ЖАҲОНГИР Муҳаммад:ҲАЙҚИРИҚ (2007 йил. Савол-Жавоб)

ЯНА САДДАМ МАСАЛАСИДА
2-01-2007

jm112007.jpgСАВОЛ׃ Америка ҳам икки юзламачи, мусулмонларга қарши мамлакат, мусулмонларни менсимайдиган, такаббур мамлакат, манфаатпараст мамлакат. Бунга яққол исбот Саддам Ҳусайнни Қурбон ҳайити куни осганлигидир. Бошқа кунда осса ҳам майлийди. У ўзини қани мусулмонлар қўлидан келганини қилсин деб айнан шу кун осгани одамнинг нафратини қўзғатади. Каримов Американи чиқариб юбориб тўғри қилибди. Аввал бу учун хафа бўлгандим. Аслида Каримовнинг бу иши учун унга инсоният орденини бериш керак экан. Шундай эмасми? (Аҳмад).

ЖАВОБ׃ Бугун мусулмон дунёсининг аксарият қисмида ана шундай якка фикр ҳукмрон. Американинг ўзида эса икки фикр ҳукмрон. Бир томон Саддамнинг осилиш вақти нотўғри танланган деса, иккинчи томон бу вақтни ироқликларнинг ўзи танлади, дейди. Зотан АҚШ маъмурияти Ироқ ҳукуматига осиш вақтини икки ҳафтага кечиктирса яхши бўларди дея истак билдирган.
Умуман Америкада Ироқ масаласида икки фикр ҳукмронлиги демократларнинг сайловда ғолиб чиқишига олиб келди. Улар урушга қарши ўта жиддий кураш олиб бормоқдалар. Бушни ва унинг маъмуриятини жуда кескин танқид қилмоқдалар.
Мусулмон дунёсида эса битта фикр. Нега? Чунки иккинчи фикрга йўл берилмайди. Қолаверса, бугун Саддамнинг ўлимини ҳар томонга буриб, турли вазиятларга бошлаш, мазҳаблар урушига айлантириш биринчи галда дунёдаги диктаторларга жуда қўл келади. Менимча, бу ҳаракатларнинг ортида ҳам улар турибдилар. Биз эса асрлардир пропаганда қули бўлиб келганимиз каби бугун ҳам бошқача фикрлай олмаяпмиз.
Нега Саддам ўлдирган қарийб 2 миллион одам ҳақида ҳеч ким гапирмайди? Унинг тахтни босиб олиб, халқни эзиб келгани нега унутилди? Нега Саддамнинг ҳаёти бутун ироқликлардан устун бўлиб қолди? Кечаги коммунист Саддам бугун мусулмон лидерга айландими? Ал қасосу минал ҳақ деб юрганлар нима бўлди?
Ёдимизда уруш бошланмасдан олдин Саддамга ва жиноятчи ўғилларига мамлакатдан истагн жойларига чиқиб кетиш, Ироқда эркин сайловлар ўтишига йўл очиши учун 48 соат вақт берилди. Аммо кетишмади ва шу йўлни танлашди. Агар кетишганда бу қадар ироқлик ўлмаган ва мамлакат аллақачон тинч йўл билан бошқа тизимга кўчган бўларди. Саддамнинг ўзи “қон билан келган қон билан кетади”, йўлини танлади.
Биз учун масаланинг бу жиҳатидан ҳам диктаторнинг осилиш масаласи муҳим. Бугун диктаторлар осилиш масаласига қарши пропаганда бошлаб юбордилар. Энди Саддамни қайтариш мумкин эмас. Диққат қилинг, нега осилишдан олдин жимлик эди ва энди карнай чалинмоқда? Чунки энди қолган диктаторлар ўзлари осилмасликлари учун замин тайёрлашмоқда. Биз ҳам уларга қўшилиб, Фарғона воқеалари, Паркентда тўкилган қон, Талабалар шаҳарчасидаги қотиллик, Андижон хунрезлиги, минг-минглаб инсонларнинг ўз ватанидан айри тушганини унутиб, Аҳмадбек сингари уларни орденга лойиқ топмоқдамиз.
Уруш, босқинчилик ва диктатура масалаларини айри-айри ҳолларда кўриш керак.
Ҳали яқин-яқинга қадар минг-минглаб ироқликлар Американи айблаб, Саддам унинг одами, шунинг учун бу диктаторга кўз юмиб келмоқда, деб юргандилар. Ҳали ҳам минглаб ўзбеклар Ғарб Каримовнинг қотиллигига панжа орасидан қарамоқда, деб жар солмоқдлар. На унисига, на бунисига чидаймиз.
Кечаги ашадий сталинчи, КГБ мактабининг толиби, коммунист бугунги мусулмон дунёсининг лидерига аланиб қолса, бу жуда ташвишли ҳолдан дарак.
Бу аҳволда ҳеч қачон биримиз икки бўлмайди ва бугунга қадар бўлганидек, турли ўйинлар ва пропагандаларнинг қули бўлиб қолаверамиз.

БИРЛАШИШНИНГ ҲАММАБОП ЙЎЛИ
3-01-2007
САВОЛ׃ Биз кўп йиллардан бери бирлашиш ҳакида дод-войлар қиламиз, аммо ҳеч ким бирлашишнинг (А.Пўлатовдан бошқа) ҳаммабоб йўлини таклиф қилган эмас. Яъни бирлашиш ҳақида йиғлаверамизку аммо қандай бирлашиш ҳақида аниқ тассавуримиз йуқ. Бирлашишни ҳар ким ўзича кўрмоқда. Бунга сиз қандай қарайсиз.(Акбарали).

ЖАВОБ׃ А.Пўлатов кейинга пайтда битта йўлни илгари сурмоқда׃ “Бирлик”нинг атрофида бирлашиш. Бу аслида “Бирлашиб нима қиламиз” дегандек гап. Чунки бугунги мавжуд мухолифат сафларида “Бирлик” ва “Эрк”дан чиқиб кетганлар, уларнинг ишларидан қониқиш ҳосил қилмаганлар, лидерларини нодемократик деб ҳисоблаганлар ва ҳоказо шахслар, гуруҳлар бор. Бу нормал ҳолат.
Гап шундаки, улар озчилик эмас, бугунги фаол мухолифатнинг аксар қисмига айланиб боришмоқда. Ҳатто шундай бўлмаганда ҳам бирлашиш фақат фалончининг “раҳнамолиги”да бўлади, дейиш қолганларнинг ҳуқуқларини топташгина эмас, уларни ҳақорат қилишдир.
Дарвоқе, бир пайтлар А. Пўлатов бирлашишнинг адреси “Давра кенгаши” деган гапни ҳам айтганди. Кейинчалик бу ҳам унутилди. Бу ҳам ҳаммабоп йўл эмас эди. Чунки “Давра Кенгаши” ҳам “Бирлик”нинг давра кенгаши эканлигини ҳамма яхши билади.
Танқид қилиш осон, таклиф айтиш мушкул дейишингиз турган гап.
Биз ҳаммабоп таклифни айтган эдик. Бу – ҳамманинг ўрта бир Платформада – Маслаҳат Кенгашида бирлашишидир. Шу мақсадда Умуммухолифат қурултойи ғояси илгари сурилган эди. Аммо ҳалига қадар амалга ошмаяпти. Балки уни ташкил қилувчилар кимларгадир ёқмас. У ҳолда А. Пўлатов ёки М. Солиҳ ташаббусни қўлга олиб, биргаликда шу қурултойни чақиришсин ва “Биз ҳам сизлар каби қочқинмиз, ҳуқуқларимиз тенг, қурултойда ҳамма ўз қарашларини сақлаб қолган ҳолда умумий бир Платформа атрофида бирлашйлик” десинлар. Ҳамма рози бўлади.
Бу Платформа шундан иборатки, “Бирлик” ҳам, “ЭРК” ҳам, бошқалар ҳам ўз ички низолари билан ўз йўлларидан кетаверадилар. Аммо диктатурага қарши кураш стратегияси ва тактикасини белгилашда, бу куршни олиб боришда биргаликда ҳаракат қиладилар.
Бошқача айтганда, коалиция ҳукуматлари каби каттаю кичик бир бўлиб, умумий ишни юритадилар. Ана шунда улар Каримов режимига қарши алтернатив сиёсий кучга айланадилар ва дунё, халқимиз ҳам уларни эътироф этади.
Шу Платформада агар А. Пўлатов ҳаммани ишонтира олса, ҳамма бўлмаса ҳам кўпчилик уни қўлласа, бу демократия, сайловда бутун мухолифат уни қўллайди. Ёки М. Солиҳ кўпчиликни ишонтира олса, уни дастаклашади. Агар Б. Чориевнинг айтганлари кўпчиликка маъқул келса, унга эргашилади. Ёки Эшмат ва Тошматнинг дастури кўпчиликка маъқул келар. Мана сизга демократик, ҳаммабоп йўл.
Бу йўлни 2005 йилнинг 23 Май куни эълон қилгандик. Бугунга қадар амалга ошмади. Яқинда яна такрорладик ва бу охирги имкониятимиз эканлигини ҳам урғуладик. Бу сафар ҳам амалга ошмаса, демак бирлашиш ҳақидаги гапларни йиғиштириб, ҳамма ўз йўлида давом этаверади. Натижа эса аниқ׃ 15 йилдан бери қандай бўлса яна худди шундай׃ БОТҚОҚЛИК!

Дунё зарралардан ташкил топган

6-01-2007
САВОЛ׃ Бизнинг давлатимизда демократия томон ўзгариш бўлиши мумкинми? Мен ва менга ўхшаган инсонлар бу йўлда бирор иш қилишимиз мумкинми? Сизларнинг мақсадларингиз нима? АҚШ да яшириниб юрган вақтингизда Ўзбекистонда аҳвол юмшаса, кейин бу ерга келиб, демократияни тарғиб этасизми? Нимадир қилиш керак эмасми? (Бахтиёржон).

ЖАВОБ׃ Ўзбекистонда демократия томон ўзгариш бўлиши мумкин. Лекин мабодо ҳокимият Каримовдан Мирзиёевнинг қўлига ўтса, буни орзу қилмасангиз ҳам бўлади. Ундан бошқа ким бўлишидан қатъий назар аста-секин демократияга йўл беради. Бу ҳақда илгари жуда кўп ёзганман. Агар савол-жавобларнинг олдинги қисмларини ўқиб чиқсангиз мақсадимиз, сиз ва сиз кабилар нима иш қила олишингиз мумкинлиги ҳақида ҳам батфсил ёзилган. Чунки сиз кўп иш қилишингиз мумкин. Бу мамлакатнинг келажаги сизники ва сиз ҳозирданоқ бу ҳақда ўйламасангиз, четга кетиб, умрингизни мардикорликда ўтказасиз.
Менинг назаримда сиз энг аввало Ўзбекистоннинг ҳеч бўлмаганда яқин тарихни билишингиз керак. Бу дегани Каримов режими ёзиб қўйган сохта тарих эмас, балки турли манбаларда турлича ёзилган тарих. Ҳа, сиз бу режимга мухолиф бўлганлар орасидаги жиққа мушт тортишувларга ҳам дуч келасиз. Қўрқманг ва ўқинг, кейин ўзингиз хулоса қилинг. Ўшанда сизга “Нима қилиш керак?” деган саволнинг жавобига олиб борадиган эшиклар ҳам очилади.
Мен четда юрганлар, миллионлаб ўзбеклардан, яширинмай юрган ва Каримов режими ҳақида ҳар қандай фикрини ҳар қандай ҳолатда очиқ айтиб юрган саноқли инсонлар гуруҳидаман. Бу билан фахрланаман. Биз аҳвол юмшашини кутмасдан, турли йўллар билан демократияни тарғиб қилиб келмоқдамиз.
Сиз Андижоннинг бир бурчидан туриб, менинг адресимни топганингиз ва саволингизни йўллаб, унга жавоб олаётганингиз ҳам ана шу ишнинг зарра қадарлик бўлса-да самарасидир. Агар ҳар биримиз ана шундай зарра қадар иш қилсак вазиятимиз бугунгидек бўлмас эди.
Бугун ҳамма кимнингдир нимадир қилишини кутмоқда. Бу аҳволда узоқ-узоқ йиллар кутилаверади ва ҳеч нарса бўлмайди. Токи ҳар ким ўзининг нимадир қилишни англаб олмаса, жамият қолоқ бўлиб қолаверади.
Мана сизга бир майдон׃ интернетга кириш имкониятингиз бор экан, унинг қаршисидаги вақтингиздан озгинасини демократияга сарфлаб, ўзингиз яшаб турган муҳитдаги вазият ҳақида бизга хабар йўллаб туринг. Бу билан сиз Ватандан олисларда бўлган минглаб инсонларни ҳақиқий аҳволдан хабардор этасиз. Бу жуда катта иш бўлади.
Фақат илтимос, олдиндан бу иш учун пул талаб қилманг. Чунки бу ишлар пул билан қилинадиган масалага айланган нуқтадан бошлаб, биз ватанпарварга эмас, бизнесменга айланамиз. Зотан пул учун ёзадиганлар жуда кўп топилади.
Пул учун ёзадиганлар ёки мардикорларни камситиш, қоралаш ниятим йўқ. Айниқса, мардикорликни пастга урмоқчи эмасман. “Марди кор”- ”Эркакнинг иши”, “Марднинг иши” дегани. Мардикорлик жуда оғир меҳнат ва айни пайтда мажбурийлик натижаси. Ана шу мажбурийлик сизни ҳам, қолганларни ҳам ўзига боғламасин учун биз билан бирга сиз ҳам нимадир қилишингиз керак.
Бугун сиз ишни мен айтган одимдан бошласангиз, умид қиламанки, Ўзбекистоннинг келажагига мардикор бўлиб эмас, соҳиб бўлиб кириб боришингизга йўл очилади. Ҳатто биз қила олмаган ишларни ҳам сиз қилишингиз мумкин бўлади.
Унутманг, борлиқ-дунё зарралардан ташкил топган.

Мамлакат ташқарисида яшаб, “Президентликка номзодман”
дейиш қўрқоқлик белгиси
7-01-2007
САВОЛ׃ Ҳукумат сайловни 2007 йилнинг 23 декабрига мослаб қўйган ва барибир ўшанда ўтказади. Бугундан бошлаб уни енгиш учун кампания бошлаш яхши. Ҳозиргача 4 та одам “президент бўламан” деб айтмоқда. Агар эртага сайлов бўладиган бўлса, сиз қайси биттасига овоз берардингиз? (Эркин).
ЖАВОБ׃ Биз ўтган йилнинг 19 апрел куни Демократик Ўзбекистон Конгрессининг бу масаладаги очиқ ва аниқ позициясини эълон қилганмиз. Унда жумладан шундай дейилади׃ “Бугун ўзбек демократик мухолифатининг ташқаридаги барча аъзолари тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳамманинг битта статуси бор – ҚОЧҚИН! Шундай экан, уларнинг битта йўли бор: шахсий амбитцияни йиғиштириб, ўзаро бирлашиб, бутун сиёсий, молиявий ва маънавий кучни мамлакатга сафарбар этиш, ичкаридан битта номзодни танлаб, диктатурага қарши туриш. Бу демократик умуммухолифатнинг бирлигига ҳам кафолатдир. Биз ана шу йўлда ҳар қандай музокарага, таклифга очиқмиз ва ёрдам қўлини узатишга ҳозирмиз. Акс тақдирда 2007 йил ҳам ўтади ва мухолифат тарқоқ, кучсиз ва халқдан ажралган, Ватандан айро тушган, шахсий манфаатлари учун яшаётган бир неча кимсанинг атрофида уймалашган тўдаларга айланиб қолаверади”.
Саволингизга жавоб шундан келиб чиқади׃ мен ана шу позицияга содиқ қолган ҳолда Ўзбекистон ичидан чиққан номзодга овоз берган бўлардим. Бугун Ўзбекистон ичида мухолифат сафларидан “Мен президентликка номзодман” деган мардлар чиқмоқда. Шулардан бири иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовдир. У жуда фаол ва жасоратлидир.
Мамлакат ташқарисида яшаб “Мен президентликка номзодман” дейиш қўрқоқликни кўрсатади. Чунки номзод панада ўтириб иш кўрмайди. Халқнинг олдида, ичида бўлиши керак.
Мамлакат ичкарисида туриб, “Мен президентликка номзодман” дейиш эса, катта жасорат ва қаҳрамонлик белгиси. Чунки бу зулм машинасига юзма-юз қарши чиқишдир. Бундай одам ўз қаршисида жуда таҳликали воқеалар юз беришини кўзга олади. Шу жаҳатдан ҳам Жаҳонгир Шосалимовга қойил қолиш керак. У нафақат “Мен президентликка номзодман” деган гапни айтмоқда, балки у Ўзбекистонда юзага келган Конститутциявий буҳрон борасида биринчи бўлиб ҳуқуқий кураш ҳам бошлатди.
Хоразмдан ҳам бир киши номзод бўлишини айтганмиш. Аммо унинг сиёсий кимлигини билмайман.
Хуллас, ҳали мамлакат ичида мухолифат сафларидан номзодлар кўп чиқади ва биз бирлашиб, бирини танлашимиз керак.
Четдан туриб қилинадиган бошқа уринишлар эса, пайдо бўлган сўнгги умидларни ҳам болталаш ва Каримов режимининг жиноятларига шерик бўлишдан бошқа нарса эмас.

Азиз Эрназаровни “…отасининг руҳи урди”
8-01-2007

САВОЛ׃ “Постда” газетасининг Бош муҳаррири нега ишдан олинганини биласизми?(Расул).

ЖАВОБ׃ “Постда” газетасининг бош муҳаррири Азиз Эрназаров нафақат ишдан қувилган, балки устидан жиноий иш ҳам очилган. Бунга анча бўлди.
Унинг отаси, раҳматли Тўғон Эрназаров Миллий университет(илгариги ТошДУ)нинг журналистика факултетида бизни ўқитган. Иккинчи жаҳон урушида ногирон бўлган бу инсон бизни доим ҳақ гапни сўзлашга ундаганди. Унинг ўзи ҳам ҳақиқат томонида эди, доим. Аммо ўғли мансабга, пулга, порага сотилиб, диктатура режимига қарши бўлганларга жуда кўп ёмонликлар қилди.
Тўқсонинчи йиллар бошида у мухолифатни қақшатиб юрган ва Талабалар шаҳарчасида қон тўкилишининг бошида турган Урайимжон Абдуғаниев билан бирга Ўзбекистон телевидениеси орқали “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви билан Каримовни лаққиллатиб, анча одамни хонавайрон этишган.
Улар мени ҳам тузоққа туширмоқчи бўлишганди. Мен телевидениега раҳбар бўлиб келганимда бу кўрсатувда фақат Урайимжон Абдуғаниев чиқишини чеклаб, бошқаларга ҳам йўл очмоқчи бўлдим. Шунда Божхона ходимлари Жиззахда, қозоқ чегарасида тўхтатган Алишер исмли бир кишини “Бу Шукрулло Мирсаидовнинг жияни, шунинг учун Жаҳонгир Маматов у ҳақдаги танқидий материални сақлаб қолди” деб Каримовга айтишган. Каримов ўша кезда Мирсаидов билан ит-мушук эди. Менга телефон қилиб, Мирсаидов билан алоқамни узишни буюрди.
Мен Мирсаидовнинг жияни бир томонда турсин, ҳатто ўша Алишер дейилган киши ҳақидаги кадрлардан ҳам бехабар эдим. Шунинг учун текширувни талаб қилдим. Ҳалиги Алишер деган шахс Мирсаидовга алоқаси йўқ, фақат унинг жияни билан отдош ва Жиззахда одий тадбиркор экан.
У Қозоғистондан балиқ олиб келаётганда чегарада ушлашган ва катта пора талаб қилишса, машинасидаги балиқни ташлаб кетган экан. Шунда Азиз Эрназаров Жиззахга бориб, Алишерни тополмай, у ердаги бошқа одамларни ”Биз Жаҳонгир Маматовга пора бериб, бу кўрсатувни олиб қолдик” деган ёзувни имзолашга зўрлаган. Қўл қўйишмаса, уларга босим ўтказган. Лекин отасига раҳмат, қўрқмас одамлар доим бўлган ва улар жиззахлик депутатлар орқали менга чиқиб, бўлган воқеани билдиришди.
Мен “Фитна” деган фелъетон ёзиб, “Халқ сўзи”га бердим. Аммо тунда газетадан олиб қолишган. Кейин билсам, Каримовнинг топшириғи билан олинган экан. Ўшанда Азиз қилмишини бўйнига олишга мажбур бўлганди.
Лекин ҳаром йўлдан қайтмади. ИИВда ва Божхонада ишлаб юриб, полковник бўлди. Унинг дастидан жуда кўп одамлар қақшади. Кейин у “Постда” газетасида бош муҳаррир бўлганда ҳам мухолифатга, демократик қарашдагиларга ва умуман унга пора бермаганларга қарши курашгани маълум.
Камбағал ва адолатпеша профессор Тўғон Эрназаровнинг ўғли полковник Азиз Эрназаров Тошкентдаги энг бойлардан бирига айланган. У кетганнинг кетмонига, ўтганнинг ўроғига ташланиб юраркан. Шу даражага етиб борибдики, ҳатто газетанинг маблағларини ҳам ўзининг шахсий мулки каби ўзлаштирган ва бу нарса унинг ишдан кетишига саба бўлганди. Катта поралар бериб у ишни босди-босди қилганини эшитгандим. Аммо Зокир Алматовнинг сандиғи ковлана бошлангандан кейин Азизнинг Темур Алимовнинг “думчаси” сифатида қилган ишлари ҳам очилиб қолган. Мана яна терговга қатнаб юрибди.
Миллий Университетдан нафақага чиққан собиқ домлаларимиздан бири билан шу ҳақда гаплашсам, “Уни раҳматли Тўғон аканинг руҳи урди” деди.

Жамиятни тўғри йўлга бошлаш имконияти яқин
11-01-2007
САВОЛ׃ Ассалому алайким ҳурматли Жаҳонгир Маматов! Бу менинг сизга биринчи марта йўллаётган мактубим. Ёшим 26 да , ўзим иқтисодчиман. 2 йилдан кўпроқ вақтдан бери Буюк Британияда таҳсил олмоқдаман ва 2 йилдан бери сизнинг сайтингизни мунтазам ўқиб тураман. Гарчи, сиёсатчи булмасамда, ҳали бу соҳада бирор бир иш қилолмаган бўлсамда, лекин сиёсатга қизиқишим, ҳар кун нимадир янги нарса ўрганишим ва қолаверса, соҳам сиёсат билан узвий боғлиқ бўлганлиги учун сизга мактуб ёзмоқдаман (аслида, савол йўлламоқчиман).
Ҳозирда, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати емирилиб бораётганлигини кўпчилик талқин қилмоқда, ҳаттоки Ўзбекистонда яшаётган кўпчилик одамлар ҳам шундай деб ўйлашмоқда. Сиз Ўзбекистонда демократик давлат қуриш учун тинимсиз кураш олиб бораётганлигингиз, мухолифатни бирлаштиришга ҳаракат қилаётганингиз ва шу ўринда одамлар ҳақиқий мухолифат деганда энг аввало сизни тушинишмоқда, чунки сиз буни исботлаб бўлгансиз, қолаверса 1991 йил, 30 сентябрдаги 7 сессияни ҳалигача одамлар унутишмаган. Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистондаги ҳукумат ҳам ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб бўлди (“армия кимнинг қўлида бўлса ҳокимият ўшаники, ҳеч ким бизга тажоввуз қилолмайди” қоидаси ҳукм сурмоқда). Савол: Сиз 2008 йилда барча имкониятларни ишга солган тақдирда ҳам Ўбекистон демократик давлатга айланади деб уйлайсизми?
Диктатура (бу ерда айнан бир шахс назарда тутилган) боши берк кучага киритиб қўйган давлатни яна изга тушириш учун анчагина вақт кетишини ҳам биласиз, чунки худди шундай вазиятда 1991 йилда И. Каримов одамларни ишонтиришни уддалади, яни 90 йиллар охирларигача одамлар унга ишонишди (кейинчалик ишонтиришнинг бошқа йўлларини ўйлаб топишди -1999, 16 феврал).
Хўш, янги бўладиган ҳукумат халқни ўзига ишонтиролишига ишонасизми? Айниқса, ҳозирги халқ кимнинг орқасидан эргашишниям билолмаётган пайтда.
Яни, демоқчи бўлганим, одамлар ҳукумат деган нарсадан, ёки “демократия” сўзини, худди шунчаки бир “қуруқ гап” деб уйлаб, ҳеч нарсадан умид қилмай қўйган пайтда. Масалан, мен ҳар йили Ўзбекистонга бориб тураман, шу ёзда борганимда ҳам кўрдим, ҳар доимгидек тўйлар бўлиб турибди, лекин қишлоқнинг деярли бутун эркаклари Россияда ёки Қозоғистонда. Шунинг ҳисобига тўйлар ва “жаноза”лар бўлиб турибди. Одамлар билан гаплашсам, кўпчилиги “оч қорним- тинч қулоғим” нақлини айтишади. Бундан келиб чиқадики, ҳукуматга ким келиши улар учун муҳим эмасдек вазиятга тушиб қолишган.
Хуллас, ёзаман деса Жаҳонгир ака, савол ва муаммолар кўп , қолганларини кейинги мактубларда ёзармиз. Ҳурмат билан ШЕР.

ЖАВОБ׃ Журъат этиб биринчи мактубни ёзган одам кейингисини ҳам ёзади ва шунинг ўзи сиз каби ёш иқтисодчини ҳам бевосита бўлмасада билвосита сиёсатга бошлайди. Чунки сиёсат ва иқтисодни бир биридан ажратиш нотўғридир. Бу худди бош(сиёсат) ва қорин(иқтисод) ни биридан узишдек гап. Ленин шу йўлни танлаганди. Унинг издошлари-ю жумладан Каримов ҳам шу йўлдан бориб катта хато қилдилар. Шунинг учун ҳам сиз каби ёшлар ҳозирданоқ буни англаб олишларингиз мутлоқ ижобий ҳолатдир.
Менга жуда катта баҳо бериб юборибсиз. Бунинг учун раҳмат. Лекин мухолифат деганда жуда кўпчилик тушунилади. Мени Каримовнинг ҳақиқий мухолифларидан бир десангиз қабул қилишим мумкин. Чунки мен Ўзбекистонда “диктатура” дейилганда “Каримов”ни тушундим ва унга қарши курашни диктатурага қарши кураш деб билдим. Буни хато деганлар ҳам кўп.
Баъзилар вақтида Каримов номини ишлатмай “ҳукумат” деб ҳам кўришди, “давлат” деб кўришди, ҳатто “халқ” ҳам деб кўришди. Аммо бугунга келиб иллатларнинг илдизи Каримовда эканлиги ҳаммага аён бўлди.
2008 йил ҳақида сўраяпсиз. У пайтда балки ҳали Каримовниг ўзи тахтда бўлар? Балки унинг издоши. Чунки у ўзи каби яна бир икки диктаторни етиштирди. Шулардан бири Мирзиёевдир. Агар у ҳокимиятни қўлга олса, Ўзбекистон Шимолий Кореяга айланиши мумкин.
Хўп, фалакнинг чархи айланиб, Ўзбекистон демократия томонга юз бурди ҳам дейлик. Лекин 2008 да Ўзбекистон демократик давлат бўла олмайди. Бир режимдан унинг акси бўлган режимга ўтиш учун жуда машаққатли йўлни босиб ўтиш керак. Бу йўл узоқ ёки яқин бўлиши сизнинг авлодга, сиз каби демократияни англаб етганларнинг оз ёки кўплигига боғлиқ.
Бугунги мухолифат ёшини яшаб, ошини ашаб бўлган, унинг ҳокимиятга келишидан умидим йўқ. Шунга қарамай уларни жунбушга келтиришга уриниб тураман. Асосий диққатни эса, сиз каби ёшларга йўналтирганмиз. Демократик Ўзбекистон Конгресси ўз олдига қўйган асосий мақсад ҳам ана шу – Ўзбекистоннинг келажагини қутқазадиган ёшларга бизнинг авлод қилган хатоларни такрорламасликни ўргатишдир. Бугун ҳукуматнинг қора ишларига ва мухолифатнинг жанжалларига аралашмай турган ёшлар жуда кўп ва ишонч уларда.
Энди халқ масаласига келсак. Минг йиллардир зулм остида ушлаб турилган халқдан бир ўзгариш келади, деб ўтирсангиз, яна минг йил кутасиз. Аслида ҳеч қачон ўзгаришларни бутун халқ қилмаган. Унинг жуда оз қисмигина буни амалга оширган ва қолганлар шу билан муроса қилганлар. Гап ана ўша оз қисмдан чиқадиган лидерларда. Агар уларнинг кўнглида халқ деган ҳикмат ётса, демак бу халқни ҳаракатга келтириб, унга унинг ҳақларини берадилар. Агар кўнгилларида “ўз”лари ётган бўлса, бу халқнинг ҳақларини ўзлаштирадилар. Иккинчиси Шарққа хосдир ва шунинг учун ҳам ҳатто демократлар ҳам якка лидер билан эмас, лидерлар командаси билан иш тутишни намоён этсалар уларга ишониш мумкин.
Энди халқни ишонтириш масаласига келсак, халқ ҳамма нарсага бир муддат ишонади. Каримовдан кейин келадиган ҳукуматнинг у ҳатто Каримовнинг хос одами бўлса ҳам халқни ишонтириш учун битта йўли бор – у ҳам бўлса Каримовни қоралашдир. Ана шу пайтда демократик мухолифатга қисман йўл очилади ва у жамиятни тўғри йўлга буриш имконига эга бўлади деб ўйлайман. Бу узоқ эмас ва бунга бугундан бошлаб тайёр бўлиш керак. Акс тақдирда бу ҳам қўлдан кетади.

ҚОНУНЛАРДАГИ ТУЗОҚЛАР
14-01-2007
САВОЛ׃ Бир қанча ОАВ лари И.Каримовнинг президентлик муддати шу йилнинг 22 январида тугаши ва ундан кейин ўз лавозимида қолиши ноқонуний бўлиб, конституцияга зид эканлиги ҳақида хабар тарқатмоқдалар. Бу ҳақда Демократик Ўзбекистон Конгрессининг позицияси қандай ва ўзингизнинг шахсий фикрингиз? (Эркин).
ЖАВОБ׃ Мен бу ерда Каримов келган кунидан буён қабул қилинган қонунлар ва Конституцияга киритилган ўзгаришлар ҳақида ёзсам, узундан узоқ мақола бўлади. Шу нарса аниқки, Каримовнинг атрофида қонунчиликни яхши биладиганлар ва қоғозда уни қандай қилиб дунё андозаларига мослаб қўядиган “фидойилар” анчагина. Улар бошқа масалаларда қовун туширсалар ҳам бу масалани пишитиб қўядилар. Чунки буни нафақат Каримовнинг балки ўзларининг ҳам тақдирлари деб биладилар.
Менинг шахсий фикрим шуки, Каримов бир гуруҳ гумашталари билан узоқ йиллардан бери ҳокимиятни босиб олган ва уларнинг яқин орада қайтариб бериш ниятлари ҳам йўқ. Шунинг учун фалон куни унинг муддати тугайди деб байрам қила олмайман. Аммо ана шундай кунларнинг этагини йиртиб жар солавериш керак ва Каримов ҳокимиятни мафияга айлантирганини халққа етказиш бурчимиз.
Биз бу масалани ДЎК доирасида расман муҳокама қилганимиз йўқ. Чунки бу ҳар қандай жиддий ташкилотни кулгили вазиятга тушириши мумкин бўлган масала. Агар муҳокама қилсак, Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида 1991 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган ва 1992, 1998, 1999, 2000, 2005 йилларда тузатишлар киритилган қонуннинг 38-моддасидаги “Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилгандан кейин ўз лавозимига киришади” деган жумлаларга ишонган ва шундан келиб чиқиб муҳокама қилган бўламиз. У ҳолда айни сатрларнинг давомидаги мана бу “Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунга қадар бажаради” жумласига ҳам ишонишимиз керак бўлади. Биринчи жумлага ишондингизми иккинчисига ҳам ишонишга мажбурсиз. Бошқа бир қонунда эса сайлов ўтказиш вақти белгиланган. Бу 2007 йилнинг 23 декабрига мос келади.
Бундай тузоқлар Асосий қонундан тортиб, референдум ва сайловлар борасидаги бошқа қонунларда ҳам қўйилган. Ана шу тузоқлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш, тушунтириш талаб қилиш, бу тузоқларни танқид қилиш мухолифатнинг вазифаси. Буни давом эттиравериш керак.

Исми жисмига мосми?
20-01-2007
САВОЛ׃ Одатда инсоннинг феълига, хулқ-атворига, одоб-ахлоқига, қилаётган ишига қараб тавсиф беришади. Баъзан унинг исмига қараб ҳам: “Исми жисмига мос” дейишади. Ота-оналар ўз фарзандларига ният қилиб турлича исм қўядилар, масалан, ўғлим жаҳонгашта бўлсин деб Жаҳонгир, бахтли бўлсин деб Бахтиёр ёки гулдек очилиб юрсин деб Гулбаҳор, Лола ва ҳоказо.
Лекин кўп ҳолларда ҳаётда ўша инсонларнинг ўз исмларига нисбатан тескариси ҳам бўлиб туради.
Эркин Халилов, Эркин Воҳидов, Эркин Самандаров, Эркин Аъзамов, Эркин Шайхов, Эркин Рўзиев, Эркин Ҳайитбоев… Бу инсонлар ҳақида бирон фикр билдира оласизми? (Ҳурмат билан Эркин).
ЖАВОБ׃ Ўзбекнинг кўп одатлари бор. Сиз айтган каби турли ният-орзулар билан боласига исм қўйиш ҳам ана шу одатларидан бири. Инсон орзуси ҳамма вақт ҳам ушалмагани каби бу борада ҳам унинг орзулари чил-чил синган пайтлар кўп бўлган ва бўлаверса керак.
Акс тақдирда исми Ислом бўлиб, ўзи ислом душмани бўлармиди?
Ёки исми Шавкат бўлиб, ўзи бешавкат бўлармиди?
Ёки исми Гулнора бўлиб, ўзи бағри тошпора бўлармиди?
Сиз номларини санаган одамлар ҳам ҳаминқадар!
Менимча, сиз исмингиз Эркин бўлгани учун бу инсонлар билан қизиққансиз ва уларни яхши танийсиз ёки менинг “ИАК” китобимни ўқиб чиққансиз. Бу китобда шу одамлар ҳақида етарли қадар маълумот бор. Ҳатто уларга қўшимча яна бир Эркин -Эркин Ҳожиев ҳақида ҳам маълумот мавжуд.
Яқинда икки қисмлик бир китоб ёзишни бошладим. Бири “Уларни танийсизми?” деб номланса, иккинчи қисми “Салтанат сиймолар” деб аталади.
Биринчисида мен журналистика, адабиёт, маданият ва сиёсат жабҳасида бевосита ёки билвосита таниганларим, уларнинг менга маълум фитратлари ҳақида гап борса, иккинчисида менга яхшилик қилган шахслар ва шахсиятлар, қариндошларим, яқин дўстларим, оддий одамлар, танишларим ҳақида билганларимни ёзмоқчиман. Буни имкон қадар саҳифама саҳифа эълон қилиб бораман. Бу билан келажакнинг тарихчиларига озми кўпми ёрдам қилган ҳам бўламан.
Балки сиз эслатган каби, исмларга ҳам алоҳида эътибор беришимга тўғри келади.

АҚШ бугунги Ўзбек мухолифатини йирик молия билан қўлламайди. Нега?

22-01-2007
САВОЛ׃ Ўзбек мухолифати моддий ёрдамга муҳтож. Агар иқтисодий ёрдам бўлса, жуда кўп иш қилиш мумкин. Мана сиз ва Муҳаммадбобир Маликов АҚШда катта сиёсатчилар ва расмийлар билан тез-тез учрашиб турасизлар, гарчи мухолифат лидерлигига даъво қилмаслигингизни очиқ ёзган бўлсангизда бутун мухолифат манфаати учун шу масалани ҳам кўтарсангизлар бўлмайдими? (Шуҳрат).
ЖАВОБ׃ Аслида бу савол Шуҳрат Аҳмаджоновнинг шу масалага бағишланган каттагина мақоласининг мухтасар мазмунидир. Фақат Шуҳрат эмас, жуда кўп одам шундай фикрда ва бу борада кўп мактублар ҳам олиб тураман. Шунинг учун бу хусусда очиқ гапни айтиш керак.
Ёзишдан олдин Муҳаммадбобир Маликов билан ҳам гаплашдим ва фикрларимиз муштарак экан. АҚШ ҳукумати ва бу ердаги ноҳукумат ташкилотларнинг бугунги Ўзбек мухолифатидан умидлари йўқ. Умид бўлмагандан кейин катта миқдорда молиявий ёрдам ҳам бўлмайди.
Нега умид йўқ? Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Биринчидан, бугунга қадар “ЭРК”, “Бирлик” ва “Озод деҳқонлар” – “Қуёшли Ўзбекистон”га берилган грантлар ўзини оқламаганини айтишади. Масалан, Миллий демократия фонди “Ҳаракат” журналига деб грант бериб келмоқда. Биргина 2005 йилда шу мақсадга мазкур фонд 92 минг 830 доллар берган. 112 минг 298 доллар эса инсон ҳуқуқлари учун ажратилган.(Бу маълумотлар мазкур фонднинг сайтидан). Аслида бу катта пул эмас. Лекин бир неча кишилик шайка учун етарли! Лекин бу грантлар олингани ҳолда, умум иши ўлда жўлда қолганини ҳамма кўриб турибди. Ваҳоланаки, бугун ҳеч қаердан пул олмасдан ҳам “Ҳаракат”дан кўпроқ иш қилаётганлар бор.
Бошқа фондлардан олинган грантлар ҳам гулдир гуп, пилдир-пис! Америкаликлар жуда мадиниятли халқ. Юзингизга кулиб қўйишади, аммо ҳамма нарсани билишади.
Бугунга қадар юқорида номлари саналган партиялар, уларнинг қошидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари-ю уюшмалари олган грантлари қаерга ишлатилгани ҳақида умуммухолифат бир томонда турсин, ўз аъзоларига ҳам ҳисоб берганлари йўқ.
Табиийки, улар пул олган идораларига расмий ҳисобот топширганлар. Лекин бу ҳисоботларга ҳам америкаликлар кулиб қўйишган ва аста-секин ёлғонлардан ихлослари қайтиб, грантлар миқдорини тобора камайтириб боришмоқда.
Иккинчидан, ўзбек мухолифати Каримовга қарши алтернатив сиёсий куч эмас, балки бир-бирига қарши куч эканлиги қай этилади. Бунда ҳам америкаликлар адашмаган. Шунга қарамай улар мухолифатни тўғри йўлга йўналтиришга уриниб кўришди. “Лидерман” деганларини бирма-бир чақириб гаплашишди. Улар америкаликларни алдашга тиришдилар. Лекин охир оқибатда ўзларини алдадилар ва бугунга келиб, назардан қолдилар.
Учинчидан, бугун ўзбек мухолифати “лидер”лари яна америкаликларни алдашга сидқидилдан уринаётганлари эътироф этилмоқда. Дастлаб Муҳаммад Солиҳ ғайридемократик йўл билан америкаликларга ўзини президентликка номзод сифатида тақдим қилишга киришди. Кейин уни аёвсиз танқид қилиб келган Абдураҳим Пўлатов ҳам айни куйга тушиб, америкаликлар наздида “номзод” бўлиб кўринишга интилаётгани уларни жиддий ўйлатади ва яна кулиб қўйишади.
Муҳаммад Солиҳнинг 1991 йилда қўлга киритган “номзодлик” қартаси ўтган 15 йилда унга кўп иш берди. Кирган жойидан бир нарса ундириб чиқди. 15 йилда мухолифатга деб ҳар ёндан берилган пулларнинг миқдори миллионларга бориб етди. Натижа эса нолга тенг!
Бугун Абдураҳим Пўлатовга тинчлик бермаётган нарса ана шу. Аслида у ахмоқ эмас׃ бугун Ўзбекистонга боришга юраги бетламайди ва расман номзод сифатида сайловда қатнаша олмаслигига ҳам ақли етади. Аммо номзод сифатида тан олинишини жуда ва жуда исташидан мақсад М. Солиҳнинг қўлидан эски “қарта”ни олишдир. У бир пайтлари номзод бўлмаганидан жуда афсусда эканлиги ва М. Солиҳда алами борлиги очиқ сезилиб қолмоқда.
Тортиб олди ҳам дейлик. Аммо билмайдики, у “қарта” эскириб, жулдури чиққан ва энди америкаликлар бў ўйинга кирмайдилар. Буни ҳам билади. Лекин мақсади бугунга қадар олиб келаётганини сақлаб қолишдир.
У ҳали Конгрессда ва ҳали бошқа жойларда АҚШ ноҳукумат ташкилотларини бурчакка қўйиб, “чўнтак”ларидан пул чиқаришга зўрлайди. Улар жанжаллашиб юрмаслик учун чой чақалик бериб турадилар. Каттароғини беролмайдилар ҳам. Чунки берувчиларнинг ўзлари ҳукуматдан грант олувчилардир.
Уларга берадиганлар эса, бугун дунёда Ўзбекистондан ҳам муҳимроқ ишлар борлигини, қолаверса, Каримов режимига қарши алтернатив сиёсий куч йўқлигини айтадилар.
Буни билган эски “лидер”лар Авропанинг эшикларини қоқмоқдалар. Лекин билмайдиларки, Авропа ҳам Американинг оғзига қараган.
Бу аҳволдан чиқиш йўли битта׃ сиёсий майдонга самимият билан чиқиш, ўзаро жанжалларни йиғиштириб қўлни қўлга бериш, бирлашиб, катта кучга айланишдир. Ана ўшанда халқингизга хизмат қиласиз, гадойга ўхшаб Америка ва Авропанинг эшигини қоқиб юрмайсиз, уларнинг ўзлари сизни қидирадилар.
Бу оддийгина ҳақиқатни бизникилар тушунишни истамайдиларми? Тушунганда қандоқ?! Лекин уларга чой чақа бўлса бас!
Бир ривоятдаги каби, шоҳга теккан гадой аёл оёғининг остида хазина турганига қарамай, токчаларга қотган нон қўйиб, ўшани териб юрганидек гап бу!

Битта хўрозқандни минг кишига шумитиш сиёсати

23-01-2007
САВОЛ׃ Ўзбекистонда матбуот эркинлиги йўқ, деб жар соласизлар, мана инқилобий мақолани чоп этган “Адвокат пресс” газетаси ўрнига “Ҳимоя-жараён” газетаси рўйхатдан ўтди. Ҳатто ўша мақолани ёзган муаллиф ўзини газетада сақлаб қолди. Бўлар экан-ку! Гап ўзларингизда, ҳаракат қилмайсизлар, ҳаракат қилса ҳамма ишни қилиш мумкин. Шундай эмасми? (Шоислом).
ЖАВОБ׃ Албатта, Ўзбекистондаги диктатура нима эканлигини, унинг фитратини билмаган, тушунмаган одам учун мана шундай фактлар оламшумул воқеа бўлиб кўринади. Бундан олдин ҳам ёзган эдим, бундай одимларни ҳукумат худди сиз кабилар учун отади ва 15 йилдан бери қандай “нишон”га урган бўлса, яна урмоқда. Каримовнинг “битта хўрозқандни минг кишига шумитиш сиёсати”ни тушуна олмаганлар маъруз тутасиз-у қандай қилиб бошқа нарсаларни англашлари мумкин?
Каримов матбуотга қанчалик диққат билан қарашини “ИАК”нинг “Юзма-юз” бўлимидан ўқиб кўришингизни маслаҳат бераман.
Сизнинг мантиғингиздан келиб чиқадиган бўлса, “Бирлик”нинг бўлими – “Эзгулик” деган инсон ҳуқуқлари ташкилоти расман рўйхатга олинган. Қолганлар олинмаган. Демак, айб қолганларнинг ўзида, улар ҳаракат қилмаган, интилмаган, шундайми?
Агар “Ҳимоя-жараён” рўйхатга олинган бўлса, демак қолганларнинг ўзлари айбдор? Улар ҳаракат қилмаганлар, бу-сизнинг мантиғингиз. Бу-ўзбекни бугунги аянчли аҳволга туширган мантиқ.
15 йилдир Каримов бир одим отмоқчи бўлса, кимларгадир битта “хўрозқанд” беради. Мухолифат ичида Каримов томонидан авф этилганлар анчагина. Уларнинг тарихларини ўрганиб кўринг. Каримов ё Вашингтонга бориш олдидан ёки БМТдаги муҳокама арафасида ё бўлмаса, Ўзбекистонга келадиган олий мартабали ҳайъатни қабул қилишдан олдин… уларни озодликка чиқарган.
Бу сафар эса, Ўзбекистонда ҳали яқиндагина эълон қилинган Матбуот ҳақидаги қонун шундай ҳам обрўйи чил-чил бўлиб турган Каримовни кескин танқид қилиш учун жиддий асос бўлди. Шундай пайтда дунёга очилиш учун “сиёсий ислоҳотлар қилмоқчиман” деб жон жаҳди билан “жанг” қилаётган Каримов битта газетани рўйхатдан ўтказиб, лаққатушарларнинг оғзига урди.
Аслида бу газетанинг мухолифатга мутлоқ алоқаси йўқ. Унда бир пайтлар эълон қилинган мақола инқилобий ҳам эмас эди. Аммо шундай режимнинг назорати остида уни умумий тарзда бўлсада танқид қилувчи мақоланинг чиқиб кетиб қолиши нуқтаи назаридан муҳим эди. “Йўқ ҳақида бадиҳа” ни ёзган қобилиятли журналист Дилмурод Сайиднинг бу мақоласини биринчи бўлиб биз кўпайтириб, тарқатганмиз.
Маълумки, у Каримов режимининг мухолифати билан ишлашни кескин равишда рад этиб келди. Бу унинг ҳуқуқи. Мухолифатни очиқ танқид қилиб келди. Бу ҳам унинг ҳаққи ва бунинг учун унга дашном бераётганимиз йўқ. Бу демократик танлов. Дарвоқе, уни табриклаймиз, унинг ҳатто китоби ҳам чиқибди.
Фақат шуни айтмоқчимизки, Каримов унинг сиймосида ва газетанинг “сиймоси”да ўзига қарши кучни кўрмагани учун рўйхатдан ўтказиб очко олди. Кимдан дейсизми? Мана сиздан, сиз кабилардан. Айтиб турибсизки׃ “Бўлар экан-ку! Демак, Каримовда режимида айб йўқ. Ҳамма айб – нонемасларнинг ўзида!” Каримовга худди мана шу гап керак!
Яна бир марта маъзур тутасиз, агар гапим аччиқ ботса, олдиндан узр сўраган ҳолда дилимдагини юзингизга айтаман׃ бутун матбуоти бичилган, ҳатто Интернет ҳам ахта қилинган Ўзбекистонда агар “матбуот эркин, айб ўзларингда” дейдиган бўлсангиз, бу нафақат сиёсий сўқирлик, балки руҳий хасталик белгиси ҳамдир.

Улар ярашолмайдилар!

24-01-2007
САВОЛ׃ Жаҳонгир ака сизни ҳамма ёзганларингизни диққат билан ўкиб бораман. Агар саволимга жавоб берсангиз хурсанд бўлардим. Жавоб беришни истамасангиз ҳам жонингиз соғ бўлсин. Жаҳонгир ака Муҳаммад Солиҳ АҚШга борганида Абдираҳим Пўлатдан “кечирим сўрадим” деб “Озодлик ” радиоси орқали айтди ва буни биз эшитдик. Ростдан ҳам А.Пўлатдан кечирим сўрадимми ёки ёлғон гапирдими М. Солиҳ? Агар чиндан ҳам “кечирим” сўраган бўлса нега ҳалигача бир-бирига қус? Ахир улар ўзбекча оддий қилиб айтганда, бир-бирининг отасини ўлдиргани, йўк-ку.Нимага икки лидер ярашмайди? Балки ярашса Ўзбекистон учун бир нималар ўзгарар, сиёсий майдонда.Сиз нима дейсиз бунга? Ва сиз ҳакикатдан ҳам шоҳид бўлдингизми “кечирим” сўраганига. Ўша фотосуратда сиз ҳам бор эдингиз.(Сила).
ЖАВОБ׃ Бу ҳақда илгари ёзмоқчи бўлгандим. Лекин яна жанжал бошланиб кетмасин, деган фикр билан ёзмагандим. Ўшанда Андижон қирғинидан кейин бу учрашувни биз жуда захматли музокаралар билан ҳозирлаган ва А. Пўлат ва М. Солиҳни жуда қийинчилик билан битта стол атрофига келтирган эдик. Агар кўнгилда бирлашиш умиди бўлганда ўшанда, Андижон фожеасидан кейин мажбурият пайдо бўлганди.
Ўша кунги мажлисимизга М. Солиҳ Нью Йоркдан келди. А. Пўлат ва Васила Иноятова ҳам келишди. Энди мажлисни бошлаб, кун тартибини музокара қилаётгандик-ки, Авазхон Мухторов, Турсунпўлат Назаров ва Илҳом Исоқов кириб келишди.
Ҳамма ўрнидан туриб, улар билан кўришаётган эди, бирданига Авазхон Мухторов ва Абдураҳим Пўлат орасида бир-бирини кескин равишда ҳақоратлаш бошланиб кетди. “Сотқин”, “Лўли” каби калималар, онангни-отангни каби сўкинишлар, оз қолсин бир-бирига нарсаларни отишга қадар етиб бораёганди. Мен Авазхон Мухторовнинг қўлидан Абдураҳим Пўлатовга қарата улоқтирилмоқчи бўлган видеокамерамни аранг олдим. Кўпчилик ўрнидан туриб, ташқарига чиқди.
Очиғини айтиш керак, М.Солиҳ ва В. Иноятова жанжалга аралашмай, оғирлик қилиб, ўринларида ўтираверишди. Анчадан кейин мажлисни қайта бошлашга муваффақ бўлдик. Аммо асаблар бузилган, гаплар пичингбозлика айланиб қолган эди.
Аслида бу мажлис тузилаётган Конгресснингг навбатдаги мажлиси ва улар меҳмон эдилар. Негадир бу мажлисни “Конгресснинг мажлиси эмас” деб эълон қилиш тортишила бошланди. Хуллас, кўп асаб бузилишларга қарамай охирида яна учрашиш ҳақида келишиб олдик. Бу пайтда А. Пўлат “Василани кузатишим керак” деб кетиб қолганди. М.Солиҳнинг ундан кечирим сўраганини эшитганим йўқ. Менимча, кечирим сўраганда ва биз эшитмай қолганимизда ҳам бугунга қадар А. Пўлат бу ҳақда жуда кўп гапирган ва ёзган бўларди.
М. Солиҳ ўшанда Нью Йоркка қайтиб, ўзининг раислигида Бирлашган мухолифат коалицияси тузилганини эълон қилиб юборди. Бу ҳақдаги баёнот турли тилларда ҳамма ёққа тарқатилди. Аслида мана шу баёнот билан эндигина бирлаша бошлаган мухолифат қайтадан парчалаб ташланди.

Каримовдан юққан касаллик
25-01-2007
САВОЛ׃ Каримовни танқид қилсангиз-чи! Бу мухолифат ичида бир-бирига мағзава тўкиш қачон тўхтатилади? (Ҳотам).
ЖАВОБ׃ Бугунга қадар Каримовни қилган танқидим ёнида мухолифат ҳақида айтганларим уммон ва зарра каби, яъни юзга нисбатан бирдан ҳам оз. Ваҳоланки, бугун мухолифатнинг Каримов билан бирга “эгар”га минган “лидер”ларининг Каримовдан ҳеч қандай фарқи йўқ. Каримов ҳам сайловларсиз “лидер” бўлиб ўтирибди, булар ҳам. Солиштирсангиз мос келадиган жойи мингта. Танқид қилсанг, “фитна”, “иғво”, “эскиларни ковлаш”, “мағзава ағдариш” дейишади. Танқид қилмасанг, 15 йил расво бўлганидек, яна 15 йил ботқоққа ботади.
1990 йилларнинг бошида “Халқ сўзи” газетасида “Марказий Универмаг” ёнида саҳардан бошлаб одамлар турнақатор туришган суратини бергани учун Каримов Бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторовни танқид қилар экан׃
-Бунақа иғво, фитнага қараб туролмаймиз. Вақтида зарба берамиз. Мағзава тўкиш билан жамият ўзгармайди. Уйдаги камчиликни кўчага олиб чиқиб, дастурхон қилмаслигимиз керак. Танқидга қарши эмасман. Лекин ҳамма нарсанинг вақти бўлади. Ҳозир биринчи навбатда мустақилликни мустаҳкамлаш керак. Шундай пайтда одамларни чалғитиш жиноятдир,-деган эди.
Бу ҳамма камчиликларни “босди-босди қилиш” сиёсатининг бошланиши эди. Аста секин халқ ҳам шунга ўргатилди. Бугунга келиб, камчиликлар ҳақида гапирган одам кўзимизга балодек кўринади.
“Бирлашиш олдидан мухолифат ичида ўзаро танқидларни бас қилайлик”, деб қилинган чақириқлардан кейин анча вақт “лидерлар” ҳақида ёзмадим. Аммо танқид қилмаслик уларга яна кибру ҳаво берди ва улар яна ўзларининг ёлғонларига қайтишди. Биттаси “60 та ташкилотнинг раҳбариман” деб жар солса. Иккинчиси “Ҳамма менинг қанотим остида бирлашмоқда” деб бақира бошлади. Бу бирлашиш эмас, балки парчаланишдир. Шундай пайтда ҳам индамай турсангиз, ҳеч нарса ўзгармайди. Яна 15 йилдан кейин хорижда ҳали ҳам бирлашиш ҳақида гапириб юрган бўласиз.
Бугун бутун мухолифат аъзолари очиқчасига ўз сўзларини айтиб, уларни кескин танқид қилиб, бу йўлдан қайтарсаларгина бирлашиш сари хизмат қилган бўладилар. Лекин бундай ҳолни кўрмаямиз. Ўртада эса, Каримовдан теккан касаллик ҳукмрон. Бу касалликнинг номи “Камчиликларни хаспўшлаш”дир. Қанча хаспўшласа, шунча сасиб кетишини ҳамма билади ва ҳамма индамайди. Ўзбекистондагиларнинг ҳам, ташқаридаги мухолифатнинг ҳам фожеаси мана шунда.

Ҳар ким қўлидан келадиган ишни қилиши керак
7-02-2007
САВОЛ׃ Жаҳонгир ака, нима сабабдан лидерлика даъвогар эмасман, деб айтмоқдасиз. Менимча, аслида лидерлик томон интилмоқдасиз-ку?!(Араббой).
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Йўқ, ҳеч қачон бундай иддао менда бўлмаган ва бугун эса асло ҳам йўқ. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Бу орқаваротдан айтилган гап эмас, буни очиқ ёзиб келмоқдаман.
Сабаби қуйидагилар׃
1.Бугун лидер бўлиш учун иккиюзлик, балки еттиюзлик бўлиш керак. Чунки фақат шундайларга, уларнинг ёлғонларига ишонадилар. Бу эса менинг қўлимдан келмайдиган иш.
2.Бугун демократ лидерни эмас, столни муштлаб урадиган, қаттиққўл, саволларга жавоб бермайдиган, халқни менсимайдиган, уни алдайдиган, уни қўлланадиган, ҳаққини ейдиган ва адолатни оёқ ости қиладиган раҳбарни ёқлашади. Бу ҳам менинг қўлимдан келмайди.
Кимдир ундай, кимдир бундай дейиши мумкин. Аммо Каримов режимининг қўлидан демократия дея манқуртликни еганлар ҳақиқий демократиядан жуда узоқларда қолдилар. Бугун ҳар қандай лидерликдан кўра ана шу одамлардан ҳеч бўлмаса, бир қанчасининг зеҳнини тозаламоқ каттароқ мансабдир, фойдали ишдир. Бу эса қўлимдан келади.
Ҳар ким қўлидан келадиган ишни қилса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қийнамайди. Қўлидан келмайдиган ишга бош урганларнинг шармандали ҳолларини кўриб турибмиз.

Каримовни таниймизми?

14 Март, 2007 йил
САВОЛ׃ Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи борасида жуда кўп ва жуда турлича фикрлар айтилмоқда. Бунчалик қизиқишнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? (Ғайрат).
ЖАВОБ׃ Бу саволга жавоб Каримовни танийсизми, деган саволнинг жавобида яширинган. Лекин бунга ҳукумат ичида ҳам, мухолифат орасида ҳам жуда оз одам жавоб бера олади. Чунки Каримовнинг кимлигини ўрганиш, унинг режаларини тахмин қилиш, отадиган одимларни билиш учун энг аввало ундан қўрқмаслик керак. Бунақа одам эса, анқонинг уруғи. Бу Каримовга қўл келди, қўл келмоқда ва қўл келади.
Айтганингиздек, Покистон Бош вазири Шавкат Азизнинг 13-14 Март кунлари Ўзбекистонга ташрифини ҳамма ҳар турли баҳолади׃
-Покистон ҳам Ўзбекистоннинг нефт-газига ошиқ… (“Озодлик”)
-иқтисодий ҳамкорлик… ( Рус ва Марказий Осиё давлатлари нашрлари)
-Каримов мусулмонлар яшайдиган ва дин давлат назоратида бўлган мамлакатлар билан алоқани мустаҳкамламоқчи. Россия Бош вазири сафари яхши ёритилмай Покистон Бош вазири ташрифига матбуотда алоҳида ўрин берилди..(Узметроном).
Қаердадир Покистон АҚШнинг ҳамкори бўлгани учун Каримов бундан ички сиёсатда фойдаланмоқчи, деб ёзишди. Бошқа бировга кўра, Каримовда Тоҳир Йўлдошни ушлаб келиш орзуси жўш урмоқда ва ҳоказо ва ҳоказо.
Айтдим-ку! Каримовни танимаймиз. Агар таниганимизда унинг мақсадини дарҳол топган бўлардик.
Каримов учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлиги-ю Покистоннинг ким биландир шериклиги, ҳаммаси бир тийин. Уни безовта қилган масала бошқа׃ у тинмай олаётган тадбирларига қарамай, ўзбекистонликлар турли йўллар билан бориб, Покистонда ин қурган террористик ҳаракатларга қўшилаётганидир.
Каримов ўзини ҳали дунёнинг у ерида, ҳали бу ерида “томоша” кўрсатаётган “бинладенчилар”нинг рўйхатида деб билади. АҚШнинг ёрдами билан Ўзбекистон исломий ҳаракати таҳликасидан қутулиб қолган Каримов учун бугун Россия ёки Хитой ўзини ўтга ташламайди. Бунинг устига агар Покистон ҳукумати изн бермаса, бу кучлар унинг ҳудудларида юра олмасди, деб ўйлайди. Чунки Каримов истамаса, Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи Ўзбекистонда қола олармиди?! Каримовнинг мантиғи мана шундан келиб чиқади. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Шунинг учун ҳам унга Покистон ҳукумати билан яхши бўлиш жуда муҳим. Бу масаланинг битта жиҳати. Лекин Каримов бир ўқ билан икки қуён уришни кўзлайдиган махлуқ.
Демак, иккинчиси, бу энг муҳими – мамлакат ичига қаратилган. “Ҳов кўрдингми, Покистон ҳукумати ҳам менинг қўлимда, менинг дўстим, у томонларга борсанг, онангни кўрсатаман” дегани бу. Худди мана шунинг учун ҳам Ўзбек матбуотига бу сафарни фавқулодда кенг ёритиш топширилди. Токи Каримовнинг плани ҳамманинг калласига сингсин!
Бундан бехабарлар эса, Фрадков сафари нима учундир Ўзбек матбуотида оз ёритилди деб, ҳайрон бўлиб юришибди.

Душманлар ҳақида

18 Март, 2007 йил
САВОЛ׃ Кузатишларимга кўра сизга душманлик қилаётганлар ҳам бор экан. Бу дунёда душмансиз одам бормикан ўзи? (Фарида).
ЖАВОБ׃ Биласизми, қадимда бир золим шоҳ бўлган экан. Унинг даврида дарёларда қон оқар экан, қамчилардан жон узилар экан… У шунчалар золим экан-ки, бирор киши ҳам унга бу қилмишлари яхши эмаслигини айтолмас экан. Шундай кунларнинг бирида Ҳотамтойнинг йўли унинг ўлкасига тушибди. Халқнинг азоб уқубатларидан ларзага тушган Ҳотамтой саройга қараб йўл олибди ва шоҳни одилликка чорлабди. Шунда шоҳ׃
-Сен халқимни танимас экансан, унинг еттидан етмиш яшарига қадар мени дўст деб билади. Сен бегонасан, сени душман деб билади. Ишонмасанг ана Девонбеги билан халқ ҳузурига чиқинглар,-дебди.
Девонбеги ва Ҳотамтой қаерга боришмасин халқ шоҳни дўст дея улуғлаб Ҳотамтойни душман дея ҳақоратлабди.
Саройга қайтишганда Ҳотамтой шоҳга׃
-Улар Девонбегидан қўрққанларидан бир нарса дея олмадилар,-дебди.
Шунда шоҳ׃
-Ундай бўлса, тунда жанда кийиб чиқингиз,-дебди.
Яна Девонбеги ва Ҳотамтой қаерга боришмасин ва кимдан сўрашмасин ҳамма Ҳотамтойни лаънатлабди. “Агар у бизга дўст бўлганда бизни шундай қийин шароитга қўярмиди? У бегона-да, бизни билмайди-да, бизда нима қасди бор унинг?” дейишибди.
Саройга қайтишганда шоҳ яна Ҳотамтойни изза қилибди.
-Бечора халқ, икки кишидан бири жосус бўлиши мумкин, деб ўйлаб чекаётган азоб-уқубатларидан сўз очмади,-дебди Ҳотамтой.
Шунда шоҳ׃
-Бўлмаса бор, ўзинг сўра, қани нима дейишади?- дебди.
Ҳотамтой кўчага чиқса, ҳамма ундан юз буриб, узоқроқдан юрар, баъзилар эса минғирлаб уни сўкишар экан. Бунинг сабабини сўрайман деса, уни тошбўрон қилишибди. У қонга беланиб ётган экан, бир дарвеш унинг ёнига келиб׃
-Кўрдингми, кимнинг душмани кўп,-дебди.
Ҳотамтой дарвешнинг овозидан танибди. Бу ўша шоҳ экан. Жанда кийган шоҳ. Халқ золим шоҳнинг ана шундай кезиб юришларини билар ва юрак олдириб қўйган экан.
Кўрдингизми, душман ҳар хил бўлади.
Мени сўкиб юрадиган исмсиз-жисмсизларга қараб шундай деяётган бўлсангиз, у ҳолда мен аниқ биламан, дўстларим душманларимдан кўп. Жуда кўп. Қандай биламан-ми׃ душманларим номларини яширадилар, дўстларимнинг эса номлари аниқ.
Ҳатто Худонинг ҳам душмани бор-Шайтон, иблислар ва ҳатто баъзи одамлар…
Пайғамбарларнинг ҳам душманлари бўлган. Тошбўрон қилганлар, қувғин этганлар, хачга тортганлар…
Ҳар қандай оддий одамнинг эса табиийки душмани бўлади. Чунки ўртада ҳасад, кўраолмаслик, англашилмовчилик, тарафкашлик, мансаб ва манфаатпарастлик, тобелик ва муридлик каби минг-минг душман ясовчи “компонент”лар бор.
Саволингизга жавоб ана шундан келиб чиқади. Лекин бу у қадар аҳамият берадиган нарса эмас. Қўйинг, душманлар ҳам бор бўлишсин. Бунинг фойдаси бор. Ҳушёр бўласиз, номаъқулгарчиликлардан узоқ турасиз, лоқайд бўлиб қолмайсиз, ёлғизлик қурбонига айланмайсиз, кураш ҳиссини йўқотмайсиз…

Туркия модели?

19 Март, 2007 йил
САВОЛ׃ Ўзбекистонга Туркия модели тўғри келади деган гапларни айтишмоқда. Туркия модели ўзи нима? (Сухроб).
ЖАВОБ׃ Агар Туркияни яхши билмаган одам шундай бир гапни айтса, уни тушунаман. Чунки ҳали Туркияни яхши билмаган пайтларимда мен ҳам шундай деб ўйлардим. Аммо Туркияни ичдан ва ташдан яхши билган одам бу гапни айтса, у ҳолда сиёсий чайқовчилик бўлади. Нега?
Туркия заиф парламент, заиф бош вазир, заиф президент, заиф қонунлар, заиф халқ ва КУЧЛИ АРМИЯ бошқарувидаги давлатдир.
Гап бу ерда аҳолисига нисбатан Туркия дунёдаги энга катта армияга эга эканлиги ҳақида бораётгани йўқ. Гап мамлакатни бошқариш ҳақида бормоқда. Туркияни том маънода ҳарбийлар, хавфсизлик кучлари бошқаришади. Яқин ўтмишда агар сиёсатчилар қулоқ солишмаса, давлат тўнтариши қилиб, уларни дорга тортишган. Шундан бери дорга тортилмаслик учун сиёсатчилар ҳарбийларга қулоқ солишади. Агар улар халқ томонидан сайланган Бош вазирга, “кет” ишорасини қилишса, бош вазир дарҳол истеъфо беради.
Гап шундаки, Туркиядаги ҳарбийлар асосан дунёвий миллиятчилар орасидан етиштирилади ва демократик давлатларда таҳсил оладилар. Улар диндан узоқ турадилар ва дунёвий тузумни ҳимоя қиладилар. Бугун Туркияда демократия, сўз эркинлиги ва ҳоказолар қонунларда белгилангани учун эмас, балки ҳарбийлар шундай истаганлари учун мавжуд.
Бу эркинликларнинг чегарасини ҳам ҳарбийлар миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан дея чеклай оладилар. Агар ҳарбийлар шундай тутиб турмасалар Туркия деган давлатдан парча ҳам қолмаслиги мумкин. Чунки Туркияда халқ кескин фарқ қиладиган қутбларга бўлинган, жиддий муаммолар билан юзма-юздир. Бу эса доим парламентда ўз аксини топади, яъни ҳамма ҳар томонга тортади ва қонунлар заифлигининг боиси ана шунда.
Туркия парламенти бир нечта турли қарашдаги партиялардан ташкил топгани учун аксарият овоз талаб этилган нуқталарда оддийгина қонунларга ҳам ўзгартириш кирита олмайдилар.
Туркия моделини Ўзбекистонга тадбиқ этадиган бўлсангиз, бунинг бугунги режимдан фарқи жуда оз бўлади. Ҳозир ҳокимият Каримов қўлида. У пайтда эса, ҳарбийлар қўлига ўтади. Битта танқиддан кейин осмонга сачрайдиган бизникилар дарҳол баҳона топиб, покистонлик генерал Парвез Мушарраф каби ҳокимиятни босиб оладилар. Яна ўша гап. Ит ётиш, мирза туриш.

Наҳотки бу бир тасодиф эди?

22 Март, 2007 йил
САВОЛ: Сиз, мард бўлсанг, асл исминг билан ёз дейсиз. Лекин мен мақола ёзаётганим йўқ, шунчаки савол йўлламоқчиман. Бунинг учун мени номардга чиқармассиз, ва умид қиламанки ўз сайтингизда жавоб ёзарсиз.
Очиғини айтсам, сайтингизни биринчи кириб, баъзи ёзувларига кўз югуртирганимда умуман менга маъқул бўлмаган. Мақолаларнинг бари Microsoft Word дастурида ёзилиб, дизайнга ҳам аҳамият берилмай жойлаштирилгани ғазабимни келтирганди. Сабаби мен Интернет технологиясини яхши тушунаман, шунинг учун ҳам ҳозир, Сизнинг исмингиз ва бошқа “УчҚулоқ”лар кўз тикадиган сўзларни ишлатмасдан ёки улардан бузиб фойдаланган ҳолатда савол йўлламоқчиман. Чунки улар бу сўзлар қайси вақтда, қаердан қаерга жўнатилганлигини, қизиқсалар уйимнинг манзилини ҳам билиб оладилар. Ҳозирча уларга қарши курашишга қурбим етмайди. Шунинг учун шундай усул қўлладимки, сиз қайси почтадан хат келганини билолмаганингиздай, УЛАР ҳам қайси IPдан чиққанимни била олишмайди. Жуда қаттиқ киришсалар ўзларининг IPси чиқади, холос.
Сайтингизга биринчи кирганимда (бундан уч йилча олдин) “Бошчи”мизнинг сиёсатини ҳам, унга қаршиларнинг фикрини ҳам маъқулламас эдим. Бугунга келиб анча оқ-қорани таний бошладим. Ва билдимки, бугунги кунда асл ҳақиқатни ёритиш бўйича сиз етакчи экансиз. Шунинг учун ҳам унинг дизайнига ҳам қарамай деярли барча маълуотларини ўқиб чиқдим. Ва уни ўзбеклар учун энг қимматли сайт ҳисоблайман.
“У.Ҳақназаров” номи билан 2003 йилларда мақолалар ёзаётган гуруҳ “Бошчи”нинг қора рўйхати”, “учоқнинг қулаши” ҳақида ёзишиб, анчагина уйқусини қочириб қўйди. Гуруҳнинг баъзиларини қўлга туширишга ҳам муваффақ бўлдилар, сўнгра ёнидаги “топпонча”ларга ўзини оппоқ, ёнидагиларни қора қилиб кўрсатувчи мақолалар ёзиб ўша номда сайтларда чиқаришни буюрдилар. Бу билан унга нисбатан ишончни ўлдирмоқчи бўлишди.
Лекин мен ўша қора рўйхат борлигига ишонаман ва сиздан имкониятларингиздан келиб чиққан ҳолда илтимос қилмоқчиманки, ўша одамларнинг (у 2003 йилдаги маълумот, унгача қанчаси ўлиб кетган ва кейин яна қанчаси қўшилган) ҳозирги тақдири ҳақида ҳам маълумот ёзсангиз.
Иккинчи илтимосим, ёки саволим, 99 йил Февралидаги воқеалар ҳақида ўзингизда мавжуд маълумотларни ўртоқлашсангиз… Менда у ҳақида инкор этиб бўлмас далил бор: битта иштирокчи портлаш ҳақидаги ҳабарни “учқулоқ”ларга сотиб қўйган. Демакки, бошчи ҳаммасини олдиндан била туриб, халққа спетакл кўрсатган. Жавобингизни сайтингизда кутиб қолувчи, сизни доим қўллаб дуо қилувчи ШоҳиЖаҳон.
ЖАВОБ׃ Мактубингиз учун раҳмат. Мен ҳозир ҳам сайтнинг кўриниши муҳим эмас, балки мазмуни муҳим деб ҳисоблайман. Каримовнинг китоблари нақадар чиройли қилиб чиқарилади, аммо ҳеч ким ўз ихтиёри билан ўқимайди. Лекин агар сиз маслаҳат ва ёрдам бераман десангиз ҳали ҳам ўзгартиришимиз мумкин.
Сиз хатни қаердан ёзилганини билиб олишади, дебсиз. Билишолмайди. Ўзбекистонда Интернет бобида жуда орқада қолинган. Мен яқинда бир киши билан гаплашдим. Унинг айтишича, фикрлари бузилмасин, содиқликлари йўқолмасин, деб аксар МХХ ходимларига Интернетга кириш таъқиқланган. Фақат жуда кам сонли одам киради. Бу масаланинг бир жиҳати.
Иккинчи томони эса шуки, улар бутун Интернет қатновини назорат қила олмайдилар. Биргина мен ҳар куни 200 дан зиёд хат оламан. Ярмини ўқишга улгурмайман. Демак, улар ҳамма хатларни ўқиб чиқиш учун бир миллион кишни ишга олишлари керак. Адресларни қидириш ва топиш учун яна бир миллион мутахассис керак. Мен илгари ҳам ёзганман ва бугун ҳам ёзаман, президент девони ва ҳукумат идорасидан ёзилган хатларни ҳатто топишолмайди. Агар топишганда бугунга қадар Каримов ва Мирзиёевнинг қор ишларини ташарига сиздираётган бир икки киши қамалган бўларди. 3-4 йилдирки уринишади, аммо топишолмайди. Айниқса, адресингиз МДҲ доирасидаги эмас, балки олис хориждаги тармоқдан бўлса, уларнинг кучи етмайди. Фақат сиз ўзингиз улар оча олмайдиган парол қўйсангиз, бас.
Қолаверса, сиз иккита адрес қилиб, биттасини мутлоқ махфий сақлаб, иккинчисини ошкор ишлатишингиз мумкин. IP адресига келганда эса, у ҳеч нарсани бермайди. Мен ўз компютеримни сизнинг IP адресингиз чиқадиган ёки умуман IP чиқмайдиган қилиб қўйишим мумкин. Сиз агар компютер технологияси билан шуғуллансангиз, буни билишингиз лозим. Шунинг учун IP адреси билан бир-бирини қўрқитадиганларга парво қилманг. Улар ўйин. Биров бировнинг номидан ёзгани каби биров бировнинг IP сини ҳам қўйиши осон. Фожеа шундаки, бизникилар шамол “шир” этса, юраги “пир” этади, дарров қўрқишади. Бир-бирига душманга айланишади. Бугун хориждаги ўзбекларни бир-бирини кўрса, ёқа йиртадиган қилиб қўйган нарса ҳам ана шу.
Энди рўйхат масаласига келсак. Сиз жуда катта ишни талаб қилмоқдасиз. Бу кўп вақт оладиган иш. Аммо савобли иш. Имкон қадар бу йўналишда ҳам бир иш қилишга уринаман.
1999 йил феврал воқеаларига келсак…
Мени бир тасодиф кўп ўйлатади׃
1998 йил тугашидан бир кун олдин бизни -мени, Абдураҳим Пўлат ва укаси Абдуманноб Пўлатни АҚШда яшайдиган Рўзи Назар деган кекса бир киши меҳмонга чақирди. Борсак, ош дамланган ва у пайтда Салой Мадаминовнинг иқтисодий ҳомийси бўлган Анвар Олтойли бир турк аёли билан келган экан. У бизга мухолифат бирлашиши заруратидан сўз очди. Баҳслашдик. Рози бўлдик. Кейин янги йил оқшоми Нью Жерсей штатида яшайдиган Авазхон Мухторов меҳмонга даъват қилди. Бордик. Рўзи Назар ҳам бирга борди. Анвар Олтойли ўша ердаги меҳмонхонада турди ва биз Авазхон аканинг уйида. Абдураҳим Пўлат ва укаси борган эмас. Ўшанда Анвар Олтойли менга “Февралнинг ўртасида Тошкентга қайтамиз, битта учқичда” дея пичирлади. Ҳайратландим. Бошқа гап айтмади. Мен бу шунчаки кўнгил гапи-да, деб қўя қолдим.
У кейин Салой Мадаминов билан гаплашгани ва у мени, Абдураҳим Пўлат ва укасини даврага олмасдан “ўзимиз Каримов ҳукуматини йиқитамиз, улар бизга халақит бермасин, етар” деган гапини айтди. Мен “Ҳали ҳам осмонда-ку?!” деб қўя қолдим.
Лекин ҳалигача ўйлайман, наҳотки бу бир тасодиф эди?
Хуллас, 1999 йил 16 февралда Каримов ҳукумати томонидан баъзиларни қўлланиб, спектакл кўрсатилган деган гапни ўша пайтда ҳам айтганман, ҳозирга қадар ҳам бу фикримни инкор қиладиган далил кўрганим йўқ.

Қолгани латифа

23 Март, 2007 йил
САВОЛ׃ Бутун мухолифат бирлашиб сатилетдан битта телевидение очса бўлмайдими?(Искандар).

ЖАВОБ׃ Агар бугунга қадар мухолифат бирлашганда эди, телевидение ҳақидаги бундай саволингизга ҳожат ҳам қолмаган бўларди. Аммо биз мухолифатни бирлаштиришга 15 йил уриндик ва буни амалга ошира олмадик. Негалигини биласиз. Энди бу ҳақда гап очмаса ҳам бўлади. Бугунги кунга келиб, мухолифатнинг қолган қутгани икки мутлоқ зид қутбларга ажралиб бўлди. Ҳатто мафкуравий жиҳатдан ҳам.
Энди сателитдан телевидение очиш ҳақида׃ ана “Америка овози” очганига 3-4 йил бўлиб қолди. Лекин ким томоша қилади? Ўзбекистонда одамлар бир бурда нон ташвишида экан, ким сатилетга боғланиб, олди-қочди нарсаларни томоша қилади? Ҳеч ким. Телевидениени бир томонга қўйинг, бугун ҳатто радиони эшитмай қўйишган. Бир маҳалла ёки қишлоқни айланиб, одамлардан сўраб кўринг-чи, неча киши “Озодлик” ёки “Америка овози”ни эшитади? Бир кишини ҳам тополмайсиз.
Ҳатто мен ҳам эшитмайман. Бунинг сабаби бошқа. Чунки улар берадиган хабарларни улардан анча олдин Интернетдан ўқиган ёки турли манбалардан эшитган бўламан.
Бугун мухолифатнинг қолган қутган гуруҳлари Интернетда оддийгина кундалик хабар саҳифасини юрита олмайдиган даражада ожиз. Баъзилари бир ойда, баъзилари ҳафтада битта нарса қўйиш билан “гавда кўрсатишади”, холос.
Тез ишлаб турадиган, хабарларни дақиқама дақиқа берадиган саҳифа йўқ. Бу ишни уддалай олмаганлар агар телевидение, радио ёки видеоклиплар қилиб халқ орасига кирмоқчиман деса, унга ишонмайман. Бу навбатдаги алдов. Ўзини, атрофидаги икки уч кишини ва бир нарса чўзадиган манбани алдаш учун қилинадиган иш бу.
Бугун хориждаги мухолифлар фақат иккита амалий иш қилиш қобилиятига эга׃
Биринчиси, яхши веб саҳифа тайёрлаб, ундаги хабарларни кунба-кун мамлакат ичига жўнатиш. Табиийки, электрон мактублар орқали…
Иккинчиси, мамлакат ичида фаолият кўрсатаётганлар бўлса, уларни маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаш.
Бу қадар. Ана шу икки иш изчил амалга ошмаятими, қолгани латифа.

Ўзбекистонда давлат тўнтариши бўлиши мумкинми?

24 Март, 2007 йил
САВОЛ׃ Кейинги кунларда Ўзбекистонда давлат тўнтариши бўлиши эҳтимоли ҳақида яна гап-сўзларлар айлана бошлади. Ростдан ҳам шундай эҳтимол борми?(Даврон).

ЖАВОБ׃ Сайлов каби бирор сиёсий маърака яқинлашаверса, “Давлат тўнтариши…”дан бошлаб “Диндорларнинг Конституциявий тузумга тажовузи…” каби иборалар тез-тез ишлатила бошланади. Бу энг теппадаги идорадан мухолифатнинг баъзи гуруҳчаларига қадар инади. Ўтган 17 йилда буни эшитавериб, қулоқлар ўрганиб кетган бўлса ҳам, фойдаси кимга ва зарари кимга эканлигини ҳеч ўйлаб кўрмадик. Ҳамма вақт фойдаси Каримовга бўлган ва бундан кейин ҳам унга бўлади. Шундай экан, ғоя фойдани олган одамдан келиб чиқади. Бу бизнеснинг қоидаси. Қолганлар ўйинчилар, бизнинг шароитда эса, олдиндан маълум бўлган ютқазувчи ўйинчилардир.
Каримов ўз атрофидаги қўрғонни мустаҳкамлаш учун ўзига қарши чиққан ҳар қандай гуруҳдан фойдаланади ёки шундай гуруҳни яратади. Шундай бўлиб келаётганини кўриб турибмиз. Агар бу сафарги сохта сайловдан олдин ҳам бирор гуруҳ бирор “томоша” қўйса, асло ажабланмайман. Чунки режим шунга интилмоқда ва ўйинчилар ҳам ўзларини кўрсатмоқдалар.
Илгари ҳам шундай бир саволга жавоб берган эдим. Яна мухтасар қилиб айтмоқчиман. Ўзбекистонда давлат тўнтариши мутлақо мумкин эмас. Давлатнинг ўзи бўлмаган жойда қандай қилиб давлат тўнтариши бўлади?
Мафия тизимида эса “отахон”нинг айтгани бўлади ва унга қарши чиқиши мумкин бўлган куч бешигидаёқ ахта қилинади.
Бугун Ўзбекистон ҳокимият бошқаруви деб аталадиган идоралардан бирортасида “отахон”га қарши бош кўтарадиган одамни қўя туринг, қош учирадиган шахс ҳам йўқ.
Четдагиларнинг аҳволи эса ойдек аён. Мамлакат ичидан битта хабар олишни эплай олмаган мухолифлар нимага қодирлигини тасаввур қилиш мушкул эмас.
Демократларга эса маслаҳатим, бундай гаплардан узоқ туринг. Қозоннинг қораси тегиб қолиши мумкин.
Давлат тўнтариши каби тушунчалар демократияга зиддир. Чунки фалакнинг чархи тескари айланиб, шундай ҳол юз берганда ҳам оқ ит кетса, қора ит келади. Фарқи бўлмайди.

Жумрак ва жамият

25 Март, 2007 йил
САВОЛ׃Мухолифат ичида илгари ҳукуматда ишлаганларни хоин, порaхўр, бугун ишлаётганларни ахлоқсизлар синфи деб аташ мода бўлди. Хўш фалакнинг гардиши билан бу мухолифат ҳукумат теппасига келиб қолса, ишни ким билан бажаради?(Нажмиддин).
ЖАВОБ׃ АҚШда ўз уйинг бўлмаса бир ташвиш, ҳар ой катта миқдорда ижара тўлайсан. Ўз уйинг бўлса, яна бир ташвиш. Банкдан олинган қарзни тўлайсан. Бир-икки ой тўламасанг, уйингдан ажраласан. Тўлган тақдирингда ҳам ташвишлар битмайди. Йиллар ўтавериши билан эса ташвишлар ортаверади.
Уйимиз янги. Қурилганига энди етти йил бўлди. Бугунга қадар муаммо чиқмаган эди. Аммо энди баъзи кичик ташвишлар чиқмоқда. Масалан, яқинда ҳаммомхонадаги қўл ювадиган жумракнинг остидан сув оқа бошлади. Ишхонамиздаги бир жувоннинг гапни эсладим׃
-Бундай ишларга мен пул бермайман. Дўконда жуда арзон туради, оламан, ўрнатаман, усталар эса ўн баравар қилиб олишади,-деганди у.
Дарҳақиқат, бу соҳа усталари Америкадаги энг бош тоифа ҳисобланади. Яъни энг кўп пул қилишади. Битта жумракни алмаштириш учун 200-300 доллар олишади. Ваҳоланки, бу ишни беш дақиқада бажаришади.
Мен жумракни ўзим алмаштиришга қарор қилдим.
Шанба куни эрталаб чаққон бўлиб ишга киришдим. Эртароқ бошладим, чунки болалар уйғонгунга қадар битириб қўйишни режаладим.
Уйимиз уч қаватлик. Бузилган жумрак учинчи қаватда. Сувни бекитадиган жой эса, биринчи қаватда. Сувни бекитиб, теппага чиқсам, калитлар тўғри келмайди. Бир амаллаб очишга қарор қилдим. Бўлмади. Кейин Home Depoт деган хўжалик моллар дўконига бориб жумракнинг янгисини сотиб олдим. 42 доллар экан. Қайтиб келиб, ўрнатаман десам тўғри келмади. Эскисининг номини ёзиб олдимда, дўконга қайтиб бордим ва 42 долларликни топширдим.
Хайриятки, дўкон уйимизга яқин ва ҳамма нарсани қайтиб олаверади. Дўконни айланиб бизникига ўхшаганини топдим. 79 доллар экан. Олдингисидан чиройлироқ. Шу пайт дўконда саволларга жавоб бериб юрадиган киши келиб қолди. У билан гаплашсам׃
-Буларнинг ҳаммаси стандарт,- деди.
Шунда мен олдингисини олиб келиб топшириб хато қилганимни тушундим. Фақат иккита қўшимча боғловчи қувурчалардан олсам иш битар экан. Лекин қўлимдаги ёқиб қолганди ва уни олиб келдим. Эскисини очаман десам калит етишмади. Битта калит учун яна дўконга бораман-ми дедим-да, куч ишлатдим. Девордаги пластик қувурга уланган жойдаги босим жиҳози синиб кетди.
Уни очиб олдимда шишаларга солиб сотиладиган Starbucks кофедан ичиб, асабимни жиловлаб, яна ҳалиги дўконга бордим. Баъзи нарсаларнинг отини билмасангиз ҳам қийин. Шунинг учун менга керакли Х-жиҳозни ўзим билан олиб келгандим. Бирор киши унинг нималигини билмади, десангиз. Охири дўконнинг бош иш юритувчисини чақиртирдим. У билағон экан׃
-Бундай нарса бизда бўлмайди,-деди у.
Мен ҳамма нарса бўлади дея мақтаб юрганим бу дўконда ҳам бўлмайдиган нарса бор экан-а, дея ажабландим. Ҳалиги одам менга бундай нарсаларни қаердан сотиб олишни айтди ва яқиндаги шундай дўконнинг адресини берди. Мен илгари фақат автомашиналар қисмларининг махсус буюртма дўкони бор деб ўйлар эканман, буни қаранг-ки ҳатто жумрак қисмларининг ҳам махсус дўкони бор экан. У ерга келсам, буюртма оладига киши қўлимдаги жиҳозни ярим соат десам муболаға бўлади, аммо 10 минут томоша қилди.
-Вов,-деди кейин.- Бу нима экан ўзи, номини биласизми?
-Тақсир номини билганимда ўзини олиб келармидим?
-Мен шу ерда 15 йилдан бери ишлайман, аммо бунақа нарса кўрмаганман. Бу қаерга ўрнатилган экан?
Унга тушунтириб берсам׃
-Сиз “Пулте” қурган уйларда яшасангиз керак. Улар ҳатто ҳамма жиҳозларни ҳам ўзлари яратадилар. Бу ҳам бизнес. Сизни ўзларига боғлаб қўядилар. Уларга ёзинг, юборишади,-деди.
Ҳафсалам пир бўлиб машинамга ўтириб, Озоданинг “Ойдай тўлин-тўлин..” қўшиғини тинглаб, ўйга ботдим. Сувни бекитганман. Қувурлар очиқ. Қандай қилиб 2-3 ой кутаман. Уста чақирсаммикан?
Шунда ёдимга биринчи қаватдаги хонага душ ўрнатган асли афғонистонлик Абдуманннон ака деган танишим келди. У ўшанда пластик қувурлар чиққани зўр бўлгани ва уларни бир-бирига елимлаш жуда қулайлигини роса мақтаганди. Иш жуда осон битганини ўзим ҳам кўргандим.
Шунинг учун қувурдан бошлаб бу ёғига ҳамма нарсани алмаштираман, деган қарорга келдим. Ортга қайтгим келмади ва бошқа кўчадаги Lowe’s degan каттароқ хўжалик моллар дўконига бориб, пластик елим ва унга боғланадиган босим жиҳозини сотиб олди. Қиммат эмас, 12 долалр бўлди. Қайтиб келиб иш бошласам, елим ушламади. Унинг қўлланмасини ўқиб чиқдим. Унда қувурга елимдан олдин дастлабки тозалагич модда суртилади дейилган экан. Аламимни яна қўшиқдан олиб, баландлатиб қўйиб, дўконга қайтиб бордим. Ҳалиги нарсани олиб қайтиб келсам, мен асли елимнинг бошқа турини олган эканман. Яна қайтиб борошимга тўғри келди. Керали рангли елимни топиб, касса ёнига келсам ҳамён уйда қолиб кетган экан. Падарига лаънат!
Бу орада болалар уйғонган ва вақат тушдан ўтиб бўлганди. Икки марта эски жумракни ўрнатиб, ҳар нарсага тўлдириб сув олиб қўйдиргандим.
Умр йўлдошим болаларни олиб, озиқ овқат дўконига кетишганди. Телефон қилсам, хайрият қайтиб келишибди. У ҳамёнимни олиб келди ва кичкина бир қутидаги рангни иккита машина билан олиб келган бўлдик.
Ҳамма ишни битириб жумракни ўрнатаман, десам боғловчи қувур калталик қилди. Яна бориб келдим, десангиз. Ташқарида қоп қоронғу бўлган бир пайда ишни битирдим. Сувни очишга юрагим бетламади. Чунки эрталабдан бери неча марта очган бўлсам доим ҳар томонга сув отилиб кетаверди-да.
Хуллас, сувни очдим. Ташқарида қоронғу, менинг дилим ёруғ. Уйда байрам. Ҳамма мени қутлай бошлади.
Бажардим!
Жумракка қараб туриб׃
-Беш минутлик иш экан,-дедим.-Шунга 12 соат сарфлабман-а?
Уйдагилар менга жилмайиб қарашди.
Лекин зарар қилмадим. Ҳам иқтисодий ва ҳамда маънавий фойда қилдим.
Бундан кейин бундай юмушни беш дақиқада бажараман. Чунки энди нима қилишни биламан-да!. Ўргандим. Ҳатто кейинги шанба куни ҳамма жумраклардан уй қурувчилар ўрнатган босим жиҳозларини олиб ташлаб, дўконларда бўлганини қўяман. Бу ҳам мустақиллик!
…Жумрак бузилса, уста чақирмай ҳам бир амаллаб тузатиш мумкин, аммо жамият бузилган бўлса-чи? Тузатиш осон бўлмайди. Бунинг устига бу жамиятга бегона эсангиз, ҳеч қачон ҳукуматда ишламаган ва бошқариш нима эканлигини билмасангиз, тажрибасиз бўлсангиз вой ўша жамиятнинг ҳолига. Айниқса бу жамият устабузармонлар қўлида хонавайрон қилинган бўлса?!

Ўзбеклар нега бир-бирларини кечира олмайдилар?

31 Март, 2007 йил
САВОЛ׃ Биз демократия ҳақида жуда кўп гапирамиз. Халқимиз демократияга тайёр деймиз. Лекин демократия шароитида одамлар Ғарбда бўлгани каби танқидни кўтара олишлари керак эмасми? Ўзбеклар битта танқид учун бир-бирига душманга айланиб қолмоқда. Бу аҳволда сиз демократияга етишамиз, деб ўйлайсизми?(Мурод).

ЖАВОБ׃ Менинг юрагимни ёндирган саволлардан бири бу. Гап фақат ўзбекликда эмас. Менимча, бунинг жуда чуқур илдизлари бор. Бу ҳолатни араб, форс, дари, паштун ва ўрду тилида гаплашадиганларда ҳам кўрдим. Энг қизиғи, улар яшайдиган мамлакатларда эмас. Балки улар келиб яшаётган демократия диёрида уларнинг демократияни ҳазм қилишлари нақадар қийин кечишини кўриб, ҳайратландим.
20-25 йилдирки, Америкага келиб, ҳалига қадар танқид эшитганда диркиллаб қоладиган бу одамларни кўриб ўзимизнинг ўзбекларимиз ҳақида ўйладим. Минг афсуски, Ғарбнинг ҳавосидан нафас олаётган ўзбекларимизнинг аксарияти ҳам шу аҳволда. Аммо Туркия турклари ҳақида бу ҳақда узил-кесил бир гап айта олмайман. Улар демократик танқидни ҳазм қилишда бошқа мусулмон қавмларга нисбатан анча илдам.
“Америка овози”да ишлаганимда бир араб бошлиғимиз бор эди. 30 йилдан бери Америкада экан. Демократияни англаган деб ўйлабман ва кўпчиликнинг олдида танқид қилдим уни. Шу қадар душманга айландики, мана орадан 4-5 йил ўтиб ҳам яқинда бир мажлисда кўриб қолсам, ҳали қовоғидан қор ёғади.
Ғарбда яшаб юрган ўзбекдан истаган бирини танқид қилиб кўринг, камчилигини айтиб кўринг, дарров сизни “иғвогар” дейди. Бу ҳам майли, бир умрлик душманингизга айланади. Шунинг учун ҳам ташвишингиз жуда ўринли.
Ҳали ниҳол экан, Америкага келиб, ўқиб, шу ерда таҳсил олган бир “қаламкаш” ўзбекни жуда асосли камчиликлари учун орқаваротдан эмас, очиқ, ўз номим билан танқид қилгандим. Мана орадан икки йил ўтди. Ҳалига қадар у орқаваротдан мени ҳаммага “иғвогар” деб юргани майли, турли форумларда ҳам турли тилларда тинмай ёзади, бўҳтон ёғдиради.
Ваҳоланки, орқаваротдан гапириш ёки имзосиз ёзиш иғвогарлик эканлигини ва ўзи шу куйга тушганини ҳам билмайди, шўрлик!
Бундай мисоллар сон мингта. Ҳатто исмини айтмай, умумий танқид қилсангиз ҳам, ўзига олиб, сизга қилич қайрайдиган “демократларимиз” қанча…
Шунинг учун демократия ҳақида гапириш ва демократ бўлишнинг орасида ер билан осмон қадар фарқ бор.
Менимча, бу нарсанинг илдизи жуда чуқур ва бу илдизни кўра олмасак, топа олмасак ҳали бери руҳимизни сариқпечакдек ўраб тураверади.

Чет элларда қолиб кетамизми?

14 Апрел, 2007 йил
САВОЛ׃ Чет элга чиққан ўзбекларнинг тақдири ҳақида кўп ёзгансиз. Уларнинг Ватанга ташналиги ҳақида ҳам ёзганларингиздан ўқиганмиз. Сизнинг анчагина тахминларингиз тўғри чиқади ва бу ҳаётий тажрибанинг натижаси бўлса керак. Шундан келиб чиқиб хориждаги ўзбекларнинг яқин келажакда Ватанга қайтиш имконлари бор деб ўйлайсизми? Бор бўлса қачон ва қай шароитда? Йўқ бўлса, уларни нима кутади? Булар социологик муаммолардир. Бунга сиз жавоб бера оласиз деб ўйлайман. (Бобур).

ЖАВОБ׃ Илгари бир жавобда ўзбекларнинг четга кетиш сабабларини бир тизимга солгандим. Аслида кўп нарса ўша чиқиб кетиш сабаблари билан боғлиқ. Лекин модомики четда эканмиз, бугунга қадар босиб ўтилган йўлга назар солиб, келажакни тахмин қилиш, башорат эмас, тахмин қилиш мумкин.
Мени жуда ҳам ачинтираётган ва ташвишга солаётган нарса шуки, бугун хорижга чиққан ўзбеклар ҳам илгари Шарқ мамлакатларидан Ғарбга сиғинган салафларининг йўлидан кетмоқдалар. Бу эса ўзлари яшаган жамиятда энг кейинги одам бўлиб қолиш ва ўз ўринларини ўз қўллари билан йўқотишга интилишдир.
Бугун Ғарб мамлакатларига назар солсангиз, Шарқдан келганлар аксарият ҳолда ғариб, унутилган бир вазиятдалар. Ораларида давлат арбоблари, таниқли олимлар, дунёга сўз айта оладиган шахсиятлар, сиёсатчилар йўқ.
Бунинг сабабларидан бири шундаки, хорижга келганлар бу ернинг эркинлигидан гангиб қоладилар. Оилалари ва фарзандларини йўқота бошлагандек бир ҳиссиёт гирдобига тушадилар. Натижада анаъналар, одатлар, оила ва фарзандлар тарбиясини мамлакатдагидек сақлаб қоламан деб ўзларини тўрт томонга урадилар. Аслида мамлакатдаги аҳвол Ғарбдагидан ҳам барбод бўлганини тан олгилари келмайди.
Муҳожирлардан кўпчилиги агар динни маҳкам ушласам, анаъналар, одатлар, оила ва фарзандлар тарбиясини муҳофаза қилиб, сақлаб қоламан, деб ўйлайдилар. Натижада замонавийлик, яшаган мамлакатнинг қадриятлари, демократия талаблари четга сурилиб, фақат диний йўлга бош урилади. Бир қарашда бу яхшигина бўлиб қолмай, фарзу қарз бўлиб кўринади. Аммо аста секин мейёр бузилади ва фанатик бир инсонга айланилади. Чунки бора-бора жамиятдан ажралиб қоладилар. Ўз дўкончалари, оддийгина бир ишлари ва шунчаки умргузаронлик қилувчи жамоалари билан ўралашиб, болаларини ҳам шу аснода тутишга уринадилар. Болалари ўқишдан, илмдан, сиёсат ва жамиятдан узоқ қолиб, кўринишда мўмин қобил, лекин аслида тескарисига айланади. Ота-она эса бари бир ватанга қайтаман, деб ўзини овутади ва фарзандларининг келажагини ўйламайди. Бир кун келиб, орзулари саробга чиқа бошлаганини кўргач, асабийлашади, оиласи бузилади, дунёдан норози, ёлғиз бир кимсага айланади.
Бугунга қадар Ғарбга Афғонистон ва Туркия орқали минг-минглаб ўзбеклар келганлар. Биз бугун ҳатто уларнинг номларини ҳам билмаймиз. Қаерларда яшаб, қаерларда қолиб кетдилар, номаълум. Фарзандлари эса жамиятнинг иккинчи эмас, учинчи даражали одамига айланиб қолдилар.
Юқорида айтганимдек, минг афсуски, бугунги авлод ҳам шу йўлдан кетмоқда. Адиба Дилсора Фозилова каби келиши билан ҳуқуқшуносликни ёки шунга ўхшаш илмни олишга киришганлари бармоқ билан санарли. Бугун ҳар қанча дод-вой дейилгани билан йиллар ўтгач, ҳеч ким Ватанга қайтмайди. Ҳатто икки фуқаролик берганда ҳам қайтадиган одам топилмайди. 40-50 йил Ватаннинг озодлиги учун жонларини таҳликага қўйганлар мустақиллик келганда, бориб, дарҳол ортга қайтганлари бунинг бир мисоли. Чунки йиллар давомида бошқа одамга айланасиз. Борсангиз ҳамма нарса бегонадек туюлади. Энг асосийси сизга бегонадек қарашади. Чунки бегона бўлиб қолгансиз-да. У ерда энди Ғарбда сиз топган эркинликнинг мингдан бирини ҳам тополмайсиз. Ҳатто Ўзбекистон демократик давлатга айланганда ҳам бутунлай қайтадиганлар саноқли бўлади. Улар ҳам бир муддатдан кейин ортга йўл соладилар. Бу мен яратган янгилик эмас. Бу социология илмининг тажрибалардан олинган хулосалардир. Шунинг учун ҳам доим такрорлайман, кетдингизми, тамом қайтиш йўқ. Қайтишингиз мумкин, фақат вақтинчага, меҳмон тарзида.
Шунинг учун демоқчиманки, бугун четга чиқиб, вақтингизни беҳуда ўтказманг. Ўқинг, илм олинг, жамиятга қўшилинг, изланинг ва ўзингиз яшаётган жамиятингизда ўз ўрнингизни топинг. Худди мана шу нарса сизга ўз маданиятингизни сақлаб қолишга замин яратади. Нафақат сақлаб қолиш балки шу маданиятингизга хизмат ҳам қилишга йўл очади. Табиийки, агар шундай истагингиз бўлса!

МАНТИҚ МАҲСУЛИ

24 Апрел, 2007 йил
САВОЛ׃ Сиз “Ярми чин, ярми химчин” номли асарингизда 2004 йил март-апрел портлашларини бевосита ҳукумат уюштирганлигига шаъма қилгансиз. Тўғриси менда ҳам шундай тахмин бор эди, лекин бу тахминимни исботловчи манбага эга эмасман. Агар мумкин бўлса, сиз келтирган ушбу воқеаларнинг қанчалик ҳақиқатга тўғри келиши, унинг манбаси тўғрисида мухтасар бўлса-да, маълумот берсангиз. Ҳурмат билан, Муаррих.

ЖАВОБ׃ Маълумки, ҳуқуқнинг асосини мантиқ белгилайди. Умуман мантиқ бутун ҳаётнинг ўқ илдизи деса муболаға бўлмайди. Агар мантиқ қоидаларини идрок этсангиз, кўп нарсага баҳо беришда адашмайсиз.
Менинг ҳам қўлимда ҳеч қандай аниқ далил йўқ. Аммо мантиқ қоидасига назар солсангиз, икки савол туғилади.
Биринчиси, бу ҳодисалар жамият учун фавқулодда янги ҳол эдими?
Иккинчиси, бу ҳодисалар қандай сиёсий-ижтимоий заминда юз берди ва кимга фойда келтирди?
Бу икки саволнинг жавобларини топиш жуда осон…
Мазкур воқеаларга қадар ўтган 15 йилдаги шундай ҳодисалар силсиласига назар ташласангиз узвийликни топасиз.
2004 йилдаги сиёсий ижтимоий воқеликни таҳлил этсангиз, Каримов режими яна бир марта боши берк кўчага кириб қолганини кўрасиз. Бундай пайтда чекиниш ёки кўчанинг тўсиғини бузиб, олдинга кетиш керак бўлади. Каримов режими яна иккинчисини танлади.
Ҳар доимгидек, таъкидламоқчиман, бундай воқеаларда ҳукумат “тажриба”сидан келиб чиқиб, анқов ёки қўлбола “мухолиф”лардан фойдаланиб, уларни ўз манфаати йўлида қўлланган. Бунинг умумлашган кўринишини “Ассассин” романида ўқишингиз мумкин.

ДАҲШАТЛИ ҲАЙҚИРИҚ
25 Апрел, 2007 йил
САВОЛ׃ Мен “Туронзамин” рўзномасида мана бу хабарни ўқидим׃
Гулбаҳор ҳам Каримов ва Мадаминовнинг виждонига ҳавола
Жалолиддин, Тошкент
Сиёсат билан ҳеч шуғулланмаган ва мухолифатдаги бирорта партия ёки ҳаракатга аъзо бўлмаган, Андижон воқеаларидан кейин мухбирга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига гапириб қўйган, муносабат билдирган Гулбахор Тўраева Қирғиз чегарасида китоблар билан қамоққа олингандан кейин орадан уч ой ўтиб, уч кунда суд қилиниб, олти йилга озодликдан маҳрум этилди.Бу оналар қаршисида тиз чўкаман, деган Ислом Каримовнинг навбатдаги меҳр шавқати.Айни пайтда иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда қолган бу аёлга ўз китобларини бериб, уни мамлакатга йўллаган Салай Мадаминовнинг ҳам навбатдаги қурбони бу.Андижондан олинган маълумотга кўра, айблов фикрида айтилишича, Тўраева бу ишни тижорий мақсадда қилган ва агар пул беришмаганда бу ишга бош қўшмаслигини айтган.Мадаминовнинг шахсий китобларини ташиб юриб қамалиб кетганлар сафига яна бир киши қўшилар экан, бундай аянчли ҳоллардан хулоса чиқариб олинмаётгани яна ҳам аянчлидир.Илгари қамалганларни унутган Салай Мадаминов ва унинг “резидент”лари бу сафар Гулбаҳор Тўраеванинг оиласидан, болаларидан хабардор бўлиб, уларга моддий ёрдам кўрсатармикан?
-Мен тушуна олмаган нарса шунинг учун Муҳаммад Солиҳни айблаш керакми? Гулбаҳор Тўраевада фақат унинг китоблари эмас, балки Рауф Парфининг ҳам китоблари бўлганку? Қолаверса шундай бўлганми йўқми сизлар ҳам аниқ билмайизларку? Бу ҳам мухолифат ичидаги даҳанаки жанг ахир. Буни қачон тўхтатасизлар? (Диамат).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Мени авф этасизу аммо кўринишидан сиз ҳамма нарсани мухолифат ичи даҳанаки жанги деб инкор этасиз. Шундай экан, далилни сиз ва Салай Мадаминов ишонадиган манбадан келтирай׃ “Озодлик” сайтида 24 Апрелда тантана билан қуйидаги хабар тарқатилди.“Андижон вилояти жиноят ишлари суди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраевани конституциявий тузумга тажовуз қилиш, туҳмат қилиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи адабиётлар тайёрлаш ва тарқатишда айбдор топиб, унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Касби шифокор Г.Тўраева шу йилнинг 14 январь куни Бишкекдан қайтаëтганида сумкасидан шоир Рауф Парфининг “Иймон асири”, шоир ва сиëсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Валфажр” ҳамда “Йўлнома” китоблари чиққанидан сўнг қамоққа олинган”.
Рауф Парфининг китоблари Ўзбекистонда таъқиқланган эмас. Аксинча нашр этилмоқда ва кутубхоналарда ҳам турибди. Маҳаллий матбуотда ҳам шеърлари босилмоқда. Бу воқеада унинг китоби “ниқоб” сифатида фойдаланилган, холос.Қолган китобларни бир бечора аёлнинг иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганидан фойдаланиб, у орқали юбориш разолатдан бошқа нарса эмас. Нима, бу “Искра” газетасимиди? Йўқ, бир одамнинг шахсий кечинмалари, хотиралари, уйдирмалари, бўҳтонлари тўпланган нарса. Бу одамнинг номи террорист деб эълон қилингани учун унинг китобини олиб борган шахс қамоққа кириши олиндан маълум ҳол. Бунинг устига ўша аёл Андижон воқеалари бўйича ҳукуматнинг қора рўйхатига тушганлигини ким ким Салай Мадаминов яхши билиши керак эди? Бугунга қадар ҳам унинг касрига қолиб, анчагина одам қамалиб кетганини илгари ҳам ёзгандик ва бундан сабоқ олмади, танқидни иғво деб билди.
Гап бунда ҳам эмас, гап шундаки, шу сабил қолгур китобларни юбориш жуда зарур бўлса, (аслида улар Интернетда ҳам турибди), Салай Мадаминовнинг этагини ўпиб, ўлимга ҳам кетишга розиман деб жар солиб юрган “шоввоз”лар орқали юборсин эди. Нега қўлида норасида гўдаги бўлган онани бу куйга солишади? Мана гап нимада? Бугунга қадар Салай Мадаминов учун қамалганларни у ва унинг гумашталари унутишган. Биргина мисол׃ унинг қилмишлари учун қамалган Мурод Жўраевнинг умр йўлдоши мана шу – у ишонадиган манба- ”Озодлик” орқали йиғлаб, иқтисодий қийналиб қолганини айтганига ҳали кўп бўлган эмас. Китоблар чиқаришга, уни мамлакатга юборишга пул бор экан. Шуни Мурод Жўраев кабиларнинг тирик етим ҳолига тушган болаларига юборса бўлмасмиди? Мана гап нимада?
Гулабаҳор ҳам қамалган куниёқ унутилди. Фақат унинг номини пеш қилиб, обрў қидириш эса давом қилмоқда. Лекин унинг оиласи фарёдларига Мадаминов қулоқ солдими? Бу саволга яна сиз ишонадиган манба – “Озодлик” сайтида бугун қўйилган мақолада жавоб бор׃
“-Суд очиқ шаклда ўтди. Мен унда қатнашдим. Агар сизга бирор маълумот керак бўлса, нега судга келмадингиз, у ерда ҳеч ким бўлмади. Бечора аёлни қамаб қўйишди, 8 ойлик гўдаги қолиб кетди”, – дея изтироб билан сўзлади Г.Тўраеванинг қайнонаси ва “Озодлик” мухбирининг бошқа саволларига жавоб беришдан бош тортди”.
Бу даҳшатли ҳайқириқдир! Мана шунинг ўзи сизнинг ҳамма саволларингизга жавоб.

Каримов Худога ишонадими?
26 Апрел, 2007 йил
САВОЛ׃ “Туронзамин”да кеча ўқидим, Ислом Каримов Хастимомга бориб, охирати ҳақида ўйлаганмиш. Мана сиз Каримовни яхши биласиз, айтинг-чи у Худога ишонадими?(Одил).
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бошқаларнинг мантиғи билан ишим йўқ, аммо менинг мантиғимга кўра, бировнинг Худога ишониб ишонмаслигини баҳолаш бизнинг ишимизга кирмайди. Бу унинг ва Худонинг ваколатига кирадиган мавзу.
Лекин Каримов ўзини бир мамлакат ва у ерда яшаётган бир қанча халқларнинг раҳбари деб атаётган экан, бу мавзуга кириш мумкин.
Менимча, Каримов азалдан атеист бўлган ва шундайлигича турибди. У ўзгарувчан шахс эмас. У ҳамма нарсадан ўз манфаати йўлида фойдаланишни истаганидек, динни, ҳатто Худо номини ҳам шу йўлда қўлланиб келмоқда.
Минг афсуски, бу фақат Каримовга хос эмас, балки барча мусулмон мамлакатларининг теппасида ўтирган диктаторларга хос.Каримов Худодан қўрқмасликни Совет мактаби ва Шўро лидерларидан ўрганган бўлса, мусулмон давлатларининг раҳбарлари, казо-казолари унинг бу иллатини мустаҳкамладилар. Уни Каъбага олиб кириб, кейин унга Каъбапўш ҳадя қилган Саудия Арабистони диктаторлари, бугунга қадар уни ислом дунёсининг катта сиймоси деб атаётган араб дунёси лидерлари унга барча жиноятларини Худо кечириб юборади деган бир ҳис бермоқдалар.
Унинг золимликларини Худога ишонишларига шубҳа ҳам бўлмаган ўзимизнинг муфтилару уламолар ҳам 16 йилдирки, оқлаб келаётганлари эса, унга оддий халқни эзишда янада куч бермоқда.

ХОТИРА КУНИ

8 Май, 2007 йил
САВОЛ׃ Эртага 9-май. Сиз бу кунни фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 62 йиллиги деб биласизми, ёки 1999 йилда эълон қилинган “Хотира ва қадрлаш куни”-ми? (МУАРРИХ).

ЖАВОБ׃ Менимча иккинчи жаҳон уруши фашизмнинг фашизм билан тўқнашувидир. Бу Ҳитлер қиёфасидаги олмон фашизми билан Сталин бошқарувидаги славян фашизмининг ўзаро урушига дунёнинг жуда кўп мамлакатлари турли сабаблар, манфаатлар, янглишиш ва мажбур қолиш туфайли қўшилганлар.
Жумладан, Ўзбекистон СССРнинг мустамлакаси, зулмнинг қурбони сифатида қатнашган ва жуда катта талофотлар берган.
Бу уруш фашизмни тугатмади, балки рус-славян фашизми янада кучайди ва бугунга қадар давом этмоқда. Шунинг учун бу байрам қилинадиган кун эмас. Аксинча бегуноҳ кетганлар, алданганлар, зулм ва қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланиши мумкин.
Ҳар бир халқнинг ўз тарихидаги қора кунлар, қатағон ва қатлиомларни хотирлайдиган сана бўлади.
Модомики, Ўзбекистонда бу кун Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган экан, демак, шу куни Сталин зулми даврида ҳалок бўлганлар билан бирга Каримов режимининг қурбонлари ҳам, хусусан 2005 йил 13 Майда Андижонда отиб ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳам хотирланиши керак.

Каримовдан кeйин ҳукуматни ким бошқаради?

11 Май, 2007 йил
САВОЛ׃ Мен Каримов режимини азалдан ёмон кўраман. Аммо, гарчи ёмон кўрсам-да, барибир Каримовдан бошқа одамнинг ҳукумат теппасида туриб президентлик қилиши менга эриш туюлади. Сабаби менинг назаримда, айнан у сиёсий вазиятни яхши тушунади, сабаби, шунча йилдан бери ҳукумат теппасида. Иккинчидан, айтайлик, Каримов мухолифатга сайловда қатнашишга рухсат берди ҳам дейлик. Бироқ, мухолифатга ким ишонади, агар мухолифат ҳаммага нотаниш бўлса. Ўзингиз айтинг-чи шу ўтган 15 йил ичида мухолифатнинг бирор ҳаракатлари сезилдими?
Сайлов яқин. Бу орада Каримов ўзи бош вазирликни эгаллаб, ҳукумат теппасига “қўғирчоқ” президентни олиб келиши мумкин. Бунинг эҳтимоллиги юқори.
Сиз нима деб ўйлайсиз, Каримовда кейин ҳукуматни бошқаришга ким муносиб ва нима учун? (Умид).

ЖАВОБ׃ Худди сиз каби фикрлайдиганлар бугун оз эмас. Улар ҳам қисман ҳақ. Бу ҳақлик фақат ташқи кўринишда. Яъни саробга ўхшаган ҳақлик׃ кўзингизга жуда чиройли кўринади, аммо асли бошқа. Чунки сиз доим Каримовнинг сизга қараган юзини кўриб улғайдингиз. Асл юзидан эса кўплар каби бехабарсиз. Унинг сизга қаратилган юмшоқ ва сиз ҳақингизда ғамхўрона айтилган гапларини эшитиб улғайдингиз. Унинг шууридаги сўзларни эшита олмадингиз.
Худди бизнинг авлод Ленинни дунёнинг энг ақлли ва энг доно одами деб улғайгани каби. Ўша пайтда Лениннинг ўрнини ҳатто Худо ҳам тўлдира олмайди дегувчилар бўларди. Лекин кўрдик-ки, Ленин дегани баттолларнинг баттоли экан. Шунинг учун сизнинг Каримов “сиёсий вазиятни яхши тушунади, сабаби, шунча йилдан бери ҳукумат теппасида” дейишингизни англайман ва сизни асло ва асло айбламайман. Чунки бир кун келиб Каримовнинг сиёсий вазиятни мутлоқ тушунмаганини биласиз.
Каримов Бош вазир бўлади, деган гапларга эса ишонмайман. Бу Каримовнинг зеҳниятига тескари.
Мухолифатга келсак.. Агар ҳақиқий мухолифатда халқ ҳузурига чиқиш имкони бўлса ва халқ унга ишонмаса, демак халқ ўзига ишонмайди. Чунки бугун халқнинг ўзи ҳақиқий мухолифатга айланган. Фақат бу мухолифатнинг кўзи боғланган, минбари йўқ, қўли ва оёғига кўринмас кишанлар солинган.
Лекин шу аниқ-ки, Каримов ва янги каримовлар бир ўлкани бир умрга зулм остида тута олмайдилар. Барибир бир кун кўзлар очилади, кишанлар синади, ҳақ сўзни айтиш халқ томонга ўтади ва халқ ўз номзодини кўрсатади. Ана ўша номзод ҳукуматни бошқаришга энг муносиб одам бўлади.

Унинг бу бечора халқда қандай қасоси бор?

27 Май, 2007 йил
САВОЛ׃ Сиз баъзиларни террористик йўлга кирганликда ёки қуролли курашга чорлаганликда айбламоқдасиз. Бугун йўллар тугагган ва шу икки йўлга қадалиб қолмадикми? Бунинг устига баъзиларни танқид қиласизу нега Абдураҳим Пўлатовни танқид қилмайсиз? (Раҳматжон, Шоҳ Жаҳон).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Агар биз демократ бўлсак ҳеч қачон бу йўлларга қадалиб қолмаймиз. Бу йўллар демократияга мутлоқ зиддир.
Энди мен танқид қилаётган “баъзи”ларга келсак. Мен умумий гап қилмасадан ўша баъзиларнинг қўрбошиси, ўзини Муҳаммад Солиҳ дейдиган Салай Мадаминовни айблаб келмоқдаман. Бунга жудда жиддий асосларим бор. Ўзбекистонда мухолифат бугунги вазиятга тушишида бу одам бевосита айбдор. Абдураҳим Пўлатовни ҳам камчиликлари учун жуда кўп танқид қилганман. Лекин Мадаминов ўзбек халқининг бугунги аҳволга тушишига Каримов билан баравар даражада айбдордир. Бунинг устига бугун у яна халқ бошига офат солмоқчи. Офат келаётганини кўрсангиз ва индамай турсангиз, офатнинг олдини олишга ёки одамларни огоҳлантиришга уринмасангиз-бу хоинлик.
Салай Мадаминов агар самимий бўлса, бир иш қилмоқчи бўлса тўйдан олдин ноғора чалган каби жар соладими? Қўлидан бир иш келмайдиган нўноқ одам шундай қилади. Қўлидан иш келадиган одам эса индамай туриб ишини бажаради.
У 1990 йилларнинг бошида радио орқали жар солди. Кейин 19 кишини очиқдан- очиқ Туркияга олиб келиб, Қора денгиз соҳилида, одамлар дам оладиган Шила соҳилгоҳида, бутун халқнинг кўз ўнгида қурол отишга ўргатди. Каримов кучни тан олади дея буни видео-тасвирга олиб, кўриб қўй, армиям бор дегандек унга жўнатди. Бундан ҳукумат дарҳол фойдаланди ва қатағон ўтказди. Минглаб одамлар қамалдилар…
1999 йил портлашлари олдидан ҳам шундай бўлди. Унинг Тоҳир Йўлдош билан музокаралар қилаётгани ва Каримовнинг қачон ўлдирилиши каби узунқулоқ гаплар 1998 йилнинг охирларидаёқ ҳатто АҚШга қадар етиб келди. Буни унга яқин одамлар гапириб юрдилар. Ҳукумат бундан қандай фойдаланганини биласиз.
Бугун ҳам унга яқин одамлар давлат тўнтариши қилиш, қайси бир Қорининг 50 минг одами (аслида 50 та ҳам йўқ) улар билан бирлашгани каби гапларни нафақат гапириб, балки Интернетда, чатларда ёзиб ҳам юришибди. Бу ҳам камлик қилганидек, унинг Стоголмда бир мачитга одам тўлаб, режа тузгани видео-тасвирга туширилиб, Каримовга етиб борибди.
Ҳукумат буни дарҳол ишга солди.
1.Четдагиларнинг ота-оналари, яқинларини агар бир нарсани яширсалар жавобгарликка тортилиш ҳақида қарор қабул қилди ва маҳаллаларда буни очиқ тарғиб қилишмоқда.
2.Ўзбекистондан четга кетганларнинг рўйхатини тузишга, улар ҳақидаги маълумотларни тўплашга киришилди.
3.Яна исломий таҳлика келмоқда дея ҳуқуқ тартибот идоралари терроризмга қарши курашга сафарбар қилинди. Вилоятларда машқлар ўтказилмоқда, мухолифатга алоқадор одамларнинг яқинлари ҳам ҳар қачонгидан қаттиқ назорат остида.
4.Бундан руслар ҳам фойдаланмоқдалар ва ёзда ҳужумлар бўлади дея Ўзбекистондаги оёқларини мустаҳкамламоқдалар…
Бу кетишда ҳукумат яна нималарни режаламоқда, Худо билади.
Шундан кейин ҳам индамай туриш мумкинми? Бу ҳақда гапириш осон эмас. Ҳар икки томондан ҳужумга маъруз қоласиз. Лекин демократларнинг вазифаси бундай фитналарнинг олдини олишдир. Агар бу ишни Абдураҳим Пўлатов қилаётган бўлса, у ҳақда ҳам ёзардим. Лекин у ҳам Мадаминовни бундай жинояткорона йўлдан қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Хўш, Салай Мадаминовнинг бу халқда қандай қасоси бор? Қасоси йўқ. У халқни қўлланишга ўрганиб қолди. Ўтган ҳар бир воқеадан у ҳам, Каримов ҳам фойда кўрди. У “Менинг одамларим қамалмоқда” дея жар солиб, ўз номини ва нонини сақлаб қолди, шунинг орқасидан туркларни соғиб келмоқда. Каримов эса “Ана террористлар… ” дея дунёни чалғитди, зулм тахтини мустаҳкамлади.
Агар буни ҳали ҳам тушунмган бўлсак, ҳолимизга вой!.

Туркманга қара, ўзбекни кўр!

29 Май, 2007 йил
САВОЛ׃ Наҳотки биз Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлганини кўрмай ўтиб кетамиз.(Умида).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Менимча ўзгаришларни кўришингиз учун имкон бор. Худди 1990 йиларнинг бошида бўлгани каби яна бир имкон пайдо бўлиши аниқ. Лекин бугунги кетишда у имкон ҳам бой берилиши ҳеч нарса эмас.
Гап шундаки, турк қавмлари орасида ўзбек ва туркманнинг зеҳнияти жуда яқин. Ҳар иккаласи ҳам зулмга жуда тез тобе бўлади. Туркманлар бу борада ўзбекдан бир қадам олдинда эканлигини Туркманбоши даврида кўрдик. Шунинг учун бугун Туркманистонда юз бераётган воқеалар бир кун келиб Ўзбекистонда ҳам такрор бўлиши турган гап.
Бизнинг мухолифат ҳам бирлаша олмади. Ўзини сиёсий-демократик куч сифатида майдонга қўйиш унинг қўлидан келмади. Шу боис сайловларга ва Каримов режимига таъсири бугунга қадар бўлганидек нолдан кўтарилмайди.
Каримов ўлиб қолганда эса, худди туркман мухолифати каби четдан туриб овоз солади ва ҳатто бирлашдик ҳам дейди. Лекин тўй ўтган бўлади.
Шарқда азалдан тахтга минган одам ўз манфаати учун ака-укаси бир томонда турсин ҳатто отасини аямаган. Буни Туркманистон мисолида ҳам кўрмоқдамиз. Янги Туркманбоши дастлаб ўзини тахтга олиб келган одамни ва унинг гуруҳини йўқотди. Тарихимиздан жуда таниш манзара. Кейин салоҳиятга эга вазирларни қамоққа тиқа бошлади. Мана энди эски Туркманбошининг ҳайкалларини бузишга киришди. Туркманистонда бу жараён секин бормоқда. Ўзбекистонда эса жуда тез кечиши мумкин. Чунки Каримовнинг ўрнига келган одам ўта жиддий муаммолар билан юзма-юз қолади.
1.Мамлакат маҳаллийчилик, диний тоқатсизлик, миллий низолар боис парчаланиб кетиш остонасида бўлади.
2.Иқтисодий қийинчиликдан эзилган халқ янги режимдан тезроқ ўзгаришлар қилишни кутади ва сезмаса турли нуқталарда “Андижон воқеалари” келиб чиқиши мумкин.
3.Қамоқдагиларни озод қилишни талаб этиш жараёнида аёллар норозилиги катта намойишларга айланиб кетиши яққол кўриниб қолади.
4.Янги раҳбар дунёга ўзини эскининг “думи” эмас, мустақил қилиб кўрсатишга интилади ва ҳоказо.
Шу боис тезда Каримовни қоралаб, унинг одамларини қамайди ва ҳамма айбни уларга тўнкашга уринади. Ана шу жараёнда демократик мухолифатга ўзини кўрсатиш учун имкон пайдо бўлади. Агар мухолифат мамлакат ичида ташкилот сифатида шаклланмаган бўлса, бу имкониятнинг яқинига ҳам боролмайди. 1990 йиллар нари-берисида майдонга чиққан мухолифат намоёндаларининг бугунги ўрталама ёши 55-70. Худо узоқ умр берсин. Лекин бу ҳам ҳисобга олиниши керак бўлган жиддий фактор. Демак, кўп нарса бугунги ёшларга, бугунги талабаларга боғлиқ. Илгари ҳам кўп ёзганим каби, бугунги мухолифат ҳақиқатдан мамлакат ва миллатнинг келажагини ўйласа, ана шу ёшларни демократик ташкилотлар атрофида бирлаштириши ва уларга йўл кўрсатиши керак.
Бу албатта, башорат эмас, мен адашишим мумкин, лекин ҳар қандай одамнинг ўз қарашлари бўлгани каби бу мен тахмин қилаётган учта йўлнинг биттаси. Қолган иккитаси ҳақида ҳам вақти келганда ёзарман.

Чўмичда бори…

30 Май, 2007 йил
САВОЛ׃ Ўзбекистондаги ёшлар орасида мухолифат борми? Бор бўлса нега кўринмайди ва йўқ бўлса нега? (Фарҳод).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Фарҳоджон, яқинда сиз каби Ўзбекистондан четга келган бир йигит билан гаплашдим. У четга чиқиб ҳалига қадар вебсайтларда Каримов ҳақида ёзилган ва ёзилаётган нарсаларга ишонмаётганини айтди.
Мен ундан׃
-Сиз мактабда аълочи ўқувчи бўлгансиз, кейин олийгоҳда ҳам аъло баҳоларага ўқигансиз, ҳар кун хабарларни кўргансиз, газеталарни битта қўймай ўқиб боргансиз, шундайми?-дедим.
У ҳаяжонланиб׃
-Сиз қаёқдан билдингиз? Мен мактабни ҳам, олийгоҳни ҳам аълога битирганман, газеталарни эса соғиниб қолдим,-деди.
Кейин унга׃
-Сиз ҳукумат идораларидан бирига бориб ишга киргансиз, аммо олган маошингиз ўзингизга етмаган, буни устига оилангиз қарзга ботган ва шундан кейин бу ёқларга келгансиз,-дедим.
У энди׃
-Шунга яқин,-деди.- Ишга ўтмоқчи эдим. Ташқи ишлар вазирлигига бориб бир неча ой маош олмасдан ишлаб ҳам юрдим. Бўлмади. Бошқа жойларга ҳам бордим. Иш тополмадим. Омадсиз эканман.
Мен унга׃
-Сизнинг бошингиз компютердек гап. Унга роса кераксиз нарсаларни юклашган. Сиз бир муддат уларни ўчириб, ўрнига янгиларини жойлашингиз керак,-дедим.
Бир оздан кейин у мен билан тортиша бошлади. Каримовни ҳимоя қила кетди. Индамадим. Уни тушундим. Айб унда эмас…
Ҳозир у қайси бир дўконда тозаловчи бўлиб ишлаётган экан. Унга компютер олиб, Интернетга боғланишига кўмаклашдим. Ишонаманки, бир кун у Каримов режимига мухолифат бўлиб етишади. Чунки у ўзи истамаган ҳолда бошига ерлаштирилган кераксиз “дастур”ларни янгилари билан алмаштирмоқда.
Бугун Ўзбекистонда матбуот эркин эмас. Интернет бўғилган… нега? Мана шу жараён-яъни “компютер”га бошқа “дастур”ларни жойлаштириш жараёнига йўл бермаслик учун.
Биз Демократик Ўзбекстон Конгресси ўлароқ ўз олдимизга ана шу йўлда ишлашни мақсад қилиб қўйганмиз ва бугун аста-секин бўлса ҳам мамлакат ичида ёшларга йўл топмоқдамиз. Лекин биз уларга “Намойишга чиқ, бош кўтар” демаймиз. Уларга айтадиганимиз “Вақт топиб бу режим ҳақида ва демократия ҳақида биз юборган нарсаларни ўқи” деймиз, холос. Агар уларга “Бугун намойишга чиқ” десак биринчидан, ҳуркитамиз, иккинчидан, бекордан-бекорга қурбон қиламиз. Биз уларни авайлаб асрамоқдамиз. Яқин келажак учун. Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги мухолиф ташкилотлари ва балки ҳокимият тизимидаги демократлари, Ўзбекистоннинг келажагини қутқарадиган ана шу ёшлардир.
Ҳар ким билгани атрофида фикр юритади. Мамлакат ичида ёшларнинг бошқа қандайдир ташкилотлари борлиги ҳақида маълумот жуда оз. Чўмичда бори юзага чиқади.

Хоразмликлар-биздан, демократия
душманлари эса бизга ҳам, Хоразмга ҳам бегона!

1 ИЮН, 2007 йил

САВОЛ׃ “Итлар акиллайди,- карвон кетаверади. Солих билан Жахонгирни уртасидан кайси «кора ифлос» югуриб утди?
Собаки лают, – караван идёт. Какая «чёрная мразь» пробежала между Салихом и Джахангиром?
Ахмад Бабаджанов
Генеральный директор Совместного предприятия
Город Самарканд
Макола узбек ва рус тилида ёзилган”
Сизни ҳимоя қилиб тарқатилаётган бу мактубни нега нашр этмаяпсиз? (Акмал).
ЖАВОБ׃ Бу мактубни мен ҳам олдим. Ҳатто бир неча марта. Аввалига бу навбатдаги провакация деб ўйладим. Чунки мавзуни бошқа томонларга буриб юборишда Каримов мактабининг аълочи ўқувчилари кўплигини биласиз. Улар ва бошқаларга ҳам айтадиганим шуки, илтимос, бизнинг курашимизга маҳаллийчилик тусини беришга уринманг.
Биз ким бўлишидан ва қаердан бўлишидан қатъий назар агар демократия душмани бўлса ёки сўзда демократия тарафдори, амалда эса ўз манфаатини ўйлаган ва бу йўлда халқнинг манфаатини оёқ ости қилган ҳар қандай кишига бегонамиз, уни кескин танқид қилаверамиз. Аммо бизнинг танқид туҳмат, уйдирма, даҳанаки жанглардан йироқ бўлади.
Электрон мактубда хоразмликлар масаласига диққат тортилган. Бу янглиш йўл. Хоразм ўзбек маданиятининг метин қалъаларидан бири ва хоразмликлар мазкур қалъанинг собит соҳибларидир. Агар уларнинг орасидан ким ёки кимларнидир танқид қилсак, бу хоразмликларга қаршимиз дегани эмас. Аксинча, демократия душмани эканлиги мутлоқ аниқ бўлиб қолган бир неча маданиятсиз кимса ўз ёзув-чизувлари билан бу қадим маданиятга доғ туширмоқдалар.
Шу сабаб ҳам уларни танқид қилувчилар сафида хоразмлик демократ дўстларимиз ҳам бор. Улардан бирининг очиқ хатини бир неча кун олдин эълон қилган эдик. Шунингдек, “Туронзамин”нинг фидойи ҳамкорларидан бири ҳам хоразмлик. Шундай экан, мени ҳимоямга деб ёзилган ва самарқандликларни улуғлаб хоразмликларни камситилган гапларни қоралайман. Мен ўзим самарқандликман ва 15 йилдир золим бир самарқандликни аёвсиз танқид қилиб келаман. Мен азалдан маҳаллийчиликка қаршиман. Маҳаллийчилик бу Ўзбекистонни чоҳга олиб борадиган иллатдир. Биз бундан устун тура олсаккина Ўзбекистон келажакда давлат сифатида йўқолмай қолиши мумкин.
Электрон почта орқали тарқатилган мактуб муаллифи ўзини журналист деб танитмоқда. Лекин мен уни танимас эканман. У балки яхши ният билан қўлига қалам олган ва балки билмасдан гапни Хоразм ва Самарқанд мавзуларига буриб юборган бўлиши мумкин. Ундан менга мактуб ёзишини илтимос қилар эдим. Чунки бугун унинг каби зуллисонайн ижодкорларга эҳтиёж катта. Ўзбекистондаги режим даҳшатларини руслар ўлкасига етказишда ўзбек демократлари жуда оз иш қилмоқдалар. Бу одам ана шу соҳада бизга ёрдамчи бўлса, бу бизга энг катта ҳимоядир!
Мен ҳаётим давомида жуда кўп бўҳтонларга дуч келганман ва бугунгилари ҳеч нарса эмас. Мадаминовчилар томонидан мен ҳақимда тўқилиб тарқатилаётган исмли ёки аноним буҳтонлар 13 йилдан бери давом этмоқда. Лекин бугунгиси ҳам олдингилари каби ёрдам бермоқда.
Биринчидан, менинг номим билан қизиққанлар кўпайиб кетди. Сайтдаги статистикага кўра, таржимаи ҳолимни кейинги 3 кунда 8 минг марта кўришибди. Гап менинг номимда эмас. Шу одамлардан анчаси мен ёзган асарларни ўқий бошлабди. Бу муҳим. Сайтимда қидирув келган адреслар орасида энг кўпи фарғона.ру орқали қидирув экан. Китобларимни ўқиш 6 мартага кўпайибди. Демак, мен фарғона.ру-га, хусусан унинг ўзбек тили бўйича шеф редактори Алишер Соиповга чин дилдан “миннатдорчилик” билдираман. Ижодкор учун энг катта бахт унинг ёзганлари ўқилишидир.
Иккинчидан, жиддий танқидларга жавобан ножиддий уйдирма кампанияси демократик мухолифатни янада жипслашишга ундади. Демократик Ўзбекистон Конгрессининг “Террор таҳдиди” деб номланган Баёноти “Туронзамин”, “Бирлик”, “Ҳаракат”, “Бирдамлик”, “Ватандош”, “Ризобек” каби сайтларда нашр этилиши бугун террорга, терроризмга қарши бўлганлар кўпчилик эканлигини кўрсатди. Қолаверса, шу баёнот билан боғлиқ юздан зиёд мактуб олганим, ҳатто мен мутлоқ танимаган одамлар “Биз Сиз билан!” деб мактуб ёзишлари қувонарли ҳолдир. Яқин кунларда бу мактубларни тўплаб, тартибга солиб эълон қилиш ниятим бор. Демак, уйдирмачилар масаланинг бу жиҳатини ҳисобга олмаган кўринадилар.
Учинчидан, ёзувларим билан одамларни, уларнинг йўлларини, қарашларини ўзгартиришга қодир эканлигимдан севиндим. Чунки менинг ёзувларим сабаб баъзилар талвасага тушиб, видео чақириқларини ўзгартирдилар, аскарий шапкаларини ечдилар, таҳликали террор васвасаси йўлидан қайта бошладилар. Демак уларнинг келажагини қутқариб қолдим. Бир оддий демократ ижодкор учун мана шунинг ўзи ҳам катта иш.

Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар
кузатилмоқда деган гапни айтиш мумкин эмас

15-6-2007
САВОЛ׃ Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш 100 фойиз ҳукуматга боғлиқми? Ҳозирда Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда? “Ulug’bek Abdusattorov” xpantera989@rambler.ru

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Илгари ҳам худди шундай саволларга тўхталганим учун жавобни мухтасар қилмоқчиман.
Ҳа, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш юз фойиз ҳукуматга боғлиқ. Ҳатто демократик давлатларда ҳам иқтисодий ривожланиш кўп жиҳатдан ҳукуматнинг отган одимларига боғлиқ бўлади. Аммо юз фойизни ташкил этмайди. Бутун ҳокимият, ҳатто қонун чиқарувчи орган ҳам бир кишининг амрига қараб қолган диктатура шароитида иқтисод ҳукуматга мутлақо тобе бўлиб қолади ва ривожланиш деярли кузатилмайди.
Диктатура шароитида аввал иқтисод, кейин сиёсат деган ақида ҳукмрон бўлади. Ваҳоланки, сиёсатни тўғри йўлга қўймай иқтисодни кўтариш мушкул. Баъзи бир диктатуралар пайтида иқтисод ривожлангани мисол қилиб айтилади, худди бугун Хитой ҳақида гапирилаётгани каби.
Бу сароб. Чунки биз ташқи кўринишга қараб баҳолаяпмиз. Ичкаридаги вазиятни ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз. Оддий рақамлардан тортиб, ҳамма нарсани ҳукуматнинг хабарлари ва ҳисоботларига қараб биламиз. Бир пайтлар СССР ҳам иқтисодда дунёнинг энг кучли маркази дейилган.
Хуллас, халққа сиёсий эркинлик берилмаса, иқтисод эркинлиги ҳақидаги гаплар чўпчакдир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда деган гапни айтиш мумкин эмас.
Бу менинг қарашим, сизда бошқа фикр бўлса, эшитишга ҳозирман.

КАРИМОВ ҚОЛМОҚЧИМИ, КЕТМОҚЧИМИ?

20-6-2007
САВОЛ׃ Бу йил 23 декабрда Ўзбекистонда перзидентлик сайлови бўлади. Қонунга кўра расмий тайёргарлик уч ой олдин бошланади. Бу жуда ҳам қисқа вақт. Ҳеч нарсага улгуриб бўлмайдику. Бошқа мамлакатларда ҳам шундайми? Ҳурматли президентимиз бу сафар қолмоқчимилар ёки кетмоқчимилар? (Б.Қўчқоров, тиббиёт олийгоҳи).

http://uzbekcongress.files.wordpress.com/2007/06/jm_1.jpgЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Саволингизнинг охирги қисми Ислом Каримов жанобларига оид экан. Аммо у кишига бирорта савол етиб бормайди ва етиб борганда ҳам у киши жавоб беролмайдилар.
Саволга жавоб бериш учун ҳам киши׃
-вақт,
-ирода, матонат,
-шуур ва ўз қатъий фикрига эга бўлиши керак.
Каримовда вақт йўқ. Чунки бутун Ўзбекистон масаласини ўз бўйнига олган. Эътибор қилинг, халқнинг масаласини деяётганим йўқ. Ўзбекистон масаласини. Бу олтинлардан уранга, миршаблардан чегарага… ва ҳоказо саноғи йўқ масалалар. Ҳатто чет элликлар ширкат очаман деса ҳам Каримовдан изн олиши керак. Шундай экан сизнинг саволингизга жавоб беришга унинг вақти йўқ.
Каримовда ирода ва матонат йўқ. У танқидга чидай олмайди. У матбуотдан қўрқади. У ҳақ сўздан қўрқади.
Каримовда шуур ва қатъий фикр йўқ. У ўз номи тарихда бугунги Ўзбекистондаги каби улуғланишига ишонади. У бугун бошқа гап айтса, эртга бошқасини айтади. Бугун бир йўл танласа, эртага бошқасини.
Шундай экан, саволингизнинг бу қисмига жавобни ундан кутиш мантиқсизлик бўлади ва биз эса фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос. Каримов қолмоқ ё кетмоқ ҳақида ўйлаётгани ҳам эмас. Худди ўлим ҳақида ўйлаш фарз бўлгани, аммо ҳеч ким ўйламагани каби бир ҳол бу!
Энди саволингизнинг биринчи қисмига назар солсак, ҳа бу жуда қисқа вақт ва бу атайлабдан қилинган. Диктатура деган жонивор шунақа бўлади. Ўзи истагани каби маърайди.
Бошқа мамлакатлар масаласида шуни айтиш мумкинки, масалан АҚШда президентлик сайловига тайёргарлик икки ярим йил олдин бошланди. 2008 йил охирида бўладиган сайловга ҳозир ҳар икки партиядан ўнлаб номзодлар бор ва улар халқ олдида имтиҳондан ўтмоқдалар. Ўзбекистон ҳали-бери бу даражага ета олмайди. Бу энди бошқа ва илдизи жуда чуқур масала.

КАРИМОВ ТОМОША КЎРСАТМОҚДА

22-6-2007
САВОЛ׃ Каримов нима учун сайлов кампаниясини олдиндан бошлаб юборди? Бунинг ортида бирор гап бўлиши мумкинми?(Эркин).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Кейинги пайтда Каримовнинг Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Наманган ва Андижон вилоятларига сафари табиийки шундай саволни уйғотади.
Аммо менинг назаримда Каримовнинг калласида биз тушунган сайлов кампанияси деган гап йўқ. Агар биз унинг бу сафарлари ва яқинда Самарқандга ҳам боришини сайлов кампанияси-халқ билан учрашув деб баҳолайдиган бўлсак, у ҳолда Каримов ё халқни ҳурмат қилади ё халқдан қўрқади деган бўламиз.
Акс тақдирда унга кампания нима учун керак. Кампания халқнинг ишончини қозониш учун амалга ошириладиган сиёсий маъракадир. Каримовга эса халқнинг ишончи бир тийинлик қийматга ҳам эга эмас. Сандиқдан унга қарши 99.99 фойиз овоз чиққанда ҳам у ўзининг сайланганини эълон қилиб юбораверади. Тузум шунга мосланган.
У ҳолда бу кезишлардан мақсад нима?
Менимча ҳа, бу кезишлар сайлов билан боғлиқ. Лекин Каримов ўзини халққа эмас, балки дунёга кўрсатмоқчи. Россия раҳбари қатнашадиган ҳар бир анжуманга етиб бораётган Каримов энди ичкаридан туриб, “сигнал” бермоқда. Яъни кутилмаганда унинг суянган тоғи Путин׃
-Ислом Абдуғаниевич, мана ҳатто мен ҳам кетмоқчиман, сиз ҳам ёшларга йўл беринг!-деб қолса нима бўлади?
-Ана Назарбоевга нега гапирмайсиз? Ана Имомалига-чи?-деса,
-Имомали ёш, Нурсултон Абишевич ҳали куч-қувват соҳиби,-деган жавобни олиши мумкин.
Ғарбда ҳам Каримов кексайиб қолди, ёш нуқтаи назаридан ҳам кетиши керак деган гаплар айтилмоқда.
Менимча, Каримов шундан безовта. Бушнинг танқидига диккилаб қолгани ҳам бежиз эмас!
У ана шуларнинг ҳаммасини бир жойга жамлаб, мен ҳам куч-қувват соҳибиман демоқчи ва 70 ёш чегараси ҳақидаги гапларга ҳам нуқта қўймоқчи.

КИМНИНГ КУНИ БИТДИ?

25-6-2007
САВОЛ׃ З. Исаевнинг аризасини ўқидим. Ўзбекистонда демократия йўқ. Оддий бир судья қандай қилиб Каримовнинг ўнг қўлига қарши бош кўтариши мумкин? (Ўктам, Дублин).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Менимча, Ўзбекистон Олий судининг раиси Бўритош Мустафоев номига ҳакам З. Исаев номидан ёзилган аризанинг Интернетга чиқиб кетиши Ислом Каримов ўз атрофидаги “чинор”лардан яна бир-иккитасини қулатишга қарор қилганини кўрсатади.
Эсингизда бўлса, “Каримовдан кейинги одамлар” номини олган Исмоил Жўрабеков ва Темур Алимовларни йўқотиш учун аввал Интернетга улар ҳақида бир қанча мақолалар сиздирилган эди. Асосан Ҳақназаров номидан чиққан ўша мақолаларда оддий бир одам эмас, балки МХХнинг энг юқори лавозимларида ишлаганлар ҳам аранг топа олиши мумкин бўлган фактлар ишлатилганди.
Санжар Умаровни суд қилган З. Исаев кутилмаганда бугунги Ўзбекистонда “Каримовдан кейинги иккинчи одам” ҳисобланган ва Каримовнинг бутун қилмишларининг бошида турган Зелемхон Ҳайдаровга жанг очиши ақлга сиғмайдиган ҳол. Юқоридан келадиган битта телефон билан ҳар қандай одамни зиндонбанд этадиган бундай судялар фақат ортида жуда катта куч турганини ҳис қилсагина қаҳрамонга айланишади. Чунки улар жуда қўрқоқ бўладилар ва бир “ковлашса” ҳамма ёқларидан пора тўкилишини биладилар.
Макур судянинг аризасини ўз сайтида чоп этган Сергей Ежков эса бу мамлакатда биттта одил, битта ватансевар ва битта ҳалол инсон борлиги ва у ҳам Ислом Каримов эканлигини ёзади. Унга кўра, Каримовнинг атрофидагилар айбдор фақат.
Ваҳоланки, Зелемхон Ҳайдаров 1990 йиллар бошида Ўзкомпартия биносидан Президент Девонига айлантирилган кошонага эндигина президент бўлган Каримов билан бирга кириб келган ва Девонда Умумий ишлар идораси раҳбари сифатида президентнинг парда орқасидаги ҳаётини бошқариб келди. У жуда уста одам ва ҳеч қачон Каримов ёки оиласидан ташқари бировнинг ишини бажармаган. Шунинг учун ҳам Каримов уни бугунга қадар ёнида сақлади.
Ана шу одам ҳақида судя Исаев ўз аризасида қуйидагиларни ёзади. (Бизда аксар судяларнинг онаси, хотини урус ёки ўзбек тилини билмайди, шунинг учун рус тилида ёзадилар. Ҳужжатдаги матн ўз ҳолида қолсин дея таржима қилмасликка мажбурман-ЖМ)׃
“На фигуре господина Гафурова А.А. необходимо остановиться отдельно. Так, господин Гафуров А. после официального привлечения к уголовной ответственности, несмотря на то, что он является одним из самых активных участников организованной преступной группы, с помощью своего покровителя – Государственного советника Президента Республики Узбекистан Хайдарова З.Х., именуемого «серым кардиналом», с должности заместителя председателя АКИБ «Ипотека Банк» переходит на повышение в качестве Директора Фонда поддержки кредитования при Министерстве Финансов Республики Узбекистан…”
Аризада Каримов атрофидаги бошқа шахслар ҳам айбланган. Жумладан׃
“У Государственного советника Президента Республики Узбекистан Набиева А.Э. особый интерес к настоящему уголовному делу. Так как, Набиев А.Э., начиная с момента занятия должности начальника следственного управления СНБ РУз. по настоящее время покровительствует «королю песочного сахара» – Туляганову Фарходу Абдукадыржановичу, в отношении которого судом первой инстанции под моим председательством возбуждено уголовное дело с избранием меры пресечения в виде заключения под стражу”.
Нима бўлганда ҳам бу ариза ортида “оддий ҳакам” деб аталаётган З. Исаевнинг бир ўзи турмагани аниқ. Агар бу гаплар унинг ўзидан чиққанда аллақачон “иши битган” бўларди.
Менимча “кампания” ортида Каримовнинг ўзи турибди.
Биринчидан, Ўзбекистондаги бутун коррупция бевосита унга ёки қизи Гулнорага бориб тақалади. Уларнинг хабарисиз мушук офтобга чиқа олмайди. Чиқса калласи узилади.
Иккинчидан, бу Каримовнинг иш услуби. У илдиз отган раҳбарларни ишдан олишдан олдин уларга қарши оддий одамларни бош кўтартириб, матбуотга бир нарса чиқариб, ўша раҳбарни садоқатли қулларидан ажратиб (изоляция қилиб) – ёлғизлатиб, устидан иш очиб қўйиб кейин бир томонга суради, пенсияга жўнатади.
Наҳотки Зелемхон Ҳайдаровнинг куни битган бўлса? Бунга ишониш қийин. Аммо диктаторни тахмин қилиш ҳам мушкул. Балки бошқа бир-икки кишининг “пайтавасига қурт тушган”дир?
Хуллас, яқин вақт ичида ҳаммаси маълум бўлади.

МУАРРИХ БИЛАН МУЛОҚОТ

Кейинги пайтларда вақт ажрата олмаганим учун жавобсиз қолган саволлар кўпайиб кетди. Дастлаб Муаррих номи билан саволлар йўллаб турадиган дўстимизга жавоб йўлламоқчиман. У кишининг саволлари йигирматадан ошиб қолибди ва вақтида жавоб беролмаганим учун узримни қабул қиладилар, деган умиддаман. Демак у кишининг саволларига тўхталмоқчиман.

1.БУ ҚАЙСИ МУФТИ?

30-6-2007
САВОЛ׃ Мен кеча “Ассассин” романингизни уни ўқиб тугатдим. Тўғриси бошим ғовлаб кетди. Наҳотки, биз билган, кўрган дунё бошқа-ю, аслида эса бошқача дунё мавжуд? Наҳотки, ҳокимият ичида, сиёсий ўйинлар ичида шунчалик махфий, мантиққа, соғлом ақлга шунчалик зид келувчи ҳодисалар мавжуд? Лекин асарингизда тасвирланган воқеаларнинг ҳақиқат эканлигига ишонаман.
Рустам Тошкентга келиб, бу ердаги Собитхон қори билан учрашади. Собитхон қори унга дадаси масаласида муфти билан учрашиб кўришга ваъда беради. Сиз бу ерда қайси муфтини назарда тутгансиз? Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мухторхон Абдуллоҳ, Абдурашид қори Баҳромов, ҳозирда эса Усмонхон Алимовлар бу лавозимни эгаллашган.

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Албатта муаллиф асар ёзар экан кимларнидир назарда тутади. Лекин улар ҳақидаги айни нарсаларни хатга кўчирса у ҳолда ҳужжатли асар бўлади. “Ассассин” бадиий асар бўлгани учун унда мен назарда тутган кимларнингдир образларида уларнинг атрофларида ўзларига ўхшаган кимсаларнинг ҳам хислат ва фазилатлари, иллат ва камчиликлари умумлаштирилган. Шунинг учун мана бу одам айнан фалончи десак хато бўлади.
Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, китобда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфунинг образи ҳам умумлаштирилган.(Муаррих).

2. АГАР МУМКИН БЎЛСА…

САВОЛ׃Романдаги тарихий шахсларнинг рамзий номларини қуйидагича очдим:
Абдусоли қори – Абдували қори
Собитхон қори – Обидхон қори Назаров
Холис – Салой Мадаминов
Олмосли – Анвар Олтойли
Миртемир – ўзингиз
Дурдона – Гулнора Каримова
Шу билан бирга қуйидаги рамзий номлар остида кимлар яширинганини топа олмадим. Агар мумкин бўлса, давом эттирсангиз:
Чол -
Олимжон -
Қорабой ака – (балки бирор оддий мухолифат аъзоси )
Нодирхон -
Ҳамидхон -
Қози -
Муфти -
Ҳасан ака -
Алишер -
ва бошқалар.(Муаррих).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Аввало романда кимларнидир кўрганингиз мени қувонтирди. Асарнинг баҳоси ҳам шунда. Агар кимдир бу асарда атрофидагиларни кўра олса, демак муаллиф натижага эришган бўлади.
Сиз айтган шахсларнинг кўплари ҳақида билганларимни уларнинг номларини очиқ айтган ҳолда алоҳида ёзганман, яъни ё публицистик, ё фелъетон, ёки ҳужжатли китоб ҳолида.
“Ассассин”да келажакда ҳам кимлардир кимларнидир кўра олсалар, бу мен учун мукофот бўлади. Меҳнатим зое кетмагани албаттаки – улкан мукофот!

3. СОБИҚ МУФТИ ВА САФДОШЛАРИ

1-7-2007
САВОЛ׃ “Ассассин” китобингиз мутолаасидан келиб чиқиб ундаги “Муфти”нинг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эканлигини тахмин қилсак, мен айни шу шахс ҳақида кўпроқ маълумот олмоқчиман. Сизнинг у билан замондош бўлганлигингиз (яъни у амалда бўлган вақтда уни яқиндан таниганингиз) учун бу ҳақда сиздан сўрамоқчиман.
Мен Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тўғрисида қуйидагиларни биламан:
У 1952 йили Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган. Бухородаги Мир-Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейинчалик Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Олий Ислом Маъҳади (Институти)да ўқиган.Ўқишини Араб давлатларидан бири (адашмаса, Ливия ёки Сурия)да давом эттириб, 1980 йиллар бошида Тошкентга қайтган. Бу ерда зи олий маълумот олган Маъҳадда проректор, ректор вазифаларида ишлаб, 1989 йили рта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари Идораси раиси, муфтий лавозимини олган. 1990 йилги Олий Кенгаш сайловларида депутатликка сайланган (қайси партия ёки гуруҳ номидан эканлигини билмайман). 1992 йилгача муфтий бўлган. Кейинчалик чет элга – Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Ливия давлатларига чиқиб кетган (бунинг сабаби ҳам менга номаълум). 2000 йил яна Ўзбекистонга қайтган.
Ҳурмат уйғотувчи сабаблар:
- Бугунги кунда Ўзбекистонда энг илмли киши деб тан олинади, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аталади
-Китоблари айни керакли ва долзарб масалаларни ёритишга қаратилган, ҳозирда “Ҳадис ва Ҳаёт”(”Hadis va Hayot”) китоблар туркуми айниқса машҳурдир.
-Ҳафтанинг ҳар Жума кунлари Тошкент вақти билан 14:00 да Тошкентдаги хусусий радиолардан бири- Наврўз (Navro’z) орқали “Ҳикматли дунё” номи остида савол-жавоблар дастурини тказади
-Ўзбек ва рус тилларида энг янги диний ва дунёвий маълумотларни бериб борувчи www.islam.uz сайтлар туркумига эга………ва бошқалар.
Ўйлантирувчи сабаблар:
-1992 йили 5 та республика диндорларини бирлаштириб турган Мовароуннаҳр (собиқ рта Осиё ва Қозоғистон) Мусулмонлар идорасининг парчаланиб кетишига асосий айбдор сифатида қаралади.
-Ўзбекистонда ҳукуматнинг мусулмонларни “ваҳҳобий” номи билан айблаб, уларга қарши репрессиялар бошлашида тамал тошини қўйган шахс сифатида эътироф этилади. Баъзи маълумотларга қарагандаЎзбекистонда айни атамани (”ваҳҳобийлик”-”vahhobiylik”) худди шу киши оммалаштирган
-Ўзбекистонда фаолият юритаётган, ҳақиқатни айтишга интилган имомларни -Обидхон қори Назаров, Абдували қори Йўлдошев ва бошқаларни тийиб қўйишга, уларга қарши турли айбловларни қўйишга ҳаракат қилган.
-Яна бир фикр: сизнинг “ИАК” китобингизда Муфтининг Каримовни “Худонинг ердаги сояси” деганлиги қайд этилган. Бу ўрта асрлардаги хушомадгўй ва лаганбардор дин пешволарининг ҳаракатин эслатиб юборади…
Сизга берадиган саволим:
-Бу шахс ҳақида мен билмаган қандай маълумотларни биласиз;
-Менга номаълум жиҳатларни (уларни қавслар ичида баён қилганман) ёритиб бера оласизми;
-Мени ўйлантираётган сабабларни нечоғли асосли деб ўйлайсиз;
-Умуман бу шахс ким, ўз вақтида давлат, махсус кучлар (КГБ, МХХ) билан алоқалар қилганми ва ҳозирда қилиши мумкинми? (Муаррих).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Саволингиз давомида кўп нарсага жавоб ҳам бериб ўтибсиз.
Мен ҳам бу шахс ҳақида унча-бунча нарса биламан. Бу ҳақда илгари бир неча бор ёзганман. Менимча сизни ўйлантирган гаплар асосли. Бу одамнинг Обдихон қори билан зиддиятлари 1990 йиллар бошида ҳаммага маълум эди. Абдували қорига ҳам қарши бўлганини эшитгандим. Яқинда эса бунга бевосита ишонч ҳосил қилдим. Би-Би-Си радиосининг ўзбек бўлими 2007 йил 18 Июнда Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси билан ўтказган савол жавобдаги мана бу қисм менга яна баъзи нарсаларни англатгандек бўлди.
-Abdurrahmon, Uzbekistan: Assalom… SHaykh janoblari, Siz ham Muborak Andijon shahridan chiqqan mashkhur ulamolardansiz, biz bilishimizcha Andijon shahridan yana bir mashkhur ulamo bor edilar, ismlari SHaykh Abdulwali qori, 1995 yildan beri bedarak yo’qolgan, siz bu kishi haqida bizga qanday ma’lumotlar bera olasiz? Yana bir sawolga izn bersangiz: Payghapmabirimiz (sollallohu alayhi wa sallam) aytganlarki: “Eng afzal jihod Zolim Podshoh oldida HAQ so’zni aytishdir!”. Albatta siz kabi ulamolar bu hadisga amal qilishlari darkor. O’zingizga ma’lum, O’zbekistonda qancha – qancha musulmonlar qamoqlarda mazlum, ularning huquqini ochiq-oydin talab qiliyapsizmi? Iltimos, sawolimizga Alloh uchun jawob bering! Keyingi mehmon SHaykh Abdulahad qori yoki Obidkhon qori bo’lsalar yaxshi bo’lar edi. BBC hay’atining ushbu dasturlari uchun tashakkurlarimni izhor etaman.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Абдували Мирзоев ҳақида бошқа мўмин-мусулмонлар, Ўзбекистондаги аҳоли нимани билса, мен ҳам шуни биламан. Ортиқча биладиган нарсам йўқ.
Қамалганлар, бошқалар, агар ҳақиқатан ҳам ҳуқуқлари поймол қилинса, мен қўлимдан келганича ҳаракат қилишим, айтишим, тушунтиришим мумкин. Мисол учун, мен ўзим билган, менинг фаолиятимга боғлиқ бўлган баъзи кишиларни қамоқдан чиқишларини сўраб, ҳаракат қилиб, улар қамоқдан ҳам чиқдилар, ўзларининг фаолиятларини оилаларида ҳозир давом этқизаяпти. Шу маънода мен қўлимдан келганини қилганман, лекин бир кишининг қанча имкони бўлса, менинг ҳам шундан ортиқ имконим йўқ…
Биринчидан, қори калимасини эмас унинг фамилиясини айтишнинг ўзиёқ муносабат яхши бўлмаганидан дарак.
Иккинчидан, “агар ҳақиқатан ҳам ҳуқуқлари поймол қилинса” деган иборанинг ўзи Абдували қорининг ҳуқуқлари поймол қилинмаган деган маънога келиб қолмоқда.
Энди бу шахснинг КГБ ёки МХХ билан ҳамкорлик қилиб қилмагани ҳақидаги фикрингизга келсак, бу хусусда далил келтириш қийин. Аммо шу нарса аниқ-ки, Совет даврида ҳам, бугун ҳам диний идораларда ишлаганлар КГБ ва МХХнинг энг ишончли одамлари ҳисобланган ва шундай.
Собиқ муфти бугун диний идорада ишламасада, унга яратиб берилган шароитлар кўпчиликда шубҳа уйғотиб келмоқда. У кишининг ўзига хослик билан Каримов ҳукуматини ёқлаб келаётгани ҳам сир эмас. Бунга мен илгари бир қанча ҳужжатлар келтирганман.

4. ҲАҚНАЗАРОВ ва “АКРОМИЙЛАР”

2-7-2007
САВОЛ׃ Усмон Хакназаров хакида.. агар у МХХ ходими экан, нега кузга куринган мухолиф сайтлар унинг маколаларини чоп этишади? Сиз бунга уз муносабатингизни билдирмаганмисиз?
Лекин Хакназаровнинг Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф хакида, унинг “Акромийлар” хакидаги телевидениедаги чикиши тугри, уни мен хам курганман (айнан ушбу тасвирланган холатда). Шу уринда савол: “Акромийлар” ким узи, сизнинг фикрингиз? (Муаррих).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Ҳақназаров номидан илк мақола пайдо бўлиши билан фикримни билдирганман ва бу мақолалар ортида Каримов режими турганини иддао этганман. Бугунга қадар бир неча киши “Мен Усмон Ҳақназаров номи билан мақолалар ёзганман” дея сиёсий бошпана олганини эшитганимга қарамай фикрим ўзгарган эмас.
Бошқа сайтларда чоп этиш ёки этмаслик масаласига келсак, бу нарсани таъқиқлаб бўлмайди. Ўқиганда ҳар ким ўзи хулоса чиқариши керак.
Албатта мақолалардаги ҳамма нарса уйдирма бўлганда бу қадар диққат тортмаган бўларди. Аксинча аксарият фактлар ҳеч ким билмаган ва тўғри гаплардан иборат. Аммо улар мутлоқ бошқа мақсадга, кимларнидир йўқотишга йўналтирилганди. Шундай ҳам бўлди.
“Акромийлар” масаласига келсак.. “Акромийлар” ҳақида кўп нарса ёзилди ва ҳали ёзилади. Ҳатто “Ҳақназаров” бу борада яна ҳеч ким билмаган гапларни ёзиб қолиши ҳам мумкин.
Менимча, “Акромийлар” у қадар ваҳима қиладиган нарса эмас. Демократик давлатларда бундай гуруҳларни минглаб топиш мумкин.
Аммо бу гуруҳнинг мавжудияти Каримов режимига жуда қўл келди. Шундан келиб чиқиб, келажакда бу гуруҳнинг пайдо бўлишидан тортиб, Андижон воқеаларидаги ўрнига қадар чуқур таҳлил этилиш керак.

5.САБОҚ ОЛАДИГАН МАКТАБ ЙЎҚ

5-7-2007
САВОЛ׃ Навбатдаги саволни сизнинг “Ўзлигим” китобингиздаги мана бу сатрлар билан бермоқчиман.
“Бухоро фожеаси хусусида уч саволга жавоб бериш керак:
Биринчидан, бу вокеаларда Файзулла Хужаевнинг тутган урни ва роли кандай эди?
Иккинчидан, Ленин хукумати асосий диккатини Гарбга каратаётган бир
пайтда уни Шаркка йуналтирган ва узлари хокимиятга келиш учун Ватан, миллатини укка туттирган инсонлар кимлар эди?
Учинчидан, Бухородан тортиб олиб кетилган маданий меросларимиз, тарихий бойликларимизни Россиядан качон талаб киламиз ва качон уз урнига кайтарамиз? Бу уч саволга жавоб бермас эканмиз, хоинларни кахрамон, дея улуглашда давом этилаверади, уларнинг номи кучаларга берилади, уларнинг номига кушиклар багишланади ва Бухорода 77 йил аввал, 1-сентябрда катл этилган минг-мингларча миллатдошларимизнинг рухи бошимизда чиркираб тураверади.
Бу уч саволга жавоб бермас эканмиз, мустакиллигимизнинг тамал тошларини мустахкам заминда эмас, балки кум устида курган буламиз. Узбекистон мустакиллиги рамзий уларок 1-сентябрга тугри келгани 1920 йилнинг 1-сентябрида Бухоро бошига ёгилган кулфатнинг парда оркасини ойдинлатишга нафакат туртки, балки ундовчи куч булиш керак…”
Бу саволларга жавоб топдингизми? (Муаррих).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Бу саволларга шу сатрлар олинган жойда имконим доирасида қисман жавоб берганман, аммо мукаммал жавобни тарихчилар беришлари керак.
Афсуски, бундан ўн йиллар аввал қўйилган бу саволлар ҳалига қадар жавобини топган эмас ва яқин келажакда ҳам жавобини топишига ишонмайман. Чунки биз ўтмиш билан кўр-кўрона фахрланадиган ва уни таҳлил қилишни истамайдиган халқмиз. Ўлган ўлди, ўлганнинг орқасидан гапириш гуноҳ, у яхши одам эди деймиз, у ҳақда гапирганинг билан фойдаси йўқ деймиз. Шунинг учун ҳам бошимизга келган балолар давом этаверади. Сабоқ оладиган мактаб йўқ-да!
Ғафур Ғулом ҳақида гапириб кўринг. Авлодлари ёқангизни йиртиб, қўлингизга беришади.
Ҳамид Олимжон тўғрисида бир нарса денг, аждодлари сизни тинч қўйишадими?
Бу икки ном мисол сифатида айтилди, холос. Чунки биз керак бўлса ҳали ҳам Сталинга сиғинадиган халқмиз! Аслида оломондан халққа айлана олмаганимиз оқибати бу.
Қизиқчи Обид Асомовни гоҳида ундай, гоҳида бундай деб юрамиз. Лекин барибир унинг ҳазилларидан мазза қилиб куламиз. Унинг жиддий гаплари ҳам бор. Яқинда ўқиб қолдим. У «Муштум” журналига берган суҳбатида (2007, 15-Март) шундай дейди׃
”Байрамларда америкаликлар мамлакат байроғини уйларининг томи узра кўтаришади. Агар мен, байрамда томимга байроқ осадиган бўлсам, қўшниларим, “Обиднинг томи кетибди!” дейиши аник…”
Аслида бизда ифтихор қиладиган байроқнинг ўзи йўқ. Ҳатто машҳур қизиқчимиз ҳам бу байроқнинг тарихини билмайди. Агар билганда “Асл тарихий байроғимиз қани, унга нима бўлди? Буниси қаердан келиб қолди?” дея масалани бошқача қўйган бўлармиди?
Хуллас, ҳақиқий тарихимизни билмасак, ўлганни ўлдига чиқариб қўяверсак, эртага биз ҳам ўламиз ва ўлдига чиқиб кетаверамиз, ҳеч нарса ўзгармайди.
Сабоқ оладиган мактабимиз бўлиши учун эса ўтмишни ҳам. бугунни ҳам очиқ таҳлил қилиш зарур.

6. “ҚУВҒИН”НИНГ ДАВОМИ…

7-7-2007
САВОЛ׃ “ҚУВҒИН” ни ўқиб чиқдим. Муболағасиз айтиш мумкинки, асар бадиий тусда ёзилган бўлишига қарамай, ҳақиқатда ЎЗБЕКнинг ЭНГ ЯНГИ ТАРИХИдаги бурилиш нуқталарини, кечмишини холис ва ҳаққоний акс эттирган. Мен ҳозиргача Ўзбекистон мустақиллиги, унинг давлатчилиги шаклланиши ҳақида маддоҳ тарихчи ва олимлар, қасидагўй ёзувчи ва шоирлар ёзган асарларни, дарсликларни ўқиб келдим. Бир мен эмас, умуман бизнинг авлод шу руҳ ва йўналишда тарбия қилинди ва бу бугун ҳам давом этмоқда. Биз ҳалигача ёлғон тарихни ўқиб, унга ишониб, эътиқод қўйиб юрибмиз. Шу сабабли “ҚУВҒИН”дан анчагина керакли маълумотларни олдим. Тарихимизнинг Қодирий таъбири билан айтганда “….энг кирли даврлари…”ни ёритиб берганингиз учун мен ўз номимдан Сизга раҳмат айтаман.
Айни пайтда асардаги баъзи қаҳрамонларни “танидим”, баъзиларини эса “топа олмадим”. Агар вақтингиз ва имконингиз (ҳамда ҳохишингиз) бўлса, қуйидаги қаҳрамонларга изоҳ бериб ўтсангиз:

1.Шариф Шаропов

2.Илҳомжон

3.Бургут

4.Ибодулло Узоқов

5.Сурат Болтаев

6.Пўлат Аҳмедов

7.Рустам

8.Лутфулло

9.Темурмалик Ҳамидов

10.Жавлон

11.Эшонов

12.Маратов

13.Ҳусан ака (собиқ ИИВ)

14.Раимжонов

15.Йўлдош Сувонов

Менимча “ҚУВҒИН” якунига етмаган. Унинг давомини қачон ёзмоқчисиз? (Муаррих).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Бу образлар 1990 йиллар авлодининг образларидир. Минг афсуски, ундан кейинги ўн йиллик ва ҳозирги давр вакиллари ҳам айни руҳдаги одамлар бўлиб қолишмоқда. Яъни яқин тарихнинг қора кунлари ҳалига қадар давом этмоқда.
Бугун ҳатто танқидни иғво дейиш ёки миллий масала ҳақида гап очсангиз жанжалга айлантириб юбориш, тор кўчага тортиш, муҳим гапларни шахсий манфаатдан келиб чиқиб баҳолаш каби иллатлар яна ҳам кучайди.Маҳаллийчилик, манфаатчилик, тарафкашлик, гуруҳбозлик, грантбозлик, хоинлик, миллат ва мамлакат номини пуллаш сингари иллатлар зеҳниятни емиришда давом этмоқда.
Шуларни ҳисобга олиб китобнинг давомини ҳужжатли тарзда ёзгандим. Номи “Қабоҳат эшиги”. Каримов режимига қўл келадиган ва ҳали қамоқда бўлган одамларнинг тақдирларига таҳлика туғилиши мумкинлиги ва бошқа ўй-мулоҳазалар билан эълон қилмай турибман. Аммо эълон қилиш учун вақт етилмоқда.

7. 1992 ВА БУГУН

9-7-2007
САВОЛ׃ “Яқин мозий” деб номланган китобингизга кирган “ЛАМБАДА ёки беҳаё ўйин” деб номланган мақолангиз қуйидаги гаплар билан узилиб қолган׃
-Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу…
Бунинг давоми борми? (Муаррих).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Қуйидаги адресда бу китоб, жумладан шу мақола тўлалигича турибди׃( http://www.jahongir.org/yaqinmoziy/yaqinmoziy_lambada.html)
Сизда нима учун очилмаганини билмадим. Бу балки компютерингиз ёки Интернет тезлиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Бу мақола 1992 йил декабр ойида ёзилган ва “ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Май, 5(104) сонида эълон қилинган. Модомики, сизда бу мақолани тўлиқ ўқиш имкони бўлмабди, уни қуйида келтирмоқчиман. Мустақиллик йиллари нафақат турғунлик, балки ортга қайтиш йиллари бўлгани учун ҳам 1992 йилдаги воқеалар худди бугун содир бўлаётганлардан фарқи йўқ. Мана ўзингиз хулосa қилинг.

“ЛАМБАДА”
ёки БЕҲАЁ ЎЙИН

Бразилия ўрмонларида яшаган ҳиндулар “ламбада” рақсини эллик йил таъқиқлашди. Лекин замон зайли билан бу рақс уларнинг миллий ифтихорига айланди.

Дарвоқе, сиёсат ҳам санъат дейишади. Аслида санъат ҳам сиёсатдир. Сиёсат санъат эканлиги сезилиб қолганда, емирила бошлайди. Санъат ҳам сиёсатлиги билиндими ”оёғи синади”. Санъатнинг гўзал бир бўлаги – рақс, ўйин. Сиёсатнинг ҳаром бир бўлаги – ўйин. Бири театр, томоша саҳнасида, кичик давраларда ҳукм сурса, иккинчиси жуда ўлкан саҳнада – мамлакат, дунё саҳнасида “жилва” қилади.

Ламбада сўзи “таъқиқланган рақс” деганидир. Бу рақс беномус, ҳирсли бўлгани учун ҳиндулар уни таъқиқлашганди. Нимаики таъқиқланса, унга қизиқиш, ёлғон эҳтиёж ошади. Кишининг ҳирсларини қўзғаб, уни оний хаёллар гирдобига ғарқ қиладиган бу рақсни ҳиндулар қироличаси севиб қолади ва унинг истеъдодли ижрочисига айланади. Қиролича товусдек товланиб, иффат сарҳадларини бузиб, хиром этар экан, унга бутун миллат қўшилди. Вақт ўтиб, бир замонлар таъқиқланган рақс оммавий ўйинга айланди.

Ҳиндулар яшаган ўрмонларни йўқотиш бошланганда улар исён қилдилар. Исён бостирилди. Фақат қиролича ўз рақси, ўйини билан катта саҳналарга етиб борди. Раққоса ўрмонни сақлаш ҳаракатини бошлади. “Ламбада” эса яшин тезлигида дунёга тарқалди. Ҳиндулар бу ўйинни миллий ифтихор, миллий санъат дея, фахрландилар. Раққосанинг фарёдини Америка ҳукумати эшитди ва ўрмонни сақлашга киришди. Бу нафсониятларига тегиб, ўрмонни йўқотишга киришганлар унга ўт қўйдилар.

Ҳиндулар кўчманчилик сўқмоқларига сочилдилар.

Ҳа, одамлар яшаб, воқеалар кечиб ўтаверадилар. Ўйинлар эса йўқолмайди.

Бугун бизнинг юртимиз саҳнасида – ҳам сиёсат, ҳам санъат саҳнасида ифтихорга айланган ҳаёсиз ўйинлар кўпайиб кетди. У “ламбада” ни эслатади.

“Ламбада” рақси инсон юрагининг тубидаги энг нозик туйғуларни яланғоч қилиб кўчага чиқаради, унинг ҳирс-ҳаяжонини қўзғаб, ақлни, идрокни бегона хаёллар оёғи остига ташласа, кишини ожиз жонивор ҳолига солишга хизмат этса, бизнинг сиёсатдаги “ламбада” бундан юз карра разилроқ мақсадларга хизмат қилади. У ёлғон, алдов сеҳри билан инсонларни ўзлигидан, кимлигидан, орияти, диёнати, номусидан ажратишга мўлжалланган. Бу “истеъдод”нинг айрим саҳналарига назар солайлик:

Ўзбекистоннинг янги Конститутсияси қабул қилинган сессия арафасида мамлакатда террор бошланган, диктатура қулоч ёзганди. Мухолифат қатағонга олинган, қувғин, сургунлар бошланганди. Сессия ҳам ана шу руҳ, ана шу кайфиятда ўтди. Бош қонун деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Шу куни кечқурун президент пойтахтнинг “Наврўз” кошонасида миллатвакилларига, сарой аъёнларига зиёфат берди.

Зиёфат оқшоми президентнинг кўзларидаги таҳлика йўқолмаганди. У шу куни қандайдир нохуш хабар олгани сезилиб турарди. Сессияга киришда депутатларни лазерли махсус ускуналар ёрдамида “божхона”дан ўтказишди. Аёл депутатлардан бирининг сумкасидан темир кулдон чиқиб қолди. Ярим соат сўроқ қилишди. Биз кулдик: “Агар кулдон билан кимнингдир жонига қасд қиладиган бўлса, демак япон мактабида ўқиган”.

Зиёфат залида меҳмонлардан қўриқчилар кўпроқ эди. Сигарет чекмоқ учун жойимдан қўзғалгандим, йигирмага яқин йигит мен томонга ўтди. Ёнимга Миллий Хавфсизлик хизмати қўмитасининг раиси Ғулом Алиев келди.

-Ғулом ака, “қўйлар ҳам чўчқа ҳолига” тушибди-ку? – дедим зиёфат олдидан махсус аравачалар устида чўчқага ўхшаб ётқизилган, боши ва оёғи кесилмасдан пиширилган қўйларга шаъма қилиб.

-Бугун шод-ҳуррамлик, шунақа гапларнинг ўрнимас, – деди Ғ. Алиев. Сездимки, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Чунки Ғулом ака билан ён қўшнимиз. Яккама-якка қолганда тузумдан, президентдан норозилигини айтарди. Бу ҳам балки “ламбада”дир? Ҳар ҳолда, ўйинни самимий ўйнарди. Президентнинг хафақонлигидан кўпчилик фойдаланмоқ истарди. Масалан, ҳурматли шоиримиз Шукрулло халқи-мардумнинг ўртасида президентни оз деганда ўн марта чўлпиллатиб ўпдилар. Президент қўл қовуштириб турар, Шукрулло ака эса “илиқ” гаплар билан унинг кўнглига сув сепардилар.

Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг муовини Эркин Самандаров Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги тантанасида бирга рақсга тушиб, президентдан ташаккурнома олишганди. Маркс Жуманиёзов қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди.

Одамларнинг кўзи президентда эди. У заҳарли жилмайиб турарди. Бу жилмайишни ташаккурнома деб англашди шекилли, бирин кетин вилоят ҳокимлари рақсга туша бошладилар. Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан. Депутат Ойгул Маматованинг жозибадор ўйини бу қусрни ёпиб юборди. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг “бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб “ҳунар” ҳам кўрсатди. Хуллас, ҳоким раққослар мусобақаси президентнинг хижил кўнглини ёзди.

Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.

Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар.

-Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. “Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир…

Даврада ўтирганлардан бири “Ўзбекистон ким экан?” деб шивирлади. “Соттихон бўлса керак” дегандим, ёнимиздагилар кулиб юборишди. Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.

-Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, Яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Саид Ахмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:

-Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш, дарди оғир эди. Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди. Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

Балки вақт кечиб адибларимиз “Ўшанда мен образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деган гапни айтишлари мумкин. Ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради.

-Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг. Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ бўлишгани аянчлидир…

Сўнг Ортиқ Отажонов президентга “бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади. Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда “оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар. Рақс тугагач, Каримов “икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди.

Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.

Вақт келиб, улар ҳам ўзларини оқлашлари учун имкон бўлади. Яъни: “Биз ўшанда фикрларга қўшилмаганимиз учун бўш қадаҳни кўтаргандик”, дея. Уларни ҳозир ҳам айбламоқчи эмасмиз. Улар “ламбада” асирлари. Асир эса буюрилганни бажаришга маҳкум. Асирлар суд қилинмайдилар.

Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади. Шу пайт унинг ёнида ҳофиз Шерали Жўраев пайдо бўлди.

Шерали Жўраев ҳақида шу кунлари турли миш-мишлар тарқалганди. “Каримов уни телевизордан, радиодан олиб ташлабди”. “ У ҳажга борганда президентни Худосиз дебди”. Бу гапларда жон бор эди. Ростдан ҳам Каримов бир мажлисда ТВ “катта”сига Шерали Жўраевни кўрсатмасликни буюрганди.

Ҳофиз ҳамкорининг қўлидан торни олиб: ”Мен Ўзбекистон гимнини ёзганман, шуни ижро этаман”, деди. Президент бошини қуйи солиб, ёнидаги маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга нимадир деди. Унинг ранги оқади. Ҳар ҳолда жавоб қилди. Назаримда, у “Шерали Жўраев рўйхатда йўқ эди”, деб қутулди.

Қўшиқ тугагач, ”об-ҳаво” бузилаганини сезган аъёнлар қарсак чалмадилар. Ҳофиз енгил куй чалиб, ўтирганларни рақсга “даъват” этди. Ҳамма жим.

Балки Шерали Жўраев “ламбада” муҳитини бузмоқ истагандир? Аммо у халқимизнинг севимли хонандаси эди. Мен унга хайрихоҳ мухлис сифатида ачиндим. У бир қўшиқ айтиб атрофига минг-минг одамни тўплаши мумкин. Шу бир ҳовуч “раққос”лардан обрў олиш жуда зарурми? Унинг “ламбада”га қўшилмоқ истагида ўзини хор қилганини тушуна олмадим. Унинг санъатига ҳурматим борлиги учун ҳам шу лаҳзада бу “ихтиёрий” таъзимини тушуна олмадим.

Кўп ўтмай бу “нохушлик”ни президент унутди ва ўзи рақсга тушди. Жувон депутатлар, ҳокимлар уни қуршаб олдилар. “Ламбада” авжига чиқди…

Зиёфатдан чиқар эканман, ёнимга Дадахон Ёқубов келди:

-Аслида бу ерда раислик қилиш иккаламизнинг ишимиз эди. Лекин қовун тушириб юрибсиз-да, – деди.

Индамадим. Зиёфатга мени мажбурлаб олиб келган дўстларим Ўзбекистон халқ депутатлари Насрулло Сайид ва Имом Файзини эшик ёнида кутиб турдим. Кечагина қучоқлашиб кўришадиган аъёнлар кўрмасликка олиб ўтиб кетардилар. Сал нарироқда эса Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мендан кўзларини узмай турардилар.

-Бош қонун қабул қилингач, президент казо-казоларни тўплаб, мухолифатни бутунлай йўқотишни буюрибди, – деди Насрулло.

-Унда кимга президентлик қилади? Бутун бир халқ унга мухолифатда-ку, – дедим.

-Халқ вакилларию сафдошларингиз – ёзувчиларни кўрдингиз-ку, – деди Имом Файзи. – Каримов шуларга президентлик қилади.
“Наврўз” кошонасидан қайтарканмиз, кўнгил хира эди, чунки “ламбада” энди бошланган, яшин тезлигида вилоятларга, туманларга тарқалиши аниқ эди. Бу ҳам майли. Лекин ўрмонга ўт кетганди. Ўрмон ичида минг-минглаб гуноҳсизлар азоб ўтида қоврилаётган эдилар. Кўнгилга ана шу ёнғиннинг қора дуди хира солганди…

8.КАРИМОВ ВА КОРРУПЦИЯ

11-7-2007
САВОЛ׃ Сизнинг “ТАРИХНИ ТИТРАГАН КУНЛАР” тўпламингиздаги “ЎЗБЕКИСТОНДА “КЛАН”ЛАР БОРМИ?”сарлавҳали мақолада қуйидаги жумлаларни ўқидим:
“Ҳа, бугунга келиб пул, яъни порахўрлик, коррупция ҳамма нарсани ҳал қиладиган кучга айланди. Бунинг қаршисига чиқадиган мард қолмади. Ҳатто Президент ҳам бу хусусда ожиздир, у ўтган йили Самарқанд ва Навоий вилоят сессияларида Ўзбекистон коррупция сариқпечаги билан ўралганини тан олди ва коррупцияга қарши кураш бошлатганини эълон қилди. Аммо жуда қисқа вақтда чекинди. Яна бир икки одим отганда коррупция уни тахтдан улоқтириб ташлашини сезди. Чунки коррупция падаркуш фарзандга ўхшайди. Агар унинг йўлига чиқадиган бўлса, у ўз отасини ҳам танимайди. Биз кланлар ва маҳаллийчилик деб ўзимизни овутиб, Америка матбуотини ҳам чалғитмай очиқ гапиришимиз керак. Ўшандагина халқ бизни англайди. “Озодлик радиоси” 1999 йил, 13 Июнь.”
Тушунишимча ўша вақтда Сиз Каримовни бугунги каби диктатор деб билмагансиз. Шундан келиб чиқиб, коррупцияга қарши бора олмайди дегансиз. Лекин ҳозирда Каримов Ўзбекистонда хоҳлаган ишини қилиши мумкинлиги, бу йўлда ҳеч ким билан ҳисоблашмаслигини ёзиб келаяпсиз. Ҳатто мен ҳам Сизнинг асарларингизни ўқиб, айни пайтда реал вазиятга қараб, мавжуд жараёнлар худди айтганингиздек ривожланаётганлигини тан олдим. Олдин мен ҳам баъзилар сингари Каримов кимларнингдир (мафия ёки атрофидагилар) қўлида ўйинчоқ деб ишонар эдим.
Саволим: қарашларингизнинг бу тарзда ўзгариши фавқулодда юз бердими ёки бир неча йиллик тажрибаларингиз маҳсулими? Ҳурмат билан, Муаррих (Адҳам).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Аввало қарашларнинг ўзгариши ҳақида. Инсон шундай тузилганки, унинг ўзи каби қарашлари ҳам ўзгариб туради. Бунга вақт, давр, воқеалар, тажриба ва бошқа омиллар сабаб бўлади. Робот ёки манқуртгина бир умр бир зайлда қолиши мумкин. Шундай экан мен ҳам оддий одам ва менинг ҳам кўп масалада кўп қарашларим ўзгариб бориши мумкин ва буни инкор этмайман.
Аммо Каримовнинг яккаҳокимлиги, диктаторлиги масаласида 1992 йилда ҳам, 1999 йилда ҳам, бугун ҳам айни қарашдаман. Агар Каримов яхшилик томонга ўзгарганда табиийки менинг унга қарашларимда ҳам ўзгариш бўлар эди. Афсуски, ҳамма ўзгариши мумкин аммо Каримов ўзгармайди. Буни вақт ҳам исбот этди. Унда инсоний фитратлардан шайтоний иллатлар кучлилик қилди.
Энди коррупция масаласига келсак. Бу қўл билан ушланмайдиган ва кўз билан кўриб бўлмайдиган, аммо ҳар қадамда ва ҳар лаҳзада ҳис этиш мумкин бўлган иллатдир.
Диктатура жамиятида ҳамма нарса диктаторга боғлиқ. Чунки бутун жиловлар унинг қўлида бўлади. У истаган одамини йўқотиши ва истаган ишини қилиши мумкин. Аммо у коррупцияни йўқотишга қодир эмас. Чунки унинг ўзи коррупцияга, коррупциянинг тимсолига, коррупциянинг ўзагига айланган бўлади. Унинг коррупцияга қарши ўт очиши ўзига қарши ўт очиши демакдир.
Коррупция диктаторнинг нафас олувчи ҳавосидир. У шу ҳаводан нафас олгани учун тирик.
1999 йилда у икки вилоятдаги нутқида коррупция борлигини тан олди ва бунга қарши курашга бел боғлаганини айтди. Ўшанга қадар у коррупция-бу унинг ўзи эканлигини билмаган бўлиши мумкин. Аммо ўшандан бери буни ҳам билади. У коррупцияга қарши чиқса, куни битишини ҳам билади. Шунинг учун бу борада гапириши мумкин аммо бирор иш қилмайди. Уч тўртта раҳбарни қамаб туриш бу коррупцияга қарши кураш эмас.
Ўргимчак уяси ва унинг ўртасидаги ўргимчакни тасаввур қилинг. Бу уяни тўқиган ўргимчак шу уянинг бандига айланган. У мана шу уяда оёғидан осилиб ўлади аммо бу уяни буза олмайди.

9. МАҲАЛЛИЙЧИЛИК

14-7-2007
САВОЛ׃ Ўзим тошкентликман. Лекин маҳаллийчилик жонга тегди. Бунга қандай қарайсиз? Маҳаллийчиликак барҳам бериш мумкинми? Бу давлат миқёсидаги тадбир бўлиши керакми ёки ҳар бир киши ўз устида ўзи ишлаши керакми? Ҳурмат билан МУАРРИХ (Адҳам).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Бу Ўзбекистон учун фавқулодда муҳим масала. Бу иллатни енга олмасак, асрлар бўйи давом этиб келган муаммоларимиз яна узоқ вақтлар “девори кўндаланг” бўлиб тураверади.
Маҳаллийчи одамни маданиядан йироқда қолган, ўз қобиғида чириётган ва маҳаллийчиликни эса маданиятсизлик деб тушунаман. Ҳар бир одам ўз маданият даражсини мана шу билан ўлчаши мумкин.
Қанчалик дунёни танисангиз, билим эгаси бўлсангиз, ота-онадан кейин ўзингизни ўзингиз яна тарбияласангиз бу иллатдан қутула борасиз.
Маҳаллийчилик майда миллат бўлишга бошлайди. Демак катта миллат бўлишга интилиш керак. Ҳамма ўзининг турклигини ҳис этса, буюк Туронни ватан деб билса, бутун дунё унинг ҳам уйи эканлигини тушунса, маҳаллийчилик ғрақ бўлади.
Масалан, Мен бугун Турондан ҳам кенгроққа қарайман. Бутун дунёни инсонларга берилган бир Ватан деб биламан. Худо инсонларга битта Ватан берган. Бу Ер куррасидир. Шундай экан, “фалон жойи меники, фалон жойи сеники, мен билан бир жойдан бўлганлар алоҳида имтиёзга эга, бошқалар эса бегона” дедингизми паст кетасиз. Чунки бу замин кўплардан қолган ва сизу биздан ҳам қолади.
Масалани айни шаклда инсонга ҳам йўналтириш керак. Худо ҳар инсони халифа деб билди. Нега энди мен ўзим туғилган жойдаги бир одамни сиздан устун қўйишим керак?
Мен самарқандлик Ислом Каримовдан бухоролик Юсуф Жумани минг марта устун қўяман. Чунки самарқандлик Ислом Каримов зулм машинасини бошқармоқда, бухоролик Юсуф Жума эса ана шу машинага қарши курашмоқда.
Хоразмлик собиқ ҳамкасбдан тошкентлик оддий ишчи Илёс акани устун қўяман. Чунки собиқ ҳамкасбга илм олиш йўлини кўрсатиб, бўҳтонга учрадим, тошкентлик Илёс ака эса илм олишимда беминнат кўмакчи бўлди…
Менга бошимга иш тушганда қочиб қолган ўзбекистонлик казо-казолардан оғир кунимда маънавий мадад бўлган озарбайжонлик ва туркиялик Умуд ҳамда Расмбек каби қардош, жондош дўстларим афзал.
Ёки ўзим билан бир тилда гаплашадиган, бир динда бўлган бир танишимдан олис Орегондаги, бошқа тилда гаплашадиган ва бошқа динда бўлган саксон ёшли Мерет холани устун қўяман. Чунки у менга берган нон-тузини, қилган яхшилигини миннат қилган эмас. Ўзимники эса, бермаган нон тузини, қилмаган яхшилигини миннат қилиб юрибди…
Ана шундай таққослашда давом этавериш мумкин. Бу билан Самарқандни ёки Тошкентни, Хоразмни ёки Бухорони камситиш ёки улуғлаш эмас, балки одамларга уларнинг қаердан эканликларига қарамай, кимликларига қараб баҳо бериш керак демоқчиман. Ўшандагина “лик-лик”лардан узоқ бўламиз.
Бу нарса биринчи галда шахснинг ўзига боғлиқ ва сўнгра бу Давлат миқёсидаги мафкура бўлиши керак. Агар мафкура Туркистон(Маркзий Осиё) бирлиги, Турон (Авроосиё) бирлиги ва Дунё бирлиги йўналишида бўлса, маҳаллийчилик нафратли ўринга тушади.

ИНОЯТОВ ПРЕЗИДЕНТ БЎЛА ОЛАДИМИ?

18-7-2007
САВОЛ׃ Ўзини президентликка номзод деб атаётган Абдулло Тожибой ўғлининг СНБ раиси Иноятов президентликни тортиб олмоқчи деган хабарини “Туронзамин” бу жиддий эмас деб ёзибди. Лекин бу ҳақда бошқа жойларда ҳам ёзишмоқда. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирлайдими? Нима деб ўйлайсиз-Иноятов президент бўла олмайдими? (Абдухолиқ).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Менинг шахсий қаноатимга кўра, ЙЎҚ!
МХХ раиси Рустам Иноятовнинг битта қутулиш йўли бор, у ҳам бўлса Зокир Алматов каби саломатлигини баҳона қилиб ўйиндан чиқиб кетиши мумкин. Бу ҳам Каримовга боғлиқ. Агар у истаса Иноятовни янги қурилган қамоққа юбориши ҳам ҳеч нарса эмас.
Ҳатто президентликка йўл очилгудек бўлса ҳам Иноятов бунга журъат қила олмайди.Чунки у мамлакатдаги ички аҳволни ҳаммадан яхши билади, буни тузатишга кучи етмайди ва ёрдам учун Ғарбга ҳам чиқа олмайдиган вазиятда. Бунинг устига 64 ёшли Иноятовнинг саломатлиги ҳам фалон жойга бориб қолганини айтишмоқда.Шундай экан, ҳали Зокир Исаев, ҳали Абдилло Тожибой ўғли ва бошқаларнинг исёнкорона мактублари кимга хизмат қилади? Менимча, Каримовга.
Тасаввур қилинг, чет элдаги бир мулозим Абдилло Тожибой ўғлининг мактубини олди. Ваҳимага тушади. Бу одам энди қамалиб кетади деб ўйлайди. Аммо унга ҳеч нарса бўлмайди. Бу ҳол бир кишининг эмас, бир неча кишининг мисолида айланавергач, унинг Каримов ҳукуматига симпатияси пайдо бўлади. Чунки сўз эркинлиги таъминланган ўлкаларда ҳам бундай мактублар билан чиқиш катта муаммоларга омил бўлишини у билади. Менимча, Каримовнинг командасига мана шу керак.

КУЛМАГАН ЭЛНИНГ
БАХТИ ҲАМ КУЛМАЙДИ

19-7-2007
САВОЛ׃ Жаxонгирбек, тарих фанлари доктори Алан Франк билан биргаликда янги нашр эттирган китобингизни олдим. Катта меxнат ва катта тадкикот килибсизлар. Хурсанд бўлдим. Бунинг устига номингизни дунё тилшуносларининг рўйхатида кўриб севиниб кетдим.
Ижодингизни ҳам куп йиллардан бери кузатиб келаман. Узимизга хос-узимизга мос диктатурамизни фош этган биринчи романни ҳам сиз ёзган эдингиз.
Журналистикада ҳам куп нарсанинг асосини кўйдингиз. Айникса сиёсий мавзуларда “Савол-Жавоб” рибрикаси узбек журналиситикасига кириб келиши сизнинг номингиз билан боғлик. Бир неча йилдан бери буни жанрга айлантириб юбордингиз десам муболага килмайман.
Сиёсий латифа адбиётимизга ҳам кириб келди. Бу ҳам сизни номингиз билан боғлиқ. Тезрок яхши кунлар келиб мамлакатга кайтсак, шулар хакида шогирдларимдан бирига тадкикот килдирсам нима дейсиз?(Ботирали Нуралиев, профессор).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Жуда катта баҳо бериб юборганингиз учун раҳмат, домла. Мен сиз Алматида нашр этган китоб ҳақида ўқидим, аммо ҳали қўлимга етиб келган эмас.
“Савол-Жавоб” масаласида…
Ўқувчиларнинг кундалик саволларига жавоб бериб бориш осон иш эмас. Бу ҳамма соҳадан бохабар бўлишни талаб этади ва жуда кўп вақтни олади. Бир пайтлар бу ишим учун мени танқид қилганлар ҳам бугун шу йўлга кирдилар. Демак, уларни ҳам саволларга жавоб беришга ўргата бошладик. Агар бу борада менинг хизматим бўлса, Худога шукур қиламан.
Сиёсий латифалар ҳақида…
Кейинги асрларда Ғарб мамлакатларида, жумладан русларда ҳам сиёсий латифа жуда катта жанрга айланди. Ҳокимиятнинг қусурлари ва ўзига ярашмаган ҳаракатлари устидан кулиш бу жамиятларнинг муҳим бир қисми бўлиб қолди. Масалан, Америкада ҳар куни деярли барча умуммилий телеканалларда тунги сатира кўрсатувлари намойиш этилади. Уларда Конгресс аъзолари, Президент ва машҳур кишиларнинг шу кунги гаплари ва ҳаракатлари сиёсий латифаларга асос қилиб олинади. Бу кўрсатувлар мамлакатдаги энг рейтинги баланд дастурлар ҳисобланади. Уларнинг бошловчилари ҳам жуда машҳур бўлиб кетишган ва бутун ҳокимият тизимлари уларнинг кулги аралаш танқидларига жиддий қарашади.
Ҳатто йилда бир марта Оқ уйда Президентнинг ўзи қатнашган кулги кечасида унинг ҳаракатлари, фаолиятидаги камчиликлари устидан куладилар ва унинг ўзи ҳам ўзини сиёсий латифа қаҳрамонига айлантириб журналистларга табассум ёяди.
Бу бизда ҳам азалдан бўлган, аммо кейинги асрларда қатағонга учраган. Амир Темур ҳақидаги латифларни эсласак, бу жанр бизда нақадар кучли илдизга эга бўлганини кўрамиз. Ҳар қандай шоҳлар устидан ҳам кулишган ва уларни танқид қилиб, сиёсий латифалар яратишган.
Совет даврида руслар бу борада олдинда эдилар. Қайта қуриш йиллари улар халқ оғзида юрган сиёсий латифаларни тўплаб бир неча китоблар нашр этишди. Сталиндан Брежневга қадар ҳамма золимлар сиёсий латифа “қаҳрамони”га айлантирилганди.
Бизда ҳам бор эди. Амммо жуда оз ва улар тўплаб нашр этилмади, аксинча Каримов пайтида бу жанр деярли ўлди.
Биз талаба эканимизда жуда кўп сиёсий латифалар бор эди.
Масалан׃
Автобусда бир кишининг оёғини иккинчиси босиб турган экан. Оёғи босилган одам׃
-Ака сиз Самарқандданми,-деб сўрабди.
-Йўқ…
-Акажон бўлмаса сиз Жиззахданми?
-Йўқ..
-Ҳе, ифлос, бўлмаса нега оёғимни босасан!
Ўшанда милициянинг каттаси Самарқанддан ва Партиянинг раҳбари Жиззахдан эди.
Бугун ҳам халқ орасида сиёсий латифалар жуда кўп. Чунки халқ қайнар чашма. Менинг қилган ишим эса кундалик сиёсий воқеаларга муносабатни озгина ҳажвий йўл билан ифода этиш бўлмоқда, холос.
Бу кўпчиликка маъқул келди. Орада бир неча маротаба тўхтатганимда бу рукни тиклашни талаб қилишди. Демак, халқимиз кулишни истайди. Зотан кулмаган элнинг бахти ҳам кулмайди.

Халқ пули хазина “хакерлари”га эмас,
унинг ўзига хизмат қилиши керак

25-7-2007
САВОЛ׃ Мени бир қариндошим қарийб 40 йилдан буён ўқитувчилик қилади, ойлик маоши жуда оз. Шу қариндошимнинг кечагина армияни битириб, бир ҳарбий қисмда “сержант сверхсрочний” бўлиб ишлайдиган куёви, яъни қизининг эри ойига жуда катта маош оларкан, бундан ташқари куёв кунда-кунора озиқ-овқат маҳсулотлари тушёнка, картошка, гуруч, нон ва шу каби ўлжа билан уйига қайтар экан, табиийки у бу маҳсулотларни бозордан сотиб олмайди, яъни ҳарбий қисмнинг озиқ-овқат омборидан текинга ташийди. Қариндошим куёвини “ёғли” жойда ишлашидан яна мағрурланиб қўяди, маърифатли бир инсоннинг шунақа ишларни кўра-туриб мағрурланишини нима деб изоҳлаш мумкин. 40 йилга яқин ёш авлодга таълим-тарбия берган муаллим меҳнатидан ҳали она сути оғзидан кетмаган бир “тирранча” ўғри аскар боланинг элга қилаётган “хизмати” ортиқроқми? Ваҳоланки, уларнинг иккиси ҳам бюджетдан маош олади.
Жаҳонгир ака! Нима деб ўйлайсиз, шундай бўлиши адолатданми? (ЭРКИН).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Адолатдан эмас. Ўзбекистонда бу адолатдан деб айтадиган нима бор ўзи? Адолатсиз режимнинг ҳамма одимлари ҳам адолатсиз бўлади.
Агар кимдир адолатсиз режимнинг тўраларини қўриқлаш учун хизмат қилса кўпроқ маош олади. Бу мустақилликдан кейин яшириб бўлмайдиган ҳақиқатга айланди. Аммо халқнинг боласини ўқитиш учун меҳнат қиладиган инсонларга сариқ чақа ҳам йўқ. Чунки режим бу миллатнинг саводсиз бўлишидан манфаатдор. Илмли одамни эмас, чаласаводни, манқуртни бошқариш осон деб ҳисоблайди.
Ўқитувчилар эса дарсни апал-тапал ўтиб, қолган вақтда рўзғорларига бир нарса топиш учун ҳалак. Уларда дарс беришга на қизиқиш, на ҳавас, на иштиёқ қолган. Бугунги режим йиқилгандан кейин узоқ йиллар тикланиши қийин кечадиган соҳа маориф бўлади.
Сиз саволингизда зеҳният масаласига ҳам тегиб ўтгансиз. Ўзбекистоннинг қаерига борманг давранинг тўрига ўқиган одамни эмас, пулдорни, “ёғли” жойда ишлаган одамни ўтқазишади. Бу Совет даврида ҳам шундай эди. Аммо бугунги даражага етмаганди. Мен буни инсон зеҳниятининг нокамоллиги деб билардим. Лекин америкаликлар (ташқаридан келганларни қўшмаганда-ЖМ) орасида буни кўрмадим. Демак, бу маданият ва умумтаълим даражаси билан боғлиқ масала. Кўрдингизми, гап яна келиб маорифга боғланди.
Фалакнинг гардиши айланиб, Ўзбекистон келажагини ўйлаган одамлар майдонга чиқишса, ишни маорифни ислоҳ қилишдан бошлашлари керак бўлади. Бюджет-бу халқ пули. Халқ пули хазина “хакерлари”га эмас, унинг ўзига хизмат қилиши керак.
Ўқитувчининг ва ўқишнинг ўрни жамият юрагидаги ўқ томирига айланиши лозим. Чунки бутун ҳаёт илдизлари ана шу ўқ томирга боғлиқ.
Зотан, ўқитувчи, муаллим-устоздир.
Ривоят қилишларича, Амир Темурнинг ишлари бирдан орқага кета бошлабди. У Чин юришини амалга ошира олмай, Ўтрорда қоларкан, уламоларни чақиртириб катта элларнинг бошига офатлар нима учун келганини суриштирибди.
-Қадимда шоҳ Эдип билмай ўз онасига уйланиб қўйгани учун элининг бошига офат калхати қўнган,-дебди улардан бири.
Бошқаси эса׃
-Искандари Зулқайнар ўз тўшагига эркакни олгани учун султонияти емрила бошлаган,-дебди.
Яна бири׃
-Рум Қайсари саройни фоҳишахонага айлантиргани учун салтанати қулаган,-дебди.
Ҳаммасини эшитиб Амир Темур ўйга толибди ва׃
-Булардан бирини ҳам кўрмадик. Аммо унданда оғирроқ гуноҳ қилганимни англадим. Мен ўлсам бошимни Мир Саид Бараканинг оёғига қўйинглар,-деб васият қилибди.
Негалигини ҳеч ким билмабди. Амирнинг ўлимидан кейин васиятини бажо келтиришибди ва Сарой Мулкхонимдан бунинг сирини сўрашибди.
-Ул зот устозларини ранжитиб қўйган эдилар,-дебди малика.
Бу бир ривоят. Аммо устозлари ранжитилган элнинг бошига қандай балолар келишини бугун Ўзбекистон мисолида кўриб турибмиз.

Келажак ёшларники

28-8-2007
САВОЛ׃ Вашингтонда Санжар Умаровнинг ўғли Ғуломқодир Умаров “Серқуёш Ўзбекистон коалицияси” қалпоғи остида ўзбек мухолифати ёшларини бирлаштирмоқда экан, шунга Сизнинг ва Муҳаммадбобир Маликов ҳамда Баҳодир Чориевларнинг муносабатингизни билмоқчи эдик. (Бобур, Нуриддин, Ғайрат, Эркин ва бошқалар).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ, Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси׃ Бизнинг позицимиз доим аниқ׃ бирлашиш йўлидаги ҳар қандай самимий қадамни мамнуният билан қабул этамиз ва муваффақият тилаймиз. Демократик кучларнинг бирлашуви бизнинг узоқ йиллардан буён амалга ошмай келаётган орзуимиз ва ким ёки кимлардир буни амалга оширса, бу ишни уддалай олса уларга тасанно айтамиз. Айниқса, бугунги шароитда. Чунки бугунга келиб вазият мухолифлар бор, аммо уюшган мухолифат йўқ ҳолида.
Би-би-си радиоси ўтказган савол-жавобда 2007 йил 10 Июлда мамлакат ичидан қатнашган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов׃
“Сизга маълумки, Ўзбекистонда биронта мухолифат партияси мавжуд эмас, ўтган асрнинг 90-чи йиллардаги «Бирлик» ва «Эрк» партиялари ўз мавқеъини ва кучини аллақачон йўқотган, бундан давлат раҳбари Ислом Каримов фойдаланиб, диктатурани кучайтирган ва узурпацияни мустаҳкамлаган. Шунинг учун сайлов йўли биланми, референдум йули биланми, ёки Ўзбекистон Сенати қарори биланми, барибир, Президент лавозимига яна И. Каримов келади, деб ўйлайман. Шундай бўлишига яна бир сабаб, Ўзбекистон аҳолисининг савияси ва сиёсий активлиги ҳали ҳам паст даражадалигидир” деди.
Мамлакат ташқарисидан туриб ишлаётган uznews.net эса 2007 йил 3 Июлда қуйидагини ёзганди׃
“Таассуфки, бугун Ўзбекистонни диктатор бошқармоқда, ва яна бир бор таассуфки, мамлакатда диктатурага қарши туришга, унинг муқобили бўлишга, ҳатто мустабидлик зулмати қўйнида ҳам одамларга танлов имконини беришга қодир бўлган муҳолифат йўқ”.
Яна ҳам олдинроққа кетсак, 2005 йилнинг 25 Июлида АҚШ Конгрессининг Ҳелсинки комиссиясида Санжар Умаровнинг ўғли Ғуломқодир Умаров мана бундай деган эди׃
“Мухолифат ичида турлича қарашлар мавжуд. Агар “Эрк” ва “Бирлик” ўртасида зиддиятлар бўлмаганида эди, бугун барчамиз бир партиянинг аъзоси бўлар эдик. “Эрк” ва “Бирлик” Горбачевнинг “қайта қуриш” жараёнида пайдо бўлган фахрий партиялардир ва шунинг учун ҳам уларнинг бугунги Ўзбекистон муаммоларига қарашлари ўша даврга тақалади. Бироқ Ўзбекистон бошдан кечираётган инқироз “қайта қуриш” замонидаги муаммолардан катта фарқ қилади”.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бугунги вазият мана шу.
Шундай экан, Санжар Умаровнинг ўғли “Эрк” ва “Бирлик” ёшларини “Серқуёш Ўзбекистон коалицияси” атрофига тўплаб, қандайдир йиғилиш қилаётган бўлса, унга муваффақият ёр бўлсин. Нима бўлганда ҳам натижасини вақт кўрсатади. Ўшанда бу масалага янада атрофлича тўхталиш мумкин бўлади.
Келажак ёшларники, улар ўз келажакларига ўзлари соҳиб чиқсалар буни ҳар доим қутламоқ керак. Фақат бизнинг авлод қилган хатоларни такрорламасдан, балки бу хатолардан сабоқ олган ҳолда иш кўрсалар нур устига аъло нур!
МуҳаммадБобур Маликов, Баҳодир Чориев ҳам шу фикрда.

ДЎК СИЁСИЙ ПАРТИЯ ЭМАС!

28-7-2007

САВОЛ׃ Биз Ўзбекистонда миршаб эдик, ишдан кетгач, бу томонларда ишлашга келиб, шу ерларда қолиб кетдик ва исмимизни айтмасангиз у ердаги шароит ҳақида гапириб беришимиз мумкин. ДЎКнинг кейинги мажлиси қачон бўлади ва бизни хабардор қилсангиз? Биз ҳам сизнинг партияга аъзо бўлсак майлими? (Ўзбекистонлик собиқ икки миршаб Ҳ.М ва Т.Н.).

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ, Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси׃ Раҳмат, биз Ўзбекистондаги шароитдан оз бўлса ҳам хабардормиз. Агар сизлар очиқ баёнот берамиз десангизлар бунга шароит яратишимиз мумкин. Лекин…
Бизнинг ҳозирги асосий мақсадимиз мамлакат ичида шаклланишдан иборат. Ташқаридаги ҳаракатлардан фойда келмаслигига тўла ишонч ҳосил қилиб бўлдик.
Ташқарида бугун мажлис ўтказсангиз ёки митингга чиқсангиз ўнлаб одамлар пайдо бўладилар, биргаликда суратларга тушадилар, миллат ва мамлакат ҳақида ёниб гапирадилар. Ораларида сиз каби собиқ миршаблар ҳам бўлиши табиий. Шундайларни кўрдик ҳам. Кейинги сафар яна бошқалари пайдо бўладилар. Бир икки кўринишдан кейин мен ҳам мухолифатчи деб бошпана олиш учун тавсиянома сўрашади.
Айниқса, бу 2005 йилдан кейин одат тусига кирди. Митинг ва намойишларда олинган суратларни солиштирсангизлар сизлар ҳам бунга ишонч ҳосил қиласизлар. Демак, аста-секин маълум бўлдики, баъзиларининг мақсади Ўзбекистон эмас, балки чет элда қолиш учун ўзларини мухолифатчи қилиб кўрсатиш ва сиёсий бошпана олишдир. Биз ундайлардан узоқ туришни истаймиз.
Шунинг учун ҳам, ўтган йилнинг 25 декабрдаги мажлисида ДЎК қарор олиб, мажлисбозликни тўхтатганди ва қўлимиздан неки ёрдам келса, мамлакат ичига қаратишни режалагандик.
Шундан бери бир неча вилоятда бўлимларни туздик. Яқинда яна икки вилоятда таъсис мажлиси ўтади.
Бизнинг мақсадимиз демократияни мамлакат ичида ёйишга қаратилгандир. ДЎК сиёсий партия эмас. ДЎК рўйхатдан ўтган, барча расмий қоидаларга риоя этувчи ноҳукумат-халқаро ташкилотдир ва вазифалари ҳам ана шундан келиб чиқади.
ДЎК расмий ташкилот сифатида хорижда ”ўзбек мухолифати” номи билан амалга ошириладиган грантхўр мажлислар, хўжакўрсин намойишлардан узоқ туришининг сабаби ҳам ана шунда. Қолаверса, бефойда ҳаракатлар билан мамлакат ичидаги фаолларимиз тақдирини таҳлика остига отиш ниятимиз йўқ.
ДЎК фаоллари истасалар келажакда Ўзбекистонда сиёсий партиялар тузишлари, сиёсий партияларни ДЎКка аъзоликка тавсия қилишлари мумкин. Бу энди бошқа масала.

ҚИЗИ ОТАСИНИ ЯНАДА ҲУШЁР БЎЛИШГА ЧАҚИРМОҚДА

8-2-2007
САВОЛ׃ Uzmetronom.com сайтида Сергей Ежков 2007 йилнинг Август ойида Ўзбекистонда кескин ўзгаришлар бўлиши ва ҳатто қон тўкилишини ёзган. Шунга сизнинг фикрингиз қандай? (ЖАВЛОН).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бугун ҳеч кимга сир эмаски, бу сайтнинг асл соҳибаси Гулнора Каримовадир. Ўзбекистонда Ислом Каримовга қарши гап айтилиши мумкин бўлган ҳамма сайтларга тўсиқ қўйилган. Аммо бу сайт очиқ. Гарчи бу сайт Каримовга қарши материалларни кун ора бериб турса-да! Ўша танқидларни таҳлил қилсангиз, Гулноранинг манфаатидан келиб чиқиб қилинган танқидлар бўлади.
Лекин яқинда мен олган бир хабарга кўра, Гулнора Сергейнинг баъзи қилиқларидан норози экан. Жумладан, унинг радиолардаги чиқиши унга ёқмаган ва бундан ташвишга тушган Ежков чет элга кетиб қолиш йўлларини қидиришга тушган. Буни Гулнора эшитиб қолган бўлса, бундай “қурол”ини бой бермасликка ҳаракат қилиши, табиий.
Энди Ежковнинг мақоласига келсак, бу ҳакам З. Исаев билан бошланган сиёсий ўйиннинг давомидир.
Каримов кутилмаганда ҳар хил қарорлар олишидан унинг атрофидагилар, ҳатто қизи ҳам чўчийди. Шунинг учун турли эҳтимолларнинг олдини олишга уринадилар. Айниқса сайлов олдидан.
Маълумки, Каримов Зелемхон Ҳайдаровга қизидан ҳам кўпроқ ишонади. Шавкат Мирзиёевнинг ортида эса, ана шу қудратли одам турибди. Шунинг учун ҳам бир-ики ойдирки, Зелемхон Ҳайдаровнинг “оёғига болта уришмоқда”. Агар уни “яралашса”, Мирзиёев заифлашиб қолади ва истаган дақиқада четлатиш имкони бўлади.
Нарх-наво ошиши туфайли Ўзбекистонда қон тўкилиши мумкин деб ёзиш Гулнора гуруҳига бир ўқ билан икки қуённи уришдир.
Биринчидан, шу баҳона билан Каримовга ҳушёрликни ошириш таклиф этилади. Бу МХХ, ИИВ ходимлари сонини кўпайтириш, маошларини ошириш ва Россиядан қўшимча қуроллар сотиб олиш, унча-бунча одамни ишдан четлатиш, қувғин қилиш учун замин бўлади. Акс тақдирда жаноб Ежков “юртбошини ағдарадиган эмиссарлар мамлакат ичида” деб ёзармиди?!
Иккинчидан, нарх-наво учун масъул бўлган Мирзиёевни Каримовнинг наздида керак бўлганда ҳамма айбни бўйнига ағдариш мумкин бўлган нишон қилиб сақлашга хизмат қилади.
Лекин Каримов бу ўйинларга қанчалик ўйнайди? Буни ҳатто Гулнора ҳам билмайди. Балки бу ўйинчиларнинг ҳаммасини Каримовнинг ўзи ўйнатаётган бўлса-чи?! Ана шу гап ҳақиқатга анча яқин.

“АНА, АЛАБЎЖИ!” СИЁСАТИ
15-10-2007
САВОЛ: Каримовнинг қайта президент бўлишига Мирзиёев ва бошқа раҳбарлар қандай қараяптилар? Каримов сайлангач, уларнинг қолиб- қолмасликлари номаълум-ку?(Ориф).

ЖАВОБ: Кейинги кунларда бу масалада Ўзбекистонда нуфузга эга бўлган анча одам билан гаплашдим. Ана шу суҳбатлардан келиб чиқадиган хулоса эса қуйидагилар.

Каримов Мирзиёев каби жаллодни Бош вазир курсисига ўтқазиб қўйиб, атрофдагиларни алабўжи билан қўрқитиб турибди.

Чунки кейинги йилларда Мирзиёев деярли ҳамма идоралардаги иккинчи раҳбарлик ўринларига ўз одамларини қўйиб улгурди ва улар Каримовнинг “кадрлари” билан тиржайиб гаплашсаларда аслида ит-мушук вазиятидалар.

Каримовнинг “кадрлари” Мирзиёевнинг ҳокимият теппасига келиши улар учун ҳамма йўлларнинг камида 20 йилга ёпилиши деган фикрдалар. Улар бир пайтлар Брежневнинг жасадини судраб юрган кимсаларга ўхшаб қолишган. Каримовнинг ўзи умрбод туриш учун айнан шу сиёсатни танлаганини хаёлга ҳам келтирмайдилар.

Каримовнинг “кадрлари” унинг сўкишларига ўрганишган ва ҳатто ишдан олса ҳам яна бошқа жойга тайинлайди деб ўйлайдилар. Агар Каримовга қарши гап кўнгилларининг бир четидан ўтса, Тўлаганов кабиларнинг ҳолига тушишларини биладилар ва ўзларини доим “эга”ларига содиқ қилиб кўрсатадилар.

Маълумотларга кўра, улар Каримовни ўз номзодини ЎзЛДПдан кўрсатишга кўндириш билан ҳам Мирзиёевнинг йўлини тўсишга уринишган. Бу партиядан президент чиқса, демак у Бош вазирликни бошқа партияга бериши керак бўлади, деб ўйлашмоқда.

Улар қисман ҳақ бўлишлари мумкин, чунки Каримов сайловдан кейин нимадир иш қилаётганини кўрсатиш учун Бош вазирни алмаштириши ва яна бир демократия ўйини кўрсатишини тахмин қилиш қийин эмас.

“НОМЗОД… НОМЗОД…” ЎЙИНИ
ёки масхарабоз қўлидаги лўхтакчалар

16-10-2007

САВОЛ: Кўрсатилган номзодларнинг ҳаммаси сайловда қатнашса, бозор бўлиб кетмайдими? (Носир).
ЖАВОБ: Агар Каримовнинг характеридан келиб чиқиладиган бўлса, унинг бу қадар номзоднинг сайловга киритиши мен учун фавқулодда воқеа бўларди. Чунки ҳали ҳам Каримов бунча кўп номзод билан биргаликда майдонга тушишига ишонмайман.
Чунки у “Озгина сизган сув ўпириққа айланиб кетиши мумкин” дерди ва унинг олдини олади.
Шундай экан, ҳатто ҳеч нарсага ярамайдиган нимжон номзодлар бўлсаларда улар кутилмаганда хавфга айланиб қолишларининг олдини учун кексайиб қолган Каримов бош қотиришни истамайди. Сайловга қадар улар орасидан битта, жуда нари борса, иккитасини танлаб олади.
Аслида берилган овозлар қандай бўлишидан қатъий назар Каримов ўзига керакли рақамни ва “рақиби” ёки “рақиблари”га берадиган “ҳақ”ни аллақачон калласига ёзиб олган.
У томонда халқ овоз бераверади, бу томонда Каримов калласидагини эълон қилаверади.
1990 йилда бу ҳодисани сир сифатида сақлай олмаган Марказий сайлов комиссияси раиси Қудрат Ахмедов нинг бошига келган савдолар ҳаммамизга аён.
Кейинчалик Каримов бу сирнинг ошкор бўлишидан қурқмай ҳам қолди. У ўлгандан кейин куйдирилган, бот-бот чоп этилган овоз варақалари ҳақида ҳали китоблар ёзилса керак.
Илгарилари бир кишилик қўғирчок театри бўлган. Бир масхарабоз одам беш-олтита қўғирчоқни (қўлда, бошининг ичига танга тиқиб латтадан ясалган қўғирчоқни халқ тилида лўхтакча дейишган-ЖМ) халтасига солиб олиб, қишлоқма қишлоқ юриб, томоша кўрсатган.
Бугунги ҳолат худди ана шу саҳнанинг ўзи. Каримовнинг қўлида беш олтита, оёқ учида ҳам икки-учта латта лўхтакча. У ана шу латта лўхтакчаларни ҳар мақомга солиб, томоша кўрсатмоқда. Бепул томоша экан, мазза қилиб қараб ўтираверамиз, деган одам хато қилади. Чунки жуда қимматга тушадиган томоша. Театр тугагач, масхарабоз чиптанинг нархини айтади. Пули етмаганнинг кийимини ечиб, яланғоч қилиб, орқасига бир тепиб ана ундан кейин қўйиб юборади.

Ҳўкизнинг думи…

17-10-2007
САВОЛ: Ўзбекистонда бўлаётган бу ўйинни аслида сайлов деб аташ мумкинми?(Малик).
ЖАВОБ: Аслига қарайдиган бўлса, жуда кўп нарса ўз номига мутлоқ мувофиқ эмас. Лекин фикрни ифода қилиш учун шундай сўзни ишлатишга мажбурмиз.
Сайлов диктатурага зид нарса.
Диктатура бутун ҳокимият битта золимнинг қўл остида тўпланишидир. Сайлов эса ўз номи билан сайлов, бир қанча одам орасидан биттасини сайлаш. Шундай экан, диктатура шароитида сайлов бўлади, дейиш ҳўкизнинг думи Жума куни ерга тегади, дегандек гап.
Ўзбекистонда эса сайлов-сайлов ўйини ўтмоқда. Каримов бу томошани халққа кўрсатмоқда десангиз адашасиз. У халқни ҳам, мухолифларини ҳам бир тийинга олмайди. Бу томошани у ташқарига кўрсатмоқда. Масалан, номзод номзод ўйини билан Авропа Иттифоқига сўриб туриш учун хўрозқанд берди.
Аслида ташқари ҳам унинг томоша кўрсатаётганини билишини Каримов идрок этади. Лекин ташқари ҳам томошасизликдан, лаб ялаб туришдан хўрозқанд сўришни афзал билади. Яъни Каримовнинг ўйинларига қарсак чалмаса ҳам башарасига тупурмайди. Унга мана шу керак.
Бугунги Ўзбекистон шароитида демократия деган сўз ўз маъносини йўқотиб диктатурани ангалатади.
Сайлов ҳам худди шундай бир маънодан бошқа маънога кўчган ва “сайлов-сайлов ўйини” деган бирикмани яратган. Бундан кейин қаерда сайлов деган сўзга кўзингиз тушса, уни сайлов-сайлов ўйини деб қабул қилинг.

КАРИМОВ ХДПДАН ХАВОТИРДА
18-10-2007

САВОЛ: Каримов кўпроқ қайси номзоддан хавотирда? (Акмал).
ЖАВОБ: Эътибор қилган бўлсангиз, Каримов ҳамма партияларга ўз раисларини номзод тарзида олдинга чиқаришга изн берди, аммо ХДП бундан мустасно. ХДП дан партиянинг иккинчи одамига изн берилди. Биринчидан, у самарқандлик. Иккинчидан, Каримовнинг отасига қариндошлиги тегади. Бунинг номзодликка нима алоқаси бор? Чунки Каримов ХДПдан хавотирда. Нега?
1. ХДП собиқ коммунистик партиянинг кадрлар билан ишлаш услубини ўзида сақлаб қолган. Партиявий интригаларни биладиган жуда кўп собиқ раҳбарлар ҳали ҳам бу партияда.
2. Бошқа бирорта партиянинг ХДП қадар кучли ташкилий тизими йўқ, унинг ҳамма туман ва қишлоқларда ташкилотлари мавжуд.
3. Бошқа партияларнинг матбуот воситалари деярли кўзга ташланмайди. ХДПнинг нафақат марказда, балки вилоятларда ҳам нашрлари бор.
4.ХДП (Каримовнинг изни билан бўлсада-ЖМ) ўзини мухолиф партия деб эълон қилган ва оддий одамлар учун бу зулмдан қутилишнинг адреси бўлиб кўриниш мумкин.
5. ХДП кейинги йилларда ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш учун “Очиқ эшиклар” каби кампаниялар ўтказиб, тузумдан норози одамларни ўз томонига тортмоқда.
6. Бу партия ёшлар орасида ҳам биз мухолифат партияси дея янги авлодни ўзи томонига ағдармоқда ва ҳоказо ва ҳоказо.
Агар масала бирдан жиддийлашиб қолса, бу партиядан чиққан “синалмаган от” ўз “чавандози” ҳар қанча маҳоратли бўлсада, ағдариб юбориши мумкин. Буни ҳис қилган Каримов бу партиядан ўзи яхши билган одамни илгари сурди. Лекин келаётган хабарларга кўра, ундан ҳам хавотирда ва уни жиддий таъқиб остида сақламоқда.

ТУРКЛАР ВА КАРИМОВ РЕЖИМИ

19-10-2007

САВОЛ: Ўзбекистондаги сайловга туркларнинг таъсири бўлиши мумкинми? (Шароф).
ЖАВОБ: Саволингиздаги “турклар” деган калимани мен икки тарзда тушундим.
1. Туркия турклари.
2. Туркиядан ташқарида яшаган ва Ғарб дунёсида таъсир кучига эга бўлган турклар.
Туркия ҳукумати исломий кучлардан ташкил топгани учун Каримов режими алоқаларнинг аксар йўлларига ғов қўйган. Чунки Туркия ҳукумати ҳам, Туркия халқининг аксарияти ҳам Каримов режими йўқолишининг тарафдори.
Йиллардир улар Кримовнинг мухолифаларини ҳам иқтисодий ва ҳам маънан қўллаб келишаётганини биламиз. Буни Тошкент ҳам яхши билса керак. Шунинг учун туркларнинг Ўзбекистондаги сайловларга бевосита таъсирлари филга пашша чаққанчалик даражада ҳам эмас. Бунинг устига уларнинг ўз муаммолари ошиб-тошиб ётибди ва мамлакат қадамба-қадам яна бир ҳарбий тўнтариш сари бормоқда.
Ғарб давлатларида яшаётган туркларнинг дунёвий режим тарафдорлари бўлганлари нафақат ўз мамлакатларида, балки халқаро ташкилотларда ҳам каттагина нуфузга эгадирлар.

Улар нафақат Туркияда, балки умуман турк давлатларида дунёвий тузум қарор топсагина демократияга йўл очилади, инсон ҳуқуқлари устивор бўлади деган фикрдалар. Улар отатуркчи бўлиб, исломий режим тарафдорларини истамасликларини яширмайдилар ҳам.

Англияда истиқомат қиладиган турк Ширин Акинернинг Андижон масаласи бўйича Каримов режимига берган мададини унча-бунча одам ёки ташкилотлар йўққа чиқара олмадилар ва у ўз ишини қилди.

Авропа парламентининг Марказий Осиё бўйича катта таъсир кучига эга бўлган вакили Жем Ўздамир ҳам Ўзбекистон масаласида ҳисобот тайёрлаб, Каримов режимини оқлаш учун катта одим отди. У олмониялик турк ва Яшиллар партиясининг Авропарламентдаги “устун”ларидан бири.

Ўзбекистондаги сайловга қайси бир маънода Туркия ташқарисида яшаётган ва дунёвийлик тарафдори ана шундай туркларнинг таъсири бўлмоқда деб айтиш мумкин. Каримов мухолифлари ўзларини дунёвий сиёсий куч сифатида кўрсата олмаганлари ҳам уларга баҳона.

ХАЛҚ ЭМАС, ДИКТАТУРА АЙБДОР!

23-10-2007
САВОЛ: Халқимиз нега бунча тебранмас бўлиб қолди? (ИСМСИЗ).

ЖАВОБ: Аслида ўзим ўзимга ўрнатган қоидага кўра, исмсиз мактубларга жавоб бермаслигим керак эди. Аммо бу ҳақда бугун ҳаммаёқда ёзилаётгани, ҳатто ўз сафдошларим ҳам ёзишаётгани учун мухтасар жавоб беришни бурчим деб билдим.

Бундан бир неча йил олдин диктатура фитрати ҳақида ёзганимда, бу режим берадиган “маҳсулот”лардан бири халқни лоқайд этиши ва жамиятни маънан бузиши эканлигини айтгандим. Назаримда шу нуқтага келганга ўхшаймиз. Яъни диктатура ўз мақсадига эришгани бугунги чиқишларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Бундай шароитда миршабдан бошлаб ўқитувчига, ҳокимият идорасидаги ходимдан бошлаб мамлакат ичидаги режим мухолифига қадар ҳаммадан бир нуқс топиш қийин эмас. Уларни бефарқликда ёки маънан бузилганликда айблаш ҳам осон.

Режимни ўзгартириб бериши керак дея бутун халқни айблаш ўзимиз ҳам диктатуранинг қармоғига илина бошлаганимиздан дарак бўлади.

Ҳатто чет элдаги дўстларимиз ҳам халқ Каримовни йиқитиб беришидан умидвор.

Ҳар доим режимларни халқнинг жуда кичик бир қисми, шу режимга мухолиф бўлган зиёли қисми ўзгартирган.

Лекин диктатура режими кучайгандан кучайиб ана шундай иддаодагиларни ҳам умумий карвонга солди.

Андижон воқеаларидан беш кун олдинги радио мулоқотида халқ кўчаларга чиқса, режим бостиради, отади, танклар билан мажақлайди дегандим. Андижон қатлиоми бу гапни исботлади.

У ҳолда нима қилиш керак? Йўллар битмагани ва диктатурани қон тўкмасдан ағдариш мумкинлиги ҳақида эса, бир муддат олдин ёзган эдим.

Одамларнинг бузилиб кетганидан шикоят қилаётган дўстларимга эса шуни эслатмоқчиман. Демократия бу халқ бошқарувидир. Бу режим пайтида халқнинг ўзи жамиятни бошқаради.

Дунёнинг ҳамма жойида одамликни унутган миршаблар ва бошқа мансабдорларни топиш мумкин. Ҳатто Америкада ҳам маҳбусларни қийнайдиган миршаблар чиқиб туради. Аммо жамият уларни жамиятберун қилади, жазолайди, тарбиялайди. Диктатурада эса бундай одамлар рағбатлантирилади.

Бу билан зеҳниятимизда ҳам иллатлар йўқ демоқчи эмасман. Ошиб тошиб ётибди. Уларни даволаш учун демократик замин зарур.

Бугун Ўзбекистондаги вазиятга қараб одамларга раҳмим келади. Улар ёппасига диктатуранинг қурбонига айланмоқдалар. Диктатура тарқатган ва тарқатаётган “эпидемия”лардан қочиш, сақланиш жуда қийин. Бундан қутулишнинг уддасидан чиқа олганлар қолганларни ҳам қутқариш учун даво топишлари керак.

Бугун кўпроқ ана шу ҳақда гапиришимиз лозимга ўхшайди.

Ўтган йилга қадар…
24-10-2007

САВОЛ: Мухолиф кучлар учун бу сайловдан умид бор эдими? (Ғайрат).

ЖАВОБ: Аввало шуни айтишим керакки, мен мухолифат деганда ташкиллашган, демократик тамойиллар асосида ўз фаолиятини изчил йўлга қўйган, жамоатчилик томонидан тан олинган сиёсий кучни тушунаман. Бундай куч бизда йўқ эди.

Аммо ўзини Каримов режимига мухолифат деб билгувчи гуруҳлар, шахслар ва уларнинг атрофида юрган оз сонли одамлар бор. Уларни мен мухолифлар ёки ўзларини мухолифат атаовчилар деган бўлардим. Аммо режимга таъсир эта оладиган даражадаги сиёсий куч бўлмаган мухолифлар Андижон қатлиомидан кейин ташкиллашиш ва сиёсий кучга айланиш имконига эга бўлди.

Худди ана шу нуқтада Ўзбекистондаги сайловдан умид бор эди. Буни ҳамма тушунар эди. Хорижликлар ҳам, ўзимникилар ҳам. Шунинг учун ҳам сиёсий кучга айланиш жараёни бошланди. Аммо диктатура режими бундан чўчиди ва мухолифлар орасига бузғунчиларни суқиш ва бошқа йўллар билан бу ҳаракатни дабдала қилди. Шу билан умид ҳам ўла бошлади.

Шахсан мен учун ўтган йилнинг охирида “Ҳозирги вазиятдан чиқишнинг уч йўли”ни эълон қилганимдан кейинги воқеалар сўнгги нуқта бўлганди. Бошқаларнинг умидни ўлдирмаслик учун бу ҳақда гапирмай келдим.