Мулоҳаза

savollarБекорчининг бекор  даври

САВОЛ: Ҳозир мамлакатдан ташқаридаги фаолиятдан фойда чиқадими? (Маъруфжон).

ЖАВОБ: Ташқаридаги фаолият ташқарида. Ичкарининг ўз ҳаёти бор. Лекин ташқаридагиларнинг фаолияти билан дунё Каримовни таниди ва унинг режимига ўз баҳосини берди. Айни пайтда шу нарса ҳам аниқ бўлдики, бирор бир мамлакат бориб Каримовни ағдариб бермайди.

Демак, бу режимни ўзгартирадиган ўзбек халқининг ўзи.

Ташқаридаги ва ичкаридаги мухолифларнинг олдига қўйилган биринчи мақсад ҳар қандай сабаб билан Каримов режими кетгандан кейин мамлакатни қутқазиб қолиш масаласидир. Чунки бот-бот такрорлаётганимиз каби бу режимдан кейин Ўзбекистон жуда таҳликали даврга киради ва агар олдини оладиган куч чиқмаса харитадан ўчиб кетиши ҳам мумкин.

Бунга “самарқандликлар”, “қашқадарёликлар”, “тошкенликлар”… “диндорлар”, “экстремистлар”, “радикаллар” деб замин яратиб ҳам қўйилган. Бир томон Қирғизистонга, иккинчиси Тожикистонга ва яна бир қисми Қозоғистонга қўшилиб кетиши учун бу режимдан кейин чиқадиган ички низолар етиб ортади. Ана шу таҳлика билан юзма-юз келинганда ёш авлодни уюштириш йўллари устида ишлаш – бу биринчи вазифа демоқчи эдим.

Зотан биз мухолифлар Каримовни ағдариб берамиз деган вазифани ўз гарданларига олишган эмас, бу ишни четдан туриб қилиб бўлмаслигини, ким-ким биз яхши биламиз ва буни доим очиқ айтиб келмоқдамиз. Биз ўзимиз четда туриб халқни зулмнинг ўқига рўпара қилиш ниятидан ҳам йироқмиз. Бошқача айтганда, халқни ўлимга бошлаш учун эмас, унга эркинлик йўлини кўрсатиш учун йўлга чиққанмиз. Агар эртага Каримовни ағдарамиз дея ваъда берсак, бу популистик ваъда бўлиб қолишини биламиз.

Аммо демократияни ёйиш, Ўзбекистоннинг келажагини қўлга олиш, тубдан демократик ислоҳотлар ўтказиш учун бугунги ёшларни тайёрлаб бориш ишига ҳисса қўшиш шарт. Шунинг ўзи ҳам жуда катта юк. Агар бундан ортиқ иш қила олсак, бу нур устига нур бўлади.

Иккинчидан, фараз қилинг, эртага Каримов кетди дейлик. Сиёсий майдонга ким чиқади? Унинг даврида “ясалган” қўғирчоқ партиялар. Улар демократик мухолифатга йўл берадиларми? Йўқ. Ҳар қандай воситалар билан, ҳатто демократияни қўлланган ҳолда ҳам қаршилик қиладилар. Ўзингизни ўзингизга урадилар.

Ташқаридагилар ичкарига чақирилди дейлик. Каримовни қоралаб, “Марҳамат, сайловга киринг!” дейишлари ҳам мумкин. Ўйин учун. Саккиз киши билан сайловга кириб, юзда бир фойиз ҳам овоз ололмай чиқасизми? Бугун ана шу ҳақда ўйлаш керак. Ўшанда бекор вақт бедор вақтга айланади. Акс тақдирда йиллар ўтаверади, ташқаридагилар кўпаяверади, овозлар камайиб бораверади.

29 Январ 2006

Жаҳонгир Муҳаммад,

“Қатағон” китобидан.

%d bloggers like this: