Жаҳонгир Маматов: Оқсарой сирлари

ЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

ВАШИНГТОН: 2004-2005

Ислом Каримовдан Шукрулло Мирсаидовга қадар…
Исмоил Жўрабековдан Шавкат Мирзиёевга…
Рустам Азимовдан Рустам Шоғуломовга…
Эркин Воҳидовдан Ўткир Ҳошимовга қадар…
Хуллас, бугун сиёсат майдонида бўлганлар ва бўлмаганлар, танишлар ва билишлар, яъни ким кимга ёки нимага қизиқса, ўша ҳақда йўллаган очиқ саволларига Оқсаройдаги ва саройга яқин манбаларнинг маълумотлари эътиборга олинган ҳолда очиқ жавоблар.
Бошқача айтганда Ўзбек сиёсат саҳнасининг парда орқасидаги, Оқсаройдаги гапларга қизиқсангиз бу китоб сизнинг учун!

Муаллиф.

-1-

САВОЛ:Ислом Каримов ёки у тайинлайдиган бошқа “каримов”лар мамлакатни неча йил қўлда тутадилар, деб ўйлайсиз?(Бахтиёр, 16 Май).

ЖАВОБ: Мухолифатсиз ёки мухолифати ожиз жамиятда зулм истагани қадар илдиз отади. Бугун Ўзбекистонда зулмга қарши чиқа оладиган ва уни енгадиган мухолифат йўқ. Шу боис ҳам зулм эмин-эркин ҳукм сурмоқда. Аммо уни йиқитадиган мухолифат қачон етишиб чиқади?
Қачонки, зулмга қарши мухолифларнинг ҳаммаси ёқавайронликни йиғиштириб,”ман-ман”ликни ташлаб, оний манфаатга сотилмасдан, ёлғончи мухолифатчиларнинг беш тангасига учмасдан, ҳукуматнинг найрангларига илинмасдан бир мушт бўлиб зарбани бир жойга урсалар зулмнинг илдизини қўпоришлари мумкин. Бу эса қийин масала. Ўтган ўн беш йил бунинг қанчалик қийинлигини исбот этди.Лекин шундай мухолиф куч бир кун етишиб чиқади. Фақат кеч, иш-ишдан, ғишт қолипдан кўчгандан кейин.
Мухолифатсиз ҳукумат бенур ва бефайз, бекуч ва беор “курашчи”дир. Ҳаммамиз бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

-2-

САВОЛ: Сиз 15 йилдан буён Ислом Каримов сиёсатини тинимсиз танқид қилиб келасиз. Қамоқхоналар, маҳбуслар, қийноқлар мавзуида ҳам жуда кўплаб танқидий чиқишлар қилгансиз. Ҳар доим Американи ўрнак қилиб келгансиз. Мана энди Америка аскарларининг Ироқдаги маҳбусларга нисбатан ваҳшиёна ҳаракатларидан кейин сиз шунча меҳнатингиз сувга оққанига ачинмайсизми? Америка ва Ўзбекистон орасида фарқ қолмади-ку? (Муродиллоҳ, 18 Май).

ЖАВОБ: Фарқ бор ва агар сиз мисол келтирган воқеанинг ўзига қараганимизда ҳам ер билан осмон қадар фарқ борлигини кўрамиз.
Биринчидан, Ироқдаги воқеани шу Американинг аскарлари қилган бўлса, яна шу Американинг аскарлари ўрганиб, ҳисобот тайёрлаб, масалани раҳбариятга тақдим етганлар.
Иккинчидан, мазкур ҳисобот мутлақо махфий бўлишига қарамай, яна шу Американинг матбуоти уни элон қилди ва шундан кейингина сиз ҳам бу ҳақда хабардор бўлдингиз.
Учинчидан, яна шу Американинг Конгресси ҳукумат раҳбарларини сўроққа тортиб, тит-питини чиқариб юборди ва бош эгиб маҳбуслардан, дунё жамоатчилигидан кечириб сўрамаган раҳбар қолмади.
Тўртинчидан, айбдорларни яна шу Американинг суди очиқ муҳокама қилмоқда.
Буларнинг қайси бирини Ўзбекистонда топасиз? Шовруқ Рўзимуродов ва бошқалар қийнаб ўлдирилганда фақат хорижликлар гапирдилар, ўзбек мухолифати дод солди, аммо Ўзбекистон раҳбарияти доирасида сув қуйгандек жим-житлик эди.Қулоқлар кар, кўзлар кўр эди. Ким текширдию қайси матбуот бу ҳақда ёзди? Айбдорларни қайси суд муҳокама қилди?
Демократия бус- бутун, камчиликсиз тузум эмас. Аммо демократия ўз камчиликларини топиб боради ва даволай боради. Диктатура эса камчиликларни босиб, яшириб ётган юҳодир. Унинг қаршисига чиққан унинг домига тушади. Фарқ мана шунда.
Ёзганларим сувга оққан эмас. Уларнинг биргина сизда савол уйғотганининг ўзи ҳали ҳам ёзганларим курашаётганини кўрсатади.

-3-

САВОЛ:Мен ўзимни янги авлоднинг вакили деб биламан. Чунки ўзимдан олдинги авлод ҳақида менда нотўгри маълумотлар бўлганини четга чиқиб билдим. Бунда жумладан сизнинг веб саҳифангиз ҳам рол ўйнади. Жуда кўп нарсани билмас эканман, биз кўзи кўр қилиб етиштирилган авлод эканмиз. Лекин ана шу кўзи кўрлар орасида четга чиқиб ёки мамлакатнинг ўзида ҳам чекланган имкониятлар билан кўзлари очилаётган бир янги авлод бор. Мен ўзимни ана шундай янги бир авлоднинг вакили деб биламан. Сиз Ватан ҳақида кўп ёзасиз. Хўп, шу Ватанга қайтмайсизми, агар қайтсангиз, қачон ва қандай шароитда қайтасиз? (Одил, 19 Май).

ЖАВОБ: Биласизми, қачон қайтиш ҳақидаги саволга жавоб бериш учун нима учун чиқиб кетгандим, деган саволга тўхталишим керак.
Мен ишлаб пул топиш ёки шароитни яхшилаш ё бўлмаса болаларни ўқитиш каби сабаблар билан эмас, тирик қолиб, курашни давом эттириш истаги билан чиқиб кетганман. Чунки мен ҳам сиртдан ўлимга ҳукм қилинганлардан бири эдим.
Менинг номим 1991 йилнинг 30 октябрида Олий Кенгашнинг 7-сессиясида Ислом Каримов сиёсатига қарши исён қилган депутатлар рўйхатининг бошида тургани учун ҳам бошқаларга нисбатан мени олдинроқ йўқ қилишни режалаган эдилар. Ўша сессияда мен билан бирга бош кўтарган депутатлардан кўпчилиги йўқотиб юборилди. Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлагановалар ўлдирилди, Мурод Жўраев, Самандар Қўқоновлар умр бўйи зиндонбанд этилди, Насрулло Саидов, Имом Файзиев, Иномжон Турсунов, Ойгул Маматовалар бугунга қадар сарсон-саргардончилик, судлар эшигида, милиция остонасида.
Менинг ўзим билан бирга оилам ҳам қувғинга олинганди. Умр йўлдошимни мендан воз кечмагани учун судга, жавобгарликка тортишганди. Мен булар ҳақида кўп ёзганман. Бундан 15 йил олдин менинг йўлимга қўйилган тўсиқлар бугун ҳам турибди. Агар ана шу тўсиқлар олиб ташланса мен ўша заҳоти қайтаман. Лекин бу яқин орада бўлишига кўзим етмайди.Диктатура осонликча жон бермайди.

-4-

САВОЛ: Сиз нима учун мақолаларингиз ва бошқа ёзган асарларингизда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби Ўзбекистон қаҳрамонларига ҳужум қиласиз? Бу улар қаҳрамонликни олиб, сиз ололмаганингиз учун эмасми? (Камолиддин, 20 Май).

ЖАВОБ: Мен ҳам истаганимда бундай қаҳрамонлик унвонларни қачонлардир олган бўлардим. Фақат бунинг учун гадонинг, қулнинг кунига тушмоғим керак эди.
Биз журналист Дадахон Ёқубов билан бирга 1990 йилда Наврўз марафонини ўтказганимизда халқни ишонтира олиш ва эргаштира олиш кучимизни кўрган Каримов ишни бизни “сотиб олишдан” бошлаганди. У ўшанда менга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини берган эди.Тарихни варақласангиз бу унинг президент сифатида имзолаган биринчи фармони эканини кўрасиз. Лекин мен унга “содиқ” бўла олмадим.
Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Озод Шарафиддиновларни шахсан танийман. Эркин ака билан икки йил Ўзбекистон Олий Кенгашининг Ошкоралик қўмитасида ишлаганмиз. Бу ҳақда “ИАК” ҳужжатли романимда батафсил маълумот топишингиз мумкин.
Ижодкор миллатнинг виждони дейишади. Лекин бу виждон фақат ўзининг ҳаловатини ўйласа, қотилликлар, жиноятлар, ўғирлик, талон-тарожликка шерик бўлса у виждон эмас, жиғилдон, ҳаром жиғилдондир.
Мен бу ижодкорларнинг икки юзламачиликларига чидай олмадим. Шунинг учун ҳам улар ҳақидаги фикрларимни очиқ ёздим. Мен четда юрганимда ҳам ана шундай ижодкорлар орага тушиб, “Қўйинг ҳаммасини, келинг оқсоқолни бир-икки мақтаб ёзинг, иш ҳам берадилар, унвон ҳам” деганларида нафратим туғёнга келган.
Озод ака халқ дардини энг кўп билган одам. Шу одам ҳам халқдан юз ўгириб унвонга сотилгани бизнинг фожеамиз нақадар буюклигини кўрсатади.
Бугунги унвонлар ўткинчидир. Бугун Каримовнинг қўлидан унвон олиш унинг жиноятларига шерик бўлишдир. Виждонга содиқ қолишдан буюк унвон йўқ. Халқнинг фарзанди бўлишдан олий унвон йўқ. Америкада ва бошқа жойларда ижодкорлар унвон олмайдилар. Уларнинг қадр- қимматлари унвонлар билан эмас, асарларининг аҳамияти билан ўлчанади.
“Агар ватан Каримов бўлса, мен бу ватандан кечдим, агар унвон Каримов бўлса мен бундай унвону вазифалардан кечдим” дея “Озодлик” радиосидан 1993 йилда айтганман.

-5-

САВОЛ: Сиз Каримов ҳали узоқ вақт тахтдан тушмайди деб ўйлайсиз, шекилли? (Одил, 27 Май).

ЖАВОБ: Аксинча. Мен фақат Ўзбекистоннинг яқин келажаги ҳақида оптимист эмасман. Аммо Каримовнинг “қуёши” сўнмоқда. Бу “қуёш” ўзининг энг баланд нуқтасидан қачонлардир туша бошлаганини, сўна бошлаганини ҳамма кўриб, билиб турибди. Фақат сўқирларгина буни кўра олмасликлари мумкин.
Ҳа, кўра олмаганларгина қул бўлишда давом этмоқдалар. Ҳокимият ичида бугун бир неча гуруҳ пайдо бўлгани (ҳатто баъзилари ўзларини реформаторлар деб ҳам атамоқдалар-ЖМ) ва сиртдан тахт учун кураш кетаётгани ҳам Каримовнинг “қуёши” нурсизланиб қолаётганидан бир далолатдир.
Бугунга қадар бу “қуёш”га сиғинганлар энди халққа ва ҳақиқатга хизмат қилиб, ўзларини оқлаб оладиган фурсат келди. Агар бу фурсатни ҳам қўлдан бой берсалар, табиийки келгусида юзлари шувут бўлади. “Рашидовнинг сеҳрига тушган эдик” деганлар каби булар ҳам “Каримовнинг сеҳрига тушган эдик” дея олмайдилар. Чунки бугун бу “сеҳр” нинг асоратидан қутулмоқнинг имкони бор.

-6-

САВОЛ:Яқинда Тошкентда Шанхай ташкилотининг мажлиси бўлди, бунга сиз қандай қарайсиз, бу Ўзбекистонга фойда келтирди-ми? (Ойсара, июн).

ЖАВОБ: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2004 йилнинг 17 июн куни ўтган бир кунлик олий даражали йиғилиши менга Совет давридаги “данғар-дунғур” учрашувларни эслатди. Худди ўша пайтдаги каби бу сафар ҳам раҳбарлар учрашувдан бир кун олдин тўпланиб, биргаликда, тантанали равишда концерт томоша қилдилар. Қанча дабдаба ва қанча ҳозирликлар… Ўзбек солиқчиларининг пули эвазига, албатта.
Имзоланган ҳужжатларнинг бирортаси ҳам дунё миқёсида аҳамият касб этадиган даражада эмас. Амалий қилинган иш эса Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг антитерроризм марказининг очилишидир.
Аслида бу чеченлар ва уйғурларнинг Марказий Осиёдаги турган-битганларини Хитой ҳамда Россия томонидан назоратга олиш учун қилинган ишдир.
Чунки ҳозир бутун дунёда терроризмга қарши кураш бирлиги мавжуд. Бирорта давлат бу ишдан ўзини четга олмаган. АҚШ ҳам, БМТ ҳам бу йўлдаги фаолиятларни умумлаштиришга ва муштни биргалашиб уришга интилмоқдалар. Шундай экан алоҳида дабдаба ва харажатлару алоҳида ташкилот ва марказнинг кимга кераги бор?
Гапнинг индаллосини айтганда Хитой ва Россия АҚШ билан рақобат қилишга интилмоқдалар ва бунинг учун ҳар бир кичик имкониятни ишга солмоқдалар. АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий мавжудияти уларга тинчлик бермаётир.
Бунинг устига АҚШ чеченлар ва уйғурлар масаласига юзаки қарамайди. Россия ва Хитойни бу икки халққа зуғум ўтказишда, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташда айблаб келмоқда. Уларнинг орасидан террорчилар чиқса айни пайтда буни ҳам қоралаган ҳолда, чеченлар ва уйғурларнинг мустақил халқ сифатида ҳуқуқлари мавжудлигини ҳам таъкидлаб келмоқда.
Ана шундай қарашдаги кучнинг чеченлар ва уйғурларнинг илдизи чуқур бўлган Марказий Осиёдаги иштироки Россия ва Хитойга тинчлик бермаслигини тахмин қилиш учун афлотун бўлиш шарт эмас. Ҳар икки давлатнинг парчаланиб кетиш эҳтимоли худди ана шу омилга боғлиқ эканлигини кўпчилик яхши билади.
Шундай экан, қолганлар бу ишнинг ичида нима қилиб юрибдилар? Ўзбекистон ўзининг энг катта таҳликаси Исломий Ҳаракатдан АҚШнинг кўмагида халос бўлди ва бундай таҳлика қайта пайдо бўлишига АҚШ йўл қўймаслигини ҳам билади. Яъни ташқи террор ёки ташқи ҳужум хавфи туғилса АҚШ Ўзбекистоннинг халоскори сифатида Хонободда оёғини қўйган.
Каримов нима сабабдан Россия ва Хитойнинг пинжига тиқилмоқда? Ҳатто Россия билан стратегик шериклик шартномасини имзолади. Унда ташқи таҳлика бўлса томонлар бир-бирининг ҳудуди ва ресурсларидан фойдаланиши мумкинлигига урғу берилган.
Хўш, Ўзбекистоннинг кафолати Хонободда тургани ҳолда нега “асрларга татиган” зулмидан қутула бошлагани Россияга эшикларини ланг очиб бермоқда?
Бу Ўзбекистоннинг, унинг халқининг манфаатидан келиб чиқмаган нарса. Бу Каримов режимининг, яна ҳам аниқроғи Каримовнинг шахсий манфаатидан келиб чиққан нарса. Чунки АҚШ Ўзбекистон билан тузган стратегик шериклик шартномасига демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласини (Россия билан тузилганда эса бу нарса “эсдан чиқиб” қолган-ЖМ) киритган ва бу йўлда одим ота бошлаган эди.
Ўзбекистон АҚШнинг демократия учун хизмат қиладиган муассасаларини рўйхатга олмайман, деганда АҚШ ўша ҳужжатни ўртага қўйди. Демак, Каримовга АҚШнинг Ўзбекистонни таҳликадан ҳимоя қилиши ёқади ва демократия деган талаби ёқмайди.
Ана шу ёқмаслик унга Сербия, Гуржистондаги воқеаларни эслатади ва натижада ўзига қўшимча кафолат излайди. Зотан 2004 йилнинг 15 июн куни АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатасидаги Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмита раиси, республикачи Илеана Рос-Леҳтинен, Ўзбекистонга бағишланган эшитувда Каримов сиёсатига ишора қилиб, “Ўзбекистон террорга қарши урушда яқин ҳамкор бўлишига қарамасдан, тутаётган йўли билан, АҚШни қаттиқ ташвишга солаётган давлатдир” деди.
Мазкур эшитувда ҳатто Ислом Каримов учун энг яхши йўл бу имконини топиб, вазифани топшириб кетиш эканлиги ҳам айтилди. Бундан олдин ҳам ана шундай чақириқлар бўлган. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкент дабдабаси ана шундан. Шунинг учун бу Саммит ўзбек халқига ҳеч нарса олиб келмади, балки фақат Каримовга ўзини қониқтириш учун ташқи қалқон бўлиб кўринди, деган хулоса чиқариш мумкин.

-7-

САВОЛ:Бугун Ўзбекистон ҳукумати ташқи кучлар манфаатларини тўла англаб етаяптими?(Зокиржон, 2 Июн).

ЖАВОБ:Менинг назаримда Ўзбекистон ҳукумати ташқи кучлар манфаатларини тўла англаб етаётгани йўқ. Ўзбекистон ҳукумати кичик манфаатлар учун катта нарсаларни қурбон қилиш билан овора. Масалан, демократияга таянган давлатларда кимнинг президент ёки бош вазир бўлишидан қатъий назар мамлакатнинг устивор манфаатлари об-ҳавога ўхшаб ўзгаравермайди.
Тўғри президентларга қараб ички ва ташқи сиёсатда ўзгаришлар кузатилиши мумкин ва бу аксар ҳолларда қонун яратувчилар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Аммо Ўзбекистонда бугун Ислом Каримовнинг манфаати мамлакат ва миллат манфаатидан устун қўйилган. Масалан: Ўзбек халқига ҳатто бир миллиард долларлик ёрдам қиламан ёки бир миллион кишига иш жойи очаман деган хорижлик ҳам агар Каримовни танқид қилиб қўйса, бир дақиқада кавуши тескари қилиб қўйилади.
Ўзгаларнинг манфаатларини англамоқ учун энг аввало ўз мамлакати ва миллатининг манфаатини англамоқ керак бўлади.

-8-

САВОЛ:Ўрта Осиёдаги давлатлараро “совуқлик” қандай ҳал қилиниши(юмшатиш) мумкин? Ёки унда ҳам “ғарб демократлари кўмаги” керакми?(Зокиржон, 5 Июн).

ЖАВОБ: Мен бу мавзуда илгари кўп ёзганман. СССР парчаланган кунларда бундай совуқлик йўқ эди ва бугунга қадар бу вужудга келтирилди. Шу сабабдан уни вужудга келтирганлар бошқарувда экан, бу ҳақда орзу қилиш ҳам бефойда. Чунки улар жуда майда, шахсий манфаатлари учун асли бир оиланинг фарзандлари бўлган туркистонликларни бугун бир-бирига ёв қилиб қўйдилар. Энди улар ҳатто бир-бирларининг оёқларидан отмоқдалар ҳам.
Бугунги раҳбарлар халқнинг умумий бирлигини парчалаб, ўзбекчилик, қозоқчилик, қирғизчилик, туркманчилик, тожикчилик каби тор кўчаларга бошладилар. Бугун Ғарб тугул бутун дунё бирлашиб келса ҳам мавжуд совуқликни тугата олмайди.
Бу келажакнинг иши ва бугунги мансабпараст тўраларнинг оёғи бу заминдан узилгандан кейингина совуқлик аста-секин барҳам топиши мумкин. Илиқ муносабатни бузиш учун унчалик маҳорат ҳам, интилиш ҳам, қобилият ҳам талаб этилмайди. Бир ахмоқнинг қўлидан келадиган иш бу. Аммо совуқ муносабат ўрнида илиқ, самимий, дўстона муносабатни тиклаш жуда қийин, мураккаб жараёндир ва жуда кўп ақлли одам ҳам бу жабҳада кучсиз қолиши мумкин.

-9-

САВОЛ: Бугун Марказий Осиёда асосан қандай манфаатлар тўқнашмоқда?(Зокиржон, 6 Июн).

ЖАВОБ: Дунёнинг манфаатлар тўқнашадиган бир қанча стратегик-геополитик марказлари бор ва ана шулардан бири ўз номи билан Марказий Осиёдир.
Биринчи, Марказий Осиё жуда кўп мамлакатлар учун янги бозор эканлигидир. Ҳамманинг ҳам бозорда даллол ёки харидор бўлиб қолгиси эмас, маҳсулот сотиб, мўмайгина пул қозонгиси келади. Шу жиҳатдан Россия, Хитой ва АҚШ дунё бозорига ҳукмронлик қилиш учун рақобатлашаётган кучлар сифатида Марказий Осиёда уларнинг манфаатлари тўқнаш келмоқда.
Иккинчи, хавфсизлик масаласи. Хитой учун Уйғур Автоном вилояти ҳаёт-мамот масаласидир. Бу Хитойнинг парчаланиб кетиши учун энг қулай бўлган нуқта. Чеченистон Россия учун қандай аҳамият касб этаётган бўлса, Уйғур вилояти ҳам Хитой учун ана шундай биринчи галдаги масаладир. Ҳам чеченлар ва ҳамда уйғулар билвосита эмас, балки бевосита Марказий Осиёга боғлиқдирлар, уларнинг бу ерда чуқур ришталари бор.
Россия ва хитойликлар бу нуқтани эътибордан четда қолдирсак таҳлика шу жойда юксалади деб ўйлайдилар. Чеченлар ва уйғурларнинг исломий ақидаларни байроқ қилган гуруҳлари курашнинг қуролли йўлини танлаганлари қуролли жангарилар таҳликасига қарши туришни биринчи галдаги вазифа қаторига қўйган АҚШни ҳам бу минтақадан узоқлашмаслиги учун замин ҳозирлайди. Бу ерда манфаатларнинг тўқнашуви эмас, балки муштараклигини кузатиш мумкин.
Учинчи, Марказий Осиёнинг ер ости ва ер усти бойликлари масаласи. Асрлар давомида буюк давлатлар бунинг учун кураш олиб борганлар ва бугун ҳам бу кураш давом этмоқда. Бу масалада ҳам Россия, Хитой ва АҚШ манфаатлари тўқнашмоқда.
Тўртинчи, Марказий Осиёнинг жуғрофий потенциали. АҚШ учун Россия, Хитой ҳамда Ҳиндистон орасида ўзининг рамзий жойи бўлиши жуда муҳимдир. Бу нафақат Афғонистон, балки Марказий Осиёнинг бус бутун ҳолидаги жуғрофий кўриниши бўлиши мумкин. Чунки бир нуқтага таянган куч кутилмаганда заифлашиб қолиши мумкин, айниқса режимлар турли бўлган бир пайтда. Шу боис ҳам АҚШ Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда жиддий илдиз отмоқда. Россия ҳозирча фақат Тожикистонни “бермай” турибди.
Хуллас, асрлар давомида бўлгани каби бугун ҳам Марказий Осиёда дунёнинг энг кучли давлатларининг манфаатлари тўқнаш келмоқда. Бу аслида минтақа учун жуда муҳимдир ва катта имкониятдир. Агар минтақада бошқарувлар бу имкониятни ўз шахсий манфаатлари йўлида эмас, балки мамлакатлари ва миллатларининг манфаатлари йўлида қўллансалар буюк истиқболни таъминлайдилар. Афсуски, шундай бўлмаяпти.

-10-

САВОЛ:Ўзбекистонда режим ўзгарса ҳукуматдагиларнинг ҳаммасини йўқотиш керак, деган тушунчага қандай қарайсиз? (Эркин, 9 Июн).

ЖАВОБ:Бугун ҳукумат тизимларида ишлаётган одамларнинг ҳаммасини айблаш хато бўлади. Менинг назаримда президент девонида ҳам, ҳатто ўша Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура, армия, МХХ да ҳам, Ташқи ишлар вазирлигидан тортиб, чет эллардаги элчихоналару бугун биз юз ўгирган матбуот идораларида ҳам фақат ўзини эмас, ватан ва миллатни ҳам ўйлаганлар бор. Айниқса, ҳукуматнинг биринчи шахс даражасида бўлмаган мулозимлари, қуйи тизимларида яъни вилоят ва туманларда бундайларни кўпроқ учратиш мумкин.
Исён қилиш ҳамманинг ҳам хислати эмас. Бош кўтариш жасоратига ҳамма ҳам тайёр деб айта олмайсиз. Оиласи ва болаларининг келажагини таҳликага солишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Булар эса ўз навбатида қўрқувнинг илдизини суғоради. Айниқса, оила ришталари жуда кучли бўлган бизнинг миллатда.
Бу эса зулм машинасини юрғизганларга қўл келади. Улар самимий инсонларни қўлланадилар. Кимлардир қўлланилганини билмайди, кимлардир қўлланилаётганидан ички азият чекади. Бу айни пайтда бизнинг ҳали бус-бутун, баркамол миллат даражасига кўтарилмаганимизнинг ҳам белгисидир.
Бугун Каримовни олиб, ўрнига виждонли ва халққа меҳрибон бирини қўйиб қўйсангиз бутун ҳукумат тизими виждонли ва меҳрибон бўлиб қолади. Зотан буни истаб, шундай кунни кутиб юрганлар ҳам кўп.
Мен Саддамнинг кетказилиши тарафдори эдим. Унинг кетказилиши бошқа диктаторларга ҳам сабоқ бўлади, деган фикрда эдим. Лекин Саддам кетиши билан йўл қўйилган бир икки жиддий хато қандай оқибатларга олиб келганини кўрдик. Жумладан, Ироқ армияси, ҳукумат тизимлари мухолифатнинг талаби билан бутунлай тарқатиб юборилар экан, мен ўша куниёқ бу хато бўлди, деган эдим. Чунки бу тизимларда бир-икки киши эмас, миллионлаб одам ишлайди ва уларнинг миллионлаб яқинлари, нонхўрлари бор. Қолаверса уларнинг ҳаммаси ҳам айбдор одамлар эмас.
СССР парчаланиши билан бутун коммунистларни йўқотсангиз ким қолар эди? Ироқда ҳам Саддамнинг ўрнига бошқа одамни тайинлаб, кейин аста-секинлик билан яхши ва ёмон ажратилса айни муддао бўлар ва АҚШ томонидан ҳам Ироқ томонидан ҳам бу қадар кўп одам ўлмаган бўларди.
Табиийки, бу менинг, бир кишининг хусусий қарашим.
Мен Ўзбекистонда ҳам режим ўзгарса бу режим остида хизмат қилганларнинг ҳаммаси қурбон бўлиши керак, деган тушунчани оқламайман. Яхшилар кўп…

-11-

САВОЛ:Сизнингча Ислом Каримов режимидан кейин нима бўлади? Ўзбекистоннинг келажаги қандай бўлади? (Носиржон, 10 Июн).

ЖАВОБ:Бугунги шароитда Ўзбекистон келажагини белгилайдиган бир қанча омиллар бор.
Жумладан:
1.Диктатурадан кейин мамлакатда тахт учун кураш бошланиб, сиёсий ва жуғрофий парчаланишлар кузатилиши мумкин.
2. Мамлакат иккинчи бир диктаторнинг қўлига ўтиб, узоқ вақт яна зулм остида қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
3.Ғарб давлатлари кўмагида демократияга ўтиш жараёнлари бошланиб, бунинг замирида турли нохуш воқеалар юз бериб, мамлакат ташвишли минтақага айланиши ва шундан кейин истиқбол йўлига чиқиши мумкин.
4.Исломий, коммунистик ва ёки бошқа мафкурага ишонган кучлар қурол кўтариб чиқишлари ва мамлакатнинг мавжудияти хавф остида қолиши учун ҳам замин йўқ деб бўлмайди.
5. Мамлакат кучли давлатларнинг, масалан Россия ва Хитойнинг ўйинларига қурбон бўлишдек хавф вужудга келмоқда…
6.Кутилмаганда ҳокимият ҳукумат таркибида, ҳукуматдан ташқарида мамлакат ва миллат тақдири учун бефарқ бўлмаган соғлом кучлар қўлига ўтиши мумкин ва ҳоказо.
Кейинги 15 йилда “қўлга киритилган ютуқлар” мамлакат келажагини умид ва истиқлолдан кўра кўпроқ хавотир ва таҳликага боғлади. Шу сабабдан ҳам бугун энди Ислом Каримов режимидан кейин нима бўлади, деган саволга бир сўз билан жавоб бериб бўлмайди.

-12-

САВОЛ:Яқинда бир ўтиришда Ўзбекистоннинг бир элчиси билан гаплашиб қолдик. У шундай деди: “Мен бир вазирликда ишлар едим, бир куни Москвадан бир амалдор телефон қилиб, “Тезда етиб келинг”, деди. Мен сизнинг даврингиз ўтиб кетди, расмий таклиф қилсангиз ва аэропортда бизнинг миллий байроқ турса, ҳамда расмий кутиб олсангиз, бораман, дедим. Уларни шундай қилишга мажбур қилдим ва мустақиллигимиз нима эканлигини уларга кўрсатиб қўйдим”. Сиз мустақилликнинг илк йилларини яхши билганингиз учун элчимизнинг бу гапларига нима дейсиз?(Абдулло, 11 Июн).

ЖАВОБ: Савол ёзган киши элчининг исмини ҳам ёзган ва у одам Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида жуда кичик лавозимда ишлар эди. Кейин Каримовнинг диққат марказига тушди. Катта ишларда ишлади. Унинг исмини ёзмаганимнинг боиси у бугун Каримовнинг қора рўйхатида, элчи ўлароқ сургун қилинган. Зотан гап исмда эмас. Чунки бундай гапларни бугун кўпчиликдан эшитиш мумкин.
Ёв қочса баҳодир кўпаяди, деганларидек, бугун мустақиллик қаҳрамонлари ҳам кўпайиб қолган. 1990 йилларда “Мустақилликка эришсак очдан ўламиз” деганлар бугун ўзларини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқдалар.
Бугун Ўзбекистонда ҳақиқий тарих йўқлиги ва кўп нарсалар сохталаштирилгани боис ҳар ким оғзига келганини гапирмоқда. Лекин ҳақиқий тарих ҳам ёзилган ва бир кун у бутун халқнинг мулкига айланади. Ўшанда юқоридаги каби сохта қаҳрамонларнинг юзи шувут бўлиб қолади. Чунки шундайлар аслида русларнинг лаббайчилари бўлгани ўртага чиқади-да.
Узоққа бормайлик. 1989 йил матбуотини кўтариб, Ўзбекистон халқ депутатлигига номзодларнинг (ҳукуматнинг барча мулозимлари ҳам номзод эдилар ва мустақил номзодлар ҳам бор эди-ЖМ) сайловолди дастурларини ўқиб чиқиш керак ва кимнинг ким эканлиги равшан бўлади. Ким мустақиллик истаганди ва ким Иттифоқ таркибида қолиб русларга қул бўлишни афзал кўрганди. Янги тарихни барпо этишга ҳисса қўшишни истаганларга бу бир майдон.
Бевосита саволга келсак, бундай нарсалар кимнингдир телефондаги гапи билан эмас, давлатлараро қоидаларга асосланади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин уни расман таниганлар сафида Россия ҳам бор эди. Расман тан олиндими, муносабатлар ҳам расмий бўлади. Аэропортга байроқ илиш эса расмий ёки давлат ташрифлари пайтида бўлади ва бу махсус протокол билан амалга ошади.

-13-

САВОЛ:Сиз Ўзбекистон қаҳрамонлари ҳақида салбий фикр билдирибсиз. Хўп сизга қолса кимга шундай унвон берган бўлардингиз?(Юсуф, 12 Июн).

ЖАВОБ:Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистон қаҳрамони унвони мамлакатнинг энг юксак унвони бўлиши шарт ва уни буғдой сепгандек сочиш керак эмас. Қолаверса мамлакат миқёсида қаҳрамонлик кўрсатиш ҳам ҳар куни ва ёки ҳар ойда юз беравермайди.
Бу унвон биринчи галда мустақиллик учун чин маънода курашганларга ва сўнгра миллат ҳамда мамлакат йўлида жон фидо қилганларга, фавқулодда бир улуғ ишларга қўл уриб жасорат намойиш этганларга берилиши керак. Ҳозир эса президентни мақтаганларга, унга садоқат кўрсатганларга берилмоқда.
Келажакда бу унвонни беришни фақат президент ҳал қилмаслиги керак. Буни президентдан мустақил бўлган бир гуруҳ кўриб чиқиши ва имзолаш учун, ўз таклифини айтиши учун президентга тақдим этиши лозим.
Айни пайтда президентнинг ўзи амалда туриб бу унвонни олишини маънавиятсизлик, ўз вазифасини суиистемол қилиш деб баҳолаш зарур.
Менга қолса биринчи галда шўролар даврида ҳам мустақиллик калимасини қўрқмай айтган ва бу борада “Ўлмас қоялар” дек кучли асар ёзган Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов), Совет давридаёқ прокуратура ва милицияни коммунистик партиядан мустақил қилиш учун биринчи одим отиб бу ҳаракатининг қурбонига айланган Мурод Жўраев, халқ ҳаракатининг байроқдори улуғ шоир Ёдгор Обид, ошкоралик қалдирғочи Тойиба Тўлаганова, Каримов Қашқадарёда ишлаган пайтидаги қилмишларини у президентликка сайланаётган пайтда фош қилиш учун қўрқмай бош кўтарган ва баҳодирлик тимсолига айланган Шовруқ Рўзимуродов, КПССга исён қилиб унинг бошланғич ташкилотини тарқатиб юборгани боис бўҳтонлар билан қамалиб кетган Самандар Қўқонов, Каримов бошчилигидаги коммунистик гуруҳ тиш-тирноғи билан кўрсатган қаршилигига қарамасдан Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини эълон қилишда жасорат кўрсатган ўнлаб Халқ депутатларига бу унвонни лойиқ кўрган бўлардим.
Совет давридаёқ мустақилликни куйлаб довруғи довон ошган Дадахон Ҳасан,умрини зулм билан курашга атаган Юсуф Жума каби фидойилар бугуннинг қаҳрамонларидир.
Ишонаманки, бугун Каримов режими йўл қўйган мудҳиш хатолар эртага бир кун тузатилади ва адашган унвонлар ҳам асл эгаларини топади.
Зотан, ёлғон дарахтининг илдизи калта бўлади ва кун келиб бу дарахт қилт этган шамолга бардош беролмай гурсиллаб йиқилиб тушади. Ҳақиқат ниҳолининг илдизи эса жуда чуқур бўлади ва бу ниҳолни юлиб ташлаганингиз билан барибир бир кун яна ўсиб чиқади.

-14-

САВОЛ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият нима учун борган сари ёмонлашиб кетяпти? Қамоқхоналардаги шафқатсиз қийноқлар, асоссиз қамоққа олишлар, диндорларнинг таъқиб қилиниши, эркин фикрли, ростгўй ижодкорларнинг муттасил қувғин қилиниши ва шу кабилар… Буларнинг асосий сабаблари нималардан иборат ва ҳукуматнинг бундан кўзлаган мақсади нима?(Муҳиддин, 14 Июн).

ЖАВОБ:Агар бирор бир ҳаракат назоратдан четда бўлса у қуюшқондан чиқади. Сиз бирор бир ҳаракатингиз қонунга зид эканлигини билсангиз ва бунинг учун жазо олишингизни тушунсангиз, табиийки ўша ғайриқонуний йўлдан қайтишга уринасиз. Лекин назоратсизлик инсонни ваҳший ҳайвонга айлантириши мумкин.
Ўзбекистон ҳукуматини чеклайдиган ёки назорат қиладиган тизимлар у ёқда турсин ҳатто танқид қиладиган очиқ минбар ҳам йўқ. Шундай шароитда нафақат инсон ҳақлари балки бошқа соҳалардаги вазият ҳам ёмонлашиб бораверади. Бу эса занжир ҳалқаси кўринишини ташкил қилади. Ана шу ёмонлашув шароитида ўзини сақлаб қолиш учун ҳукумат ҳамма нарсага тайёр бўлади. Агар диндорларнинг соқоли хавф бўлиб кўринса уни кестириш ва ёки туғиладиган бола таҳлика деб билинса уни олдириб ташлашдан ҳам қайтмайди. Буни яшаш учун кураш деб билади. Бу ҳол ваҳший ўрмон қонунига юз тутади.
Ҳукумат дер эканмиз табиийки бир гуруҳ одамлар назарда тутилади. Лекин ана шу бир гуруҳ одамлар яшаш учун курашнинг бошқа йўлини ҳам танлашлари мумкин. Бунинг учун уларнинг бошида турган одам биринчидан инсофли, иккинчидан ваколатлари чекланган ва учинчидан қайси бир минбарда ҳисоб беришга мажбур ва ниҳоят энг асосийси халқаро ва маҳаллий қонунларга бўйсунувчи бўлиши керак. Яъни бир гуруҳ, бир халқ битта одамнинг қулига айланмаслиги, балки қонун фуқароси бўлиши керак. Афсус…

-15-

САВОЛ: Ўзбекистонда матбуот эркин эмаслигининг қандай сабаблари бор? Нима учун ҳукумат ОАВни назорат қилишни расман бекор қилган бўлса-да, амалда кучайтирмоқда? Бунда журналистларни ҳам айблаб бўладими? (Муҳиддин, 15 Июн).

ЖАВОБ: Мен бу мавзуда кўп ёзганман. Жумладан, “Ўзлигим” китобида бу хусусдаги фикрларим батафсил ўрин олган. Шунга қарамасдан бу саволга яна бир бор мухтасар жавоб қилмоқчиман.
Биринчидан, матбуот жуда кучли сиёсий қурол. Буни яккаҳокимлар, зулм пешволари яхши биладилар. Чунки эркин матбуот ухлаётган тафаккурни уйғотиб қўяди ва бу зулмнинг емирилишига олиб келади. Каримов режими (Каримов ва унинг мулозимлари) матбуотга эркинлик берса, бу ўз бўғзига пичоқ тортиш билан баробар эканлигини тушунмайдиган даражада ахмоқ эмас.
Бугун баъзилар ўзбек матбуотида ёзилганларни ҳар қанча ёлғон деганлари билан авомнинг аксар қисми ана шу ёлғонга ишонади. Каримов режимига эса шу керак. Ўз фикрини авомга сингдириш учун матбуот унинг қўлидаги қуролдир ва режим йиқилмагунча қўлидаги бу қурол тушмаслигини мен 14 йил олдин Олий Мажлиснинг минбаридан ҳам айтган эдим.
Иккинчидан, мен журналистларни ёппасига айблай олмайман. Қамоқдаги одамдан қандай қилиб узоқ масофага югуришни талаб қиласиз? У югургани билан бир жойда айланишдан бошқа имконияти йўқ. Агар озгина эркинлик бўлса, у хақлнинг дилидагини олиб минбарларга олиб чиқади.
Аммо ҳамма соҳада бўлгани каби журналистлар орасида ҳам жасоратсиз, лоқайд, манфаатпараст бўлганлари бор. Уларнинг борлари шу бўлгани боис улардан бир нарса талаб қилиш қудуқдан олтин излашдек гап. Мени кўпроқ ранжитадигани қўлида имкониятлари бўлгани ҳолда буни ишга солмай режимга қул бўлган журналистлардир. Совет давридаги қатағонларга қарамасдан раҳматли Аҳмаджон Мухторов кабилар ҳар бир имкониятни ишга солишга уринар эдилар. Лекин Каримов даврида (бошқа бир Аҳмаджон) Аҳмаджон Мелибоев кабилар қўлда имкониятлари бўлгани ҳолда матбоут ва сўз эркинлиги йўлида, яъни халқ манфаати учун хизмат қилмаётирлар. Бу эса фожеаларимиздан биридир. Яъни: менга нима, ўзинг учун ўл етим!

-16-

САВОЛ: Сиз Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ишдан олиниши, умуман бу одамнинг кимлиги ва нима учун Америкага сургун қилиниши, Америкадан қайтган Содиқ Сафоевнинг Ташқи Ишлар вазири этиб тайинланиши, унинг Америка билан боғлиқ фаолиятлари ва Америкадаги собиқ элчи Ҳамроқуловнинг тақдири ҳақида бирор нарса биласизми, бу ҳақда жуда кам ёзилди, тарих учун бўлса ҳам ёзмайсизми? Агар жавоб берсангиз, олдиндан раҳмат. (Акрам, 27 Июн).

ЖАВОБ: Бу ҳақда изланишларим бор ва давом этмоқда. Анчагина нарсадан хабардорман. Бир нарсалар ёзиб ҳам қўйганман. Бу ерда ҳаммасини бир жавобга сиғдириш мушкул. Ижозат берсангиз келгусида бу ҳақда ёзганларимни жамлаб, тўлдириб батафсил, каттагина бир мақола эълон қилсам. Чунки бу ҳам Ўзбекистон тарихининг “оқ” саҳифаси ва айтганингиз каби уни кимдир тўлдириши керак.

-17-

САВОЛ: Бугун Интернетдаги “Центразия” саҳифасида “Озод деҳқонлар” партиясидан Нигора Ҳидоятованинг Каримовга очиқ хатини ўқидим. У Каримовга “Катта авлод сизни оддий, халқчил, ақлли, ишчан, принципиал сифатида биларди. Биз ёшлар сизга мустақиллик йилларида қаҳрамонлик билан бирликни сақлаб қолганингиз, диндорларни ҳукуматга яқинлаштирмаганингиз учун овоз бергандик” деган. Бу шундайми (Зафар, 28 Июн).

ЖАВОБ: Агар Нигора Ҳидоятова мухолифатчиликни даъво қилмаганда, нима бўлибди, деб қўйиш мумкин эди. Лекин… Ҳар ҳолда Нигора Ҳидоятова сиёсатга адашиб кириб қолган ёки кимнингдир доирасига ўйнаётган чаласавод “сиёсатчи” бўлиши мумкин.(Унинг илгари ҳам ана шундай билиб-билмай “хол” қўйишларини кузатганим учун шундай деяпман-ЖМ) Акс тақдирда у бундай жумлаларни ёзишдан олдин, агар мустақиллик йилларидан бехабар бўлса, устози Бобир Маликовдан ўша йилларда Каримов қандай “қаҳрамонлик” кўрсатганини сўраб олган бўларди?!
Қолаверса Каримовнинг “оддийлиги”, “халқчиллиги”, “ақллилиги”, “ишчанлиги” ва “принципиаллиги” ҳақида менинг “Қувғин” романимни ўқиб чиқса, билиб оларди. Ёки “ИАК” ҳужжатли романини ўқиб борса… Дарвоқе, ўзбек тилини ҳам дуруст билмайди дейишади, шунинг учун бу ҳам бефойда таклиф.
Яхшиси тарихни бузишга хизмат қилаётган бундай “тарихчи”ларга Бобир Маликовдан жавоб кутсак мантиқли бўлади. Маликов Каримов ва режими ҳақида 10 йиллик сукунатини бузиб, бир нарса ёзса, мен бажонидил веб-саҳифамда эълон қилишим мумкин. Бу унинг қаттол режимга қарши курашда чиндан ҳам майдонда бор эканлигини исбот этади ва ўшанда у Нигора Ҳидоятова кабиларнинг бугунги авлодни чалғитишларига йўл бермаган бўлади.

-18-

САВОЛ:Тасаввур қилинг, агар Каримов ўз ўрнига қизини қўйса нима бўлади? (Ботир, 29 Июн).

ЖАВОБ: Буни тасаввур қилишни истамайман. Лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агар фалакнинг чархи тескари айланиб шундай воқеа юз берса, яна бир кушанда, тарих қотили пайдо бўлади.
Гап шундаки, руслар истилоси остида халқ Турон ғоясидан айрилди. Русларнинг бу қотиллиги шу қадар аянчлики энди Турон ҳатто ғоя сифатида ҳам тилга олинмаётир.
Каримовнинг истилоси остида Туркистон орзуси ўлдирилди. “Туркистон умумий уйимиз” деган шиор билан чегараларга симтўр тортилди ва мина тўшалди. Туркистон бирлиги учун юзага келган тарихий фурсат ўлдирилди.Каримов Туркистонни “Туркистон” пичоғи билан сўйди.
Агар Каримов ўрнига ўзи ҳам кўзи ҳам тўймас қизини қўядиган бўлса у энди Ўзбекистонни ўлдиради. Биринчи галда ҳаммани рус тилида гапиртиради. Иккинчи галда бу мамлакатни онасининг юртига қўшиб юборади.
Шуни истасангиз, Каримовдан кейин қизи келади, деб тасаввур қилишингиз ва қўл қовуштириб ўтиришингиз мумкин, аммо мен бундай воқеа у ёқда турсин, ҳатто бундай тасаввурни ҳам истамайман.

-19-

САВОЛ:Айтингчи, латифа ва фикрларингиз учун сизга қандайдир тазйиқлар бўлганми? Умуман сиз бундан хавфсирайсизми? (Азизбек, 1 Июл).

ЖАВОБ: “ЭРК” газетаси ходимлари устидан иш қўзғатилганда Иброҳим Ҳаққул ишдан кетган ва мен газетага бош муҳаррир этиб сайланган эдим. Ўшанда Каримовнинг латифадан фарқ қилмайдиган ҳаёти, “ғалвирда турмайдиган” гаплари ҳақида бир китоб ёзган ва қўлёзмани “ЭРК” партияси котиби, университетда бирга таҳсил олганим журналист ва шоира Дилором Исоқовага ўқиб, фикрини айтишга берган эдим У қўлёзмага баъзи тузатишлар киритиб, ўзига ёққанини айтиб 1993 йилнинг январ ойи охирларида менга қайтиб бергандан кейин, эсдан чиқариб, иш хонамда қолдирибман. Эртасига партия биносида “Миллий Мажлис” масаласи билан алоқали тинтув ўтказишди. Шунда қўлёзмам йўқолиб қолди.
Орадан кўп ўтмай, 7 феврал куни ҳукуматнинг “ЭРК” газетаси фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарори чиқди. Менга ва оиламга қарши қатағон бошлатилди. Шундан билдимки ўшанда қўлёзмамни Каримовнинг малайлари ўғирлаб кетишган экан. Каримов ўқиб чиқди дея хурсанд бўлгандим. Таъсири бўлиши мумкин деб ўйлаган эдим-да! Бу фақат бир мисол. Бундай мисоллар кўп.
Мен Каримовнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам камчилигини юзига айтганман ва бугун ҳам шу йўлимдан қайтганим йўқ. Бугунга қадар ҳам фикримни яширмасдан айтаман, ёзаман. Бировнинг юзига тиржайиб, орқасидан сўкадиганлардан бўлмаганим учун ҳатто мени яхши таниганлар ҳам, шу характеримни билганлар ҳам барибир, мендан хафа бўладилар. Дўст ачитиб айтади, деймиз-у лекин ўша дўстни душман деб биламиз. Бу ҳам кўпларнинг ҳали етиша олмаган манзили.
Ўзбекистонда инсонлар фикрлари ва айтган гаплари учун қувғин қилинадилар. Аммо Америкада энг кучли ҳимоя қилинадиган қадрият бу сўз эркинлигидир. Бу ерда президентни қоралаган, бутун камчиликларини фош этган ҳужжатли филм кўрсатилиши ва ёки уни қоралаган китоблар нашр этилиши оддий ҳол. Президентнинг ҳар кунги фаолияти ҳар куни телевидениеларда латифа қилинади. Лекин бундан президент ҳеч нарса йўқотмайди. Одамлар унга латифаларга қараб эмас, балки ишининг натижасига қараб баҳо берадилар.
Бир марта қўрқувни енгиб, эркин сўз айтишнинг қудратини ҳис этсангиз ҳеч нарсадан чўчимайдиган бўласиз.
Фикрни эркин айта олиш, энг катта бойлик ва кўплар бу бойликдан бенасибдирлар.

-20-

САВОЛ:Каримовнинг ўзи яна қанча вақт тахтда ўтиришни ўйламоқда, деб ҳисоблайсиз? (Нозимжон, 4 Июл).

ЖАВОБ: Мен фолбин эмасман. Лекин бир нарсага диққатингизни тортмоқчиман. Ҳукуматга, тузумга қарши дейилган айбловлар учун 1990 йилларнинг бошида судлар 19 дан 22 йилгача жазо берарди. Бугун эса айни айбловлар учун 5-6 йил жазо берилмоқда. Ўзбекистонда судлар Каримовнинг айтганини бажарувчи бўлганини ва унинг мендан кейин дунёни сув босмайдими деган характерини ҳисобга олсангиз кўнглидан нима кечаётганини тахмин қилишингиз мумкин.

-21-

САВОЛ:-Ўзбек мухолифати яқин орада бирлашиб, ҳақиқий демократия учун курашга жиддий киришадилар, деб ўйлайсизми?
-Каримовнинг диктаторлик режими сезилар-сезилмас чириб бораётгани тобора аниқлашиб боряпти. Каримовдан кейин тахт тепасига кимнинг келиш эҳтимоли кучлироқ?
-Бўлажак президентлик сайловлари чоғида овоз миқдорини сохталаштириш ҳоллари кузатилиши мумкинми?
-Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига кейинги пайтларда бироз совуқчилик тушди, деб ўйлайсизми? (Муҳиддин, 7 Июл).

ЖАВОБ: Яқин орада ўзбек мухолифати бирлашиб курашга киришига ишонмайман. Чунки мухолифатнинг сиёсий куч сифатида мағлуб бўлишига омил бўлган сабаблардан бири унинг Каримов режими қаршисида бирлаша олмаганидир. Бугун мухолифлар кўп, аммо мухолифат йўқ. Ўзини мухолифат деб атаётган гуруҳларнинг ҳам байроқбардорлари четда ва ўзаро жанжаллашиб юрибдилар.
Каримовдан кейин тахт теппасига кимнинг келиши ҳақида қуйидаги мақолаларимни “Каримовдан кейин ким президент бўлади? ва “Президент…Мирзиёев” ўқиб чиқишингиз мумкин. Сайлов масаласида… Ўзбекистон тарихида илк бор 1990 йилдаги парламент сайловида қисман сохталаштириш бўлмади. Ундан кейин бугунга қадар сайлов эмас, сийлов бўлмоқда. Менимча кейинги президент сайлови ҳам халқнинг айтганини эмас, Каримовнинг истагини ифода этади. Бугунга қадар Ўзбекистонда ўтган президентлик сайловлари эркин ва адолатли бўлмаганини бутун дунё эътироф этиб келмоқда. Бир қатор халқаро ҳужжатларда ва АҚШ Давлат департаментининг ҳисоботларида бу нарса аниқ кўрсатилган ва ғайридемократик усул мисоли сифатида тарих саҳифаларига киритилган.
Яқинда АҚШга келган бир депутат- мулозим (эски танишлардан бири-ЖМ)нинг айтишича, бу йил охирида бўладиган парламент “сийлови”да аллақачон кимларнинг депутат ва кимларнинг сенатор бўлиши аниқлаб қўйилган. Ҳатто у менга “Фақат сенаторликка учта ўрин бўш қолган. Агар “Катта”ни мақтаб бир мақола чиқарсангиз, сизни чақирамиз” деган гапни ҳам айтди, лекин мен бугун Каримовни мақтаб ёзиб ҳақиқатнинг юзига чизиқ торта олмаслигимни айтдим. Зотан ўтган йил охири ва бу йилнинг бошида ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз (сайловларга кириш мақсадида-ЖМ)деб жар солган баъзи мухолифларни Каримов режими қандай қўлланиб, бугун қандай жавоб қилганини кўриб турибмиз…
Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари… Бу борада илгари ҳам савол бўлган эди ва жавоб бергандим. Шунга қарамай яна бир қисқа жавоб: кейинги пайтда Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига бироз эмас, анчагина совуқлик тушди, деб ҳисоблайман. Лекин АҚШ буни шу кеча кундузда кўз-кўз этишдан манфаатдор эмас. Илгаридан ҳам кўринмас совуқлик бор эди. Президент Буш 2001 йил воқеаларидан кейин барча иттифоқдошларини бир неча мартадан меҳмонга таклиф қилгани ҳолда Ислом Каримовни Оқ уйга чақирмасдан, у билан узоқдан гаплашиб келгани ҳам бунинг бир мисолидир.

-22-

САВОЛ:Самарқанд вилоят ҳокими нима учун бунча тез ишдан олинди, бу ҳақда хабарингиз борми? (Нуриддин, 2004 йил, 10 Июл).

ЖАВОБ: Маълумки, 2004 йилнинг 9 Июл куни Ислом Каримов Самарқандга борди ва вилоят халқ депутатларининг навбатдан ташқари чақирилган сессиясида ҳоким Рустам Холмуродовни аввал қора балчиққа “ботириб олиб”, кейин ишдан бўшатди. Масаланинг диққат тортган икки нуқтаси бор:
Биринчидан, ректордан чиққан бу ҳоким тайинланганига ҳали етти ой тўлган эмас. У 2003 йилнинг 16 Декабрида “сайланган-тайинланган эди”. Олти ойда ҳали у туманлар, хўжаликларга бориб келишни, вилоят билан танишиб чиқишни битирмаган бир вазиятда бўлади. Шу боис ҳам бу Ўзбекистон кадрлар сиёсатининг астар-аврасини ағдариб кўрсатадиган фавқулодда бир ҳол бўлди.
Иккинчидан, Рустам Холмуродов ўзидан олдинги ҳоким ва бугунги кундаги Бош вазир, Каримовнинг меросхўри деб тахмин қилинган Шавкат Мирзиёевнинг “одами” эди. Хўш нима бўлди? Баъзилар буни Иштихон, Оқдарё, Жомбой туманларида аҳолининг норозилиги ошгани билан боғламоқдалар. Ундай эмас. Ундай бўлганда халқнинг оҳини эшитган президентга раҳмат айтиш керак бўлади ва у деярли барча ҳокимларни ишдан бўшатиши зарур эди. Ҳатто ўшандай бўлганда ҳам ҳали ҳокимликка келганига энди олти ой тўлган раҳбарга бундай айб қўйилиши кадрлар сиёсатининг мутлоқ инқирозини кўрсатди. Агар президентнинг ўзи танлаб-тайинлаган ва сайлатган бир раҳбар олти ойда “брак” бўлса, бунинг учун табиийки, биринчи галда унинг ўзи айбдор!
Қолаверса бу Ўзбекистонда барча кадрлар қобилиятлари, меҳнатларига қараб эмас, Каримовнинг қош-қовоғига қараб тайинланиши ва ишдан олинишини яна бир бор кўз-кўз қилди. Ҳокимни “сайладик” дея қўл кўтарган депутатларнинг сариқ чақалик аҳамияти қолмаганига ҳам бир мисол бу!
Мен масала билан қизиқиб кўрдим ва Президент девонидаги манбадан олинган хабарга кўра, Каримов бу воқеадан бир ҳафта олдин ҳам Самарқандга борган ва Универсиадага тайёргарлик ишлари билан қизиқиб, бир кун давомида қурилишлар қандай бораётганини кузатган. У тайёргарликдан жуда ҳам норози бўлган ва Шавкат Мирзиёевга бу ишни шахсан ўзи охирига етказишни юклаб, янги ҳокимни “латта”ликда айблаб, “Йўқол, кўзимга кўринма!” деган. Манбага кўра, янги ҳокимни ишдан олиш билан Каримов Шавкат Мирзиёевга ҳам бир тарсаки тортган.”Мирзиёев… президент” деган мақоламда, унинг энг асосий вазифаси икки йил ичида билиб-билмай Каримовнинг оёғини босиб қўймаслик эканлигини ёзгандим. Ҳозирча у ўзига яқин бўлган кадрни йўқотиш билан жавоб берди. Кейинги калтак ўзининг бошига тушмаслиги учун энди яна ҳам эҳтиёт бўлиши зарур. Буни уддалай оладими? Вақт кўрсатади?

-23-

САВОЛ: Собиқ муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тошкентга борган “Америка овози”нинг мухбири Лиза МcАдамсга берган интервьюсида (бугун “www.cентрасиа.ру”да русчасини ўқидим) инсон ҳуқуқлари борасида оз бўлсада аммо тубдан ўзгаришлар бўлмоқда деган. Бу ҳақиқатнинг юзига тупуриш эмасми? (Дилмурод, 12 Июл).

ЖАВОБ: Ривоят қилишларича, Амир Темур ҳузурига уламолар келганда у олтин солинган халтачасини қўлига олиб, тангаларни жиринглатиб қўяр экан. Шундан кейин уламолар уни мақтай бошлар эканлар. Аммо Амир уларга олтинларни бермас экан. Бир куни маслаҳатчиси Мирсаид Барака “Уламолар ранжиб қолмоқдалар” деган экан, Амир “Нега ранжийдилар, мен уларнинг ҳақларига хиёнат қилганим йўқ, ҳатто олдиндан бериб қўяяпман. Бўпти бундан кейин бироз кўпроқ жиринглатиб қўяман. Аслида улар хизматларига яраша олмоқдалар” деган экан.
Ўзбекистонда ҳам ҳар сайлов олдидан шундай ҳолни кузатасиз. Ота-боболаримиз бекордан-бекорга “Путур кетса, аввал шайхдан кетади” деган эмаслар. Шайхлар, муллалар, умуман уламолар ана шундай бўлганлари боис мусулмон дунёси 14 асрдан бери зулм, яккаҳокимлик, диктатура маскани бўлиб қолмоқда.
Аслида адолатни, ҳақни айтишгина эмас, қаттиқ туриб ҳимоя қилиши керак бўлган уламолар “танганинг товуши”ни эшитиб, икки юзламачилк қилиб келаётганларини кўпчилик билади.
Бу ҳаёт. Кимдир ўз эътиқодига қарши иш қилиб қўяди. Кимдир ўз айтганларига қарши чиқади. Яна кимдир айтгани бошқа, қилгани бошқа бўлади ва ҳоказо. Йиллардир “Озодлик” радиоси орқали инсон ҳуқуқлари борасида ваъз айтиб келган собиқ муфти бирданига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида тубдан ўзгаришлар бор деса, бу унинг виждонига ҳавола. Аммо унинг жавобини мазкур суҳбатнинг давомида Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти(Ҳюман Райтс Ватч)нинг вакил Аллисон Гилл бериб қўйган.
Ғарбдан бориб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари учун курашаётган бу аёл амнистия билан қамоқдан чиққанларни яна қамашаётганлари, бу бир айланадиган эшикни эслатишини, бу ёқдан қўйиб юбориб, у ёқдан қайта ушлаб келишларини баралла, далиллар билан айтиб турганда ўзимиздан чиққан уламо аксини иддао этса, ажабланадиган жойи йўқ. Боримиз шу!
Собиқ муфти ҳали отда бўлган пайтларида ҳам сайлов олдидан чиқиб, Каримовни “Аллоҳнинг ердаги сояси, унга овоз беринглар” деб чақириқда бўлганди. Кейинги сайловлар олдидан ҳам ана шундай илиқ гаплари билан оғизга тушди. Бу йил ҳам сайлов бор. Балки “тангаларни жиринглатиб” қўйишган бўлишса не ажаб?! Фақат у киши эмас, бошқалар ҳам, жумладан ўзини “мухолифатнинг фалончисиман” деб юрганлар ҳам сайлов олдидан ҳукумат билан ҳамкорлик қилайлик, деб турганда собиқ муфтини айбламасак ҳам бўлади.

-24-

САВОЛ:-Россия – Ўзбекистон сиёсий муносабатларининг бунчалик “туб” бурилишга юз тутиши кўпчиликни ҳайратлантирмаса керак.Чунки Гулнора Каримова ва Мансур Мақсудий билан боғлиқ сўнгги 2-3 йилдаги маълумотларни кузатиб бораётган кўпчилик ана шундай хулоса қилади. Лекин бунинг замирида яна нималар ётибди?
-Стратегик ҳамкорлик , инвестиция (газ, нефт ва бошқа соҳалардаги) борасидаги шартномалардан томонлар қандай сиёсий (ва шахсий-масалан Каримов учун) манфаатларни кўзлаган? АҚШ нинг сиёсий доираларида бунга муносабат қандай? Ёки бу Путин ва Каримовнинг АҚШ га “ўйини” ми?
-Ўзбекистонда мавжуд АҚШ ҳарбий кучлари тақдири ҳақида нима дейиш мумкин?
Шулар борасида хулосавий жавобингизни кутиб қоламан, (Зокиржон, 13 Июл).

ЖАВОБ:Ҳали Гулнора ва Мансур можароси ўртага чиқмаган пайтда ҳам Ўзбекистон-Россия муносабатларида ана шундай туб бурилишлар тез-тез кўзга ташланиб турар эди ва шу боис бу сафаргиси ҳам олдингиларидан фарқ қилмайди. Эртага Каримов Путиннинг кучсизлигини ҳис қилиб қолса, дарҳол ундан юз ўгириб бошқанинг пинжига кириши ҳам мумкин. Яъни масала Каримов кучни тан олиши, кучдан хавфсирашидадир.
Россияда сайлов ўтиб президент Путин мавқесини мустаҳкамлаб олгани ва АҚШда сайлов кампанияси давом этиб, балки демократлар ҳокимиятга келиши мумкин деган тахминлар пайдо бўлгани бу ерда катта рол ўйнаган бўлиши керак. Илгари ҳам худди ана шундай пайтларда Каримов қайиқ алмаштирар эди. Фақат бу сафар Путин пишиқлик қилиб, Каримовдан қуруқ ваъдалар эмас, балки қўл қўйилган ҳужжатлар олди. Шу сабабдан ҳам бу сафарги бурилишнинг асорати жуда қаттиқ бўлиши мумкин.
Иқтисодий шартномалар Россия учун сиёсий мақсадларда керак. Россия атрофидагиларни иқтисодий йўл билан қарам қилишга уринмоқда. Бу борада Ўзбекистонни ўз тузоғига илинтирди ҳисоб. Буни яқин орада Ўзбекистоннинг авиасозлик ва газни қайта ишлаб чиқариш каби йирик корхоналари Россиянинг қарамига айланиш хавфи пайдо бўлгани билан изоҳлаш мумкин. (Бунинг ортидаги манфаатлар масаласида эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти борасидаги саволга жавоб берганимда тўхталган эдим-ЖМ).
Бунга АҚШ сиёсий доираларида аллақачон салбий муносабат пайдо бўлган ва буни яқинда (2004 йил, 24 Июн) Конгресснинг Хелсинки қўмитасидаги тинглов ҳам кўрсатди. Лекин АҚШнинг Ўзбекистондаги қадами Америка учун шу кеча кундузда ҳаёт-мамот масаласи эмас, рамзий қадамдир. Афғонистонда мустаҳкам туриб олгандан кейин унинг учун Ўзбекистон яна ҳам рамзий жойга айланади.
Вашингтоннинг Тошкент билан алоқаларидан биринчи галда Ўзбекистон халқи ютади. Бугунга қадар Ўзбекистонга кирган миллиардлаб долларлар афсуски халқнинг чўнтагига етмаётгани эса Вашингтоннинг айби эмас.
Стратегик шерикликка келганда, масалан менинг олдимда танлов пайдо бўлганда, Россияни эмас, АҚШни танлаган бўлардим. Чунки мустақилликка АҚШдан эмас, балки Россиядан доим реал таҳдид мавжуд. Аммо Каримов ўз шахсий мақсадидан келиб чиқиб, бугун АҚШни Россияга алмаштирмоқда. Чунки АҚШнинг демократия талабини у реал таҳдид деб ҳисоблаётир.
25-
САВОЛ:Диктатуранинг илдизлари нимага боғлиқ деб ўйлайсиз? (Абдуҳаким, 15 Июл).

ЖАВОБ:Диктатура илдизлари ҳар бир халқнинг маданияти, анъаналари ва дини билан боғлиқдир.
Агар оилада болани одам деб ҳисоблашмаса, уни фикр юритиш қобилиятидан йироқ деб камситиш нормал ҳол бўлса, ёки тарбиянинг муҳим қисми ҳисобланса, бу табиийки унинг ривожланишига , камол топишига эмас, балки эзилишига, нобаркамол бўлишига олиб боради.
Агар оилада отанинг айтгани айтган, дегани деган, бўлса ва бошқаларнинг фикр қарашларига қўл силташ одат бўлса, бу оилада эркинлик, ҳурлик эмас, балки қуллик, итоатгўйлик илдиз отади.
Лекин биз буни “тарбия” деб айтамиз, анъана, урф-одат деб баҳолаймиз ва қадрлаймиз. Яширадиган жойи йўқ, бизда болаларга “Отангга қарши гапирма”, “Ўзингдан каттага қарши чиқма”, ‘Оқсоқолнинг айтгани тўғри”, “Раиснинг, раҳбарнинг дегани деган” қабилида тарбия берилади. Ваҳоланки раиснинг ақли сариқ чақага ҳам арзимаслиги ва у қайси бир қариндоши ёки пора эвазига раҳбар бўлган бўлиши мумкин. Худди шундай ота ўқимаган, боласи эса китобхонадан чиқмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин бунинг аҳамияти йўқ, деб биламиз. Кўп кўйлак йиртган кўп нарса билади деган ақидамиз бор.

Биз тарих ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Аммо бутун тарихимиз диктатурадан иборат бўлганини эса айтмаймиз. Э, тарихга қарши гапириш мумкин-ми? Бу тарбиясизлик бўлади. Гарчи тарих худди бугунги Ўзбекистонда бўлгани каби илгари султонлар, подшолар, амирлар томонидан ёздирилган бўлса-да!
Динимиз қоидалари оддий одамларга эмас, амалдорга қараб шарҳлангани ва аксарият тафсирлар султонлар, подшолар ва амирларнинг майлига қараб ёзилганини, худди бугунги Ўзбекистонда бўлгани каби илгари ҳам уламолар султонлар, подшолар, амирларнинг оёқларини ялаганларини гапиришни тарбиясизлик деб атаймиз.
Биласизми, нега халқчилроқ бир киши раҳбар бўлса уни “латта” деймиз, қаттиққўл раҳбар истаймиз? Чунки болаликдан муштга, калтак ейишга, тўғрими нотўғрими катталарнинг айтганини қилишга ўрганганмиз.
Кўрдингизми, диктатура илдизлари жуда чуқур ва уларни суғуриб отиш осон эмас. Бу илдизлар чирмовуқдек, ажриқдек ҳаммаёқни ўраб олган. Бугунги режим эса ана шу илдизга сув қуйишгина эмас, уни вужуднинг бошқа жойларига ҳам кўчиришга, онгни ана шу илдизлар чирмовуғи билан зарпечакдек ўраб ташлашга хизмат қилмоқда.
-26-
САВОЛ:Бугунги кунда одамларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетаётганлари сизнингча ёмонми ёки яхшими? (Ўткир, 2004 йил, 16 Июл).
ЖАВОБ: 1980 йилларда АҚШга сафар қилган шоир Омон Матжон қайтгандан сўнгёзган туркум шеърларидан бирида “Текшир олди-ортидан, ҳали Америка деб бирор ўзбек кечган эмас юртидан” деб ёзганди. Лекин бугун йўлини топа олса Омон Матчоннинг ўзи Америкага келмоқчи.
Аслида шоирнинг ўзбеклар ҳақидаги иддаоси бежиз эмас. Турк халқи келиб чиқиши эътибори ила кўчман бўлган ва муқим бир жойда яшашга кўниккан бир бўлаги ўзбекдир. 7-10 асрдан кейин турк бўйлари, жумладан, ўзбеклар 15-16 асрдан сўнг кўчманчи эмас балки заминга, ҳовлига, оилага боғланиб қолганлар. Шу боис ҳам ватан деганданда илк бор ҳовлисини, қишлоғини, соғинч деганда ота-онасини тушунади бу халқ. Бу генетик бир ҳолга айланиб қолганди ва бу генохазина кейинги 15 йилда бузилди. Нега?
Инсон биринчи галда ўзи тирик қолишга, иккинчи галда яқинларини тирик сақлашга ва учинчи галда ғурур, нафсониятини қутқаришга уринади. Ана шу уч омил кейинги 15 йилда ўзбекларни Ўзбекистонни ташлаб кетишга ундамоқда.
Минг-минг мисолдан фақат биттаси: Яқинда Анқарага келиб қолган Ойсара исмли аёлдан электрон хат олдим. Тарих тили ўқитувчиси экан, Эрк партияси фаолиятига аралашгансан, дея зуғумга учрабди ва уч қизи билан Ўзбекистондан чиқиб кетибди. У БМТнинг қочқинлар комиссарлигига бошпана учун мурожаат қилибди ва рад жавобини олибди.
Унинг электрон адресига жавоб ёзиб улгурмасимдан, Азиза исмли қизидан хат келди: “Ойимларни визанг йўқ деб қамаб қўйишди, ёрдам беринглар!” деган нидо эди. Турадиган жойи номаълум, телефони йўқ…
Туркия Ички Ишлар вазирлигига телефон қилганимизда бундай аёл ушланмаганини айтишди. БМТ рад этган бўлса? Халқаро ташкилотлар талабини Туркия каби давлатларнинг ҳукуматлари менсимаса, бундай бечораларга ким ёрдам бера олади? Кимнинг қўлидан нима келади? Бу энди бошқа мавзу.
Умуман бундай даҳшатли воқеалар жуда кўпайиб кетди. Биргина Америкада ҳар куни ўнлаб ана шундай турли йўллар билан келиб қолганларнинг суд жараёнлари бўлаётганини, дунёнинг турли мамлакатларида минглаб ўзбеклар хор-зор юрганини эшитамиз. Баъзан Деҳлида, гоҳида Кореяда, тез-тез Араб Амирликларида, ногоҳ Гуржистон ёки Россияда ўзбек аёллари фаҳш йўлларига судралгани учун қўлга тушганлари ҳақидаги хабарларни ўқиймиз. Бу масланинг фожеа қисми.
Масаланинг иккинчи яна бир жиҳати шуки, баъзи норасмий маълумотларга қараганда Ўзбекистондага ҳар ўн оиладан иккитаси четда ишлаётган вакилининг ҳисобига тирик қолмоқда. Режимнинг омадини қаранг!
Ҳар қандай ёмонлик орасида яхшилик учқунлари ҳам бўлади, деганларидек, учинчи, заррадек ижобий томони эса турли сабаблар билан чиқиб кетган ёшлар чет элларда ўз йўлларини топиб, ўқишга ўрнашиб олганларидир. Улар дунёни кўриб, демократия нима эканлигини англаб, келажакда ватанга хизмат қиладиган олтин хазинага айландилар. Бугун Ўзбекистон ҳукумати чет элларда ўқиган ёшлардан чўчимоқда, лекин келажак уларнинг йўлига ва қўлига қараб қолади.
Умуман олганда эса мустақилликдан кейин режимнинг айби билан Ўзбекистоннинг юзига тушган қора доғлардан бири бу одамларнинг ўз гўшаларини тарк этишга мажбур бўлганларидир. Олий Мажлисдаги манбадан олинган маълумотга кўра, Ички ишлар вазирлиги Президент девонига тақдим этган ҳисоботда кўрсатилишича, 2003 йил давомида 1 миллиондан зиёд одам мамлакат ташқарисига кетган. Чегаралар ёпиб ташлангани, виза олиш оғирлаштирилгани, кетганларнинг яқинлари қатағонга учраганига қарамай одамлар йўлини топиб бу мамлакатни ташлаб кетаётган экан-ми, бу режим учун тавқи лаънатдир.
-27-
САВОЛ:Бугун диктатурага қарши ким ҳам нима қила олар эди?(Адҳам, 18 Июл).
ЖАВОБ:Жуда ўринли савол.Ёдимга арманиларнинг Дашноқ партияси томонидан 1898 йилда ёзилган ва ҳар бир армани учун дея тарқатилган бир қўлланмасида, “Душманга қарши (ўша пайтда руслар ва турклар назарда тутилган) сендан қурол билан чиқишинг талаб этилмайди, агар пойафзал тозаловчиси бўлсанг душманнинг туфлисини ялтиратиб қўймасанг, шу сенинг катта улушинг”, деган тавсияси тушди.
Бугун Ўзбекистонда демократия ўрнатилиши учун ким нима қила олади? Шоирнинг қуроли у ёзган шеъри, унинг сўзидир. Бу сўз маддоҳликдан эмас, адолатдан ёна бўлса бас! Олимнинг қуроли у яратган янгилик, унинг ибратидир. Бу ибрат тилёғламаликдан иборат эмас, ҳақни айтишдан иборат бўлса етади! Муаллимнинг қуроли у тарқатадиган зиё. Унинг зиёси ҳақиқатнинг томиридан сув ичган бўлса кошки! Толибнинг қуроли унинг китоби, у бу китобни кўр-кўрона эмас, танқидий назар билан ўрганса қанийди! Ёшларнинг қуроли уларнинг юракларидаги жасорат, бу жасорат қўрқувдан ёна бўлмаса бас!… Ва ҳоказо, барча соҳадагиларга ана шундай кўз билан қарамоқ керак.
Хўш ишни нимадан бошлаш керак? Ўзингизга савол беришдан? Хўп, ана у шоир ёки адиб ёхуд сиёсатдон ҳақни айтмоқда ана улар эса ҳақни кўммоқдалар? Мен шуни сезиб турибману нега тан олмаяпман, деган саволга жавоб беришдан бошламоқ керак. Содда қилиб айтсак, ҳар бир киши биринчи галда ўзига баҳо бериши, ўзининг нима қила олишини белгилаши лозим.
Нега диктаторлар ҳақ сўзга қарши аёвсиз курашадилар. Чунки дунёдаги энг кучли қуроллардан бири ҳақ сўздир. Бугун диктатурага қарши чин сўзингиз билан курашмоқдан ортиқ жасорат борми? Чин сўз, адолатдан ёна бўлган сўз сўқир қалбларга ниш бўлиб урилади, ёлғон билан тўлган дилларга ирмоқ очади. Мана, қилишингиз мумкин бўлган нақадар қудратли иш бор!
-28-
САВОЛ: Жаҳонгир ака, саҳифангизни МХХ, ИИВ ва Прокуратура, суд идораларида ишлаётганларнинг катталари ўқишига ишонаман. Бу жаллод ва қотилларни жиноятдан тийилишлари учун ўз сўзингизни айтишингизни сўрайман. Бу уларга бир огоҳлантириш бўлиб қолиши учун ҳам шундай қилмайсизми?(Бобомурод, 21 Июл, 2004)
ЖАВОБ:Биринчидан, бу идораларда ишлаётганларнинг ҳаммасини жаллодлар, қотиллар дейишга қўшилмайман, уларнинг орасида ҳам яхши одамлар бор.
Иккинчидан, уларга нима деган бўлардим?
ЯХШИЛИККА ДАЪВАТ: “Бугун замон олдинги пайтларга асло ўхшамайди. Совет даврида ҳаммаёқ ёпиқ эди ва қора қилмишларнинг аксарияти ёпиқли қозон остида қолганди. Аммо бугун ойни этак билан ёпиб бўлмайдиган давр.
Ўзбекистон ичида Каримовнинг сиёсати ҳар қанча мақталмасин бутун дунёда унинг йўли, унинг сиёсати нотўғри эканлиги баралла айтилмоқда, ҳатто унинг дўстлари ҳам уни инсон ҳуқуқларининг поймолчиси, диктатор деб атамоқдалар. Бу эса унинг давридаги қора қилмишлар ёпиқли қозон остида қолмагани, бутун дунё хабардор бўлганининг натижасидир.
Бу режимнинг заволи аниқ бўлиб қолди. Унинг эртаси йўқ. Унга суянмоқ тагини сув олиб кетган ва қулаётган деворга суянмоқдир. Жаллодлик, қотиллик, бечоралар ҳақига хиёнат, оналарни зор қақшатиш, оталарни хўрлаш, болаларни чинқиратиш, адолатнинг юзига тупуриш билан бу деворнинг остида қоласиз. Бундай қилмишлар бугуннинг ўзида, бўлмаса эртага мутлоқ ошкор бўлади.
Шу сабабдан бугун яхшилк қилиш учун ҳали кеч эмас. Бу идораларда ишлаётганлар бегуноҳ одамнинг ҳаётини қутқариш, айбсиз “айбдор”га ёрдам бериш, одамлара туҳмат, бўҳтон қилмаслик, уларнинг ҳаётларига чанг солмаслик, инсон болаларини қийноққа дучор этмаслик билан уларга улкан яхшилик қилган бўладилар.
Бугун Интернет асри. Ахборот кенглиги асри. Ҳар бирингизнинг қилмишингиз Интернет тарихига кўчмоқда. Эртага болангиз, неварангизга мақтаниб “Мен мана бу орденлар ва унвонларни олганман”, дея гердая олмайсиз. Чунки уларнинг дўстлари, танишлари сизнинг исмингизни Интернетга ёзиб қилмишларингизни дарҳол ўрганадилар. Улардан олдин эса болаларингиз ва невараларингиз воқиф бўладилар. Ана ўшанда уларнинг ёшли кўзларига қараб ўзингизни қандай оқлайсиз?
Ўтган замондагилар “Биз билмай қолган эканмиз, ҳақиқат шу деб ўйлабмиз” дея қутулишган эди. Лекин бугун ҳақиқатни бутун дунё айтиб турибди, бутун дунё матбуоти Каримовнинг сиёсати аксилинсоний демоқда ва бу гапни ҳар куни такрорламоқда. Шундай экан, ўз авлодингизга баҳона топиб бера оласизми? Йўқ!
Шу боис ҳам бугун кўзни очиб, дўппини олиб қўйиб қандай яхшилик қилишим мумкин деб ўйланг. Ҳеч бўлмаса қаттол сиёсат учун одамларга ёмонлик қилманг. Шунинг ўзи сизнинг ҳақиқий қаҳрамонлигингиз бўлади. Эртага болаларингиз, авлодларингиз кўзига тик қарай олиш ва уларнинг ҳурматини қозониш имконини беради.
Бугун сиз Интернетни ёпиб қўйибмиз, ким ҳам ўқийди деб ўзингизни алдамоқдасиз. Бугун бир миллиондан зиёд ўзбек мамлакатдан ташқарида ва уларнинг аксарияти ёшлар. Биргина менинг мана шу оддий веб саҳифамга кунига ўртача икки минг ўқувчи мурожаат қилади. Бошқа саҳифаларга демак бундан ҳам кўп кирувчилар бор.Улар ҳақиқат нималигини ажратиб олмоқдалар. Қора қилмиш қилганларнинг номларини бирма-бир тарихга ёзмоқдалар ва булар эртага сизга тавқи лаънат бўлишини унутманг! Бошқалар учун эмас, ўзингиз учун, болаларингиз ва невараларингиз учун яхшилик қилишга шошилинг!”
-29-
САВОЛ: Ўзбекистонда мустақилликдан кейин баъзи инсонлар фикри билан айтганда уламолар йўқ бўлиши ёки изсиз йўқолиши ҳақида қанақа маълумотларга эгасиз? Уларни тақдири қанақа? Ташаккур.(Ёрқин, 22 Июл).
ЖАВОБ:Шу масалада кўнглимда доим бир гап айланиб юрар эди ва мана шу баҳонада айтишнинг имкони пайдо бўлди. Ўзбекистон ҳукумати мустақилликдан кейин истаган одамини қамамоқда, истаган одамини ўлдирмоқда. Бу ишни очиқ қилиб келаётганини дунё жамоатчилиги ҳам билади. Узоққа бормайлик, бундан икки кун олдин, яъни 2004 йилнинг 15 Июл куни “Гуардиан” рўзномасида чиққан “Кўп гапириб қўйган элчи” (”Тҳе енвой wҳо саид тоо муч”) деган мақолада айтилишича, Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчиси номига шикоят олиб келган Самарқандлик профессор Жамол Мирсаидов уйига қайтиб борганда уни неварасининг жасади билан жазолашган.
Бундай мисолларни юзлаб, минглаб келтириш мумкин. Шундай экан, баъзи уламоларни ўғирлаб кетишдан мақсад нима? Менимча, биринчидан, дастлабки пайтларда ҳукумат уларни очиқ ўлдириб юборишдан қўрққан. Ғалаён бўлиб кетиши мумкин деб ўйлаган. Масалан, Абдулла Ўтаев, Абдували қори мисолида. Иккинчидан, баъзи уламолар қочиб кетишга муяссар бўлганлар ва кейин уларнинг йўқолиб қолгани ҳақида гаплар тарқатилган. Масалан, Обидхон қори мисолида.
Юқорида номлари саналган уламоларнинг маърузалари, магнит лентасига ёзиб олинган ваъзлари ва баёнотларини турли манбалардан кўп эшитганман, ўқиганман ва улар радикал исломий давлат тарафдори эканликларини биламан. Мен эса дунёвий, демократик давлат тарафдориман.
Шу жиҳатдан уларнинг қарашларига ҳеч қачон қўшилмаганман ва ўз қарашимда мустаҳкам бўлганим учун бундан кейин ҳам қўшилмаслигим аниқ. Айни пайтда уларга нисбатан зимдан иш қилинишига, йўқотилиб юборилишларига ҳам қаршиман. Агар айблари бўлса, исботланиши ва одил суд ҳузурига олиб чиқилиши керак эди. Агар ғоялари ёқмаса бунга қарши очиқ фикр билан курашмоқ зарур. Лекин на униси на буниси!
Уларнинг тақдирлари масаласига келсак, бугун сизга номаълум бўлгандек менга ҳам бу масала қоронғу. Аммо нима бўлганда бу масала устидаги парда бир кун келиб очилади. Ўшанда бу ҳақда янада батафсилроқ гапиришнинг имкони пайдо бўлади.
Айни пайтда бу билан савол берган ўқувчи Ўзбекистонда режимга қарши чиққан уламолар ана шундай йўқолиб қоладилар, дея илгарироқ собиқ муфти ҳақида ёзилганларга ҳам ишора қилаётганга ўхшайди. Йўқолиб кетишдан қўрқиб, қарши чиқмаган тақдирда, ўз эътиқодига содиқ қолиб, режимни мақтамаслик,ёлғонни халққа едирмаслик ҳам мумкин.
-30-
САВОЛ: Ассалому алайкум! Мен Авропадан сизга хат ёзмоқдаман! Бу ерга келиб сайтингизни ўқишга муяссар бўлдим! Тўғриси, кўп нарса ўргандим! Ва ўрганмоқдаман! …Мен айни 12-13 ёшлигимда (бу давр 1991-92 йилларга тўғри келади) ҳаётни энди таниётганимда, ўша пайтдаги МАТБУОТнинг кучидан тўғриси тўлқинланиб кетганман! Мен ўша пайти Журналист касбига чин дилдан ҳавас қўйгандим! Ҳаёт қийинчиликларига қарамай мен йўлимдан қайтмадим. Ниҳоят орзуимдаги бўлимга ўқишга кирдим! Лекин, афсуслар бўлсинки, мен бу ердаги таълимдан қониқмадим. Таълим беролмасликлари устига, маддоҳлар баъзи эркин фикрловчи ёшларнинг оғзини ёпишга ҳаракат қилардилар! Шўрлик ўзбекнинг шўри бор экан! Ўзи сайлаб қўйган юртбоши ноқобил чиқса, хоҳлаган ишини қилса, халқни алдаса…бир оғиз бир нарса демайди-я! Журналист бечоралар юришибди. Ёзган кичкина мақоласи учун ҳам солиқ тўлаб. Биз каби исёнкор ёшлар жуда кўплаб топилади. Олдимизда сиздек забардаст УСТОЗларимиз, албатта, бўлиши лозим! Туркча бир қўшиқда эшитганман: “Не бу дузен бойле калýр” Иншооллоҳ, ўзгартирамиз! Фақат ҳаракат…ҳаракат…. Ва ақлли тадбирдир. Шунга нима дейсиз? Агар менинг бу хатимга ўз муносабатингизни билдирсангиз, жуда хурсанд бўлардим! (Олимжон, 23 Июл).
ЖАВОБ:Биласизми, уч кун Ўзбекистон телевидениелари ва радиоларидан тортиб ҳукумат казо-казоларига қадар шовқин-сурон қилишди: шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган ўзбек Рустам Қосимжонов “кимлигимизни дунёга намойиш этди” деб. Ислом Каримов дарҳол унинг отаси бўлиб чиқди ва “Азиз ўғлимга!” деб хат ҳам ёзди (аниқроғи ёзилган хатга имзо чекди-ЖМ), дарҳол унга “Амир Темур” ордени ҳам берилиши ҳақидаги фармон эълон қилинди. Орқасидан маълум бўлса, Рустам икки йил олдин оиласи билан Ўзбекистондан кетиб қолган ва Олмонияда яшар экан. Лекин нима бўлганда ҳам Ўзбекистон номидан ўйнади ва ўзбекнинг номига обрў ёғдирди.
Лекин “миллатнинг ақл заковатини кўрсатувчи бундай ўғлонлар”и (ибора Каримовга оид-ЖМ) бугун четда эканлиги кишини ўйлатмасдан қўймайди. Мана сиз ҳам Истанбулда экансиз. Эртага бир жойда отингиз чиқиб, машҳур бўлиб қолсангиз бугун оғзингизни юмишга уриниб, сизни Ватандан кетишга мажбур қилганлар сизга ҳам ё “ака” ёки “ука” бўлганларини эълон қилишлари ҳеч гап эмас. Бу самимий мақтов бўлмайди, аслида уларнинг манфаатларига мос тушгани учун шундай пайтда сизни мақтайдилар.
Манфаатларига мос тушмасачи? Ҳозир Тошкентдаги олий оқув юртларига қишлоқлардан келган ёшларни қабул қилмаётган эканлар ва ҳатто бу ҳақда вазирлар маҳкамасининг қарори ҳам тайёрланаётган экан. Нима учунлигини биласиз-ми? Ҳукумат, хусусан Ислом Каримов ақл-заковатдан қўрқиши ва бу кучни узоқда, назоратда тутиши учун шундай қилинмоқда.
1992 йилнинг қонли Январида Талабалар шаҳарчасида юз берган воқеалар ортида ҳам шу гап бор эди. Ўшанда қонли воқеалардан 20 кун олдин, яъни 1991 йил Декабр охирида ўтган президент сайловида талабаларга бир ҳафта олдин овоз бериш “топширил”ганди. Кейин уларни уй-уйларига жўнатиб сайлов сандиқларини очиб қарашса ҳаммаси Каримовга қарши овоз берган. Тезда Талабалар шаҳарчасида ғалаён уюштирилди ва ақл заковатли ёшлар вилоятларга сургун этилди.
Бугунга келиб яна Тошкент талабалари орасида уйғониш сезилмоқда ва улар Каримов режими нима эканлигини сиз каби англаб қолдилар. Энди уларнинг, сизнинг иборангиз билан айтганда “исёнкор ёшларнинг” илдизига болта уришмоқчи. Бир сўз билан айтганда, Тошкентда талабаларнинг исёнкор муҳитини йўқотишмоқчи.
Ана шу икки мисол ҳам режимнинг башарасини чизиб бермоқда. Энди ҳаракат масаласига келсак, мен ёшларнинг шу кеча кундузда нима қила олишлари ҳақида, курашни оташин сўз бошлаш ҳақида олдинги саволларга жавоб берганда ёзган эдим. Баъзилар аллақачон Интернет саҳифалари яратиш билан ишга ҳам киришганларини кўриб, мамнун бўлдим ва мен улар билан ёнма-ён бўлмасамда фикран биргаман. Шу жиҳатдан сизнинг ҳам демократияни, сўз эркинлигини кенг ёйиш, адолатни тинч йўл билан тарғиб этиш борасидаги курашда сафимизга қўшилганингизни қутлайман.
-31-
САВОЛ:Ассалому алайкум, мен европага биринчи келишим, 6 ой бўлди, уйни, бола-чақани, юртни, чанг кўчаларни, дарахтларни соғиндим. Ман бунақа бўлади, деб ўйламагандим. Қисқаси, ўз уйим ўлан тўшагим, деган нақлга яна бир карра инондим. Бир кун ҳам ортиқ тургим йуқ, қора нон топсам ҳам ота-онам, юртимда бўлгим келаяпти. Бу нарсаларга қандай қарайсиз, ўз муносабатингизни билдиринг. (Ёрқин, 24 Июл).
ЖАВОБ:Саволга савол билан жавоб беришим мумкин: Агар ҳаётингиз учун таҳлика бўлмаса ва бир соат ҳам тургингиз келмаса, нима сизни ушлаб турибди, дарҳол йўлга чиқмайсизми? Лекин бундай савол бергим йўқ. Чунки кўпчилик Ғарбга келганда ана шундай ҳолга тушади. Аммо кейинчалик қолиб кетади ёки Ватанга борганда туролмай ортга қайтади.
Мен ҳаётимни қутқариш учун кетмаганимда қора нонни афзал кўриб ўтирган бўлар эдим. Ҳаётим таҳликага тушиши эса адолатни излаганим, ғуруримни бошқаларнинг оёқлари остига ташламаганим билан боғлиқ. Мен “Ўзлигим” китобида бу ҳақда анча ёзганман ва бугунга келиб ҳам хаёлимда саволлар жуда кўп.
Ватан… инсон учун туғилиб ўсган жойми ёки тафаккури шаклланган масканми? Ватан… ота боболар хоки ётган заминми ёки она тили эркин сўйланган жой-ми? Балки инсон учун бутун ер курраси ватандир? Бугун қишлоқ, шаҳар, вилоят, мамлакат каби бўлаклар торайиб, Дунё деган ягона ватан пайдо бўлмоқда-ми? Кечагина Ўзбекистондан бош олиб кетмоқ ор саналган бўлса, бугун четга чиқиб кетмоқ шарафга айланаётганининг сири нимада? Ватаннинг бир ҳовуч кимсалар қўлида мулк бўлиб қолишида-ми? Ёки торликдан кенгликка интилиш зеҳниятининг тетапоя даврими бу?
Кимдир ҳаётини қутқариш учун кетса, кимдир ҳаётини хароб этиш учун кетаётганини қандай англамоқ керак? Кимдир пул қидириб кетса, кимдир ўз ёнидан пул бериб кетаётганини-чи? Яна кимдир кетган жойидан ортга қайтмасдан зах кулбаларда ё ёлғиз, ёки ўзгалар қўйнида, ёхуд дарвешона ҳаёт кўраётганини ватандан, ота-онадан, ёру дўстдан устун қўйишини қандай тушунмоқ керак? Бошқа биров эса соғинч сели остида қолган, аммо қайтиб кетишга журъат этаолмаётган бўлса-чи? Ёки ўз ватанида хўрлангани учун ундан юз ўгиришни-чи? Ана шундай саволлар жуда кўп ва жавоблар ҳар кимнинг ўз кўнгил мулкида ва ҳаками ҳам ҳокими ҳам ҳар кимнинг ўзи!
-32-
САВОЛ:Боймирза отанинг аҳволлари қандай, биласизми?(Мунира, 24 Июл)
ЖАВОБ:Туркистон миллий озодлик курашчиси Боймирза Ҳайит 86 ёшдалар ва саломатликлари яхши эмас. Телефонда гаплашиб турамиз, гоҳида гаплари аниқ ва равон, гоҳида англаш мушкул. Ўзларининг айтишларига кўра, бир қўл ва оёқлари ишламай қолган. Инсулт бўлдилар. Умр йўлдошлари ҳам оғир касал. Иккалалари ҳам бир неча мартадан жарроҳлик амалиёти кечирдилар. Олмония ҳукумати уларни хизматчилар ва докторлар билан таъминлаган. Орада бир касалхонада ҳам ётиб чиқадилар. Мен телефон қилишим билан Ўзбекистонда қандай янгиликлар бўлганини сўрайдилар ва ёзолмай қолганларидан ташвишда эканликларини айтадилар.
Оғир хаста эканликларига қарамасдан Май ойи охири Июн ойи бошида (2004) Туркияга бориб келдилар. У ердаги муҳандислик Университетининг таклифини рад этолмасдан, ногиронлар аравачасидан туша олмасалар ҳам бориб келдилар. У кишига профессор, докторлик унвонини беришибди. Шуни қабул қилиб, қайтдилар.
Мен кундалик ишлар билан машғул бўлиб қолсам, ўзлари телефон қиладилар ва “Хавотир олдим, телефон қилишингизга ўрганиб қолибман” дейдилар. Бошқалар телефон қилаяптими, десам, “Баъзан Нью-Йоркдан Анварбек Туркистоний телефон қилади, бошқаларга эса кераксиз бўлиб қолдик” деб ўкинадилар.
Инсон кексайганда ёш боладек бўлади ва меҳрга зорланади. Шу боис уларга эътибор бериш, бир оғиз илиқ сўзимизни айтиб туришимиз керак. Агар имконингиз бўлса у кишига бир телефон қилинг, телефон рақами Олмония коди билан бошланади:49-221-89-5378

Мен бугун телефон қилсам, негадир ҳеч ким олмади ва телесекретардаги магнит лентасига ёзилган овозда у кишининг умр йўлдоши “Биз уйда эмас” деган “гап” қолдирибди. Кўнглим ғаш бўлди. Илоҳим, омон бўлсинлар!
-33-
САВОЛ: Олдинги саволга берган жавобингиздан кейин менда ҳам бир савол пайдо бўлди. Демократия бўлган Ғарб давлатларида ҳам ахлоқ масаласи биздан яхши эмас-ку? Шундай экан бунинг илдизи тузум билан боғлиқ бўлмай, бошқа эмасми? (27 Июл, Азимжон).
ЖАВОБ: Аввало шуни айтиш керак-ки, ҳар бир жамият, ҳар бир тузум ва ҳар бир даврда ахлоқнинг ўз ўлчовлари бўлади. Масалан, бундан 80 йил олдин паранжисини ёпинмаган аёлни ахлоқсиз деб билишган ва ҳатто тошбўрон ҳам қилишган. Бугунги даврда эса бу нарса шахснинг дахлсизлигига ҳужум деб баҳоланади. Ёки бундан юз йил олдин аёлнинг жамоат ишларини бажариши ақлга сиғмайдиган ҳол бўлган. Бугун эса акси. Ўзимизнинг ўтмиш ва бугундан ана шундай юзлаб мисоллар келтириш мумкин.
Энди Ғарб ва Шарқ ўлчовларига қарайлик. Шарқда ахлоқсизлик дейилган кўп нарса Ғарбда ахлоқ ҳисобланади. Масалан, Ғарбдаги бир қатор мамлакатларда қизлар турмушга чиқишидан олдин бўлажак куёв билан бир неча йил бирга яшайдилар. Буни оддий ҳол деб қарашади ва ҳатто қонуний асосга ҳам эга. Ёки Ғарбдаги кўпгина мамлакатларда турмушга чиққунга қадар ўз иффатини сақлаб қолган қизларга паст назар билан қарайдилар. Бизда эса мутлоқ акси.
Лекин Ғарбда биз ахлоқсизлик деган кўп нарсалар бизнинг жамиятда ҳам азалдан бўлган. Фақат яширин. Масалан, бесоқолбозлик. Ёки ўз хотини бўлгани ҳолда яна кўплаб жазманларга эга бўлиш, ёки оиласи, эри бўлгани ҳолда ўзга эркак билан айшу ишрат қилиш минг йиллар давомида жамиятда давом этиб келган нарса. Аммо ошкор қилинмаган, гапирилмаган. Бугун жамиятда аёллар бузуқлиги авж олди деган гаплар тез-тез айтиладиган бўлди. Ҳа, бугун кўп. Лекин илгари ҳам бўлган, ундан олдин ҳам бўлган. Совет даврида истаган меҳмонхонада фоҳишалар бўлар эди. Буни ҳамма биларди ва ҳеч ким гапирмас эди. Ғарбда эса бу нарсалар ошкор бўлгани учун бу жамиятни бузуқ деймиз. Ўзбекистондан кетиб фоҳишалик йўли билан пул топаётганларнинг аксарияти Ғарб давлатларига эмас, мусулмон давлатларига бораётгани ҳам сир эмас.
Биз Туркияга келганимизда кўпгина телевидение каналларини оила даврасида кўра олмас эдик. Куракда турмайдиган сўкинишлар, ҳаёсиз кўринишлар … кўчада аёлингиз ёки қизингиз билан бирга юрсангиз беҳаё термулишлар, гап отишлар ва ҳоказо.
Америкага келар эканмиз, бу жамият ҳақида эшитганларимиздан бошимиз қотиб қолган эди. Бу ерга келсак кўчада биров бировнинг аёлига гапириши, тегажоғлик қилиши, ёки қизига таъсир қилишга уриниши нафақат ахлоқсизлик, балки жиноят ҳам ҳисобланар экан. Телевидение ва матбуот ҳам Туркиядагидан бир қадар яхши эди. Энг сўнгги мисол. Машҳур хонанда Майкл Жексоннинг синглиси Жанет Жексоннинг бир концертда кўкраги очилиб кетгани экранга сизгани боис масала конгрессга қадар етиб борди ва буни кўрсатган телевидениеларга бир неча миллион жарима солинди, шундай ҳол такрорланадиган бўлса, ёпиб қўйилишлари ҳақида огоҳлантирилди. Европада буни матбуот эркинлигига ҳамла деб баҳолашди. Кўрдингизми, ҳар жойнинг ўз ўлчовлари мавжуд. Қолаверса мен бу билан Ғарб яхши, Шарқ ёмон демоқчи эмасман.
Қаерда нур борки соя бор, қаерда одам борки ахлоқсизлик бор. Бу ҳақиқат. Фақат тафаккурлари, маънавиятлари бой бўлган инсонларгина ахлоқан мукаммал бўладилар.
Ҳар қанча тақиқ ёки тарбия ахлоқсизликни чеклай олмайди. Лекин соғлом жамият буни ўз қонун қоидалари доирасида тартибга солиши мумкин. Бунинг учун эса яна такрорлайман: жамият ва тузумнинг ўзи соғлом бўлиши керак.
-34-
САВОЛ:Ўзбекистонда бугунги кунда ахлоқий тарбиянинг бузилиб бораётганини иқтисодий қийинчиликка 100 % боғлаш нотўғри эканлигини кўпчилик тан олади, албатта. Бу муаммонинг иқтисодий бўлмаган томонлари ҳақида ва уни ечишда (маънавий муҳитнинг маълум даражада ўрнига тушишига) қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида фикрларингизни билдирсангиз.(Зокиржон, 28 Июл).
ЖАВОБ: Аввало бу нарса иқтисодий муаммолар билан бевосита боғлиқдир. Айтганингиздек юз фоиз бўлмаса ҳам ўшанга яқин. Инсоннинг икки қорни бор. Биринчи қорин бошда ва уни тафаккур десак, иккинчи қорин қуйироқда ва у ошқозондир. Ҳар иккаласи ҳам “овқат” истайди. Аммо биринчисининг “овқати” бу илм, китоблар, театр, кино, кундалик мулоҳаза, мутоала манбалари… яъни оддий қилиб айтганда маънавий эҳтиёж “таомлари”. Ошқозонни тўлдириш масаласи тафаккурда кўриб чиқилади ва шундан кейин керакли тадбир олинади. Аммо тафаккур ўлган ёки ўлдирилган бўлса у ҳолда ошқозонни кўр-кўрона тўлдириш бошланади, худди ҳайвонларники каби. Менимча бугун дуч келганимиз ҳолатда ана шу вазият мавжуд. Аксар одамлар китобларни ўқишмайди, мутолаадан йироқ, театрга бориш имкони йўқ, ёки театр унинг талабига жавоб бермайди, матбуот эркин бўлмагани боис унга ҳам назар солишмайди. Натижада тафаккур очлиги, тафаккур қаҳатчилиги юз бермоқда. Бу эса нафақат иккинчи қорин ташвиши балки бутун маданият, маънавият каби қадриятлар емирилишига олиб келмоқда.
Ахлоқ эса бу улкан муаммо ичида бир бўлакдир. Образли қилиб айтганда бу муаммо бир бино бўлса, ахлоқ унинг деразасидир. Бино қулаётган бир пайтда қандай қилиб дераза қолиши мумкин?
Тузатишнинг йўли эса бинони қайта тиклаш ёки таъмир этиш билан боғлиқ. Бугун ахлоқ ҳақида ахлоқсизлар гапириб турганда ким уларга ишонади? Ахлоқ ҳақида ахлоқсиз шоирлар шеър ёзганда ким уларга эргашади? Ахлоқ ҳақида ахлоқсизлар ваъз айтса ким қулоқ солади? Ва ҳоказо.
Кўрдингизми бу занжирбандлик амалиётини эслатади. Бири бири билан мустаҳкам боғлиқ. Менимча энг аввало жамиятнинг, тузумнинг ахлоқсизлигини тузатиш керак.
-35-
САВОЛ:Ассалому алайкум, Тошкентда бугун юз берган воқеаларга қандай муносабат билдирасиз?(30 Июл, Собит).
ЖАВОБ:Мен азалдан террорнинг ҳар қандай кўринишини қоралаб келганман ва бундан кейин ҳам шу позициямдан қайтмайман. Бу борада менинг ўзгармас қарашим шаклланиб бўлган ва уни ҳеч нарса ўзгартира олмайди. Террор ҳар қандай мақсадда, ким томонидан амалга оширилганидан қатъий назар барибир террордир. Бугунга қадар террорлар ҳеч қаерда ва ҳеч қачон оддий халққа ёрдам бермаган ва аксинча доим унинг мушкулини оғир қилган, зулмга йўл очган ёки мавжуд зулмга хизмат этган.
Бугун биз юксак маданият даврида яшамоқдамиз. Ҳукумат бўладими, партия ва ҳаракатлар бўладими, оддий шахслар бўладими, террор билан ҳеч нарсага эриша олмайдилар. Фақат бегуноҳ одамларнинг қони тўкилади, норасидалар жувонмарг бўладилар, оналар зор қақшайдилар, йўллар бекилади, умидлар каллакланади, орзулар етим қолади, қатағонларни оқлашга баҳона топилади ва ҳоказо.

Бугун демократик кураш, тинч йўл билан кураш давридир. Бу йўлни танласангиз биринчи қадамда ютқазишингиз мумкин. Иккинчи қадамда ютқазишингиз мумкин. Учинчи қадамда ҳам ютқазишингиз мумкин. Лекин охир оқибатда ғалаба сиз томонда бўлади. Бу демократиянинг қонунидир. Демократия берилмайди, балки олинади деган гап бор. Демократия агар қон билан олинса унинг демократиялик жойи қолмайди.
Демократия демократик йўл билан устивор бўлсагина у абадий яшай олади. Бу эса осон эмас. Курашнинг ана шундай осон бўлмаган йўлини танламоқ керак. Балки мени хаёлпараст деб ўйларсиз. Лекин мен кўнглимдагини очиқ айтдим.
-36-
САВОЛ: Биз демократияга тайёрмизми? Ўзингизни демократияга тайёр, деб ҳисоблайсизми? (Шоира, 4 Август).
ЖАВОБ:Бир неча йиллардан буён “Ўзбеклар демократияга тайёрми, йўқми?” , деган гап атрофида тортишув бўлади. Ҳукумат “Тайёр эмас” деса, мухолифлар “Тайёр” дейдилар. “Тайёр” деганлар қайта қуриш ва ошкоралик йилларини мисол келтирадилар. Лекин ўша пайтда катта имконлар берилганда, бошқа республикалар “қайнаб” турганда ҳам Ўзбекистонда ҳаракатлар жуда суст эди ва бу бошқа масала.
Демократияга халқ тайёр, лекин ҳукумат бермаяпти дейдиганлар ҳам кўп. Демократия берилмайди, балки у олинади. Худди Милошевичнинг қўлида кишанланиб қолган демократия тортиб олингани каби. Худди Шеварднадзенинг мулкига айланган демократия халққа қайтарилгани каби. Бунга фақат халқ қодир ва у шу даражага етишмоғи лозим.
Масалани биргина Ўзбекистон мисолида эмас, балки, бутун Шарқ мисолида кўрсак масала янада ойдинлашади. Биз Ғарбни сўкишга ўрганганмиз. Лекин демократияни Ғарбдаги каби ҳис қила олиш даражасига етдик-ми?
Мана яқин ўтган кунлардан бир мисол. Чеченлар 2002 йилнинг Май ойида Умумжаҳон чеченлар конгрессини ўтказишлари керак эди. Жой эса Истанбул эди. Туркия демократия борасида Шарқ давлатлари ичида энг олдингисида. Шунинг учун бу жой танланган. Лекин одамлар етиб бориб, жойлашиб эртасига анжуманга чиқамиз деганларида Туркия ҳукумати Россиянинг тазйиғи остида бу конгрессни тўхтатди. Орадан қарийб беш ой ўтиб мазкур анжуман Данияда чақирилди ва Москвадаги террористик ҳужум шу пайтга тўғри келди. Россия Данияга пўписа қилиб, бу анжуманни тўхтатишни талаб этди. Дания ҳукумати эса “Биз Конституциямизга қарши боролмаймиз, Конституциямизда барча йиғилишлар эркинлиги кафолатланган” деб жавоб берди. Кичкина Дания катта Россиянинг талаблари-ю пўписаларидан ўз қонунларини устун қўйди. Мана бу демократия.
Агар ҳукумат Россияга хўп деганда Дания халқи Конституцияга хилоф иш қилган бу ҳукуматнинг жавобини берган бўларди. Аммо Туркияда халқ кўчаларга чиқиб, нега конгрессни тўхтатасиз, чет элда яшаган барча миллатларнинг бундай йиғилиш ўтказишга ҳақлари бор, деган эмас. Бу масала халқнинг зеҳнияти, унинг демократияга тайёр ва ёки тайёр эмаслиги билан боғлиқ.
Озодлик, эркинликка интилиш инсоннинг қонида бор. Лекин бу интилиш нафақат қонимизда балки зеҳниятимизда ҳам ўлдирилиб, унинг ўрнига қўрқоқлик киритилиш қаердан бошланади? Бешикданми, оиладанми, мактабданми, олийгоҳданми, динимизни бизга нотўғи талқин қилган муллаларнинг ваъзиданми? Бугуннинг энг долзарб масаласи ана шу. Бунга жавоб тополмасангиз, ҳеч қачон демократияга эриша олмайсиз.
Саволни эса “Биз демократияга тайёрмиз-ми?” шаклида эмас, “Мен демократияга тайёрман-ми?” кўринишида қўймоқ керак ва ҳар ким ўзига “Демократия нима? Мен унга тайёрман-ми? Уни талаб қила оламан-ми? Унга бўйсуна оламанми? Уни юрита оламан-ми?” деган саволларга жавоб берса, кўп нарса ойдинлашади қолади.
Шахсан менга келсак, мен ўзимни мутлоқ тайёр, деб ҳисоблайман, зотан демократия талаблари, демократия қоидалари ва демократия эркинлиги ҳаётимнинг асосига айланган. Мен демократиясиз яшай олмаслик учун туғилгандек ҳис қиламан ўзимни.
-37-
САВОЛ: “Ўзбекистонда мухолифат сайловга тайёргарлик кўрмоқда”. Бу хабарга сиз нима дейсиз? (Зафар, 19 Август).
ЖАВОБ: “Мухолифат бор” дейиш “Диктатура йўқ” дейиш демакдир. Сиз баъзи веб саҳифалардан йиғиб, менга йўллаган хабарларда айтилаётгани каби, қандайдир кучлар тўпланаётган, мажлислар, трейнинглар қилаётган, баёнотлар қабул этаётган, вазирликларни судга тортаётган бўлса, жуда ҳам қизиқ. Чунки диктатура дегани мухолифат ўлдирилган ва ҳамма нарса бир кишининг диктати билан юради, дегани.
Дарвоқе, диктатура шароитида ҳукуматнинг ўзи мухолифат тузиши, мухолифат ролини ўйнаши, юқорида таъкидлаганимиз каби хабарлар тарқатиши мумкин. Лекин сиз менга йўллаган хабарларни асосан ўзини мухолифат деб келаётганлар, қарашлари билан ҳукуматга мухолиф бўлганлар ўз веб саҳифаларида эълон қилганлар. Хуллас, қийин вазият. Ишонишни ҳам билмайман, ишонмасликни ҳам.
Ишониб кўрайлик. Озарбайжонда диктатаор Ҳайдар Алиев сайловлар арафасида “мухолифат”нинг “қимир-қимирлари”га йўл қўйиб берар эди. Ҳатто улардан тўрт киши Миллий Мажлисга депутат ҳам бўлган. Четдан Алиевга “Сайловлар эркин ва адолатли ўтмади” дейишса у ана шу тўрт кишининг исмини кўрсатиб, “Бу нима? Кўзингизга кўзмижжа чиққан-ми?” дер эди. Бунинг устига халқ ҳам мухолифатнинг бори шу экан, деган хулосага келиб қолганди. Бундай сиёсат шунга олиб келди-ки, Ҳайдар Алиев ўлиб қолганда ҳам ҳеч нарса бўлмади ва унинг ўғли бошқарувни хамирдан қил суғургандек қилиб, қўлга олди.
1991 йилги сайловда Ислом Каримовга рақиб бўлган мухолифатчини “сотқинлик қилди, сайловни муқобил номзод асосида ўтказиш учун хизмат қилиб берди”, деганлар, бугун энди , Парламент сайловига тайёргарлик қилишаётган бўлишса, демак-ки, нимадир ўзгарган?!
Хўш, ҳукумат уларнинг “қимир-қимирлари”га кўз юмди ва ҳатто 3-4 кишини ўтказиб юборди ҳам, дейлик. Нима бўлади? Ҳукуматга фойда. Халққа эса бугун ва узоқ муддатда ҳам зарар, худди Озарбайжон мисолидаги каби. Бунинг устига ўша 3-4 кишига ҳукумат мансаб бериб қўйса бас, бугунга қадар ҳукумат таркибида ишлаётган собиқ “бирлик”чилар ва собиқ “эрк”чилар каби улар ҳам қора қозоннинг қоровулига айланадилар. Сайлов эса демократик тамойиллар асосида ўтган бўлади. Дунё бунга ишонмаса ҳам, ўзимизнинг авом халқ ишонади, чунки кеча қувғин қилинганлар бугун Парламентга кирсалар, демак, катта ўзгаришлар юз бермоқда, деб кутиш бошланади.
Яна такрорламоқчиман, бугун мухолифат бор, десангиз, диктатурани инкор этган бўласиз, мухолифат йўқ, десангиз, “биз киммиз” деб чиқадиган, сиздан ранжийдиган камида 25 киши топилади. Уларни ҳам хафа қилгингиз келмайди, чунки имконлари қадар курашиб юрибдилар, ораларида ўн беш йилдан буён сайловларни байкот қилиб келган, йўлидан қайтмаган жасоратли мухолифлар ҳам бор.
Балки бир кун келиб, баъзилари: “Бу бизнинг услубимиз эди, ҳукумат барибир сайловга киритмаслигини билган ҳолда, уриниб кўрдик ва сайловнинг нодемократик эканлигини исботладик, жаллоднинг жаллодлигини исботлаш учун бошни кундага қўйган каби” дейишар.
Балки биз билмаган яна бошқа гаплар бордур?!
Балки?!
-38-
САВОЛ:Америка ўз қўшинларини Ўзбекистонга ҳам жойлаштириши мумкин-ми?(Ҳикмат, 2004 йил, 21 Август).
ЖАВОБ: Американинг бир қисм қўшини зотан Ўзбекистонда бор. Ҳар ҳолда сиз кейинги кунларда бўлаётган баҳсларга ишора қилаётганга ўхшайсиз. АҚШ президенти Американинг дунё бўйлаб жойлашган қўшинларини тинч минтақалардан нотинч зоналарга томон йўналтириш ҳақида 2010 йилга қадар узанадиган режани эълон қилди. Унда Ўзбекистон ҳақида аниқ гап айтилмади, аммо Пентагон бу масалани инкор ҳам этмаяпти. Демак, бу борада таклиф бору ҳали узил кесил қарор олинмаган бўлиши мумкин.
Дунёда Америка аскарлари жойлашган мамлакатларни олиб кўрсангиз бирортаси зарар кўрган эмас. Олмония, Туркия, Қатар, Жанубий Корея ва ҳоказо. Руминия эса бизга келинг, деган ташаббус билан чиқди.
Америка аскарларининг Ўзбекистонда жойлаштириш ёки бошқача айтганда мавжуд қўшинлар сонини кўпайтириш ва уларнинг статусини доимийга айлантириш бугун ва келажакнинг нуқтаи назаридан, ҳам сиёсий ҳам иқтисодий жиҳатдан Ўзбек халқига фойда. Аммо бугунги режим манфаатларига зид. Чунки Хонободга Америка аскарлари бориши муносабати билан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида стратегик ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланганди ва унинг асосий бандларидан бири демократия, инсон ҳуқуқларига қаратилганди. Валламат бўлиш керак. Ўзбекистонда бу борада қандайдир бир одим ўтилган бўлса, ҳаммаси ана шу шартнома туфайлидир.Бугунга қадар Ўзбекистонда ишлаётган аксар халқаро ташкилотлар, улардан грантлар олиб фаолият кўрсатаётган, дунёни таниётган юз минглаб оддий фуқаролар ҳам бу шартномага суянмоқдалар. Лекин Россия билан ҳам стратегик ҳамкорлик ҳақида шартнома тузилди ва унда демократия, инсон ҳақлари четлаб ўтилди.
Агар бугун Ўзбекистон АҚШга ўз аскарларини жойлаштириш учун йўл бермаса, эртага Россияга йўл беради, бу инкор этиб бўлмайдиган ҳол. Россиянинг соясида туриш яқин келажакда ва узоқ истиқболда Ўзбекистоннинг зулм ўлкаси бўлиб қолишини кафолатлайди.
Америка Ўзбекистоннинг демократик давлат бўлишидан манфаатдор. Россия эса автократик давлат бўлиб қолишини хоҳлайди. Америка аскарлари Ўзбекистонда қолсалар ва бир кун бу мамлакат бугунги Олмония даражасига етганда ўзлари мазкур тинч зонани ташлаб, бошқа жойга кетадилар. Аммо Россия бу ишни ҳеч қачон қилмайди. Масалан, Тожикистон энди Россиянинг чангалидан қутулишига асло ишонмайман.
Хуллас, Американинг эмас, Россиянинг аскарлари Ўзбекистонга кириб қолмаслиги ҳақида ўйлаш керак. Американинг аскарлари жойлашиши Россиянинг йўлини тўсади. Бугун чангалини оча бошлаган Хитойнинг ҳам.
-39-
САВОЛ: Мен сизга тушунмай қолдим. Бугунгача халқни уйғонишга даъват этиб келдингиз, энди эса революция чақириқларига қарши чиқаяпсиз. Бу ўз-ўзига қарши чиқиш эмас-ми? Бу сизнинг қарашларингиздаги ўзгариш эмас-ми? (Нома’лум, 23 Август).
ЖАВОБ: Аввало уйғониш ва инқилоб ҳақида. Уйқу дори ичиб, ухлаб ётган одамга “Қўлингга таёқ ол, ҳаммаёқни ўғри босди” дейишнинг мантиқсизлигини билсангиз керак. Уни аввал уйқудан уйғотиш ва уйқу дори таъсиридан қутултириш керак. Ана ундан кейин уйига тушган ўғрини кўрса, сизнинг чақириғингиз бўлмаса ҳам ўзи қўлига таёқ олиб югуради.
Менинг уйғонишга даъватларим ва баррикадалару инқилобларга чақириқларга эътиборсизлигим ана шундан.
Энди “ўз-ўзимга қаршилик” ҳақида.
Менинг ёзганларимни қайта-қайта ўқиб чиқинг ва принципиал қарашларим айни эканлгини кўрасиз. Яъни:
Диктатурага, адолатсизликка, қонунсизликка қаршиман ва бу қарашимда метин турибман.
Демократик, дунёвий тузум тарафдориман ва ҳеч қачон бу фикримдан қайтган эмасман.
Инсон ҳуқуқларини, барча маданиятларни, ҳақиқатни қадрлайман ва бунда ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлган эмас.
Қон тўкилиши йўли билан ҳокимиятга келишни истамаганман ва бугун ҳам истамайман.
Ҳар қандай кўринишдаги террорга, терроризмга қаршиман ва бу қарашимда ҳам собитман.
Менга самимий яхшилик қилган одамга, оилага, гуруҳга, мамлакатга ёмонлик қилмаслик ҳақида ўйлаб келдим ва бугун ҳам шу фикрдаман.
Менга ёмонлик қилганларни иложи борича кечиришга уриниб келдим ва бугун ҳам шу йўлдаман ва ҳоказо.
Булардан ташқарида қандайдир аҳамиятсиз зиддиятлар топишингиз мумкин, худди латифадаги каби:
…Хорижлик бир меҳмон маҳаллий, қўлбола меҳмонхонага катта пул тўлаб, бир кеча ётиб, эрталаб чиқиб кетаётган экан:
-Тақсир, бизга қандай таклифларингиз бор?-деб сўрабди меҳмонхона соҳиби.
-Хоналарда биттадан белбоғ, чопон ва Қуръон қўйсангиз ёмон бўлмасди,-дебди меҳмон.
Буни эшитиб қолган миршаб дарҳол уни ушлаб олиб кетибди ва диний тарғиб айбини қўйибди. У эса миршабга:
-Мен тарғиб қилганим йўқ, мен танқид қилдим,-дебди.
-Танқид?
-Ҳа, танқид қилдим. Агар менинг айтганларимни қўйишса, адашиб бу меҳмонхонага келган одам тунда оғзига, қулоғига суварак кириб кетмаслиги учун бошини белбоғга ўраб оларди. Битлаган, бургалаган чойшаблардан узоқ туриш учун ўтирган жойида тўнга ўралиб мизғиган бўларди. Эрталаб кетаётганда эса қўлини Қуръон китобининг устига қўйиб: “Қайтиб бу ерга келсам, Қуръон урсин” деб қасам ичган бўлар эди.
-Бу барибир ҳеч нарсани ўзгартирмайди,-дебди миршаб.-Барибир Қуръонга ишонар экансиз-ку!
Шунақа, агар баҳона топаман, десангиз, истаганча топишингиз мумкин. Лекин мен ҳам айттим-қўйдим-да!
-40-
САВОЛ: Кейинги пайтда революцияга, митингларга, баррикадаларга чақирувчилар кўпайди. Бунга сиз қандай қарайсиз?(Содиқ, 24 Август).
ЖАВОБ: Бундай гапларни турли Интернет саҳифаларида учратиш мумкин ва уларни асосан четда яшаётганлар ёзишмоқда. Энг қизиғи уларнинг орасида устларидан ҳеч қандай иш қўзғатилмасдан ёки қўзғатилган иш ёпилганда ёхуд жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин четга чиқиб кетганлар кўпчилик. Бу билан мен уларнинг четга чиқиб кетишларини савол остига қўймоқчи эмасман. Ҳар ким ўз бошига қаердан ва қандай таҳлика келишини бошқаларга нисбатан кўпроқ билади ва шунга қараб иш қилади. Бу унинг оддий, рад этиб бўлмас ҳуқуқи.

Лекин мен ана шу баррикадалар ташкил қилиш, кўча юришларига чиқиш, революцияга чақириқларни қилаётганлар бевосита Ўзбекистонга бориши мумкин бўлган одамлар эканлигини урғуламоқчиман. Аксинча бориши мумкин бўлмаган одамлар бу масалада оғирлик қилиб, одамларнинг бекордан-бекорга ўлиб кетишларига қарши эканликларини билдириб келмоқдалар.
Мамлакатга боришга имконинг бўлса ва ўзинг четда туриб, бормасдан халқни инқилобга, митингларга, баррикадаларга чақириш менга носамимий туюлади. Биз бугун гўрдан олиб гўрга ураётган бадбахт Ленин ҳам ҳатто ўзи бориб инқилобга бошчилик қилган. Шу боис ҳам мен бугун янграётган чақириқларга эътибор қилмайман.
Дарвоқе, Гуржистонда инқилоб бўлди, нега бизда бўлиши мумкин эмас, дейишади. Ҳов, барака топгур, Гуржистонда диктатура бор эди, деб ким айтди сизга? Ахир Шеварднадзе пайтида шу Михаил Саакашвили ва шу Нина Буржанадзелар партиялар лидерлари эдилар ва бу партиялар парламентдаги очиқ куч эди. Шундай экан Ўзбекистонни Гуржистонга таққослаш мумкин-ми?
-41-
САВОЛ:Сессияда гапирган (27 Август, 2004 йил) Президентимиз ҳақ эмасмилар, ахир қўшни мамлакатлардан бизга ўтиб ҳаммаёқни портлатаверишса, чегараларни бекитмаслик керакми?(Хуршид, 28 Август).
ЖАВОБ: Бир уйда ўтирган одам ҳаммаёқни бекитиб ташлайверса охири ўзи тентакка ўхшаб қамалиб қолади. Бундан қўшнилари эмас, унинг ўзи ютқазади.
Бу аксиома. Буни ҳам қабул қилмасангиз саволингизга саволлар билан жавоб қилмоқчиман. Агар жавобларини топсангиз, президентингиз ҳақ бўлиб бўлмаганларини ўзингиз тушуниб оласиз.
Бугун қўшнилар билан чегаралар бекитилишидан тожик, қозоқ, туркман, қирғиз азоб чекмоқда-ми ёки ўзбек-ми?
Қўшнилар келиб Ўзбекистонда мардикорлик қилмоқдалар-ми ёки ўзбеклар бориб уларнинг юртидан нон қидириб юрибдилар-ми?
Ўзбекистон бозорларига келаётган қозоқ, туркман, қирғиз ва тожиклар кўп-ми ёки уларнинг бозорларига бораётган ўзбеклар-ми?
Нега ҳаммаёқни бекитмаганига қарамасдан қўшниларда эмас-да Ўзбекистонда портловлар юз бермоқда?
Бу ишни қилди, деб эълон этилганларнинг аксарияти ўзбеклар эмас-ми?
-42-
САВОЛ: Нега диктаторлар бунча узоқ умр кўрадилар ва нега уларнинг зулмлари бунча давом этади ва нега Худо уларни урмайди? Мен бу саволга жавоб топа олмадим, сиз топишингиз мумкинми? (Шоира, 29 Август).
ЖАВОБ: Ҳар қандай саволга жавоб топиш мумкин ва бу топган одамнинг қарашини ифода этади ҳамда бир томонлама бўлади.
Инсон Худонинг одамларни қандай баҳолаши мумкин бўлган нуқтаи назарини билолмайди. Билгани эса, асосий деб ҳисобланган уч диннинг муқаддас китобларидаги айтилганлар. Гарчи бир қатор масалаларда турличалик мавжуд бўлсада, аммо Худонинг нуқтаи назарини ифодалашда ҳар уччала динда ҳам кучли зиддият йўқ.
Демак, энг аввало Худо бир одамга баҳо беришда унинг яхшиликлари ва ёмонликларини тарозига солади, дейишади. Диктатор ёмонликни ўзи қилмайди. Яхшиликни эса бировга қолдирмайди. Масалан, нарх-наво ошиши ҳақида қарорни ҳеч қачон имзоламайди. Маошлар ошиши ҳақидаги фармонни эса асло бировга раво кўрмайди. Худди ана шундай одамларни хурсанд қиладиган ишларни диктаторнинг ўзи бажаради. Қамайдиганлар бошқа у эса авф этувчидир.
Сўнгра, эл-улуснинг дуоси ижобатга олинади, дейишади. Диктаторни дуо қиладиганларнинг бошида дин пешволари туришади. Қолганлар ҳам оз эмас. Унинг ҳукуматида ишлаб пора тўплайдиганлар, олган порасидан бир қисмни бериб мансабга эришадиганлар, муқобил номзодларсиз сайланадиганлар, матбуотда танқид қилинмайдиганлар… кўрдингиз-ми қанча-қанча одам кечалари Худога ялиниб диктаторга узоқ умр истайди, уни дуо қилади. Буларнинг орасида халқнинг дардини биладиган зиёлилар, алломалар ва уламоларнинг сон-саноғи йўқ.
Диктатор халқ ҳузурига чиқса, бутун вужуди билан ёниб гапиради ва улуснинг анчагина қисми “Айб унда эмас, атрофдагиларда экан, у бечора бизнинг дардимиздан бехабар”, дея унга чин дилдан узоқ умр тилайди ва ҳоказо.
Шундай экан, Худодан ўпкалашга ўрин йўқ.
Яна ким билади, Худонинг биз билмаганларни ҳам биладиган кучи бор, дейишади. Балки диктаторларга атаб қўйгани ҳам бордур?!
-43-
САВОЛ:Мустақиллик байрами халқникими ёки бир тўда раҳбарларникими? (Ўткир, 30 Август, 2004 йил).
ЖАВОБ: Саволингизда чуқур маъно бор. Яъни Мустақиллик байрами бугунга келиб халқнинг эмас, бир ҳовуч одамнинг байрамига айланди, демоқчисиз ва бунга қўшилмасдан илож йўқ.
Тошкент шаҳрини ўраб олиб, ичкарида байрам қилиш табиийки шундай хулосага олиб келади.
Оддий одамлар байрамдан маҳрум этилгани бу байрамнинг бир юз қароси бўлса, мустақиллик учун курашганлар ҳалига қадар қамоқларда ўтиргани, дунё бўйлаб дарбадар бўлиб кетгани иккинчи юз қаросидир.
Советлар зулмига қарши бош кўтарган Мамадали Маҳмудов (Еврил Турон) ҳалига қадар қамоқда ўтиргани, мустақиллик курашчилари бўлган халқ депутатлари Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Имом Файзи, Насрулло Саид, Ойгул Маматова, Ҳамза Эшназаров, Отажон Полвон… ва бошқа ўнлаб, юзлаб, минглаб фидойиларнинг қисмати эса мустақиллик байроғидаги ювилмас доғдир.
Шу боис ачинманг, бу байрамни бир тўда одам нишонлайверсин, аксарият ҳисобланган халқнинг байрами эса ҳали олдинда!
Бошқача айтганда бир кун келиб бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлади!
-44-
САВОЛ: Яқинда бир қанча мухолиф веб саҳифаларда эълон қилинган мақолаларда Ўзбекистонда ҳамма нарса СНБ яъни МХХнинг контролида, ҳатто президент ҳам унинг қўғирчоғига айлангани ёзилди. Бунга сиз нима дейсиз?(Анвар, 2 Сентябр)
ЖАВОБ: Ўзбекистонда ҳамма нарса МХХнинг назоратида бўлганига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Совет даврида ҳам КГБ ҳукмрон эди. Ҳатто сиёсий бюро аъзоларини ҳам назорат қилгани кейинчалик ўртага чиққанди. Ўзбекистонда ҳам МХХ оддий одамлар у ёқда турсин, ҳатто мамлакатнинг энг юқори лавозимли кишиларни ҳам назоратда тутиши аниқ. Бу президентнинг бевосита топшириғи ва амри билан амалга оширилади. Айни пайтда МХХ издан чиқиб кетмасин, деб президент унинг раҳбарларини ҳам назорат қилиб турадиган бошқа кучга эга. Одатда президент бундай рақобатли кучлар яқинлашиб қолмаслиги учун уларнинг раҳбарларини бир-бирига душман қилиб қўяди. Шу боис ҳам бир жойда илон ўтиши у ёқда турсин ўтмоқчи бўлишидан ҳам президент хабардор бўлиб туради.
Президентга яқин манбалардан маълум бўлишича, ўтган йили президент бир муддат ҳамма нарсага бепарво бўлиб қолган ва ҳатто МХХ иши билан ҳам қизиқмай қўйган. Буни унинг касал бўлиб қолгани билан ҳам боғлашади. Лекин кейинчалик у яна эски ҳолига қайтиб, ҳамма нарсани ўз муштининг остига олган.
Кейинги йилларда Ўзбекистонни Каримов эмас, ёнидагилар бошқармоқда, деган иддаони ўртага қўядиган бир қанча мақолалар эълон қилинди ва мен олдин ҳам бу нарсалар Ислом Каримовни оқлаш учун, унинг қилмишларини бошқаларга юклаш учун қилинаётганини ёзган эдим.
Ҳозир ҳам ҳамма нарсага МХХ айбдор ва Каримов ҳам унинг қўлидаги ўйинчоқ дейиш Ўзбекистонда яккаҳокимлик йўқ дегани, бўлган воқеаларга “бечора” Каримов айбдор эмас, дегани. Бошқача айтганда, унинг гуноҳларини бошқаларга юклашнинг бир кўриниши бу.
Шу сабабдан ҳам бундай масалада ёзганда қўлимга факт тушиб қолди, деб ўйламасдан ёзиб юбориш муаллифнинг ҳам уни эълон қилганларнинг ҳам кимгадир ўйинчоқ бўлиб қолишларига олиб келади. Кейин Каримов шахсини оқлаш учун уларни қўлланишмаяпти, деб ким айта олади?
Хуллас, МХХ ҳақида ёзишадими, бошқалар ҳақида ёзишадими уларнинг ҳам қилмишларини, дўппи олиб кел деса, бошни кесиб келишларини кўрсатиш баробарида бир нарсани унутмаслик керак: диктатура шароитида ҳамма нарса бир кишининг диктатига боғланган бўлади. Агар ҳамма нарса бошқаларнинг қўлига ўтиб кетса, унда бу режимнинг оти ҳам бошқа бўлиши лозим.
45-
САВОЛ: Нега подшолар ва болалари ҳар қанча пулга, бойликка кўмилганлари билан яна ҳаммани талайдилар? (Ирода, 5 Сентябр)

ЖАВОБ:Сиртлондан султон чиқса шундай бўлади…
Маълумки, Қоплон Арслон, Йўлбарс, Шердан кучсиз бўлсада улардан чаққон, жасур, мард ҳамда инсофлироқдир. У бошқа ҳайвонлардек пойлаб туриб орқадан ҳужум қилмайди. У аввал рақибининг қаршисига чиқади. Рақиби чекиниб қочсагина уни қувади ва бир ҳатлаб етиб олади.
Сиртлон эса ўлаксахўр бўлгани учун овга чиқмайди, ўлаксаларни эса тўплаб-тўплаб қўяверади. У қоплоннинг одатини билиб бундан фойдаланади. Қоплон ўлжасини қўлга киритганидан кейин дарҳол емайди. Нафасини ростлаб олиш учун бўлса керак анча кутиб туради. Буни томоша қилиб турган Сиртлон келиб, унинг овига панжа солиб, олиб кетади. Кўзи оч бўлмагани ва Сиртлондан кучсиз эканлиги боис Қоплон индамай қолади.
Сиртлон ўзининг беқиёс кучи бўлгани ҳолда ўзгаларнинг овини тортиб олишни хуш кўради. Ҳар қанча ўлакса тўплагани билан яна тўплайверади. Текинхўрлик унинг жисмида бор. Ўлакса бор жойда Сиртлон бор, Сиртлон бор жойда ўлакса. У ўлган жойга яқин бориб бўлмайди. Ўлаксалар ўлаксалаб кетган бўлади.
Югуриб-елиш Қоплонни жасур ва ҳамда тезкор, қоматли ва кўримли ҳолга келтирса, текинхўр Сиртлон ҳаракат қилмаганидан бадкўриниш, беўхшов ҳолга келган дейишади. Шу боис ҳам талончи подшоларни сиртлонга, мухолифларини эса қоплонга ўхшатиш одат бўлган.
Қиссадан ҳисса шулки, сиртлондан султон чиқса, нафақат қоплонларнинг балки ҳамманинг ҳолига вой!
-46-
САВОЛ: Сиз Интернетни тарғиб қилиб ёзган эдингиз, лекин Ўткир Ҳошимов “Халқ сўзи” газетасининг 21 Август кунги сонида аксини ёзган. ҳттп://www.CентрАсиа.Ру/неwсА.пҳп4?ст=1094172420 Бунга нима дейсиз.(Алишер, 6 Сентябр).
ЖАВОБ: Бу мақолани ўқиб ўзбек зиёлисининг онги, зеҳнияти аввал қандай бўлса, бугун ҳам шундайлигича қолганига афсусландим.
Биринчи марта картошкани кўришганда “Бу кофирнинг калласи” дейишган ва истеъмол қилишмаган.
Помидорни кўришганда “Бу кофирнинг юраги” дейишган ва ҳатто уни етиштирган одамларни тошбўрон қилишган.
Аэропланни кўрганда “Дунёнинг охири келди” деб уйдан ташқарига чиқишмаган.
Машина ихтиро қилинганда уни “Шайтоннинг араваси” дейишган бўлишса, радио пайдо бўлганида уни “Шайтоннинг овози” дейишган.
Аёллар паранжисиз юра бошлаганларида уларни тошбўронгина қилишган эмас, ўтга ҳам отишган.
Аёллар ишга чиққанда ўша корхоналарни ёқиб юборишган.
Телевизор чиққанида уни “Иблислар қамаб қўйилган уй” дейишган ва ҳоказо ва ҳоказо.
Лекин бугун буларни эшитган ўзбекнинг ўзи кулади.
Энди келиб-келиб унинг таниқли ёзувчиси Интернет ўзбекнинг миллийлигига мос эмаслигини ёзибди. Нима эмиш, Интернетда ўз-ўзини ўлдиришнинг бир қанча йўллари ёзиб қўйилган эмиш.
Худди ҳали Интернет йўқлигида зулмдан эзилган ўзбек аёллари ўзларини ёқиб юбормагандек…
Худди таъқибнинг остида қолган ўзбек болалари ўзларини ертўлага, ҳожатхонага, дарахтларга осиб ўлдирмагандек…
Худди саройларда одамлар бир-бирини заҳарламагандек…
Худди Абдулатифлар ўз отасини ўлдирмагандек…
Худди очлик баҳонасида оналар ўз болаларини бўғиб ўлдирмаганидек…
Худди Бухорода одамларни сўйиб, аъзоларини сотмаганларидек… ўлим воқеаси ўзбек учун янги эмиш ва Интернетда бу ҳақда ўқиган ўзбек боласи ўзини ўлдириб қўяр эмиш. Бунга ҳожат йўқ, ўзбек боласини Ўткир Ҳошимов ҳам раҳбарларидан бири бўлган мамлакатнинг миршаблари шундай ҳам уриб-уриб ўлдириб қўйишмоқда.
Ўткир Ҳошимовнинг мақоласи катта бир ўрмоннинг ўртасида яшаб, бир кун эрталаб уйғониб “Ҳаммаёқни қуриган шохлар, жангаллар босиб кетибди” деб ёқиб юборишдек гап. Ҳўлу қуруқ билан бирга ўзини ҳам ёқиб юбориш дегани бу.
Лекин мақола нима учун ёзилгани аниқ. Ҳар ҳолда у киши раҳбар бўлган қўмитага Интернет ҳақида қонун ёки қарор тайёрлаш топширилган ва Ўткир Ҳошимов қўйиладиган таъқиқларни қадриятларимизга зид эканлиги борасида пропаганда бошлатган кўринадилар.
1990 йилда бир сессияда ўзбек телевидениесининг ўзбекча программаларини кўпайтириш мақсадида Рус телевидениеси кўрсатувлари кўплиги ва ўзбек дастурлари озлиги ҳақида гапиргандим. Ўшанда русча ва ўзбекча дастурлар кўлами 3/1 (учга бир)эди. Мен бу нарса тескариси бўлишини айтгандим. Фикримни кўпчилик қўллади. Ҳатто Каримов “Жоҳонгир тўғри айтди”деб луқма ҳам ташлади. Кейин танаффусда мени ёнига чақириб, “Бопладингиз, жуда тўғри фикр, дарҳол бир қарор тайёрланг, қизиғида ўтказиб олайлик, новости-повостиларни ҳам жиловлаб қўйишимиз керак” деди. Ўйланиб қолдим. Чунки ўша пайтда Останкино ТВсининг хабарлар (”новости-повости”) дастурлари Каримовни деярли ҳар куни танқид қиларди. Мен шу куни кейинги сўзга чиққанимда баъзилар мени нотўғри тушунгани, мақсадим Москва дастурларини ёпиб ташлаш эмас, ўзбек дастурларини кўпайтириш бўлганини айтдим. Табиийки, бу Каримовга ёқмади.
Лекин Ўткир Ҳошимов Каримовга ёқмайдиган иш қилишга журъат этадиган одам эмаслигини исботлаб бўлган депутатлардан бири. Шу боис ҳам унинг бу мақоласидаги гаплар бўлажак сессияларда қарорга ёки қонунга айланса ажаб эмас?!
Аммо бу ўзининг уят жойи очилиб қолишига қарамай, этакни кўтариб, ойни бекитмоқчи бўлгандек гап. Бир кун келиб авлодимиз яна бир янгиликка қарши чиқса, бошқа бири менга ўхшаб биз ўзбеклар Интернетга ҳам қарши чиққан эканмиз, бу қандай зеҳният ўзи, деб таажжубга тушишидан афсусдаман.
Мақолада жуда кўп баҳсталаб гаплар бор, лекин савол фақат Интернет масаласида бўлгани учун мен ҳам бошқа жиҳатларига тўхталмадим.
-47-
САВОЛ: Сиз кеча Ўткир Ҳошимовнинг мақоласи ҳақидаги саволга жавоб ёзганда унинг Интернетга қарши чиққанини танқид қилгансиз, наҳотки Интернетнинг ҳеч қандай зарари йўқ ва у ҳам танқид қилинмайдиган зона бўлса?(Муҳсин, 7 Сентябр).
ЖАВОБ: Бу дунёда танқид қилинмайдиган нарса, зона ва одам бўлмаслиги керак. Аммо танқид кимнингдир қабиҳ манфаати учун қуролга ҳам айланмаслиги шарт.
Интернетда танқид қилинадиган нуқталар ошиб-тошиб ётибди. Лекин гап шундаки, қандайдир ёмон саҳифалар бор, дея бутун Интернетдан, қандайдир салбий анъаналар мавжуд, дея бутун Ғарбдан, қандайдир ёмон таъсири бўлиши мумкин, дея бутун танқиддан юз ўгирмаслик лозим.
1986-1989 йилларда “Совет Ўзбекистони”, “Қишлоқ ҳақиқати” газеталари ва “Муштум” журналида юзлаб фелъетонларим босилган. Улардан бирида шундай воқеа ҳақида сўз боради. Бир қизнинг отаси уни у истамаган йигитга узатмоқчи бўлади. Қиз ошхонада турган керосинни бошидан қуйиб, ўзини ёқиб юборади. Отаси “Нима учун керосинни очиқ жойда қўйдинг!’ дея хотинини уриб ўлдириб қўяди. Хўш, гап керосинда-ми, унинг қаерда турганида-ми ёки масаланинг илдизи бошқа-ми?
Ўткир Ҳошимов ҳам муаммони “керосин”га боғлаган. Унга кўра Интернетда ўлимни тарғиб қиладиган саҳифалар борлиги учун эртага болалар уни ўқиб, ўзини ўлдириши мумкин, экан. Гап болани Интернетдан маҳрум қилиш ҳақида бормаслиги, балки уни ота-онаси шундай саҳифалардан эҳтиёт қилиши ҳақида бўлганда, ҳеч нарса демаган бўлардим.
Машина босиб кетиши мумкин, дея болани кўчага чиқармаслик керак-ми ёки уни бундай фалокатдан огоҳлантириш керак-ми?
Сувга чўкиб ўлиши мумкин, дея болани чўмилишга қўймаслик керак-ми ёки уни сузишга ўргатиш керак-ми?
Мана гап қаерда?!
-48-
САВОЛ: Саволим шундан иборатки, Европада иккита чегарадош давлат бор экан. Ушбу давлатлар чегарасида 2 та меҳмонхона бор экан, яъни ҲОТЕЛ! Бу меҳмонхоналардан бири бу давлатга иккинчиси иккинчи у давлатга тегишли экан. У меҳмонхоналарнинг коридори битта лекин у меҳмонхонадан бу меҳмонхонага ўтиш учун ВИСА орқали ўтиш керак экан! Шу давлатлар ва икки меҳмонхонанинг номи биласизми? (Олимжон, 10 Сентябр).

ЖАВОБ: Йўқ билмайман. Лекин шуни биламанки, 1985 йилнинг Июн ойида имзоланган Шенген шартномасига қўшилган Австрия, Белгия, Дания, Финландия, Франсия, Олмония, Юнонистон, Италия, Люксембург, Ҳолландия, Португалия, Испания, Швеция, Норвегия ва бошқа яна бир нечта мамлакат орасида визасиз сафар қилиш қоидаси ўрнатилган.
Агар ростдан ҳам шундай бир меҳмонхона мавжудлигини билиш жуда ҳам зарур бўлиб қолса, Интернетга кириб, озгина вақт сарфласангиз топа оласиз деган умиддаман..
Аммо бу хусусда ўрганиш учун ундан долзарброқ мавзулар ҳам бор. Масалан, Туркистонда, яъни Марказий Осиёда яқинда чегаралар ўрнатилар экан, бўлиниш чизиғи бир ўзбекнинг ҳовлисидан ўтгани ва уй-жойи бир мамлакатга ўтиб, тандири ва ҳожатхонаси бошқа мамлакатда қолганини ўқигандим.
Қирғистон билан ўрнатилган чегаралар бўйлаб эса минглаб ўзбеклар икки давлат орасида “бўлиниб” қолганлари ҳам сир эмас. Ўзбекнинг бири қишлоқнинг нариги четида яшайдиган қайнота ва қайнонасини кўриб келиш учун сарсон-саргардон бўлса, иккинчиси неварасининг тўйига боролмай хуноб бўлгании ҳам эшитгандим.
Ҳатто асли туркманистонлик бўлган бир ўзбек олими Совет даврида Тошкентда ўқиб, шу ерда қолиб кетган, яқинда унинг Туркманистонда яшаётган онаси вафот қилган ва Бухорога келгач, виза талаб қилишган. У туғилиб ўсган ҳовли Амударёнинг нариги соҳилида, Ўзбекистон томонидан кўриниб турар экан.
Туркманистон қоидаси бўйича унинг яқинлари унинг онаси ўлганини Ашхабот маъмуриятига исботлашлари, кейин улар Тошкентга хат ёзишлари, ундан кейин у Ўзбекистондан чиқиш визаси олиши ва Ашхабот элчихонасига мурожаат қилиб, 24 доллар тўлаши, сўнгра масала яна Ашхаботга қайтиб, виза бериш-бермаслик кўриб чиқилиши керак экан.
Хуллас, охири ҳалиги одам Амударёнинг бу соҳилида турибди ва нариги соҳилга онасининг жасади солингаб тобутни олиб келиб, видолашибдилар. Унинг ўзи бу воқеани йиғлаб радиога гапириб берганида ўртаниб кетдим.
-49-
САВОЛ:13 Сентябрда “ЭРК” веб саҳифасида эълон қилинган “Нозик саволлар” деган мақолада: “…Ўзбекистон аталмиш ҳайвонот боғида эшакларни ўзбекка қиёслаб ҳақорат қилинмадими… эшакларни. Чунки эшак эшаклигини англаб етади, ўзбекка ўхшаб мусулмонман деб ҳанграмайди, арава тортса, шеригига хиёнат қилмайди ўзбекка ўхшаб. Эшак Маккаю Мадинага борса ҳам эшаклигича қолади, ўзбек эса Маккага борса, баттар ўзбек бўлади, Абдулла Орифга ўхшаб” деган гаплар бор эди? Бу бутун бир халққа ҳақорат эмасми? (Нозим, 2004 йил, 16 Сентябр).
ЖАВОБ: Аввало бу саволни мазкур веб саҳифага юборганингизда мантиққа ҳам, қоидага ҳам мос бўларди. Балки юборган ҳам бўлишингиз мумкин. Модомики менга ҳам йўллабсиз, демак бу масалада менинг қарашимни билмоқчи бўлгансиз, шекилли. Шу боис мухтасар жавобим қуйидагича.
Ҳар қандай халқнинг ҳам “бургут”лари ҳам “эшак”лари, ҳам “чаён”лари ҳам “илон”лари, ҳам “қоплон”лари ҳам “сиртлон”лари, ҳам “лочин”лари ҳам “калхат”лари… бўлади.
Бир пайтлар Туркиянинг машҳур адиби Азиз Несин “Туркларнинг 70 фойизи ахмоқ” деганда унга қарши катта ҳаракат бошланган ва ҳатто у Измирга бориб турган меҳмонхонага ўт қўйиб юборишганди. Адиб қутилиб қолган ва ўттизга яқин киши ёнғинда ҳалок бўлганди.
Шундан кейин телевидениега суҳбат берган адиб “Буларнинг ҳаммаси менинг сўзларим учун исботлардир”, деганди.
Агар яна бардош қилиб 2-3 ой кутсангиз бу масалада аниқ жавоб бериш мумкин бўлади. Аниқроғи жавоб беришнинг ҳам кераги бўлмайди, чунки Декабр ойида ўтадиган сайлов натижаларининг ўзи кўп нарсани айтиб беради.
-50-
САВОЛ: Диктаторлар дунёда энг кўп умр кўрувчилар эканлигини биласизми? (Даврон, 17 Сентябр).
ЖАВОБ: Биламан. Агар диктаторларда бўлган шароит бошқаларда ҳам бўлганда улар ҳам энг кўп умр кўрувчилар сафига қўшилган бўлардилар. Диктаторнинг қўлидаги ҳокимият фақат унинг ўзига ва ҳамтовоқларига хизмат қилади.
Диктаторнинг овқати унинг саломатлигига мослаб пиширилади ва таркибида вужуд учун керакли ҳамма витаминлар ўрин олади.
Диктаторга алоҳида жойда сабзавот ва мевалар етиштирилади ва ҳеч қандай заҳарли химикатлар қўлланилмайди.
Дунёдаги энг кучли докторлар унинг саломатлиги учун елиб-югурадилар, чунки у энг кўп пул тўлайди. Масалан, Ҳайдар Алиев деган диктаторнинг Клевландда юрак амалиётлари ва бир неча ойлаб қолиб кетиши Озарбайжонга эллик миллион доллардан зиёдга тушганини ўқигандим. Бошқалар ҳам ундан қолишмайдилар.
Бир диктаторнинг саломатлиги учун сарфланган пулга бир шаҳар аҳолисини бепул даволаш мумкин бўлади.
Диктаторни ҳеч ким назорат қилмагани, балки ҳаммани у назорат қилгани боис ҳам “Фалон жойда бир гиёҳ топилибди, саломатлигингиз учун яхши” дейилса бас, бир машина олтиннинг пулига бўлса ҳам топиб келинади.
Диктатор чанг, тўзон кўчаларда юрмайди, ифлос сувлардан ичмайди, оғир иш қилмайди, спорт билан шуғулланишга истагани қадар вақт топади, уйқудан уйғониши билан бошидан оёғининг учига қадар уқалаб қўйишади ва ётганда ҳам доим бош учида ана шундай уқаловчилар шай туради ва ҳоказо.
Хуллас, шулар ва шу каби омилларни ҳисобга олиб диктаторнинг узоқ умр кўрганига асло ажабланмасангиз ҳам бўлади, у оддий одамларнинг ҳисобига узоқ умр кўради, уларнинг умрларини ўғирлайди.
-51-
САВОЛ:Каримов учун ўз номини халқ ва тарих олдида қутқазиб қолиш йўллари қолди-ми ёки у барча имкониятларни йўқотиб бўлди-ми? (Ориф).
ЖАВОБ:Бир умр гуноҳ қилиб келган одам ҳам умрининг охиридаги бир савоб учун жаннатга кетиши мумкин, деган гап бор. Бу албатта, Худонинг иродаси билан.
Лекин Ислом Каримовнинг олдида қилиши мумкин бўлган жуда кўп хайрли ишлар, яъни имкониятлар пайдо бўлди ва у аксариятини бой берди. Ҳозир унинг олдида энг сўнгги имконият қолди.
Маълумки, Декабрда парламентга сайлов ўтказилади. Каримов одатдаги каби чўнтак партияларни сайловга киритди. Бу ерда мухолиф қарашдагиларга йўл бериш билан ўзини қутқазиб қолиш имкониятини қўлдан чиқарди.
Энди у ўз қўли билан “ясаган” қонунга кўра 16 нафар сенаторни тайинлаши мумкин. Режимга қарши бўлган турли жамоларнинг кўзга кўринган намоёндаларини сайловдан олдин тўплаб, миллий яраш қилмоқчиман деса рад жавоб олса ҳам ютади, олмаса ҳам. Бир муддат ўтиб халқнинг олдига чиқиб, “Мана сизга бошқача шароит ваъда қилганларни сенатор этиб тайинладим, биз демократияни қура олмаган бўлсак, улар қуришсин, бизга йўл кўрсатишсин ва биз шу йўлдан борамиз” дейиши мумкин.
Бироқ Каримов буни ҳам қила олмайди. Чунки унинг феномени бунга йўл бермайди.
Ўжарлик имкониятларнинг кушандасидир.
Каримовнинг ўжарлиги унинг сўнгги имкониятини ҳам еб битиради. Бундан бу ёғига 67 ёшли диктаторнинг номини халқ ва тарих олдида озгина бўлсада оқлаш учун ҳеч қандай имконият қолмади.
Бошқалар эмас, унинг ўзи ўз ўзига қора бўёқ чаплади.
У тарихда зулм, қабиҳлик, юлғичлик ва диктатуранинг рамзи бўлиб қолишига ўзи пойдевор яратди.
-52-
САВОЛ: Ҳозирги кунда агар референдум ўтказилса, 80-70 % аҳоли Россияга мойиллигини билишимиз мумкин. Путинчилар нафақат иқтисодий балки, сиёсий жиҳатдан ҳам тазйиқ ўтказишмоқда, бунга қандай қарайсиз? (Зиё).
ЖАВОБ: Нодемократик жамиятларда ҳамма вақт аҳолининг 60-70 фойизи, балки ундан ҳам кўпроғи ҳамма нарсага лоқайд бўлади. Бу лоқайдликни кимлар ёки қандайдир гуруҳлар турли манфаатлар йўлида қўлланиб, мойилликка айлантирадилар.
Мустақиллик арафасида Ислом Каримов ҳукумати “Иттифоқ таркибида қоламиз-ми?” деган савол билан референдум ўтказганда аҳолининг 99 фойиси “Ҳа” деб жавоб қилган. Бунинг 15-20 фойизи қўшиб ёзиш бўлиши мумкин ва қолгани ҳақиқат эканига менинг шубҳам йўқ. Чунки аҳолининг лоқайд қисмига йўл кўрсатадиганлар “Иттифоқдан четда қолсак очдан ўламиз ” дея ишонтиришган эди. Ҳатто мухолифат ҳам “Иттифоқ таркибида қандай шартлар остида қоламиз?” деган масалани муҳокама қилиш билан овора эди.
Бугун эса манзара янада бошқачароқ. Аҳолининг бир қисми учун Россия иш, тирикчилк манбаи бўлиб қолди. Аслида бу ҳам атайлабдан қилинган ишнинг натижаси. Бошқа мамлакатлар йўлида виза, тил, кучайтирилган солиқлар ва йўл харажати муаммоси мавжуд. Россияга эса теппа қишлоққа бориб келгандек бориб келаверасиз. Иккинчидан, хорижий матбуотнинг “оёғи” қирқилгани ҳолда Россия оммавий ахборот воситаларига кенг йўл берилган. Бу Ўзбекистон матбуотидан ҳеч нарса топа олмаётган халқ учун ягона алтернатив, яъни ягона муқобил манба бўлиб қолмоқда.
Бугун Ислом Каримов Россияга яқин бўлишни жуда ва жуда истамоқда. Чунки Россия унинг “тўни”га яқин. Демократияни “импорт” қилмайди. Шу боис одамлардаги мойиллик бу томонга қаратилган. Агар у ва унинг қўл остидаги матбуот халққа бор ҳақиқатни тушунтирса, ўша 60-70 фойизлик лоқайд қатлам дарҳол бошқа томонга бурилади.
Хуллас, ҳамма бало қолган 30-40 фойизлик қатламнинг бир ҳовуч “казо-казо”ларида, “фаоллар”да. Аниқроғи бу “фаол”ларнинг устига миниб олган “бошсиз чавандозда”
У демократиядан қўрқади. Чунки демократия 60-70 фойизлик қатламнинг лоқайдлигига барҳам беради. Шу боис ҳам у демократия келадиган томоннинг эшикларини ёпиб, қучоқни Россияга очган. Лекин олдинги бир жавобда батафсил тўхталганим каби энг катта таҳлика Россия эканини тушуниб етмаяпти, балки тушуниб етган ҳолда тор манфаатларидан келиб чиқиб шунга хизмат қилмоқда.
“Ишим битсин, эшагим лойдан ўтсин!”-унинг шиори ана шу. Аммо унга фарқи бўлмаса ҳам қолганлар учун лой билан ботқоқни ажратиб оладиган пайт бугун!
Унга эргашиб ботқоққа ботиб кетмасликнинг йўлини қидириш керак.
-53-
САВОЛ: Сизнинг “Усмон Ҳақназаров” ҳақида ёзганларингиз тўғри бўлиб чиқди. Бундан хурсандмисиз?(Умид).
ЖАВОБ: Йўқ! Чунки бу кўпчиликнинг ҳали тарихни, сиёсатни ва энг муҳими диктатура нима эканлигини тушунмагани, ўрганмагани, зеҳният эскиси каби қолганлигини исботлади ва бу жуда афсусланарлидир.
Режимга нисбатан мухолиф қарашдагилар сиёсатни билмаганлари учун 1990 йилларнинг бошида диктатурага ютқазилди ва ҳалига қадар бунинг ютқазиш бўлгани тан олинмади. Агар тан олинганда эди хатолар таҳлил қилиниб, хулоса чиқарилиб, ютуқ учун янги йўл очилган бўларди. Хатолар тан олиниб, тузатиш чоралари кўрилмагани ҳам эски зеҳният ўргимчак каби тафаккурни ўраб турганини кўрсатади.
“Усмон Ҳақназаров” масаласи ҳам худди шундай бўлди ва бугунга қадар унга ишониб юрганлар анчагина ва бу жуда афсусланарлидир.
Мен юз марталаб ёздим, Жўрабековлар, Алимовлар ва бошқа казо-казолар “пиёда аскарчалар”дир, агар ҳамма нарса уларнинг қўлида бўлса у ҳолда диктатура ҳақида гапирманг, агар диктатура борлигини гапирсангиз у ҳолда бундай одамлар ҳал қилувчи эмаслигини англаб олинг, деб.
Ўзбекистонни Жўрабеков ва Алимов мафияси бошқармоқда, деб жар солишди. Ҳатто портлашларни, қама-қамаларни улар уюштирмоқда, президентнинг хабари йўқ, деб ёзишди ҳам.
Мана бир йилдирки, уларнинг орқаларига тепилиб, бурчакка суриб қўйилганлар. Лекин шунга қарамай ҳам ҳалигача хулоса чиқарилмади ва ёки ҳали ҳам ҳамма нарса учун уларни айблаш билан ўзларини алдаб юрганлар бор. Бундайлар ё асосий айбдорни кўрсатишга чўчимоқдалар, ёки унга хизмат қилмоқдалар.
Совет даврида бир раҳбар ишдан олинадиган бўлса, КГБ аввал бозорларда гап тарқатар, кейин бирорта газетада “Усмон Ҳақназаров” каби ном билан бир мақола чиқарар эди. Бугун Интернетнинг баъзи саҳифалари миш-миш тарқатиладиган жой бўлди ва бундан “усталик” билан фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда.
Сиёсатни, тарихни, диктатура нима эканлигини ўрганмаганлар ёки ўрганишни хоҳламаётганлар эса лаққа балиқдек бу миш-мишларнинг қармоғига илинмоқдалар.
Асирлардир подшоҳ эмас, жаллод айбдор деган фикр зеҳниятимизга сингдирилган ва бу зеҳният бугун ҳам ўзгармай қолмоқда. Шу боис ҳам “жаллод” деган сўкишни кўп ишлатамиз.
Саудия Арабистонидаги майдонларда одамларнинг боши танидан жудо қилингани ҳақида гап кетса, фатво берганлар эмас, балки бошни кесган жаллодлар ҳақида ўйлашимиз ҳам ана шундан. Ваҳоланки, бу жаллод бўлмаса, бошқаси унинг ишини бажаради. Унинг қўли синса, бошқаси қилични кўтаради.
Саудиялик бир жаллоднинг матбуотга берган суҳбатини ўқиган эдим. У “Қатл қилинадиган киши кўп азоб чекмасин, дея кечаси билан ухламасдан қиличимни чархлаб чиқаман. Қилич қанча кескир бўлса, ўлаётган одамнинг чеккан азоби шунчалик кам бўлади” деган эди. Бу жаллоднинг фалсафаси. Асл жаллоднинг ижрочиси ҳам жаллод! Бу борада гап йўқ. Аммо ҳамма гап фатво берувчини баҳолашдадир.
“Усмон Ҳақназаров”лар бизнинг диққатимизни ижрочи жаллодларга михлашмоқда. Бу эса асрлар давомида занглаган зеҳният яна шундай қолавериши ва ҳақиқатни, эркинликни, демократияни кўра олмай ўтиб кетиш учун хизмат қилади.
Манқуртлик ва “марату”ликнинг илдизи қаерда? Озгина рост гапга анчагина ёлғонни ўраб халққа едиришдадир.
Тарихимизда ўтган подшолар ҳақида асосан уларнинг қаҳрамонликлари, қилган яхши ишлари, қурдирган иморатлари ҳақидаги гаплар бизга етиб келган. Ваҳоланки, тарихимизда ҳеч қачон эркинлик, демократик бошқарув, халқ фикрига қулоқ солиш бўлмаган. Фақат зулм, диктатура, қатағон ҳукм сурган. Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрдингиз-ми? Ёки зеҳниятингиз буни ҳам инкор этмоқда-ми?
Узр, жавобим саволга, оғир саволга айланиб кетди.
-54-
САВОЛ: Президентнинг собиқ қудаси Мақсудий ҳозир нима иш қилади?(Ориф, 21 Ноябр, 2004 йил).
ЖАВОБ: Президентнинг собиқ қудаси Абдурауф Мақсудий кекса, нафақадаги одам. Нонини еб, ошини ошаб юрган бўлса керак. Бундан бир йил муқаддам вазифам юзасидан гаплашганимизда у тижорат билан банд эканини айтган эди.
Ҳар ҳолда болалари ҳам тижорат билан шуғуллансалар керак. Афғонистонда йўл қурилиши қилаётган бир ширкат ҳақида Интернетда ўқигандим, ўша ерда улардан бирининг исмини учратгандим.
Улар билан бевосита алоқам йўқ. Бошқа-бошқа штатларда яшаймиз. Шу боис ҳозир бевосита нима иш қилаётганларидан аниқ хабардор эмасман. Тўғриси қизиқиб кўришга вақтим ҳам бўлган эмас. Маъзур тутасиз.
-55-
САВОЛ: Куч адолатдами ёки адолат кучдами? (Хоразмий).
ЖАВОБ: Соҳибқирон Амир Темурга кўра куч адолатдадир. Агар адолат қилсангиз яқинларингиз ҳам узоқдагилар ҳам сиз томонингизда бўладилар. Айниқса, давлат раҳбари учун бу жуда муҳимдир. У адолатли бўлса, демак кучли ҳам бўлади.
Аммо тескарисини тушунадиганлар ҳам бор. Агар кучга эга бўлсанг, адолатни ҳам бошқарасан ёки сен кучли бўлганинг учун ҳар бир ишингни адолатли, дея баҳолайдилар, деган тушунчага эга бўлган давлат раҳбарлари ҳам анчагина. Шулардан бир Ислом Каримовдир. У гапирганда “Куч адолатда!” дегани билан аслида “Адолат кучда!” деб билади.Буни яқин тарих исботлаб турибди.
-56-
САВОЛ:Мустақилликдан кейин ўзбек матбуотида ёзувчи Нурали Қобул негадир “кўринмай” қолди? Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? (Муҳиддин).
ЖАВОБ: Мустақилликдан кейин анчагина адиблар ўзбек матбуотида “кўринмай” қолдилар ва бунинг биринчи сабаби режим бўлиб ва уларнинг ғайридемократик режим билан келиша олмаганлари, бошқа сафдошлари каби бу режимга мослаша олмаганларидир.
Иккинчидан, ўзбек адиблари орасида ёшига, бирга ўқиганига ва фикрларига қараб бўлиниш анъанаси мавжуд. Ҳукуматнинг Каримовга яқин нуқтасига келиб қолган ижодкор энг аввало ўз “авлоди”, яъни бирга “ош еб юрган” танишларини ёнига тортади.
Масалан, Эркин Воҳидов юзлаб истеъдодли ёшлар бир томонда турсалар ҳам барибир ўз ёнига бирга ўқиган синфдоши Иброҳим Ғофуров, ҳамчойхона ошнаси Ўткир Ҳошимов кабиларни тортади. Ёки айни мисолни Каримовга бир муддат яқин бўлган Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азимов, Эркин Самандаров, Примқул Қодиров ва бошқалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугун эса Каримовнинг маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга ошна бўлганларнинг даври. Бу ҳам ўзбекни йиқитган ошна-оғайничиликнинг бир тури.
Нурали Қобул, Мамадали Маҳмудов, Карим Баҳриев ва бошқалар Каримовнинг собиқ маслаҳатчиси, кадрлар соҳасини бошқарган Мавлон Умурзоқов (шоира Ҳалима Худойбердиеванинг турмуш ўртоғи)га яқин эдилар. Мавлон Умурзоқовнинг бошига қора булут келиши уларни бошқа “ижодий” давралардан ҳам узоқлаштириб қўйгани бизнинг жамият учун табиий ҳол. Бошқача айтганда Хайриддин Султонов ёки “Казо Казоев” (ким бўлишидан қатъий назар) гуруҳи улардан узоқ туриш билан ҳукуматда ҳам узоқ қоламиз, деб ўйлаши турган гап.
Учинчидан, Нурали Қобул Мустақилликнинг илк йилларида Каримовни қўллаб қувватлаган бўлиб кўринса-да лекин кўп нарсани жасурлик билан очиқ ёзар эди. Унинг ҳаёт ташвишлари ҳақидаги таҳлилий мақолалари доим юртбошининг “жиғига” тегар эди. Айни пайтда Шароф Рашидовни улуғлаш сиёсатини қўллаётган Каримовга Рашидовнинг собиқ куёви ва уни қоралаб китоб ёзган, демократия тарафдори Нурали Қобул яқин бўлиб қолишини тасаввур қилиш мушкул.
Ўзбек матбуотининг бошида турганлар ёзилган нарсага эмас, ёзган одамнинг “кимлиги”га кўпроқ қизиқадилар. Бу яна айланиб бориб зеҳният ва режимга қадалади.
-57-
САВОЛ: Бугунга келиб маддоҳизм бу қадар илдиз отиб кетмаслиги учун Мустақилликдан кейин дарҳол қандай тадбирлар қилиш керак эди? (Ойсулув).
ЖАВОБ: 1991 йилнинг Ноябр ойида мен Мамлакатнинг келажаги учун адабиёт соҳасида бир Фармон эълон қилиш кераклигини ва бу борадаги таклифларимни Каримовга айтдим. У дарҳол бир лойиҳа тайёрлашни буюрди. Фармон лойиҳасини тайёрлаб, имзолаш учун олиб кирдим. У энди “тўполончи” депутатларни чақириб, фикрларини сўраш кераклигини айтди.
Президент девонининг 6 қаватидаги мажлислар залига ўттизга яқин депутат чақирилди ва улар ҳам мамлакатнинг келажаги учун шундай одимлар отиш муҳимлигини таъкидладилар.
Эртасига эса маслаҳатчи Бахтиёр Назаров саройга ижодкорларни тўплаш билан шуғуллана бошлади. Каримовнинг улар билан учрашуви биздан сир сақланди. Учрашувда Каримов ижодкорларга катта ваъдалар берибди. Кейин эшитсак, мен тайёрлаган Фармон лойиҳасини Каримов жуда кўп ижодкорларга кўрсатиб, “тўполончи” депутатлар шунақа талаб қилаяпти, лекин мен уларга ён босмайман, дебди.
Фармон лойиҳасида жумладан қуйидагилар ёзилган эди:
-Ўзбекистон мустақил давлат бўлгани боис собиқ Совет даврида адабиётчиларга берилган барча орден, медал ва имтиёзлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
-улар куйлаган, ижодларини бағишлаган режим қулагани ва бундан кейин шундай ҳол такрор юз бермаслиги боис уларнинг меҳнатлари зое кетгани, коммунистик партияни улуғлаб халқни чалғитиб келганлари очиқ эътироф этилсин;
-маддоҳлик билан шуғулланиб келган ижодкорлар фаолиятини очиқ таҳлил қилиб, ёшларга бундай йўлдан боришнинг оқибати тушунтириб берилсин, хатоларига иқрор бўлган ижодкорларга ҳурмат кўрсатилсин;
-адабиёт ҳукумат қўл остидан чиқарилсин ва ижодкорларнинг тўла мустақиллиги таъминланиши баробарида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун лойиҳаси ҳозирланиб, Олий Кенгаш муҳокамасига тақдим этилсин:
-Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси иккига бўлингани юзасидан қайта бирлаштириш учун қилинаётган босимлар тўхтатилсин, Уюшма котиблари ҳукумат номенклатурасидан чиқарилиб, ҳукуматнинг ижодкорларнинг фаолиятига аралашишдек тажрибадан воз кечгани қайд этилсин;
-ижодкор учун ҳукумат берадиган мансаб, орден медал эмас халқнинг эътирофи муҳимлигини англаш шароити вужудга келтирилсин:
-ижодкорлар орасидан баъзиларини танлаб мансаб, уй жой, орден ва медал бериш анъанаси қоралансин, уларнинг ҳаммасига бирдек қулайлик яратадиган мустақил нашриётлар, журналлар, газеталар базасини яратиш мақсадида ҳукуматнинг дастури ишлаб чиқилсин…
Ислом Каримов бу таклифларимизга кўринишда қўшилган ҳолда амалда аксини қилди, минг йиллар давомида одатга айланган саройга хизмат қилиш, маддоҳлик анъанасига чек қўйишдек шарафли, тарихий имкониятни бой берди. Аксинча бугунга қадар ҳам Совет тузумини куйлаган ижодкорларга мукофотлар, имтиёзлар, мансаблар бериш билан банд. Мустақиллик ҳақида Совет даврида китоб ёзган яккаю ягона адиб Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) эса қамоқда.
Демак, Каримов учун Мустақиллик ва Совет тузуми орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Шу боис маддоҳизм бугун худди Совет давридагидек “гуллаб яшнамоқда”.
-58-
САВОЛ:Президент Ислом Каримовнинг фақат салбий жиҳатлари ҳақида ёзасиз. Айтинг-чи, унинг инсон ёки раҳбар сифатида бирор ижобий хислати, фазилати борми? (Муҳиддин).
ЖАВОБ: Бу жуда нисбий тушунча. Бир одамнинг хислатлари кимгадир иллат бўлиб кўринса, кимнингдир иллатлари бошқа бировга ҳикмат, фазилат бўлиб “кўриниши” мумкин.
Ҳамманинг ҳам, жумладан менинг ҳам яхши ва ёмон томонларим бор. Аммо фойда ва зарари фақат менга. Лекин халқнинг хизматига бел боғласам, ёмон жиҳатларни жиловлашим керак. Чунки эл назаридаги одамларнинг яхши ёки ёмон томонлари уларнинг жамиятга келтирган фойда ва зарарлари билан ўлчанади.
Масалан, мен Ислом Каримовнинг бугунга қадар ўзбек жамиятига келтирган фойдасини кўра олмаяпман. Натижа сизнинг кўз ўнгингизда. Мен ташқарида яшаётган бўлсам, сиз ичкаридасиз ва ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз ҳамма нарсага.
Унинг феъл-атворида қандайдир яхши томонлари бўлса ҳам улар жамиятнинг зарарига “ишламоқда”. Лекин Абдулла Ориповдан ёки унга ўхшаган бошқа маддоҳлардан сўрасангиз, улар Ислом Каримов ҳақида ҳазрати Муҳаммад борасидаги ҳадислардан ҳам ошириб кўп нарса гапириб берадилар.
Ҳатто “Унинг қилаётганлари Аллоҳга хуш келмоқда-ки, Тангри Ислом Каримовни халқимиз бошида тутиб турибди” ҳам дейдилар. Масалан, Абдулла Ориповдан ароқ солинган пиёлани нега чап қўлида ушлаганини сўрасангиз, “Ислом отам шундай қиладилар, демакки, бунда бир ҳикмат бор” деб жавоб қилади.
Халққа хизмат қиладиган вазифани эгаллаб тургани ҳолда миллатни эмас, фақат ўзини ўйлайдиган одамнинг қандай ижобий фазилати бўлиши мумкин? Вазифаси одамларнинг конституциявий ҳақларини ҳимоя қилиш бўлгани ҳолда ўзи одамларни камситса, қамаса, қувғин қилса, туҳматга кўмса, қийноққа солса, ёлғонга буркаса, азобларга гирифтор этса… бундай шахснинг қандай яхши томонлари ҳақида сўз бориши мумкин?
Уммондан бир зарра: ўзини танқид қилгани учун депутат Самандар Қўқоновни порахўр, бунча пул ва уй жойни қайси ҳисобга қилди, дея телевизорларда кўрсатиб, 22 йилга қамаб юборгани ҳолда, қизи Гулнора чет эл банкларида 48 миллион доллар тўплагани ҳақида дунё матбуоти аниқ далиллар келтирса, у ўзбек қизларини чет элларга пуллаш билан шуғулланиши борасида АҚШ конгрессида очиқдан очиқ гап кетса-ю отаси бундан кўз юмса, қандай яхши фазилат ҳақида гапириш мумкин?
Бир пайтлар Ислом Каримовни Амир Темур билан тенглаштирганларида бунга жавобан соҳибқироннинг васиятларига “солиштирма” усулда бир таҳлил ёзган эдим. Агар “Ўзлигим” роман-памфлетида “Бош қонимиз тозами?” деб номланган ана ўша бўлимни ўқиб кўрсангиз, (балки ўқиган ҳам бўлишингиз мумкин) Ислом Каримов ҳали кейинги йилларда разолат ботқоғига бутунлайин ботмасдан олдин ҳам қандай “ижобий фазилатлар”га эга бўлгани ҳақида маълумот олса бўлади.
-59-
САВОЛ: Мана қарийб 15 йилдан бери Ислом Каримовни тинимсиз танқид қилиб келмоқдасиз. Лекин бу унга заррача ҳам таъсир қилган эмас. Шунча меҳнатингиз зое кетмади-ми? Ёки доим танқид қилавериш ҳам тўғри эмаслигини билмайсиз-ми? (Комил).
ЖАВОБ: Ислом Каримовнинг ҳақиқий кимлигини билмасимдан олдин бир-икки мақтаганман ҳам. Аммо уни жуда яхши таниганимдан бери доим танқид қилиб келаётганим рост. Менинг мақсадим уни ўзгартириш эмас. Унинг ўзгармас эканлигини ўша дастлабки йиллардаёқ англаб етганман. Халқимизда “Букрини гўр тузатади” деган гап бор. Худди ана шундай Ислом Каримов ҳам ўзгармас, тош каби қотиб қолгандир. У ўзини ҳеч нарсага мослаштира олмайди. Аксинча ҳамма нарса ўзига мослашишини истайди.
Бу ҳақда 10 йил олдин гапирганимда мухолифатдаги “доно” йўлбошчилардан бири:
-Биз Каримовни демократияни олиб келишга мажбур қиламиз. Худди Горбачевнинг қўли билан қайта қуриш қилинганидек, халқаро таъсир ёрдамида Каримовнинг ўзини бу ишга мажбур қиламиз,-деганди.
Лекин мана орадан шунча йил ўтиб, ўша одам ҳалига қадар менга ўхшаб ташқарида. Каримов эса қандай бўлса, худди ўша ҳолида, ҳатто қариб ҳам қантарилмади.
Хорижий радиолардан бирида ишлайдиган дўстларимдан бири, мен ҳақимда гапириб:
-Тақ-тақ танқид қилишдан бошқа нарсани билмайди. Яхши нарсаларни ҳам кўра билиш керак,- деганини эшитгандим.
Агар Ўзбекистон матбуоти бугун Каримовни танқид қилишни бошласа, мен эртагаёқ бу ишни йиғиштираман. Бутун бошли мамлакатнинг матбуоти уни мақтаб турганда, биз ҳам “тақ-тақ тандиқ” қилмасак, у ҳолда оқ билан қорани ажратишнинг иложи қолмасди.
Бугун Каримовни Интернет ёки хорижий матбуот орқали танқид қилаётган шахслар анчагина. Лекин 1992-1997 йилларда унинг номини ҳатто мухолифат “йўлбошчилари” ҳам тилга олмасдан “ҳукумат” калимаси билан алмаштирар эдилар ва мен ўшанда ҳам чиқишларимда ҳукумат эмас, ҳамма нарсага Каримовнинг шахсан ўзи айбдор, дер эдим.
“Каримов ўзгармас одам экан, унда бу танқидлар нима учун керак?”,- дейишингиз мумкин. Ҳақли савол бўлади.
Агар бизнинг танқидларимиз бўлмаганда бугун ўзбек халқи Совет давридагидек ҳамма нарсадан бехабар қолган бўларди. Лекин бугун ўзбек матбуоти худди Совет давридаги каби ёпиқ бўлгани ҳолда халқимиз ҳамма нарсадан хабардор.
Каримовнинг ҳар бир қилмишидан тортиб, қизларининг “фаолиятлари”га қадар ҳамма нарсани халқ билади. Бизнинг мақсадимиз ана шу эди. Бугун ҳам шу, халқни ҳақиқий аҳволдан хабардор қилиш. Яъни эртага Сталиннинг орқасидан уввос солиб йиғлаган каби Каримов шахсига ҳам сиғинмасликни таъминлашдир танқидларимиздан мақсад. Айни пайтда Каримов режимидан ташқарида демократия борлигини ҳам эслатиб туришдир.
Шу боис ҳам мен меҳнатларим зое кетди, деб ҳисобламайман. Бугун Ўзбекистонда Каримов шахсига сиғиниш йўқ, ким билан гаплашманг, ундан норози. Ҳатто ҳукуматдагилар билан ҳам яккама-якка гаплашсангиз ундан шикоят қилишади.
Мен 1991 йилда Каримовни сессияда танқид қилганимда мени жуда қаттиқ койиган кишилардан бири, “Ёш бўлсангиз ҳам ўшанда биздан жасур ва ақллироқ экансиз, биз эса ҳали ҳам ахмоқлигимизни, қўрқоқлигимизни ё тушуниб етмаяпмиз ёки яшираяпмиз” деди яқинда. Бу ҳали ҳам ҳукуматда, Каримовга яқин катта лавозимда ишлаётган, уни биринчилардан бўлиб мақтаб китоб ёзган кишининг иқрори.
Ана шу одамнинг айтишича, 5 кишининг хорижий радиолардаги ва бошқа жойлардаги чиқишларидан ҳар куни Каримов хабардор қилиниши шарт қилиб қўйилган экан. Бу рўйхат маслаҳатчилар ёки МХХ ёки ИИВ га ҳам ишонилмаган, балки Каримовнинг ўнг қўли, умумий ишлар бошқармасининг раҳбари Зелемхон Ҳайдаровга топширилган. Ана шу рўйхатда менинг номим Ш. Мирсаидов номидан кейин иккинчи турган экан. Аммо ўтган йили бир муддат касал бўлгандан кейин бунга ҳам қизиқмай қўйибди.
Хуллас, менинг меҳнатим эмас, Каримовнинг 15 йиллик умри зое кетди. У халқни алдайман ва тарихда ўлмас сиймо бўлиб қоламан деб ўйлаган эди. Халқни алдай олмади, ўзини алдади, тарихда эса қора диктатор бўлиб қолиши учун керакли бўлган ҳамма ишни қилди.
-60-
САВОЛ:Яқинда, яъни биринчи Ноябр (2004 йил) куни Қўқонда юз берган воқеалар норозилик намойишими, исёнми, қўзғолонми, безорилик ҳаракатими, халқ юришими? Хуллас, сиз бунга қандай баҳо берган бўлар эдингиз? (Забуҳулло).
ЖАВОБ: Ҳукумат бунга “безорилик ҳаракати” деб баҳо берди. Хайриятки, “қора кучлар иши”, демади. Унда кўпроқ одамни қамарди.
Аслида бундай норозилик воқеалари Совет даврида ҳам, Каримов режими пайтида ҳам кўплаб юз берган ва бермоқда.
Бир пайтлар 1916 йилги Жиззах қўзғолони ҳақида ёзган Назир Сафаров деган киши китоблари ва мақолаларида “Жиззах қўзғолони бўлмаса, Октябр инқилоби бўлмас эди” деган хулоса қиларди. Кошки Жиззах қўзғолони юз бермаган ва биз етмиш йил аросатда қолмаган бўлардик, дегинг келарди.
Афсуски, Жиззах қўзғолони сиёсий эмас, балки болаларини мардикорликка олиб кетилишига қарши оломоннинг бир чиқиши бўлган. Бунинг рус инқилоби билан на яқиндан ва на узоқдан алоқаси бор. “Шўрвани осмондаги юлдузнинг иссиғи билан пиширдим” деган Афандининг гапига ўхшайди бу.
Қўқонда юз берган воқеа қорин ташвиши билан боғлиқ. Кейинги йилларда Ўзбекистонда бозорлари ёпилиши ёки солиқлар оширилиши, нарх наво ўсиши муносабати билан ана шундай воқеалар кўп юз берди.
Ҳар сафар “Ана бошланди!” деганлар бўлди. Аммо эртасига баллон каби писиллаб қолишди. Ёки “Халқ ҳукуматга қарши бош кўтарди” дейишди, кейин маълум бўлса, ҳукумат муштини кўрсатиб ҳаммани ин-инига киритиб қўйибди.
Гап шундаки, бу воқеалар сиёсий лидери бўлмаган оломоннинг тартибсиз равишда юзага келган норозилигидир ва унинг учқуни жуда тез сўнади. Сабаби унинг мақсад доираси тор бўлади: Нон, нон, нон!
Бир бурда нон бериб тинчитиш мумкин бундай “қўзғолон”ни.
Масалан, ёпилган бозор қайта очиб берилдими, бўлди ҳирси қонган бўлади оломоннинг. Ёки беш олти кишини териб олиб қамадими, қолганлар уйдан чиқмай ўтиришади. Тамом. Бузоқнинг югургани шу жойга қадар.
Ҳақиқий намойишларда эса тор манфаат бўлмайди. Мақсад бозор директорининг ёки шаҳар ҳокимининг ўринбосари устидан қилинган шикоятдан ёки пештахтани жойига қўйиб бериш талабидан анча юқори бўлади.
Қўқонда юз берган воқеада 10 минг атрофида одам қатнашгани ёзилди. Бу жуда ҳам бўрттирилган рақам. Оломон юришлари нари борса, томошабини билан бирга мингга етиши мумкин. 10 минг кишилик юриш даражасига етган кучни бошқариш мутлақо мумкин бўлмай қолади ва натижаси иккита машинани ағдариб учта деразанинг ойнасини синдириш билан чекланмасдан жуда оғир оқибатларга олиб боради. Чунки бу қорин қўзғолони!
Мақсад мамлакатнинг, миллатнинг келажагини ўйлаш бўлган намойишлардангина яхши натижа кутиш мумкин. Лекин халқимиз ҳали бозор доирасидан ташқарига чиққан эмас. Агар чиққанда кейинги икки йилда баъзи мухолиф қарашдагиларнинг, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Тошкентда ва вилоятларда уюштирган сиёсий тадбирларига қўшилиб, иллатнинг илдизини қўпориб ташлаган бўларди.
Сайловда номзод кўрсатиш учун тўпланганда ҳуқуқини топтаб йиғилишини тарқатиб юборишса, индамай кетган одамларнинг эртасига бозорда нарх ёки солиқ ошганига қарши бош кўтариши оломон даражасининг ўлчовидир.
Шундай экан, Қўқондаги воқеа оломоннинг сиёсий намойишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган навбатдаги “лип” этиб ёниб, “шип” этиб ўчган бир ҳаракатидир.
Сизни қувонтирмаса ҳам, аччиқ бўлса-да менинг шахсий хулосам ана шу.
-61-
САВОЛ: Бир бор экан, бир йўқ экан… Давом эттиришингиз мумкин-ми?(Дилафруз).
ЖАВОБ: Мумкин… Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда, Чамбил эл томонда фалакнинг гардиши, давроннинг қайтиши билан бир Ўрмонга бир Эшак подшо бўлиб қолибди.
Орадан бир неча йил ўтгач, бу Ўрмоннинг донғи чиқибди. Бошқа Ўрмондаги арслон-шоҳ вазиятни ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлиб, бу ўрмонга ташриф буюрибди.
Қараса, шерлар, арслонлар, қоплонлар бу Ўрмонни тарк этишган.
Сиртлонлар эса Эшакнинг атрофида парвона.
Бўрилар, итлар, тулкилар Эшак каби ҳанграб юрибдилар.
Ҳатто хўроз ҳам овозини дўриллатиб Эшак бўлишга интилар эмиш. Товуқлар эса Эшак овозига тақлид қилишни ўрганиш билан банд.
Қурт қумурсқалардан тортиб битларга қадар ҳамма жонзотлар Эшак бўлишга ҳаракат қилаётган экан.
Сайроқи жонзотлар эса “Эшагим, жон эшагим” деб сайрашар, сигирлар “Елиним сенга фидо”дегандай Эшакнинг атрофида елинларини силкитиб рақсга тушсалар, ҳўкизлар бўлса “Эшак шоҳимдан айланай” деб маърашар экан.
Ҳатто от ҳам бошини эгиб, қулоғини шалпайтириб, думини ликиллатиб Эшак каби ҳанграб қўярмиш.
Ҳукмрон Эшак меҳмонини айлантирар экан:
-Энди уларнинг барига тезагимни едириш қолди,-дебди.
Буни эшитиб турган маслаҳатчи Тулки Эшакнинг қулоғига шивирлабди:
-Тақсир, биз аллақачон бу ишни бошлаб юборганмиз-ку?!. Минг-минг ҳайвонлар тезагингиз учун навбатга ёзилганлар-ку?!
-Ҳанграмай тур, бу давлат сири, ташқаридан келганларга айтишнинг вақти эмас,- дебди Эшак унга.
Арслон меҳмон Ўрмондаги ҳолдан ҳайратда қолиб, Эшакбошидан қандай қилиб бундай натижага эришганини сўрабди:
-Жуда осон. Мен уларга олти ойда жаннатга киришни истасангиз, устингизга миндиришни ва халлачўп урилишидан лаззат олишни ўрганинг, дедим, холос. Қолганини эса ўзлари бажариб кетдилар, чунки эшаклик ҳамма ҳайвонларнинг қонида бор,- деб жавоб қилибди у меҳмонини ҳам камситиб.
-62-
САВОЛ: Диктатура шаротида матбуотнинг ўрни борми?(Жамбил).
ЖАВОБ: Диктатура шароитида ҳеч нарсанинг ўрни бўлмайди. Чунки ҳамма нарса асл ҳолини йўқотган ва чапани қилиб айтганда бичилган бўлади. Матбуот ҳам шундай, бирор нарса сиёсий таҳрирсиз чоп этилмайди. Ёзилган нарсаларнинг “эркаклик жойи” ёки “қизлик иффати” қирқиб ташланади.
Бугун мамлакатда Совет давридагидан кўп газета нашр этилади. Худди ёмғирдан кейин пайдо бўлган қўзиқориндек бир-бирига ўхшаш (ҳам ҳажм ҳам мазмун жиҳатидан) газета ва газетачалар тиқилиб кетган. Уларда асосан Интернет ёки рус матбуотида чиққан олди-қочдилар ёки қўйди-чиқди, севдим-ўлдим, машҳур одамларнинг “машҳур” қилиқлари каби мавзулар.
Сал жиддийроқ масалада ёзилса, албатта “юртбоши” калимаси қўшилмаса имкон йўқ. Муаллиф қўшмаса ҳам муҳаррир қўшиб қўяди. “Юртбоши” ибораси худди фоҳишабозлик урчиб кетган жойда турли юқумли касалликлардан сақланиш учун қўлланиладиган муҳофаза қалқонига ўхшаб қолган. “Шуни қўллансам, менга жин ҳам чалмайди”, деб ўйлашади. Лекин билишмайди-ки юқумли касаллик бошқа томондан ҳам уриши мумкин.
Шунга қарамай ўзини муҳофаза қилган одамга “Нима қилаяпсан?” деб савол бериш ахмоқлик. Нима қилсин? Фоҳишахонага бош суққандан кейин ўзини муҳофаза қилиш йўлига ҳам бош уради-да.
Хуллас, диктатура шароитида “ўрин” деган нарса бўлмайди, “ўрин” калимаси “ўйин” билан алмашади. Матбуотнинг ўрни эмас, ўйини бўлади.
Бу ўйин худди кечки ресторанлардаги яланғочлар ўйинига ўхшайди. Қайси ўйин диққат тортса пул ўша томонга отилади.
63-
САВОЛ: Ислом Каримовга нима учун “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилган деб ўйлайсиз?(Маъруфжон).
ЖАВОБ: Менимча, Ислом Каримов нима учун ўзи ўзига “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини олган десак савол мукаммалроқ бўлар эди. Майли гап бунда эмас. Гап шундаки, у Ўзбекистоннинг етти тамойилини вужудга келтирди.
Биринчи тамойил:Ислом Каримов ўз ҳамтовоқларидан бошлаб, оддий миршабга қадар қўлида озгина мансаб бўлган ҳар бир одамни юлғичлик, порахўрликка ўргатди. Ҳамма нарса пулга сотиладиган, пулга олинадиган бўлди.Виждон ва одамийликка ўт кетди.
Ўзбекистон коррупция давлатига айланди.
Иккинчи тамойил:Ислом Каримов мухолифатни ўлдирди, эркин сўзни бўғди, сайлов ўрнига сийлов тизимини йўлга қўйди, инсонни барча ҳуқуқларидан айириб, молга тенглаштирди.
Ўзбекистон демократиядан узоқ диктатура давлатига айланди.
Учинчи тамойил:Ислом Каримов иймонни қатағон этди, ҳақиқатнинг белини букди, адолатни ер билан яксон қилди. Инсонни камситиш, таҳқирлаш, туҳматга гирифтор қилишни миллий анъана деб ҳисоблади.
Ўзбекистон адолатсизлик саҳнасига айланди.
Тўртинчи тамойил:Ислом Каримов эркакларнинг туйғуларини қиличлаб, уларни эркак эканликлари ҳақидаги ҳисдан маҳрум этди. Аёлларни бегоналар эшигида зор қилди. Нон излаганлар армиясини вужудга келтирди. Одамларни қориннинг қули бўлишга мажбур этди. Мамлакат мардикор бозори бўлди.
Ўзбекистон қашшоқлар ўлкасига айланди.
Бешинчи тамойил:Ислом Каримов йигитларни дарбадарлик, қувғинда яшаш, ишсизлик, гиёҳвандлик кўчасига бошлади. Қизларни фоҳишалик ботқоғига итқитди. Ичкиликбозлик, маст-аластлик дастакланди, ҳушёрлик жазоланди. Таълим ва саломатлик тизими ишдан чиқди. Оналар хаста, болалар хаста…
Ўзбекистон генофони бузилган антиқа давлат бўлди.
Олтинчи тамойил:Ислом Каримов одамларни калтаклаш, қийнаш, исканжага солишни қоида қилди. Қамоқлар одамларни маънан ва жисмонан ўлдирадиган жой бўлди.
Ўзбекистон улкан қамоқхонага айланди.
Еттинчи тамойил: Ислом Каримов тарихни ўзига мослаб ёздирди, халқнинг ўқимишли қисмини маддоҳликка юз туттирди. Ўзини мақтаганларга орден, мансаб сотишни, танқид қилганларга қамоқ жазоси ҳадя қилишни устивор этди.
Ўзбекистон манқуртлик майдонига айланди.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон ўрмон қонунлари ҳукмрон бўлган давлат ҳолига келди.
Ислом Каримов ана шу ва шу каби бошқа “улкан хизматлари” учун ўзини “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор деб билган бўлса не ажаб?! Бу унвонга сазовор бўлган бошқаларнинг ҳам тарих ва миллат олдида ана шу каби тамоилий “хизматлари” бор.
-64-
САВОЛ: Нега жуда кўп “адиб”лар президент Каримовга маддоҳлик қиладилар?(Фозилбек).
ЖАВОБ: Биринчидан, улар орден, медал, мукофот олмоқ истайдилар. Чунки улар ватанда гадолар. Азалдан сарой маддоҳлари мақтовни олтинга сотганлар. Бу қон-қонимизга сингиб кетганга ўхшайди.
Иккинчидан, тарихда қолмоқ истайдилар. Тарих ҳукуматларнинг қўлида деб биладилар. Бугун президент истаган одам тарихга киритилиб, истамагани киритилмаётганини кўриб турибдилар-да.
Учинчидан, қарши чиққанлар нима бўлди-ки мен қарши чиқайин деб ўйлайдилар. Танқид отангга ҳам ёқмайди, деган мақолни яхши биладилар. Аслида эса, қўй фалсафаси билан яшайдилар. Битта қўйнинг сўйилиши бутун қўйлар подасини қалтиратади.
Тўртинчидан, президентга ростдан ҳам ишонганлари бор. Чунки президент уларнинг ноҳалол ишлари ҳақида тўпланган (ўзининг топшириғи билан тўплатилган) ҳужжатларни ўзларига кўрсатиб, “Сени мен қутқазиб қолмоқдаман, бориб ишингни қилавер” дейди ва улар топинишни бошлайдилар.
Бешинчидан, кўпларининг номлари кадрлар резерви(заҳираси)га тиркаб қўйилган. Ўзбекка нон берма, сув берма, мансаб ваъда қил!
-65-
САВОЛ: Олдинги жавобингизда Ғарб Ўзбекистонда мухолиф лидер тополмаяпти, деб ёзибсиз, қўшиламан, ҳақиқатдан ҳам Каримов режимига қарши бўлган ҳамма кучларни бирлаштира оладиган ҳақиқий лидер чиқмади. Бу ёғига нима бўлади? (Анвар, 25 Ноябр, 2004 йил).

ЖАВОБ: Демократик ғарб давлатларида бирор-бир мамлакатда амалдаги раҳбар кетгандан кейин ўрнига ким бўлиши ёки диктаторнинг мухолифлари кимлигини билиш ташқи сиёсатнинг муҳим бир бўлаги ҳисобланди. Ноҳукумат ташкилотлари ҳам буни билишга ва бу саволга жавоб топишга интиладилар.
Ўзбекистонга бориб-келаётган АҚШ расмийлари ҳар қандай шароитда ҳам Каримовга мухолиф бўлганлар билан учрашишга интилишлари фақат “ҳам ҳукумат ҳам мухолифат билан кўришиш дипломатияси” эмас, балки айни пайтда уларни таниш, ораларидан демократия тарафдори бўлган лидер қидириш ҳамдир.
Бизникилар эса чойхонада биргаликда ош еб юриб, хорижий миссиялар олдида ёқавайронлик қилганларидек, юксак мартабали меҳмонлар ҳузурида ҳам кўйлакларини “ечадилар”. Берилган грантларни ким еб кетгани, кимга етмай қолгани асосий мавзу бўлади. Бу эса Каримовнинг мухолифлар ҳақида меҳмонларга айтган гапларини тасдиқлайди.
Мустақилликдан кейин ўтган йиллар ичида ғарб давлатлари Каримов кетган тақдирда Ўзбекистонда барқарорликни таъминлай оладиган, мамлакатни демократик давлатга айлантира биладиган, Россияга тобеликдан йироқ турадиган мухолифат мавжуд, унинг лидери фалончи, деган хулосага кела олмадилар. Буни уларнинг ноиложликдан Каримовни қўллашлари ҳам кўрсатмоқда.
Эски “лидер”ларни бот-бот синаб кўришди, улар бир-бирига тош отишдан нарига ўтмаслиги билан “машҳур” бўлдилар. Биттасига ҳатто АҚШга киришга виза берилмаса, иккинчисини эса университетлардаги конференцияларга ҳам таклиф қилишмайди. Чунки айтадиган гапини олдиндан билишади, Каримовни эмас, ўз ошналарини ёмонлайди.
Яқинда Колумбия Университетида чиқиш қилиш учун Ўзбекистондан сиёсий мухолиф лидер тополмай қолишгани ҳам бунинг бир мисолидир. Менга телефон қилиб, хат ёзишганди, лекин мен мухолифат лидери эмаслигимни ва янги иш жойимда ўша кунларда муҳим йиғилиш борлигини билдирдим ва:
-Ўзини лидер деб юрганлар кўп-ку!- дедим.
-Ўзини лидер деб эълон қилганлар кўп, аммо лидер йўқ экан,- деган тўғри жавобни олдим.
Каримовнинг мақсадларидан бири мухолифатни тор-мор этиш билан бирга халқни ўз ортидан етаклай оладиган лидерлар етишиб чиқмаслиги учун замин ҳозирлаш бўлган. Буни ўтган вақт исбот этди. Бугун Каримов мазкур ниятига етган кўринади.
Сиз айтгандек, бу ёғи нима бўлади? Каримовнинг ниятига етгани боқий эмас, фонийдир. Ўзбекистонда ёшлар орасида янги бир демократик ҳаракат пайдо бўлмоқда. Уларнинг орасида чет элда таҳсил олганлар ва олаётган, демократияни англаган, лидерлик қобилиятига соҳиб ёшлар ҳам бор.
Бу оқим ўзидан олдинги мухолиф авлод нега мағлубиятга учрагани, инқирозга юз тутгани сабаблари, йўл қўйган хатоларини таҳлил қилиб, ўрганиб, ундан хулоса чиқаришига ва Ўзбекистонни демократик давлатлар сафига қўша оладиган кучли, ҳақиқий лидерларни етиштиришига ишонаман.
-66-
САВОЛ: Сиз башорат қилганингиздек, Сербия ҳам Гуржистон ҳам бўлолмадик, нега Украина бўла олмаймиз? (Ойгул, 26 Ноябр, 2004 йил).
ЖАВОБ: Чунки биз Ўзбекистонмиз…
Украинада сайловдан кейин демократия истаганларнинг кўчаларга чиқиб, сайловдаги ғирромликларга қарши исёни сизни ҳам жунбушга келтирганга ўхшайди.
Биз “Сербия” ёки “Гуржистон” бўла олмаслигимизнинг сабабларини илгари ёзган эдим. “Украина” бўла олмаслигимизнинг эса қуйидаги сабаблари бор:
-бизда куч даражасига кўтарилган мухолифат йўқ. Украинада мухолифатнинг биргина парламентда қарийб 200 нафар вакили бор. Ўнлаб шаҳар кенгашлари ҳам мухолифатнинг қўлида. Мамлакатнинг аксар зиёлилари ҳам мухолифат билан;
-бизда мухолиф қарашдагиларни бирлаштира оладиган бағри кенг лидерлар йўқ. Украинада Леонид Кучмага қарши курашган таниқли лидерлар ўзларини четга олиб, илгари ҳукуматда ишлаган аммо демократия тарафдори бўлган иқтисодчини бир овоздан қўлладилар. Бизда эса ҳамманинг ўзи президент бўлишни истайди. Чунки Ўзбекмиз- ўзига бек, ўзига хонмиз!
-биз халқ ўлароқ демократияни тўла ҳис қилганимиз йўқ. Жуда кам одам Ғарбга чиқиб қайтган, Украинада эса деярли ҳамма Ғарб билан иш қилади ва мустақил ўрта синф, мустақил бизнес қатлами вужудга келган. Бизда эса умумий даражада бозор савдогарчилигидан нарига ўтилган эмас.
-бизда Ғарб ҳар қанча қидирса ҳам Каримовга қарши турадиган, халқ оёққа қалққанда уни бошқара оладиган лидерларни топа олмаяпти. Шундай экан, нўноқ “лидерлар”дан кўра ҳали ҳам Каримовни афзал кўрмоқда.
Лекин бир кун буларнинг ҳам ниҳояси кўринади. Чунки Ўзбекистонда янги бир авлод уйғонмоқда. У бугунга қадар йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, янги бир йўл танлаши, Ўзбекистонни Ўзбекистон қилиши муқаррар.

-67-

САВОЛ: Мана Каримов икки палатали парламент тузмоқда ва бу Американикидан кейин дунёда иккинчи ўриндаги демократик муассаса бўлишини айтди. Демократияга бундай йўл очилиши Каримовнинг тарих олдидаги катта хизмати эмас-ми?( Юсуф, 3 Декабр, 2004 йил).

ЖАВОБ: Саволингиз кинояга ҳам ўхшаб кетади. Ёки Каримовнинг сессия тугашига беш минут қолганда ўтказган матбуот конференциясида ўзини қандай тутганига қараб, унинг гапларига ишонган ҳам бўлишингиз мумкин.
Аслида бу ҳам Каримовнинг диктатура умрини узайтиришга қаратилган уринишларидан биридир.(Яна танқидми демасдан, илтимос охиригача ўқиб кўринг.-ЖМ).
Каримов диктатуранинг номини “демократия” деб қўйган ва бу билан “ҳаммани лақиллатиб юрибман” деб ўйласа ҳам керак.
Аввало, агар номи парламент бўладиган бўлса, у ҳолда президент бошқаруви ҳақида гап бўлмаслиги зарур. Қандай қилиб ҳам президент бошқаруви ва ҳамда парламент бўлиши мумкин?! Парламент бу парламентаризм тузумидаги бошқарув ҳамда қонун чиқарувчилик шаклидир. (Туркияда бўлгани каби.-ЖМ).
АҚШда эса президентлик бошқаруви (аслида бу ҳам ярим президентлик бошқарувидир-ЖМ) бўлгани учун ҳам икки палатали қонун чиқарувчи идорани Конгресс дейишади.
Мазкур бошқарув тури бу ерда яшаётганининг муҳим сабабларидан бири кучнинг асосий қисми штатларда ва бунга марказ аралаша олмайди. Иккинчидан, халқ демократияни маҳкам ушлагани ва асосини мустаҳкам қурган. Шунга қарамасдан бу ерда ҳам баъзан тузумнинг жиддий муаммолари чиқиб туради.
Шарқда, жумладан Ўзбекистонда президент бошқаруви бу яккаҳокимлик, диктатура демакдир. Каримовдан кейин ҳам ким келишидан қатъий назар бундай тузумда у барибир диктатор бўлади. Чунки бутун бошқарув бир қўлда жамланган. Назорат йўқ. Бу асрлар давомида битта одамнинг қўл остида бўлиб келган халқни бундан кейин ҳам қул каби тутушнинг замонавий йўлидир.
Агар Каримов ўзбек халқининг келажагини, мамлакатнинг истиқболини ўйлаганда эди парламент бошқаруви учун асос яратган бўларди. Парламент бошқарувида сайловда ютиб чиққан партия ёки партиялар ҳукуматни, бошқарувни қўлга оладилар ва уларнинг ишини назорат қилиб турадиган доимий мухолифат ҳам мавжуд бўлади.
Бундай тузумда президент парламент томонидан сайланади ва давлатнинг рамзий раҳбари ўлароқ қолади. Унинг қўлида куч бўлмайди.
Бизнинг қуллик қон-қонига сингиб кетган халқимизнинг сиёсий бошқарувга муносабатини тубдан шакллантириш учун ана шу босқичдан ўтишимиз керак. Бу айни пайтда биздаги маҳаллийчилик каби иллатларга ҳам барҳам беради.
Каримов эса жиловни президентнинг қўлида сақлаган ҳолда икки палатали “парламент” тузиб “демократия” томошасини кўрсатмоқчи. У бир каллалик илондан икки каллалик илон туғмоқчи. Бунга табиий йўл билан эришиб бўлмасли аниқ. Демак, сунъий йўл билан бу амалга ошиши мумкин.
Каримовнинг “парламент” деган касалхонаси икки палатали бўладими ёки йигирма палатали бўладими, фарқи йўқ, бу ердан фақат моргга (ўликхонага) йўл бўлади, ҳаётга эмас. Чунки бу ‘парламент” яна кучсиз, ожиз ва диктаторнинг имосига қараб туради.
Президент ҳамма ёқни ўзи белгилашига қарамасдан ҳатто баъзи сенаторларни ҳам ўзи тайинлаш (Катта мафиянинг кичик бир кўриниши бу-ЖМ) ҳуқуқини олмоқда. Бу эса Ўзбекистон шароити учун бугунгидан ҳам хавфли ҳолдир. Мана сизга Каримовнинг тарих олдидаги “хизмати”.
-68-
САВОЛ: Негадир на хорижий матбуот ва на ўзимизникида Сирдарё вилоят ҳокимининг ишдан олиниши атрофлича муҳокама этилмади, сизнингча бу ҳам оддий воқеами-ди? (Исмоил).
ЖАВОБ: Нимани назарда тутиб бу масалага урғу бераётганингизни англадим. Собиқ ҳоким Равшан Ҳайдаров ортида Ўзбекистон президентининг Умумий Ишлар бошқармаси раҳбари, Ислом Каримовнинг кейинги 15 йилдаги энг ишончли “кассири” бўлган Зелемхон Ҳайдаров турганига шаъма қилмоқдасиз. Ҳа, шундай акаси бўлгани ҳолда унинг ишдан олиниши таажубли кўриниши турган гап.
Бунинг устига Равшан Ҳайдаровнинг юртдоши, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Олий кенгаш раиси Эркин Халилов билан ҳам жуда яқинлиги сир эмас эди.
Аммо вилоят ҳокими этиб тайинланганига эндигина икки йил бўлганда ишдан олиниши Ислом Каримовнинг диктаторлик мавқеини қанчалик мустаҳкамлаб олганини кўрсатади.
Бир пайтлар “Каримов Исмоил Жўрабековга тега олмайди” деганларида мен “Диктатор учун бирорта одамнинг ҳам хасдек аҳамияти йўқ” деб ёзганимда кулишганди. Лекин вақт ким ҳақ эканлигини кўрсатди.
Зелемхон Ҳайдаров Каримов учун ўнта Жўрабековдан ҳам муҳим. У Каримовнинг кейинги 15 йилдаги нафақат молиявий балки оилавий сирлари устидаги салобатли “дев”дир.
Агар бу “дев” сирлар салтанатига озгина йўл очса, Ўзбекистон тарихининг “Минг бир кеча”, “Декамерон” каби ухламасдан ўқиладиган китоблари ёзилади. Шунга қарамасдан Каримов Равшан Ҳайдаровни ишдан олиши унинг ҳали бери тахтдан воз кечиш нияти йўқлигининг нишонасидир. Иккинчи томондан бу Каримов атрофида унинг ўзи вужудга келтирган гуруҳларнинг “жанги” ҳам давом этаётганидан бир кўриниш, Каримовдан кейин Мирзиёев келишини истамаганларнинг, ҳозирданоқ унинг баъзи илдизларини кесиб қўйиш ва буни Каримовнинг қўли билан қилишдек сарой ўйинларидан бир саҳна ҳам бўлиши мумкин.
Лекин Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиёев ўзининг ҳамқишлоғи, ўзига Равшан Ҳайдаровдан ҳам яқинроқ бўлган Зомин туман ҳокими Ойбек Ашурметовни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинлаш учун Каримовни кўндирган. Яна бир манбага кўра, Равшан Ҳайдаровни ишдан олинишида МХХ раиси Рустам Иноятов катта рол ўйнаган.
Шунингдек, Равшан Ҳайдаров милициядан чиққани учун Президент девони кадрлар номенклатурасида унинг исми Баҳодир Матлубов номи билан бирга Зокир Алматов ўрнига номзод ўлароқ ёзиб қўйилгани ҳам баъзиларга тинчлик бермаган бўлиши турган гап.
Мен Равшан Ҳайдаров билан Паркент комиссиясида биргаликда ишлаган эдим. Юмшоқ табиат, куюнчак, доим жилмайиб турадиган одам эди. Аммо Ички Ишлар, Фавқулодда Ҳолатлар вазирликлари, Божхонада етишиб у Каримов “машинаси”нинг муҳим механизмига айланди.
Машина тириллаб қолганда дарҳол унинг қисмлари алмаштирилгани каби диктатурани тўхтатмасдан юргизиб туриш учун ҳам эскирган, кераксиз қисмлари билан бирга баъзан керакли, эскирмаганлари ҳам янгиланаверади. Лекин мен Равшан Ҳайдаровнинг четга суриб ташланишига ишонмайман. У яна олдинга чиқа оладиган заминга эга.
-69-
САВОЛ: Ўзбекистонда мухолифат бўлмаса, Каримовга қарши курашаётганлар кимдирлар?(Насрулло).
ЖАВОБ: Ўзбекистонда демократик кучлар, Каримовга қарши курашаётган мухолифлар бор ва анчагина. Уларнинг сафида диктаторнинг қилмишларини жасорат билан фош этиб келаётган кўплаб фидойи демократлар мавжуд. Улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, “Эрк” гуруҳлари ва “Бирлик” сафларидадирлар.
Лекин мен Ўзбекистонда мухолифат йўқ, дер эканман, расман тан олинган ва истаган куни минглаб одамларни намойишга олиб чиқа биладиган ёки ҳукуматга бевосита таъсир ўтказиш қобилиятига соҳиб, парламентда қонун киритиш салоҳиятига эга бўлган кучни назарда тутганман.
Қолаверса, такрорламоқчиман, Ўзбекистонда мухолифат мавжуд дейиш Ўзбекистонда диктатура йўқ дейишдир. Каримов режими мухолифатни куч сифатида ўлдирганига кўп бўлди.
Бугунги мухолифлар диктатурага қарши бўлган лекин ҳали расман мухолифат даражасига етмаган демократик кучлардир. Бу кучлар келажакда керак бўлса ҳукуматни ҳам оладиган ҳақиқий маънодаги мухолифатнинг фундаменти бўлади.
-70-
САВОЛ: Агар Ислом Абдуғаниевич Сизни Сенатор этиб тайинлайман десалар, қайтишингиз мумкинми? (Содиқ).
ЖАВОБ: Йўқ!
Баъзи инсонларнинг дунёсида шундай қадриятлар бўладики, уларни на сотиб ола биласиз ва на сота оласиз. Бундай қадриятлар, туйғулар инсон кимлигининг устуни, инсоннинг Ўзлигидир. Минг афсуски, бугун ана шу Ўзлик аксарият одамларда йўқолиб кетган. Акс тақдирда бу каби саволларга ўрин қолмасди.
Афсуски, менга бундай таклиф ва саволлар илгари ҳам бўлган. Ҳатто бир тажриба ўтказдим. Ўзим таниган ва менинг атрофимда бўлган ўзбеклардан 19 кишига:
-Ислом Каримов 16 кишини сенатор этиб, сайловсиз ўзи тайинлар экан, яъни сайлов эмас, сийлов, баъзилар менга ҳам таклиф билан чиқишмоқда,- дедим.
Бир киши ишонқирамай индамай қўя қолди. 17 киши “Бу имконият” эканлигини, дарҳол қабул қилиш шартлигини, одамлар пул бериб ҳам бундай мақомга ета олмасликларини айтди. Фақат бир киши “Ўн беш йилдан бери Ислом Каримовнинг қилмишларини фош этиб келаётган Жаҳонгир Муҳаммад нима бўлади, ўладими” деди.
Кўрдингиз-ми, Ўзликни англаш ўн етти кишидан фақат бирида топиладиган даражага келганмиз, бугун. Мен фикр сўраган кишилар оддий одамлар эмас, ҳамма нарсани кўриб-билиб турган, Каримовни яхши таниган ва демократияни ҳам ҳис этган, демократик давлатларда таҳсил олган зиёлилар эди.
Улардан бири ҳатто:
-Агар иш менга ёқса, менга керак бўлса, ҳеч нарсага қарамасдан рози бўламан, бошлиқнинг кўнглини топмасдан яшаш мумкин эмас, бунинг учун керак бўлса ўзликдан ҳам воз кечиш мумкин,-деди.
Мен ундан :
-Жуда ёшсиз, бундай санъатни қаерда ўргангансиз,-деб сўрадим. У саволимга хафа ҳам бўлмади. Тап тортмай:
-Мен интернатда ўсганман, у ерда оёқда туриш учун ҳамма нарсага чидашга ва ҳамма нарсани қилишга ўрганади одам,-деди.
Фақат интернет эмас, бутун жамият шу ҳолга келгани, келтирилганини эса у ҳис қилиб улгурмасдан хорижга кетганди.
Ана шу “интернет-жамият”да одамлар шартни раҳбарлар қўйишидан бошқа нарса йўқ, деб “тарбия” топишади. Лекин шартни оддий одамлар ҳам қўйиши мумкин. Уларга қийин. Лекин мансаб деб ўзликдан, ўз қарашлари, ўз принципларидан кеча олмаслик, ўзини ифлос қадамлар остига ташламаслик ҳам бахт! Кўпчилик ҳис қила олмайдиган, муяссар бўла олмайдиган бахт!
Бундан ўн бир йил олдин хорижий радиодаги суҳбатимда: “Агар ватан Каримов бўлса, мен бу ватандан кечдим”, деган эдим. Бугун ҳали ҳеч нарса ўзгаргани эмас…
Аммо ўзгаради, Ватан ўз эгасига, яъни халққа қайтади ва ана ўшанда шартни сизнинг диктатор Ислом Абдуғаниевичингиз эмас, халқ қўйганда, сийлов эмас, ҳақиқий сайлов бўлганда балки қабул қилиш мумкин бўлади..
-71-
САВОЛ: Каримов ўзининг қариб қолганини айтди, энди истеъфога кетадими? (Хайриддин).
ЖАВОБ: Бу сиёсий мақсадни кўзлаган навбатдаги “ўйин”.
2004 йилнинг 7 Декабр оқшоми Конституция куни муносабати билан ўтказилган зиёфатда Каримов аёллар ҳақида гапирар экан, “Мен энди қариб қолдим” деди. Бундай гап янги эмас. У бу каби гапларни илгари ҳам кўп айтган. Лекин ҳеч қачон телевидение ёки радио орқали эшиттирилмаган. Бу сафарги янги нарса шуки, бу гап айтилган ҳолат телевизор орқали қайта-қайта кўрсатилганидир.
Маълумки, Каримов ўзи ўйлаган муҳим бир гапни ана шундай йиғилишда ҳазил аралаш айтиб ўтади ва кейин шуни телевизорда қайта-қайта намойиш этишни буюради. Абдусаид Кўчимов “гуруҳидаги” масъул шахслардан бирига электрон мактуб ёзганимизда у ҳам тахминимизни тасдиқлади.
Демак, “Каримовнинг ҳарами бор, унинг ёш қизларни териб юрувчи махсус одамлари мавжуд” деган гаплар халқ ичида ва умумдунёда ёйилгани уни роҳатсиз қилган. Акс тақдирда юқоридаги гапни айтиб юборган ҳолатда ҳам уни элга ёймаган бўларди. Каримовнинг айтган гапини соддалаштирсак, “Мен импотентман” дегани бўлади. Қайси эркак “Мен импотентман” ёки “Қариб қолдим” деб айтган гапини қайта-қайта эшиттирилишини талаб қилади? Айниқса, у президент бўлиб турган бўлса?!
Агар “Каримовнинг ҳарами бор, у жуда кўп ёш қизларни жувонмарг қилмоқда”, деган гаплар ёлғон бўлганида унинг бундай сиёсий “ўйин” қилишига ҳожат бормиди?!
-72-
САВОЛ: Мана парламент сайловларини ҳам ўтказдик, қандай ўтганлигини ҳамма кўрди. Биздаги парламент сайлови билан бир кунда Украинадаги сайлов айниқса, ҳамманинг диққатини ўзига жалб қилди. Худди шундай демократик сайловлар қачондир бизнинг ватанда ҳам ўтказилишига кўзингиз етадими? Агар шунақа бўлади, деб ўйласангиз, мухолифат томонидан ким президентликка даъвогар бўлиши мумкин? (Ўзбек йигити, 2005 йил, 4 Январ).

ЖАВОБ: Ноумид шайтон, деган гап бор. Бизда ҳам шундай кунлар бўлади. Аммо қачон? Бу оғир савол. Жавоби ҳам жуда оғир. Аммо халқимизга ҳеч нарса осонликча келган эмас, бу ҳам гарчи қийинчилик билан бўлсада бир кунмас бир кун насиб этади.
Даъвогар масаласига келсак, ўшандай кун келса, даъвогар бўлмаган одам оз қолади ва фожиа ҳам шу бўлади.
Умуман ҳалидан номзод ҳақида гапириш ҳали қозон ўрнатилмасдан ош пишдими, деб кириб келгандай гап. Аммо масаланинг умумий жиҳати ҳақида гаплашишимиз мумкин.
Афғонистон учун Карзай номзоди танланганда уни ҳеч ким билмас эди. Гап шундаки, олдинда парчаланиб кетган турли гуруҳларни бирлаштириш вазифаси турганди. Шундай кезда ҳеч кимнинг эътирозига учрамайдиган ёки кўпроқ кучларни ўз атрофида бирлаштира оладиган номзод зарур бўлади.
Украина инқилобини тайёрлаган ва ўтказган лидер бу Юлия Тимошенкодир. Аммо у президентликка номзод этиб, илгари банкда ишлаган, бир муддат бош вазир ҳам бўлган ўртамиёна Юшченкони кўрсатди. Мақсад турли мухолиф кучларни бирлаштириш ва сайловни ютиш эди. Ўз манфаатини бир четга суриб қўйиб, Ватан ва миллат ҳақида қайғурганлар ана шундай йўл тутадилар ва зафар қозонадилар.
Бизда эса ҳамманинг ўзи президент бўлгиси келади. Аслида “Генералликни орзу қилмаган аскар -аскар эмас” деганларидек, орзуга айб йўқ. Бироқ Ватан ва миллат манфаати олдинга чиққанда, ҳар қандай орзуни жиловлай олмоқ зарур. Ўз орзусини жиловлай олган, нафақат парчаланиб кетган мухолифатни, балки ҳукуматнинг ҳам бир қисмини ва умуман халқни бирлаштира оладиган одам керак! Бундай одамлар Ўзбекистонда жуда кўп топилади. Аввало инқилоб учун замин яратиш ва ундан кейин ана шундай номзод ҳақида ўйлаш мантиққа мосдир.
Бугун тинч инқилоб заминини тайёрлайдиган лидерлар керак. 26 миллион одамни, 26 миллион эътирозни бағрига сиғдира оладиган лидерлар топилса, улар инқилоб учун замин ҳозирлашлари мумкин. Икки оғиз гапга коптокдек кўкка сакрайдиган, озгина танқиддан шолғомдек қизариб, ўч олишга тушиб кетадиган, ўз манфаати учун ҳатто энг яқинларини ҳам қурбон қилиб юборадиган, кунини фисқу фасодга бағишлаган, дунёда фақат менгина бор, дейдиган одамлар лидерман, деб чиқсалар табиийки, кунимизга маймунлар йиғлайверади. Агар Худо кўрсатмасин, номзод ҳам шундайлардан чиқса халқ яна бугунги режим каби истибдодни қайта бошдан
-73-
САВОЛ:Ўзбекистон телевидениесининг сайтига кириб, архивдан И.А.Каримовнинг Эски шаҳарни ва мустақиллик майдонини ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кузатиш учун чиққан рейди тасвирга туширилган лавҳасини кўриб, рости ҳазм қила олмадим.
Лавҳада ҳайҳотдай Эски шаҳарда ҳеч ким кўринмаслиги президент хавфсизлиги учун кўрилган ўта қўпол, ўта ахмоқона чора эмасмикан? Президентимизнинг бундай улкан қурилиш ишларида доимо маслаҳат бериб туришларини ҳисобга олсак, унинг бир тўда амалдорларга керакли кўрсатмалар бериб юргани тушунарли.
Бир вақтлар Жўрабековни президент ортида бемалол сигарет чекиб, бамайлихотир турганини кўриб мен ҳам Жўрабеков ҳақида сиз айтгандек 2-одаммикан деб ўйлагандим.
Бу лавҳада эса Тошкент шаҳар ҳокими ҳам, ҳатто Алматов ҳам ўзларини ноқулай сезишганга ўхшади. Қанақадир қўрқув бормидией, хуллас, шу пайтда президентнинг кайфияти чатоқлиги атрофидаги амалдорлар ҳаракатидан яққол сезилиб турганди.
Бундайин ташаббуслар (ҳар қурилишда маслаҳат бериш) президент томонидан чиқадимикан ёки “доно президент” имиджини яратиш мақсадида тинимсиз изланаётган президент девонининг доно маслаҳати натижасимикан? Ўз соҳасининг пири бўлган, мана ман деган архитекторлар, шаҳарсозларнинг ақли камлик қилармикан ёки? (Баҳром).

ЖАВОБ:Бу ҳам советлардан қолган мерос. Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап бор.Каримов Ўзбекистон Компартияси биринчи котиблигига янги сайланган кезларда Самарқандда акаси вафот этган ва у келгунча тобутни кўтармай кутишганди, у келдию “Москвадан комиссия бор’ деб қайтиб кетди. Орадан кўп ўтмай Лутфихоним Саримсоқова ўлганда у оломон билан мозорга қадар борди. Газеталарда эса у тобутни кўтариб боргани ёзилди. Сиз айтгандек, имидж яратиш масаланинг бир жиҳати.
Иккинчи жиҳати эса, Каримов подшолардан бинолар қолади, халқ биноларга қараб ўтган подшога баҳо беради, деб ўйлайди. Бу фикрини яширмайди ҳам. Шу боис ҳам қурилишларни ўз номига боғлашга интилади. Бир бориб кўргани билан у ана шу мақсадини амалга оширган бўлади. Қолганини эса маддоҳлар уддалайдилар. Қарабсизки, у муҳандис, у муаллиф, у донишманд, у йўлкўрсатар, бошқалар эса ахмоқ!
-74-
САВОЛ: Янги йилдан кейин яна янги саволлар пайдо бўляпти.
Яқинда бир хабар эшитдим. Ўтган сайловда кўп округларда номзодлар етарли овоз тўплай олишмаган. Ажабланарлиси шундаки, “давлат одами” ҳисобланганлар ҳам шу жумладандир. Мисол учун Азамат Зиёнинг етарли овоз ололмагани мени ажаблантирди. У ахир “давлатнинг одами” эди-ку. Ё бу ҳам демократик сайловлар бўлиб ўтганини таъкидлаш учун қилинган ўйинлардан бирими?Халқ бу сайловни қандайдир маънода “байкот” қилган деб айтиш мумкинми?(Баҳром, 2005 йил, 5 Январ).

ЖАВОБ: Агар кимнинг депутат ва кимнинг сенатор бўлишини олдиндан билмаса у ҳолда диктаторнинг битган кунидир. Лекин бизнинг диктатор ҳали битган эмас. Сайловдан бир неча ой олдин унинг рўйхати ёнида бўлгани аниқ. Фақат охирги кунларда бу рўйхатдан бир-икки исм ўзгартирилган.
Қолгани ўйин. Каримов “Ярмини бу ҳафта, қолганини кейинги ҳафтага мослаб, ғарбга томоша кўрсатинглар, улар шуни истайдилар” қабилида бир гап деган ва Сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев бу иш билан овора.
Акс тақдирда Каримовнинг қуруқ гапларига ишониб номзод бўлган ўнлаб одамларнинг номини ҳеч бир асоссиз ҳатто дастлабки рўйхатга олишмаганини қандай тушуниш мумкин?
Фақат битта мисол: “Наврўз” фондининг раҳбари, собиқ депутат, журналист Дадахон Ёқубовнинг номзоди ўзи туғилиб ўсган вилоятда депутатликка кўрсатилганди, лекин расмийлар мажлис ўтгани ҳақидаги ҳужжатларни ҳатто қўлга олишмади. Бўритош Мустафоев эса “Бориб оқсоқол билан гаплашинг, рўйхатда исмингиз йўқ” деб унга очиқ айтган. Каримов эса собиқ ёрдамчисини девонга яқин йўлаттирмаган. Маслаҳатчи Хайриддин Султоновнинг орага тушгани ҳам иш бермаган.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳар ҳолда Каримов “Шарқ демократияси” деганда Ғарб демократиясининг ўзгартирилган, ўйин формасини назарда тутган бўлса не ажаб?!
Сайловлар байкот қилинган бўлиши мумкин, деган тахминни эса тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Халқимиз орасида бармоқ билан санарли кишилар шу даражага етган бўлишлари мумкин, аммо умум бундан йироқда. Бу халқнинг айби эмас. Чунки диктатура ҳар қандай фаолликни бичиб қўядиган режимдир. Диктатура шароитда сайлов эмас, сийлов бўлади, диктатор сийлаганлар “сайлана”дилар. Диктатор эса бекорга сийламайди.
Каримов ўйинни яшириш учун мухолиф қарашдагилардан бир-иккитасини сайлатиб қўйиши мумкин эди. Аммо у ўзига шунчалик бино қўйганки, иккита у ёқда турсин, битта “бош оғриғи”ни ҳам истамайди.
-75-
САВОЛ: Ойгул Маматова “Каримовнинг соатини сотаман” деган эълон чиқарган эди, шундан хабарингиз борми? Шу соатдан Сиз ҳам олганмидингиз? Олган бўлсангиз нима қилдингиз? (Юсуф).
ЖАВОБ: Таниқли журналист ва адиба, собиқ халқ депутати Ойгул Маматованинг “Каримовнинг соатини сотаман” деган мақоласини янги йилдан олдин электрон почта орқали олгандим. Бу ёрдам илтижосидан ҳам кўпроқ режимнинг одамларни нима ҳолга туширгани ҳақидаги фош қилувчи мақола бўлгани боис нашрга ҳозирланаётган “ТУРОНЗАМИН” журналининг биринчи сони учун олиб қўйгандим. Сизнинг хатингиздан билдимки, бу мақола “Озод овоз” саҳифасида эълон бўлган экан.
Ҳа, Каримов фақат соат эмас, балки депутатларга машина ҳам тарқатган. Лекин “ИАК” ҳужжатли романида батафсил ёзганимдек, Каримовнинг бу ҳадяларини олмаганим учун жонимни сақлаб қолганман. Нимага олмаганим сабабларига қизиқсангиз ҳам “ИАК”ни ўқиб кўринг.
Соат масаласига келсак, Ойгул Маматова айтган соат 1995 йилда тарқатилган ва мен бу пайтда қувғинда эдим. Лекин илгари ҳам Каримов соатлар тарқатган.
Масалан, бир куни Наврўз ресторанида Каримов Конституция қабул қилингани учун зиёфат берди. Мен Конституция ғайридемократик йўл билан қабул қилингани боис унга қарши овоз берган уч кишидан бири бўлганим учун зиёфатга ва ундан олдинги тантанали йиғилишга бормасдан уйга кетдим. Аммо Насрулло Сайид ва Имом Файзи деган бухоролик “ЭРК”чи депутат дўстларим уйга келиб, қўярда-қўймай мени ҳам олиб кетдилар.
Зиёфат ҳақида, у ерда депутатларнинг, ёзувчи ва шоирларнинг Каримовга қандай тилёғламалик қилганлари, у билан елка, қорин уриштириб беҳаёларча рақсга тушганлари борасида 1992 йил Декабр ойида “Ламбада ёки беҳаё ўйин” деган катта мақола ёзганман ва бу 1994 йил, 16 Майда “ЭРК” газетасида [#9, (104)] чоп этилган.
Зиёфатда рақсга тушиб ўйинни ҳам удда қилолмаган Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов ёнимга келиб,
-Ҳа, кечикиб келдингиз? Бунинг устига йиғилишга келмадингиз, сизга ҳам соат бермоқчи эдилар, мен олишимга тўғри келди, Алишер Мардиевга бериб қўйдим, ундан оларсиз,- деди.
Олмадим. Кейин орадан кўп ўтмай, Вазирлар маҳкамаси раиси(Каримов)нинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков мени кўриб қолиб:
-Олиш керак эди, ёқмаса болаларга берар эдингиз, мана энди катта гап бўлиб юрибди, соатни ҳукуматнинг пулига олган эдик, халқнинг пулига!- деди.
-Қачон Каримов ўз пулига бир нарса олган-ки бу сафар олсин, нафақат халқнинг устига балки халқнинг пулининг устига ҳам миниб олди,- дедим.
Жўрабеков “Қайсар бўлманг!” деб кетиб қолди.
Соат савдоси шу!
-76-
САВОЛ: Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норовнинг кутилмаганда (2004 йил, 29 Декабрда) Белгияга элчи қилиб жўнатилиши ортида қандай гап бўлиши мумкин? (Акрам).
ЖАВОБ: Президентга яқин манбадан олинган маълумотга кўра, Би-Би-Си (ББC) радиосининг ўзбек хизмати ташкил этилгани(1994, 30 Ноябр) нинг ўн йиллиги муносабати билан Тошкентда йиғилиш ўтказилган ва унда Владимир Норов қатнашган. Йиғилишда Ислом Каримовга мухолиф бўлган бир қанча зиёлилар иштирок этишган.
Айниқса, Ислом Каримовни судга берган, уни “эшак”, “жаллод”, “итбоши”, Девонни эса “итхона” деб шеърлар ёзиб, қўрқмасдан Интернетда эълон қилган таниқли шоир Юсуф Жуманинг ҳам йиғилишда қатнашгани, исёнкор шеърлар ўқигани ва ҳатто совриндор бўлгани, Норовнинг эса бунга кўз юмгани “зарба” бермагани ҳақида МХХ ҳисоботини олган Ислом Каримов Ташқи Ишлар вазири Содиқ Сафоевни осмондан олиб ерга урган ва ердан олиб кўкка итқитган.
Каримовнинг “Уни йўқот, кўзимга кўринмасин!’ деган гапидан кейин дарҳол Норовни сургун қилиш учун жой қидирилган. Президент маслаҳатчиларидан бири ҳам қаттиқ сиқувга олинган.
Йиғилишда курашчан шоир Юсуф Жума ўқиган мана бу шеър, айниқса, Ислом Каримовни “сакратиб” юборган.
Аравани торт эшак,
Чиқар жарга қулатдинг.
Устидаги молларни,
Қашқирларга талатдинг.
Аравани торт эшак,
Тоқатлар ҳам тоқликда,
Ахир юз йилдан буён,
Арава ботқоқликда.

Мазкур ишончли хабарни яна бир бор тасдиқлаш ёки рад этиш юзасидан Содиқ Сафоев маҳкамасига, Президент матбуот котибиятига ҳам хат йўлладим. Аммо ҳануз жавоб бўлмади. Демак, рад этишмаётир. Сукут аломати ризо.
Балки Би-Би-Си бу борада бир суриштирув ўтказар!
-77-
САВОЛ: Абдулла Орипов “Ўзбеклар” деган бир шеър эълон қилиб, уни 1985 йилда ёзгани ва ўшанда юқоридан биттаси унинг ёзаётганини эшитиб қолиб, тўхтатганини айтган. Шунга ишонасизми? (Озод Овоз).
ЖАВОБ: Йўқ. Чунки 1985 йилда аллақачон қайта қуриш ва ошкоралик бошланиб кетган ва юқоридагиларнинг пайтавасига қурт тушган пайт эди. Рашидов ўлгандан кейин бошланган “тозалаш” кампанияси бир йилдирки қизғин давом этаётган ва юқорида ўтирганлар кимнинг нима ёзаётгани билан қизиқишга вақт ҳам тополмайдиган бир палла эди.
Агар ростдан ҳам шундай бўлса, (Бирорта шоир шеър ёзишдан олдин мавзуни бировга айтиб, маслаҳатлашмаса керак, шеър бу юрак амри ва онийдан қуйиладиган нарса-ЖМ) Абдулла Орипов чиқиб буни ошкор этса у давр қаҳрамонига айланган бўларди. Чунки жуда кўплар шу йўл билан қаҳрамон бўлишган ўша кезда. Абдулла Орипов эса бундай имкониятни асло қочирмайдиган одам.
Аввал Ленин кейин Рашидов ҳақида ва коммунистик партияга бағишлаб “Нажот қалъаси” каби достонлар ва шеърлар ёзган ҳамда комсомол мукофоти, Ленин ордени олган бўлса, сўнг Усмонхўжаев, Нишоновларни улуғлади. Шундан кейин навбат Каримовга келди.

У ҳолда “Ўзбеклар” асарини нега 1985 йилда ёзганини иддао этмоқда, деган ҳақли савол туғилади.
Биринчидан; унинг отахони Ислом Каримовнинг кетишига тобора яқин қолмоқда ва ундан кейин Абдулла Орипов кабилар ҳақида “Булар қандай қилиб қаҳрамон бўлиб қолдилар?- деб бугун сўралаётган савол очиқ айтилади. Шунда у жавоб бериши учун замин ҳозирлашга уринмоқда. Лекин қум устида қалъа қуришдек гап бу.
Иккинчидан, у шеърининг охирида Худодан янги бир раҳбар сўраган. Каримовдан кейин у ўртага чиқиб, унинг зулмига қарши исён қилган эдим, аммо матбуотда чиқсин, ўлдиртириб юбормасин, деб шеърни 1985 йилда ёзилган деб эълон қилдим, дейишни ҳам мўлжаллаган бўлиши мумкин.
Бунга халқ ишонмас, аммо кейинги раҳбар ишонишини у билади. Чунки бугунга қадар кўп раҳбарларни ишонтира олган одам кейингисини ишонтира олмайдими? Шундай қилиб кейинги президентдан ҳам битта орден олишни ўйлаган бўлса не ажаб?!.
Эссиз, ундаги истеъдод, эссиз шундай бадиий қобилият, бу халққа эмас, подшоларга хизмат қилмоқда ва Абдулла Орипов улкан истеъдоднинг ўз эгаси томонидан зулмдор подшолар оёғи остига ташланиши борасидаги энг мукаммал образдир.
Ўзбекистон!
Гул бағриндан униб чиқди ҳожи Ориф Абдулло,

Сарой шоирлари аро
Бундайини кўрмаган дунё!
Эслатма ўрнида:Буни ҳам ўқинг.
-78-
САВОЛ: Бугун Россиянинг “Независимая газета”сида Ислом Каримовнинг катта суҳбати чиқди, шунга муносабатингиз қандай? (Шукрулло, 2005 йил, 14 Январ).

ЖАВОБ: Менинг назаримда бу Каримовнинг 2004 йилнинг Декабр ойи давомида айтган барча гапларининг мажмуасига ўхшади. Суҳбат мухбирнинг эмас, Каримовнинг истаги билан ташкил қилингани ҳам аён. Зотан Панфилова кейинги пайтларда унинг қайд этилмаган матбуот котиби вазифасини бажариб келмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Хўш, бу суҳбат Каримовга нега керак бўлди?
Биринчидан, унинг Украина, Америка ва Авропа ҳақидаги гаплари Декабр ойида воқеаларнинг кўплиги–”шовқин-сурон” боис у истаган қулоқларга бориб етмаганини ўзи ҳам сезган. Ҳеч бўлмаганда Путиннинг бир ёрдамчиси унга телефон қилиб, муносабат билдирмаган кўринади.
Иккинчидан, Каримов рус томонига “оғгани”(ҳали у томонга ҳали бу томонга оғиш билан бошқа томоннинг рашкини қўзғаш сиёсати)га кўп урғу бермоқда. Ғарб олдинги сафарлардагидек, парво қилмаётир, шу боис энди у оғзаки баёнотлар билангина эмас, балки бевосита рус матбуоти орқали етказишни мўлжаллаган кўринади.
Менинг кулгимга боис бўлган нарса унинг 70 та ўрусга қайта фуқаролик бериш ҳақидаги фармонга имзо чекканини алоҳида таъкидлаганидир. Бир пайтлар Туркияда юз-юз одамлар насроний динига ўтиб кетишлари ҳақида ҳеч нарса ёзмаган матбуот (айниқса исломий матбуот), битта насронийнинг мусулмон бўлиб қолганини шу қадар шов-шув қиларди-ки бутун дунё ўзгариб кетибдими деб ўйлаб қолардингиз. Бу ҳам худди ўшангга ўхшайди.
Унинг “бизнинг халқимизнинг ҳали тоқати-тоқ бўлмаган”, “ҳали қайнаётган қозонни буғ отиб юборадиган даражада эмас”, деганига эса ҳайрон қоласиз.
У қўшниларига хўжайинлик қилиш билан бирга МДҲ орқали бошқаларни ҳам диктатура режимига солмоқчи эканлигини яширмайди.
У 2007 йилдаги президентлик сайловида ўз номзодини қўйиш-қўймаслик борасида “ҳали ўйлашга вақт кўп” дейди. Ваҳоланки, бутун дунёда президентлик сайловига тайёргарлик икки йил олдин бошланади.
Булар унинг ҳали иштаҳаси катта эканлигидан далолат.
Золим ҳукмдор ҳақидаги бир ривоятда унинг қўли гўрдан ташқарида қолгани айтилганидек, Каримовнинг гаплари ҳам мозорга бораётиб, бозорга бораяпман, деган одамнинг ҳолатини эслатади.
-79-
САВОЛ: Қойилман, олдиндан айтганингиз тўғри чиқди ва Содиқ Сафоев ишдан олинди. Бунинг сабаблари ҳақида ёзганингизда, жумладан, Мирзиёев Каримовнинг қўли билан иш битирмоқда, деб ёзган эдингиз, бошқа сабаблар ҳам йўқми?(Дилором).
ЖАВОБ: Табиийки, бошқа сабаблар ҳам мавжуд ва Мирзиёев ўша сабабларни қўлланган ҳолда Каримовга таъсир қилишга уринмоқда. Сабаблар:
1.Гулнора воқеаси.
2.Содиқ Сафоевнинг АҚШдаги илдизлари ва унинг чет эллардаги ноҳукумат ташкилотларнинг Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар йўлидаги ҳаракатларини кескин равишда жиловлай олмагани.
3.Элдор Ғаниевнинг асли мафиядан келиб чиққани ва АҚШ билан эмас, Авропа билан, жумладан Россия билан иш кўришга усталиги.
Мираброр Усмоновнинг кетказилиши ва Бўритош Мустафоевнинг Адлия вазири этиб тайинланиши ҳам Мирзиёев эришган одимлардир.
Каримовга Алматов ва Иноятовни алмаштириш учун таъсир қилишга уринилмоқда, билмадим бунинг уддасидан чиқишадими йўқми?
Агар уддалай олишса, демак Каримов ўз қўли билан ўз шохларини кесиб берган ва охири кўрингани рост бўлиб чиқади. Аммо бу қалтис ўйиннинг бошқа томони ҳам бор. Ўзаро келиша олмаётган Алматов ва Иноятов таҳликани енгиш учун бирлашиб қолсалар, Мирзиёевга сичқоннинг ини минг танга бўлиши ва Азимов олдинга чиқиши ҳам ҳеч гап эмас.
-80-
САВОЛ: Президентнинг янги парламентни очиш нутқида МВФ нинг ижобий фикрлари далил қилиб кўрсатилди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Яхши ривожланаётган 10 давлат ичида Ўзбекистон борлиги ҳам айтиб ўтилди. Менимча, президент ёлғон информациядан фойдаланмаса керак? Бу ахир расмий нутқ-ку?(Баҳром).
ЖАВОБ:Бутун статистика маълумотлари давлат сири ҳисобланиб, ҳукуматнинг ғаладонида бўлса ва истаганини истагани қадар эълон қилса, ҳақиқатни қандай топасиз?! МДҲ давлатлари ичида ҳамма кўрсаткичлар бўйича биз олдиндамиз, бошқалар қийналиб ётибди, деган ҳам шу президент. Унинг мана шу расмий гапларига ишонсангиз бошқа гапига ҳам ишонишингиз мумкин.
81-
САВОЛ:Украина ва Грузияда давлат бошлиқлари, яъни инқилобчиларнинг Нобел мукофотига тавсия қилиниши борасида сўз кетар экан, мен Шеварнадзенинг мамлакатнинг мағлубиятини мардларча тан олиб, ташлаб кета олган, қон тўкилишининг олдини олган, бу ҳаракати билан кейинчалик украин халқига ҳам далда “берган” киши сифатида юз чандон лойиқроқ деб биламан.
Қонхўр, мансаб ва шахсий манфаатни ҳамма нарсадан устун қўядиган баъзи ҳамкасблари (хусусан Жириновский ва Каримовлар) тўғридан-тўғри вазият бўлаётган пайтда унга қўнғироқ қилиб, атиги беш юз киши билан шундай машмаша қилиб ўтирмасдан, ҳаммасини отиб ташлашни маслаҳат ҳам беришганини нафақат унинг матбуот котиби, шахсан Шеварнадзе ҳам эътироф қилган.
Миш-мишларга қараганда бу ҳаракатидан кейин унга БМТнинг тинчликпарварлик миссияларидан бирига етакчилик қилиш учун таклиф ҳам бўлган.
Собиқ империянинг кўзга кўринган халқаро алоқалар мутахассиси сифатида бу миш-мишнинг асослилигини ҳам таъкидлайман. Сизнинг бу шахс ҳақидаги фикрингизни билсак, анчадан бери танийдиган киши сифатида билимларингиз билан ўртоқлашсангиз.(Ўзбек).

ЖАВОБ: Шуни ҳам унутмаслик керак-ки, қариб қолган қария Шеварднадзе ҳам (Кучма ҳам) Ички ишлар ва хавфсизлк тизимларида ишончни йўқотган ва бу идоралардаги аксарият кучлар мухолифат томонида эди.
Ҳатто армия ҳам биз вазиятга аралашмаймиз деганининг ўзи биз мавжуд президентни тан олмаймиз, дегани эди. Агар Шеварднадзе ҳужумга буйруқ берса, ўзи ҳам қурбон бўлишини биларди ва шу боис ҳаётини сақлаб қолиш учун кафолатли йўлни танлади. Балки орқаваротдан баъзи хуружлар қилиш режаси ҳам бўлиши мумкин.
Гуржистоннинг демократ президенти Гамсахурдиани ўлдириб юборишда Шеварднадзе катта рол ўйнаган ва энди ўзи ҳам ўшандай ўлиб кетмаслик учун тинчгина кетишни танлади.
-82-
САВОЛ: Равшан Ҳайдаровни ўлдириб кетишибди, ёки ўзини ўзи ўлдирибди деган гап чиқди. Бунга нима дейсиз? Маълум бўлишича божхонада ишлаганда 154-қарор чиқариб, кўп кишига қийинчилик туғдирган экан. Бу нарса каттаконларга ҳам таъсир қилган экан. Яъни МХХ ва ИИВ катталарни юкини ҳам ёндириб юборган экан. Аммо халққа ҳам оз мунча таъсири булган экан. Эшитишимча, у ҳозир Милиция Академиясида экан. Бунга нима дейсиз?(Интел).
ЖАВОБ: Равшан Ҳайдаров масаласида сизнинг айтганларингизга қўшимча ўлароқ шуни таъкидлашим мумкинки, илгари бир саволга жавоб бериб, бу борада айтган фикрим ўзгарган эмас.
-83-
САВОЛ: Нима сабабдан Ташқи Ишлар вазири Содиқ Сафоев президент томонидан сенатор этиб тайинланди? (Исмоил, 25 Январ, 2005 йил).
ЖАВОБ: Маълумотларга қараганда Каримов ҳукумат таркибида ўзгаришлар қилмоқчи. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоевни сенатга “кўчириш” шулардан бири бўлиб, асл моҳият эса уни эгаллаб турган вазифасидан озод қилишдир. Ҳозир унинг номи оғизда баланд, амалда қуруқ вазифа-Сенат раислигига номзодлар рўйхатида турибди. Ҳатто бу вазифага “сайлаб” қўйилгани билан унинг мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлигидан кетиши баъзилар учун жумбоқ бўлиб кўриниши мумкин.
Лекин Президентга яқин манбаларнинг хабарига кўра, Бош вазир Шавкат Мирзиёев Каримовга таъсир қилиш механизмларини топганга ўхшайди. У Каримовнинг қўли билан ҳукумат таркибини янгилаб, ўз одамларини жойлаштирмоқда. Жумладан, Каримов ҳали Ўзбекистон ССР Давлат планлаштириш қўмитасида ишлаганда, унинг оиласига “Тошкент” меҳмонхонасининг ресторанидан озиқ-овқат ташиб турган мазкур рестораннинг раҳбари ва кейинчалик Ўзбекистон савдо соҳасининг ўзгармас “хазинабони” бўлиб келган Бош вазир ўринбосари Мираброр Усмоновнинг ҳам сенаторликка “кўчирилиши”ни Мирзиёевнинг навбатдаги одими дейишмоқда.
-84-
САВОЛ: Сенат раислигига Содиқ Сафоев сайланишини айтгандингиз, лекин бошқа одам сайланди-ку? (Мурод, 2005 йил, 27 Январ).

ЖАВОБ: Мен “сайланади” деб ёзмагандим. Раисликка номзодлар рўйхатида номи турганини айтгандим. Охирги дақиқагача ҳам раисликка номзодлар рўйхатидан унинг номи тушмаган. Аммо вакиллар кенгаши олдидан Каримов ўзи ҳақида китоб ёзган Мурод Шарифхўжаев номзодини маъқуллаган.
Каримовнинг эски одатларидан бири шуки, агар режаси аён бўлиб қолса, охирги дақиқада ҳам ўзгартиради. Содиқ Сафоевнинг сенатор бўлиб туриши эса дунёдаги бирорта ҳам қолипга сиғмайди. У ижрочи идоранинг раҳбари. Қандай қилиб қонун чиқарувчи идорада сенатор бўлиши мумкин? Бу диктатурани расман тан олиш-ку!?
Ҳар ҳолда уни вазирликдан четлатилса керак.
Каримов демократия ўйини қилиб келаётир, аммо бу қадар ахмоқликка йўл берадиган даражага етган бўлса, демак, “майнаси айнаб” қолган деган гапларда жон бўлади.
-85-
САВОЛ: Ўткир Ҳошимовнинг парламент четида қолиши сабаби нима бўлиши мумкин? (Ҳилола, 2 Феврал, 2005 йил).

ЖАВОБ: Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов каби сарой маддоҳлари Каримов томонидан сенатор этиб тайинланган ҳолда Олий Мажлис ҳайъати аъзоси бўлган, учинчи “тилёғламаcи”нинг четга сурилиши, табиийки ҳамманинг, жумладан менинг ҳам диққатимни тортди.
Саройга яқин манбалардан олинган маълумотга кўра, ўтган йилнинг Июл ойида Каримов Олий Мажлисда қўмита раиси бўлган Ўткир Ҳошимовга Интернетни чеклаш ҳақида қонун лойиҳаси тайёрлашни топширган.
Сутни ҳам пуфлаб ичадиган Ўткир Ҳошимов Интернет ўзбек халқининг зеҳниятига зид эканлигини айтиб, аввал буни халққа тушунтириб қўйиш, жамоатчиликни бунга тайёрлаш ва халқаро доирада ҳам иш олиб бориш тўғрисида Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга айтиб, розилик олади.
Шундан кейин унинг “Халқ сўзи” газетасида 2004 йил, 21 Август куни Интернетнинг зарарлари ҳақида каттагина мақоласи чиқади. Мақола жуда кескин танқидларга боис бўлади. Жумладан, биз ҳам Ўткир Ҳошимовнинг бу борадаги асоссиз даъволари ортида Ислом Каримов турганини ёзган эдик.
АҚШ мулозимлари ва Тошкентга борган бошқа расмийлар ҳам Каримовга бу борадаги ташвишларни етказганлар. Шундай пайтда, табиийки Хайриддин Султонов тўпни Ўткир Ҳошимовнинг ўзига улоқтирган. Унинг номи сенаторлар рўйхатига қўшилиши баҳонасида депутатликка кўрсатилмаган. Сенаторлар рўйхатидан эса “Битта ишни ҳам ими-жимида эплай олмади” деб Каримов унинг номини ўчириб ташлаган.
Ҳа, диктаторга ёқиш осон эмас. Ҳамма вақт зулмдорга ёқиш учун эса ё Абдулла Орипов ва ёки Эркин Воҳидов бўлиш керак!
-86-
САВОЛ:Руслар суратга олган “Эгизаклар” (Близнецы) филмида шов-шувларга сабаб бўлган милиция бошлиғи кимлигини биласизми?(Дилдора, 2005 йил, 12 Феврал).

ЖАВОБ: Филм Ўзбекистонда ман этилиши билан дарҳол Тошкентга хат ёзиб, масаланинг моҳиятини суриштирдим. Биринчи танишим бу президентнинг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов билан “Ўзбеккино” раҳбари Мурод Муҳаммад Дўст орасидаги келишмовчиликнинг “самараси” деган гапни ёзди. Бу у қадар кучли далил эмас эди. Шу боис Президент девонидаги танишларга мурожаат қилдим. Улардан бири Давлат Божхона қўмитасининг раҳбари Баҳодир Матлубов худди шу масалада президент ҳузурига кирганини маълум қилди.
Баҳодир Матлубов Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари, Ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлган пайтларда Каримовнинг ишончини тўла қозонганини ҳам у сўзига илова қилган.
Шуни айтиш керакки, Баҳодир Матлубов 1990 йилларнинг бошида Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлимида терговчи эди. Менинг устимдан очилган “жиноий” ишнинг терговига ҳам у раҳбарлик (1993) қилганди.
Ўша пайтда Самарқандга борган Каримов менинг ишим билан қизиқади ва унга дарҳол Баҳодир Матлубовни рўпара қиладилар. Улар аэропортга қадар гаплашиб борадилар ва Каримов унинг кимлигини суриштиради ва отасини мақтаб эслайди.
Унинг отаси ишлаган милиция бўлими Ислом Каримов ўқиган 21-мактаб(собиқ Сиёб туманида)нинг ёнида бўлган.
Баҳодир Матлубовнинг отаси жуда ҳам юмшоқ кўнгил одам бўлган ва айниқса, ўқувчилар қилган майда жиноятларга кўз юмгани айтилади.
Шундан кейин Каримовнинг топшириғи билан Баҳодир Матлубов Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари ва айни пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланади.
Кўп ўтмай Тошкентга ишга олинади ва Бухорога юборилиб яна Тошкентга қайтарилади. Ёш йигитни шу зайл “пиширган” Каримов уни Ички ишлар вазири этиб тайинлашни режалайди ва кадрлар номенклатурасида Алматовдан кейинги шахс сифатида унинг номини қайдиятдан ўтказтириб қўйдиради. Бу эса кимларгадир ёқмаслиги турган гап.
Филм чиқиши билан “Бу Матлубовнинг образи” деган гап тарқатилади. Шундан кейин у Каримовга шикоят билан кирган бўлса керак. Чунки Каримовнинг изнисиз ҳеч ким рус филмини кўрсатувдан олиб қўйиб, бу масалада вилоятларга буйруқ юбориб, бир қатор одамларни жазолашга киришмас эди.
Мазкур кўп серияли филм Андрей Анисимовнинг шу номдаги романи асосида суратга олингани боис унда аниқ шахслар ҳақида гап бормаган. Аммо романдаги қаҳрамонларнинг ҳаётдаги прототиплари бўлиши турган гап. Бунинг устига жой ва вазифа аниқ айтилгани боис турли миш-мишлар ва тахминларга замин бўлган.
-87-
САВОЛ:”Ўзбекистон овози” газетасида ёзилишича, Исмоил Жўрабеков устидан жиноий иш қўзғатилган экан, уни “Ўзбекистоннинг иккинчи одами” дейишарди, шундай бўлса, қандай қилиб бу қадар ерга уриш мумкин? (Насрулло, 2005 йил, 13 Феврал).

ЖАВОБ: Кимлардир зўр бериб Жўрабековни “катта куч” дея урғулаб келдилар. Аммо мен 10 йил давомида ёзганларимда Исмоил Жўрабеков Ўзбекистонни бошқаришда катта куч бўлмагани, у ҳам диктаторнинг қўлидаги бир ўйинчоқ эканлигини таъкидлаб келдим. Вақт бу ҳақиқат эканлигини исбот этди.
Кеча “Ўзбекистон овози’ газетасида Бош прокуратура ходими томонидан эълон қилинган мақоланинг ортидаги сир эса, Жўрабековни огоҳлантиришдир.
У Каримовнинг жуда кўп сирларини билади. Шу боис назоратда тутиш, қочиб кетмаслиги учун устидан жиноий иш очиб, кейин гўёки авф этган каби тўхтатиб қўйиш, бу унинг жиловини қозиққа боғлаб қўйишдир. Шири кетиб, пири қолган Жўрабековни уй қамоғига солиб қўйиш билан Каримов ўз атрофидагиларни қўрқувда сақлаш сиёсатини давом эттирмоқда.
Аслида эса, бундай воқеалар Каримовга астойдил хизмат қилган ва қилаётганларга дарс бўлиши керак эди. Ҳар қанча унга маддоҳлик қилманг, ҳар қанча унинг оёғини ўпиб, қонли қиличини кўтариб, жаллодлик этманг, барибир, охирингиз Исмоил Жўрабековники каби бўлади. Бўйнингизга “жиноятчи” деган тамғани осиб қўяди. Бу диктаторнинг “ўлмас” услубидир.
Баъзилар Каримов қариб қолди, энди ўлиб кетади ва биз келажагимизни қутқазиб қоламиз, деб ўйласалар ҳам керак. Афсус… яна бир хато бу! Чунки Каримовдан кейин келадиган раҳбар бутун 15 йиллик жиноятларни унинг атрофидаги одамларнинг бўйнига уради. Бу эса ўзбекнинг “китоби”га (манглайига) ёзилган “ўлмас” услубдир.
Шу сабабдан ақли-ҳуши жойида бўлганлар имконлари қадар халқ томонига, демократия тарафига ўтишлари ва бечора халққа ёрдам қилишлари керак. Бу уларнинг нажот қалъаси бўлади!
-88-
САВОЛ: (1) Жўрабеков ҳақидаги мақолани ўқиб, кейин саволга жавоб ёздингизми ёки ўқимасданми, чунки мақоладан кўриниб турибдики, Каримов Жўрабековни қутқариб қолган, ёки бундай эмасми? (Азим, 2005 йил, 15 Феврал).

САВОЛ: (2) Исмоил Жўрабековга нисбатан жиноий иш очиб уни яна авф этишдан мақсад нима? Ахир, шунча жиноятни қилган одам барибир жазосини олиши керак-ку?! Ёки бу ҳам навбатдаги кўзбўямачиликлардан бирими? (Муҳиддин, 2005 йил, 16 Феврал).

ЖАВОБ: Ҳар икки савол ҳам айни мавзуда ва бир-бирига яқин бўлгани боис жавоб ҳам яхлит.
Асос бўлмаса бир нарса ёзмайман. Мазкур мақола ҳали чиқмасдан олдин газеталардан биридаги танишим унинг Жўрабеков ҳақидаги икки абзацини электрон мактуб орқали юборди. Шундан кейингина саволга жавобни ёздим. Мақола чиқиши билан дарҳол нусхасини олдим.
Энди , Каримов Жўрабековга яхшилик қилди, деган гапингизга келсак, диктатор ўзидан бошқа ҳеч кимга яхшилик қилмаслигини аллақачон билиб олишимиз керак эди.
Мақоланинг Жўрабеков ҳақидаги қисмида шундай сатр бор: “…И. Жўрабековнинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганлиги…”.
Хўш, бу қандай айб эди? Бунинг учун мақоланинг олдинги абзацидаги охирги сатрларга қаранг: “У иқтисодни бошқаришнинг эркин бозор муносабатларига асосланган ўзига хос йўлини қишлоқ хўжалигига тадбиқ этиш юзасидан ҳукумат қарорлари талабларини тўлиқ бажармасдан ҳамда мазкур тармоқ иқтисодиётнинг устувор соҳаси эканлигига етарли эътибор бермай, хизмат вазифаларига жинояткорона совуққонлик билан қараб келганлиги оқибатида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажми ва ҳосилдорлик пасайиб, республика иқтисодиётига путур етказилган”.
Жўрабековни яхши таниганлар биладиларки, у ўз хўжайинига содиқ қул эди. У ўзича бир иш қиладиган эмас, балки айтилганигина бажарадиган шахс эди. У сарой ўйинларига қўшилмагани боис Каримов ҳамма жойга уни юборар, ҳамма ишга уни бош-қош қилиб қўяр эди. Шу боис ҳам у “машҳур” эди ва парда орқасини кўра олмаганлар уни мамлакатдаги иккинчи одам, деб ҳисоблардилар.
Аслида эса у мустақил фикр у ёқда турсин оддий бир нарсани сўраш учун олти ой Каримовнинг оғзига қарайдиган ва охирида саволини “еб” қўядиган қул эди .
Шунинг учун ҳам Каримовнинг ёнида энг узоқ қолганлардан биридир у. Агар мустақил иш қилганда қачонлардир йўқолиб кетган бўларди. Бу диктатуранинг қоидаси.
Шундай экан, республика қишлоқ хўжалиги хароб бўлгани учун биринчи галда Каримов айбдор ва унинг ёнида Жўрабеков ҳам. Лекин Каримов худди ҳеч ким билмаган ҳолда ўз айбини содиқ қулларидан бирининг бўйнига юклаб қўйди. Бундан кейин биров уни бу масалада айбласа, унинг жавоби ҳозир: “Аблаҳ Жўрабеков бу ишни қилган ва айбини бўйнига олган, буни мен очиб, адолат ҳаммага баравар эканлигини кўрсатдим” дейди у.
Эсингизда бўлса Усмон Ҳақназаров номидан ёзилган мақолаларнинг аксарияти ҳам айбни Каримовнинг бўйнидан соқит қилиб, бошқаларга юклашга қаратилган эди. Бу “гўсала” одамларга мўлжаллангани боис, қайси бир маънода фойда берди ҳам.
Бу сафар “Ўзбекистон овози”да чиққан мақола ҳам ўшаларнинг давоми. Каримов ўз бўйнидаги айбларни кимларгадир юклаб қўйишда давом этмоқда. Буни кўра олмаслик, тушуна олмаслик учун руслар айтгандек “баран” яъни “қўй” бўлиш керак. Худога шукурки, иккинчи саволни берган Муҳиддин каби бундай мақолалар бежиз эмасдур, деб ўйлайдиганлар ҳам бор!
Каримовнинг атрофидагиларга эса такрор айтмоқчи бўлганимиз шуки, унга қанчалик содиқ бўлманг, охирида оладиганингиз, ўзингиз қилган айбларга қўшимча, унинг гуноҳларига ҳам шериклик, фақат шериклик эмас, балки унинг гуноҳларини ҳам кўтаришдек тавқи лаънат!
89-
САВОЛ: Исмоил Жўрабековни бошида содир бўлаётган воқеалар, қолган соҳадагилар, яъни З. Алматов ва Р. Иноятовларнинг ҳам бошига тушадими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.(Фаррух, 2005 йил, 16 Феврал)
ЖАВОБ: Ҳамманинг диққатидан четда қолган икки нарса Алматов ва Иноятовнинг ҳам осмонига қора булутлар яқинлашиб қолганини кўрсатади.
Биринчиси, бугунга қадар Бош вазирнинг тобелигидан четда сақланган ва бевосита Каримовнинг ўзига бўйсундирилган Ички Ишлар вазири мақоми энди Бош вазирнинг қўл остига ўтказилди. Бу билан Каримов Алматовнинг битта шохини синдириб қўйган бўлди. Шу пайтга қадар битта отаси бўлган вазирнинг энди иккита отаси бор ва у орада “оқпадар” бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо Каримовни лимоннинг сувини охирига қадар сиқиб олиши каби одати назарда тутилса, яна бир муддат Алматов ушлаб турилади ва кейин 15 йиллик жиноятлар унинг бўйнига урилади.
Иккинчиси эса, шу пайтга қадар МХХ раисининг мақоми вазир даражасида эди ва энди ҳатто ҳукумат таркибига ҳам киритилмади. Каримов бу билан Иноятовнинг оёғи остидаги нарвонни пастга тортиб қўйди. Унинг вазифасини президент девонидаги ошхона директори билан тенглаштириб қўйди ва истаган вақтида тепиб юбориши мумкин. Ҳозир президент девонида ММХнинг бир неча вакили ишламоқда. Улардан бирини яқин орада Иноятовнинг ўрнига тайинлаши мумкинлиги ҳақида гаплар бор.
-90-
САВОЛ: Рустам Шоғуломов нега ишдан олинди деб ўйлайсиз? (Ҳамза, 2005 йил, 17 Феврал).
ЖАВОБ: Уни Каримов узоқ қўлланди. Жўрабековнинг қўли билан қишлоқ хўжалигини жиловлаб турган бўлса, Шоғуломовнинг қўли билан матбуотни бўғиб келди. Айтиш керакки, Рустам Шоғуломов Жўрабековга нисбатан анча “ташаббускор” ва фитнакор эди. Шу боис ҳам Каримов уни доим панада ушлашга ҳаракат қилди.
Ҳали талабалик йилларимда “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлар эдим. Бир куни лифтда бир олифта одамни кўриб қолдим. У яп- янги костюмини елкасига ташлаб олган, қўллари чўнтагида эди. Лифтга икки-уч аёл чиқди. У улардан бирини бағрига босиб эркалата бошлади. Елкасидаги костюми эса тушиб кетди. У бир менга, бир костюмига қаради-да новча бўлса ҳам аранг эгилиб, костюмини йиғиштириб олар экан:
-Қаерда ишлайсан?- деди сенсираб, камситган оҳангда.
Мен ҳам бу маданиятли кўринган маданиятсиз одамга “Сен-чи?” демоқчи эдиму лекин тилим айланмади. Ким билади, “КГБ –МГБ” ми деб ўйладим.
Кейин билсам, “Ёш ленинчи” газетасининг муҳаррири экан. Ҳаммани сенсирар экан. Ўшанда мен қаерда ишлаганимни айтгандан кейин, индамай қўйганди. Танишларимнинг айтишларича, унинг фақат бизнинг муҳаррир Аҳмад Исмоиловга “тиши’ ўтмас, қолганларни эса оёғининг учида кўрсатар экан.
У муҳаррир бўлган йилларда “Ёш ленинчи” дунёдаги энг ўлик газета эди. Акаси Ўзкомпартия Марказий Комитети босмахонасининг директори бўлгани учун унинг пичоғи доим мой устида, эркатой муҳаррир эди. Лекин бир кун улар Раъно Абдуллаеванинг домига илиндилар ва ишдан олиниб, газетадан “урилдилар”.
Дунёнинг ишини қаранг, Абдуллаева Қашқадарёга борганда у ерда биринчи котиб бўлган Каримов билан соғлиқни сақлаш масаласида тортишиб қолади. Ўзкомпартиянинг Москвадан “тозалаш” учун юборилган иккинчи котиби Анишчев Абдуллаеванинг оёғини кесишга уриниб юрган пайт бўлгани боис буни эшитиб, Каримовни қўлланади. Абдуллаевани қаматиб юборишади.
Каримов Ўзкомпартияга биринчи котиб бўлиши билан Абдуллаева ишдан олган одамларни вазифасига тиклади. Улар қаторида Рустам Шоғуломов ҳам бор эди. Шу билан Каримов ўзига содиқ “тўда” яратиш ҳаракатини бошлаганди.
Шундан бери Рустан Шоғуломов унга хизмат қилиб Ўзбек матбуотининг ўқ илдизларини йўқ этди ва халқнинг маънавий қашшоқликка итқитишда Каримовнинг ўнг қўли бўлиб хизмат қилди.
Келажакда Каримов ўзбек матбуоти борасида айбланадиган бўлса, ҳамма айбни унинг бўйнига ёки унинг қабрига юклаб юбориши ҳеч гап эмас.
Мустақилликдан кейин жуда кўп нарса ўзгарди. Масалан, содиқ ит бир куни ўз эгасини қопиши мумкин, деган гап бор эди. Аммо бу ибора ўзгариб, эгаси бир кун содиқ итини қопиши мумкин деган мазмун касб этди. Зотан Шоғуломов ишдан олинадиганлар рўйхатида эмас эди. Ҳали яқинда ўз вазифасига қайта “сайланган” эди.
Саройга яқин манбаларнинг маълумотига кўра, Каримов уни ўтган ҳафта икки марта қидиртирганда топа олишмаган ва “касал” дейишган, кейин уйидан ҳам топа олишмаган. Шундан кейин “йўқолсин!” фармонига муносиб кўрилган.
-91-
САВОЛ:Совет даврида кадрларни тайинлашда Ўзбекистон учга бўлинган эди, Хоразм ва ҚҚАССР четлаб қўйилган эди, бунинг илдизлари ва бугунги кунга таъсири ҳақида нима дея оласиз? (Раҳимжон).
ЖАВОБ: Ҳар ҳолда Совет даврида Ўзбекистонда кадрларни тайинлашда Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари типидаги бир вазият мавжуд эди. Зарафшон ва Фарғона водийси ҳамда Тошкент минтақаси асосий ҳисобланиб, Хоразм ва Қорақалпоғистон чеклаб қўйилганди. Бу очиқдан-очиқ камситиш эди.
Эътибор қилинг, Файзулла Хўжаев, Султон Сегизбаев, Акмал Икромов, Усмон Юсупов, Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов ва ниҳоят Ислом Каримов каби биринчи ўринга чиққан, коммунистик партия етиштирган кадрлар Зарафшон, Фарғона водийларидан ёхуд Тошкент минтақасидан эдилар.
Агар биринчи лидер Зарафшон водийсидан бўлса, албатта ё Олий Совет ёки ҳукумат раҳбари Фарғона ё Тошкентдан бўларди. Шу йўл билан “мувозанат”ни сақлаяпмиз, дейишарди. Қорақлпоғистонга Олий совет раисининг ўринбосари ва Хоразмга Ҳукумат таркибидан битта жой (Бош вазирнинг маданият бўйича ўринбосари ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги каби) ажратиларди.
Ана шу нарса одамларнинг ҳам руҳига, ҳам қонига сингган ва ўзига хос бир маҳаллийчилк кўринишга айланган эди. Буни 1991 йилги сайловлар натижасидан ҳам кўрса бўлади. Ўшанда Хоразмда Ислом Каримов жуда оз овоз олганди ва овозларнинг аксарияти рақибига кетганди. Бу ҳолда бошқа номзод хоразмлик бўлгани муҳим рол ўйнагани ҳам сир эмас.
Совет давридаги зеҳният мустақиллик даврида йўқ бўлиш ўрнига янада кучайди ва энди “самарқандликлар”, “тошкентликлар” ва “фарғоналиклар” деган тушунчалар пайдо бўлди. Ислом Каримов эски “мувозанат”га содиқ қолган ҳолда кадрлар таркибини ана шунга риоя қилган ҳолда тузмоқда ва бошқарувнинг бир нуқтасини тошкентликларга ва яна бир нуқтасини фарғоналикларга берса, Хоразм ва Қорақалпоғистонни эски ўринларидан қўзғатмади. Парламент сайлови натижалари ҳам бунинг бир мисоли.
Бу нарса талабалар ётоқхоналаридан тортиб журналистлар, олимлар даврасига қадар сингиб кетган ва бугун ҳам айни ҳолни очиқ кузатиш мумкин. Масалан, хоразмлик журналистлар очиқдан-очиқ тошкентлик “лидер”ни инкор этган ҳолда, хоразмлик “лидер”ни қўллаб қувватласалар, уни ҳақиқий лидер, деб тақдим этсалар, (гарчи акси бўлсада), тошкентлик қаламкашлар эса тошкентлик “лидер”ни олдинга суришга интиладилар. Айни ҳолни самарқандликлар ва фарғоналиклар мадҳияларида ҳам кўриш қийин эмас. Бу эса нафақат жамиятнинг балки зеҳниятнинг ҳам ҳалокатидир.
Шу ҳол давом этса, ҳокимият яна “самарқандликлар”, “тошкентликлар” ва “фарғоналиклар” ўртасида тақсим бўлаверади. Булар Совет даврида келиша олганлар, мустақиллик даврида ҳам муросага бордилар ва бундан кейин ҳам бу қолипни бузиш мушкул бўлади. Чунки болаликдан шу руҳда етиштирилдилар ва бир қашқадарёлик ёки самарқандлик қорақалпоғистонлик ҳақиқий демократга эмас, балки ўз элидан чиққан диктатор золимга овоз бериши бугуннинг ҳақиқатидир.
Шунинг учун ҳам бугунги шароитда бир қорақалпоқ ёки бир хоразмлик номзод фақат ана шу минтақалардагина ғолиб чиқиши мумкин. Негаки, зарафшонликлар хоразмлик ёки фарғоналикни танлаш мажбуриятида қолсалар улар фарғоналикка овоз берадилар. Бугун демократия томонида бўлганлар ана шу зиддиятни кучайтирмасдан уни йўқотиш ҳақида ўйлашлари керак.
Ўзбек жамиятидаги бундай иллатли омилни ҳисобга олмаганлар мағлубият майдонида қолаверадилар. Ғолиб чиқиш эса ана шу “мувозанатни” бузишдир. Уни эса шу “мувозанат”нинг кучли бўлган томонидан етишган демократ лидерларгина буза оладилар.
Бугун тинч йўл билан қилинадиган инқилобларни қўллаб- қувватлаётган Ғарб ҳам бу нарсага жиддий эътибор билан қараётганини ҳам ҳисобда тутиш керак.
-92-
САВОЛ: Ислом Каримов мабодо вазифасидан кетса, Шеварднадзе ва Кучма каби ўз ватанида, яъни Ўзбекистонда қолиши мумкинми?(Нигора).
ЖАВОБ: Шеварднадзе ва Кучма ҳам жиноят қилганлар, лекин уларнинг тошлари Каримовники қадар оғир эмас. Бу биринчидан. Иккинчидан эса Ўзбекистонда ҳам ҳокимиятга демократлар келсалар балки Каримов шу ерда қолиши мумкин.
Аммо Каримов типидаги диктаторлар ҳаракат қиладилар ўз вазифаларида турган ҳолда ўз ватанларида қолишни. Шу боис ҳам вазифаларидан айрилмасликнинг ҳамма чораларини кўрадилар. Айни пайда улар “этик тор келганда” қочадиган туйнук ҳам “қуриб” қўядилар. Ҳар эҳтимолга қарши.
Каримов Ғарбни танламайди. Чунки Ўзбекистоннинг талаби билан судга тортилиши мумкинлигини билади.
Кейинги йиллардаги жуда кўп воқеалар Каримовнинг туйнуги Москвага қараганини кўрсатмоқда. Булар қизининг Ўрусиятдан 2,5 миллионга уй олишию Ўзбекистоннинг фавқулодда муҳим тармоқлари Россия мафиясининг корчалонларига сотилишидан тортиб, Элёр Ғаниевнинг Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар “хўжайини” этиб тайинлашга қадар бўлган жараёнлардир.
Бу эса унинг Россия ҳукуматига “ставка’ қилмаётгани балки ҳукуматни ҳам “ётқизиб-турғазадиган” рус мафиясига ишонаётганини кўрсатади. Чунки Россияда ҳукуматлар кетиб келаверадилар аммо мафия тураверади, деган мантиққа ишонса керак.
Рус мафияси 15 йилдирки, Элёр Ғаниев билан ҳамкорлик қилади, деган гаплар бор ва бугунга қадар буни тасдиқловчи далиллар кўпайса кўпаймоқдаки аммо рад этувчи ҳатто бир сўз ҳам айтилган эмас.
Баъзи бир маълумотларга кўра Каримов учун сиртдан Москвадаги марказий қабристонлардан бирида “запас’ жой ҳам олиб қўйилган.
Аммо тақдир шундай нарсаки, режаланганини эмас, кўпинча режаланмаганини танлайди.
-93-
САВОЛ:Ўзбекистон парламентида “сунъий” оппозицияни ҳосил қилиш идеясини менимча давлат ишлаб чиққан, лекин нега энди бу режада қўпол хатоларга йўл қўйишади? Масалан, Мирзиёевнинг сайланишида оппозиция йўлини тутаман, деган ХДП нинг ҳамма вакиллари “за” овоз беришгани. Тўғриси 1 та қарши овоз бўлди, лекин кимдир адашиб бошқа кнопкани босиб юборган деб ёзишибди. Энди бунақа “ўйин” қилгандан кейин профессионалча қилиш керак-да! Бу ҳақдаги сизнинг фикрингиз?(Йигит).
ЖАВОБ: Жавоб саволингизнинг ўзида мужассам. Улар одам бўлиб одамликни ҳам қойил қила олмайдилар, рол ўйнаб ролни ҳам.
Навоий ҳазратлари таъкидлаганларки, “Кучук бирлан хўтикка қанча қилма тарбият, ит бўлурлар, эшак бўлурлар, бўлмаслар асло одамий”.
Диктатор демократ бўлолмайди, демократ бўлиб кўринишга уринади, аммо қозонда бори чўмичга чиқади ва шарманда бўлиб юраверади.
-94-
САВОЛ:Қирғизистонда Акаевнинг ўрнига бирорта демократ келса, нима бўлади? Буни Каримов қандай қарши олиши мумкин?(Одил).
ЖАВОБ: Қандай бўларди, Украинадаги сайлов жараёнида бўлгани каби яна бир марта қовун туширган ҳолда қабул қилади.
Зотан баъзи бурнининг остини кўра олмайдиган қўлбола “сиёсатчи”лар бугун ҳам демократ деб атаётган собиқ демократ Акаевни яккаҳоким диктаторчага қадар “юксалтирган” аслида Ислом Каримовдир. Ўтган давр бунга имкон берди. Энди эса қийин. Шунга қарамай агар ўзида куч топа олса, қария Каримов қўшни президентга ҳам босим ўтказишга ҳаракат қилади, лекин бефойда.
Агар фалакнинг чархи айланиб, сиз айтгандек, Акаевнинг ўрнига бир демократ келадиган бўлса, бу демак, нафақат қирғизлар балки ўзбек халқи учун ҳам “озодлик оролчаси” қайта тикланган бўлади.
-95-
САВОЛ: Президент Каримовнинг Ўрта Осиёдаги қўшни давлатларга совуқ муносабати, Ўзбек- Қозоқ муносабатларининг кескинлашуви, Тожикистонда миллатчиликнинг авжига чиқиши бу ютуқли қарталар албатта қачондир Россия томонидан ўйинга киритилиши шубҳасиз. Агар Ўрта Осиёни демократлаштириш учун қадам босилса (АҚШ ёки БМТ томонидан), Россия бу қарталардан фойдаланиб нотинчликни келтириб чиқариб, яна Тожикистондаги машъум 90-йилларни бошимизга солиш эҳтимоли ҳақида нима дейсиз? (Баҳром, 2005 йил)
ЖАВОБ: Бундай эҳтимол ҳар қачон бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Россия Ўрта Осиёдаги ҳукмронлигини йўқотмасик учун ҳар қандай ишга боради. Шундай шароит туғилганда Россия яна ўзимизникиларни ишга солади. Россиянинг Туркистонни ишғол қилиши ва Ленин инқилобининг илдизларига қарасангиз ўзимиздан чиққан манфаатпарастларнинг “таклифи”, мурожаатлари, ўйинга мойилликлари билан қонли юришлар келиб чиққан.
Лекин гап халқда ва уни бошқарадиган кучларда. Агар булар мазкур таҳликани кўра олсалар, Россия Украинада шарманда бўлгани каби ҳеч нарса қила олмай қолиши мумкин.
Аммо бизникилар ҳали ҳам тўла Россиянинг таъсирида. Мана 15 йилдирки ўз халқи билан ўз тилида гаплашишни эплай олишмади. Акс ҳолда бутун хабарлар, баёнотлар, баҳслар асосан рус тилида бўлаётгани (жумладам, “Cентрасиа.ру”, “Фергана.ру” ва бошқа ру.ру-ларда) нимадан дарак? Бу қўпол бўлса ҳам русларнинг олдида ечиниб, ўзининг бутун қусурларини намойиш этишдек гап.
Биз аввал ўз масалаларимизни ўз тилимизда гаплашиш ва шу тилни тушунадиган оддий халққа етказишни ўрганмас эканмиз, бир нарсани умид қилиш мушкул. Руслар истаган пайтда бизни уриштириб қўяверадилар. Чунки улар бизни биздан яхши билишлари учун ўзимиз шароит қилиб бермоқдамиз.
Мен руслар билан муносабатларни бутунлай узиб ташлаш керак, деган фикрдан йироқдаман. Муносабатни мустақил ҳолда, сир бой бермай юритмоқ керак. Болтиқбўйи жумҳуриятлари биринчилардан бўлиб тўла мустақиллика эришганлари ортида уларнинг ўз муаммоларини ўз тилларида муҳокама қилишни билганлари ётади. Уларнинг даврасига русларнинг кириши қийин бўлди. Бизникилар эса ўзлари русларнинг даврасига кириб, томоша кўрсатмоқдалар. Бу эса зеҳниятнинг ўзгармай қолаётганини кўрсатади.
Рус тилида гаплашиш ва ёзиш биз учун қулай бўлган муддатда улар чизган йўлдан чиқиш осон бўлмайди.
Бугун Ўзбекистонда яна одамлар болаларини рус мактабларига бермоқдалар, Каримов режимига қарши ёзилган нарсаларни ўқиш учун қайтадан рус тилига бош урмоқдалар ва рус тузоғига илинмоқдалар. Бундай шароитда руслар қон тўкмасдан ҳам бошқаришни бажарадилар, худди бугунги каби
96-
САВОЛ:Шу кунларда Марказий Осиё давлатлари муносабатларидаги чўғга ёғ сепилгани кўриниб қолди. Ҳукумат раҳбарларининг шахсий манфаатлари тўқнашувидан нафақат халқ азият чекяпти, балки минг йиллик тарихга эга қондошлик муносабатларига барҳам бериляпти. Сиз буни қандай изоҳлайсиз? Масаланинг илдизи нималарга бориб тақалади деб ҳисоблайсиз? (Ўзбек йигити).
ЖАВОБ: Масаланинг илдизи, келиб чиқиш омиллари ҳақида илгари кўп ёзган ва огоҳликка чақирган эдик. Минг афсуски, қулоқ соладиган топилмади ва бугун қўрққанимиз, тахмин қилганимиз бошимизга тушиб турибди. Ака-укани бир-бирига душман қилдилар.
Бугунга келиб, қозоқ ўзбекни қул қилиб ишлатгани, қул қилиб сотаётганидан хурсанд, чегарада ўзбекни отаётганидан мамнун. Ўзбек эса сарҳад ҳатлаган тожикни ўққа тутишдан чекинмайди, туркман бўлса ўзбекни таҳқирлашдан қониқиш ҳис қилмоқда, қирғизу ўзбекнинг орасига солинган қонли девор ҳам йиқилган эмас ва ҳоказо. Бу даҳшат!
Бу Туронзамин халқини, туркистонликларни, илдизи бир бўлган қондошларни жаҳолатга қайтаришдир. Амирлик ва хонликлар асоратидан кейин Ленин-Сталин чизиб берган чегаралар ичида манқуртликка томон судраганларини билиб-кўриб туриб боравердик, боравердик…
Мустақиллик тахтига ўтирган ленинчи ва сталинчи раҳбарларнинг тилда “абадий дўстлик” дея амалда “абадий душманлик” сиёсатига алдандик, алданмоқдамиз.
Ҳали ҳам имкон қадар халқ дипломатияси йўли билан яқинликни, илдизларимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Бу ишга ҳар ким ўз қўлидан келган улушни қўшса, советлардан мерос қолган бугунги президентлар ва уларнинг гумашталари кетгандан кейин бирлик учун йўллар бутунлай бекилмаган бўлади.
-97-
САВОЛ: Кейинги кунларда яна Каримовнинг касаллиги ва Алматов билан Иноятов орасида президентлик учун кураш бораётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бунга нима дейсиз? (Хуршид, 2005 йил, 12 Январ).
ЖАВОБ: Менинг ҳам шундай ёзувларга кўзим тушди ва ҳар йили қишда такрорланадиган ҳол, дея индамай қўймоқчи эдим. Аммо сизга ўхшаган яна бир ўқувчининг мактубидан кейин кичик суриштирув ўтказдим. Тошкентдаги ишончли манбага кўра, Каримов жиддий касал эмас. Озгина шамоллаган ва туғилган кунини ўтказиб, кейин дам олмоқчи.
Лекин ҳақиқатдан ҳам у Алматов ва Иноятов орасида “душманлик” яратиб қўйган ва бу бир неча йиллик гап. Фақат улар эмас, бошқа раҳбарлар орасида ҳам шундай “душманчилик” мавжуд.
Икки “паҳлавон”нинг президенликка иштиёқлари бўлиши мумкин, аммо буни чин юракдан истаб, бунинг учун курашга кирмайдилар. Чунки халқ ичидаги норозилик, иқтисодий танглик, ўзларига нисбатан яралган нафрат каби ўта жиддий муаммоларни ҳаммадан кўп улар биладилар.Иноятов ИИВ менга қарши халқни кўтариши мумкин, деб ўйласа, Алматов МХХдан қўрқади ва ҳоказо. Бунинг устига ҳар икки ташкилотнинг ичида ҳам кейинги пайтда норозилик кайфиятлари кучайган. Бу эса уларда ўз идораларига нисбатан ҳам хавфсирашни пайдо қилиши турган гап.
Энди уларни “майдонга” олиб чиқиш мақсадида ёзилган ёзувларга келсак, бу кўпроқ президентликка “тайёр турган” Мирзиёев учун фойдали бўлади. Чунки Алматов ва Иноятов унга тобе эмаслар ва аксинча унинг ҳар бир одимини назорат қилиб, Каримовга билдириб турадилар.
Каримовдан кейин у президент бўладиган бўлса, дарҳол “паҳлавон”ларни ишдан олиб ташлай олмайди. Бу мамлакатдаги вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин, деб ўйлайди.
Шу боис ҳозирдан ҳаракат қилиб, уларни Каримовнинг қўли билан “янгилаш”га муваффақ бўлса, кейин иши осонлашади. Ҳар ҳолда вазият шунга қараб кетмоқда.
Айни пайтда Каримов бошқа бировларга ҳам ўз ўрнини ваъда қилиб қўйган ва улар ҳам зимдан пойгада қатнашаётган бўлишлари мумкин.
Хуллас, нима бўлганда ҳам Алматов ва Иноятовнинг келажаги президент бўладиган даражада “порлоқ” эмас.
-98-
САВОЛ: Мен Эркин Воҳидовнинг ижодини ўта ҳурмат қиламан. Ҳақиқатда уларнинг адабий иқтидорига қойилман. Аммо сизнинг асарларингиздан уларнинг салбий жиҳатларини ўқиш мен учун жуда оғир бўлаяпти. Ўқимасам бўлар экан, деб афсусланган пайтларим ҳам бўлаяпти (асарларнинг тегишли қисмини холос).Мен учун аслида бу инсоннинг шахсий ҳаёти қизиқ эмас эди. Мен уларнинг ижодидан баҳра олиб юрар эдим. Энди эса…Бу инсоннинг ижоди уни ўзбек адабиёти тарихига қўшишга арзимайдими? Фақат сиёсий ҳаёт билан ҳамнафас ижодкорларгина ҳақиқий ижодкорми? Муҳаббат куйчиларичи? (Баҳром).
ЖАВОБ: Кимнинг ҳақиқий ижодкор ёки кимнинг ҳақиқий эмаслигини мен белгилай олмайман. Бундай қудратим йўқ. Кеча белгиловчи Советлар эди, бугун эса Каримов. Балки бир кун халқ ҳам белгилайдиган кун келар.
Бугун у кишининг Ўзбек-Совет адабиёти ва мустақиллик даври Ўзбек-сарой адабиётида катта ўринлари бор. Бу ўринни коммунистик режим билан диктаторлик режими у кишига муҳрлаб берган.
Бир пайтлар Эркин акадан Володя Ульянов ҳақидаги достонлари ва “Байроқдор коммунистлар” каби асарлари ҳақида сўраганимда, у киши:
-Жаҳонгиржон, бу қадар ҳам қаттиқ бўлманг, ахир Чўлпоннинг ҳам “Колхозчиларга”, Усмон Носирнинг “Комсомолга”, Ғафур Ғуломнинг “Мен яҳудийман”, Ҳамид Олимжоннинг “Россия, Россия менинг ватаним” деган асарлари ҳам бўлган…,-деб жавоб қилгандилар.

Кўрдингизми, у кишинг мантиғи бўйича бу жамиятимизнинг бус бутун фожиаси. Эртага бир кун яна бир шоир бу сафга энди Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповларнинг Каримовга бағишлаб ёзганларини мисол қилиб қўшган ҳолда мен каби савол берганларни мот қилади. Шу зайл адабиёт ҳам ўз йўлида, халқ ҳам ўз йўлида, қаттол режим ҳам ўзгармай ўз йўлида давом этаверади.
Тасаввур қилинг. Бир аёл. Тўғри келган эркак билан ётиб туради. Фоҳишанинг учига чиққани. Юқтирмаган касаллиги қолмаган. Бола олдиравериб туғолмайдиган бўлиб қолган.Ёлғон гапиришда унга тенг келадигани йўқ. Ҳар қандай одамни алдайди. Аммо гўзал. Гапириши гўзал. Сузилиши гўзал. Кимдир ана шу гўзаллиги учун (ёки унинг ўтмишини билмаган ҳолда, балки билса ҳам) унга уйланиши мумкин ва ҳатто у туғмаган болалари учун унга Қаҳрамон она унвони ҳам беришлари мумкин. Ана шундай гап. Муҳаббат куйчиси дея Эркин Воҳидов ҳам кимларнингдир кўнглидан жой топиши табиий. Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Бу кўнгил иши, қўтир ҳам сиғади, чўтир ҳам дейдилар. Бугун адабиёт шундай бўлиб қолди.
-99-
САВОЛ: Ўзбекистондаги ҳозирги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий аҳволда мафиянинг роли ва ўрни қандай? (Салим, Ғофур мисолида) Улар сиёсий таъсирга эгами? Уларнинг келажаклари ҳақида нима дея оласиз? (Ўзбек йигити).
ЖАВОБ: Ўзбекистон тўлалигича мафиянинг қўлида эканлигини ва бу мафия ҳукуматни мустақилликдан аввал ташқаридан туриб бошқарган бўлса, мустақилликдан кейин ҳукуматни тўла қўлга олганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Халқнинг бутун ҳуқуқлари қўлидан олинган бўлса, ҳамма иш пора эвазига битадиган қилиб қўйилса, истаган одамини ўлдирса ва истаганини қамаса, нимани хохласа шуни қилса…бунинг оти нима? Табиийки, мафия!
Бундай шароитда Салим, Ғофур, Эшмат, Тошмат ва бошқаларнинг жамиятни бошқаришда, унга таъсир қилишда ҳеч қандай роли бўлмайди. Улар катта мафия чизиб берган йўлдан чиқмайдилар. Катта мафиянинг кичик, жуда кичик механизмлари сифатида қолаверадилар. Агар белгилаб қўйилган йўлдан чиқадиган бўлсалар, дарҳол “разборка”га тортиладилар ва мафиябоши томонидан ҳукмлари ўқилади.
-100-
САВОЛ: Ислом Каримовни доим танқид қиласиз, лекин таклиф айтмайсиз, хўш нима қилиш керак, қани бирорта таклиф айтингчи? Таклифингиз борми ўзи? (Рустам).
ЖАВОБ: Жуда кўп таклифларим бор. Мана фақат биттаси:
-дарҳол мамлакатни компютерлаштириш вазирлиги тузардим ва вазирга бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомини берардим:
-чет элдан келаётган барча ёрдам, қарзларни ва Ўзбекистон олтинларининг фойдасини шу соҳага ташлаган ҳолда компютер синфлари, курслари, мактаблари очадиган барча кишиларга, бу соҳага керакли корхоналар қурадиган мутахассисларга узоқ муддат фоиздан озод қарз беришни йўлга қўярдим;
-чет элларда юрган барча ёшларга қайтиб бу ҳаракатга киришишлари учун имтиёзлар яратардим;
-зарбоф тўнни тўғри келганга кийгизмасдан дунёдаги кучли, гигант компютер ва технология компанияларининг раҳбарларини мамлакатга таклиф этиб, уларга фахрий фуқаролик берган ҳолда ётиримлари ва фаолиятларини беш йилга солиқдан озод қилардим;
-улар ўз компанияларини кўчириб келган тақдирларида 10 йилга солиқдан озод этардим;
-қўшма корхоналар тузганларида ҳам катта қулайликларга эга бўлишлари учун йўл очардим;
-мактаблар, олий оқув юртларида компютер дарслари ўтилишини дастурларга киритар эдим;
-қисқа пайтда бу борада барча қонуний кафолатларни яратган ҳолда миллатнинг компютер саводхонлигини дунёнинг энг илғор мамлакатлари даражасига кўтариб, жуда кўп иш жойлари яратиш билан бирга мамлакатнинг қудратини оширган бўлардим;
-ўзим ҳам бу ишдан узоқ турмаган ҳолда дастлабки йил ҳафтада бир марта, кейинги йил ойда икки марта ва учинчи йил ойда бир марта Интернетда бу соҳа билан шуғулланаётганларнинг саволларига жавоб берардим, уларнинг муаммолари, йўлларига тўсиқ бўлаётган қийинчиликлар билан шуғулланар эдим, бу соҳа муаммолари матбуот марказида туриши учун ҳам имкон қидирардим….
Бу жуда қисқа пайтда катта самара берадиган йўлдир. Лекин бу демократия ва эркинликларга йўл очгани боис Каримов бунга қўл уришга қўрқади.
-101-
САВОЛ: Кўп ёзган асарларингизда керакдан ортиқ Ислом Каримов номи кўп ишлатилган. Бу баъзи одамларнинг Жаҳонгир Маматовнинг шахсий алами бор, деб ўйлаш учун сабаб бўлмоқда. Шунга нима дейсиз? (Бир дўст).
ЖАВОБ: Жуда таниш ибора. Режим маддоҳлари такрорлаб келаётган гап бу! Лекин тўғри гап.
Ҳа, Ислом Каримовда менинг шахсий аламим бор. Чунки у менинг халқим, менинг миллатим, менинг ватанимни оёқ ости қилди, хор этди, истиқлол йўлидан қашшоқлик ботқоғига итқитди.
Менинг сон-саноқсиз онаизорларим нафақат қозоғ-у қирғизнинг, ўрусу-арабнинг остонасида балки бутун дунё бўйлаб чўрига айландилар, мардикор бўлдилар.
Менинг минг-минглаб акаларим бир бурда нон илинжида бошини кўтара олмайдиган даражага туширилдилар.
Менинг миллионлаб дилбар сингилларим ва мард укаларимнинг келажаги ер билан яксон қилинди.
Менинг ижодкор, зиёли дўстларим гадойлик кўйига солиндилар.
Шундай экан, қандай қилиб менинг шахсий аламим бўлмасин!
Матбуот лаганбардорларнинг минбарига, партиялар “пахта қўювчи”ларнинг гаштак-гапига, сайлов диктаторнинг сийловига, демократия эса унинг ўйинига айлантирилди, ҳақ деганлар қамоқда, рост сўз айтганлар қувғинда ва шунда ҳам Ислом Каримовда алами бўлмаган одамнинг ҳислари ўлган, орзулари битган, ўзлиги бичилгандир!
-102-
САВОЛ:Ислом Каримов номини кўп эслатмай, кўпроқ Ўзбекистонда тоталитар тузум ўрнатилгани, ҳукуматнинг Ўзбекистон халқига қарши сиёсат олиб борганлиги ҳақида, деб ибора ишлатилса, бунга нима дейсиз? (Абдунаби).
ЖАВОБ: 1990 йиллар бошида одамларнинг лоқайдлигидан ҳафсаласи пир бўлган таниқли адиб Зоҳир Аълам “Биз жонимизни жабборга тикиб, шунча туртсак ҳам уйғонишмади. Балки энди диктатордан орқаларига тепки еб уйғонишар!” деган эди. Диктаторнинг тепкиси ҳам аксариятни уйғота олмади. Уйғоқлар ҳали ҳам уйғоқ, ухлаганлар ҳали ҳам мудроқ.
Сиз менинг ёзганларимни ўқиб чиқинг. Бу борада жуда кўп тўхталганман.Мен ўтган йилларда Каримовни фош этиш билан бирга, ўзини унга мухолифман деб юрганларнинг баъзиларини умумий гапдан нарига ўтмасликда, Каримовни эмас, мавҳум ҳукуматни, мавҳум режимни сийпалаб қўяётганлари учун танқид қилиб келмоқдаман. Сиз эса менга Каримов номини эслатмасликни таклиф қилаяпсиз.
Мен бугунга қадар диктатура нима эканлигини тушунтириш учун интилдим. Лекин мана сиз ҳам ҳали диктатура нима эканлигини идрок этмабсиз. Чап ва ўнг қулоғингиз билан эшитиб олинг, Ўзбекистонда диктатура бу шахснинг кўпчилик устидан диктати, ҳукмронлигидир. Бу шахс эса Ислом Каримовдир. Шундай экан, истайсизми истамайсизми, унинг номини такрор ва такрор айтишимизга тўғри келади.
-103-
САВОЛ: Сизнинг тарафдорларингиз ва дўстларингиз Ислом Каримов яратган системаси худди аждардек кўп бошли эканлигини билишлари керак. Шундай экан, Ислом Каримовга қарши эмас, бу ерда тўлиқ сиёсий системага қарши курашиш керак, эканлигини билмайсизларми? (Бир дўст).
ЖАВОБ: Ҳа, бу режим-аждар. Аммо сиз айтган каби кўп каллалик эмас, бир каллалик аждардир. Бир боши кесилгандан кейин иккинчи калла ўсиб чиқадиган аждар, балки?! Аммо кейингиси Ислом Каримов бўла олмайди. Чунки бу шахсият, феномен билан боғлиқ. Каримов атрофида ўзига ўхшаган шахс, феномен йўқ. (Худога шукур!) Бугун Ўзбекистондаги тўлиқ сиёсий системанинг оти Ислом Каримовдир.
Диктаторлар ўз атрофларида ҳезалакларни тўплайдилар, шу боис ҳам улардан кейин ҳарқандай давлат, ҳар қандай тузум, ҳар қандай империя емирилади.
Бугун бутун мамлакатнинг матбуоти Каримовга маддоҳлик қилиш минбарига айлантирилган, ҳатто боғчадаги болага ҳам Каримов деган сўз ёдлатилмоқда.
Мактабларда, олийгоҳларда унга, унинг кимлардир ёзиб берган “асарлари”га сиғиниш дарслари ўтилмоқда.
Четда ҳам баъзан маддоҳлар топилмоқда.
Шундай кезда қўйинг энди ҳеч бўлмаса биз унинг қилмишларини ўз номи билан айтиб турайлик. Уммондан қатра бўлган бу ҳол магар сизга кўп туюлаётган бўлса, демак,
Мақтовдан кўзлари қамашган элмиз,
Кундуз ҳам йўлидан адашган элмиз!
-104-
САВОЛ: “Шарқ демократияси” деган тушунча асли борми ёки бу ҳам манфаатлар учун ўйлаб чиқарилганми? Сизнингча Ўзбекистондаги ва АҚШ даги демократия бир хил бўладими? (Баҳром).
ЖАВОБ: Демократия дегани бу лотинчадан таржима қилганда Халқ бошқаруви деганидир. Агар кимдир (Каримов ва Туркманбоши) демократиянинг “Шарқ усули” деб гапираётган бўлса, демак у халқ бошқарувини инкор этиб, диктатурани тарғиб этмоқда.
Мен жуда кўп такрорлашни яхши кўрадиган ва инкор этиб бўлмайдиган бир ҳақиқат бор. Демократиянинг камчиликлари кўп, аммо бугун мавжуд режимлар орасида инсон манфаатларига энг яқини демократиядир.
Шундай экан, нима учун мавжудлари орасида энг мукаммалроғи бўлганини инкор этиб, бошқа нарсани тавсия қилишмоқда?
“Қурт еган олма ширин бўлади”, деган ахмоқона гап бор. Ваҳоланки дўконга борган бирор киши ҳалига қадар яхши олмаларни четлаб айни пулга қурт еган олмаларни олган эмас. Аслида юқоридаги гап “Олманинг яхшисига қурт тушади” деган иборани ҳамма олмани ўзи ейишни мўлжаллаган (Каримовга ўхшаган) биттаси ўзгартирган варианти бўлса не ажаб?! Яъни демократия ва “Шарқ демократияси” дегани каби.
Қонунлар олдида ҳамманинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сайлов, сўз эркинлиги, митинглар ва кўча юришлари кафолатланиши, мулк дахлсизлиги, адолат устиворлиги ва шу каби бошқа қадриятларнинг Ғарбга ёки Шарққа хослиги, мослиги деган гап йўқ. Булар инсон учун! Ҳамма жойда инсон инсондир! Қаердадир, кимдир (Каримов ва Туркманбоши) инсонни ҳайвон деб тушунса, бу унинг нуқси, инсонларнинг эмас.
Шарқ демократияси Ўзбекистонга кириб келса отасини полицияга топширишга тайёр болалар чиқади, каби гапларни Каримов кўп такрорлайди. Ваҳоланки, Шарқда минглаб Абдулатифлар отасини полицияга топшириш, суд қилиш у ёқда турсин тўғридан-тўгри ўлдиртириб юборган ва ўлдиришмоқда.
Ўзбекистон ҳукуматининг халққа эълон қилинмаган статистика маълумотларига кўра мустақилликнинг дастлабки ўн йилида оила жиноятлари олдинги шу даврга нисбатан 67 фойизга ўсган. Демак, отаси ёки онасини ўлдирганлар “Шарқ демократияси” пайтида камаймабди.
Ўзбекистондаги демократия АҚШдаги билан бир хил бўладими, деган гапга эса қисқа қилиб шундай жавоб беришим мумкин. Демократиянинг аниқ чизиб қўйилган расми ва қоидаси йўқ. Халқнинг талаби ва истаги унинг расми ва қоидасидир. Демак “Шарқ демократияси” деб кўкрагига ураётганлар халқни ана шу ҳуқуқдан маҳрум қилиб, демократиянинг расмини ўзларига мослаб чизмоқчилар.
Деҳқончасига содда қилиб айтганда “Шарқ демократияси” муаллифлари (Каримов ва Туркманбоши) халққа “Сиз ўзингиз истаган овқатни эмас, биз сизга берадиган нарсани (бу энди овқат ҳам бўлмаслиги мумкин) ейсиз” дейишмоқда.
-105-
САВОЛ: “Сариқ” матбуотга кенг йўл очиб берилиши, алоҳида спорт каналининг очилиши одамларни сиёсатдан узоқлаштиришнинг бир йўлими? Ҳозир халқимиз учун Ўзбекистоннинг Германия-2006 га чиқиши ҳар қанақа сайловдан муҳимроқ экани шунинг натижаси деб ўйлайсизми?(Баҳром).
ЖАВОБ:Олдинги саволингизга тўхталиш жараёнида қисман бўлсада бунисига ҳам жавоб бердим. Фақат шуни қўшимча қилмоқчиманки, “сариқ” матбуотнинг диктатурага таҳликаси йўқ. Агар таҳлика келтирмаса, балки ўзига заррача фойдаси тегса, диктатура ҳар қандай нарсага йўл қўйиб беради. Агар таҳлика яратадиган бўлса, бир зумда ўзининг “жигари”дан ҳам воз кечиб юбораверади. Бу диктатуранинг муҳим хусусиятларидан биридир.
Сайлов таҳлика яратадиган омил. “Сариқ” матбуот эса дунёга “Мана бизда мустақил матбуот бор” дейиш ва сиз жуда тўғри қайд этганингиз каби одамларнинг фикр “ошқозони”ни “ахлат” билан тўлдириб туриш учун керак. “Германия-2006″ ҳам шу жиҳатдан қўл келади.
Қолаверса, яна бир омилни унутмаслик керак. Диктатура шароитида эмин-эркин валдирайдиган ва “девори”га яқинлашиб бўлмайдиган мавзулар бор. Спорт ва “сариқ” матбуот мавзулари сиёсатдан узоқ ва эмин-эркин валдирайдиган соҳалардир. Бу ҳам мазкур соҳаларнинг бўртиб, олдинга чиқишида қандайдир рол ўйнайди.
-106-
САВОЛ: Ёшлар телеканалининг очилиши, унда Хайрулла Нуриддинов, Собир Турдиев каби сиёсий шарҳловчиларнинг чиқиши ёшларнинг онгига “сиёсат”ни сингдиришнинг янги йўлими? 1-канал (Ўзбекистон)нинг ҳали ҳам алмисоқдан қолган усулларнинг қўллаши сабабми ёки? (БАҲРОМ).
ЖАВОБ: Диктатура шароитида ҳаётнинг ҳамма соҳасида бўлгани каби матбуотда ҳам якка шахсларнинг роли бўлмайди, улар ҳеч нарсага қодир эмаслар ва бирор нарсани ўзгартириш мақсадидан ҳам йироқ бўладилар. Чунки уларда мақсаднинг ўзи бўлмайди. Ҳўкизлар бичиб қўйилгани каби муҳим нуқталарда ишловчи кишиларнинг ҳам мақсад томирлари “кесилиб”, улар манқуртга, диктатуранинг қулига айлантириладилар. Режим яхши деган нарсани яхши дейдилар ва режим ёмон кўрган нарсани қоралайдилар.
Уларнинг ораларида “бичиб” қўйилганликларини билсаларда диктатурага чин дилдан, ошиғи билан хизмат қилиб берадиганлари бўлади. Бу худди ихтиёрий фоҳишаликка, яна ҳам аниқроқ айтганда фоҳиша фалсафасига ўхшаб кетади. Биров билмаса кайфни суриб, мукофотни олиб яшаб юраверадилар, биров билиб қолса, “зўрлашди” дейишади.
Ҳали кўрасиз, Каримовдан кейин уни биринчи бўлиб қоралайдиганлар шу режимнинг фоҳишалари бўладилар. Ўшанда уларга “мард бўлсанг, Каримов тириклигида гапингни нега айтмадинг” дейишганда фоҳиша фалсафасини ишга соладилар.
Хуллас, қандайдир шахслар ёки каналларнинг диктатура шароитида аҳамияти йўқ. Режим истаса ҳамма каналларни ҳам битта йўлга хизмат қилдиради. Афсусланарли жиҳати шундаки, бу режимнинг битаётгани ойдинлашгани билан унга астойдил хизмат қилаётганлар ҳамон ўзликларини англамаётирлар, этакларини йиғиштириб олмаяптилар.
Бугунги ёшларнинг бир қисми шундай “хизматкор”ларнинг қармоғига тушиши мумкин. Аммо кўпчилик ёшлар гап нимадалигини тушуниб олмоқдалар. Бу Гуржистон, Украина ва ҳатто қўшнимиз Қирғизистон даражасида бўлмаса ҳам лекин барибир умидбахшдир. Бугунги авлод бой берган фурсатнинг майдонини эртанги ёшлар тўлдирадилар. Бунга шубҳа йўқ.
-107-
САВОЛ: Ўзбекистон атрофдаги мамлакатларга кўра табиий ва бошқа бойликларга жуда бой. Ё нотўғрими? Бутун Ўзбекистонда шиорлар турибди: “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз”. Қанақа қилиб доктор бир ойлик маошига – ўртача 25.000 сўмга бозор қилиши мумкин? Юқорида кўрсатилган шиорга қараб мени кулгим келади ва қозоқ ёки қирғиз фуқароларидан ўзимни камситилган сезаман. Яшасин, Каримов! (Сардор).
ЖАВОБ: Мактубингизнинг охиридаги икки гап юқоридаги икки саволингизга қайси маънодадир жавоб бўла олади. Дарвоқе, ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Марказий Осиёда бойликларга энг бой ўлка.
Лекин шиор билан қорин тўймайди. Шиор кўзбойлоғич, тафаккурни алдатувчидир. Шу боис айниқса, диктаторлар шиорларни жуда севадилар.
Докторни мисол келтирибсиз. Аслида ўқитувчи ҳам, инженер ҳам, хуллас, ҳамма ҳамма ҳам бир марта бозорга тушса, бир ойлик маошидан айрилади. Кейин кимдир оч, кимдир тўқ. Тўқлар кимлигини ўзингиз биласиз.
Каримов “тарихий аҳамиятга молик” ишлар қилмоқда. Шулардан бири энг бой халқни энг камбағал халққа айлантирди.
Лекин инсофли ҳам бўлишимиз керак ва унинг бошқа ишларидан ҳам кўз юммаслигимиз даркор. Масалан, илгари бир мири ҳам пули бўлмаганлардан бир қанчасини дунёнинг энг бой одами қилиб қўйди. Мисолми, марҳамат: Гулнора Каримова…Агар президентнинг қизи бўлмаганда Гулнора бугун нари борса, сиз айтган 25.000 минг сўмлик маошга етишарди. Ёки Қозоғистон ва Қирғизистонга бориб, мардикорлик қилиб юрган бўларди. Аммо унинг миллионлари эмас, миллиардлари бор. Сиз айтгандек, “Яшасин Каримов!”
-108-
САВОЛ: Нега қамоқдаги журналист Ортиқали Номозов ўзини қамаган Ислом Каримовга мурожаат қилган? Қачонгача ҳатто зиёлиларимиз ҳам жаллоднинг ўзидан шафқат истайдилар, қачонгача ҳақиқатдан кўз юмадилар? (Шуҳрат).
ЖАВОБ:Кимнинг ҳам қамоқда ўлгиси келади?!
Наманганлик Ортиқали Номозов мендан бир йил кейин Журналистика факультетини битирган, истеъдодли қаламкаш, ўша йиллари ҳам ширин-шакар лавҳалар ёзарди. Кейинчалик бир неча йил давомида Ислом Каримов режимига садоқат билан хизмат қилган йигит эди. Президент фармони билан унга унвонлар берилганига ҳам кўп бўлган эмас.
Ҳар ҳолда шундан кейин у Ислом Каримовнинг “журналистларнинг ўзлари нўноқ, танқид қилишни билмайдилар” деган гапига ишониб қўйди, шекилли бир қанча “замбарак” мақолалар ёзди.
Аммо у режимнинг бети икки хиллигини ёки кўра олмади ёки кўрса ҳам энди ўзгаришлар бўлаётгандир деб ўйлади. Балки қарийб қирқ йил матбуотда ўтган умрини сарҳисоб қилиб, “Энди бас, халқ томонига ўтаман!” деб қарор ҳам берган бўлса ажабмас?! Нима бўлганда ҳам у ўзи етишиб чиққан режимнинг шохларига бир икки болта урмоқчи бўлди. Дарҳол қўлидан “болтаси”ни олдилар ва ўзини қамоққа солдилар.
У ҳали ҳам ўзи хизмат қилган режимдан мадад кутмоқда. Шу боис ҳам Ислом Каримов номига хатлар ёзиб ҳақиқатни рўёбга чиқаришни сўрамоқда. Агар Ислом Каримов ҳақиқатни рўёбга чиқарадиган одам бўлганда, у каби минглаб бегуноҳлар қамоққа кирмасдилар.
Оқиб кетаётган одам хасдан ҳам умидвор бўлади. Ортиқали Номозов ҳам ўзига унвонлар ва нишонлар берган одамдан нажот кутса, кутгандир? Балки нажот келмаслигини билгани ҳолда ва ёки билмагани ҳолда қилгандир бу ишни?!
Аммо уни ҳимоя қилиб чиққанлар режимдан анча узоқда турган ва яқинда тузилган Журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бўлди. Менимча, бу ташкилотнинг мурожаатига қўшилиш ва ёзганлари учун қамоққа тиқилган журналистни ҳимоя қилишга ҳисса қўшмоқ лозим. Бу эса ҳали ҳам режимга “пахта қўяётган” маддоҳларга “Ҳой, кўзингни оч, баччағар, эртага бу кун сенинг ҳам бошинга тушиб қолмасин!” дегани бўлади.
-109-
САВОЛ:Мен давлатимиз рамзлари (байроқ, герб, мадҳия)ни қандай қабул қилингани ҳақида билмоқчи эдим.Эшитишимча, бу катта баҳслар билан кечган. Бу рамзларнинг талқинига сизнинг муносабатингиз қандай? (Баҳром).
ЖАВОБ: Мен бу борада “Қувғин” романида ва мана энди “ИАК” романида ҳам қисман тўхталганман. Аммо бу батафсил, ипидан-игнасига қадар ёзиладиган масала. Чунки, ортида гаплар жуда кўп. Ҳозир мухтасар жавоб қилмоқчиман.
Байроқ масаласида… 1990 йил 20 Июнда Мустақиллик декларацияси эълон қилинганда Туркистон Мухториятининг байроғи кўтарилган эди. Аммо Каримов буни рад этди. Амир Темур байроғини қабул қилайлик, деганимизда ҳам баҳона топди ва тарихда Каримовнинг байроғи қолишини истагани мана энди аён бўлиб турибди. Мен ҳозирги байроқ қабул қилинишига қарши чиққан эдим, 12(?) юлдуз ва ранглар талқинига қўшилмаган эдим. Умуман янги байроқ қабул қилиш бу тарихимизга ҳурматсизлик, тарихимизни тан олмаслик деб билардим ва ҳали ҳам шу фикрдаман. Ўз тарихидан узилган халқ ўз келажагини ҳам йўқотади.
Герб масаласига келсак.. Унинг муаллифи ҳам Каримовнинг ўзи. Эски герб тасвирини столнинг устига қўйиб, мана бу ерини бундай, ана у ерини мана бундай озгина ўзгартириб чизинглар, деганига ўзим гувоҳ бўлганман.
Мадҳия сўзи ҳақида эса конкурс эълон қилинган ва Олий Кенгашнинг Примқул Қодиров раиси бўлган қўмитасида жуда кўп вариантлар муҳокама қилинган эди ва охирги кенгайтирилган мажлисида мен ҳам қатнашганман. Абдулла Орипов мадҳиянома ёзмаган ҳам эди. Каримов бошқаларникини қайтариб ташлаб, “Мадҳияни таниқли бир одам ёзиши керак ва олдингисининг йўлида бўлсин” деганидан кейин Абдула Орипов ҳозир ҳаммага ёдлатилган мадҳия сўзини ёзган ва ҳатто сессияда Каримов уни муҳокама қилишга тўсқин бўлганди. Ваҳоланки жуда кўп мамлакатларда мадҳия сўзини оддий одамлар ҳам ёзишган.
Шу боис рамзлар масаласида мен очиқ қарши овоз бергандим ва ҳозирга қадар ҳам уларни қабул қила олмайман.
-110-
САВОЛ: Каримовнинг қандай кетиш йўллари, вариантлари қолди деб ўйлайсиз? (Файзулло).
ЖАВОБ: Умуман бу борада илгари ҳам турли саволлар бўлган ва имкон қадар жавоб қилган эдим. Модомики, сиз ҳам савол берган экансиз ва мен ҳам саволларга жавоб бераман, деган эканман, демак, яна уриниб кўрамиз.
Каримов учун (қолаверса ҳамма учун ҳам) Тангри қандай йўл чизиб қўйганини билиш мумкин эмас. Шунингдек, Каримовнинг ўз кўнглида қандай йўл ётганини билиш ҳам мушкул. Фақат тахмин қилиш мумкин, аммо бу тахмин бўлиб қолади.
Сиз ҳар ҳолда мендан бугун дунёда модага айланган “инқилоб” вариантлари ҳақида эшитмоқчи бўлган бўлишингиз ҳам мумкин. Гуржистон, Украина инқилоблари каби вариантлар бизда истисно. Бундай вариантларга Марказий Осиёдаги қўшниларимиз янада очиқроқ. Қачон уларда шундай инқилоб юз берса, ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бу ҳақда гапириш мумкин. Чунки бир пайтлар Ўзбекистон поезднинг етакчи локомотиви бўлган бўлса, бугун охирги вагонларидан бири эканлигини унутмайлик.
Қолаверса, Гуржистон ва Украинада мухолифат ўзаги бошқарувнинг ичидан чиққан ва шу боис намойишлар куч билан бостирилмади. Бизда эса ҳар қандай намойишни кўзини чирт юмиб бостирадиган ва “Керак бўлса, тинчлик учун 200 кишининг бошини узишга тайёр”(И.Каримов) режим мавжуд.
Илгари Каримовнинг “кетиш” вариантлари кўп эди. Аммо у йиллар давомида асосий диққатини ана шу вариантларни йўқотишга қаратди ва энди уч йўл мавжуд деб ўйлайман.
1. У етмишга яқинлашиб қолмоқда. “Етмиш-кетмиш” деган гап. Шундай экан, бандаликни бажо келтириб ёки келтирмай нариги дунёга “кетиб” қолиши мумкин. Бу қочиб қутулинмас вариант.
2.Ваколатларини бир неча қисмга бўлиб, ўзи асосий “маслаҳатчи” сифатида қолиши мумкин. Бу устида ишланаётган вариант.
3.Ўз ўрнига кимнидир “тайинлаши” мумкин. Бу анча кутилмаган ва мушкул вариант.
Яна бошқа вариантлар қолган бўлса, сиз айтсангиз, мен жон-дилим билан эшитишга ва ўз муносабатимни ёки эътирозимни билдиришга ҳозирман.
-111-
САВОЛ: Адабиёт, санъат ва матбуотда кейинги йилларда мафия раҳбарларини идеаллаштириш пайдо бўлганига нима дейсиз? (Мурод).
ЖАВОБ: Бу Россияда ва айниқса, Ўзбекистонда яққол кўзга ташланмоқда. Одамлар наздида мафия тушунчасини ўзгартиришга уриниш бўлмоқда.
Аслида “Мафия–жиноий гуруҳларнинг ҳукумат билан бирлашиб кетгани” деганидир. Айтганингиз каби Ўзбекистонда турли мавжуд муаммоларни мафияга, лекин бошқа маъно берилаётган “мафия”га боғлаш анъанасини адабиёт, санъат ва матбуотда очиқ кузатмоқдамиз. Эътибор берсангиз, бунда уч нарсага урғу берилади: 1- мафия совет давридаги адолатсизликлар боис пайдо бўлган; 2- мафиянинг ҳукуматга алоқаси йўқ; 3- бугунги адолатсизликлар ҳукуматга эмас “мафия”га боғлиқ, деган нуқталардир. Бунинг энг ёрқин мисоли сифатида бундан бир неча йил олдин яратилган “Шайтанат”ни эслаш кифоядир.
Яъни бу оқим адабиётда Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари ва уни экранлаштириш билан бошланган эди. Бу анча муваффақият қозонганди. Аслида “Шайтанат” калимаси “Салтанат” калимасига ҳамоҳанг пайдо бўлган бўлсада, асарда салтанат ҳақида асар ҳам йўқ эди. Унда Совет режими даврида отасини қамаганлардан ўч олиш учун мафия раҳбари бўлган “қаҳрамон” ҳақида ҳикоя қилинар экан, ҳукуматнинг юқорисида ўтирганларнинг мафияга алоқаси у ёқда турсин, ҳатто ҳуқуқ-тартибот идораларининг мафия билан боғлиқлиги ҳам яширилганди.
Бунинг устига бевосита КГБ томонидан уюштирилган Фарғона воқеалари ҳам мафиянинг елкасига юкланиши бугунги режимнинг ўша кезда ҳукумат теппасида ўтирган раҳбарларини оқлашга қаратилгани очиқ кўзга ташланганди. Бунга масалан, мен ўшанда ажабланмаган ва бу салбий оқимни радиода атрофлича ёритган эдим. Чунки асарни филмлаштиришда унинг муҳаррири ҳукумат вакили Фарҳод Рўзиев ва бош маслаҳатчиси Ички Ишлар вазири Зокир Алматов эди-да!
Бу битта мисол. Бундай мисоллар жуда кўпайиб кетди. Хуллас, мафия бутун бошқарувни қўлга олгандан кейин, жиноий тўдаларнинг ҳукумат билан аралашиб кетгани ҳақида асар кутишнинг ўзи мантиқсизликдир. Улар қандай қилиб ўзларини фош қилувчи асарларга йўл қўйишсин, аксинча ўзларини оқлашга қаратилган асарларни нафақат рағбатлантирадилар, балки шундай “асарлар”ни яраттирадилар.
Фақат демократик жамиятдагина мафиянинг асл қиёфасини очиб ташлашга имкон туғилади. Шундай кунлар яқин. Бошқача айтганда кўпи кетиб, ози қолди.
-112-
САВОЛ:Ўзбекистонда дипломатия корпусининг вужудга келиши Каримовнинг хизмати эмасми?(Қаҳрамон).
ЖАВОБ: Биласизми, бир куни Афанди ўғлини ўйнатиб ўтириб:
-Сени яратиб улуғ иш қилдим, энди кўнглим тўқ, меросхўрим бўлади,-дебди. Шунда хотини:
-Бу сизнинг эмас, маҳалла оқсоқолининг хизмати,-деган экан. Афанди бошқача тушуниб, жаҳли чиқиб хотинига ўшқира бошлабди, шунда хотини:
-Чунки унинг 11 та боласи бор, уларни кўриб мен ҳам болам бўлсин, деб ҳавас қилгандим, мана Худо берди,-дебди.
Бу бир латифа. Аммо ҳамма нарсани “маҳалланинг оқсоқолига” ҳам боғлайвериш мумкин. Агар ўша ҳамма нарса бўлса, яъни ўртада туғилган ўғил бола бўлса.
“Ўзбекистон дипломатияси” деган гап йўқ бугун. Совет давридагидек дипломатия сургун саҳроси. Бош вазир ўринбосарлигидан ишдан кетса (Масалан, Ҳамидулла Кароматов) элчи, вазир ёки вазир ўринбосари лавозимидан олинса (Масалан, Абдулазиз Комилов, Владимир Норов, Анвар Солиҳбоев) элчи ва ҳоказо…
Ваҳоланки бутун дунёда дипломатия учун ўқишади, зинама-зина кўтарилиб боришади ва ҳукуматлар келиб кетаверади, аммо дипломатлар қолаверади.
Бизда-чи? Бошингизни қотирмасдан ҳали сиркаси тўкилмаган бир мисол билан фикримни якунлаб қўя қолай.
Исматилла Эргашев афғоншунос бўлгани ҳолда 2001-2003 йиллар Хитойда элчи эди. Дунёнинг энг катта мамлакатида элчи бўлган одамни Ташқи Ишлар вазири ўринбосари этиб тайинлашни тушуниш мумкин. Аммо 2004 йилнинг 7 Декабрида уни ўринбосарликдан бўшатиб, Озарбайжонга элчи қилиб жўнатишди. Дунё дипломатиясида бунинг тескариси юз беради. Кичик бир мамлакатдан каттароғига ва сўнгра парламент розилик берса, вазир ўринбосарлигига ва ҳоказо.
Мен вазир ўринбосари “сургун” этилиши сабабини ҳукуматдаги бир танишимдан сўрадим. Электрон жавоб-мактубдан икки сатр:
“Шанхай ҳамкорлиги Саммити кунлари Исматилла Эргашев “Катта”га ёқмай қолди. Кейинчалик “Ўзига ўхшаб мўйлов қўйиб юрадиганлар мамлакатига жўнатинглар” деб айтибди, мана Озарбайжонни топишди”.
Бундай ўзига хос ва ўзига мос дипломатиянинг шаклланишида табиийки Ислом Каримовнинг бениҳоя хизматини рад этиш ҳақиқатнинг кўзига чўп, суқиш демакдир.
-113-
САВОЛ: Мустақиллик майдонидаги 20 қаватлик осмонўпар бино йиқитилаётганидан хабарингиз борми? (Баҳодир).
ЖАВОБ: Хабарим бор эди. Аммо сизнинг саволингиздан кейин Тошкентдаги танишлардан бирига электрон хат ёздим. Маълум бўлишича, архитектура, гўзаллик каби гапларнинг ҳаммаси сафсата, баҳона экан ва бу ишнинг сабаби эса ғирт латифаомуз воқеадир.
2004 йилнинг Март ойида портловлар, хунук воқеалар юз бериб турганда кечаси Каримов 20 қаватли бинонинг юқори қаватларидан бирида чироқлар ўчиб-ёнаётганини кўриб қолади. Илондан қўрққан олачипор ипдан ҳам чўчийди, деганларидек, нима гаплигини аниқлашни буюради.
Маълум бўлишича бинода кимдир қўлбола электр иситгични унутиб қолдирган ва шундан электр линиясида чалкашлик чиққан экан. Каримов қандай қилиб бинога бу ускуна кириб қолгани билан қизиқади ва ўзининг махсус хизматига текширув ўтказишни буюради. Улар бинога қурол ҳам олиб кирадилар. Каримовнинг соқчиларини ким ҳам текширишга журъат эта оларди.
Хуллас, ёзилган ҳисоботда қуйидаги таҳликали вазият тасвирланади:
-Бинодан Девоннинг 6-қаватидаги Президент хонасини ва кичик мажлислар залини кузатиш ҳамда нишонга олиш мумкин;
-бинодан вазирлар маҳкамасидаги мажлислар залини ҳам кузатиш ва нишонга олиш мумкин;
-бош вазирнинг хонаси ҳам бино томонида бўлгани учун таҳликага юзма-юздир;
-мустақиллик байрами нишонланаётган пайтда зилзила рўй берса, бино ҳукумат одамлари ўтирган томонга қулайди;
-байрамлар пайтида президентнинг хавфсизлигини таъминлаш учун бинода жуда катта тадбирлар қилиш ёки ҳамма одамни вақтинча эвакуация этиш керак бўлади…
Хуллас, Каримовнинг “Бинонинг таҳликали юқори қисми бузиб ташлансин” деган гапи учун ҳисоботнинг шунчаси етарли бўлган.
Дарҳол баҳона излашга киришилган ва баҳона топишдан қулай иш йўқ. Айниқса, Ўзбекистонда.
-114-
САВОЛ: Рустам Азимов ҳақида фикрингиз, у ҳақда нималар биласиз! Азимов Каримовдан кейинги президент бўлишига қанчалик ишонасиз? (Нодирбек).
ЖАВОБ: Бугунги тошу тарозу бўйича президентликка номзодлар рўйхатида у ҳам бор. Лекин агар президентни танлаш Каримовга насиб этса ва у ўзидан кейин ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлишини истаса, Азимовга ўхшаган бирини танлаши ҳам мумкин. Аммо бу ўндан бир эҳтимол ва шундай бўлиб қолган тақдирда ҳам жуда қисқа вақтда у кетиб қолади.
Чунки унинг Тошкентдан бўлгани келажакдаги йўлига ғовдир. Унинг майдонга чиқишида арман мафияси рол ўйнагани ва бугунга қадар Тошкент мафияси билан анча-бунча “иш” қилгани ҳукумат доираларига кирган зарафшонлик ва фарғоналикларга яхши маълум.
Унинг устидан валюта амалиётларидаги фаолияти учун икки марта иш очилган ва кейин ёпиб қўйилган. Унинг Самарқанд гуруҳи билан ораси яхши эмас, хусусан МММ гуруҳи, яъни Мирзиёев, Мустафоев, Матлубовлар у билан келиша олмайдилар.
Каримов Мирзиёевни мувозанатда сақлаш учунгина уни биринчи ўринбосар қилиб қўйди. Агар ўзидан кейин уни қолдиришни кўзлаган бўлганида унга ҳам битта партия тузиб берган бўларди. Чунки бугун ё эртага Каримовга бир нарса бўладиган бўлса масалани парламент ҳал қилади. У ерда эса Мирзиёевнинг қўли баланд.
Рустам Азимов яхши иқтисодчи эмас, унинг иқтисодни билгани Каримовнинг молияни билгани кабидир. У асли тарихчи ва комсомол етакчиси ва зарурат учун иқтисод дипломини ҳам олган.
Ажабмас Каримов омон бўлса, келажакда молия борасида бугунга қадар йўл қўйилган барча жиноятларни унинг бўйнига урса?! Бу иш Каримовдан кейинга қоладиган бўлса, уни Мирзиёев бажаради ва Азимовнинг икки йўли қолади: четга қочиб кетиш ёки қамоққа кириш.
Албатта, бундай тахминлардан Худонинг каромати устундир. Нима бўлиши ва бўлажагини насиб этса, биргалашиб кўрамиз.
-115-
САВОЛ: Шавкат Мирзиёев Каримовга таъсир қила бошлади, деб ёзмоқдасиз, айни пайта Каримовнинг диктатор эканлиги, яккаҳокимлигини ҳам айтиб келаяпсиз, бундай пайтда унга қандай таъсир қилиш мумкин? Агар таъсир қилиш имкони бўлса, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар нега уни яхши томонга буриш учун таъсир қилмайдлар? (Умид).
ЖАВОБ: Каримов билан бирга ишлаган кунларимда уни анча яқиндан таниганман. Балки ҳамма диктаторларга ҳам турлича таъсир қилиш йўллари бордир, аммо Каримовнинг атрофида уюшган одамлар унинг жаҳлини чиқариш билан анча ишни битирадилар.
Масалан, мен олган аниқ маълумотга кўра, жумладан, сиз ўқиб турган мана шу савол-жавобларни кирилга айлантириб, баъзан эса русчага таржима қилиб, унга олиб кириб, жаҳлини чиқаришда фойдаланишар экан.
Шунингдек, у ёмон кўрадиган одамлар билан боғлиқ воқеалар тўқийдилар, уюштирадилар ва унинг жаҳлини чиқарадилар. Жаҳли чиққанда Каримовнинг кўзи қонга тўлади ва кўп нарсага хўп, деб юборади. Бу битта йўли.
Иккинчиси эса, Каримов билан ҳар куни кўришадиган беш-олти кишининг манфаати кимнидир йўқотиш масаласида бирлашса ўша одамнинг уйи хонавайрон бўлиши турган гап.
Масалан, эрталаб МХХ ҳисоботига икки сатр қўшилади: “С. Сафоевнинг Америкада катта бизнеси борлиги унинг Ғарбдан оқиб келаётган грантларни тўхтатишига моне бўлмоқда. Бу ҳақда унинг ўзи кеча Бош вазирга ҳам ишора қилди”.
Каримов бу ўзи ораларини бузиб қўйган Сафоев ва Иноятов ўртасидаги шунчаки гап, деб эътибор қилмайди. Кейин ИИВнинг ҳисоботини ўқийди. Унда ҳам шундай бир гап ва бир икки факт ҳам бор. Яна эътибор қилмайди. Кўп ўтмай маслаҳатчилардан бири киради ва шу борада шикоятни қистириб ўтади.
Энди Каримов масалага қизиқа бошлайди. Тушдан кейин Бош вазир келиб, ўтга керосин сепади. Оқшом эса, Эркин Халилов ҳам Ташқи ишлар вазиридан шикоят қилади. Шундан кейин Каримов Сафоевга бақиради, у йиғлаб ёлворади, содиқлигини айтади ва ниҳоят ўлдирсангиз ҳам розиман, дейди. Бу орада Сафоевнинг бошқа ҳаракатлари ҳақида ҳам тайёрлаб қўйилган ҳужжатлар Каримовнинг столи устида пайдо бўлади. Гулноранинг шикоятларини ҳам Татяна Акбаровна эрига айтган бўлади. Қарабсизки Сафоев ишдан кетди.
Бу сарой ўйинларидан фақат биттасининг эҳтимоли.
Аслида ҳам Содиқ Сафоев ва Мираброр Усмоновнинг кетиши ана шундай ўйинлар “самараси” эканлигига шубҳа йўқ. Чунки Каримов қариб қолди ва унинг атрофидагиларда Мирзиёевнинг президент бўлишига шубҳа қолмади. Шундай пайтда улар унинг командасида қолиш учун унга “ишлай” бошлайдилар.
Бироз вақт ўтгандан кейин Мираброр Усмонов бир фармон билан сенатдан ҳам астагина чиқариб қўйилиши мумкин. Аммо Сафоев масаласида буни айтиш қийин. Чунки Каримов бир неча кишини яхши кўрса, улардан бири Сафоевдир. Бугунга қадар унга қарши бир неча марта сарой фитнаси уюштирилди. Вақт ўтиши билан Каримов Сафоевни ёмонлаганларни назоратда тутиш учун уни яна қайтариб майдонга олиб чиқди. Бир муддатдан кейин (табиийки Каримов даврида) у ё Сенат раиси ва ёки президент маслаҳатчиси ёки бошқа бир катта вазифада пайдо бўлиб қолса, мен асло ажабланмайман…
Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов масаласига келсак… улар Каримов ҳузурига қандай масалалар билан кириб туришлари ҳақида илгари бир саволга жавоб бераётиб, батафсил ёзган эдим.
-116-
САВОЛ:Телевизорда Хуршид Дўстмуҳаммад чиқиб, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга кириб қонунга хилоф равишда ишлар қилмоқда, деб жар солди. Яъни улар платформаларидан ташқари ишлар қилишмоқда. Шуни учун ҳам биз уларни ишини тўхтатишимиз керак, Ўзбекистонга киритмаслигимиз ва шунга ўхшаш гаплар, деди. Биз қонунга хилоф иш қилмаётган эмасмиканмиз?
Бир дўстимиз Кореяда ҳаёт кечиради. Корейсларни Ўзбекистон билан тижорат ва ҳамкорликка чақирса, улар ўйланиб қолишар экан. Чунки дўстимиз айтади: бизни сиёсат бизнесга ҳам аралашгани чаккида. Шу ерда савол туғилади: Нима қилмоқ керак?
Бу ердаги савол-жавоблар жуда қизиқарли, кези келганда долзарб муаммолар ёритилади. Яқинда бир китоб ўқиб қолдим. Номи “Динда саволим бор…” деган. Унда бир инсон савол берганки, нима учун насоролар ва улар давлати ривожланади-ю, биз мусулмонлар ва ўлкалар улардан орқада қолади, яъни ривожланиш тушунилмоқда. Шунда жавоб шундай бўлган, тахминан: Агар мусулмонлар ўз динларида мустаҳкам турсалар, насаролардан ўзиш мумкин экан. Биз уларни динидаги амалларни қиламизу, нимага улар бизни диндаги амалларни қилишмайди? Манимча, масала шу ерда бўлса керак. Туғилган кун, янги йил, севги куни ва ҳаказо. Бу нарсалар бизга ёт нарса эмасми?
Нима учун улар динида маҳкам, биз эса уларга ва ёшларимиз Европага тақлид қилишади? Қиссадан ҳисса шулки, Худодан хам астойдил сўраш керакми, деб ўйлайман. Ўйлаш десам, сал хатороқ бўлар, таъкидлайман десам муболаға бўлмайди.
Халқимизни, юртимизни, келажагимизни фаровон бўлишлигини ҳам сўрамасак, минг ҳаракат қилганимиз билан Аллоҳ ўзи ёрлақамаса қийин экан. Аллоҳ таъоло айтади, “Сўрадингми, бермадимми?” Ихлос, иймон билан сўрасак манимча ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман. Бу масалада сизни фикр ва мулоҳазаларингиз. (Ёрқин, 2005 йил, 20 Феврал).

ЖАВОБ: Менимча жуда кўп саволларга ўзингиз жавоб бергансиз.
Хуршид Дўстмуҳаммад қайта қуриш ва ошкоралик йилларида бу гапларининг аксини айтар эди. Ҳали Каримов режими ўзгарса яна ўз “ҳолига” қайтиши турган гап. Бу аксарият ўзбек ёзувчи ва шоирларига, журналистларига қўндоқда теккан касал. Масалан, Одил Ёқубов Горбачев пайтида эркинликдан ёнар эди, кейин Каримовни улуғлади, саҳифа-саҳифа мақтовлар ёзди, аммо Каримовнинг кўнглини топа олмади, қайси кун радиода яна эркинлик ҳақида гапираётган эди, эртага Қаҳрамон унвонини олиб қолса, кимлар учундир мустақилликдан кейин эркин “сўз машъали” бўлган Озод Шарофиддиновдек зулм куйчисига айланиши ҳеч гап эмас.
Энди “Агар мусулмонлар ўз динларида мустаҳкам турсалар, насаролардан ўзиш мумкин экан…” деган гапга келсак, бу ҳам худди юқоридаги каби кўп томонлама гап.Масалан, шу гапдан шундай хулоса ҳам келиб чиқиши мумкин, демак мусулмонлар неча-неча асрдан бери динларида маҳкам турмабдилар, Худодан астойдил, ихлос-иймон билан сўрамабдилар, деган. Ёки вақтни фақат сўраш билан ўтказиб, Худо берган ақл ва идрокни ишлатмай қўйдилармикан?.
117-
САВОЛ:Жиззах ҳокими Ёмонқуловнинг АҚШга ташланиши ортида қандай гаплар бўлиши мумкин?(Расул, 2005 йил, 22 Феврал)
ЖАВОБ: Бирорта ҳоким ёки сенатор Каримовнинг имоси ёки изни бўлмасдан бундай чиқиш қила олмаслигини ёш болалар ҳам билиб қолган.
Тўғри, вилоят ҳокими Африканинг бир четидаги кичкина давлат ҳақида истагани қадар гапириши мумкин, аммо аскарлари Ўзбекистонда турган ва дунёнинг сиёсатини белгилаб бераётган давлат ҳақида ҳамсоясининг итига бақирган каби бундай чиқиш қилиши учун (хабарга қаранг) Оқсаройнинг буйруғи керак.
Хўш, нега Оқсарой тахтида ўтирган одам бу гапларни ўзи айтмасдан ёки “Ташқи сиёсат билан шуғулланасан” деб қўйган югурдаклари гапирмасдан, Тошкентдан анча узоқда бўлган Жиззах вилоят ҳокими вайсади. Агар Тошкентда айтилганда эди, бу гаплар дарҳол АҚШ раҳбариятига қадар етиб борарди. Демак, Каримов буни истамаган, балки бу яқинроқдагиларга (Россия, Марказий Осиё) ва маҳаллий аҳолига қаратилган.
Маълумки, кейинги пайтда АҚШнинг золим режимларга қарши жиддий курашажаги айтилмоқда ва Ўзбекистон ҳам тез-тез тилга олинмоқда. Қирғизистонда тинч йўл билан инқилоб бўлиши эҳтимоли ҳам уни безовта қилмоқда. Бунинг устига Ўзбекистонда ҳам яқин орада инқилоб бўлиб қолади ва бу ишни Америка ташкилотлари қўллашмоқда, деган гаплар тарқалган. Хорижий матбуот ҳам Америка демократиясининг Ўзбекистонга кириши заруриятидан тинимсиз сўз очмоқда. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам Американи ёрдамга чақирмоқдалар…
Ана шундай пайтда, “Нима бизга Америка!” дея Сталин 30-йилларда юргизган сиёсатдан фойдаланиш Каримовнинг хаёлига келган бўлса не ажаб?! Яъни халққа кўп ҳам Америкага ишонманглар, Америка демократия тарафдори эмас, балки зулм тарафдори, дея чўчитиб қўйишмоқчи.
Оқсаройга яқин манбалардан олинган маълумот ҳам буни тасдиқлади. Каримов бу борада “сиёсий профилактика” ўтказишни буюрган экан.
-118-
САВОЛ:Дунёда кўпгина давлатларда демографик чеклашлар мавжуд (Хитой, Ҳиндистон ва ҳоказо) ва бу ҳеч қандай эътирозга сабаб бўлолмайди, менимча. Аммо Ўзбекистонда туғилишни чеклаш сиёсати нималар билан боғлиқ? Ёки бу ҳукуматни ўзининг иқтисодий сиёсатда ноқобиллигини (макроэконом бундан мустасно) хаспўшлаши-ми?
Албатта, кўпчилик бу ҳақда гап кетганда, дарров “Кўрпанга қараб оёқ узат” иборасини эслатади. Бундан ташқари фарзандлар сони оиланинг моддий аҳволи билан ҳам боғлиқ ва буни давлатсиз ҳам кўп оилалар тушуниб, ошиб борса иккита фарзанд етарли, деб ҳисобламоқдалар. Аммо демографик чеклашнинг асосий сабаби шу кабилар, деб ўйлайсизми? Умуман демографик ўсишнинг стратегик аҳамияти борми (Ўзбекистон учун)? Агар бор, деб ҳисобласангиз, қайсилар ҳамда демографик ўсишни таъминлаш учун туғилишни тарғиб қилиш шартми? (Зокиржон).
ЖАВОБ:Анча мураккаб савол. Чунки бу масала нафақат ҳар бир мамлакатнинг ички вазиятидан, балки ҳар бир оиланинг ҳам аҳволидан келиб чиқадиган нарса. Хитойда бола туғилишини чеклаш миллий сиёсатнинг энг долзарб қисмига айланган бўлса, Россияда кўп болаликни тарғиб қилиш Совет давридагидан уч баравар оширилди. Ўзбекистонда давлат миқёсида олиб кўрадиган бўлсак, кўп болаликни тарғиб қилиш мамлакатнинг яқин келажаги учун стратегик аҳамият касб этиши мумкин, аммо ҳукуматнинг бугунги вазияти учун турли муаммолар яратади. Яккаҳокимлик, марказлаштирилган ҳукумат шароитида халқ муаммолар гирдобида қолади ва буни табиийки ҳукуматга боғлайди. Шундай экан, аҳоли қанча ошса авторитар ҳукуматнинг бош оғриғи ҳам шунча ошади. Бугунги чекловларнинг бир сабаби ана шундан келиб чиқади.
Аслида оилада болаларнинг кўп ёки оз бўлиши бу иқтисодий вазият билан ҳам боғлиқ эмас. Масалан, ривожланган давлатларда бойлар ва иқтисодий жиҳатдан ўзини тутиб олган ўрта синф оилаларида кўпи билан уч ёки тўрт, бўлмаса бир ёки икки бола бўлади. Аммо ҳали ўрта синф даражасига етмаган оилаларда эса болалар сони жуда кўп. Дунёни бошқаришда кучли таъсирга эга бўлган бир неча халқ бор ва уларнинг демографик аҳволига назар солсангиз оилада бир ёки икки боласи бўлади. Бутун диққатни ана шу болаларни мукаммал қилиб етиштиришга уринадилар. Бир қанча мусулмон мамлакатларида эса, Худонинг бергани, бола қанча кўп бўлса шунча яхши деган ақидага амал қилинади. Аммо бу мамлакатларда қулдорлик, диктаторлик ҳукм сурмоқда ва ёшлар кўпайиб кетиб, иш етмаслиги йирик ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ишсиз ёшларни жиноий мақсадларда қўлланиш ҳам ана шундан келиб чиқаётир.
Кўрдингизми, бу масаланинг аниқ бир жавоби ёки аниқ бир йўли йўқ. Менга қолса бу масалага ҳукуматлар аралашиши мақбул эмас. Оила ўз орзулари, ўз имкониятлари ва ўз стратегиясидан келиб чиққан ҳолда бунга қарор бериши керак. Яъни содда қилиб айтганда сиз эслатган каби “Кўрпангга қараб оёқ узат” деганларнинг гапида жон бор.
Аммо, табиийки оиланинг ана шундай қобилияти бўлса. Демак, гап оиланинг қарор олиш қобилиятини оширишда. Бу эса сиёсий зуғум билан эмас, балки илм, эркинлик, маданият ривожи, тафаккур истиқлолига йўл очиб қўйиш билан амалга оширилади.
Менимча бир мамлакат учун демографик ўсишнинг стратегик аҳамияти унчалик муҳим эмас. Авропада аҳолиси жиҳатидан катта бўлмаган бир қанча мамлакат аҳоли сони билан дунёда биринчи бўлган Хитой ва Ҳиндистондан ҳар томонлама олдинда. Баъзилар Хитой ва Ҳиндистон аҳолиси билан дунёни босиб олади, дейдилар. Мен бунга қўшилмайман. Бугун Америкада хитойликлар ва ҳиндистонликлар жуда кўпайиб бормоқда. Лекин уларнинг аксарияти кўринишда, келиб чиқиш тарихида мазкур мамлакатларга боғлиқ бўлсаларда ўзларини тушунишда америкаликдирлар ва американи ватан деб биладилар. Унинг сиёсатида, унинг бошқарувида иштирок этмоқдалар ва керак бўлса Хитой ёки Ҳиндистон сиёсатига қарши ҳам чиқмоқдалар.
Бугун Дунё глобаллашув томон бормоқда. Бундай шароитда демографик тушунча торайиб боради. Авропа бирлиги каби иттифоқлар бора-бора ягона дунё, ягона бошқарувга асос бўладилар. Оддий қилиб айтганда бир кун келиб, ҳамманинг паспорти битта бўлади. Мен дунёнинг учмингинчи йилларини ана шундай тасаввур қиламан.
-119-
САВОЛ: Ўзбекистон Олий кенгашининг 1990 йиллардаги сессияларининг стенограммаси сақланиб қолганми? (Шодиёр, 2005 йил 23 Феврал).
ЖАВОБ:Ўзбекистон Олий мажлисининг 1990 йилда янги сайланган ХII чақириқ биринчи сессиянинг стенографик тафсилоти китоб ҳолида нашр этилганди. Каримовнинг сирлари тарихга кўча бошлагани унга ёқмади, шекилли, сессияни фақат магнит лентасига ёзиб олсангизлар, етади, деб кўрсатма берибди. Аммо кейинги сессияларнинг бирида ичкарида ҳатто магнит лентасига ёзиб олиш ҳам тўхтатилганини билиб қолдим. Олий кенгаш аппарати котибиятининг раиси Омон Ҳамидович Олимжоновга (Шоир Ҳамид Олимжоннинг ўғли-ЖМ) мурожаат қилсам:
-Эркин акангиз билан гаплашинг, у кишининг изнларини олганмиз,-деди.
Ўзим ўринбосар бўлган ошкоралик қўмитаси раиси Эркин Воҳидовга:
-Бу ахир тарихни йўқ қилиш, тарих олдидаги жиноят-ку?!-десам у киши:
-Жаҳонгиржон, икир-чикирларга ҳам эътибор қиласиз-а?! Каттароқ, муҳимроқ нарсалар ҳақида ўйлашимиз керак,-деди.
Хафа бўлдим ва навбатдаги сессияда бу масалани кўтариб чиқдим. Тарихни сохталаштириш учун шундай қилинаётгани ва келажак авлод олдида жиноят содир этилаётганини айтдим. Каримов бошини эгиб эшитди ва кейин Эркин Воҳидовга қараб “Нима гап?” дегандек ишорада бўлди. Эркин ака менинг ёнимга келиб, “Ҳаммаси жойида, гаплашганмиз, бундан кейин стенограмма юритилади” деди.
Афсуски, бу ҳам найранг экан. Балки кейинчалик Олий мажлис Каримовни мақташ минбари бўлгач бу иш тиклангандур? Аммо 1990-1993 йиллардаги сессияларнинг стенограммаси ёзиб олинмаган.
Ойни этак билан яшириб бўлмайди.Ўша кезлари девонда муҳокама қилиш учун видеога қайд этилган ёзувлар Президентнинг матбуот котибиятида ишлаган Мурод Муҳаммад Дўстда қолган ва Ўзтелерадио компанияси бошлиғи Абдусаид Кўчимов ёрдамида уни кўпайтиришгани ҳақида маълумот бор. Нархи осмонда. Фақат битта сессиянинг видео ёзуви 5 минг доллар.
Сотиб олганлар бор ва келгусида ўртага чиқса керак. Гарчи бизнес, пул топиш мақсадида қилинган бўлсада, Мурод Муҳаммад Дўст ва Абдусаид Кўчимовларнинг бу “жасоратига” қойил қолиш керак.
-120-
САВОЛ: Ўзбекистонда ҳам Туркия ва Покистонда бўлиб келгани каби ҳарбий йўл билан давлат тўнтариши эҳтимоли борми?(Мирзабек, 2005 йил, 24 Феврал).
ЖАВОБ: Мудофаа вазири Қодир Ғуломов худди ана шундай ҳоллар юз бермаслиги учун танлангандир.
…1990 йилларнинг бошида касалхонадан чиқсам, Сочидаги Ўзбекистон санаториясига йўлланма беришди. Аэропортда санатория бош ҳакими кутиб олди ва Совет даврида Шароф Рашидов учун қурилган бўлимга олиб борди. Боғ ичидаги бу кичкина бинода Каримовнинг устози деб танилдан Қудрат Аҳмедов умр йўлдоши Олмос опа (Ғафур Ғуломнинг қизи) билан дам олаётган экан. Кейин билсам, улар Рашидов учун қурилган хонада эканлар ва бизнинг боришимиз олдидан уларни бошқа жойга кўчиришибди. Шу санаторияда санъаткорлар Бобомурод Ҳамдамов ва Хайрулла Лутфуллаев ҳам дам олишаётган эди.
Бизга шаҳарга бориб келиш учун бош ҳакимнинг қора волгаси ҳам ажратиб қўйилди. Мен кўрсатилаётган бундай марҳаматдан ҳам ҳайратда эдим, ҳам ўзимни ноқулай сезаётгандим.
Кейин билсам, қўмитамиз раиси Эркин Воҳидовнинг қудаси бўлган Соғлиқни сақлаш вазири шахсан телефон қилиб, “Бу Ислом акамнинг топшириқлари” деган экан. Дастлабки кунлар Қудрат ака мени кўрганда жилмайиб, саломлашсада у қадар кўнглини очмади. Бу Совет даври раҳбарларига хос бўлган хусусият эди. Бунинг устига бизни дея уларни бошқа жойга кўчиришгани ҳам кўнглини оғритган бўлиши мумкин.
Мен бош ҳакимга “хатосини” тузатишни айтсам, “Бу менинг қўлимда эмас” деди.
Олмос опа биз билан очилиб гаплашарди. У бир куни менга:
-Акангиз унинг (Каримовни назарда тутмоқда-ЖМ) учун жонларини беришга тайёр, аммо у одамларни фақат қўлланишни билади, Шароф отанинг тирноғига ҳам арзимайди, ўзига керак бўлса сизга кўрсатилган илтифот каби бошга кўтаради, агар керак бўлмаса инфаркт қилиб юборади,-деди.-Шунинг учун Қодирга булардан узоқ тур дегандим, лекин у ҳам латталик қилиб тузоққа яқин бормоқда.
Мен нима учун керак бўлганимни кейин тушундим, сессияда Мирсаидовга қарши чиқиб, уни ер билан яксон қилишим, у ҳақда фельетон ёзишим керак экан. Аммо Каримовнинг мулозимати ўтмади ва мен бу топшириқни қабул қилмадим.
Лекин ўшанда Олмос опанинг айтган гапи тўғри чиқди, Қудрат Ахмедов сайловларга бош-қош бўлиб, катта хизмат қилгандан кейин, асфаласофунга жўнатилди. Поччасининг бошига келганларни билсада Қодир Ғуломов “ғинг” деган эмас. Аксинча “Каримовнинг Шароф Рашидов сиёсати”ни астойдил қўллади.
Каримовга ана шундайлар, яъни энг яқинларининг тақдиридан ҳам кўз юмадиган “Ворошиловлар” ёқади. Ташаббускор эмас, латта, лекин айтилганни бажарадиган, айтилмаганга қайрилиб қарамайдиган ғуломлар керак унга. Мана энди бошқалари каби Қодир Ғуломовнинг олдига ҳам суяк ташлаб қўймоқда. Орден, медал дегандай… Ёки Улуғбек номидаги боғни Ғафур Ғулом боғи деб ўзгартириб қўйгани каби!
Бунинг устига Ички ишлар вазирлиги ва МХХни Мудофаа вазирлиги каби кучлантириб қўйган. Ана шу омиллар ҳисобга олинганда Ўзбекистонда Туркия ва Покистондаги каби ҳарбий тўнтарув хавфи йўқ.
-121-
САВОЛ: Нуриддин Акрамович Муҳиддинов ҳақида бирор нарса биласизми?(Солижон, 2005 йил, 25 Феврал).
ЖАВОБ: Мен бу одам ҳақида афсонавий бир гап эшитган эдим. Уни “Иккинчи Киров” деб аташган экан. У КПСС Марказий комитети котиби сифатида Ленинградга борганда рус тилида жуда яхши сўзлаши ва қўлини ўйнатиб гапириши ҳамда бошқа ҳаракатлари билан одамларга Кировни эслатган экан. Унга жуда катта олқиш кўрсатилган ва бу Москвадагиларга ёқмаган деган бир миш-миш бор эди. Шу боис менда бу одамга нисбатан қизиқиш мавжуд эди.
1991 йил телевидениега раҳбар бўлиб келишим билан, Каримов ва Мирсаидов орасидаги зиддиятдан келиб чиққан ҳолда ўзбек раҳбарлари орасида бир-бирининг тагига “сув қуйиш”дек бир иллат, бир касалликнинг илдизлари ҳақида кўрсатув қилмоқчи бўлдим. Муҳиддиновни таклиф қилдим. Бажонидил қабул қилди. Келди. Юзи самимиятга тўла, табассум қилиб турувчи бир одам экан. Савол-жавобни ўзим қилдим. Саволларим Мирсаидов ва Каримов атрофида айлана бошлагач у кишининг лаби титрай бошлади. Бир пайт юзига тер сизди ва ранги оқарди. “Маззам бўлмаяпти” деди. Суҳбатни якунладим ва ўзим у кишини уйига қадар кузатиб қўйдим. Олой бозорининг орқасида, жуда катта ҳовлида яшар экан.
-Бу ҳовлини ҳукумат берган,-деди ва қўшимча қилди.-Менинг изним бўлмасдан эфирга берманг. Мен кексайиб қолган одамман. Эртага ЖЭК (Уй-жой бошқарув идораси-ЖМ)дан келиб мени чиқариб юборишса, қариган чоғимда қаерга бораман. Шундай ҳам мени Мирсаидов томонидаги одам деб, ҳовлини ўлчаб кетишди…
Унинг самимий эътирофига қулоқ солиб, рухсати бўлмагунча суҳбатни сақлаб қўйишга ваъда бердим. Ўша пайтда ундан хафа бўлмадим. Чунки ҳақиқатдан ҳам ёмон вазиятга тушиши мумкин эди-да.
Аммо эртасига тўполон бошланиб кетди. У бориб Каримовнинг идорасига бориб, “Мени алдаб чақирди, бўлмағур саволлар билан жиғимга тегди. Касал бўлиб қолдим” деб шикоят қилибди.
Мен кўп ўтмай телевидениени ташлаб кетганимдан кейин бир куни унинг суҳбатини эълон қилишди. У фақат Каримовни улуғлаган ва бундай раҳбарни “Худо бергани” ҳақида гапирган эди.
Кейин унга бир вазифа ҳам беришди. Китоби ҳам эълон қилинди…
ВАШИНГТОН: 2004-2005

2 Responses

  1. [...] “Оқсарой сирлари” китобидан. [...]

Comments are closed.