Биринчи президенти бўлиш учун туғилган одам
САВОЛ: Сиз бир жойда “Ўзбекистоннинг биринчи президенти бўлиш учун туғилган одам” деб Назир Ражабов исмини келтиргансиз. Бу одам ҳақида батафсилроқ маълумот беришингиз мумкинми? (Олимжон)
ЖАВОБ: Назир Ражабов ҳақида илк бор 1970 йилларнинг охири 1980 йилларнинг бошида у Бухорода (у асли ромитанлик-ЖМ) ёнғинга учраган бир йирик корхона биносини қайта тиклаш лойиҳасини тайёрлаб, СССР Давлат мукофотини олганда эшитгандим.
Кейин у жуда ёш бўлишига қарамасдан жуда катта вазифаларда ишлади, Қурилиш вазири бўлди, Наманган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиблигидан Самарқанд вилоят партия комитетининг биринчи котиблигига ўтказилганда уни бевосита танидим. У янгича фикрлайдиган, ташаббускор, тиниб-тинчимас, адолат томонида маҳкам турадиган, адолатсизликка чидай олмайдиган бир раҳбар эди.
Илгари Самарқандда худди ана шундай бир раҳбар бўлган-Владимир Николаевич Қодиров. Уни 43 ёшида заҳарлаб ўлдиришган.(Болалар уйидан чиққан халқпарвар Қодиров ҳақида ёзган китобим ошкоралик йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида давомли ўлароқ эълон қилинганди-ЖМ).
Қодировни эслатган Назир Ражабовнинг тақдиридан ҳам қўрқардим. Коммунистик режим пайтида ҳам халқ томонида бўлган саноқли раҳбарлар етишган, лекин уларни тезда йўқотишган. Ўғрилар, милиция, мафия, ҳатто партиянинг ичидагилар ҳам Назир Ражабовга қарши эдилар.
У адолатпеша раҳбар бўлиш билан бирга адабиётсевар ҳам эди. Машраб шеърларини тўлалигича ёддан биладиган, Навоий асарлари борасида ҳаммани ҳайратга солиб, лол этадиган бир инсон эди. Мен ёзган юзлаб фельетонлар бўйича у текширишлар ўтказдириб, бегуноҳ қамалган юзлаб одамларни озодликка чиқарган, букилган ҳақиқатни тиклаганди.
Аммо бир кун қўрққаним бўлди. Вилоят партия қўмитаси биносига келсам, ҳамма саросимада. Идеология котиби Фароғат Шукурованинг хонасига борсам, у ҳўнграб йиғлаб ўтирибди.
-Назир акани қўлига кишан солиб олиб кетдилар,-деди у.
Кейин Назир ака ҳикоя қилишича, уни қурилиш машинасининг бетон қориштириладиган қутиси ичига ташлаб, айлантира-айлантира бир жойга олиб бориб, у ердан Москвага етказиб, зиндонбанд этишган.
Унга қўлланилмаган қийноқнинг ўзи қолмаган. “Спорт билан шуғулланганим жисмонан ва Навоий ҳамда Машрабни ёддан билганим маънан мени қутқазди” деган эди у. Қийноқлардан ҳар куни ҳушидан кетиб, ҳушига қайтган.
Биз Самарқандда “Назир Ражабовни озод қилиш ва ўз иш жойига тиклаш қўмитасини” туздик.
Ислом Каримов келиб, уни роса мақтади, бирга ўқиганлиги ва ватанпарварлигини, миллатпарварлигини, ҳақиқатни ҳимоя қилувчи инсонлигини айтиб, “Мана қамоқдан чиқди, Москвадан оқлангани ҳақидаги қоғозни олиб келиши билан жойига тиклаймиз” дея Самарқандда “биринчи”ликка Пўлат Абдураҳмоновни тайинлади. Назир ака тўққиз ой деганда оқланди. Аммо Каримов сўзида турмади. Мирсаидов ва Жўрабековни Самарқандга қайта-қайта юбориб, Назир ака ҳақида уни ёмон отлиқ қиладиган тарғибот юрғизди ва ўзи келиб яна Абдураҳмоновни қайта тайинлаб кетди.
Назир ака Каримовнинг қаршиликларига қарамасдан 1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланди. Аммо Каримов унга нисбатан оғир зуғумни бир кун ҳам тўхтатмади. Уни ҳатто Бухорода ўзи илк бор ишлаган қурилиш ташкилотида ҳам ишлашга қўймади.
Кейин унинг Москвага кетиб қолгани ҳақида эшитдим ва бу ташкилотчи ҳамда адолатсевар одамнинг бундан сўнгги тақдири ҳақида бошқа маълумотга эга эмасман.
26 Феврал, 2005 йил
Жаҳонгир Муҳаммад,
“Қатағон” китобидан.
Filed under: Kundalik | Tagged: nazir rajabov |
You must be logged in to post a comment.