Ҳодисот: Хавотирли хабарлар

30 Апрел, 2011 йил

АҚШнинг умумдунёда диний эркинликлар масаласини кузатадиган комиссияси Ўзбекистонни бу борадаги эркинликлар чекланган Бирма, Эритерия, Эрон, Негирия, Шимолий Корея, Покистон, Саудия Арабистони, Судан, Туркманистон, Хитой каби жиддий хавотирли давлатлар рўйхатига киритибди.

Бу ҳужжат эълон қилинишидан олдин эса, АҚШ давлат департаменти ўз фуқароларини Ўзбекистонга бормаслик ҳақида жиддий огоҳлантирди.

Бу орада зулмбоши Сурхондарёга бориб, аскарлар билан учрашиб қайтган бўлди. Ўзбекистон армияси фавқулодда ҳолатлар даражасига келтирилган ва чегараларда ҳам қаттиқ текширувлар ўтказилмоқда.

Роғун баҳона ора бузилган қўшнимизда “Тожикистон мужоҳидлари ҳаракати” тузилибди, ҳукумат бунинг орқасида Ўзбекистон турибди деб шаъма қилди.

Ҳали ҳам қон иси уфуриб турган бошқа бир қўшнимизнинг КГБси Покистон ва Афғонистонда “Қирғизистон исломий ҳаракати” тузилганини эълон қилди.

Тошкентда талабалар муддатидан олдин таътилга чиқарилаётган эмиш.

Мустақилликнинг 20 йиллиги билан эълон қилинадиган авфи умум рўйхати қайта кўришга олинганмиш.

Булар ҳафта давомида айланган ва айланаётган гаплар. Шунчаки гаплар эмас, жиддий гаплар. Худди тўфон олдидан соҳилга келиб уриладиган “тўлқинларнинг акс-садоси” кучаётганини кўрсатадиган гаплар.

8 апрелда “Ҳодисот: Яна бир ўйин бошланмоқда”  деб номланган мулоҳазамда Россия Араб давлатларидаги ҳолатнинг Ўрта Осиёга ёйилиши олдини олиш ҳақида “қайғураётганини” ёзгандим.  13 апрелда Думанинг ёпиқ мажлисида бу масала муҳокама этилди.

2005 йилнинг шу кунларидаги вазият ҳам шундай эди. Худди тарих такаррур этаётгандек.

Тарихнинг такаррур этиши бор гап. Аммо оралиқ бу қадар яқин бўлиши кузатилмаган.

Умидки, бу йил сунъий тўфон соҳилларни бузиб, яқин тарих такаррур этмайди.  Чунки тарих суниъй равишда такрорланиши “ерни ўз ўқидан” чиқариб юбориши ҳам мумкин.

ЖМ

Leave a comment