Улуғбек Бакиров

JM_2016Avgust1 СЕНТЯБР – АЗИЗ УСТОЗИМИЗ ЖАҲОНГИР МУҲАММАД ТУҒИЛГАН КУН!

Халқимизнинг забардаст фарзанди, давлат ва сиёсат арбоби, тилшунос олим, атоқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, қадрли устоз адибимиз Жаҳонгир Муҳаммад бугун АҚШда ўзларининг таваллуд айёмларини қарши олмоқдалар.

Шу муборак айём муносабати билан Устозимизни чин дилдан табриклаймиз!

Ҳурматли Жаҳонгир ака!

Сиз бутун умрингиз давомида адолат ва ҳуррият учун маҳкам бел боғлаб курашиб келмоқдасиз. Сизнинг босиб ўтган ва ўтаётган шонли умр йўлингиз ҳамиша биз ёшларга улкан ибрат мактабидир.

Йиллар давомида қалбингиз қўри билан битган бебаҳо асарларингиз нафақат ҳозирги авлод учун балки келажак авлод учун ҳам асрлар давомида хизмат қилажагига имонимиз комил!

Давлатимиз мустақилликни қўлга киритишида, унинг дастлабки заҳматли йилларида Сизнинг ва сафдошларингизнинг меҳнатлари беқиёсдир.

Салкам чорак аср аввал ўз қатъий сўзингизни мамлакатимиз юксак минбаридан туриб баралла айтишингиз, эркинлик йўлида бел боғлаган инсонлар қалбида ҳамиша ифтиҳор касб этажак!

Не-не бўронли ва машаққатли йўллардан омон чиқиб, ҳанузгача ўз танлаган –Ҳақ йўлингизда шаҳдам қадамлар отиб юришингиз, бизлар учун катта сабоқдир!

Бу осон бўлмаган тиконли йўлларда кимлар адашмади?! Кимлар ботилга сотилмади?!

Зулмга хизмат қилганларнинг умр поёни қандай битаётганлигини шоҳиди бўлиб турибмиз.

“Ибтидоси бор дунёнинг, бордир интиҳоси ҳам”, деганларидек, умр бўйи ёлғонга, ёвузликка хизмат қилганларнинг сўнгги кунлари нақадар аянчли тугаётганлигидан кейингилар хулоса чиқаришсалар яхши бўларди.

Сиз ва Сиз каби халқимиз равнақи, фаровонлиги йўлида ўзининг ўткир, ҳақ сўзлари ва амаллари билан хизмат қилаётган маърифатпарварларимизнинг ҳаёти ва фаолияти нурли йўлдир!

Бу улуғ йўлда Сизга ва сафдошларингизга, барча-барчамизга Яратганнинг ўзи ҳар вақт мададкор бўлсин!

Дунёдаги барча эзгу тилакларни тилаган ҳолда, Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман!

Невара-чевараларингиз камолини кўриб, яна узоқ йиллар халқимиз бахтига омон бўлинг!

Биз орзу қилган кунлар келишига чин қалбдан ишонаман! Ўша ёруғ кунларга дўстларимиз билан бирга етайлик!

Жонажон Ватанимизнинг юксак минбарларидан яна Сизнинг оташин нутқларингиз яграшини интиқлик ила кутиб қоламиз!

Ҳамиша саломат бўлинг, ака!

Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, азиз Устоз!

Сизга юксак ҳурмат ила,
сафдош дўстларингиз ва шогирдларингиз номидан

Улуғбек Бакиров

1 сентябр, 2016 йил,
Норвегия

Улуғбек Бакиров

%d bloggers like this: