Жаҳонгир Муҳаммад: Юҳолар қурбони

Ўшда ва Жалолободда ўлганларни яратган раҳматига қовуштирсин! Саргардонлик азоблари остидагиларга ўзи бардош берсин!

Ўлганлар ҳозир, мана шундай даҳшатли хунрезлик билан ўлмасликлари ҳам мумкин эди. Лекин минг афсус! Қувғин исканжасида қолганлар мана шундай азобларни  кўрмасликлари ҳам мумкин эди. Лекин минг афсус!

Инсон махлуқлар орасидаги энг ёвузи экан. У нафақат ҳайвонларни, балки ўзи каби оддий одамларни ҳам сўйиб юборишга қодир, сангруҳ жонзот  экан. У манфаат йўлида қанчадан – қанча бегуноҳлар ўлиб кетишига кўз юма оладиган, ўзи каби инсонларнинг азоби устида кула биладиган  бадбахт экан.

Ҳайрон қоламан. Сайловдан олдин, сайлов пайтида ва сайловнинг ортидан Обамани оғиз кўпиртириб мақтаганлар ва бутун умидларини унга тикканлар бугун энди уни ҳақорат қилмoқдалар. Бу ниманинг белгиси? Сиёсий кўрликнингми? Билмайман.

Ҳайрон қоламан. Баъзилар шахсий манфаатларидан келиб чиқиб, Қирғизистондаги қонуний ҳукуматни ағдарганда “яшасин инқилоб” дея ғайриқонуний равишда ҳокимиятни эгаллаб олганларни олқишлагандилар. Уларни табриклаб, улар билан бирга эканликларини бот-бот эълон қилгандилар. Бугун энди уларни айблашмоқда. Бу ниманинг белгиси? Сиёсий кўрликнингми? Билмайман.

Ҳайрон қоламан. Россия Гуржистонга қўшин киритганда уни босқинчи деб жар солганлар бирдан Каримовдан Қирғизистонга армия киритишни талаб қила бошлашди. Яна битта Қорабоғ яратмоқчи бўлишди. Хайриятки,  бу гапларга биров қулоқ солмади. Акс тақдирда олов ҳеч қачон ўчмайдиган алангага айланарди.

Тассавур қилинг, Каримовнинг армияси Ўшга кирди. Нима бўларди? Қирғизлар учун партизанлик уруши бошлашга асос яратиларди. Дунё ҳам улар томонга ўтарди. Бундан фойдаланган Россия ва Қозоғистон ҳам уларни сиртдан қўлларди. Ироқ ва Афғонистондаги каби ҳолга тушиларди.

Каримовнинг давомли урушга етадиган пули ҳам, мадори ҳам йўқ. Зимдан қуроллантирилган “партизан”лар қўли билан Ўзбекистон деган давлат барбод қилинарди.

Келинг, бошқачасига тасаввур қилинг. Қора ниятли кимсанинг талаби билан Каримов Ўшни ўзига қўшиб ҳам олди дейлик. Хўш демократияга ўрганган бу одамлар диктатура шароитида яшай оладиларми? Тезда норозилик тўлқинлари бошланади. Қисқа вақтда “Андижон-2005” каби бир ҳолат туғилиб, диктатуранинг ўзи уларни қириб ташларди. Хайриятки ёвуз ният амалга ошмади.

Бундай пайтда диктаторга эмас, халқаро кучларга мурожаат қилганларнинг мантиқлари маънолироқ.

Ҳали Қирғизистонда инқилобчилар Бақиевнинг саройига етмаган пайтдаёқ бу одимларнинг калтаги келиб-келиб ўзбекнинг бошида синиши аниқ кўриниб турган нарса эди. Чунки ҳали яқин тарихда ҳам ўзбекнинг бошида шундай калтаклар синган эдида.

Бир йилдирки турли “.ru” , “.ru” сайтларда ўзбеклар ва қирғизлар орасида сунъий баҳслар боради. Атайлаб уюштирилган баҳслар. Бир-бирини ҳақоратлаган ики-уч аҳмоқни қаерлардадир оқ мармардан қилинган биноларда ўтирган ва интернет орқали одамларни бошқараётган кимсалар ўйнатишди. Улар нозик жойларни ва қандай ҳақоратлардан жунбушга тушиб, девонaларча кўчага отилишимизни ҳам яхши биладилар.

Худди шундай нарса икки йилдан бери ўзбек ва тожик орасига ҳам ташланмоқда. Бир-бирини ҳақоратлаш шу даража чиққанки, Худо кўрсатмасин Ўшдаги каби ҳол юзага чиқса, бир-бирига тап тортмай пичоқ урадиган ҳолга етиб боришмоқда. Биров буларга тўхта демайди. Аксинча керосин сепиб турадиганлар кўп.

Ўшдаги воқеалар бошланиши билан ўзбек ва қирғизни икки қутбга айирганлар ва тарихий хатоларни ўртага отиб миллатчилик қиладиганлар бирдан кўпайиб кетди. Яна ўша “.ru” , “.ru” ларда. Ваҳима устига ваҳима қилинди. Одамларни қурол олишга чақиришди. Жуда миллатпарвар бўлсанг ўзинг нега компютер орқаисга писиб ўтирибсан, дейдиган мард йўқ.

Маълумки, Афғонистон асрлар давомида катта кучларнинг полигони бўлган ва бунда афғонларнинг ҳам улуши бор. Улар катта кучларни қўлланиб аслида бир дин ва айни қондан бўлган ёнидаги одамлардан ўч олишни кўзлаб шу куйларга тушдилар. Бугун шу даража келиндики уларни жанг майдонига солиш учун бир ишора ҳам етарли бўлиб қолмоқда.

Минг афсуски туркнинг болалари ҳам шу куйга тушмоқдалар. Бунинг учун бир томоннинг оғзи каттасига тегишли уйни ёндириб юбориш ва иккинчи томоннинг оғзи каттасини отиб кетиш кифоя бўлиб қолди. Жабр-жабр минг-минг бечораларга. Оддий халққа жабр. Фарёдинг дилингга кўмилиб қолаверасан бундай пайтда.

Бугун оддий халқни ўйламайдиган замон бўлди. Акс тақдирда манаман деган мамлакатларнинг раҳбарлари Тошкентда мажлис қилишаётганда шундайгина уларнинг биқинида қатлиом юз бермасди. Дарҳол Тошкентнинг ўзида лидерлар қарор олишлари ва вазиятни назорат этиш йўлини топишлари мумкин эди. Аммо бунинг уларга кераги йўқ. Ҳаммасининг хаёлида ўзи режалаган режалари бор.

Дунё учун эса Ўш нинанинг тешигидек гап. Кўзи кўрмайди дунёнинг. БМТ ҳам қариб қолган. Унга ипни биров ўтказиб берсагина бир нарса тикишга киришиши мумкин.

Ҳатто БМТ Хавфсизлик кенгашининг аъзоси Туркияга ҳам қойил қолмадим. Денгизда тўққиз киши ўлганда масалани дарҳол БМТ Хавфсизлик Кенгашига ташиган Туркия Ўшда шунча одам ўлганда ниқини ҳам чиқармади.

Ўш воқеаларида Тошкент араванинг орқасига ўтиб олганининг сабаби бор. 1990 йилларда Тожикистонда юз берган фуқаролар уруши диктатурани мустаҳкамлаш учун асқотган эди. Ҳаммани “алабўжи”- Тожикистондаги хунрезлик билан қўрқитилганди. Агар қирғиз ва ўзбек ўртасидаги жанжал қанча кўп давом этса, диктатура учун шунча яхши. Халқни “олабўжи” билан қўрқитиб туради. Мана нима керак Тошкентга?

Худди шундай Россиянинг ҳам, Белоруссиянинг ҳам, Қозоғистон раҳбариятининг ҳам манфаатлари бор. Бўлмаса бунчаликка бормасдилар. Бу қадар ҳам тошбағир томошабин бўлмасдилар.

Ўзбек ва қирғиз бу нарсани англаб етмас экан ва у юҳоларнинг қўлида қурбонга айланмаслик лозимлигини идрок этмас экан бошимиз балолардан чиқмайди.

13 июн, 2010 йил.

One Response

Comments are closed.

%d bloggers like this: