Нофизийдан нома

stulҲўкизм
Ҳўкизга осонмас. Бичилган. Ёнида сигир-мигири йўқ. Охурида қуруқ хашак. Гир-гир гиргиттонлари бору гириллашдан нарига ўтишмайди. Ҳаётидан норози, гоҳ чўккалайди, гоҳ  ҳўк..ҳўк.. ҳўккалайди.

Молхонаси ҳашаматли. Бетондан. Қочмасин деб ҳамма тарафига йўғон панжара тортилган.

Унга сув-пув олиб кирувчилар эҳтиёт бўлишади. Феъли нозик. Шохи чақалоқнинг дингилчасидек бўлса ҳам, калласи катта. Арқонни уза олмасада қаттиқ пишқиради.

Осмондан қуш ўтиб кетиб, томга “пит” этиб бир нарса тушса, эсдан оғади. Жуда ҳушёр.

Яғирини эшикнинг қиррасига қашлаганда, “ғийқ” деган овоз эшитилса, кўзлари кариснинг косасига айланади.

Кўкда момқалдироқ гурилласа, тамом, кўпкари бошланади, оёғи билан ўзига гўр қазий бошлайди.

Зилзилани гапирманг, тиззалари дир-дир титрайди.

Челак чертилса, тоғора дарангласа ҳўкиз гаранглайди.

Ётса ҳам, турса ҳам Худо орқамдан тушган, бошимни қассобнинг кундасига қўймоқчи, деб ўйласа керак-да!

Бекордан ҳўкиз дейишмаган. Кучи борлигини, бор бўлганда ҳам катта кучи борлигини ҳам билмайди. Акс ҳолда уни бичармидилар? У кучини ҳис қилмайди, токи елкасига ханжар санчиб, олдига қизил тортилмагунча…

ЖМ

 

%d bloggers like this: