса, руҳий хасталарни даволайдиган табибни изланг.
-139-
САВОЛ: Газеталаримиз ёзишича, ҳар кун Путин Каримовга телефон қилмоқда, шу тўғримикан? (Муҳриддин).
ЖАВОБ: Хабарни ўзбек газеталаридан олган бўлсангиз, демак тескариси.
-140-
САВОЛ: Гога Ҳидоятовнинг ўзбеклар ҳақида ёзганларини ўқиб, бошим қотиб қолди, тушнмадим, ўзи ўтмишдошларимизнинг кўзлари қисиқ бўлганми ёки очиқми?(Шаҳризода).
ЖАВОБ: Изғирин пайтида ва Қуёш кўзни қамаштирганда – қисиқ, қолган пайт очиқ! Ҳатто ўлганда ҳам очиқ!
-141-
САВОЛ: АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал Уильям Фэллоннинг Ўзбекистон президенти билан учрашуви бу мамлакатнинг иккиюзламачилиги эмасми? Ундан кўра диктаторни ағдариб ташламайдими? (Одил).
ЖАВОБ: Жуда ҳам содда экансиз, Саддамни ағдариб, раҳмат олдими?!
-142-
САВОЛ: Америка президентлари ҳам истасалар истаганлари қадар сайланаверишлари мумкинми? (Абдухолиқ).
ЖАВОБ: Бугун мумкин эмас. Аммо 1945 йил Франклин Делано Рузвелт (Franklin Delano Roosevelt) АҚШ президентлигига тўртинчи марта сайланган эди. Шундан кейин чеклов киритилган ва президент ҳар бири 4 йиллик икки муддатга сайланиши мумкин фақат. Саддам бунинг устидан кулиб, “мен ҳожатхонага кириб чиққунча ўтиб кетади бу вақт” деган экан!
-143-
САВОЛ: АҚШда коммунал тўловлар қимматми? (Мирзоулуғ).
ЖАВОБ: Ўртача маошнинг ўндан бири атрофида,
-144-
САВОЛ: Наҳотки демократиянинг ғарбона андозалари бизга тўғри келади деб ўйлайсиз? Шуни ҳам тушунмайсизми?(Нажмиддин).
ЖАВОБ: Демократиянинг ғарбона ёки шарқона андозалари йўқ. Демократия халқ бошқаруви ва ҳокимият халқ қўлида бўлса, у қандай тарзда яшашни ўзи билади. Лекин баъзилар диктатурани, яккаҳокимликни демократиянинг шарқона кўриниши тарзида тақдим этишга уринмоқдалар. Зотан Шарқ азалдан яккаҳокимлиқ қули ва бу нарса зеҳниятга шу қадар инганки, ҳатто сиз ҳам асоратидан четда эмассиз! Афсус!
-145-
САВОЛ: АҚШнинг иқтисоди таназзулга юз тутса, нима бўлади?(Алишер).
ЖАВОБ: Ҳатто таназзулга юз тутганда ҳам АҚШнинг иқтисоди юзлаб мамлакатларникидан юзлаб марта кучлилигича қолаверади.
-146-
САВОЛ: Америкада ҳам ўзбек таомлари ошхонаси борми? (Салим).
ЖАВОБ: Дунёнинг ҳамма мамлакатлари ва ҳамма халқларининг таомлари ва дунёнинг бошқа жойларида топилмайдиган таомлар пишириладиган ресторанлар ҳам бор.
-147-
САВОЛ: АҚШда ҳам цензура бўлганми?(Шуҳрат).
ЖАВОБ: Бўлган. 1916 йилда Миллий Аппеляция комиссияси цензура ташкил этган ва унга бадиий филмлардаги яланғоч ҳолларни назорат қилиш топширилган. Бу идорада бепул ишлаб бериш учун кино мухлислари доим навбатга тизилганлар. Лекин бу цензуранинг тақдири нима бўлганини Ҳолливуд филмлари айтиб турибди.
-148-
САВОЛ: Нега бошқа сайтларда чиққан нарсаларни “Туронзамин”да ҳам кўчириб босмайсизлар? (Ойбек).
ЖАВОБ:Совет даврида “теппа”дан тушган битта нарса ҳамма нашрларда кўчириб босилиши ихтиро қилинган. Агар фавқулодда муҳим бўлмаса, бир нарса у ёқдан бу ёққа кўчирилиши пропоганда, совет усули бўлиб қолади.
-149-
САВОЛ: Бунча жар соласилзар, ахир Андижон воқеалари каби ҳодисалар АҚШда бўлмаганми? (Рустам).
ЖАВОБ: Бўлган¸ масалан, 1870 йилда Монтана шимолида, Марис дарёси соҳилида Южин Бейкер (Eugene Baker) армияси қизил танлилар қишлоғининг ухлаб ётган тинч аҳолисини ўққа тутган. 37 эркак, 90 аёл ва 5 нафар бола қатлиом этилган. Лекин яширилмаган, тескари талқин қилинмаган, очиқ ўрганилган, тарих китобларига киритилган ва даҳшат билан ёдга олинади.
-150-
САВОЛ: АҚШда роман деганда бошқа нарсани тушинишади, у ерда илгари романчилик мавжуд бўлганми? (Насиба).
ЖАВОБ: Романчилик бизда кенгроқ маъно касб этади. Америкада эса романларда асосан севги, ажойиб-ғаройиб ҳодисалар, саргузаштлар ўрин олган. 1789 йилда илк роман Бостонда нашр этилган. Дастлаб муаллифнинг номи китобда кўрсатилмаган бўлса ҳам у Уилям Ҳил Брошн (William Hill Brown) эканлигини ҳамма билади ва у АҚШ романчилигининг бошловчисидир.
-151-
САВОЛ: Мамлакатимиз раҳбарининг 2008 йил 5 февралда Москвага қилган ташрифи мустақиллигимиз намойиши эмасми, ахир? (Рустам).
ЖАВОБ: Тарихимизда амирлар ва хонлар ҳам Чор Руссиясияга мустақил шоҳлар сифатида тез – тез бориб келганлар. Аммо амалда мустамлаканинг бир парчаси бўлганлар.
-152-
САВОЛ:“Озодлик” радиосидан эшитиб қолдим, Ислом Каримов яқинда демократик ўзгаришлар бошлаб юборармиш, шунга сиз қандай қарайсиз? (Алишер).
ЖАВОБ: Ҳар баҳорда шу бўлар такрор!
-153-
САВОЛ: Отаси президент бўлгани ҳолда қизи Гулнора Каримованинг Ташқи Ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланиши қоидаларга зид эмасми? (Шафоат).
ЖАВОБ: Ўзбекистонда қоида бор деб ҳисоблайсизми? Мана сизга хулоса учун менга келган бир хатдан бир жумла: “23 декбар куни сайлов участкасида ишладим, ҳамма овоз берди, туман марказидан келган бир милиционер сандиқни қўриқлаб турди, санашга қўймади, у ёқда эса сохта натижалар эълон қилиб юборилди”.
-154-
САВОЛ:Инсон ҳуқуқлари фаоллари озод қилинмоқда, буни ҳам Каримовнинг ижобий иши деб баҳоламайсизми? (Рустам).
ЖАВОБ: Кимлардир билиб-билмай қилган гуноҳлари учун қамалган бўлсалар уларнинг амнистияга тушиб, озод этилишлари ижобий баҳоланиши мумкин. Лекин бегуноҳ қамалган инсон ҳуқуқлари фаоллари, уларнинг яқинлари реаблитация қилинсалар ва уларни қамаган “он ҳазарат” жазоланса, мана буни ижобий баҳолаган бўлардим.
-155-
САВОЛ: Мухолифат пикетга чиқди, нега хабар бермадингизлар?(Абдулло).
ЖАВОБ: Агар икки кишини мухолифат дейдиган бўлсак, у ҳолда ҳукуматни жуда хурсанд қилган бўламиз.
-156-
САВОЛ: Кейинги пайтда одамлар боласига Ислом деган исмни бермай қўйдилар, мен уларни бундай қилмасликка чақираман, сиз ҳам менга қўшиласизми? (Ойниса).
ЖАВОБ: Нима, биттаси етмаяпти-ми?
-157-
САВОЛ:Нега Ўзбекистонда ҳамма нарса давлат сири, ҳамма нарса махфия? (Талаба).
ЖАВОБ: Саволингизнинг “махфия” сўзидаги “х” ҳарфини олиб ташлаб ўқисангиз, жавобини топасиз.
-158-
САВОЛ: 1991 йил, 15-январда ҳукумат талабаларни ўққа тутганди, нега бу қонли санани эсламадингизлар? (Сафар).
ЖАВОБ: Бундай қонли саналарнинг сони мингдан ошиб кетди, бир йилда эса бор-йўғи 365 кун бор!
-159-
САВОЛ: Каримов “пахта ишини” ижобий ҳал қилиб, лидерлик мавқеини қўлга киритганди, деб ёзишгани ёзишган, бу асли қандай иш ўзи? (Нарзулло).
ЖАВОБ: Бу “пахта қўйиш” деган иборанинг мустақиллаштирилганидир.
-160-
САВОЛ: Ўзбекистонда ўлим ҳукми бекор қилингани бу олдинга қараб ташланган катта қадам эмасми? (Шавкат).
ЖАВОБ: “Катта қадам”. Энди ҳаммани ўз ажали билан ўлдиришади. Қолаверса, Ўзбекистонда ўлим ҳукми бошқа соҳаларда ҳам олдинга қараб кетмоқда. Масалан, цензура – қонунсиз жамиятда ҳақиқат учун чиқарилган ўлим ҳукми!
-161-
САВОЛ: АҚШда Ҳиллари Клинтон президент бўлса, Ўзбекистонга қандай таъсир бўлади, Жон Маккейн сайлансачи?(Раҳматжон).
ЖАВОБ: АҚШ шароитида ким сайланишини тахмин қилиш қийин. Лекин мўъжиза рўй бериб Жон Маккейн сайланса, Каримов ва қизи Вашингтонни тушида ҳам кўрмайди. Бу ўша – 2005 йилда Каримов қабул қилмасдан Тошкентдан қувиб юборган сенатор Макккейн.
-162-
САВОЛ: Америкада сайловда ҳамма нарсани пул ҳал қилади, бизда эса юртбоши. Фарқи нима? (Нодирбек).
ЖАВОБ: Пул қудратли нарса. Аммо Америкада пул сайловчилар овозини сотиб ололмайди. Биргина мисол׃ республикачиларнинг партия ичи сайловида номзод Ромней ўзининг қарийб 50 миллион ва атрофидагиларнинг 100 миллион долларини совуриб ҳам овоз ололмай чиқиб кетди. “Пули битди- иши битди!” деб масхара қилинган Маккейн эса партия ичида энг кўп овозларни тўплади.
-163-
САВОЛ:Бутун дунёга машҳур бўлган Ҳиллари Клинтон бугунгача ҳеч ким танимган Барак Обамага ютқазаётганини қандай баҳолаш мумкин? (Дилбар).
ЖАВОБ: Ҳали ютқазиб ютқазган эмас. Мабодо ютқазган тақдирда, меним қаноатимча, фақат у эмас, Америка ҳам ютқазади. Чунки Американинг бугунги вазиятида Ҳиллари катта рол ўйнаши мумкин.
-164-
САВОЛ: Ислом Каримов Москва сафари давомида Путинга бунча подхалимлик қилиб, ўзини ҳам, бизни ҳам шарманда қилмадими?(Носир).
ЖАВОБ: Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас!
-165-
САВОЛ: Четдан туриб “Каримовни тахтдан туширамиз” дейиш қанчалик ҳақиқатга тўғри?(Рустам).
ЖАВОБ: Бу 15 йиллик сийқаси чиққан ашула!
-166-
САВОЛ: Америкалик таниқли ишбилармон аёлни Саудия Арабистони пойтахтида кафеда бир эркак билан бирга кофе ичгани учун қамашганини ўқидим, шуми аёлларга берилган ҳуқуқ? (Латофат).
ЖАВОБ: Шукр қилсин, улар кофе ичишни ҳам зино деб талқин қилиб, ўша аёлни тошбўрон қилишмаганига! Улардан буни ҳам кутиш мумкин. Чунки зулм ҳуқуқни танимайди.
-167-
САВОЛ: Мана Туркияда ҳижоб таъқиқи олиб ташланди. Бу Туркиянинг демократия томон яна бир катта қадамими ёки…? (Мурод).
ЖАВОБ: Бу нималиги келгусида маълум бўладиган воқеа.
-168-
САВОЛ: АҚШнинг Ўзбекистонга қайтишини истайсизми? (Жамол).
ЖАВОБ:Нафақат АҚШнинг, балки Авропанинг ҳам, барча халқаро ташкилотларнинг ҳам Ўзбекистондаги иштироки тарафдори эканлигимни бир неча йил олдин ёзган в айтган эдим. Ҳозир ҳам шу фикрдаман.
-169-
САВОЛ: Нега баъзи сиёсатчилар ҳар қандай раҳбар билан келишиб кета оладилар? Бу сиёсий фоҳишалик эмасми? (Икром).
ЖАВОБ: Фоҳишанинг фожиаси: ҳар қандай раҳбарнинг фоҳишаси бўла олади!
-170-
САВОЛ: Ҳамма бирлашса ҳамма нарсани қилиши мумкин эмасми? (Акмал).
ЖАВОБ: Агар ҳамма ҳамма нарсани қилса… Каримов нима қилади?
–171-
САВОЛ: “Озодлик” мухбирининг “Бизда цензура йўқ!” деган гапини ўқиб қолдим. Лекин мен бунга қўшилмайман. Сизчи?(Отабек).
ЖАВОБ:Ўзбекистондаги ҳукумат радиоларининг мухбирлари ҳам “Бизда цензура йўқ!” деб баралла айтишади. Ўзбекистонда цензурани Оқсарой қўйса, “Озодлик”да Жаъфарова ва бўлимдаги тарафкаш ходимлар қўядилар. Уларни мақтаган одамга ҳатто у сариқ чақага қиммат бўлса ҳам ҳар куни минбар берилади.
Ҳатто Юсуф Жумага ҳам цензура ўрнатиб келишганини ва бу деворни бузиш учун қанча уринилганини биласиз. Шунда ҳам улар йиқилган деворнинг ортида туриб, имкон қадар Юсуф Жуманинг номини ишлатмасликка уринишмоқда. Шунинг учун ҳам биз бугун демократия ва эркинлик қандай бўлишини намойиш этадиган янги бир радиони ишга тушириш устида ишлаяпмиз.
–172-
САВОЛ: Бугун ёшлар ва кексалар деган мавзу чиқиб қолди ўртага. Лекин ким ёшларга киради ва ким кексаларга, буни қандай ажратамиз?(Акбар).
ЖАВОБ: Бу ҳам сиёсий, ҳам фалсафий ва ҳамда жисмоний жиҳатлардан нисбий тушунчадир. Масалан, АҚШда президентликка номзод олтмиш ёшли Ҳиллари Клинтон ҳақида гап кетса, “кекса” деган сўзни кўп қўллашмоқда, 70дан ошган Маккейн ҳақида бу гап йўқ. Чунки Ҳилларининг рақиби ундан 14 йил кейин туғилган Обама ва Маккейннинг ёнида унинг учун кампания қилиб юрган 95 ёшли онаси бўлгани учун нисбийлик рол ўйнамоқда.
Ўзбекистонда Каримовдан пастга қараб тушасизми ёки унинг неварасидан теппага қараб юрасизми, гап шунда. Худди жисмонан жуда ёш бўлиб, фикран жуда қариганлар ҳам бўлганидек, жисмонан кексайиб фикран ёш бўлганлар ҳам кўп. Дунёнинг саҳна асарлари отаси сифатида минг йиллардир эътироф этилаётган Сафокл илк асарини 53 ёшда ёзгани каби ўрта ва кексаликда ёки жуда ёшликда улуғ ишлар қилганларни жуда кўп санаш мумкин. Гап ёшда эмас, бошда!
–173-
САВОЛ: Нега фақат сиёсий саволларга жавоб берасиз, севги ҳақидаги саволларни нега четлайсиз?(Акмал).
ЖАВОБ: Кимнинг севгиси ҳақида гапираяпсиз, халқнинг Каримовга севгисими ёки Каримовнинг халққа севгисими?
–174-
САВОЛ: “Америка очиш” деган ибора кўп ишлатилади. Бу нима дегани?(Ғайрат).
ЖАВОБ: Бу Америкадан сиёсий бошпана олиш кўпаймоқда дегани. Одамлар Ўзбекистоннинг эшикларини ёпиб, Американинг эшикларини очмоқдалар.
–175-
САВОЛ: Афғонистон бош прокурори генерал Абдурашид Дўстумни Қуролли кучлар бош штаби раҳбари лавозимидан четлатибди. Сиз Дўстум тарафдори сифатида бунга нима дейсиз? (Саид).
ЖАВОБ: Абдурашид Дўстум золим Каримовнинг режимига ўйинчоқ бўлгандан бери, бунга ҳам 10 йилдан ошди, унинг тарафдори эмасман. Қолаверса, у бугунги эркинликни қадрлаши керак. Демократияни каримовчасига тушунишда давом этаверса, ҳозир вақтинчалик четлатилган, лекин кейин умуман четлатилиши ҳам мумкин.
–176-
САВОЛ: Нега Лола Каримова “Сен ёлғиз эмассан” деган ташкилот тузган. Бу ташкилот кимга ғамхўрлик қилади?(Нигора).
ЖАВОБ: Опасининг тирик етим қолган болаларини ўйлаб тузган-ов десам ишонмайсиз! Чунки уларга кераги йўқ, керак бўлганда ҳам раво кўрмасди.
–177-
САВОЛ: Каримов нега бунча олтин йиғмоқда?(Мурод).
ЖАВОБ: Жаннатга киришни ҳам сотиб оламан деган васвасага тушган бўлиши мумкин! Бўлмаса нима жонига керак?!
–178-
САВОЛ: Нега ўлганларнинг юбилейларини ўтказиш бу қадар кўпайиб кетди? (Нодирбек).
ЖАВОБ: Хабарингиз йўқми, одамнинг ёши бир жойга етганда нариги дунёдан тарафдорлар тўплашга киришади.
–179-
САВОЛ: Каримов Интернетга ҳам кирармикан?(Акрамжон).
ЖАВОБ: Кирмаса вақтини қандай ўтказади?
-180–
САВОЛ: Агар бирор лидер фоҳишага меҳр қўйса, нима бўлади? (Икром).
ЖАВОБ: Тузалмас дардга чалинса керак!
-181-
САВОЛ: Фақат филология фанлари доктори Ботир Норбойнинг кўрсатгани билан шоиримизни номзод дейиш мумкинми? (Тилавбек).
ЖАВОБ: Агар мумкин бўлмаганда номзод деб айтмас эдик. Адабиёт соҳасида Нобел мукофотига номзодни академиялар, олийгоҳ, адабиёт институтлари, мазкур даргоҳларнинг мутахассис домлалари, илгари шундай мукофотга сазовор бўлган киши ёки кўрсатилаётган номзоднинг ишини ўрганган филолог олим ва мазкур адиб асарларини чоп этган ижодкорлар уюшмалари раҳбарияти тавсия этишлари мумкин. Зотан, ҳар йили Нобел қўмитаси минглаб адемик ва профессорларга мактуб йўллаб, номзод кўрсатишларини сўрайди. Демакки, Юсуф Жума ҳақиқий номзод.
18-2-
САВОЛ: Ўзи бу мукофот қачондан бери берилади ва кимларга берилади? (Норқул).
ЖАВОБ: Бу мукофот ҳақида жуда кўп нарса ёзилган ва ёзиш мумкин. Қисқа қилиб айтганда эса, Нобел мукофоти 107 йилдан буён берилади. Унга номзодлар физика, кимё, тиббиёт, адабиёт ва тинчлик соҳаларида эришган катта ютуқлари учун тавсия этиладилар.
-183-
САВОЛ: Ўзбекистон ҳукуматининг қўли узун, номзодни тўхтатиш учун таъсир қилмайдими? (Рустам).
ЖАВОБ: Йўқ, ҳукумат таъсир кўрсата олмайди. Номзодларни танлаш мутлоқ яширин овоз бериш йўли билан аниқланади. Шунинг учун ҳам номзод халқаро жамоатчиликка танилган шахс бўлса, унинг ғолиб чиқиши осон бўлади.
-184-
САВОЛ: Номзод кўрсатиш тартиби қандай ўзи? (Дилбар).
ЖАВОБ: Ҳар сентябрда кейинги йил учун тайёргарлик бошланади. Январнинг охирги кунига қадар тавсияномани Қўмита олган бўлиши керак. Апрел-Май ойларида дастлабки танловлар бўлади ва ёзда Қўмита аъзолари номзоднинг асарлари билан танишадилар. Якуний танлов Октябрда бўлади. Номзод овозларнинг ярмидан кўпини олса, ғолиб деб топилади ва 10 декабрда мукофотни олади.
-185-
САВОЛ: Юсуф Жума ҳақиқатдан ҳам энг буюк шоиримиз. У Нобел мукофотини олиши учун нима қилишимиз керак? (Эркин).
ЖАВОБ: Ҳозирдан кампания бошлаб, Юсуф Жумани жаҳон жамоатчилигига таништириш керак. Унинг асарларини турли тилларга таржима қилиш, унинг қисмати ҳақида тинмай бонг уриш шарт.
–186-
САВОЛ: Нега бошқалар бу масалада жим? (Салимжон).
ЖАВОБ: Биз миллий ғуруримиз ҳақида қайғуришни ўрганмасак, мукаммал миллат эканлигимизни ўртага қўя олмаймиз. Бу фақат Ботир Норбой ёки яна бир неча кишининг иши эмас, бунга ҳамма қўшилсагина натижа чиқади.
–187-
САВОЛ: Бу ишдан мақсад нима? (Мавлон).
ЖАВОБ: Мақсад ҳозирдан кампания бошлаб, 2009 йилги мукофотни қўлга киритиш бўлиши керак.(2008 йил учун кеч бўлди). Бу фақат Юсуф Жуманинг эмас, балки Ўзбек халқининг ҳақ учун курашган қатламининг, умуман миллатнинг ҳам ютуғи бўлади. Зотан Юсуф Жуманинг Нобел мукофоти совриндорларидан устун жойлари бор, кам жойи йўқ.
–188-
САВОЛ: Мен бир оддий одамман. Юсуф Жуманинг шеърлари менга жуда ёқади, Унинг “Мардикор бозори” шеъри бўйича Дадахон Ҳасан айтган қўшиқни ҳар кун эшитаман. Қамоқдаги бу инсонга ёрдам қилгим келади. Лекин қўлим калта. Нима қилишим мумкин? ( Комил).
ЖАВОБ: Сиз ўзингиз истаган сайтларга, ҳукумат идораларига, мум тишлаб ўтирган радиолардаги шоввозларга хат ёзинг. Ҳар куни унинг номи айтилса, зулм машинасига зарба бўлади. У қўрқмасдан элнинг дардини айтди, наҳотки эл унинг номини айтишга қўрқади?!
–189-
САВОЛ: Юсуф Жуманинг Нобел мукофотини олишига реал имкон борми?(Зайнаб).
ЖАВОБ: Бор, фақат сизнинг қатъиятингиз зарур. Бирингиз рус тилини, бирингиз инглиз тилини яхши биласиз. Унинг асарларини мазмунан бўлсада таржима қилишингиз ёки таржима қилдиришингиз мумкин. “Ўзбек мухолифатиман” деб юрганлар Каримовга кучлари етмаса, бу ишга кучлари етади-ку? Диктатурага зарба бераман деган одамга бу катта имконият-ку! Нега ҳамма жим?! Менимча, Юсуф Жума қамоқда туриб ҳам кимнинг кимлигини элга ошкор этмоқда. Бу унинг яна бир буюклиги!
–190–
САВОЛ: Юсуф Жума Нобел мукофотини олди ҳам дейлик, лекин нима ўзгарарди? (Акмал).
ЖАВОБ: Каримов ва унинг золим режими “инфаркт” бўлади, миллий шоирни қамоқда сақлай олишмайди, дунё ўзбекнинг диктатурага, зулмга қарши тура олишини ҳис этади. Сиз aхир худди мана шуни истамайсизми? Истасангиз майдонга тушинг, майдон мардларни кутмоқда.
–191-
САВОЛ׃Яқинда президентимиз тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳақида Фармон чиқардилар. Бу иқтисодиётдаги улкан ўзгаришку, нега яхшиликни кўрмайсизлар? (Рустам).
ЖАВОБ: Кўрдик, 21 февралда шундай фармон чиқди. У қуйидаги жумла билан бошланади׃ “Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2008 йилнинг 1 апрелидан-2009 йилнинг 1 апрели оралиғида…” Менинг ёдимга Каримовнинг 1-апрел ҳазилларини яхши кўриши тушди. У кулганча, “Фақат ахмоқлар 1 апрел куни яна бир карра ахмоқ қилинадилар” дерди.
-192-
САВОЛ: “Аргументы и факты” газетасининг шу йилги 4-сонида ёзилишича, Россия Мудофаа вазирлигининг доктринасида Россия ва иттифоқчиларининг суверенитетига хавф туғилган тақдирда ядро зарбалари бериш назарда тутилган экан. Ўзбекистон ҳам унинг иттифоқчиси. Бу бизнинг Россия ҳимоясига ўтганимизни англатадими? (Шуҳрат).
ЖАВОБ: Йўқ, бу ўзбек халқининг эмас, Ислом Каримовнинг ҳимоясини англатади.
-193-
САВОЛ:Ислом Каримов яқинда Кореяга борганда Сеул шаҳрининг фуқароси бўлди. Бошқа бир шаҳарнинг фуқароси бизга президент бўлиши мумкинми? (Олимжон).
ЖАВОБ: Сизга халқ томонидан сайланмаган одам президент бўлиб турибди, бунга ажабланмай унинг қаергадир фахрий фуқаро бўлганига ажабланасизми?
-194-
САВОЛ:Каримовни кўп ичади дейишади, аммо у доим ҳушёр кўринади-ку? (Насим).
ЖАВОБ: Ҳар қандай маст одам ҳам доим ҳушёр кўринишга уринади.
-195-
САВОЛ: Каримовдан бошқа мавзу йўқми? (Ҳаким).
ЖАВОБ: Ўзбекистон матбуотидами ёки биздами? Ўзбекистон матбуотида уни тинмай мақташади – минглаб нашрлар, биз танқид қиламиз – бир неча нашр, шуни ҳам кўп кўрсангиз ва сизнинг талабингиз билан танқидни тўхтатсак – бу ўзбек жамиятининг битгани бўлади.
–196-
САВОЛ:Нима учун амнистия билан чиққан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёки қамоқда ётганларнинг оила аъзолари ҳибсхоналарда қийноқ йўқ деган гапни айтмоқдалар? (Зафар).
ЖАВОБ: Бу гапни дастлаб Каримов айтди, энди бошқалар тасдиқлаши керак-да! Қизиғи шундаки, қамоқдан чиққанлар ёки қамоқдагиларнинг яқинлари Ўзбек матбуотига эмас, балки хорижий радиоларга гапиртирилмоқда. Бу хорижий радиолардаги баъзи шоввозларнинг Каримовнинг мусиқасига ўйнаётгани ҳақида яна бир далил, холос.
-197-
САВОЛ:Россиядаги сайловлар натижаси олдиндан маълум эди, шундай экан Путин сайлов ўтказмаса бўлмасмиди? (Содиқ).
ЖАВОБ: Путин ҳам одам, унинг ҳам ўйин қилгиси келиб қолган бўлса керак-да!
-198-
САВОЛ:Отаси ишдан кетгандан кейин, Гулнора фамилиясини ўзгартирса, нима деб ўзгартириши мумкин (Қобилжон).
ЖАВОБ:Отасининг ўрнига келадиган одамнинг фамилиясини айтсангиз, саволингизга аниқ жавоб қайтаришим мумкин.
-199-
САВОЛ:Ҳамма халқлар уйғонмоқда. Ўзбеклар қачон уйғониб, кўчаларга чиқадилар? (Ориф).
ЖАВОБ:Илгари ҳам бу ҳақда ёзгандим, ўқимаганмидингиз, ўзбеклар бутун дунёдаги барча халқлардан олдин уйғонадилар ва ҳаммадан олдин кўчаларга чиқиб кетадилар.
-200-
САВОЛ: Назарбоев билан Каримовнинг фарқи нимада? (Алишер).
ЖАВОБ: Назарбоев ўз халқининг, Каримов эса бошқа халқнинг раҳбари, фарқ шунда.
Filed under: Ҳамма китоблар |