Савол-Жавоб

Жуда кўп ўқувчиларнинг талаблари билан “Савол-Жавоб” рукнини тиклаяпман. Электрон почтамга юборилган ёки ушбу сайтнинг изоҳлар бўлимида қолдирилган саволларингизга баҳолу қудрат, мухтасар тарзда жавоб бериб бораман. Фақат жавобларимни ҳақиқат деб эмас, менинг бугунги воқелик ва бугунги кун билан боғлиқ шахсий мулоҳазаларим, нуқтаи назарим тарзида қабул қилишингизни сўрайман.

Обаманинг омади бор экан!

САВОЛ: АҚШда давом этаётган сайловларга муносабатингиз?

ЖАВОБ: АҚШда ҳали президент сайловига қарийб икки йил бор.

Демократлар эмас, Демократик партия яна Обама номзодини илгари сурмоқчи ва шунинг учун партиянинг бошланғич бўғинларида танлов кампанияси йўқ.

Республикачилар эса бошланғич ташкилотлардаги сайлов-танловлардан ўтиб, битта номзод белгиланадиган съездга томон яқинлашдилар.

Менга худди республикачилар партияси бу сайловни атайлабдан ютқазишни режалагандек кўринмоқда.

Чунки улар бугунга қадар Обамани “накаут” қиладиган бирорта ҳам номзодни илгари сурмадилар.

Ўртага “пачкалаб” ташланган номзодлар орасида “лаби-лунжи” тўғриси йўқ. Деярли ҳаммаси масхарабозлик билан банд.

Биттаси Ўзбекистон деган мамлакатни ҳатто эшитмаган бўлса, иккинчиси “Туркияни исломий террористлар бошқарди” деб айтишдан ҳам тортинмайдиган даражада чаласавод, бошқа биттаси катта штатга губернатор бўлишига қарамасдан АҚШнинг учта вазирлиги номини санай олмайдиган даражада.

Бунинг устига ҳаммаси радикал. Ё у соҳилда, ё бу соҳилда. Биттаси Исроилга қарши бўлса, биттаси Исроил учун дунёга қарши уруш очишга рози ва ҳоказо.

Шуларнинг орасида оз-моз сиёсий башараси тузукроғи Мит Ромней. Лекин унинг диний келиб чиқиши саволларни ўрчитмоқда. У мормон. Бу худди Саудия Арабистонида шиа номзоднинг қироллика даъвогарлиги каби ҳол.

Обама ўтирган тахт метин эмас. Лекин ўшани ҳам қўлга киритишга кучи етадиган номзод ўртада кўринмаяти.

Агар америкалик насронийлар улар ишонaдиган Библияни сохта деб чиққан ва ўз муқаддас китобини илгари сурган мормон гуруҳига ҳар йили миллион-миллион доллар назр қиладиган мормонбоши- Мит Ромнейни сайлаш даражасига етган бўлса, у ҳолда ёқа ушлаб,  қойил қолмасдан илож йўқ.

Лекин… Обаманинг омади бор экан!

ЖМ.

Leave a comment