Ғазнавий зулми даврида бош олиб чиқиб кетганлар Авропа остонасига қадар етиб боришди ва Усмонли, кейин Туркияни қуриб ўша ёқларда қолиб кетишди. Қайтишмади.
Шайбонийхон дастидан Афғонистонга кетган Бобур Мирзолар Ҳиндистонга қадар боришди ва ўша ёқларда қолиб кетишди. Қайтишмади.
Рус истилоси даврида чиқаб кетганлар “Бугун қайтамиз, эртага қайтамиз, Туркистон мустақил бўлса қайтамиз, Ўзбекистон мустақил бўлса қайтамиз” дея ўзларини алдашди. Қайтишмади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам орзулари сароблигича қолди.
Кечаю кундуз Ғарбни қарғаб (нонини еб тузлугига тупуриб) юрадиган, оиласи билан Каримовнинг оёғини ўпадиган бир оилага Тошкентда уй-жой ҳам қилиб беришди, қайтишмади.
Каримов қатағони пайтида чиқиб кетганлар ҳам қайтмайдилар.
Яқинда Америкада беш йил ўқиб Тошкентга бориб, кейин бутунлай АҚШга қайтиб келган бир йигит билан гаплашдим. У шундай ҳикоя қилиб берди:
“Ака бу ердалигимда Ватан ҳар куни тушимга кирарди. Асал қовунлари, ширин тарвузлари, ташна босар сувлари, тўйимли нонлари, меҳмондўст одамлари, гўзал қизлари, гаштакчи йигитлари… хуллас, чанг кўчалари, тўйларию куйларига қадар соғинардим. Тезроқ ўқишим битсаю қайтсам дер эдим.
Ўша кун етиб келганда ўзимни бургутдек ҳис қилдим. Жаннатга бораётгандек бир ҳиссиёт билан бордим Ватанга. Лекин тарвузим қўлтиғимдан тушди. Ҳамма нарса ўзгарган эди. Ҳатто суви ҳам менга бегона эди. Ичсам ичгим келмасди. Нонини есам, тавба қилдим, худди кесак тишлаган каби бўлардим. Бу ернинг суви, бу ернинг нонига ўрганган эканман. Қовунидан есам заҳарландим, тарвузидан есам заҳарландим…
Тўйлар ҳам бошқача, йўллар ҳам бошқача, ҳатто одамлар ҳам бошқача, жамият бутунлай бузилган, ахлоқ издан чиққан, одамгарчилик тамом бўлган, телевидение ҳам бошқа, газеталар ҳам, хабарлар ҳам бошқа, ҳатто…
Ҳар қадамда ўзимни камситилган ҳис қилдим. Миршаблар ҳар куни йўлда тўхтатиб дўқ урганда бу ерда беш йилда бир марта ҳам полицияга ишим тушмаганини эсладим, одамлар автобусда туртиб кетганда, бу ерда мен билмай туртиб юборган одам мендан узр сўраганини хотирладим…яшай олмадим, иш ҳам йўқ эди. Пора бермасангиз иш йўқ. Пора берсангиз кейин ўғирлик қилишингиз керак. Мен эса ҳалол меҳнат қилиб яшашга ўрган эдим. Хуллас, Ватан менга бегона эди.
Шунда мен илгари кетганлар нега қайтмаганларини англадим. Қайтганлари ҳам қисқа вақт меҳмон бўлиб яна кетиб қолишганини тушиндим…”
Бундай аччиқ ҳикояларни бир кишидан эмас, кўплардан эшитмоқдаман.
Ўз уйим, ўлан тўшагим, деган гап бор. Кетганлар қаерлардадир ўз уйларини қурдилар. Ўша ернинг тилини, маданиятини, шароитини ўргандилар. Меҳнат қилиб, ҳалол яшаш, меҳнатларига яраша ҳақ олиш мумкинлигини кўрдилар.
Энди ўзлари қайтсалар ҳам болалари қайтмайди. Болалари қайтмади-ми тарихий Ватан уларга торлик қилади ва яна ортга йўл оладилар.
Бир кетгандан кейин қайтиш осон эмас. Қайтиш бу қайта туғилиш, ҳамма нарсани қайта бошлаш демакдир. Бу эса табиатнинг қонунларига зид. Ҳамма ҳам табиатнинг қонунларини бузиб яшашга қодир эмас.
Қайтганлар қаҳрамонлардир! Қаҳрамонлар эса жуда оз, ҳатто бармоқ билан санарли даражада оз бўлади. Бугунга қадар эса ҳали бундай қаҳрамонлар чиқмади.
Чунки қайтсангиз, яна ортга қайтаришади… Қаҳрамонга ҳам йўл йўқ!
Жаҳонгир Маматов
2007.
Filed under: Maqolalar | Tagged: Жаҳонгир Маматов |
You must be logged in to post a comment.