Президент Шавкат Мирзиёевга таклифлар

jm201408121.Пул керакми, марҳамат!

Ўзбекистон учун энг катта инвеститсия бу хориждаги ўзбекларга йўл очиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлашдир.

Агар шундай қилинса, Ўзбекистонга биргина Америкадаги ўзбеклар ҳисобидан жуда қисқа вақтда бир неча миллиард доллар атрофида пул киради.

Биринчидан, бу ердаги ўзбеклар меҳнат таътилларини Ўзбекистонда ўтказадилар ва йил бўйи йиққан пулларини олиб бориб, сарфлайдилар.

Иккинчидан, қўлида сармояси бўлганлар жуда кўп. Улар минг-минглаб иш жойлари яратадилар. Ҳатто электр энергияси, газ таъминотини яхшилаш учун ҳам етарли иш қилишлари мумкин. Бугун буни Америкадан Африка ёки Мянмарга бориб бажариб келаётган ўзбеклар ўз ватанларида ҳам жон деб амалга оширадилар.

Шахсан мен ўзим Ўзбекистонга бормасам ҳам, шу ердан туриб камида бир неча минг иш жойи яратишим мумкин. Қонуний кафолат ва сиёсий-иқтисодий эркинлик бўлса, буни эртагаёқ бошлайман.

Учинчидан, ўзбеклар америкалик катта инвесторларни Ўзбекистонга олиб кирадилар. Икки томонлама қўшма корхоналар бизнеси ривожланади.

Янги ҳукуматдан бунинг учун нима талаб қилинади:

Биринчидан, ҳукумат Ўзбекистонда туғилиб, бошқа мамлакатларнинг ватандошлигини олганлар учун доимий виза картаси яратиши;

Иккинчидан, хорижий сармоялар назоратини маҳаллий ташкилотлар назоратидан чиқариб, марказий ҳукумат ва хорижий инвесторларнинг вакилари ҳам кирган халқаро субектлар назоратига бериши лозим

Шундай қилса, ҳукумат жуда катта муаммоларни ҳал этишда ўзига мададкорларни топади.

Бу ҳукуматдан маблағ талаб қилмайдиган, балки пул оқимини кўпайтирадиган таклифлардан биринчисидир.

Жаҳонгир Маматов,
“Ўзбекистонликлар конгресси”нинг раиси

6 декабр, 2016 йил.

Advertisements
%d bloggers like this: