Зеҳният чорраҳларида

ishxonada2Бирлашув…

Келин жуда чаққон, ошпаз, ширин сўз чиқди. Қайнона аввалига жуда хурсанд эди. Қизи келинга меҳр қўйиб, икки гапнинг бирида уни мақтай бошлайди:
“Овқатлари жуда ҳам ширин…”
“Кийимларимни дазмоллаб қўйибдилар…”
“Дарсимга ёрдам бердилар..”
Бир куни хола қизига:
-Келин қурмағур телефонда сени кимгадир ёмонлаётганини эшитиб қолдим, унга кўп ҳам ишонма, ҳамма гапингни айтма,-деди.
Бошқа кун келинига:
-Кеча қизимни жеркиб бердим, нима эмиш, сиз пиширган овқатларда мазза-матра йўқ эмиш. Мабодо бир нима деса, кўнглингизга олманг болам, парво ҳам қилманг.
Шунга ўхшаш гаплар такрорланаверди, болдиз жуволдизга, келин бегизга айланди.
Кейинчалик хола:
-Шуларни бирлаштирсам, армоним қолмасди,-деб юрибди.

“Золимга қарши бирлашиш керак” деган гапларни эшитаверсам, негадир шу ҳикоя ёдимга тушаверади.

Тарих

Интернетда “Ўзбекистоннинг ҳақиқий тарихини ўрганамиз” деган гапларни ўқиб қолиб, севиниб кетаман. Қанчалар яхши, ниҳоят ўзбеклар ўзларининг ҳақиқий тарихларига қизиқмоқдалар, уни ўрганмоқдалар.

Аммо севинчим узоққа чўзилмайди. Чунки улар рус манбалари ёки умр бўйи махсус хизматлар хизматида бўлган “машҳур” тарихчиларнинг ёзганлaрини кўчириб қўядилар. Ҳеч тап тортмай русча кўчирмаларни келтирадилар. Наҳотки “ҳақиқий тарих” яна руслардан ва руспарастлардан ўрганилмоқда? Совет даврида етмиш йил ўрганилгани камлик қилганмиди?Бир мустақил мамлакатнинг илму толиблари ҳеч бўлмаганда ўз мустақил тарихини мустақил равишда, мустақил манбалардан ўргана олишмаса, ўтмишдан келажакка ўтолмайдилар.

Уюшма

“Ма” саффикси инкор қўшимчаси бўлиб, сизга бир сўзнинг аксини буюради. Қилмоқ феълига қўшилса – “қилма”, “ўтмоқ” феълининг ўзагига қўшилса-“ўтма” ва ҳоказо. Бошқача айтганда “ма” қўшимчаси феълнинг негатив формага айланишини таъминлайди.
Ўзбек тилида “уюшмоқ” деган сўз бор. Бирлашиш, кўплашиш маъносини беради. Кейинги вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳақида кўп гаплар бўлмоқда. Уни тарқоқликда, халқ дардини хаспўшлашда, эркин ижодга йўл бермасликда, ижодкорларни қатағон қилишда айблашмоқда. Одамларга ҳам ҳайрон қоласан, ахир унинг номи ўз бўйнида-ку! Уюшма!

Фитна

1999 йил, 16 февралда Тошкентда юз берган портлашлар ҳақидаги шахсий фикрим ҳали ҳам ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳукумат шундай воқеа юз беришини мутлоқ ва мутлоқ олдиндан билган. Олдини олиш ўрнига бошқарувчи ролини бажарган. Режим ўзини мустаҳкамлаш учун подамон гуруҳлар орасига ўз жосусларини киритиб, уларни ҳар томонлама таъминлаб, бу ишни бажартирган. “1999 йил февралда Каримов кетади”, деган гап бизга 1998 йилнинг декабр охиридаёқ келган. Бу қандайдир фитна деб ўйлаганмиз ва қўшилиш ҳақидаги таклифларни кескин рад этганмиз. Ҳақиқатдан бу Ўзбекистон тарихидаги энг катта фитналардан бири бўлди.

Бойликлар

2000-2001 йилларда “Америка овози”да Гулноранинг миллионлари ҳақида гап бошлаганимизда катта шов-шув бўлган, айни пайтда подамонлар бунга ишонмаганди. Йиллар ўтиши билан нафақат подамонлар, балки бутун дунё ишониб бўлди. Биз “миллионлар” дегандик, миллиардлар бўлиб чиқди.
Бугун Гулноранинг отаси миллиардларни, тонналаб олтинларни Ўзбекистондан четга олиб чиқиб, яширгани ҳақида гапирмоқдамиз. Подамонлар ишонмаяти. 10-15 йилдан кейин ҳамма ишонади. Лекин кеч бўлади. Чунки Каримов ўлиб кетади, хориж банкларидаги кодларни сақлаб юрганлар ғойиб бўлади, қолган қутгани кейинги режим томонидан турмаларга тиқилади. Бойлик эса хорижда қолади, худди Гулноранинг хазиналари, уйлари каби, худди Амир Олимхоннинг олтинлари каби… Бунча бахтсиз бўлмаса халқимиз?!

Подамон

“Озодлик” радиосининг бир соатлик долзарб дастурини тинглаётгандим. Унда иштирок этаётган тадқиқотчи Икром Ёқубов кутилмаганда кашфиёт қилди. У оломон, пода ҳақида гапираётганди. Шуури бу икки сўзнинг бири одамларга, иккинчиси ҳайвонларга ишлатилишини англади ва “подамон” деган сўз айланди тилида. Фавқулодда топилдиқ бўлди. “Кашфиётлар кутилмаганда туғилади”, деб шунга айтадилар. Ўзбек тили учун янги, кучли, керакли сўз туғилди. Чунки шундай гуруҳлар борки, “оломон” десангиз уларга ҳақ берган, “пода” десангиз ҳайвонга тенглаштирган бўласиз. Улар ўртада – на оломон, на пода. Уларни “подамон” дейиш узукка кўз қўйгандек бўлади.

Китоб

Ўзбек ўқувчиси учун бугун чоп этилаётган китобларни ўқиш яхшими ёки интернетними? Интернетда ҳамма нарсани топса бўлади, яхши-ёмон, қарама қарши фикрлар, баҳслар, бир мавзуга ҳар ёндан қараш, китобларнинг хитоби, хитобларнинг китоби ва ҳоказо ва ҳоказо.
Китоб – ёзувчининг руҳи. “Худодан бошқасидан қўрқмайман” деб президентдан, МХХдан, интернетдан, қўшнисидан, соясидан, телефондан, девордан, “тиқ” этган товушдан қўрқадиган ёзувчининг жимжимадор битикларидан нима топасиз? Золимларни ардоқлаш, зулмга буйсуниш, адолатсизликка тобелик, жимгина ўтириш, қўрқув ва яна қўрқув руҳиними?

Жаҳонгир Маматов

Advertisements
%d bloggers like this: