Яқин мозий

ТЕМИР ТЎСИҚЛАР

Ёки уларни қандай ҳатлаб ўтиш борасидаги ўнлаб саволларга мухтасар жавоб

1.Лидерман деган одам учун Ватаннинг қамоғи ҳам Ватан!

Бугун “президент бўламан” деган ҳаваскорларнинг сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Лекин улардан бирортасида сайловга яқин йўлатилмаслик учун қўйилган темир тўсиқларни қандай қилиб бузиш режаси йўқ. Умуман бугунги шароитларда бу тўсиқни бузиш мумкин-ми? Бу саволга жавоб беришдан олдин тўсиқларнинг ўзи нима деган саволга тўхталиш керак.

Ҳар жойда ҳар хил гап айтилади ва ҳар турлича талқин этилади. Бу борада Ўзбекистон Конститутсиясида “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас.” (89-модда) деган банд бор ва бу банд атрофида кўп гапирилмоқда.

Бу талаб ғайридемократик эмас. (Ҳатто Америкада ҳам шундай талаб мавжуд-ЖМ) Гарчи мен ўзим бу Конституцияга қарши овоз берган бўлсамда, унинг мана шу моддасини тўғри деб ҳисоблайман. Шу сабабдан ҳам “Лидерларнинг ўрни Ватандадир” деб ёзган мақоламда ана шунга урғу берган эдим.

Яқинда бир йиғилишда “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлатов  биз вазиятни ҳаддан зиёд кўпиртириб юбораётганимиз, бугун Ўзбекистонда сиёсий фаолият кўрсатиш учун имкон борлигини ва бунинг учун режим бировни ўлдиртириб юбормаслигини айтиб қолди. Мен унинг сўзини бўлиб, “Сиз нега бормаяпсиз бўлмаса?”,  дедим. Унинг жавоби “Мен борсам, мени ўлдиртириб юборади” бўлди. Худди мана шу нарса кўпиртириш. Бугун у қайтиб борса, Каримов ўлдиртириб юбормаслиги, унинг ўз ифодаси билан айтганда “учинчи синф боласига ҳам аён”.

Шунинг учун кимдир ўзини лидер деб ҳисобласа, эълон қилса ва қайтиб бориш керак бўлса, жамиятда ўзгартириш қилиш мақсад ерса, бунинг вақти бугундир. Бормайман, деса ҳам бу унинг ҳаққи. Шундан келиб чиқиб, Пўлатовнинг “бормайман” дейишини ва у сайловда ўз номзодини (ҳозирча-ЖМ) қўймаётганини, аммо сайловда қатнашайлик деб жон куйдираётганини тушуниш мумкин. Агар бу самимий ҳаракат бўлса, орқасидан бир ўйин келиб чиқмаса (буни вақт кўрсатади-ЖМ), у ҳолда унинг саъйи ҳаракатларини ҳурмат қилиш керак. (1-изоҳга қаранг).

Хуллас,  Конституциядаги тўсиқни мамлакат ичидан бир номзод топиш билан енгиш мумкин. Аммо Сайлов қонунида қандай тўсиқлар  бор ва уларни енгиш мумкинми?

2.Ҳукумат шохида юрса, сиз баргида юринг!

Демак, диктатор Каримов имозлаган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”  қонунга назар солиш керак. Бу 1991 йилда қабул қилинган қонунга ҳар йили, каллага бир фикр келганда тузатиш киритилади. Охирги марта 2005 йилда, яъни ўтган йили киритилган. Яқин кунларда яна бир нарсалар қўшилиши ҳам ҳеч гап эмас.

Сайлов жиловини қўлда тутиш учун ўйлаб топилган биринчи янгилик шуки,  аввал иқтисод, кейин сиёсат деган “фалсафа” асосида қонунга қуйидаги сатрлар битилган׃

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш таъқиқланади.” (6-модда).

Кўрдингизми, пулнинг жилови ўзларининг қўлларида. Бу ҳам оз шекилли, бошқа томонлар ҳам назоратга олинмоқда. Жумладан, хориждан бевосита шахсларнинг номига келадиган маблағлар ҳам ҳукуматни безовта қилмоқда. Ҳозир солиқ тўламаганлик баҳонасида бир неча шахсни жазолаб, бошқаларга дарс бериб қўйишмоқчи.

Шунинг учун, озми-кўпми ёрдам оладиганлар мавжуд қонунлар тартиби асосида солиқ тўлаб қўйишлари ва ҳукуматнинг бу тузоғига илинмасликлари керак. Ҳукумат шохида юрса, баргида юра олиш қобилияти бўлсагина, унга қарши тура олиш мумкин.

3.Сайловолди манзирати

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун    бир қанча жавобгарликлар белгиланган. Жумладан:

“Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.” (7-модда).

Бу эркин гапириш ва эркин ёзишга қарши ўйлаб топилган чиройли гап.  Масалан, фалончи чўтир десангиз, бас. Жаслиққа кетасиз. Гарчи у ростдан ҳам чўтир бўлса-да! Масаланинг бу томони қизиқ эмас.

Демак, шаъни, қадр қиммати деган умумий тушунчалар исталгани қадар талқин қилиниши мумкин. Масалан, “Президент урусга уйланган десангиз ҳақиқатни айтган бўласиз, аммо бу у кишинг шаънига тегиш деб баҳоланади. Ёки “Президент қариб қолди”, десангиз, ҳам шу. Ваҳоланки, у 70ни қоралаб, чол бўлиб қолди. Бу ҳақиқат, аммо айтиб кўринг-чи?

Шундай экан, сайлов арафасида ичкаридагиларнинг ҳар бир сўзни ўлчаб, кейин гапиришларига тўғри келади. Яъни сайловолди манзирати қилиш керак. Сўкиш даркор бўлса,  ташқаридагиларга қўйиб бериш лозим.

4.Чеклов… чеклов…

“Овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр етиш (эълон қилиш), шунингдек уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникатсия тармоқларига (шу жумладан Интернет тармоғига) жойлаштириш таъқиқланади.” (7-модда).

Бутун дунёда чеклов охирги кунга қўйилган. Ўзбекистонга эса беш кун керак. Агар фавқулодда бир кор-ҳол юз берса, беш кунда беш марта ойга бориб келиш мумкин деб ўйлашадида. Бу ҳам майли. Лекин латифа бу ёқда׃

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.” (8-модда).

Демократик давлатларда сайлов кампанияси икки йил олдин бошланади. Биринчи йили партия ичи сайловлари ва иккинчи йили мамлакат бўйлаб кампания. Бизда бир йил судралиб юришга тоқат йўқ. Уч ойда юмалоқ ёстиқ қилиб юборилади.

Демак, кучни тўплаб, ана шу уч ойда ишга солмоқ керак.

5.Эшитиб қўяверасиз, аммо…

“Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.” (24-модда).

Бу мухолифатга тегишли. Қани рўйхатдан ўтиб кўрсин-чи. Мўжиза рўй бериб ўтган тақдирда ҳам, олти ойда яна йўқотиб юбориш учун вақт етарли. Шунинг учун бу ҳақда бош қотирмаса ҳам бўлади. Кимдир партияни рўйхатдан ўтказамиз ва кейин сайловга кирамиз дейиши мумкин. Кимдир янги бир партия тузамиз, сўнг сайлов дейиши мумкин. Майли булар ҳам фикр. Эшитиб қўяверасиз. Аммо диққатни қуйидаги нуқтага жалб қилиш керак.

“Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаро ёки фуқаролар гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш учун камида уч юз нафар сайловчидан иборат сайловчилар ташаббускор гуруҳини тузиши мумкин” (24-модда).

Бу энди ўзини мухолиф деб билган ҳаммага оид.  Мана шу жойдан йўлга чиқиб, темир тўсиқни бузишни бошлаш керак. Уч юз киши тўпланиши учун четдаги уч юз киши номзод бўлмаслиги ва номзодни ичкаридан, легитим бўлганлар орасидан топиш керак. Шунда четдаги уч юз киши биттадан тоғаси ёки аммасини юборса ҳам мажлис тўпланади. Табиийки, мана шу мақоладан кейин 300 ни 30.000 минг қилиб тузатишмаса. У ҳолда 30 минг киши тўпланади. Йўқ, ҳукумат 30 минг киши бир жойга тўпланишидан қўрқади ва аксинча 300ни ҳам тўпламасликка интилади.(2-изоҳа қаранг).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сайловчилар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили гуруҳни рўйхатга олишни   илтимос   қилиб,   сайловга     камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади: сайловчилар ташаббускор гуруҳи аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи манзили, паспортининг серияси ва тартиб рақами кўрсатилган рўйхат; сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг ваколатли вакил тайинлаш тўғрисидаги қарори ҳамда қонунда белгиланган тартибда унинг номига расмийлаштирилган ишонч қоғози; Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар” (24(1)-модда).

Мана шу нуқта ҳам ошиб ўтиладиган катта теппаликдир. Чунки уч-тўрт киши қўрқитилиб, “биз қатнашмагандик” деб ёздириб олишса, иш хуржунга тушади. Бугунга қадар шундай қилиб келишмоқда. Шунинг учун мажлисга борадиган вакилларни алоҳида танлаш ва сўздан қайтмайдиган одамлар бўлиши ҳақида ўйлаш керак. Мана нега бугун бутун мухолифат бирлашмоғи ва ҳамма фаоллар ишга киришмоғи муҳимдир. Акс тақдирда арава ҳар томонга тортилиб, яна битта жойда депсиниб қолинаверади.

6.Жунбишга келиш муҳим

“Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш   беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди…

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод етиб кўрсатишга ваколатлидир, сайловчилар ташаббускор гуруҳи эса Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни, башарти мазкур номзод у ёки бу сиёсий партияга мансуб бўлмаса, кўрсатишга ҳақлидир” (24(2)-модда).

Демак, номзод танланганда унинг ҳукумат тузган ва мухолифатдаги бирор бир партияга аъзо бўлмаслигини ҳам назарда тутмоқ лозим. Акс тақдирда яна тарвуз қўлтиқдан тушиши мумкин.

Бутун мухолифат ва фаоллар бирлашиб ҳаракат қилишларининг шарт бўлгани мана бу тўсиқдан ўтишда айниқса, муҳимдир:

“Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сайловчилар ташаббускор гуруҳи республика сайловчилари умумий сонининг камида беш фоизи миқдорида, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) намояндаси бўлган сайловчилардан номзодни қўллаб-қувватловчи имзо тўплаши керак “ (24(2)-модда).

Бу осон жараён эмас. Аммо бутун мухолифат киришса, бажариш мумкин бўлган иш. Фақат олдиндан бир неча адвокатни олиш керак ва барча ҳужжатларни тайёрлашни уларга юклаш лозим. Шунингдек, номзод танлаганда мана бунга ҳам эътибор қилмоқ шарт бўлади:

“-қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;

-ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар;

-диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар” ( 25-модда).

Бир қарашда енгиб ўтилмайдиган тўсиққа ўхшайди. Аммо қаерларнидир портлатишдан анча ва анча осон. Ўзини ўлдиришдан ҳам анча осон. Бировнинг жонига қасд қилишдан ҳам осон.

Мен демоқчи бўлган нарса, бугун ҳам имкон ўлмаган. Бугун демократик кураш йўли бор. Мана шунинг учун жон-фиғон бўлиб бирлашиш керак деб фарёд қилаяпмиз. Мана шунинг учун бирлашишга қарши бўлганларни аёвсиз танқид қилаяпмиз.(3-изоҳга қаранг).

Тўсиқлар темирдир. Аммо чиниққан одам учун темир ҳам ҳеч нарса эмас.

28 Июн, 2006 йил

http://www.uzbekcongress.org/congress6/jm_qonun.html

1-изоҳ׃ Бу изоҳ орадан анча вақт ўтиб қўшилмоқда. Гап шундаки, биз тахмин қилганимиздек “сайловда қатнашайлик” деган гапнинг орқасида ўйин бор экан. Абдураҳим Пўлатов ҳамма реалликларга кўз юмиб, мамлакат ичидан чиқи ши мумкин бўлган мухолиф номзоднинг йўлини тўсиб, ўз грантларини сақлаб қолиш учунгина “мен ўзим номзодман” деб сиёсатани болалар боғчасига айлантирди. У ўзи аёвсиз танқид қилган Салай Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ) билан бир даражага тушди. Энди ўзбек жамиятининг инқорози учун асосий айбдорлар сони учтага чиқди׃ Каримов, Мадаминов. Пўлатов. Бу темир тўсиқларни фақат вақт ўртадан улоқтириши  мумкин, энди.

2-изоҳ׃ Темирни қизиғида бос деган гап бор. Мухолифат вақтида бу имкониятни ишлата олмади. Бугунга келиб, қонундаги бу “бўшлиқ” ҳам бекитилди.

3-изоҳ׃ Афсуски, 17 йилда 17 марта уринилгани каби бу сафар ҳам бирлашиш бўлмади ва бу билан мухолифат ўзининг куч эмаслигини исботлади. Ҳамма, ҳатто мухолифатчиларнинг ўзлари ҳам мухолифатга қўл силташди. Бу ном остида бугунга қадар бизнес қилиб юрган бир неча киши қолди ва улар ҳали ҳам катта гаплар гапириб, катта пуллар қилиш билан овора.

%d bloggers like this: