Файзли инсон эдилар

Атоқли олим, устоз Файзулла Исҳоқов хотираси

Бу улуғ инсоннинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни олиб, жуда қайғурдим. Ҳали яқиндагина у кишидан ҳол-аҳвол сўрагандим ва анча суҳбатлашган эдик, ҳали қиладиган ишлари кўплигини ва ёзадиган анчагина нарсалари борлигини айтгандилар. Мен у кишини Америкага таклиф қилмоқчи эдим. Орзуим амалга ошмади.

Файзулла ака билан мустақиллик учун кураш йиллари танишганмиз. 1992 йилнинг боши эди. Файзулла ака бир-икки ой олдин “Демократик ислоҳотлар ҳаракати” ташкилотини тузганларини айтиб, менга раисдошликни таклиф қилгандилар. Мен у кишига:
-Файзулла ака, раисдошлик нимаси, сиз раис, майли мен ўринбосар бўлайин, бу қоидаларга яқин бўлади,- дедим.
-Бўпти фарқи йўқ, ишлайверамиз,-дедилар. Биз бир йилча ишладик. Мен ЭРК партиясига раис ўринбосари этиб сайланганимдан кейин бу ҳаракатни давом эттирмадилар ва ўзлари бир партия тузмоқчи бўлдилар. Йўл беришмади.

У киши билан алоқаларимиз узилмади. Файзулла ака жуда билимдон ва самимий инсон эдилар. Ҳамма масалада очиқ гаплаша оладиган ва маслаҳат бера оладиган устоз эдилар. Кейинги йилларда телефонларини тополмай қолдим. Би-би-сидаги яхши одамлар туфайли алоқамиз қайта тикланиб, у кишининг янги ёзаётган китоблари ҳақида суҳбатларимиз давом этаётган кунларда хасталаниб қолдилар. Юрак дегани инсон хоҳишларига бўйсунмас экан. Устоз 74 ёшда оламдан ўтдилар. Жойингиз жаннатда бўлсин, Файзулла ака.

Файзулла ака кейинги вақтда Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида бориб-келиб юргандилар. У киши ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан қўрқмайдиган, эркин фикрли инсон эдилар.  Керак бўлса, рус тилидаги сайтлардан бирига қўйилган таржимаи ҳолларини олишимни айтгандилар. Бугун шуни таржима қилиб қўймоқчи эдим. Қарасам Би-би-си сайтида бу улуғ инсоннинг анчагина мукаммал таржимаи ҳоли қўйилган экан. Ҳозирча шу билан кифояландим. Аммо келгусида Ўзбекистон мустақиллик учун кураш йилларининг қаҳрамонларидан бири бўлган бу инсон ҳақида билганларимни алоҳида ёзаман.

Файзулла аканинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман.

Жаҳонгир Маматов.

Ўзбекистонда таниқли тарихчи олим, профессор Файзулла Исҳоқов 74 ёшида ҳаётдан кўз юмган.
Яқинларига кўра, олим кейинги 10 кун юрак хасталиги билан Тошкентдаги шифохоналардан бирида ётган бўлган ва 29 декабр куни кечки соат 16:00ларда оламдан ўтган.
Унинг эртага Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида дафн этилиши кутилмоқда.
Унинг эртага Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида дафн этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг энг ҳурфикрли зиёлиларидан бири бўлган Файзулла Исҳоқов 1936 йилнинг 16 декабрида Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топганди.
Қувадаги рус мактабининг 7 синфини битириб, Самарқанддаги темирйўл техникумида таҳсил олган.
Тошкентдаги Темирйўл институтининг 1-курсини битирганидан сўнг, моддий қийинчиликлар сабаб ўқишни ташлаб, темирйўлда ишлашни бошлаган.
1961 йилда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) давлат университетининг тарих факултети сиртқи бўлимига ўқишга кирган.
1 ва 2-курсларни бир йилда битириб, олти йиллик ўқишни беш йилда тамомлаган.
Шундан кейин Қозоғистоннинг ҳозирги Тарас шаҳридаги “Билим” жамиятида 2 йил фаолият олиб борганидан сўнг, Тошкентга кўчиб келади.
1975 йилда тарих фани бўйича номзодлик диссертацияси, 1987 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.
Бу вақт оралиғида шўро даврида матбуотдаги цензура учун масъул “Главлит” ва Давлат Матбуот Қўмитасида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон радиосининг Хорижий эшиттиришлар муҳаррририятида бош муҳаррир лавозимларида ишлаган.
Айни пайтда Тошкент Ирригация ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислик институти ҳамда Тошкент Олий партия мактабида дарс берган.
1964 йилда Коммунистик партияга аъзо бўлган.
1991 йил майида, Совет Иттифоқи қулаши арафасида Компартиядан чиқади.
1991 йилдан 1996 йил охиригача Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тарих институтида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.
1997 йилдан буён нафақада.
1991 йилнинг 7 декабрида тузилган “Ўзбекистонда Демократик ислоҳотлар ҳаракати”га раислик қилган.
1992 йил баҳорида маслакдошлари билан айни ҳаракат негизида “Ижтимоий тараққиёт” партиясини тузиш ҳаракатларини бошлайди.
1992 йилнинг 14 апрелида Президент Ислом Каримов билан бўлган учрашув чоғида, ўзининг айтишича, Президентнинг сиёсий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллаш ҳақидаги таклифини рад этади.
1992 йилнинг июнида турли тўсиқларга қарамай, “Ижтимоий тараққиёт” партиясининг Таъсис қурултойи бўлиб ўтади, аммо Адлия вазирлиги айни дастур ва рамз билан бошқа бир партия-”Ватан Тараққиёти” ташкил этилгани важидан “Ижтимоий Тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этади.
Аммо Файзулла Исҳоқов раиси бўлган “Ўзбекистонда Демократик ислоҳотлар ҳаракати” 1992 йилнинг охиригача амал қилган.
Бир вақтнинг ўзида Файзулла Исҳоқов СССРнинг собиқ Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ҳамда Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак сингари бир қатор сиёсатчилар аъзоси бўлган Россиядаги “Демократик ислоҳотлар халқаро ҳаракати”нинг раисдоши этиб сайланади.
Ушбу ҳаракат 1994 йилгача фаолият олиб борган.
Файзулла Исҳоқов Марказий Осиё тарихига доир 600 дан ортиқ мақолалар, бешта монография ва 30 га яқин рисолалар муаллифи.
Унинг сўнгги “Центральная Азия и Россия в XVIII-нач. XX вв” номли китоби 2009 йилда Тошкентда нашрдан чиққан.
Би-би-си Ўзбек Хизмати олимнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.(Би-би-си).

www.turonzamin.com

One Response

  1. Ассалому алейкум Жахонгир ака. Сизни гойибона акам деганман таъзиямни кабул килинг Аллох, охиратларини обод килсин тирикларга умр берсин. (овмин)

Leave a reply to xaqiqat Cancel reply