Жаҳонгир Муҳаммад: Нега?

Ким билан гаплашманг “Нега?” дейди. “Нега бу хунрезлик юз берди?” Бу саволнинг жавоби ойдинлашиб бўлди. Лекин бошқа негалар ҳам шунчалик кўпки, қайсидан бошлаб, қайси билан тугатишни билмайсиз.

Бу савол ҳар лаҳзада мени ҳам қийнайди. Бир неча кундирки, ухлай олмайман. Саволларимга жавоб топганим билан чора тополмайман. “Нега?” деган савол юрагимни эзиб ташлайверади.

-Нега Ўзбекистон ҳукумати Қирғиз Муваққат ҳукуматига Ўш ва Жалолободда тинчликни ўрнатиш, айбдорларни топиб жазолаш масаласида конкрет ёрдамлар таклиф этмаяти? Қўшин киритмасин, лекин амалий ёрдам бериши мумкин-ку?

-Нега марҳумларни дафн этиш маросимларида Қирғиз ҳукумати томонидан назорат ўрнатиш ва Ўзбекистон жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш мумкин эмас?

-Нега ўзбек зиёлилари қирғиз зиёлилари билан биргаликда Ўш ва Жалолободга боришлари ва халқ билан учрашувлар ўтказишлари мумкин эмас? Қани Эркин Воҳидовлару қани Абдулла Ориповлар?

-Нега Қирғиз мулозимлари одамларнинг қўлидаги қуролларни йиғиб олиш масаласида бунча суст?

-Нега “инқилоб”дан олдин ҳар икки кунда бир марта жанубга борадиган Ўтинбоевалар Бишкекдан чиқмай қолди?

-Нега мамлакатга келаётган ёрдамларни тезроқ Ўш ва Жалолобод ҳамда Ўзбекистон чегараларидаги қочқинларга етказиш бунча оқсамоқда?

-Нега Қирғизистондаги ноҳукумат ва жамоат ташкилотлари ўлганларнинг рўйхатларини эълон қилмаятилар ва нега уларни дафн этиш маросимларида қатнашмаятилар?

-Нега ўзбекнинг мухолифат ташкилотиман деганлар Бишкекка бориб у ердаги сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан бевосита алоқа ўрнатмадилар ва нега улар билан бирга тинчлик ишига бевосита ҳисса қўшмаяптилар?

-Нега улар икки халқ орасини яна ҳам бузадиган иғвогарона баёнотларга кескин зарба бериш ўрнига айримларининг ўзлари шу ишни қилмоқдалар?

-Нега ўзи хорижда, четда бўлиб олов ичидагиларни яна оловга итқитмоқчи бўлганларга тўхта дейилмаётир?

-Нега ҳалигача хайрия фондлари тузилиб Ўш ва Жалолободдаги оилаларга ёрдам кўрсатиш бошланмади? Ҳукумат Ўзбекистонга кирган қочқинлар билан овора экан, мухолифат пулига яшаб юрганлар нега бу борaда жим?

-Нега “Ёндирилган уйларни тиклаб берамиз!” шиори билан дунё мамлакатларида хайрия ҳаракатлари бошлаш мумкин эмас?

-Нега қандайдир гуруҳлар ва экстримистик ташкилотларнинг айбини бутун халққа юклашни бас қилиб, аксинча икки қардош халқни бир орага келтириш ҳақида ўйланмаяти?

-Нега қирғинга тожиклар номини ҳам аралаштириш бошланди? Бу Ўзбекистон ичида ҳам олов ёқиш истагидагиларнинг иши эмасми?

Бу “нега”ларнинг интиҳоси йўқ.

Фақат мени эмас, сизни ҳам эзиб турибди бу “нега”лар?

Бугун энди ана шу “нега”ларнинг жавобини топишимиз керак. Айни пайтда унутмайликки, биз олисдамиз, Ўш ва Жалолободда ўзбек ва қирғиз барибир бирга яшайди. Шундай экан, уларни бирлаштириш йўлларини қидирайлик. Бунинг энг биринчи қадами айбдорларни адолат ҳузурига чиқариш, қочқинларни ватанларига қайтариш ва тинчликни устивор этишдир. Қўлимиздан келса ана шунга ҳисса қўшайлик!

15 июн, 2010 йил.

%d bloggers like this: