“Ҳамма йўллар Римга бошлайди”

Ассалому алайкум яхшилар!

Мана ҳаш-паш дегунча икки ҳафта ҳам ўтиб кетди ва бугун уйга қайтдик.

“Ҳамма йўллар Римга бошлайди”. Бундан икки минг йил олдин айтилган бу гап бугун ҳам кучини йўқотмабди. Дунё, динлар, санъат ва адабиёт, демокартия ва диктатура тарихини, моҳиятини англаш учун Рим, Помпей, Неапол, Сиена, Пиза, Флоренция, Венеция, Мурано, Милан, Сицилияга ҳам бориш керак экан.

Бу ҳақда ҳали анча-бунча нарсалар ёзсам керак. Чунки фикрларим қайнаб турибди.

Бугун уйга қайтсам, икки ҳафтада 1916та электрон мактуб келган экан. Шунинг учун вақтида жавоб ёза олмаган биродарлардан узр сўрайман ва имконига қараб бу хатларнинг ҳар бирига жавоб қайтараман.

Бу орада 700дан зиёд сурат ва беш соатга яқин видеоёзувларни ҳам тартибга солишим керак. Суратлардан намуналарни блогнинг фотоалбомига қўйдим ҳам.

Мавзуларни саёҳат дастурининг ҳошиясига ёзиб қўяверибман׃
-Кўпхудолик, яккахудолик ва худосизлик…
-Қуллари ҳам талантли бўлганки, бу қадар гўзал қуришган…
-Помпейда бизнинг группага “гид”лик қилган ўзбекнинг қисмати…
-Данте, Петрарка, Галилей, Джотто, Лоренцетти, Довинчи, Микеланжело, Бернини, Рафаэл, Боккачо ва бошқаларнинг тарихдаги излари…
-Рим, Помпей, Неапол, Сиена, Писа, Флоренция, Венеция, Мурано, Милан йўллари…
-Икки қишлоқ орасидаги жангда 16 минг кишининг ўлими…
-Қулаган империялар ва абадий санъат…
-Икки минг йил олдин бир шаҳарда юзлаб ҳаммом коплекслари…
-Битта коллезиумда 75 минг гладиаторнинг ўлими…
-Қул ва қирол׃ Спартак ва Муссолини…
-Вулқон остида қолган шаҳар…
-Қулаётган қуламас минора…
-Сувни енгган бинолар…
-Мурано сири…
-Саккиз ёшли сайловчи
-Тарихдан ному нусхаси ўчирилган қирол…

Хуллас, икки ҳафта саҳардан ярим тунга қадар бошқа дунёда яшадик. Ухлашга аранг 3-4 соат вақт қолди, холос.

Дунёда ва Ўзбекистонда нималар бўлди, бехабар қолдим.

Демак, ўзим ҳам изга тушиб олишим учун интернетни бездиришим керак.
“Қиёмат куни”ни ҳам давом эттирамиз.

Бунинг устига ишга ҳам чиқишим зарур…

Бир бошдан бошласак, яратганнинг мадади билан ҳаммасига улгурармиз.

Бу ёғи ҳали америкаликлар тили билан айтганда – “Jet lag”- узоқ йўлдан қайтгандаги гангиш. Ўн соатлик ҳаво йўли ва олти соатлик фарқ…

Салом демоқчи эдим, шунча чўзилиб кетди. Қусурга узр!

%d bloggers like this: