Жаҳонгир Муҳаммад׃ “ҚИЁМАТ КУНИ” (10)

Блогда ёзиб борилаётган тарихий-замонавий роман
-10-
Эликот шаҳри, Мериланд штати.

Яқинларимдан бири миясига қон қуйилиб, касалхонага тушди. Етмиш ёшда. Бундай пайтда тузалиш осон кечмайди. Бунинг устига миясига қон қуйилганини кеч билиб қолишибди. То касалхонага олиб боргунча қон қотиб қолибди. Ўзига қайтмади. Пайшанба куни оламдан ўтди. Кўнгил бузилди, аммо таскин берувчи гаплар кўп.
“Жума оқшомида…”
“Муқаддас Рамазон кунларида…”
“Номи Мурод эди, балки шундай кунларда кетишни орзу қилгандир? Шундай бўлса муродига етди”.
Лекин ўлимни ҳам орзу қилиш мумкинми?
Ким билади, шунақа деганлар ҳам бор.
Дарвоқе, узоқ вақт қийналмасдан, азоб чекмасдан ўлишни Раббидан сўраб юрганлар кўп.
“Ёши етмишда” дедим… Бу ҳаммага ҳам насиб этмайди. Раҳматли онамни эслайман. Бор йўғи 42 йил яшагандилар. Раҳматли дадам эса онамдан беш йил кўп. Шунга қиёслаганда унинг ўлими қиёмат ва жаннатдек гап.
Қолаверса, ўлмайдиган одам борми? Ҳаммамиз кетамиз… Етмишда кетиш учун ҳали 15 йил яшашим керак экан. Буни уддалай оламанми, йўқми, бу менга аён эмас.
”У етим-есирнинг бошини силаганди. Болалари катта бўлиб, йўлларини топиб кетишган. Дуо қилишаётгандир?”
У мени доим сизлаб гапирарди. Ундан анча ёш бўлсам ҳам “ака” дерди. Икки ойча олдин охирги марта гаплашганимизда у негадир сенсираб гапирди. Балки илк бор ўзига яқин олгандир? Балки ўзининг ёши бир жойга етиб қолганини ҳис қилгандир? Балки… ўшандаёқ саломатлиги дарз кета бошлаганмикан?
“Ўлди-кетди” деган гап бор. Лекин мен буни қабул қила олмайман. Ўлганларнинг ўлганига ишонмай юраман. Худди телефон қилиб қоладигандек, худди йўлда қаршимдан чиқиб қоладигандек… Балки бу ҳам қусурдир?
Хуллас, ана шундай ўзимга ўзим савол беришни яхши кўраман. Саволлар билан ухлаб, саволлар билан уйғонаман. Ўзимнинг саволларим камлик қилганидек, бошқалар ҳам савол беришади.

Шулар ҳақида ўйлаб ўтирганимда Саиджон сим қоқиб қолди׃
-Эшитдингизми, Тоҳир Йўлдош ўлибди!-деди у. Мен эса у телефон қилса, ундан Истанбулдаги воқеалар давомини сўрамоқчи эдим. Дарвоқе, у воқеалар ҳам яқин тарихнинг саҳифалари. Саиджон гап очган Тоҳир Йўлдош масаласи ҳам энди тарихнинг бир қисми.
-Эшитган эдим, лекин ишонмагандим,-дейман унга.
-Ҳа, унинг ўлгани бир йил олдин экан… 42 ёшда экан… Мен у билан учрашганимда уни олтмишга бориб қолган одам деб ўйлагандим.
-Мен эса у билан учрашганимда у ҳали ёш йигит эди. У пайтда ҳали қонли йўлларга кириб кетишини, кимларнинг қўлида байроқчага айланишини ва шу йўлда ўлишини тасаввур ҳам қилолмайдиган даражада эди. У пайтда хаёлида фақат Ўзбекистон бор эди. Кейин Ўзбекистонни унутиб, Фаластину Толибон учун аскар бўлишини балки билмас ҳам эди. Мана энди унинг ўлгани айтилмоқда. Бу бир йил олдинги сана…
-Сиз шунга ҳам шубҳа қилаяпсизми? Лекин менда шубҳа йўқ. Менинг саволим бошқа. Нима учун халқни эзаётганлар етмишга етиб, саксонга қараб сакраяти, халқ томонида турган одам жувонмарг бўлди?-Саиджонинг овози титраётган эди. Демак, жаҳли чиқмоқда.
-Мен Худо эмаски, бу саволингизга жавоб берсам. Мен ҳам сиз каби оддий бир одамман. Лекин фикримни айтишим мумкин. Биринчидан, унинг ўлганига ҳали ҳам ишонганим йўқ. Иккинчидан, унинг “халқ томонида турганди” деганингизга ҳам қўшилмайман.
-Сиз билан гаплашсам мазза қиламан. Телефонни синдиргим келиб кетади. Ҳамма гапимга қарши чиқасиз!
-Бўлмаса, баҳс бўлмайди-да.
-Ахир Тоҳир Йўлдошнинг ўлгани ҳақида унинг суратини ҳам қўйишган. Интернет тўлиб ётибдику бундай суратлар билан.
-Худди ўша суратлар шубҳа уйғотди-да. У суратлар ўликнинг эмас, тирикнинг суратига ўхшайди. У “шаҳид” деб топилибди, қизиқ ким томонидан? Майли бу бошқа масала, шу “шаҳид” деб топилган одам кийим-боши билан кўмилади, шундайми? Унинг кўйлагига қарасангиз бўйнига қадар қонга ботган. Аммо вужудининг теппа қисмида шу қоннинг белгиси йўқ. Ёки вужудини ювиб, кейин кийимларини қайта кийгизишдимикан? Агар шариатда шунақа шарт бўлса, у ҳолда узр сўрайман. Лекин мен унинг васиятини ҳам эшитдим. Йиғи-сиғи қилибди. Ҳеч кимнинг ҳақини емагани, ҳеч кимга хиёнат қилмагани, яқин одамлари қаерларгадир бориб унинг ҳақида алламбалоларни айтиб юришганидан нолиб, йиғлаган.
-Мен ҳам эшитгандим…
-Ўлимга тайёрлигини бот-бот айтибди. Шунчалик ўлимдан қўрқмайдиган одам бориб Покистонда урушиб юрадими? Кейин… менимча у ҳақда очиқ гапирган унинг тансоқчиси бўлганди. У хорижий радиолардан Тоҳирни бошқаларнинг ҳақига хиёнат қилишда, одамларни Каримов каби қийноққа солишда, яккаҳокимликда, зулмчиликда, танишбозликда айблаганди. Лекин бу айбловлар “у ўлди” дейилган 2009 йилнинг 27 августидан бир ой кейин айтилганди. Агар бу пайтда у ўлган экан, демак у ҳақда айни гапларни олдинроқ бошқа сафдошлари айтган бўлади. Хўш, ким ва қачон у ҳақда бундай айбловларни очиқ-ойдин айтган эди? Мен буни эслай олмайман ва танишларимдан ҳам суриштириб чиқдим, улар ҳам бунақа гапдан хабарлари йўқ экан. Интернетдан ҳам топмадим. Тоҳирни йиғлатадиган даражадаги айбловлар энг камида хорижий радиолар ёки Интернет сайтларидан айтилиши керак эди. Шундай эмасми?
-Билмасам…
-Менда ҳаракатга унинг нимжонгина, оғзидан гапи тушиб кетай деб турган куёви амир этиб тайинлангани ҳақидаги гап ҳам шубҳа уйғотди. Хўш, уни ким тайинлади? Нега энди унинг куёвини? Нега энди бугунгача коммунистларни оилавий бошқарув, танишбозлик касалига йўлиққанликда айблаган бу ҳаракатнинг ўзи қариндош-уруғчиликдан қутула олмади?
-Ака, менга савол бераяпсизми? Мен сизга савол бериб, сиздан жавоб оламан десам, сиз мени савол билан бомбардимон қилаяпсиз-ку?
-Йўқ мен бу саволларни ўзимга ҳам бераяпман. Ҳақиқатни топиш учун ўзингга ўзинг камида юзта саволни беришинг керак. Агар шу саволлардан тўқсон тўққизтаси ҳақиқатни кўрсата олса, демак сен ҳам кўра оласан. Акс ҳолда ёлғонни ҳақиқат деб билаверасан.
-Ака, ахир Тоҳирнинг сафдошлари у ҳақда ёниб ёзишмоқда-ку?
-Менимча уларнинг сафига яхши ёзадиган қобилиятли бир киши қўшилган бўлиши мумкин. Улар ҳам энди интернетда яшашга ўтдилар, менимча. Аллақачон турли сайтларда постинглари пайдо бўлмоқда. Яқин орада интернет жанжалларига ҳам қўшиладилар. Демак, улар жанг майдонларини тарк этиб, тинчгина жой топишган ва биз каби гапбозликни танлашган.
-Хўш, у ҳолда Тоҳирга ўлиш нима учун керак бўлиб қолди?
-Олдинлари ҳам у тез-тез “ўлиб” турарди. Лекин бу сафар чинакамига ўлиб юборди.
-Ака, ҳар нарсадан шубҳа қилиш ҳам яхши эмас. Айниқса, рўза кунлари…
-Рўза кунлари савол бериш мумкин эмас, деган гап борми? Мен савол бераяпман. Бировга эмас, ўзимга. Агар саволларимга жавоб топа олсам, демак, шубҳаларим ўринсиз бўлади. Аммо жавоб тополмасам, у ҳолда шубҳаларим ўзимга юк бўлади. Елкамда ташиб юришимга тўғри келади.
-Ака, лекин сиз менинг саволимга жавоб беришдан қочдингиз.
-Йўғ-е…
-Бўлмаса-чи? Мен сиздан “у ҳолда Тоҳирга ўлиш нима учун керак бўлиб қолди?” деб сўрадим, сиз бўлсангиз….
-Ҳақсиз… Қочиб кетилган жойдан қайтиб келамиз. Бундан бир ой олдин Бинладен ўрнига бошқа одам тайинлангани ҳақидаги хабарлар чиққанди. Лекин дунё бу “шашлик”ни емади. Кейин чечен жангарларининг лидери истеъфога чиққани ҳақида баёнот берди. Мана энди Тоҳир Йўлдошнинг ўлгани тасдиқланди. Жуда қизиқ эмасми? Майли, ўлган бўлсин ҳам. Ишондик ҳам. У ҳолда ҳаракат ҳам ўлган. Чунки унинг лидери яраланармиш, касалхонага тушармиш, уни суратга олишрамиш, лекин бу ҳақда гап тарқалмас эмиш. Ҳали яна битта кино чиқариб, Бурҳониддин Раббоний ҳам кўмиш маросимида қатнашган эди, деб қолишар?
-Мен ҳам қизиқиб қолдим. Лекин барибир саволимга жавоб бермадингиз…
-Бундан бир муддат олдин интернет сайтларидан биттаси АҚШ Мудофаа вазирлигига оид 90 минг саҳифали махфий ҳужжатларни эълон қилди. Ўша ҳужжатларда Покистон махфий хизматларининг у ердаги жангарилар билан алоқаси борлиги ҳақида жиддий айбловлар бор эди. Шундан кейин Покистон “тоҳирлар”га минтақадан чиқиб туришни тавсия қилган бўлса-чи? Ёки Покистон ҳукумати Тоҳирнинг бир йил олдин ўлиб қолганини истаган бўлса-чи? Бунинг устига Қирғизистон ҳукумати Ўшдаги воқеаларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати мансубларини ҳам айблади. Бошлиқсиз қолган тўданинг иштироки қандай бўлиши мумкин? Бу ҳам савол. Агар Тоҳирнинг жилови Москвада бўлса, унинг ўлиб туриши ҳақида ўша ердан ишорат келмадимикан?
-Жа, чегарадан ўтиб кетдингиз…
-Майли озгина орқага қайтамиз…Тоҳир ҳақида хотираларини ёзган Яҳё Ҳикматий деган сафдоши 1996 йилнинг 21 октябр куни Афғонистонда мустақил Ўзбекистон Исломий ҳаракати таъсис этилгани ва Саид Абдулло Нурий унга васиқа берганини айтади. Демак, Тоҳирнинг Афғонистондаги фаолияти ўша йилдан бошланган. Лекин унинг васияти дейилган аудио ёзувда у ўзиниг Афғонистондаги жиҳодига 14 йил бўлганини айтади. Агар бу 1996 йилдан бошланган бўлса, унга 14 йилни қўшсангиз, 2010 йилга келиб тақалмоқда. Васият битиги Тоҳир ўлдирилган дейилаётган 2009 йилда тасмага олинган бўлса, у ҳолда унинг Афғонистондаги фаолияти 1995 йилдан бошланган бўлиб чиқади. Кобулнинг Толибонга ўтиши эса 1996 йилдандир. Бу ерда қандайдир чалкашлик бор? Ҳатто, “ўн беш йил олдин айтган ҳар бир сўзини ҳам адашмай эслайдиган” деб ёзилган Тоҳирнинг бир йилга адашиб кетиши қандай бўлди экан? Албатта буни аниқлаш менинг ишим эмас. Аммо шундай савол туғилганини шунчаки сизга айтдим қўйдим. Қолгани Яратганга аён.
-Васият ҳақиқатдан ҳам анча сирлига ўхшайди…
-Тоҳирнинг васияти дейилган аудио тасма менда яна бир қанча саволларга туртки бўлди. У “Яхшими ёмонми сизларга бир неча муддат амирлик қилдим” деган гапни ишлатади. Бундай гап одатда вазифадан кетаётган киши томонидан айтилади. Бу жуда қизиқ!
Кейин ”Ҳайъат бўлиб уйимми текширсин” деган гап бор. Демак, ўлгунга қадар ҳам унинг уйи-жойи аниқ бўлган, унинг видеархивлари бўлган ва буни кўпчилик билган. Кўпчилик билдими, демак Покистон ҳукумати ҳам билади. Унда унинг бошига бир неча юз минг доллар қўйилиб, қидириб юрилгани нима бўлди?
Унинг ўзи ”Мен кўп одамга кўп дарра урдирганман” деб айтмоқда сафдошлари ҳақида гапириб, норозилар кўплигини айтиб йиғламоқда. Шундай шароитда қандай қилиб очиқ яшаши мумкин?
-Ака, лекин…
-Лекин…У шунингдек, Туркияга борганида бухоролик қизлар фоҳишалик қилиб юрганини эшитганини, бу етмиш йил олдин чиқиб ҳижрат қилаётганларнинг авлодлари эканлигини айтади. Етмиш йил олдин 2 миллион одам муҳожир бўлиб чиққан, уларнинг авлодлари Авропада юрибди, Америкада юрибди. Фарзандлари фоҳиша бўлиб юрибди, дейди.
Биласиз, мен Туркияда тўрт йил яшадим ва мана Америкада ўн йилдан ошди. Лекин етмиш йил олдин чиққанларнинг авлодлари фоҳишалик қилиб юрибди, деган гапни бир марта ҳам эшитмадим. Агар Тоҳир мустақилликдан кейин шундай ҳол бўлмоқда, Туркия ва араб давлатларида ўзбек қизларининг фоҳишалик қилиб юрганини ўзим кўрдим, деса унга ишонса бўларди. Лекин олдингиларнинг авлодини ёппасига айблаш бу оддий қилиб айтганда туҳматдир. Туҳматчини эса шаҳид дейиш мумкинмикан? Бу ҳам савол.
-Ака, прокурорга айланиб қолаяпсиз-ку?
-Прокурор айблайди. Мен эса савол бераяпман. Бу менинг ҳуқуқим. Гапни бошладингизми, энди охиригача эшитасиз.
-Эшитаяпман…
-У “1992 йилдан бери мингга яқин шаҳид бердик. Ҳали битта қишлоқни ҳам озод қилолмадик” деб умматнинг хароблигидан гапиради. Мингта одам ўлиб, ҳеч нарсага эришилмаган бўлса, у умматни эмас, ўзини айблаши керак эмас-ми? Негадир унинг чақириқларида Ўзбекистондаги зулм ҳам ўз ўрнини йўқотган. Балки мусиқани буюрган ўйинни ҳам буюргандир?
-Ака, буларнинг ҳаммаси саволлар ва жавоб ҳам кутмаган саволлар. Ўлдими ёки ўлмадими энди қизиғи йўқ. Гап шундаки, энди у ўртада йўқ. Унинг куёви эса қори экан. Ёзилган нарсани чиройли қилиб ўқиб берадиган қори экан. Шу билан баҳсимизга нуқта қўйишимиз ҳам мумкин.
-Шундай экан нега телефон қилдингиз?
-Аслида мен бу хабар баҳонасида унинг Қирғизистон жанубида 1999 йилда кўрсатган ҳунарларини эслатмоқчи эдим. Каримов ҳам ўшандан кейин катта баҳонага эга бўлгани ўзингизга аён. Дунёнинг олдида юзи “ёруғ бўлди”. Акаев ҳам ўшандан кейин ўзгарганди. Айниқса, жанубга ҳар куни қўшин келавергани, ҳамма ёқни титишавергани маҳаллий қирғизларга ёқмай қолганди. Икки гапнинг бирида улар “ўзбекнинг сояси бизга қимматга тушмоқда” дейдиган бўлиб қолишганди.
-Хуллас, ким ҳақида гапирманг бир оёғи жанубда. Тоҳирку энди ўлди. Ё жисмонан, ё руҳан. У энди қайтмайди. Ўзбекистон матбуотини қўя туринг, битта бундайроқ жангари ўлдирилса, назардан қочирмайдиган АҚШнинг инглиз тилидаги матбуоти у ҳақда бир жумла ҳам битмади. Балки уларда ҳам саволлар устун келган бўлиши мумкин. Хуллас, бир муддатдан кейин у унутилади, Жумавой каби. Лекин унга ишониб, адашиб юрганлар яна ҳунарлар кўрсатишлари мумкин.
-Ҳа, ака, Ўтинбоеванинг гапларига эътибор қилдингиз-ми! У жангарилар сафига 200 киши юборилгани ва қирғин ҳали яна давом этишни айтиб қўрқитмоқда. Лекин шу гап рост бўлса, зўр бўлардида. Қирғизларни инига киритиб юборардик.
-Ўтинбоева ўзини сақлаб қолиш учун жангарилар баҳонасида яна бир марта қирғин қилишим мумкин, демоқда.

-Унинг югурдаклари эълон қилган ҳисоботда ҳам ўзбеклар ва журналистлар айбдор қилиб кўрсатилди.

-Бу ҳисобот эмас. Комиссия мансубларидан баъзиларининг фикри. Улар бу фикрлари билан қаршиликка учрашларини билганлари учун ҳам бошқалар билан маслаҳат қилмай гапириб юбордилар. Бу сиёсий ўйин. Информацион жангда ютқазганлари учун ётиб қолгунча, отиб қол, деган усул. Жанжал бошланишида ўзбекларнинг ҳам ўринлари бор. Лекин бу жуда оз даражада. Оддий қирғизларнинг ҳам улушлари жуда оз даражада. Бугун ана шу нарсани ёпишга уриниш бўлмоқда. Ҳар икки томоннинг ҳам “оғзи очиқлари” ўзларини тута олмаятилар. Бундан фойдаланган ҳақиқий ташкилотчилар ҳаммани у соҳилдан бу соҳилга, бу соҳилдан у соҳилга ташимоқдалар…
Ҳали гапириладиган гаплар кўплигига қарамай, суҳбатимиз шу ерда узилди. Чунки..

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ
Тоҳир Абдулхалилович Йўлдошев (Тоҳир Йўлдош, Муҳаммад Тоҳир Форуқ) 1968 йилнинг 2 октябрида Наманганда туғилган.
У болалигидан Мужодидия Ҳусайния нақшбандийлик сўфий гуруҳи анжуманларига қатнаган. Шунингдек, сўфийлик оқимининг таниқли намояндаси қўқонлик Эшон Иброҳимдан таълим олган. Шундан кейин наманганлик Умархон қорига шогирд тушган.
1991 йилда у “Адолат” уюшмасини тузади. “Ислом Лашкарлари” гуруҳини тузишда етакчилик қилади.
“Тавба” гуруҳининг пайдо бўлишида ҳам иштирок этган Тоҳир Йўлдош Жума Ҳожиев(Наманганий) билан 1992 йилда Тожикистонга ўтиб кетади ва Тожикистон Ислом уйғониш ҳаракати сафларига қўшилади.
1996 йили Афғонистонга кўчади ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига асос солади.
1999 йилда Тожикистонга қайтиб, у ердан туриб Марказий Осиёда жангарлик амалиётларини бошлатади.
1999 йилда Қирғизистонда бир гуруҳ геологларни гаровга олади. Уларнинг орасида японлар ҳам бўлгани Ўзбекистон Исломий ҳаракати номини дунёга ёяди. Япония ва Қирғизистон орасида гаровдагиларни қутқариш бўйича юқори даражали музокаралар бошланади. Гаровга олинганлар олти юз миллион доллар миқдоридаги пулга сотилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади.
2000 йилда эса Ўзбекистон Исломий ҳаракати Қирғизистон жанубида Америка алпинистларини гаровга олади. Улар жангарилар қўлидан қочиб кетишади.
Тошкент Тоҳир Йўлдошни 1999 йилги портлашларни уюштирганликда айблаб, сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилади.

(ДАВОМИ БОР)

%d bloggers like this: