Дунё бугун келибдими дунёга,
У кўпни қаритган, ўлмас бир даҳо.
Ишониб қолганмиз бу гап- рўёга,
У асли ўлжасин маст этган юҳо!
27 -12- 2010.
ХХХ
“Исён!” деб бировга суқмасман сўзим,
Ҳатто чумолининг умри ҳам азиз.
Мен исён қиламан ўзимга ўзим,
Ўзимни енгмоғлик зафардир бежиз.
27 -12- 2010.
ХХХ
Эртанги кунингдан қўрқсанг дўст, магар,
Дарҳол ортга қайтгин олган йўлингдан.
Бугун бир нарсалар қилмасанг агар,
Эртага ҳеч нарса келмас қўлингдан.
27 -12- 2010.
Дерлар ёзилганмиш тақдири инсон,
Эргашиб юрармиш ошини ошлаб.
Мен эса бузибман буни ногаҳон,
Тақдирни ортимдан юрибман бошлаб.
27 -12- 2010.
Дарахтнинг илдизи, қомати муҳим,
Шуларсиз ҳосилнинг униши қийин.
Инсонда илдиз ҳам, қомат ҳам муқим,
Лек ақл етмаса, бари бир тийин.
27 -12- 2010.
Яхшилик аслида сўлим бир баҳор,
Дўсту биродарга қилки, қайтажак!
Магар унутди деб ранжима, зинҳор,
Қиш сени эзса у сўзин айтажак!
27 -12- 2010.
Filed under: Kundalik | Tagged: Жаҳонгир Муҳаммад, тўртлик |
Leave a Reply