Блогда ёзиб борилаётган тарихий-замонавий роман
-11-
Эликот шаҳри, Мериланд штати
Катта йўлда келаётгандим. Бирдан машиналар секинлади. Кўкдан теннис коптогидай музлар туша бошлади. “Банг-банг!”… “Бум-бум!” Саккиз қаторли экспресс йўлнинг ҳар икки томонидан келаётган машиналар тақа-тақ тўхтади. Чапга қарасам, машина бор, шофери кўринмайди. Ўнгга қарасам, машина бор, шофери кўринмайди. Нима жин чалди? Булар машинадан тушиб, қочдиларми? Охират замон келдими ё? Машинани “бомбардимон” қилаётган муз “копток”лар ўйлашга қўядими? Лекин барибир мия кучли экан. Ҳар қандай шароитда ҳам ишлашни давом эттираркан. Шу пайтда ёдимга бундан ўн йил олдин Орегонда Озарбайжон-Арманистон урушидан қочиб келиб, яшаб юрган Мишанинг айтган гапи тушди׃
-Машинанинг ойнасига бир нарса урилса, дастлаб билинмайди. Аммо ичидан зил кетади. Яна бир нарсалар урилса, ташидан дарз кетади. Парво қилмай, ҳайдаб юраверасиз. Лекин бир кун яна бир нарсалар урилса, ойна чил-чил бўлиб, шув этиб тўкилади…
Бу гапнинг давоми икки халқнинг урушига боғланган ва “ойна” қумга ўхшаб тўкилгани, уни энди ямаб бўлмаслик ҳақида эди.
Ҳозир осмондан муз “копток”лар машинанинг ойнасига уриларкан, мени масаланинг нариги томони эмас, балки машинанинг ойнаси тўкилиб кетиши мумкинлиги қизиқтирар эди. Яъни халқлар орасидаги фалсафадан қаршимдаги ҳақиқат устунлик қилмоқда. Хайриятки, ойна мустаҳкам экан. Яқин 30 йиллик тарихда бунақа муз ”копток”ни кўрмаган жойда машинанинг ойнаси дош берди. Бир зумда дўл тинди. Ўнга қарасам, машинанинг ичида шофери бор. Чапга қарасам ҳайдовчи жойида. Кейин тушундим. Улар дўлни кўриб, рулнинг остига кириб олишган экан. Ойнанинг синиб кетишидан чўчишган бўлишса керагов? Мен эса бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмабман.
Бу ҳақда гапиришимнинг сабаби эса Саиджоннинг мана бу гапи׃
-Чингиз Айтматовнинг Ширин деган қизи махсус вебсайт очиб, “ўзбеклар томонидан ўлдирган қирғизлар” ҳақида маълумотлар деб жанжал чиқарадиган нарсаларни қалаштириб ташламоқда. Ахир бу билан у отасининг руҳига хиёнат қилмаятими?
-Саиджон, жуда қизиқ экансиз, Чингиз Айтматов ўлганда сиз менга телефон қилиб, “Ҳамма ўзбеклар қон йиғламоқда, нега сиз ҳам бир нарса ёзмайсиз”, деб таъна қилгандингиз. Мен ўшанда “Чингиз Айтматов туркнинг эмас, руснинг дўсти” бўлганини сизга узоқдан узоқ тушунтирган эдим. Бир эсланг-а?
Ўшанда гапларим ўзимга “қизил” кўринганди. Лекин бундай ўйлаб кўрсам, “қизил гап”лар “қора гап”лардан кучли бўларкан.
Айтматов авлиё деганлар адашди ва ҳали яна адашадилар. Бу шўролар яратган мафкуранинг оқибатидир. Бу мафкура худди иммунитет тақчиллиги вирусига ўхшайди. Баданга кириб олдими, тамом. Уни яширишга уринганлар бир кун “СПИД”га йўлиқадилар. Ундан қутулишнинг йўли деярли қолмайди. Вақтида ҳаракатини қилганлар “вирус”ни тафаккурларидан чиқариб ташлашлари мумкин.
Дунёда яхши ёзадиган ёзувчилар тиқилиб ётибди. Бундан ўттиз йил олдин Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” деган китобини ўқидим. Ўшанда ваҳимаси жуда катта эди. Шунинг учун урусча журналда бўлса ҳам амаллаб ўқиб чиқдим. Ёқмади. Балки шов-шувлар туфайли мен каттароқ нарса кутган бўлсам керак? Балки урусча бўлгани учун яхши тушунмагандирман? Балки адабиётни билмасман?
Ана шу фикрлар билан олишар эканман, радионинг Адабиёт бўлимига эндигина ишга келган ва ҳали ҳам қишлоқдаги ботинкаси билан юрган Орзиқул Эргашев деган содда, деҳқоннамо бир киши билан танишдим. У бир ҳикоясини ўқишга берди. Ҳикоя қарийб юз саҳифалик эди. Бошладиму қандай ўқиб чиққанимни билмай қолдим. Осмондаги гўзал бир юлдуз қўлимга келиб қўнган каби бўлди. Ҳатто ўзим билмаган ҳолатда “ҳикоя” деган сўзни “қисса” деб тузатиб қўйибман. Кейин радиода махсус саҳифа очиб, бу қиссадан парчалар бериб боргандим. Ўшандаёқ агар шов-шув қилишса, Орзиқул Эргашев Чингиз Айтматовдан бир неча қўл баланд деб тушунганман.
Лекин бахт кимга қўнишини билмас эканмиз. Бахт дегани бу кўкдан инадиган эмас, қўлдан ясаладиган бахт.
Ўзбекнинг қанчадан-қанча “модерн” ижодкорлари ҳар икки гапда бир Кафканинг номини тилга оладилар. Яҳудий бўлгани учун асарлари таъқиқлангани, синглиси фашистлар томонидан ўлдирилгани ва ҳоказолар сабаб тириклигида битта ҳам китоби чиқмаган Кафкани кейин машҳур қилишди. Кимлардир машҳур қилишмаса, бизникилар унинг номини ҳатто билмай ҳам ўтиб кетардилар. Бу худди “Кока кола” ёки машинани реклама қилгандек гап. Агар чанқаб қолсангиз, миянгиз остига ўрнаштириб қўйилган “Кока кола” белгиси кўзингиз олдига келади. Машина оламан десангиз энг кўп реклама қилинганини – “оғизга тушгани”ни оласиз. Адабиёт ҳам шундай гап. Ўзбекистонда ҳам Айтматовдан яхшироқ ёзадиган ёзувчилар тиқилиб ётганди. Лекин Шўролар Москваси реклама учун уни танлаганди.
Бундан бир неча йил олдин Жиззахда бир йигитни суд қилишганди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу судни яширин тарзда суратга олишган ва шуни кўришга муваффақ бўлгандим.
-Мен коммунистман! Мен динга ҳам, Худога ҳам ишонмайман,-деяпти айбланаётган киши. -Майли мени жазоланг. Лекин коммунист деб жазоланг.
-Йўқ сен ваҳобийсан!-деди суд.
Хуллас, айбланувчи Худога ишонмаслигини ҳар қанча исботлашга уринмасин, барибир уни “ваҳобий” деб айблашди ва 21 йилга қамашди.
Мен бу одам жазодан қочиш учун балки ўйин қилмоқда, деб ўшанда видеони қайта-қайта кўргандим. Аммо у самимий эди ва “Сарвар Азимов устозим” дегандан кейин мен унга ишондим. Чунки ҳақиқатдан ҳам Сарвар Азимов Ўзбекистонда коммунистик партия тузиб, рўйхатдан ўтказа олмай ўлиб кетганидан хабардор эдим.
“Чингиз Айматов мустақиллик учун курашчи”, “Туркистон дардини Боймирза Ҳайит қадар кўтараган, туркчиликни Юсуф Акчура, Исмоил Гаспирали, Мустафо Чўқаевлардан олиб бизга етказган одам ва балки улардан ҳам кўпроқ ёнган, мана энди у ўлиб Туркистон етим қолди, у Туркистоннинг байроғи эди” каби ҳукмлар менга Жиззахадаги судни эслатади.
Демак, бизнинг зиёлилар ё Чингиз Айматовни билишмайди ёки билишса ҳам уни ўз тарозиларига солиб баҳолашди. Ваҳоланки, СССР парчалангач, бунинг учун энг кўп азият чекканлардан бири Чингиз Айматов эди. У мустақиллик ҳаракатларини “шаҳардан чодирга қайтиш” деб баҳолаган эди.
Бу ҳақда унинг ўнлаб мақолалари бор. Хўп, ўша пайтда у эҳтирослар руҳи билан кўп нарса ёзган ва кўп нарса айтиб юборган бўлсин. Ўзимиз ҳам баъзан адашамиз, хато қиламиз. Аммо вақт ўтиши билан бу хатоларимизни тузатамиз. Аммо Чингиз Айтматов адашмаган ва хато ҳам қилмаган эди. Бу унинг эътиқоди эди. У умрининг охирига қадар бу эътиқодини ўзгартирган эмас. Исбот учун 1990 йилларга бориб юриш керак эмас.
Мана сизга 2005 йилнинг 11 июлида (“Frankfurter Allgemeine Zeitung”, Олмония) эълон қилинган суҳбатидан бир жумла׃ “Менинг тасаввуримда Авроосиё – бу уммонда сузаётган ва ўқи Авропага йўналган бизнинг Ўрта Осиёдир ва бу ўқ Россия” .
Демак, туркийзабон Туркистон бирлигини эмас, балки капитани Россия бўлган собиқ СССР каби бир қурилмани орзу қилмоқда у. Албатта, бу унинг орзуси ва жуда кўпчиликда ҳам шундай орзу бўлиши мумкин. Биз бу орзуни ҳам ҳурмат қилганмиз, лекин Чингиз Айтматовга “Туркистоннинг отаси эди” деган ёрлиқни ёпиштиришдан ҳам тийилганмиз.
Адибнинг орзусини очиқроқ ифодалаш учун юқоридаги суҳбатдан яна бир парча ўқийлик׃
“Мен колониализм ва империлизмнинг ҳам яхши томонлари бўлганига ишонч ҳосил қилдим, нима бўлганда ҳам русларнинг таъсири Ўрта Осиёга ижобий бўлди. Россия ўзининг колониал амбицияси билан бизнинг ҳудудларимиз ривожига катта ҳисса қўшди. Рус колониализми туфайлигина Ўрта Осий умумдунё цивилизациясига қўшилди. Биз бир цивилизациянинг одамларимиз. Шунинг учун ҳам Россия ва Марказий Осиёдаги айрим давлатларни қўшган ҳолда Авроосиё иқтисодий иттифоқини тузиш мантиққа мос бўларди. Шунингдек унутмаслик керакки, цвилизация тараққиётини Россия Ўрта Осиёга Совет Иттифоқи пайдо бўлмасдан олдин олиб келди. Акс тақдирда бизда бугунги Афғонистон каби ҳол бўларди…Совет Иттифоқи тарихий ҳақиқат эди ва Совет Иттифоқига янги инсонни яратиш насиб этди…”
Бу гапларни Айтматов вафот этишидан атига уч йил олдин айтган ва уни қандайдир кичик доирада эмас, балки бутун дунёга ҳайқирган.
Бутун умрини Туркистон орзуси йўлида сарфлаган Боймирза Ҳайит каби инсонлар ҳеч қачон Россия етакчилигидаги Туркистон бирлигини тузамиз деганлари йўқ. Улар доим Россия зулмидан қутулиш орзусида бўлганлар. Шунинг учун ҳам Чингиз Айтматовнинг вафотидан кейин “Туркистон етим қолди” дейилиши мантиққа зид бўлди.
Айтматовнинг Туркистон орзуси бу рус етакчилигида ва рус мафкурасига таянган иттифоқдир. Бу қулаган тоғ – СССРнинг бир кўринишига ўхшасада, бугунги замонасоз сиёсатда аҳамияти катта, тарафдорлари ҳам оз эмас.
Юсуф Акчура, Исмоил Гаспирали, Мустафо Чўқаев, Боймирза Ҳайит каби кўплаб зиёлилар сулоласининг Туркистон орзуси эса, рус мустамлакасидан қутулиш ва турк миллиятчилигига таянган иттифоқдир.
Шундай экан, бу иккаласини қоришитириб юбормаслик лозим. Акс ҳолда коммунистни “ваҳобий” деб қамаб юборган қозидан фарқимиз қолмайди.
Чингиз Айтматов ўлган кунлар АҚШ ва умуман Ғарб дунёси матбуотини кузатдим. Бизнинг баъзи шоввозлар ёзгани каби бутун дунё мотам тутган эмас, ҳатто бу ҳақда бир сатрлик хабар ҳам беришмади. Бу дегани ҳамма билмайди дегани эмас. Минтақани билган олимлар ёки советшунослар бу номни жуда яхши танишади. Америкада бугунги авлод Чингиз Айтматовни адиб сифатида танимас экан, хўш қолган жойлардачи? Битта хабар топдим. Австралия газетларидан бири “Советларнинг санами ўлди” деган хабар берибди. Жуда топиб айтилган гап׃ Советлар санами!
Китобни жуда яхши кўрадиган ва менга ҳам қайси китоблар дунёни ларзага солаётганини эслатиб турадиган америкалик дўстларимдан сўрасам ҳам улар Айтматовни билишмади.
Улардан бирига׃
-Қарасанг-чи, уни жаҳон адабиётида инқилоб ясаган адиб, деб ёзишмоқда. Наҳотки билмайсан?-дегандим׃
-Рус инқилобини айтаяпсан-ми?-дея кулди у.
Бу кучли жавоб эди. Совет адабиётини яратган авлод бутун дунёни ўзгартирамиз, инқилоб қиламиз дейишган. Аммо амалга ошира олишмади.
Агар Совет адабиётига назар солсангиз, Чингиз Айтматов каби жуда кўп катта адибларни “яратишган”.
Чингиз Айтматовнинг отаси Қирғизистонда коммунистик Партиянинг лидери бўлган. Сталин бошқа сафдошлари қаторида уни ҳам ўлдирган. Худди Каримов ўз сафдошларини қамаб тургани каби бу золимлар ҳаётига хос жараёндир.
Сталин шахсига сиғинишни қоралаб, катта кампания бошлатган Хрушчев учун хоин деб эълон қилинган одамнинг ўғлига йўл очиш қўл келарди, мамлакатни руслаштириш ва рус тилини она тилига айлантиришни мақсад қилган Брежнев учун эса қирғиз бўла туриб, рус тилида ёзган адиб жуда ҳам керак эди. Акс тақдирда ҳар қандай кучли адиб бўлгани билан коммунистик партия ва унинг идеологиясига хизмат қилмаса унга энг катта мукофотларни беришадими?
Адабиёт соҳасида Ленин мукофотини бериш ҳақидаги ҳужжатда бу мукофот Коммунистик партиянинг энг жанговар идеологларига берилиши айтилади ва уни фақат мамлакатнинг биринчи одами бера олади. 1963 йилда бу мукофотни Айтматовнинг кўксига ким таққанини эса айтишга ҳожат йўқ.
Албатта, Айтматов учун Брежнев ҳам ўз салафидан кам иш қилмади. Уни доим анжуманларнинг олдида ғўддайтириб қўйиб, гапиртириб юрди. Золимлар ўз сиёсатларни адиблар орқали халққа етказишни минг йиллардан бери анънага айлантирганлар. Агар бу ишни Айтматов қойил қилиб бажармаганда 1978 йилда Брежнев унинг кўксига Социалистик меҳнат қаҳрамони олтин медални тақармиди?
Худди шу Брежнев унга 1968 йилда, кейин 1977 йилда ва ундан кейин 1983 йилда СССР Давлат мукофотларини берганди. Нима, буни чиройли кўриниш учун берганмиди? Йўқ, Совет идеологиясининг энг машҳур курашчиси бўлгани учун берганди.
Айтматовнинг Брежнев ҳақидаги гапларини ўқисангиз, бугун Каримовга маддоҳлик қилаётганлар ҳали болакай экан, деб ўйлайсиз. Брежнев ўз китобларини таҳрир қилишни (ёзишни деб тушунаверинг) Айтматовга топширармиди? Бреженев номидан чиққан “Қўриқ” китобини Айтматов ёзиб берганлигини мен иддао қилаётганим йўқ. Унинг ўзи 1986 йилда Марказий Телевидение орқали узатилган кўрсатувда, “ҳа энди, қоралаганман” деб айтганди.
Шунинг учун ҳам у доим депутат эди. Марказком аъзоси эди. СССР тарихида бунча кўп раҳбарлар билан тил топиша олган ягона шахс дейиш мумкин уни. Уни Хрушчев ҳам, Брежнев ҳам, Андропов ҳам, Черненко ҳам, Горбачев ҳам ёнида олиб юрган. Уларга садоқат билан хизмат қилган жуда кўп одамлар орасида Айтматов алоҳида эди.
У нафақат марказом аъзоси, балки ҳамма ижодий ташкилотларнинг раҳбариятида аъзо эди. Ёзувчилар Союзидан тортиб, Киночилар уюшмасию Осиё ва Африка куммунистлари бирдамлик ташкилотининг Совет бўлими раҳбари… Бундай одамнинг ёзгани ҳукумат пулига нашр этилмай, кинога олинмай, таржима қилинмай, мактабларда ўқитилмай, шов-шув қилинмай- кимники қилинсин?
Шу золим тузумга қарши сўз айта олган Солженецин, Бродский ёки Сахаровникими? Нега у ақалли Сахаров каби бир марта ҳам ўз тузумига қарши сўз айтмади?
Совет мафкураси шундай эдики, отни туя деб тарғиб қила бошласа, бир ҳафта ўтар-ўтмас бунга ишона бошлар эдингиз. Чунки бу ҳақда гапирмаган ва бунинг шундайлигини айтмаган одам қолмасди. Агар сиз бу туя эмас, от десангиз дарҳол сизни жиннига чиқаришар ва шунда ҳам сўзингиздан қайтмасангиз, жиннихонага жўнатишар эди.
Айтматов ўлган кунларда менинг бу гапларимни ҳатто Саиджон “сиёсий лекция” деб атаганди. Бугун эса Москва “Айтматов шприци” билан қирғизларнинг қонига уруснинг қонини қўшганини, Ҳатто Айтматовнинг қизи ҳам ўзбекларга қаршилиги ҳақида гапирмоқда. Лекин машинанинг ойнаси дарз едими ёки тўкилиб кетдими буни билолмай гаранг. Чунки дўл ҳали тинган эмас…
Бу “қизил гап”лардан Саиджоннинг чарчагани аниқ. Шунинг учун унга бир ривоят айтиб бердим׃
Қадимда Одилшоҳ деб ном чиқарган бир ҳукмдор зерикканини баҳона қилиб, энг яқин қулидан бирор ҳикоят айтишни сўрабди. Қул узоқ ўйлабди, узоқ ўйласа ҳам яна узоқ ўйлабди.
Шоҳ׃
-Яна қанча кутайин, айтасанми йўқми?-деса, қул аввалига қўрққанидан қалтирабди. Кейин лабларига табассум инибди, юзи ёришиб, кўзлари чақнабди.
-Бадбахт сенга айтаяпман, гапир!
Шоҳнинг овози қанчалик баландласа, қул шунчалик севинар эмиш.
-Сенга айтаяпман, гапир!
Охири қул севинган овоз билан гап бошлабди׃
-Олис қишлоқда бир бечора бор эди. Бир куни уни ушлаб, оиласидан айириб, саройга олиб келдилар. Сочини тарашлаб, бошига молнинг терисини тортиб, қозиқларга чаҳормих қилиб, офтобрўяга ётқизиб қўйдилар. Кун кўкка кўтарилган сари тери қуриб, унинг бошини сиқа бошлади. У дод солди, эшитган ким?! Кун оға бошлаганда, унинг овози тиниб, лаблари қовжираб қолди. Лекин сув берган ким?! Аксинча, уни тепиб-тепиб ўрнидан турғазишди. Кейин… кейин олиб бориб ахта қилишди…Бунинг азоби ўлимдан ҳам оғир эди. Тандирда ёниб турган темирни унинг умуртқасига босдилар..
-Бас! Мен санга ўзинг ҳақингдаги ҳикоятни айт демадим!
Қул бир зум тин олибди. Юзидан қора тер сизиб чиқибди. Бошини қуйи солганча, ўтирган жойида сукутга ботибди. Кейин ׃
-Шоҳим, меҳрибон ва одил шоҳим!-дебди,-Мени азобларга солганларида сизнинг хабарингиз йўқ, деб ўйлагандим. Бугун мендан ҳикоят сўраганингизда эса ҳақиқатдан ҳам сизнинг хабарингиз бўлмаган дея севиндим. Энди эса, йўқ, йўқ… Лаънат шайтонга! Ҳали ҳам бу ишнинг бошида сиздек меҳрибон олампаноҳ турганига ишонмайман, сиз аҳли одиллар одилисиз!-дебди.
Шоҳ қаҳа уриб кулибдида׃
-Ҳақиқатдан ҳам сен махлуқ ҳали тўла манқуртга айланмабсан, сен ўзинг ҳақингдаги бу гапларни бошқаларга ҳам айтиб юрганингни эшитгандим, лекин одил шоҳ бўлганим учун сени ўзим синов қилдим,-дебди.
Шоҳ кейин мулозимларини чақириб, бу қулни қайтадан қозиққа тортишни буюрибди…
МУХТАСАР МАЪЛУМОТ
Ўзбекистондаги нашрларнинг бош муҳаррирларига ҳамда телеведение ва радио раҳбарларига қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ва унинг асарлари номини эсга олишни тақиқлаш бўйича оғзаки буйруқ берилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Манбаларнинг қайд этишича, қирғиз ёзувчисининг номи ва асарларини эслашга тақиқ Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеаларга ва уларнинг ортидан минглаб бегуноҳ ўзбекларнинг қурбон бўлишига жавобан бўлган. Яъни Чингиз Айтматов ўзининг асарларида қавмдошларининг ваҳший ва шавқатсиз феълини тасвирлаб келган ва қирғизларда миллатчилик туйғуси кучланишига хизмат қилган.
Filed under: Qiyomat kuni |








You must be logged in to post a comment.