ҚОҒОЗДАГИ ҲАҚИҚАТ

1992 йил 8 декабрда, 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида мамлакатнинг янги Конституцияси қабул қилинган эди.

Худди кечагидек ёдимда. Президент Девонида лойиҳаси тайёрланган ва сўнгра хориждан келган икки-уч олим тарафидан у ер бу ерига қалам тегизилган бу ҳужжат вилоятларга муҳокама қилиш учун юборилди. Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков навбати билан вилоятларга ташриф буюриб, ҳар бир вилоятдан сайланган Ўзбекистон Халқ депутатларини муҳокама учун бир жойга тўплашарди.

Қисқагина давом этган бу мажлисдан кейин матбуотга берилган хабарда, «фалон вилоятдаги Ўзбекистон Халқ депутатлари Конституция лойиҳасини муҳокама қилдилар ва унинг 89-моддасига «Ўзбекистон Республикаси Президенти айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг раиси ҳисобланади» жумласини киритишни таклиф қилдилар», деган сатрлар ўрин оларди.

Барча вилоятларда ўтказилган йиғилишлардан фақат ана шу таклиф чиққанига урғу бериларди. Гап шундаки, Ғарбдан келган олимлар Конституциядаги баъзи моддаларнинг ғайридемократик эканлигини таъкидлаганлари боис юқоридаги «демократик усул» ўйлаб топилганди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Конституцияси ҳеч кимга сўз бермайдиган даражада гўзал сўзлар билан ёзилган. Унда инсон ҳуқуқлари, давлат суверенитети, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак маъсулият, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари ва шу сингарилар учраганда Ғарбда демократиянинг отасиман, деб юрганлар ҳам лабини ялаб қоладиган мукаммал жумлалар бир орага келтирган.

Лойиҳада кўппартиявийлик, сўз ва тушунча, намойишлар эркинлиги кафолатланган бўлса-да, биз унда демократик давлатнинг тамойилини ташкил этадиган асосий умуртқа йўқлигини уқтиргандик.

Маълумки, демократик ҳуқуқий давлат уч устунга таянади. Қонунчилик, ижро ва маҳкама устунларининг умумдунё эътироф этган вазифалари бор. Ана шулардан баъзилари унутилдими, бу устунларнинг бўйи кесилади ва томнинг оғирлиги бошқа устунга қолади. Бунинг оқибатлари эса таҳликали.

Демократик ҳуқуқий давлатда қонунчилик, ижро ва маҳкама кучлари пропорционал равишда бир -бирини назорат қилиб туради. Шу нуқтаи назардан қарасак, Конституциянинг 95-моддасида шундай сатрлар бор: «Президентнинг конституциявий суд билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Олий мажлис тарқатилиб юборилиши мумкин».

Демократик-ҳуқуқий давлатда бу нормал ҳол, қачонки бунинг акси ҳам ўз ифодасини топган бўлса. Тарозининг қарама-қарши палласида «импичмент» деган ҳодиса туриши керак. Гап шундаки, Олий мажлис ҳам Президентга ишончсизлик билдириш ваколатига эга бўлиш керак. Ўшанда мувозанат сақланади, лекин бизнинг довруғи олам Конституцияда бу нарса йўқ. Бунинг оқибатини эса ҳар кун, ҳар соатда кўриб турибмиз. Ҳатто инсон ҳақлари масаласи Олий мажлисда муҳокама қилинар экан, Президентнинг шахсан ўзи «Гапиринглар, камчиликларни айтинглар» дейишига қарамай, бутун депутатлар жим эди.

Ҳа, улар кўзойнаги олиб қўйилган олим, қуролсиз майдонга туширилган аскарга ўхшаб қолгандилар. Ишончим комилки, бугунга қадар Конституциямизни мадҳ этиб, бир нечтадан китоб ёзган маддоҳи замонлар бугун ҳам, эртага ҳам уни тараннум этишади. Лекин битта нарсани кўрмасликка олишади, бу ҳужжат қоғоздаги ҳақиқатдир.

Гапни чўзиб ўтирмайлик, Конституциядан бир жумла ўқийлик: 34-модда: «Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиш мумкин эмас».

Ҳа, мухолифатчи шахслар бугун не аҳволда эканлиги сизга аён.

Ёки яна бир жумла. 33-модда: «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар». Мухолифат митинг ўтказиш у ёкда турсин, митинг ўтказиш учун рухсат сўрасин-чи? Ҳа, бошига нималар келишини аллақачон тахмин қилдингиз.

Дарвоқе, сўзимни олти йил олдинги воқеалардан бошлагандим. Ўшанда вилоятларда ўтказилган кичик мажлисларни баҳона қилиб, Олий Кенгашда Конституция лойиҳаси муҳокама қилинмасдан овозга қўйилди.

Унинг ўша куни бир неча дақиқа ичида қабул қилиниши ҳам олдиндан маълум эди. Чунки олдиндан лойиҳа қабули 8-декабрь тушдан кейинга белгиланган, кечқурун эса Наврўз саройида катта зиёфат буюрилганди.

Худди олдиндан белгиланганидек, ҳаммаси вақти соатида ўтди. Конституциямиз ҳам худди олдиндан белгиланганидек қоғоздаги ҳақиқатдан амалдаги ҳақиқатга айланмай қолди.

АЛ-ҚИССА: Сен телефонни Конституция деб билдинг. Телефондан келган овозни қонун, овоз эгасини Худо дея ўзингни овутдинг. Не дариғки, шу «қонун», шу «худо» сени урди. Мен эса бандасига эмас ўзига-Тангрига ишондим. Телефон буйруғини эмас, қалб сасини тингладим.

Жаҳонгир Маматов.

(7 декабр 1998 йил).
“Ўзлигим” китобидан.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: