Мирзиёевга таклифлар

kitob2. Маддоҳларга мукофот берманг!

Асрлардир шоҳларга, амирларга маддоҳлик қилиб келганлар шу йўл билан ўзларини буюк ижодкор кўрсатиб, тарих қатига олиб киришга уринганлар. Улар ҳукмдорларни севмаганлар. Аммо ҳукмдорларни ўз манфаатлари йўлида ишлатганлар. Совет даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам шундай бўлди. Бундайлар мақтов, мадҳия ёзиши билан ҳукмдорни гўё одил раҳбар, раҳнамо қилиб кўрсатишга уриндилар, лекин мақсадлари бошқа эди.
Раҳбарнинг кимлиги, обрў-эътибори унинг халққа қилган хизмати билан ўлчанади. Халқнинг ишончини қозонишдан олийроқ мақтов йўқ.
Раҳбар ҳақида кимдир китоб ёзиши керак эмас. Раҳбар ўз китобини ўзи ёзади.
Тарих бўйи истеъдодли зиёлилар ҳукмдорларни мақтов ва мадҳия билан йўлдан урганлар, халқ наздида ёмон отлиқ қилганлар.

Агар бугун сиз ҳақиқаттан ҳам айтган сўзларингизга содиқ қолиб, халққа хизмат қилишни шараф деб билсангиз, биринчи галда маддоҳларни узоқлаштиринг. Сизни саноқли маддоҳлар эмас, халқ мақтасин, тилида эмас, дилида, юрагида мақтасин, қалбида дуо қилсин. Ҳисобга ўтадигани мана шу!
Раҳбарлар маддоҳларга мукофот беришган. Бу дегани мақтовни сотиб олди ёки мақтовга ҳақ тўлади дегани. Демак, ҳукмдор уларнинг ўйинига тушиб қолган, уларга бўйин эгган.
Сизга дўст бўлган одам камчиликларингизни кўрса, танқид қилиши, агар эътиборга олмасангиз, кескинроқ танқид қилиши керак. Бу дегани у Сизга душман дегани эмас. Бу Сиз ўзингиз ваъда берган йўлдан тойиб қолманг, халқнинг ишончини оқлаш учун йўлингиздан тойманг дегани.
Маддоҳизм бутун тарихимиз бўйи давом этиб келган иллат, анъана. Кимдир қаҳрамонлик кўрсатиб, бу анъанани бузиши керак. Сизда шундай имконият бор. Бунинг учун катта жасорат, журъат талаб этилмайди. Бу инсондан оддийгина адолат талаб этади.
Маддоҳларга мукофот берманг! Уларни ўзингиздан узоқ тутинг! Тамом. Катта инқилоб қилган бўласиз. Мана ман деган ҳукмдор ҳам қилолмган бажра олмаган ишни бажарасиз, китобингизнинг биринчи бобини ёзган бўласиз.
Жуда мукофот бергингиз келса, ўзингизни ва олдинги ҳукмдорларни танқид қилганларга беринг. Бу маддоҳларнинг кўзини мошдек очади. Масалан, Дадахон Ҳасан, Мамадали Маҳмудов(Эврил Турон), Юсуф Жума, Дилмурод Саййид каби ўнлаб ижодкорлар олдинги ҳукмдорларни танқид қилиб келдилар. Агар мукофот бермоқчи бўлсангиз ўзини эмас, халқни ва ўша раҳбарнинг ҳам обрўсини ўйлаган ана шундай ижодкорларга беринг. Дадахон Ҳасанга адабиёт олами ва саҳнага йўл очинг, Эврил Туроннинг асарларини чоп эттириб, мактабларда ўқиттиринг, Дилмурод Саййидни озод қилинг, Юсуф Жумани мамлакатга таклиф этинг…

Жаҳонгир Маматов,
“Ўзбекистонликлар конгресси”нинг раиси,
Вашингтон, 7 декабр.

 

%d bloggers like this: