Зеҳният чорраҳларида

savollarМиллий мафкурасизлик

Каримов президент этиб сайланган пайтида кўп такрорлаган гапларидан биттаси “Биз ҳеч қайси идеологиянинг орқасидан кетмаймиз” деган гап эди. Кўп ўтмай “идеология” сўзи “мафкура” билан алмаштирилди. Ўзбекистоннинг ўз миллий мафкурасини яратиш ҳақида эса гапирилаверди. Аммо бу қуруқ гапдан нарига ўтмади. Чунки унинг мақсади мафкурасизлик ўрнатиш эди. Шундай бўлди ҳам. Ўзбекистоннинг бугунги миллий мафкураси бу мафкурасизликдир.

Ҳурматсизлик

Шу кунларда “Севишганлар куни ўрнига Бобур куни” деган гаплар кўп айтилмоқда.
Мирзо Бобурдек буюк бобомиз билан “севишганлар куни” орасида боғлиқлик тополмадим.
Иккинчисини нишонламаслик учун биринчисини нишонлаш шарт бўлса, бу бобокалонимиз Бобурбек ҳазратлари руҳига ҳурматсизликдир.

Агар “Шоҳ Жаҳон куни” деганда ҳам уни севгига боғлаш мумкин эди. Шоҳ Жаҳоннинг Мумтоз Маҳалга севги ҳикояси тиллардан тилларга эллардан элларга ўтган. Бу ҳикоя севишганлар кунининг ўрнини босиши мумкин.

Лекин “Борарға не маскан муяссар, Турарға не давлат муққаррар” экан, улуғ шоирнинг муборак туғилган куни биз учун жиддий байрам ва буни “севишганлар куни” билан қориштирмайлик.

Байрам

Фалон байрам бизники эмас, писмадон байрамнинг тарихини ковласанг бизникимас, каби гапларни ўқиб қолсам, ковлашда чуқур кетманг, дегим келади. Чунки жуда чуқур ковланса, ўша чоҳ ҳамма байрамларни ютиб кетиши мумкин. Байрамсизлик давридан Худонинг ўзи асрасин.
Қўйинг, байрамлар кўп бўлсин, халқимизнинг қувончли кунлари кўп бўлсин…
Ким қайси байрамни нишонлашини унинг ўзига, виждонига ҳавола қилайлик. Ҳисоб бергувчи ўзи, ҳисоб сўргувчи Ўзи. Бизга айбловчи ҳукуқи берилмаган.

Иғво

Иғвогар-қораловчи доим тўқима ном остида ёзади. Бу ном кўп ҳолатда баландпарвоз ном бўлади.

Ҳақиқат, адолат, Худонинг номлари, шоҳ-султонларнинг номлари.

Унинг асл кимлигини қандай билса бўлади? Услубидан.

Лекин бунга ҳамма ҳам қодир эмас. У ҳолда бошқа йўли бор. У бировнинг номидан бошқаларни қоралаб, бирор жойида албатта кимнидир ёки ўзини мақтаб қўяди.

Масалан, ҳукумат идорасидан чиққан бўлса, албатта ИАКни ҳимоя қилиб қўяди…

Каминанинг қараши эса қатъий, ўз кимлигини яшириб ёздими, билинки, у иғвога киради, ҳатто ҳақиқат бўлса ҳам!

Худопарастлик

Мустақилликдан кейин ҳеч нарса ўзгармагандек. Лекин ўзгарди. Ўзбекистон жамиятида кучли трансфармация юз берди.

Мусулмонлар иккига бўлиндилар.

Биринчиси, диндорлар – ислом, шариатнинг ҳамма талабларини бажарадиганлар

Иккинчиси, Худонинг ўзигагина ишонувчилар. (Худопарастлик, Оллоҳпарастлик, Деизм)
Худонинг ўзигагина ишонувчилар учун дин – маданий ҳаёт тарзи, анъана. Худога сиғинадилар, пайғамбарларни тан оладилар, лекин ислом, шариат талабларини тўла бажармайдилар.
Демак, Ўзбекистон халқининг асосий қисми Худопараст ва озчилиги диндор.

Маддоҳлик
Бир ўзбекнинг суҳбатини эшитдим. Қойил қолдим. Мазмунини бир неча сатрга солдим, сиз ҳам қойил қолмасангиз, айтинг.
-Ҳокимлар порахўр, айниқса вилоят ҳокимлари.
-Президент девонида пора олмайдиган одам қолмаган.
-Миллий Хавфсизлик хизмати-халқнинг душмани
-Ички ишлар вазирлигида битта ҳам виждонли одам йўқ.
-Бош вазир бош қарочи, вазирлар эса мамлакатни ўпирган юҳолар.
-Телевидениени кўрсам, кўнглим айнийди.
-Газеталар ҳатто ҳожатхонада ҳам қўлга олишга арзимайди.
-Халқнинг аҳволи кўчадаги дайди итникидан ҳам баттар.
-Светсиз молхонада яшаган мол каби яшаяпмиз.
-Газимизни бошқаларга бериб, таппи ёқиб юрибмиз.
-Иқтисод дабдала…
-Хусусий мулк йўқ, истаган нарсангизни бир соатда тортиб олишади.
-Табиий бойликларимиз талон тарож қилинди.
-Бир қанча партия тузиб қўйилган, лекин ҳаммаси битта гўр.
-Сенати ва Олий мажлиси ҳам роботхона.
-Ҳукуматнинг ўнг қўли ўнг киссангда, чап қўли билан тарсаки тортади.
-Лекин тинчмиз, бу тинчликни бизга берган Ислом ака бўладилар. Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг ўрнини босадиган одамнинг ўзи йўқ. У одам давримизнинг буюк сиёсатчиси ва мустақиллигимизни яратган ОТА! Туғилган кунлари муборак бўлсин!

Қойилмисиз?

Жаҳонгир Маматов.

2016.

%d bloggers like this: