Блогда ёзиб борилаётган тарихий-замонавий роман
-9-
Истанбул,Туркия
Саиджон Алишер билан Истанбулга келди. Бу унинг қадимий ва афсонавий шаҳарга илк бор келиши эди. Шунинг учун ҳам кўнглининг бир четида ҳаяжон билан бирга яна бир четида дўсти Алишерга миннатдорчилик туйғуси ҳам жўшаётганди. Лекин уларни кутиб оладиган киши келмади.
Алишер кимгадир сим қоқди. Икки соатлардан кейин Темур деган йигит келиб, уларни меҳмонхонага олиб бориб, жойлаштирди.
Темур туркча ва ўзбекчани аралаш қилиб гапирар экан. Аслида у жуда оз гапирадиган киши экан. Салом-аликдан нарига ўтмади. Саиджон меҳмонхонада қолди. Алишерни эса Темур олиб кетди.
Меҳмонхона шаҳарнинг марказида, “Ёпиқ бозор”нинг шундайгина биқинида экан. Кейин билса, бу меҳмонхонанинг соҳиби Усмонхўжа деган ўзбек экан. Ўшанда Саиджон бундай тарихий шаҳарнинг қоқ марказида кўп қаватли меҳмонхонаси бўлган ўзбекни бир кўришга, у билан бир саломлашишга иштиёқманд эди. Лекин бу насиб этмади.
У тунги Истанбулни томоша қилиш учун пастга тушди. Меҳмонхонанинг кошона қилиб безатилган кириш жойида׃
-Ука сиз ўзбекмисиз?-деган овоздан “уйғониб кетди”.
-Ҳа… Ассалому алайкум!
-Ва алайкум ассалом. Хуш кебсиз!
-Раҳмат!
Ҳалиги одамнинг ёши тахминан элликларда, бўйи паст, аммо гавдаси тош кўтарадиган спортчиларникидек миқти эди. Улар у ёқ-бу ёқдан гаплашдилар.
У одамнинг исми Абдулла экан. Саиджоннинг Ўшдан келганини эшитиб, авзойи бузилган тарзда суҳбатни эринибгина давом эттирди׃
-Мен бир ошхона оча бошлагандим. Ўшанда ўшлик Илҳом деган бир бола келиб қолди. Севиниб кетдим. Ватанимдан, бобо юртдан келган деб унга қучоқ очдим. Ошхонада уна алоҳида хона қилиб бердим. Яхшигина маош ҳам тўлаб юрдим. У лаҳжамизни тез ўзлаштириб олди. Уни ичкаридан ташқарига чиқариб, хўрандалар билан муомалага қўйдим. Ҳисоб-китоб ҳам унинг қўлида эди. Нима бўлса ҳам ўзимники деб ўйлардим. Бизниклар Шўроларнинг зуғуми билан Марғилондан чиқиб кетишган. Марғилон ва Ўшнинг ораси бир қадам. Балки ота-боболаримиз бир-бирларини таниган ҳам бўлишлари мумкин? Хуллас, бу болага меҳр қўйгандим. ..
Абдулла аканинг ҳикоясидан маълум бўлдики, у тез орада Илҳомнинг қўли эгрилигини сезиб қолибди. Иккаласи “сан-ман”га борибди. Илҳомни бир тарсаки урган экан у ҳам жавоб қилибди. Кимдир миршаб чақирибди.
-Ўшлик деганим ана шунақа чиқди…
-Ҳаммаси ҳам бир эмас,-деди Саиджон.
-Ҳаммаси ҳам бир гўр. Мана Ўзбакистондан келганларини ҳам кўриб турибмиз. Бизку биз, улар ўзларини ўзлари ҳам алдашади. Ўша ношуд Илҳом бўлмаганда, мен мана бу ерда эшик оғаси бўлиб қолмасдим. Ўшани деб ҳамма нарсамдан айрилдим.
-Битта жанжал учун қандай қилиб ҳамма нарсангиздан айриласиз?
-Э, у Илҳом дегани қирғизнинг жосуси бўлиб чиқди.
-Қирғизга бу ерга жосус юбориш нима учун керак?
-Ислом отанинг душманлари бор бу ерда. Шулар ҳақида билиш учун юборган экан. Бу муттаҳам қирғизлар Ислом отанинг тилини қисиқ қилиб қўймоқчи бўлишган. Оз қолсин мен ҳам қамалиб кетардим. Ҳамма нарсамни сотиб овқатга тўлаб қутулдим.
Саиджон ўшанда ҳайрон бўлганди. Туркияда адвокатни “овқат” дейишаркан. Роса кулгиси келганди. Лекин кейин бундан ҳам кулгили ҳолатлар чиққани учун бу эсдан ҳам кўтарилди.
-Бўлмаган гап, бизникилар қирғизга ишламайдилар,-деди ўшанда Саиджон.
-Сизникилар керак бўлса шўрога ҳам ишлайдилар, Хитойга ҳам, Эронга ҳам…
Бир зумда улар “сизники”, “бизники”га тушиб қолишди. Ўртада кўнгилларни оғритадиган гаплар айлана бошлади. Охирида Абдулла ака Саиджонга бир тарсаки тортиб юборишига оз қолди. Чунки Саиджон билмай ёмон бир сўзни ишлатиб юборди. Абдулла аканинг унинг юзига узатган қўли ҳавода қолди׃
-Сенга гап қўшган Абдулланинг падарига лаънат! Ана кўчага чиқ, наташалар ўрнини сеникилар эгаллаган. Санлар исломга юз ўгириб копир бўлдинг! Уруснинг қони билан яшаб юрибсанлар!
Саиджон титраб кетди. Бу гапларга жавоб бериши керак эди. Мушт биланми! Сўз биланми? Энди қандай қилиб бу ҳақоратни кўтариб юради? Балки жавоб бермай яхши қилгандир? Агар жавоб берса натижаси нима бўларди? Бу одамнинг жаҳли тез экан. Балки унинг жаҳлини чархлаган ўша Илҳомдир?
Хуллас, Саиджон жуда хафа бўлди. Ҳам ўзидан, ҳам Абдулла акадан. Бизнинг бошимиз бир қозонда қайнамайди, деб ўйларди у. Балки Абдулла аканинг ҳам хаёлидан айни фикрлар ўтаётандир? Саиджон бориб, ўша Илҳом учун ҳам, ўзи учун ҳам узр сўрамоқчи бўлди, аммо бўйни тоб бермади. У хонасига чиқиб ўзи билан ўзи “олишиб” ётди.
Алишер ярим тунда қайтди ва Саиджонга׃
-Эртага ҳукумат одамлари билан учрашувга борамиз,-деди.
Эртасига Истанбулдаги Таксим майдонига боришди. Саиджон атрофга аланглаб боқарди. Ҳамма нарса унга бошқача кўринарди. Алишер эса худди шу ерда катта бўлгандек, ҳеч нарсага парво қилмай, тез-тез юриб борарди.
Отатурк номидаги Маданият маркази ёнида уларни Рўзимбей деган киши кутиб урган экан. Рўзимбей новчадан келган, соқолдор киши экан. Ўзбекчаси яхши. Сўзларни чўзиб-чўзиб гапиришидан Афғонистон томонлардан келганга ўхшарди. Негадир у Саиджон билан очилишмади.
Хуллас, уччовлон Маданият марказининг орқасидан пастга қараб сўқмоқлардан тушиб боришарди. Саиджон ҳукуматнинг идораси шунақа жин кўчалар орасида бўларканми, дея ҳайрон эди.
Улар сассиқ сувлар шилдираб турган бу жин кўчалар орасидаги икки қаватли уйнинг ёнида тўхташди. Бинога кириш эшигида бир қанча тугмалар ўрнатиб қўйилган бўлиб, Рўзимбей улардан бирини босиб׃
-Биз келдик,-деди туркия туркчасида.
Иккинчи қаватга кўтарилишди. Кираверишдаги хонага диванлар қўйилган ва уларни кутиб олган ёш йигит Рўзимбейни диванга бошлаб, Алишер ва Саиджондан ичкаридаги хоналардан бирида ўтириб туришни сўради.
Хона кичкина, битта каравот бор эди, холос.
-Ҳукумат одамлари дегандинг, қаерга келиб қолдик?-деди Саиджон Алишерга.
-Содда одамсанда жўра, ҳукумат одамлари истаган жойда учрашаверади,-деди Алишер жиддий оҳангда.
Бирор соат кутишди. Ниҳоят уларни диванли залга чақиришди. У ерда Рўзимбейдан ташқари яна икки киши ўтирганди. Улар ўзларини таништиришмади ҳам. Бирдан ўринларидан туриб, чиқиб кетишди. Кейин маълум бўлдики, таҳорат олишибди. Улардан бири азон айтган каби қўлини қулоғи олдига қўйиб, бир нималар деди. Рўзимбейни олдинга олишди. У имомлик қиладиган бўлди. Алишер ва Саиджон нима қилишларини билмай бир-бирларига қараб туришганди уларни кутиб олган йигит келиб, ёнларига ўтирди. Кейин бошқа бир хонадан икки киши чиқди. Улардан бири диванга келиб ўтирди ва бири намоз ўқиётганлар сафига қўшилди. Шу пайт ташқаридан азон овози келди. Шундагина Саиджон бугун жума эканлигини ва вақт тушдан оғганини англади.
Намоз қилганлар ишларини битургунча дивандагилар гуноҳ қилган болалардек бош эгиб ўтиришди. Намоз қилувчилар ибодатни тугатишгач дивандаги йигитлар уларга салом берган бўлиб, ўринларидан туришди ва жой бўшатишди. Ҳалиги кишилардан бири Алишерга савол бера бошлади׃
-Бу йигит ким?
-Мен бу йигит ҳақида Рўзимбейга ҳам гапириб бергандим. У яқин жўрам бўлади. Ҳизбчилар орасида ошналари бор. Идушникларни ҳам билади. У ердаги ҳамма гапдан хабари бор. Одамлари кўп.
-Идушник деганинг нима?
Рўзимбей׃
-Бу Ўзбекистон Ислом ҳаракати мансублари,- деб тушунтиб берди.
-Йўқ бунақаси кетмайди. Жумани қочириб ўтирибсанлару қандай қилиб санлар билан гаплашамиз. Ҳали ҳам уруснинг йўлидан чиқмадингизлар!
У одам кейин Рўзимбейга юзланди׃
-Бошқонингизга айтинг, тузукроқ одамлар топсин! Дарахтни тагига сийиб турганларни олиб келмасин!
Унинг гаплари Туркия туркчасида бўлгани билан Алишер ҳам, Саиджон ҳам тушунишди.
-Ака, сиз бизни ҳақорат қилманг. Биз бу ерга ҳақорат эшитиш учун келмадик,-деди Алишер.
-Бўлмаса нима учун келдинг, қардошим?
–Нарёқда ҳам биттаси “қардошим”, “қардошим” деб итариб юрибди,-Алишер шундай деб ўрнидан турганди Саиджон ундан олдин эшикка отилди.
Булар ҳукуматнинг қайси қанотидан экан? Разведками? Армиями? Ҳукуматдаги партиянинг бирор яширин ташкилотими? Нега бизга бундай қўпол муомала қилди?
Саиджон шу фикрлар гирдобида экан, Рўзимбей уларни йўлдан қайтарди׃
-Бу ерда англашилмовчилик бўлди. Туркчада ҳаммани сенсираб гапиради. Гап сал қўполроқ чиқди.
-Ака, тўғри, биз намоз қилолмадик. Чунки икки соатдан бери ана у хонага қамаб қўйган эдингиз. Таҳоратимиз йўқ. Қолаверса, саёҳатдамиз. Кимнинг кимлигини бу одамлар эмас, Ўзи билади,-деди Саиджон бармоғи билан кўкка ишора қилиб.
Шу пайт уларнинг ёнига ҳалиги одамлардан бири келди׃
-Рўзимбей, буларни Анталияга олиб бор. Бир ҳафта диндан дарс олишсин. Бир ҳафта қурол отишни ўрганишсин. Бир ҳафта катталар билан муомалани. Раиснинг олдига борганда, бизни уялтирадиган бўлишмасин,-деди.
-Булар бор йўғи димломатларни олиб чиқадилар…
-Буларинг ўша дипломатларга эгалик қиламанЮ деб қолишлари ҳам мумкин. Аллоҳдан қўрқмагандан қўрқ деганлар, қардошим!
У шундай деб жилмайдида Алишер ва Саиджонни қучоқлаган бўлиб, яна ичкарига бошлади. Бир зумда диванлар орасига қўйилган хонтахта каби стол устида мевалар ва ширинликлар пайдо бўлди. Кичкина балдоқчаларда чой олиб келишди.
Ўтирганлардан бири Алишерга юзланди׃
-“Транспортер” деган кино бор. Шуни кўриб олинглар. Ўша кинодаги йигит каби чаққон, ақлли, энг асосийси аскар бўлиш керак. Ҳа, дарвоқе “Қора Ойбек” ҳақида бир нарса биласизларми?
Алишер жавоб бермай жилмайдида Саиджонга қаради׃.
-У ифлос одам. У қирғзиларнинг қўлида кукла,-деди Саиджон.
-Ундай дема, қардошим. У ҳам биздан. Ҳаммамиз бир умматмиз.
-Умматнинг ичида ёмон одамлар бўлмайдими?
-Бу энди бошқа гап. Лекин сен қирғизларни ҳам ёмон деяпсанда?!
-Уларнинг ичида ҳам ёмони бор!
-Бу бошқа гап.
-Ўша “Қора Ойбек” Қодиржон акамни ўлдирмоқчи бўлди. Аммо биз уни қутқазиб қолдик.. У дунёвий ҳукумат тарафдори.
-Буни бирор жойда эълон қилганми?
-Эълон қилмаган бўлса ҳам ҳамма билади.
-У ҳозир қаерда?
-Аслида очиқда, аммо қамоқда. Хохлаган жойида юради…
Шу билан улар бошқа савол бермадилар. Улардан бири Рўзимбейга юзланди.
-Қардошим, биласан 1994 йилда бир марта қоқилдик. Уддалай олмадик. Пуллар ҳавога учиб кетди. Бу сафар унақаси кетмайди. Ишни пишиқ қилишимиз керак. Бу йигитлар Анталияга боришларидан олдин уларга мана буни бер, ўқиб чиқсинлар,- деди.
Улар қайтар эканлар Рўзимбей китобга ўхшаган “делони” узатди. Ҳаммаси ўзбекчада ёзилган ва 1994 йилдаги ишлар ҳақида экан.
“Папка”нинг устига “Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик қўмитасиниг Тергов бўлими томонидан очилган ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, биринчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси Б. Мустафоев томонидан 1994 йилнинг сентябрида тасдиқланган 300-иш” деб ёзилган эди. Алишер уни олиб бир қарадида, Саиджонга узатди. Саиджон шундай очса, 300-ишнинг охирига бир қанча хатлар илова қилинган. У қизиқиб ўқий бошлади׃
Фахриддин Қалқонов׃
1993 йилнинг ёз кунларида менинг ёнимга Шуҳрат келди. Унинг акаси Шавкат Муборакнинг собиқ ҳокимига қайн ука. Шуҳрат менга чет элга борадиган сайёҳнинг варақасини бериб׃
-Туркияга борамиз,-деди.
-У ерда нима қиламиз?-деб сўрадим.
-Пул ишлаб қайтамиз, -деди.
Шароитимиз оғир эди. Рози бўлдим.
Ана шундай қилиб, анча одам тўпланди. Ҳаммамиз Қашқадарёдан эдик. Менга бригадирга ўхшаган вазифа топширилди. Мен ёзиш-чизишда унча фаол бўлмасам ҳам, спорт билан шуғулланганим учун ҳамма менга қулоқ соларди.
-Ҳаммани яхшилаб таниб ол, исмларини ёддан биладиган бўл,-деди Шуҳрат.
Мен ҳамманинг исмини аввал дафтарчамга ёзиб олдим׃
1.Зоир Сатторов
2.Шокир Холиқов
3.Неъмат Жўраев
4.Нормурод Аҳмедов
5.Акрам Қулов
6.Баҳодир Жуманов
7.Шавкат Раҳматов
8.Ибодулла Бердиқулов
9.Улуғбек Каримов
10.Камол Жаброилов
11.Раҳимжон Ҳамидов
13.Мирали Бобоев
14.Соиб Орзиев
15.Илҳом Раҳматқулов
16.Маҳмуд Ҳусенов
17.Ўткир Ҳамроев
Лекин булардан иккитаси ўша пайтда биз билан Туркияга келмади. Бизга кейинроқ яна олти киши қўшилди׃
1.Алимардон Эргашев
2.Дилшод Шомиров
3.Ҳусан Эртоев
4.Обид Жасуров
5 Шуҳрат Ғуломов
6.Муҳсим Ғуломов
Мен қарийб бир йил азоб уқубатларда бирга бўлган бу одамлардан баъзилари бугун қамоқда. Уларни 1995 йил суд қилишганди. Баъзилари Чеченистонда, баъзилари Афғонистонда ўлиб кетдилар. Ўлганларини Худо раҳмат қилсин. Тирик қолганларига узоқ умр берсин. Улар алдовга қурбон бўлдилар. Улар оиласи, ота-онасини боқаман деб яхши ният билан йўлга чиқиб, тузоққа илиниб қолганларини билмагандилар.
Кейинчалик қурол отишни ўрганиб бўлгач, карате дарслари олганимизда бизга Туркияда ўқийдиган талабалардан ҳам бир неча киши қўшилди. Бу ҳақда кейинроқ тўхталаман…
Бизга чет элга бориш, бизнесга ўқишни ва ишлаб пул топишимизни ваъда қилганларнинг ўзлари ҳам тузоққа тушганларидан бехабар эканликларини кейинроқ тушундим.
Хуллас, биз жуда кўп азоблардан кейин Гуржистоннинг Батуми шаҳрига келдик. Келсак, Неъмат шу ерда экан.У бизга виза олиб бериш учун келган экан. Қарши шаҳрида Бойтура Караев деган милиционер одам пул олиб, халқаро паспортлар қилиб берганди. Ўшанда 1994 йилнинг феврал ойи эди. Батумида ҳам пул билан ҳар қанақа ишни қилиб беришар экан.
Фақат Нормурод келмаганди. Лекин орадан бир ой ҳам ўтмай у Абдурашид билан бирга келди.
Биз Батумидан ўтиб, автобусда йигирма соатдан ҳам кўпроқ йўл юриб, Истанбулга келдик. Жой йўқ экан. “Ёпиқ бозор” ёнидаги битта меҳмонхонада қолдик. Эрталаб Рўзимбей деган киши келди.
-Нега кечикиб келдиларинг?-деб сўради у.
Мен ҳеч нарсани тушунмадим. Чунки нега у келиб бизга дўқ уришини тушунмадим. Кейин менга бизни ўқитиш ва ишга жойлашни шу одам ташкил қилмоқда, бу ергача етиб келишимизни ҳам у одам амалга оширганини айтишди. Отасига раҳмат, бечора одамларга яхшилик қиладиган одам экан, деб ўйлагандим. Лекин тезда фикрим ўзгарди.
Бизни “Ҳидоят” деган меҳмонхонага жойлаштиришди. Йигитлар ичида норозилик бошланди. Чунки нимага келганимиз ноаниқ бўлиб борарди. На ўқиш, на ишдан дарак бор эди.
Меҳмонхонада аста-секин эшитсак, биз қурол отишни ўрганишимиз керак экан. Каримовни ағдарар эканмиз. Биз янги президентга соқчи бўлар эканмиз. Тошкентдан бизга уй беришаркан. Янги машина, қариндошларимизга ҳам катта-катта ишлар. Мен бу гапларга ишонмадим. Чунки бу ерда қорнимиз тўйиб овқат емаётган эдик. Эрталаб ёки кечқурун бир марта овқатланардик. Устимизда тузукроқ кийим-кечак ҳам йўқ эди. Бу ердаги баъзи ўзбек акаларимиз бизга раҳмлари келишдими, бир сирадан кийиб-бош қилиб беришди. Қашқадарёда бизга ҳеч нарса олмаслик буюрилганди. Шунинг учун ҳеч нарсасиз йўлга чиқиб, поездларда совқотиб, шамоллаб, қийналиб келгандик. Икки киши Батумида касалхонага ҳам тушиб чиққанди. Мана энди Истанбулда ҳам шу аҳвол. Гапнинг очиғи кўпчилик битлаб кетганди.
Бирор жойга бориб, ишлаб пул топайлик десак, рухсат берилмасди, худди уй қамоғида эдик. Мен охири “қайтиб кетамиз” дедим. Рўзимбей мени уйига чақирди.
У Истанбулнинг энг бой одамлари яшайдиган жойида турар экан. Маҳалла атрофи ўраб олинган ва дарвоза ёнида соқчи бор экан. Соқчи жуда тез ва жуда кўп гапиргани учун гапини тушуниш қийин. У мени Рўзимбей турадиган уйга олиб борди. Уйнинг эшигини тақиллатиб, у чиққанда унга “чест” берди.
Рўзимбей меҳмонхонада биз билан жуда совуқ гаплашган эди. Уйида ҳам шундай совуқ кутиб олди. Лекин дастурхонда ҳамма нарса бор эди. Мени кутиб турган экан деб хурсанд бўлиб кетдим. Анчадан бери бунақа овқатга зор бўлиб қолганим учунми олдин қорнимни тўйғазмоқчи бўлиб қўлимни дастурхонга узатдим. У эса׃
-Ҳозир газетадан бир журналист келиши керак,- дея “қўлингни торт” дегандек бўлди ва׃- Нимадан норозисиз?-деди.
Мен унга аҳволимизни айтдим.
-Фақат сизни эмас, бутун Ўзбекистонни, мени ҳам аҳволим оғир,-деди у.
Мен׃
-Болалар ё ишлайлик, ё кетайлик дейишмоқда,- дедим.
-Кетиш йўқ. Бу йўлга бир марта кирилади. Чиқиш йўқ.
Кейин у телефон қилиб, Турк дунёси фондининг раиси билан гаплашди. Оз-моз туркчани тушунадиган бўлиб қолгандим. У Ўзбекистондан йигирмадан зиёд йигит Каримовдан қочиб келгани ва Истанбулда нонга зор бўлиб юрганини, шуларга ёрдам қўлини чўзиш кераклигини айтди.
Кейин менга׃
-Эртага бориб шу чол билан гаплашаман. Сизларни бошқа жойга кўчирамиз,-деди.
Мен унга׃
-Бизга кийим-кечак керак,-дедим. У ўйланиб қолди-да укасини чақирди.
-Учинчи қаватдаги шимлардан буларга беш-ўнта бериб юбор,-деди.
-Уларни Абдураҳмонга бер дегандингиз, аллақачон ўраб, боғлаб қўйдик, у харидор ҳам топиб қўйган…
-Унда Меҳметбейга айт, уч-тўртта олиб бориб ташласин буларга, кейин қолганини ўйлаб кўрамиз, ҳозир пулимиз йўқ!.
Кейин укасига мени эшикдан чиқариб қўйишни буюрди. Укаси оёқ яланг экан, биринчи қаватдаги уйдан оёқ кийимини олмоқчи бўлди. Эшик очилиш билан паловхонтўранинг ҳиди келди. Эшикнинг тўғрисида бир семиз одам ош дамлаётган экан. Кейинчалик бу кишини танидим. Исмлари Аминжон экан. Биз Шила деган жойда – денгиз яқинидаги полигонда қурол отишни ўрганганимизда у киши бизга диний дарс бергандилар. Ўзлари қуролдан оддий бир қутичани ҳам отолмагандилар. Лекин бизни аскарлардек сафга қўйиб, мачитга ҳам олиб борардилар. Яхши одам эдилар.
У киши қозонни кўрсатиб׃
-Анжанча ош бўлаяти, келинг,-дедилар.
Эсимда қолган. У киши қозонга бир пиёла совуқ сув солаётган эдилар.
-Ошнинг “секрети” мана шунда. Гуручдан олдин бир пиёла совуқ сув солиш керак,-дегандилар.
Аммо мезбон мени кузатиб қўйди. Қорним оч эди. Ўша ерга яқин жойда “Оқ Марказ” деган кўп қаватли магазин бор экан. Кириб, нархларига қарасам, жуда қиммат-биз яшаган жой билан беш-ўн баравар фарқ қилар экан. Оч қайтдим.
Эртасига Рўзимбей келди ва ҳалиги чолнинг ёнига бордик. Чол деганлари жуда яхши одам экан. У Турк дунёси тадқиқотлари марказининг раиси экан. Унинг битта мадрасининг ичида ётоқхонаси бўлиб, шу ерда ўзининг ишчилари билан бирга бечораларга бепул овқат ҳам берар экан. Бизни шу ердаги зах тортган ҳужраларга кўчиришди. Туркчадан дарс ола бошладик. Бизга туркчилик, турк дунёси ҳақида гапиришарди. Лекин орамизда анча одам тожик бўлгани учун бу дарслар уларга ёқмас эди.
Биз бу ерда ҳам баъзан бир марта, баъзан икки марта овқатланардик. Кейин билсак, бизни Номиқбей деган бир киши каратега ва қурол отишга ўргатиши керак, аммо узоқ сафарга кетган экан. Орамизда кимнингдир онаси касал, у пул ишлаб юбориши ва онасини амалиёт қилишлари, яна кимнингдир хотини ҳомиладор ва бола кутаётганди, пул юбориши лозим… хуллас, ҳар кимнинг бир сабаби бор эди. Аммо кунлар, кунлар ортидан ҳафталар, ойлар ўта бошласа ҳам биз ҳатто уйимизга телефон қила олмас эдик. Уйимиздагилар биздан, биз улардан хабарсиз эдик. Бу жуда ҳам оғир нарса экан. Буни тасаввур қилиш қийин. Буни бошидан ўткaзганлар билишади…”
Саиджон айтиб берган бу гапларнинг Ўшга нима алоқаси бор деб турибсизми? Сабр қилинг…
МУХТАСАР МАЪЛУМОТ
2009 йилнинг 29 декабрида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 2010 йил учун газ шартномаси тузилди.
Лекин…
2010 йилнинг 5 февралида Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни 50 фоизга камайтирди.
Апрел ойининг иккинчи ярмига келиб, “Ўзтрансгаз” Ўш шаҳри ҳамда вилоятига газ беришни уч баробарга камайтирди.
Ўш газ хўжалиги корхонаси раҳбари Тоҳиржон Алимовга кўра׃ “Ўзбекистон 2010 йилнинг 18 майидан бошлаб газ беришни 60 фоизга қисқартириб қўйди. Шаҳар ва вилоятга соатига 2,5 минг куб метрдан газ бериларди. 18 майдан бери буни 800 куб метрга ўтказиб қўйишди. Бу шаҳарга эмас, ҳатто кичик микрорайонга ҳам етмагани сабабли газни умуман ўчириб қўйдик”.
Бу эса аҳоли орасида асабийликни авж олдирди.
(ДАВОМИ БОР)
Filed under: Qiyomat kuni |
You must be logged in to post a comment.