Бўлган воқеалар

Шерзод ва Нодир
Мартин Бурен(Martin Buren), Уилям Ҳаррисон(William Harrison), Миллард Филмор(Millard Fillmore), Уилям Тафт(William Taft), Уаррен Ҳардинг(Warren Harding), Честер Артур(Chester Arthur)…

Буларнинг кимлигини биласизми? Билмасангиз хафа бўлманг, чунки уларнинг кимлигини оддий америкаликларнинг кўпчилиги ҳам билмайди. Ваҳоланки, улар Америкага президентлик қилган 44 кишидан баъзилари.

Америкалик одамлар эсламайдиган бу одамларни мен нега гапириб қолганимга ажабланаётган бўлсангиз керак. Чунки уларни мен ҳам билмасдим.

Душанба куни Америкада Президентлар куни эди. Бу умуммиллий байрам. Ишга бормадик. Аммо шу байрам баҳонасидаги бир йиғинга бордим. У ерда ҳам уларни эслашмади. Ўша биз отларини эшитавериб билиб қолганларимизни хотирлашди.

Қолганларнинг Америка тарихида хизматлари кам бўлганки, эслашмайди ҳам.

Шу ерда мен икки ўзбек йигити билан танишдим. Шерзод ва Нодир. Улар Тошкентда олийгоҳни битириб, АҚШда илмларини давом эттиришаётган экан. Ўзбекча гапираётганлари диққатимни тортиб, гаплашиб қолдик. Чўчитмаслик учун ўзимни танитмай турдим. Танаффусда бирга чой ичиб, суҳбат қурдик.

Табиийки, суҳбат мавзуи президентлар ва курсилари лиқиллаётган диктаторлар… Дунёда ҳамманинг оғзида шу гапда.

-Сиз элчихонада ишлайсизми?-деб сўради Нодир.
-Йўқ, менинг элчихонага алоқам йўқ. Мен 13 йилдан бери АҚШда яшайман, унгача Туркияда яшаганман, бу ерга ишхонам орқали таклиф бўлганди, майли деб кела қолдим.
Улар чўчишмасин деб батафсил изоҳ бергандим, Шерзод:
-Бизга фарқи йўқ, мухолифатчи бўлсангиз ҳам гаплашаверамиз, Нодир шунчаки сўрадида,-деди.
У ёқ бу ёқдан “айланиб”, Миср ва Ливиядан кейин Ўзбекистонга “ўтдик”.
-Ўзбекистонда ҳам шундай эҳтимол борми?-дедим мен. Нодир жавоб қилди:
-Бор, бўлганда ҳам жуда катта. Миллионлаб ёшлар четда, ҳаммаси бўлмаса ҳам кўпчилиги “нет”га уланган. Келишиб, маълум бир вақтда Тошканга қайтиб, меҳмонхоналарда тўхтаб, кейин бир кунда намойишга чиқиб, ҳукуматни шок қилиш мумкин, улар уйқудан уйғонгунча Оқсаройни ҳам олиш мумкин. Жуда катта потенциал бор. Бу план “А”, хўш план “Б” нима? Ҳамма гап анашунда.

Нодир жуда мулоҳазали йигит экан, деб турсам Шерзод ҳам ундан қолишмас экан:
-Мен Яқин Шарқ ёшларини яхши биламан. Уларнинг бир қанча “теневой” ҳукуматлари бор. Бизда-чи? Бизда ҳатто тўғри-тузук мухолифат йўқ. Беш олтита чоллар қолган, деб эшитамиз, агар сайтларига кириб қолсангиз улардан ўрганадиган нарса йўқ. Чунки уларда давлатчилик, ҳукуматчилик тажрибаси йўқ. Аналитика умуман йўқ.

Мен бироз ранжигандек бўлдим, аммо ҳазил билан буни билдирмадим:
-Оқсаройга кириб қолишса, пойондозда юролмай тўқнашиб йиқилишади, демоқчимисиз?
-Бўлмасачи, унинг учун ҳам тажриба керак. Мана яқинда Оскар маросими бўлади, қаранг бир кун олдин ёш артистлар қизил гилам устида юришни машқ қиладилар. Майли, бу муҳим эмас. Лекин бизда ёшларни бирлаштирадиган куч йўқ.

Америкада тузилган бир-икки ёшлар ташкилотини эслатгандим, Нодир тутоқиб кетди:
-Биттасининг бошлиғи АҚШ фуқароси экан, шпионликда айблангач, Россияга қочиб кетибди, яна биттаси андижонлик миллионер акаларимизнинг пули деб ёшларга 50-100 минг долларлик бизнес ваъда қилмоқда. Нима эмиш, бизнес қилиб 75 фойизини андижонлик акага ва яна ўн фойизини ёшлар ташкилотига бериш керак экан. Буни “Дода”нинг сиёсатидан фарқи йўқ-ку?
-Аммо қизиникидан фарқи бор, қизи 95 фойизини олади,-дедим мен.
-Ана сиз ҳам билар экансиз… Лекин Оқсаройни олиб, шуларга берамизми? Алихўжа Валихўжа эмасми?
-Йўқ, буларга тегмайди,-деди Шерзод.-Қамоқларда тайёр бўлиб турганлар бор. Оқсаройни олсангиз демократия қиласизми, қиласиз, қамоқдагиларни чиқариш керакми, керак: улар бегуноҳ қамалган. Қийналиб аламлари кучли бўлиб қолган, бунинг устига диний ташкилотлар яхши тузилган, бир кунда сизни ағдариб ташлайди. Кейин нима бўлади? Мавҳумлик… Бизда диний ташкилотларнинг ҳам Жаҳон банкида ишлаб қайтган Абдулла Гуллари ёки катта шаҳар ҳокими бўлган Таййиб Эрдўғанлари йўқ.
-Йигитлар унақада Каримовдан яхшиси йўқ экан-да,-дея киноя қилдим.
-Буни вақт кўрсатади… ундан яхшиси чиқиши учун анча вақт керак. Азимовга ўхшаганми, ҳатто Гулнорага ўхшаганми биттаси келиши ва озгина юмшатиши керак.
-Гулнора-я?-дея ҳаяжонланиб сўрадим мен.
-У отасидан бир этаж юмшоқ, кейин кўпга қололмайди. Ундан кейин яхши лидерлар етишиб чиқади ва ёшларни бирлаштиради. Агар Горбачевнинг қайта қуриши бўлмаганда 1990 йиллардаги мухолифат ҳам бўлмасди. Акаев юмшоқроқ бўлгани учун қирғизларда лидерлар кўпайиб кетди, Кучма қаттиқўл бўлмагани учун украинлар инқилоб қилдилар, Шеварднадзе Сакашвиллига йўл берди ва мана шундай мисоллар кўп. Бизда ҳам тепада юмшоқроқ одам бўлмаса, инқилобдан кейин ҳам ўзгариш бўлмайди.

Шерзоднинг бу гапига Нодир қўшимча қилди:
-Халқ чиқиши мумкин, ё отиб ташлашади ёки халқнинг чиққанидан фойдаланган бошқа Каримов тўдаси ҳукуматни олади. Бизда “Дода” пайтида ҳукуматдан кетганлар ҳукуматга келишни истамайдилар. Бунинг ҳам сабаблари кўп. Ҳукуматдагилар бош кўтара олмайдилар, бошлари кесилади. Калласи ишлайдиганлар тезда чет элга кетиб қолмоқда. Чет элда яхши ўрнашиб олгандан кейин нима қилади инқилоб қилиб, ўлиб кетиши мумкин, инқилоб бўлганда ҳам уни четга суришади, сен бизни қийин кунимизда ташлаб кетган эдинг деб… Ана шундай ўйлашади. Бу типик нарса.

Шерзод ва Нодирнинг мулоҳазалари жуда чуқур, ўз фикрлари бор эди ва мен улар билан баҳсга кирмадим. Улар АҚШда давлат бошқарувини ўқиётган эканлар. Шунинг учун ҳам президентлар тарихига қизиқиб бу йиғинга келишибди.

Мен ўзбекнинг ана шундай  ҳур фикрлайдиган болалари ҳам борлигидан ичимда севиндим ва демак келажак ҳали олдинда деган ишончим янада мустаҳкамланди.

Кетиш олдидан:
-Лидерни кутмасдан ўзларингиз ҳаммани бирлаштира бошласаларингиз бўлмайдими?-дедим.
-Бизни “нет” бирлаштирган, фақат “нет”ни бошқарадиган қўл ва тугмани босадиган “собачка” йўқ,-деди Шерзод.-Қўл кесилган, “собачка”ни эса чанг босиб ётибди.

Дарвоқе, тепада номлари келтирилган президентлар рўйхатини Шерзод ўз адресини ёзиб берган қоғоздан олдим. Бу йиғин учун махсус тайёрланган варақа экан. Мен йиғинга кираверишда кўрмабман, улар эса бир нечтадан олишибди.

Бу икки ёшга айтадиган анча гапларим бор эди, лекин ичимга ютдим ва гапдонлик одатимни буздим, зотан энди ёшларни эшитишимиз керак, бўлмаса тилимиз узун, қулоқларимиз эса кар бўлиб қолади.

23 феврал, 2011 йил.

ТУҒИЛГАН КУН

Кеча бир укахонимизнинг ва унинг қайни-укасининг туғилган кунини нишонладик. Улар икки кун фарқ билан туғилган бўлсаларда бир вақтда байрамлашишга қарор беришибди. Зиёфатда бундан беш йил олдин кўрганим бир йигит ҳам бор эди.

-Сиз Ўзбекистонга кетмаганмидингиз?-деб сўрайман ундан.
-Йўқ… шу ердаман… хизматчилик… юрибмиз,-деди у ғамғин овозда.

Бу йигит жуда яхши эсимда қолган. Беш йил олдин у ўзи каби беш тенгдоши билан бирга айни уйда ижарада турарди. Бир кун меҳмонга чақиришди. Ўшанда ҳамма жойда асосий мавзу Андижон воқеалари эди. Лекин бу йигит гапга аралашмай, фақат кинояли бош силтаб ўтиргани диққатимни тортди. У дипломатия олийгоҳини битириб келган ва жим ўтириши ноодатий эди. Уни гапга тортдим. Қарасам, у бизни ватан хоини, деб ҳисоблар экан ва Ўзбекистондаги режимни жон-жаҳди билан оқлашга урина бошлади. Шунда мен унга:

-Сизни тушунаман,-дедим,- инсоннинг онги ҳам компютер. Унга қандай “дастур” юклатилса, шундай ишлайди. Сиз бу ерда аста-секин эски “дастур”ларни улоқтириб, янги “программа”ларни ўрнатишга эҳтиёҳ сезасиз ҳали, ўшанда гаплашамиз.

У “Сиз ҳали мени роботга ўхшатдингизми?” деган каби бир нарсалар деб хафа бўландек стулини нарироққа суриб, бизга қарамай, суҳбатга қўшилмай ўтирди.

Биз суратга тушганда эса у четга ўтиб, кулимсираб қараб турди.

Ундан хафа бўлмадим. Чунки бундайларни илк бор кўраётганим эмас ва унинг айби ҳам йўқ. Ўқиганини, эшитганини билади. Яхши ўқиган ва ўқиганларига меҳр қўйган. Яъни ёлғонни севиб қолган, йўқ, ёлғонни рост деб билган. Озгина ўжар бўлгани учун ҳақиқатни ёлғон деб турибди.

Мана энди орадан беш ўтиб, унга табрик навбатини бериб:
-Қани дўстларингиз учун бир нарса айтингчи,-дедим.

У гапиролмади. Нимадир бўғзига тиқилиб, кўзида қандайдир алам бурала бошлади. Жаҳли чиққан одамдек  атрофга қараб, тутундан алангага айланиб борарди. Ниҳоят гулхан каби ёнди ва юрагидагини тўка бошлади:

-Онам ва укам келишди. Лекин дадамни назоратга олишган, Ўзбекистондан чиқиб кетмайсан, деб шарт қўйишган. “Семёрка” изларидан юрган экан. Ҳатто телефонда мен билан ҳам гаплашолмадилар…

Ҳамма сукунат бағрига чўмиб қолди. Унинг дўстлари  ҳайрон. Улар ҳам бехабар эканлар, “наҳотки, наҳотки” деб туришибди.
-Мен шу беш йилда бу ерда ишлаб, пул юбориб турдим, жуда катта пул юбордим. Ер олдик, уй қурдик. Уйни ҳам, ерни ҳам тортиб олишди.
-Нега? Бекордан бекорга бўлмайди-ку бунақа нарсалар?-деди йигитлардан бири.-Сабаби нима?
-Дадам бошлиғи билан гап талашиб қолган экан. У тепадагиларга нимадир ёзиб берибди. Мен бу ерда кунни кун демай, тунни тун демай ишладим. Шунча ишлаганим, шунча топганим кўкка соврилди. Бунинг устига дадамни қамаб қўйишларидан қўрқаяпман…

Умримда бировнинг туғилган кунида бунақа табрик сўзи эшитмаган эдим.

Бу йигитнинг эзилиб кетаётганидан биз ҳам қийин вазиятга тушдик. Унинг ҳасратли ва аламли гаплари хурсандчилик ўрнини қоплаб олганди.

Унга ҳеч нарса дея олмадим. Уни овута олмадим. Фақат шунга амин бўлдимки, унинг эски “комютери” бутун куйиб, ёниб кетганди. У энди мутлоқ янги “компютер”нинг соҳиби. У ўтган беш йилга, кул бўлган беш йилга ачиниб, фарёд қилаётган эди…

Биз зиёфатдан сўнг одатга кўра суратга тушдик. Йигитлардан бири унга қараб ҳазиллашди?
-Жаҳонгир ака бу суратни сайтга қўядилар энди…

У индамади, парво ҳам қилмади.

Лекин мен суратни сайтга қўймадим. Дадасининг ишига тиркалиши мумкин-да…

18 феврал, 2011 йил.

БАҲС
Америкада сауна худди ўзимизнинг чойхонадек гап. Эртaдан кечгача гурунг. Қўшилган қўшилаверади, кетган кетаверади. Аксарият одам бир-бирини танийди. Кеча Суна тирбанд эди. Улар араб мамлакатларидаги воқеаларни баҳслашаётган эканлар.
-Буни ЦРУ қилмоқда,-дерди биттаси ва буни асослашга уринарди. Уни танийман. Асли эронлик. Ёшлигида бўйнига пичоқ солишган. Ярим жон бўлиб қолган. “Саунага келмасам оғриқ мени ейди” дейди у икки гапнинг бирида.
-Агар бу ишларни ЦРУ қилаётган бўлса, нега “Бу ташкилот Мисрдаги воқеалардан орқада қолди” деб танқид остига олишмоқда?- Бу саволни берган киши асли ҳиндистонлик. Уни бир кўришда қаердан эканлигини билмайсиз. Чунки оқвой. Юз тузилиши эса ўзбекка ўхшаб кетади. У ҳар қандай баҳснинг “онасини кўрсатади”.

Эронлик унга:
-Нима, “Мен қилаяпман” десинми, албаттаки тескарисни айтади,-деб улгурмаган ҳам эди гапга бир араб киши аралашди. Бу одам илгарилари баҳсларга қўшилмас эди. Аммо бугун қони қайнаган. Бу гаплар арабларни камситиш учун айтилаётгани, араблар жуда фаол ирқлиги ва бу уларнинг навбатдгаи баҳори эканлигини роса куюниб гапирди. Мен унга эътироз билдирдим:
-Шунинг учун ҳам Мисрда уларга сиёсий партияни армия тузиб бераяти экан-да?
-Нима, Ўзбекистонда сиёсий партия борми?-дея кесатди у.

У билан тез-тез гаплашиб турмасак ҳам бир рус билан баҳсларимизга қулоқ солади доим. Русчани билади. Москвада ўқиган.

Хуллас, мен уч соат деганда баҳсни тарк этдим. Бу биринчиси ёки иккинчиси эмас. Бу клубга аъзо бўлганимга ўн йилдан ошди. Шундан бери бундай баҳслар бор. Демак, менгача ҳам бўлган. Бундан кейин давом этаверади. Баҳсга кимлар қўшилмайди дейсиз? Афғондан тортиб чилиликкача, украину хитойликкача… дунёнинг ҳамма жойидан келганалар бор. Баҳсга қўшилмай газета ўқиб ўтирганлар ҳам бўлади, албатта.

Менга қизиқ бўлган нарса-ҳеч қачон баҳс жанжалга айланмайди. Ҳамма кетаётганда бир-бирига хайрли кун ёки хайрли тун тилайди. Кейинги сафар яна бошқа бир мавзуда баҳсни давом эттираверишади.

Биз эса иккита ўзбек бир-биримиз билан баҳс қила олмаймиз. Баҳсда енгилгани учун индамай ўтириш – бу ўзбекнинг ўлими. Ўлса ўладики, ўзи билмаган нарсанинг ростлигини исботлашга уринишдан тўхтамайди. Ушлаганини қўймайди. Охири жанжал бўлади. Енгилганини сездими, бир-бирининг шахсий нуқталарига ҳужум қилади. Камситиш бошланади. Охири бир-биридан кўнгли қолади. Душманга айланиб кетади. Ҳатто хорижда ҳам шу аҳвол. Ҳамма бир-бирини бошқасига ёмонлайди. Яхшилаб суриштирсангиз уларнинг душманлиги оддийгина баҳсдан бошланади.

Кеча саунадаги баҳсдан айрилар эканман сафга янги қўшилган боливиялик бир киши:

-Раҳмат сизларга, мен кўп нарсани билмас эканман, шунинг учун индамай ўтирдим, бундан кейин баҳс мавзусини келишиб олсак балки тайёрланиб келардим,-деб қолди. Унга ҳиндистонлик оқвой амаки:
-Эртага қор ёғмоқчи, баҳс мавзуси ўша,-деди.
-Бўлмаса об-ҳаво каналини томоша қилиб келаман.
Ҳамма кулиб юборди. Боливиялик эса жиддий эди.

Шу дамда у мен ўйлаб турган масалага ечиб топиб берди гўё.

Ҳа, бу ерда баҳс қилаётганларнинг ҳаммаси билимли ва бир нарсани билмаса баҳслашмайди. Кундалик воқеаларни кузатиб боришади ва саунага ҳам даста-даста газета кўтариб келишади. Шунда ҳам билмагани билганига қулоқ солади. Ўзини камситилган деб ҳис этмайди, аксинча боливияликка ўхшаб мардона тан олади. Биз эса ўлсак ўламиз, аммо баҳсда енгилмаймиз. Балки шунинг учун ҳаётда енгилиб юрибмиз…

17 феврал, 2011 йил.

ТЕЗЛИК
Биз Америкага келганда дастлаб Орегон штатига қўнгандик. Ҳавоси тоза гўшалардан бири. Одамлари ҳам жуда самимий.

Орегоннинг энг катта шаҳарларидан бири Портланддир. Бу шаҳарда уруслар жуда кўп. Улар шаҳарни “Кичкина Россия” ҳам деб аташади.

Руслар бор жойда қоидабузарлик, қонунларни писанд қилмаслик авжига чиқади. Улар Россияни қай аҳволга туширган бўлсалар, бу ерда ҳам қаерда яшасалар ўша ерда “ҳунар”” кўрсатадилар.

Ҳар куни АҚШ матбуотига назар ташласам, албатта, жиноят ҳақидаги хабарлардан бирортаси уруслар билан боғлиқ эканини кўраман. Улар ё ўта ваҳший ёки ўта аҳмоқона жиноятлар қиладилар.

Бугунги матбуотда мен билган Портланд шаҳридан берилган хабар диққатимни тортди. Йўл миршаби соатига 118 мил (190 км.) тезликда келаётган енгил машинани тўхтатибди.

Рулда Станислав Баканов деган “баран”… тағин қанча тезликда ҳайдаб келаётганини видеога ҳам олаётган экан.
-Нега видеога олаяпсан?-деб сўрашса у:
-Ютуб(Youtube)га қўймоқчиман,- дебди.

Видео тасмани қараб кўришса, у ўзининг соатига 140 мил(225 км.) тезликда ҳайдаганини ҳам суратга олган экан. Унинг видео аппарати мусодара қилиниб, ўзи қамоққа тиқилибди. Чунки Орегонда катта тезлик соатига кўпи билан 104 километр. Урус-да… ўзининг келажагини маҳв этибди.

Буни сабоқ бўлсин, дея Америкага яқиндагина келган йигитлардан бирига айтиб берсам у:
-Аҳмоқ урус экан-ку?-деди.

Бундан хурсанд бўлдим. Демак, биз урусларга ўхшамаймиз, ақллимиз, бундай аҳмоқона ҳаракатларга тўғри баҳо бера оламиз. Бир зум шундай ўйларга толдим. Ҳалиги йигит эса сўзини давом қилди:
-Монтана штатига бормайдими? Шундайгина ёнгинасида…
-Монтанада нима қилади?
-У ерда тезлик чегараланмаган…

Америкада шунча яшаб, шунга эътибор қилмаган эканман, лекин бир ой олдин келган йигит буни биларкан. Ана буни тезлик деса бўлади. Демак, урусдан ўтиб кетибмиз…

16 феврал, 2011 йил.

Муборак қувилди, лекин режим қолди

Назаримда Мисрда инқилоб эмас, ҳарбий тўнтариш бўлди. Қоҳирадаги ҳолат ҳарбий тўнтаришнинг замонавий, инқилобнамо кўриниши эди. Яъни илгарилари бўлгани каби халқни инига тиқиб қўйиб ҳокимиятни босиб олиш эмас, балки халқни бевосита “ишлатиб”, унинг кучи билан ҳокимиятни эгаллаш.

Бу сафар гўё яхши ният билан қилинган тўнтаришга ўхшаяпти. Лекин Муборакнинг диктаторлиги демократияга қанчалик зид бўлса, ҳарбийларнинг ҳаракатини ҳам демократик деб бўлмайди.

Инқилоб нима? Инқилоб бир режимнинг ўрнини мутлоқ бошқа бир режим эгаллашидир. Мисрда ҳали инқилоб бўлган эмас. Диктаторнинг ўрнини шу диктаторнинг барча жиноятларига шерик бўлган куч эгаллади. Воқеаларнинг бошланишиёқ бу фиръавнлар ўйини эканлигини кўрсатганди.

Бир кунда бутун мамлакатнинг миршаблари ғойиб бўлишди. Яъни ўйиндан чиқиб туришди.

Ҳарбийлар ҳамма ёқни ўраб олиб, ҳатта намойишчиларга озиқ-овқат ва сув ташиб турдилар.

Бугун маълум бўлмоқдаки, Интернет орқали чақириқларнинг анчагинаси махсус хизмат идорасидан чиққан экан. Бунинг учун уларни мақтаётганлар ҳам бор.

Ҳарбийларга пул бериб турадиган “акахони” Мисрда “Туркия варианти”ни ишга солиб, диний мухолифатни ҳам бошқарувга тортиш ва шу йўл билан Яқин Шарқда демократик-диний бошқарув йўналишини давом эттиришни буюрган бўлиши ҳам мумкин. Агар шундай бўлса, бундай “инқилоб”лар бошқа жойларда ҳам ташкил қилинади.

Мисрда яхши ташкил топган сиёсий мухолифатнинг йўқлиги ҳарбийларнинг ҳаракатларига эрк берди.

Муборак ўз ваколатларини ўзи тайинлаган вице-президентга берар экан мухолифат бу конституцияга қарши дея бонг урди. Лекин ҳокимият ҳарбийларга топширилар экан, байрам қилди.

Ваҳоланки бу одим ҳам олдингиси каби конституцияни қўпол равишда бузиш эди.

Бу билан мухолифат ўзини ҳарбийларга топширди ва уларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиши турган гап. Ваҳоланки, унинг вазифаси намойишларни давом эттириб, ҳокимиятни ўз қўлига олиш эди. Ҳозирча буни бажара олмади.

Муборак қувилди, лекин режим қолди. Балки мухолифат буни англаб етар ва режимга қарши оёққа қалқар? Ана у пайтда инқилоб бўлади.

12 феврал, 2011 йил.

СОҒИНЧ

Бир кун бошқа бир мамлакатда истиқомат қиладиган дўстим меҳмонга келди. У билан бир неча кун дардлашдик. Меҳмондорчилик ҳам қарий бошлади. Кетар чоғи унга:
-Сизни ўзбеклар очган ва менга ёққан бир “Чойхона”-ресторанга олиб бормоқчиман,-дедим.

Меҳмон нима десин? “Уйимда еганим ўзбек таомлари, сизнинг уйингизда ҳам айниси, яна мени ўзбек ресторанига олиб борасизми?” десинми? Бундай пайтда бир нима дейиш мушкул, мезбоннинг кўнглига қаралади. У индамай рози бўлди.

Йўлга тушдик. Кошки яқин бўлса? Йўл юрсак ҳам мўл юриб, бир неча соат деганда бошқа бир шаҳарга етиб келдик.

Битта бурчакда кичкинагина бинонинг пештоқига “Чойхона” деб ёзилган. Меҳмон ҳайрон эди. Наҳотки, шунча йўлни шунинг учун босиб ўтдик? Лекин ҳазил-ҳузул билан гапнинг учини чиқарса ҳам менинг дилимни оғритмаслик учунми тилини тишларди. Чойхона кичкина бўлсада виж-виж одам. Овқат буюриш навбати келганда маълум бўлдики, биз анча кеч қолибмиз ва ресторанда қозоннинг таги кўрина бошлаган экан.
-Ўзбекча сомса…
-Ҳозир… бир зум… сўраб кўрайчи…

Бу “тамом бўлибди” дейишдан олдин ишлатиладиган ибора. Орадан бир зум ўтмай бу ибора ишлатилди ҳам.

Хуллас, зиёфат бир икки сих шашликдан нарига ўтмади. Ярим тунда йўлга чиқдик. Уйга етиб келганимизда тун тунаб қолганди, биз ҳам ухлашга қарор бердик.

Балки меҳмон нимага бунча йўлга бориб-келганимизнинг жумбоғини ечолмай ухлаб қолгандир?

Мен эса Америкадай олис бир ўлкада “Чойхона” деган сўз балки ўлаётган соғинчни тирилтирармикан, деб борганимизни англата олмаганимни ўйлайвериб ухлай олмадим.

Дарвоқе, соғинч ҳам ўладими?

Ҳа, ўлар экан. Мен буни биздан олдин хорижга чиққанлардан эшитиб, ажабланардим. Энди ўзим ҳам сезаяпман. 17 апрелда Ўзбекистонни тарк этганимга 19 йил тўлади. Йиллар кемирувчи… Бугун менинг гапларимга ажабланганлар бир кун келиб Ўзбекистонни соғинмай қолаяпман дея ташвишга тушишлари мумкин…

Дўстларни соғинардим олдин. Ҳозир дўстлар ҳам, қариндошлар ҳам шу ерда ёки келиб-кетишмоқда.

Суҳбатларни, баҳсларни соғинардим. Ҳар бир кун суҳбатлардан, ҳар бир кун баҳслардан иборат бўлиб қолди.

Баъзан замонавий ўзбек филмларига назар ташлайман. Жуда примитив. Бир аср ортда қолиб кетган каби. Сунъий ва кулгили. Ҳаёт бошқа, филм бошқа. Гаплар ҳам, ижро ҳам кулгили туюлади.

Ўзбекча китоблар, газеталар, ТВ, радио… Ўзбекистонники Совет давридагидан ҳам хароб. Бу ердаги ташкил этилган ТВ, Радио кабисини у ерда тополмайсиз.

Тўйларни соғинардим… Нью Йоркда ўзбеклар шунчалик кўпайдики, ўзбек тили Бруклин ва Кувинсда рус тилидан кейин иккинчи “давлат тили”га айланиб қолай деди. Ҳафтада бўлмасада ойда икки марта тўй бор…

Бу ерда тўйхоналардан қабристонларча пайдо бўлиб бўлди…

Дунё кезаверсангиз, Ўзбекистондаги биноларнинг дилингизга кўмилган салобатини ҳам йўқотар экансиз…

Йиллар ўтгани сайин бу туйғунинг ҳукмронлиги кучаймоқда. Бу мени қўрқувга солмоқда. Ўзбекистонга бориб яшай олмай қайтиб келаётганларни кўраяпман… Бу яна ҳам аянчли.

Келган одамнинг кетгиси йўқ. Раҳматли амакимнинг 70 ёшли қизи Хосият опам “гринкард” ютиб, бу ерда яшаётган ўғлиникига бир ойга келиб, олти ой кетолмадилар… Ҳозир яна қайтиб келмоқчи эканлар…

Бу ерда миршаблар пора сўраб сизни таҳқирламайди… Ўзингиз қоидани, қонунни бузмасангиз уларнинг сиз билан ишлари йўқ.

Бу ерда суднинг остонасида адолат истаб ойларни йилларга уламайсиз…

Гап-гаштакнинг ҳам ками йўқ. Ўзбек ресторанларию дўконларининг саноғига етмай қолаяпмиз.

Ўзбекистондаги ҳар қандай таом, ҳар қандай мева-чеванинг турфасини қишин ёзин топасиз бу ерда. Ҳатто дарахтнинг устида қуриб қоладиган “Жопазак” ўригининг туршаги, Боғизоғоннинг қуритилган қовуни, Тошканнинг қаззи-қартаси, Сурхонда пишириб жўнатилган “Тандир”, Варганза анори, Боғибаланд анжири…хуллас, Ўзбекистонда нима етиштирилса, нима ишлаб чиқарилса, энг сифатлиси шу ерда…

Мен бўлсам “Чойхона” соғинчни тирилтирар деб овораю-совора бўлиб, ҳатто дўстимни ҳам у ерга олиб борибман. Аслида соғинч кушандаларидан бирини зиёрат этибмиз…

Шуларнинг ҳаммасига қарамасдан Ўзбекистонга боргим келади. Аммо йўллар берк. Ўзбекистон мени соғинмай қўйган..

Ана шу ҳақда ёзиб ўтиргандим, бир танишим сим қоқди. Қиз кўрибди. Исмини эса Соғинч деб қўйибди. Тасодифни қаранг! Бу дунёнинг сирларини тушунмай ўтиб кетамиз, шекилли?

Балки хорижда туғилган фарзандига Соғинч деб исм бераркан танишим ҳам соғинчни соғина бошладимикан ёки соғинчни унутмайин, деб биринчи фарзандига шундай ном бердимикан?

Балки соғинч сели остида қолдими у?

Бу саволлар хаёлимдан ғувиллаб ўтар экан унга:

-Соғинчни умри билан берган бўлсин, умри узоқ, ризқи фароқ бўлсин,-дедим.

11 феврал, 2011 йил.

КУЛГИ

Америкада яшаётган мухолифатчи Ўзбекистондан келган сиёсатдон меҳмон билан баҳслашиб қолди. Ўзбекистонлик тинмай Американи ёмонласа, Америкада яшайдиган мухолифатчи эса Ўзбекистонни танқид қиларди.
-Сиз ҳақиқий демократия Ўзбекистонда деяпсиз, бирорта мисол билан фикрингизни мустаҳкамлай оласизми?-деб сўради мезбон меҳмонидан.
-Керак бўлса мингта мисол келтиришим мумкин.
-Мингтани бунчалик узоқ йўлга келтириш осон иш эмас. Келтирганингиз битта-иккита мисол бўлса ҳам етарлик.

-Мана қаранг, Американи демократия қалъаси дейишади. Лекин демократия нима? Бу эркинлик дегани. Америка эса эркинликларни чеклайди. Ҳатто президент этиб сайланган одамнинг ҳам эркинликлари чекланган бўлади.
-Масалан?
-Масалан, у икки мартадан ортиқ сайлана олмайди. Бу ахир инсоннинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиш эмасми?
-Бу конституциявий талаб…
-Нима, Конституция осмондан тушганми? Уни ҳам одамлар ёзишган. Хўп, агар халқ бировни қайта-қайта сайласа, нега унга қаршилик қилиш керак? Агар кўпчилик истаса, у имкони қадар президент бўла олиш ҳуқуқини ўзида сақлаши керак? Мана Ўзбекистонда  бундай чеклов, инсон боласини бундай камситиш йўқ!

Меҳмон шундай деди-ю ўзини тутолмай кулиб юборди. Бу кулги баҳсга чиройли нуқта эди.

10 феврал, 2011 йил.

ВАТАН ХОИНЛАРИ

Бир куни мухолифатчи меҳмондорчиликда Ўзбекистондан энди келган бир йигитча билан танишиб қолди.
-Қачон келдингиз?-дея уни саволга тутди.
-Кеча.
-У ёқда аҳвол қанақа?
-Зўр!
-Зўр бўлса, бу ерларда нима қилиб юрибсиз?
-Ўқишга келдим.
-Келишдан олдин бирор суҳбатга чақиришдими?
-Қаерга чақиради?
-”Чет элга кетаяпсиз, ўша томонларда ватан хоинлари бор, шулардан узоқ туринг” дегандай огоҳлантириш бўлмадими?
-Адам огоҳлантирдилар. Биттасининг оти эсимда қолганди, Бой… Бой…
-Боймирза Ҳайит эмасми?
-Шунга ўхшаш…
-Боймирза ота АҚШда эмас, Олмонияда яшардилар…
-Олмония? Олмонияси қаер?
-Германия. Кейин… Боймирза ота бир неча йил олдин оламдан ўтганлар.
-Йўғ-е, бўлмаса бошқа Бой… Балки ўзингизмаси ўша?
-Нега унақа деб ўйлаяпсиз?
-Адам “Ватан хоинлари тинмай савол беришади, кўп нарсани билиб олишмоқчи бўлишади, ҳушёр бўл, саволларига жавоб берма”, дегандилар-да…
Шундан кейин йигитчанинг ранг-қути ўчиб, бошини эгиб, жим ўтирди. Бироздан сўнг мухолифатчи яна савол берди:
-Адангиз нима иш қиладилар?
-Адам налоговойнинг бошлиғи…
Энди жим ўтириш навбати мухолифатчига келганди.

8 феврал, 2011 йил.

Миср билан нима ишим бор
Туркия бош вазири Эрдўған ўз партияси мажлисида:
-Юз минглаб одамлар майдонга чиқдими, сен кетишинг керак,- деди Мисрдаги намойишлар ҳақида гапириб.
Унинг Миср президенти Муборакка бундай даъватидан руҳланган юз минглаб турклар намойишларга чиқдилар ва Эрдўған ҳукуматининг истеъфосини талаб қилдилар. Эрдўған намойишларни бостирди.
Шундан кейин бир журналист ундан “Кетишингиз керак эмасми?” деб сўради.
-Нега кетишим керак экан?-деди у жаҳл билан.
-Юз минглаб одам шуни талаб қилмоқда.
-Сиз биласизми, Туркияда неча миллион одам яшайди? Қарийб етмиш миллион олдида юз мингта нима деган гап?
-Лекин сиз ҳам биласизми, Мисрда неча миллион одам яшайди?
-Менинг Миср билан нима ишим бор. Менинг дардим Туркия билан!

ЯМАН
-Яманда ҳам президентнинг истеъфосини сўраб намойишлар бўлаётган экан,-деди бир мардикор ўзбек иккинчисига.
-Нимага? Свет беришмабдими ёки газми?
-Президент узоқ йиллардан бери тахтда экан, ўзи ва болалари бой, халқи эса камбағал, эркинликлар бўғилган…
-Шундайлигини биламан, манимча ҳамма ҳам билади…
-Билсанг нега калламни қотираяпсан?
-Нега энди намойишлар бунча узоқда бўлаяти, ахир у ерда ҳам Анжондаги каби ҳаммасини отиб ташлаши мумкин?
-Отолмайди, халқдан қўрқади…
-Тўхта, Яман ўзи қайси вилоятда? Фарғонадами?

7 феврал, 2011 йил.

Бу ҳаракатларнинг асл уйғотувчиси зулмдир

Тунисда норозилик намойишлари бошланишидан бир неча кун олдин мазкур минтақага сафари чоғида Яқин Шарқ ҳақида гапирган Ҳиллари Клинтон золим бошқарувчиларни халққа қулоқ солишга чақирган, акс тақдирда охири улар учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган воқеалар юз бериш ҳақида огоҳлантирган эди. Бу башоратмиди? АҚШ сиёсатчилари башоратга берилмайдилар. У ҳолда бу ниманинг белгиси эди? Ёки минтақада қандайдир ҳаракатлар бораётганидан Ҳиллари хонимнинг хабари бормиди? Бу ёғини вақт кўрсатади.

Куни кеча эса АҚШнинг “ФоксТВ” (FoxTV) хабар канали минтақадаги воқеалар ортида “Ал-Жазира” ТВ канали турганини иддао қилиб чиқди. Унгача инқилобларга туртки бўлган нарса “Викиликс” сайтида эълон қилинган маълумотлар эканлигини айтаётганлар бор эди.

Миср, Иордания ва Туниснинг баъзи дипломатлари Тувиттер, (Twitter) Фейсбук(Facebook) каби ижтимоий тармоққа айланган сайтлар инқилобларни уйғотаётганини айтиб, АҚШга норозилик билдирдилар. Бу сайтлар инқилобларнинг бошқарувчиси бўлаётганини бугун энди кўпчилик очиқ айтмоқда. Ҳатто Мисрда бу тармоқлар бир неча кунга ёпиб қўйилди ҳам. Лекин бу тармоқлар фақат интернет йўли билан эмас, балки сунъий йўлдош, телефон орқали ҳам ишлаши боис уларни бутунлай тўхтатиб қўйишнинг иложини топишмади. Буни диктатура зулми остида қолаётган бошқа халқлар ҳам сезаётганлари дунё биргаликда катта ўзгаришлар томон одимлай бошлаганни кўрсатади.

Лекин бу ҳаракатларнинг асл уйғотувчиси зулмдир.

Бугун араб давлатларида кўчаларага чиққанларнинг аксари илдизи АҚШда бўлган  ва номи юқорида зикр этилган сайтлар-ижтимоий тармоқларнинг муштарийлари эканлиги уларнинг талабларидан ҳам сезилмоқда. Улар демократия, эркинлик, озод сайловлар истаётганларини ва коррупцияга, яккаҳокимликка қарши эканликларини очиқ айтмоқдалар.

АҚШдаги баъзи гуруҳлар вазиятдан турли диний ташкилотлар фойдаланиб қолишидан хавотирга тушсалар, кўпчилик бу ҳаракатлар ёшларнинг, янги авлоднинг ҳаракати эканлигини ва улар бутун дунёга ҳамоҳанг эркинликлар исташаётганини, шунинг учун улардан қўрқмасик кераклигини уқтирмоқдалар.

Нима бўлганда ҳам бу ҳаракатлар зулмнинг, диктатуранинг умри боқий эмаслигини кўрсатувчи фавқулодда катта ҳодисадир. Лекин шуниси ҳам борки, буни тўғри йўлга бошқара оладиган лидерлар, зиёлилар ўртага чиқмаса, ҳар қандай яхши ниятли ҳаракат ҳам боши берк кўчага бошлайди.

Диктатуранинг зулм иншооти йиқилар ёки йиқитилар экан, унинг харобалари остида қолиб кетмасликнинг чоралари кўрилган бўлиши ҳам ниҳоятда муҳимдир. Бу энди “Тувитер” ёки “Фейсбук”нинг эмас, ҳар жиҳатдан ташкиллашган сиёсий мухолифатнинг вазифаси ва масъулиятидир.

29 январ, 2011 йил.

Диктаторлар декадаси

Гарчи 2010 йилнинг сўнгги кунлари бўлсада, тугаётган йил ҳақида гапирмоқчи эмасман, чунки унданда муҳимроғи бор. Бу эса 21 асрнинг илк ўн йиллиги битгани ва бу  дунёда диктаторлар декадасига айланганидир.

Агар жиддий ва фавқулодда одимлар отилмаса, радикал сиёсий тадбирлар кўрилмaса, шу кетишдa 21 аср ва умуман дунёнинг келажаги диктатура, яккаҳокимлик ғалабаси, эркинликлар бутунлай битган манзилга айланиб қолиши мумкин.

Албатта, бу ўн йиллик давомида диктатуралар кучланиши ва демократия қарор топган давлатларда эркинликлар чекланиши ўз-ўзидан бўлган эмас. Сабабсиз оқибат бўлмайди. Айниқса, терроризмнинг кучайиши эркинликлар чекланишида салмоқли ўрин тутди.

Мен Америкага келган ва мени ҳайратга солган 1998 йилдаги эркинликлар бугун ширин хотирага айланди. Ўшанда биз мамлакатнинг у четидан бу четига кўчганмиз ва йўлда биров на ҳужжат сўраган, на юкларимизни текширган. Бугун эса аэропортларда ички кийимларнинг остига қадар қўл кирмоқда.

Мен бунга қарши эмасман. Текширилиши керак. Чунки осмонда портлаб кетгандан кўра, аэропортда тинтув қилинган яхшироқ. Бу худди Тожикистондаги ёки Чеченистондаги жангларда ўлгандан кўра, Ўзбекистондаги тинчлик яхши, деган гапга ўхшаб қолди. Ҳа, инсоният мана шундай танлов билан юзма-юз қолди. Ё ўлим, ё ҳаёт. Табиийки ҳамма ҳаётни танлайди. Ҳаёт эса қаттиқ назорат остидаги сукунатли тинчликка айланди. Қўрқинчли тинчлик.

Ўшда қирғизнинг қўлида қийналиб ўлгандан кўра, Ўзбекистонда қийналиб бўлсада тинчгина яшаймиз ёки уруснинг зуғумига чидаймиз, деган гапларни кўп эшитдик ва ҳар куни эшитиб турибмиз.

Афғонистонда бекордан-бекорга ўлиб кетгунча, бошқа маданиятларга сингиб кетсак нима қилибди, деган афғонларнинг сон-саноғи йўқ.

Бундан ўн йил олдин Америкада бирор миршаб кўчада бировнинг ҳужжатини текширишга журъат этолмасди, чунки ҳақли эмас эди. Бугун эса бемалол бўлиб қолди.

Илгари бу ерда миршаблар суднинг қарорисиз бировнинг уйига мутлоқ кира олмас эдилар, ҳозир эса бу ҳам бемалолга айланмоқда.

Телефон сўзлашувларидан интернет ёзишмаларигача ҳаммаси дахлсизлигини йўқотди.

Кечагина бунга қарши чиққанлар бугун тарафдор. Ҳатто мен ҳам. Чунки ҳар қадамда таҳлика.

Хуллас, 2001 йилдаги лаънати портлашлар Американи бутунлай ўзгартирди. Бугунги Америка кечаги Америка эмас. Шунга қарамасдан дунё кезган тажрибамдан келиб чиқиб ҳали ҳам бугунги Америка бугунги дунёда ҳали эркинликлар бошқа жойларга нисбатан бир қадар сақланиб қолаётган жойдир деб айта оламан.

Ҳали, бу ерда Авропа каби аэропортларда қаршингиздан автомат ўқталган гуруҳлар чиқиб қолмайди.
Ҳали, Фарангистон каби озчиликларни қувиб солишмаяти, гарчи улар ҳар кун бир қилиқ чиқариб туришган бўлишсада.
Ҳали, аёлларнинг бошидан ҳижобни юлиб олишгани йўқ.
Ҳали, бошқа миллат вакили бўлганинг учун ишдан четлатишмаяти…
Ҳали, деяпман, чунки дунё бугунги каби илдамласа, ҳали бу нарсалар ҳам ширин хаёлга айланиши мумкин.

Шунинг учун янги декадага қадам қўйган ҳар бир инсон дунёдаги эркинликлар сақланиб қолиниши ва диктатуралар кучланмаслиги учун нима қилмоқчиман, деб ўзи ўйлаб кўриши керак. Уни қилинг, буни қилинг, деб ақл суқмоқчи эмасман. Чунки ўтган ўн йилликда фақат Америка эмас, бутун дунё ўзгарди. Инсон қадрияти мезонлари  ва тафаккурининг сарҳадлари ўзгарди. Қарашлар ўзгарди. Шароит ва талаблар ўзгарди. Бировдан талаб қилиш, бировга ақл суқиш даври ўтиб кетди. Бу энди аҳмоқ ва лақмаларнинг эрмаги. Соғлом инсон эса энг аввало ўзидан талаб қилиши ва ўзидан сўраши керак. Эркинликлар, озодликлар, ҳуқуқлар  устиворлиги учун нима қилдим, нима қила оламан?

Дунёни келaжакда диктатура мутлоқ ҳукмрон бўлган давлатлар мажмуига айланиб қолишдан қутқариш мумкин ёки мумкин эмаслиги ана шу саволга берилган жавобга боғлиқ. Демак, жавобингиз ўзингизга ёқса,  нью-йоркликлар ибораси билан айтганда, Линколн туннелининг нарёғида фақат Нью Жерсей эмас, балки ёруғлик ҳам бор. Ким Нью Жерсейни кўрмоқни истайди, ким ёруғликни, гап ана шунда!

30 декабр, 2010 йил.

Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

<span>%d</span> bloggers like this: