ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ ОҚ УЙ

jmvashington1.Хоинлик ва қаҳрамонлик

Ўзбек зеҳнияти бўйича ўтакетган айёр ва маккор одам тулкига қиёсланади. Ёмон одам ҳақида “Тулки каби тумшуғидан илинди” дейишади ёки “Кўзбўямачи тулки бўлади, халқ ичида кулги бўлади”, деган каби ўнлаб мақоллар бор. Айниқса, бировни ерга урмоқчи бўлишса, “Ит олган тулкидек шумшайганига қаранг”, деб сўкишади.

Америкада эса, тулки ақли ўткирлик, зукколик рамзи. Ҳатто энг катта миллий телевидениелардан бирининг номи Тулки (Fox ТВ) ва бу номдан ифтихор қилишади. Азалдан буни исм софатида ҳам ишлатиб келишади.

Ана шу Fox ТВнинг ҳам ўзбекча, ҳам америкача айтганда, бир тулки бошловчиси бор. Исми шарифи Бил Оралли. Ҳар куни кечқурун соат саккиздан тўққизга қадар экран уники. Унча-бунча демократнинг бу дастурда “бўйра устига” чиқишга юраги бетламайди. Чунки тулки бошловчи бир лаҳазда унинг ёқасини йиртиб, шармандасини чиқариб қўяди. Ҳамма инсон каби у ҳам баъзан ҳақ, баъзан ноҳақ.

Демократлар ундан нафрат қилишади ва рейтинги ошмасин деб дастурини томоша қилишмайди. Муҳофазакорлар уни ақлли тулкимиз деб билишади ва унинг дастурини қочирмасликка уринишади. Менга эса журналист сифатида бу дастур жуда қизиқ ва деярли ҳар куни томоша қиламан.

Кеча ана шу бошловчи Оқ уйнинг, тўғрироғи Жорж Бушнинг собиқ матбуот котиби Скотт Маклелланни “бўйра устига” чақирди. Даҳанаки жанг бошланди׃
-Сен Бушга хиёнат қилдинг!- деди тулки бошловчи.
-Гап Буш ҳақида эмас, ундан ҳам катта нарсалар бор, Америка бор, Америка халқи бор! Демократия, сўз эркинлиги Бушдан анча ва анча юқорида. Мен ана шу қадриятларга хизмат қилиш учун қўлимга қалам олдим.
-Сен Бушга сўз билан суиқасд қилдинг, сўз билан уни яксон этдинг!
-Йўқ! Мен Бушнинг одам сифатидаги томонлари ҳақида эмас, унинг фаолияти ҳақида ёздим.
-Сен Бушни Ироқ уруши, Катрина фалокати, Оқ уйдан рақиблари ҳақидаги махфий маълумотлар матбуотга сизиши ва бошқа масалаларда халқни алдади деб айблаб, унинг сўл қанотдаги душманларига озуқа бердинг. Улар сени ишлатмоқдалар, буни биласанми?
-Мени сен ҳам ишлатишга уринмоқдасан. Лекин мен ўз фикримни, билганларимни ёздим, Америка халқига бор гапни очиқ айтдим.
-Ахир Буш сени ўз командасига олганди, сенга иш берганди, нон берганди…
-Мен гадой эмас эдим… Агар мен керак бўлмаганимда, қўлимдан иш келмаганида у мени командасига олармиди? Садоқатга қараб олганда мана сени олган бўларди. Америкада Бушга энг садоқатли одамлардан бирисан.
-Сен ҳам садоқат ҳақида кўп гапирган эдинг. Ахир Буш одам сифатида ёмон инсон эмас-ку?!
-Мен Бушнинг шахсий томонлари ҳақида эмас, унинг фаолияти ҳақида ёздим деб неча марта айтишим керак!
-Шунча гапни билар экансан, Ироқ масаласида у хато қилган бўлса, нега унинг матбуот котиби сифатида уни ҳимоя қилдинг ва нега ўша пайтда айтмадинг?
-Касб ахлоқи деган нарса бор. Қолаверса, кўп нарсани аста-секин тушундим ва аста-секин ўргандим. Мен ўша пайтда маош олиб вазифа бажардим. Аммо бир кун бажара олмаслик даражасига келдим ва кетдим. Кейин ҳам бу юкни елкамда кўтариб юра олмадим ва Америкага айтишга қарор қилдим.
-Йўқ, сени ноширларинг йўлдан урган. “Агар Бушни ёмонласанг бу китоб кўп сотилади ва сен кўп пул қиласан” дейишган. Китобингни нашр этганлар Бушнинг душмани бўлган Жорж Соросга яқин одамлардир.
-Наҳотки билмасанг? Ахир Бушни мақтаб ёзилган бир неча китобни ҳам шулар нашр этишган…

Хуллас, тулки ютқиза бошлаган бу тортишув қирқ дақиқа давом этганини ҳам билмай қолибман.

Гап қандай китоб борасида деб сўрашингиз табиий. Ҳамма гап ана шунда. Бугун бутун Америка президент Бушнинг собиқ матбуот котиби Скотт Маклелланнинг “Нима бўлганди. Бушнинг Оқ уйидаги ҳаёт ва Вашингтондаги алдов маданияти”деб номланган китобини ўқимоқда. Жумладан мен ҳам.

Қирқ ёшли муаллиф ҳақида гапириб, юқоридаги каби уни “хоин” деган тулкилар бор. Аммо у президент Буш вазифадан кетгандан кейин эмас, балки ҳали мансабда эканида ёзгани уни хоинликда айблаганларнинг ҳандалаги сапча эканини кўрсатади.

Чунки мансабдаги президент ҳақида алдовлар билан мақтаб китоб ёзиш халққа нисбатан хоинликдир! Унинг кирдикорлари ҳақида у ҳали мансабда бўлганида китоб ёзиш эса қаҳрамонлик! Америкада ва дунёда буни кўпчилик яхши билади.

3 июн, 2008 йил.

2. Қора танли учун оқ йўл

Америкада сайлов кампанияси давомида ҳамма номзодлар “Мен президент бўламан!” дейдилар. Бу оддий ҳол. Аммо кимдир “Бу сайловда фалончи ютиб чиқади” деса, “У масхарабозликни бўйнига олибди” дейишади.

Чунки икки номзоддан биттаси ютиши аниқ ва “Фалончи президент бўлади” деганнинг гапи тўғри чиқиши учун эллик фойизлик замин бор. Масхарабозлар ҳам эллик фойизлик заминда иш кўришларини билган одамлар кимнинг президент бўлишини олдиндан башорат қилганларнинг ҳам устидан кулишади.

Зотан диктатура шароитида кимнинг президент бўлиши ҳали сайлов кампанияси бошланмасдан олдин аниқ бўлади, аммо демократияларда сўнгги дақиқада ҳам ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин. Демократиянинг ўзига хосликларидан бири ҳам шунда.

Айниқса, АҚШдаги каби мураккаб сайлов тизими бўлган демократик давлатда сайловчиларнинг кўпчилик овозини олиб ҳам Ал Гор каби Оқ уйнинг четида қолиб кетиш ёки Жорж Буш каби камроқ овоз билан президент бўлиш ҳоллари учрайди. Бу АҚШ учун янгилик эмас ва тарихда ҳам икки президент сайловчиларнинг эмас, балки сайловлардан кейин вужудга келадиган Вакиллар кенгашининг қарори билан Оқ уйни эгаллаган.

Сайловларда барча штатларнинг манфаатлари четда қолмаслиги назарда тутилиб, 1845 йилда Вакиллар кенгаши (Electoral college) деган тизим жорий этилган. Сайлов куни номзодларга овоз бериш билан бирга ҳар штатдан вакиллар танланади. Ана шу вакиллар ўз штатларида кимга кўп овоз берилганидан келиб чиқиб, ким президент бўлишига қарор берадилар. Албатта, тарихда ўз штатига, сайловчиларига хиёнат қилганлар ҳам яккам-дуккам бўлган, аммо уларнинг сиёсий келажаги шу жойда битган. Бугунга келиб 24 штатда бундайлар учун махсус жазо ҳам жорий этилган.

Хуллас, кўриниб турибдики, бу йил ким президент бўлишини тахмин қилмоқчи эмасмиз. Аммо куни кеча Америка тарихида катта воқеа юз бергани ва бу Америкада демократиянинг пойдевори кучли бўлганини исботлаганини айтиш керак.

Бугунга қадар ирқчиликда айблаб келинаётган АҚШ ўз тарихида биринчи марта мамлакатдаги озчилик халқнинг- қора танлилар(уларни бу ерда Африкалик-америкаликлар дейишади-ЖМ)нинг вакили икки йирик партиядан бири – Демократик партиядан президентликка номзод бўлиш учун етарли овозларни тўплади.

Энди партия қурултойи унинг номзодини тантанали равишда тасдиқлаши қолди. Хуллас, бугунгача қарийб икки йил давом этган кураш партиядан ким номзод бўлиши учун эди ва энди расман Оқ уйни эгаллаш учун кураш бошланмоқда.

Илгари партия ичи курашларида қора танлилар қатнашган аммо асосий майдонга чиқа олишмаган. Мана, илк бор Барак Обама бунга муяссар бўлди. Бу эса Америкада ирқчилик жуда кучли деганларга ҳам қайси бир маънода зарбадир. Чунки қора танлилар АҚШ сайловчиларининг атига ўн фойизини ташкил қилишади. Обамага эса жуда кўп оқ танли ёшлар ва ўрта қатлам зиёлилари ҳам бошланғич сайловларда овоз бердилар. Бу бежиз эмас ва бунга осонликча етиб келингани ҳам йўқ.

Биринчидан, Америка таълим тизимида ирқчилик иллати ҳақида махсус дастурлар ишга солинди ва кейинги пайтда мактабларда ирқчиликнинг даҳшатли тарихи ва асорати, инсоннинг кимлигига унинг рангига қараб баҳо бермаслик борасида фундаментал ишлар қилинмоқда, ҳужжатли филмлару воқеалар асосида жуда катта баҳслар, тадиқоқтлар ўтказилмоқда. Бу эса ёшларга таъсир қилмай қолмайди, табиийки.

Иккинчидан, Америка замонавий маданиятининг бешиги бўлган Ҳоливудда яратилган юзга яқин филмда ва телевидениелардаги жуда кўплаб кўрсатувларда қора танли президент образи шакллантирилди ва у доим мамлакатни жуда оғир вазиятдан қутқарувчи шахс қилиб кўрсатилади. Еттидан етмиш яшарига қадар ҳар бир янги филмни қочирмайдиган америкаликларга шу билан бир қаторда ёзилган минглаб китоблар ва ҳужжатли филмлар ҳам таъсир қилаётганини урғулаш керак.

Лекин бу ирқчилик енгилди дегани эмас. Балки шу борадаги биринчи қадамдир. Шу нуқтаи назардан Обаманинг Америка тарихида энг катта партиядан президентликка номзод бўлиш даражасига етиб келишининг ўзи тарихий воқеадир.

У президент бўлган тақдирда, бу тарихий воқеадир. У сайланмай қолса ҳам воқеа тарихнинг муҳим нуқтаси сифатида баҳоланиши шубҳасиз. Чунки бу ҳодиса одамлар зеҳниятида Оқ уйга қора танли учун йўл очди. Бу йўлнинг асосчиси Обамадир.

4 июн, 2008 йил.

3. Кеннеди клани

Оқ уйда ҳамма президентларнинг суратлари осиб қўйилган. Ҳаммаси ҳар турли. Ораларидан фақат баъзиларининг номлари жуда машҳур ва баъзиларининг номларини эса биров билмайди ҳам. Кимдир фавқулодда хизматлари билан тарихда қолган бўлса, кимдир мураккаб шароитлардаги мураккаб фаолияти туфайли тилга тушган.

Бизнинг авлод энг кўп эшитган ном-Кеннеди. 1963 йилнинг 22 ноябрида Техасда суиқасд қурбони бўлган АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди ҳақида жуда кўп ёзилган ва жуда кўп гапирилган. Сабаби у америкаликлар севган президентлардан бири ва ҳалига қадар ўлими ортидаги сирлар очилган эмас. Қамалганлар бор, тахминлар бор, ҳужжатлар тиқилиб кетган, ўнлаб филмлар қилинган ва юзлаб китоблар ёзилган – лекин ҳақиқат очилмаган.

Қолаверса, Жон Кеннеди Куба буҳрони боис Совет Иттифоқи билан АҚШ ядровий урушга киришига саноқли дақиқалар қолганда бунинг олдини олган президент сифатида ҳам машҳур.

Ж.Ф. Кеннеди Америка католикларидан чиққан биринчи президент. Унинг ирланд авлодлари учун Америкада оёққа туриш осон бўлмаган. Ирландлар ички курашлар гирдобидан чиқиб, бугун Американинг катта кучига айланишган. Биргина Кеннедилар оиласининг ўзини Американинг тўртта устунидан бири деса муболаға бўлмайди.

Акасининг ҳукуматида Бош прокурор, кейин сенатор бўлган Роберт Кеннеди бундан 40 йил олдин Жон Кеннедининг изидан бориб, Демократик партиянинг президентликка номзоди сифатида курашга кирган.

Аммо сайловнинг энг қизғин палласида-1968 йилнинг 5-июн куни Лос Анжелесда суиқасд қурбони бўлган. Фаластинлик Сиран деган шахс қотилликда айбланган. Лекин бу воқеа ортидаги сир ҳам ҳалига қадар баҳсларга боис. Роберт ёшлигидан Исроил тарафдори бўлиб танилгани учун бир фаластинликдан фойдаланилган деган шубҳалар ҳам бор.

Умуман Кеннедилар оиласида жуда кўп фожеали воқеалар юз берган. Вертолет ҳалокатлари ва авариялар уларнинг танилган шахсларини олиб кетаверган.

Кейинги йилларда бу оиланинг энг танилган шахси Эдвард Кеннеди эди. У ҳам бир неча марта ҳалокатга учраган ва ўлимдан қутулиб қолиб, ногирон бўлишига қарамай қирқ йилдан кўп сенаторлик қилган.

АҚШда таълим тизимини ислоҳ қилишда етакчи рол ўйнаган бу сенатор кейинги пайтда рак касалига қарши катта кампания бошлатган эди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, шу йилнинг 20 майида унинг ўзи мия ракига учрагани эълон қилинди.

Бу оила мансублари бугунга келиб, ҳар икки партиянинг ҳам “танкларига” айланган. Масалан, собиқ президент Жон Кеннедининг синглисининг қизига ўйланган машҳур актер Арнолд Шварцнеггер республикачилар партиясидан аҳолиси жиҳатидан Ўзбекистондан қолишмайдиган, иқтисоди жиҳатидан бир неча Ўзбекистонга тенг бўлган Калифорния штатига губернатор этиб сайланган ва ҳоказо.

Умуман бу ҳақда ёзишимизнинг асосий сабаби эса, бугун Демократик партиядан президентликка даъвогарлик қилаётган Барак Обаманинг устози, сиёсатдаги отаси ва сайлов жараёнидаги асосий дастакчиси ҳам сенатор Эдвард Кеннеди бўлганини айтиш эди. Унинг Оқ уйни билвосита бўлса-да эгаллашга ҳирси шу қадар кучлики, ўзи сенатор этиб сайланган штатдаги сайловчилар Ҳиллари Клинтонни қўллашганига қарамай, йўлидан қайтмади.

Мия ракига учрагани ва амалиёт қилингани, умрининг саноқли ойлари қолгани айтилганига қарамай ҳам Эдвард Кеннеди Оқ уй учун курашни давом эттирмоқда. Жон Кеннеди сайлангандан кейин орадан минг кун ўтиб, тортиб олинган ва Роберт Кеннедининг орзуларида қолган Оқ уйни олиб, Барак Обамага беришни, боболари қул сифатида иншо этган бинога Обамани шоҳ сифатида олиб киришни орзу қилганини яширмади. Демак, омад Обамага кулиб боқадиган кўринади. Чунки орзулар қачондир омадга айланиши ҳам керак-ку?!

5 июн, 2008 йил.

4. Биноси эмас, обрўйи баланд

Бир куни Тошкентдан келган меҳмон билан Вашингтонни айланар эканмиз, у икки гапнинг бирида Оқ уйни кўрмоқчи эканини эслатарди. Ниҳоят Оқ уйнинг ёнига келганимизда, у ажабланиб қолди:

-Бу Салимбойваччанинг уйидан ҳам кичик-ку?

-Салимбойваччанинг уйини кўрганим йўқ, аммо Оқ уй ташқи томондан кичик кўрингани билан, ичкариси жуда катта,-дедим.

Меҳмон менга кулгандек қаради-да:

-Бутун дунёни мана шу каталакдан бошқаришадими, менимча давоми бошқа жойда бўлса керак?-деди.

Мен унга Американи ҳали яхши билмаганимда юз берган бир воқеани айтиб бердим.

Ўшанда ишдан қайтиб, хабарлар дастурини кўриш учун телевизор қулоғини бурадим. Беш-олтита хабардан кейин Синсинати деган шаҳарда ёшлар, аксари қора танлилар намойишга чиқиб, кўчаларда машиналарни ёқиб юборишаётгани, дўконларни ағдар-тўнтар қилишаётгани ва миршабларнинг орасида талафот борлигини айтиб қолди.

Мен бу хабарни кечикиб олишгани учун биринчи бўлиб бермади деб ўйладим ва телевизор олдидан жилмадим.

Хаёлимда президент аллақачон учқичга миниб, ўша томона кетаётган, Оқ уйда фавқулодда ҳолат, ҳамма оёққа турган бўлса керак, деган фикрлар айлана бошлади.

Хабарнинг давомини беришмаётгани эса, фикрларимни яна ҳам чалғита бошлади. Бошқа каналларни қидира бошладим. Кошки каналнинг сони кам бўлса?! Мингга яқин. Орадан ярим соат ўтди ва ҳамма каналларда хабарлар қайтадан бошланди. Яна ўша гап.

Ҳайрон эдим. Худди менинг ҳайронлигимни билгандек, Си-Эн-Эн (CNN) ўша жойдан жонли кўрсатув бошлаб юборди. Кўчаларга миллий гвардиянинг аскарлари олиб чиқилган ва улар қалқонларини пеш қилиб, оломонни бурчакларга сиқиб бормоқдалар. Ҳарбий машиналардан ўқдай отиладиган сув билан одамларни қулата бошлатишди. Исёнчилар ҳам бас келишмасди.

Лекин Оқ уй ҳақида, Президент ҳақида гап йўқ. Яна бир-икки соатдан кейинги хабарларда президентни кўрсатиб қолишди. У чет элдан келган бир меҳмон билан ҳангома қилаётганди. Худди ҳалиги воқеа бошқа бир мамлакатда юз бермоқда, президентнинг эса хабари йўқдек эди.

Кейин ҳам бу воқеа ҳақида президент ёки Оқ уй номидан бир калима сўз айтилмади. Ҳукуматнинг шошилинч мажлислари ўтказилмади. Бирор киши ишдан бўшатилмади.Таниқли шоир чиқиб, бу итваччаларнинг бошини сапчадек узиб ташланг, деб миршаббошига дарс бермади. Ёзувчилар халққа мурожаат қилишмади. Газеталарда огоҳликка даъват ҳақида мақолалар ҳам кўринмади. Ҳамма жойда қўзғолончиларни қоралаш кампанияси бошланиб кетмади.

Фақат баъзи телеканалларда исён қилганлар, уларнинг қариндошлари билан суҳбатлар, исён сабаблари таҳлил қилинарди. Ҳуқуқ-тартибот мутахассислари-олимларнинг бу воқеа юзасидан фикрлари эшитиларди.

Ҳукумат исён қилган бу ёшларнинг қариндош уруғларига босиб ўтказса керак деб ўйлагандим, қаёқда, ҳукуматнинг бу масала билан иши ҳам йўқ эди. Ҳатто маҳаллий ҳукумат ҳам масалани ҳуқуқ соҳасига ҳавола қилиб, шаҳар тозалаш билан овора.

Дарҳақиқат, демократик давлатда вазифалар тақсимланган ва ҳамма ўз ишини бажаради. Юқоридаги каби исёнлар Оқ уйнинг иш рўйхатига кирмаган. Уларни маҳаллий ҳукуматнинг, аниқроғи маҳаллий ҳуқуқ идораларининг ўзи ҳал қилади. Бу уларнинг вазифаси.

Ҳатто шундай ҳолат Оқ уйнинг ёнида ёз берса ҳам, бу билан Вашингтон шаҳри шуғулланади. Президентнинг эса Конституция ва қонунларда белгиланган бошқа вазифалари бор. У ҳамма нарсага бурнини суқмайди, агар суқса, бурнидан ажралиб қолади.

Аслида Оқ уй маҳаллий ҳокимиятнинг ишига деярли аралаша олмайди. Губернаторларни, мерларни партиялар ва аҳоли сайлайди, улар ўз ҳудудида ўз қонун чиқарувчи идораларига ҳам эга. Ўз қоидаларини ўзлари белгилашади. Ўзларини ўзлари бошқаришади. Зотан демократиянинг суврати ва сийрати ҳам мана шунда!

Президент бирор губернатор у ёқда турсин, ҳатто туман раҳбарини ҳам бўшата олмайди. Шунга қарамай Оқ уйнинг ўрни АҚШда ва дунёда жуда баланд. Ҳамманинг орзуси-Оқ уй! Дунёдаги қайси давлатнинг раҳбарида Оқ уйда меҳмон бўлиш орзуси йўқ дейсиз? Американи тинмай ёмонлаб турганининг ҳам юрак тубида Оқ уй деган орзу ётади. Таклиф қилса, эмаклаб бўлсада етиб келади.

Ана шундай, Оқ уйнинг биноси баланд бўлмагани билан қадди, мавқеи, обрўйи баланд. Балки бу баландликнинг сири ҳам ҳаммма ваколатни ўз гарданига олмаганидадир?!

Шу ва бошқа гапларни айтиб берганимдан кейин, тошкентлик меҳмон яна менга кулимсираб қаради-да:

-Йўқ, бизга бунақасига кетмайди,-деди киноя билан.

9 июн, 2008 йил.

5. Асирнинг алами ичида

Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас, деган гап бор. Албатта бу бўрттирилган ибора. Лекин АҚШ президентлигига номзод Жон Маккейн (John McCain) учун эмас. Ёши етмишдан ошганига қарамай қайта-қайта сайловга кирган бу сенатор учун адмирал бўла олмагани жуда изтиробли кечганга ўхшайди. Унга саломатлиги туфайли адмирал унови берилмаган ва капитан сифатида ҳарбиятдан истеъфога кетган.

Жон Маккейн асли ҳарбий учувчи бўлган. Ветнам уруши пайтида энг жанговар ҳужумчилардан бири бўлганига қарамай учқичи уриб туширилган ва оғир ярадор ҳолида асирга олинган.

Олти йил Ветнам қамоқхоналарида чекмаган азоби қолмаган, қийноқ ва таҳқирлашнинг ҳамма турини кўрган. Ундан пропаганда учун ҳам фойдаланишган ва ўз мамлакатини қоралган баёнотларга имзо оттиришган.

Бу ҳақда гапирганда Маккейн׃ “Ҳар инсоннинг синиш нуқтаси бўлади ва меники ҳам бўлган” дейди.

У урушнинг бутун даҳшатларини кўрган ва оқибатлари нималарга олиб келишининг ҳам идрокида.

Зотан 2008 йилги сайлов жараёнида унинг ўзи қатнашган теле-рекламада “Мен олти йил уруш асири бўлганман, уруш нималигини биламан ва урушга қаршиман” деган гаплари ўрин олган.

Аммо ана шу урушга қарши бўлган одам Президент Бушнинг Афғонистон ва Ироққа бошлаган урушини биринчилардан бўлиб қўллаган ва Конгрессда бунга оқ фотиҳа берганларнинг пешқадами.

Мен тақдир тақозоси билан бир неча марта бу сенатор билан юзма-юз келдим. Ҳар сафарги учрашувдан кейин кўнглимдан кечгани – бу одамнинг фитрати ҳарбийлигича қолган ва 25 йиллик сенаторлик даврида ҳам ўзгармаган, деган ўй бўлган.

Оқ уй тарихини ўрганганлар яхши билишади, бу жойни эгаллаш учун сайловга кирган ғурурли сиёсатчилар ютқиздиларми четга чиқишган ва майдонни бошқаларга бўшатиб беришган.

Маккейн 2000 йили Республикачилар партиясининг номзод танлаш сайловларида Бушга рақиб бўлганди. Рақобат жуда кучли эди ва Буш унинг ҳарбий тарихини савол остига қўйишгача етиб борганди. У ҳам Бушни ҳарбий учувчиликда лаёқатсиз бўлган дея камситганди.

Оз қолсин улар бир-бирларини кўрганда ёқа йиртадиган даражага келиб қолгандилар ва Буш сайловда ютиши билан у орқага чекинди. Чекиндигина эмас, залворли сенатор сифатида Бушнинг энг яқин мададкорига айланди.

Кечаги икки рақибнинг яқинлиги энди шу даражага етиб бордики, 2004 йилги сайловда ҳам у Бушни қўллади. Яъни Бош қўмондоннинг садоқатли капитани вазифасини бажарди.

Мана Бушнинг муддати битаркан у яна сайловга кирди ва Бош қўмондон бўлмоқчи.

Илгари саломатлиги боис адмирал бўлишига изн берилмаган бўлса, энди ҳатто юз териси саратони касалига учрагани ҳам унинг йўлини тўса олмади.

Унинг уста сиёсатчи эканлигига ва Бош қўмондон бўлишни илгаридан жуда орзу қилганига мисол сифатида шуни кўрсатиш мумкинки, олдинги умр йўлдоши вафот қилгандан кейин қайта уйланганда бутун мол-мулк рафиқасининг номида бўлиши ҳақида шартнома тузишган.

Маълумки, АҚШда президентликка номзодлардан солиқ тўлагани, бойликлари ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш сўралади. 2008 йилда Ҳиллари Клинтон ва Барак Омаба ўз ҳужжатларини эълон қилиб, миллионерлар сифатида кўринар эканлар, Маккейннинг ҳужжатларида у куни маошга қолган одам эди. Унинг миллионер умр йўлдошидан эса солиқ ҳужжатларини эълон қилишни ҳеч ким талаб қила олмайди. Бу унинг хусусий масаласи. Унча – бунча сиёсатчи Оқ уй учун сайловга киришини бу тарзда йигирма йил олдин тахмин қила олмаса керак.

У ҳарбий фитратли сиёсатчи сифатида Ироқ ва Афғонистондан шунчаки чиқиб кетиш эмас, балки ғалаба билан чиқиб кетиш тарафдори. Бунинг учун “Керак бўлса юз йил ҳам ўша ерда турамиз” деган гап унинг оғзидан чиқиб кетди. Рақиблари уни шу жойдан ушлаганларидан кейин “юз йил” деган гап “ғалаба кунигача” деган иборага айланди.

Ана шундай сиёсат майдонида оғир тўпга айланган одамни 2005 йил Тошкентда ҳеч ким қабул қилмай, шармандали тарзда чиқариб юборишганди. Бу ҳам унга жуда алам қилган ва буни унинг Ўзбекистон бўйича берган баёнотларида ҳам кўриш мумкин.

Агар у сайланиб, Оқ уйга келса, Америка тарихида Ўзбекистоннинг ички вазиятини бевосита биладиган ва Тошкентда қабул қилинмасдан таҳқирланган ҳамда бу режимнинг кетишини бевосита истаган илк президент бўлади.

2006 йилда Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан ўтган анжуманда׃ “Бир йил олдин биз Ўзбекистонга борганимизда Ўзбекистонда мустақил ахборот воситалари ёки мухолиф партиялар йўқ эди. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли ва сиёсий ҳуқуқлар қандайлиги деярли номаълум эди. Ҳукумат исломий терроризмга қарши кураш баҳонасида кўпинча ўзига қарши бўлганларни таъқиб қилар эди. Баъзан улар қўлга олиниб, қийноққа солинар эди. Орадан бир йил вақт ўтди. Вазият янада ёмонлашди” деган Маккейн ғаззаб билан:
“Тошкент расмийларининг хатти-ҳаракати бизнинг хавфсизлик манфаатларимизга зиддир. Улар хорижда эркинлик ва демократияни рағбатлантириш йўлидаги уринишимизни синовга тутмоқда” деди.

Тошкентдан қайтгач, беш конгрессмен АҚШ Давлат департаменти ҳамда Мудофаа вазирлигига мактуб йўллаб, АҚШ Ўзбекистон билан алоқаларни қайта кўриб чиқиши керак, деган талабни қўйишди ва мактубда биринчи бўлиб Маккейннинг имзоси турганди.

Давлат департаменти мактубга ижобий қаради, аммо Мудофаа вазирлиги Тошкент билан алоқаларни давом эттирибгина қолмай, режимни иқтисодий дасткалашини ҳам чекламади. Бу эса Маккейнинг асабига тегди ва у Мудофаа вазири Д. Рамсфелдга қарши кенг фронт бўйлаб курашга киришди. Хуллас, Буш ўзининг энг яқин сафдоши Рамсфелддан воз кечишга мажбур бўлди ва Тошкент билан ҳарбий алоқалар ҳам узилди.

Маккейн Андижон воқеасида Ўзбекистонни қўллаб қувватлаган Россияга қарши ҳам кескин чиқишлар қила бошлади.

У “Америка овози” радиоси орқали эълон қилган баёнотида:
“Мен Россия ҳукуматининг репрессив сиёсати туфайли уни Катта саккизликдан чиқаришга чақирганман. Биз Россияда президент Путин томонидан демократия ағдарилишининг гувоҳи бўлаяпмиз. Бироқ бундан бошқа кўплаб чоралари бор, уларни ҳам кўздан кечириш керак.

Агар шундан кейин ҳам жаноб Каримов бўйсунмаса, у ҳолда мен уни демократия ва эркинлик тўлқинига қарши сузяпти, деган бўлардим. Биз Қирғизистонда нима бўлганини кўрдик. Грузия, Украина ва Ливан мисолларини ҳам яхши биламиз. Мен аминманки, узоқ муддатда албатта ижобий натижани кўрамиз. Қисқа муддатда эса, мен Ўзбекистоннинг яна кўплаб гуноҳсиз одамларининг қирғинга учраш эҳтимолидан хавотирдаман” деган эди.

Хуллас, ҳеч қачон Оқ уй учун биринчи даражали мамлакат даражасига етмаган Ўзбекистон агар Маккейн тўрт ойдан кейин ғалаба қилиб қолса, аҳамиятли ўринга чиқадими йўқми, буни вақт кўрсатади.

Лекин асирнинг алами ичида деган гап ҳам бор. Унинг алами ичида қоладиганга ўхшайди.

11 июн, 2008 йил.

6. Президентга ишончсизлик

2008 йилнинг 4 март куни АҚШ президенти Жорж Буш (George Bush) ва вице-президент Дик Чейни(Dick Cheney)ни “Конституцияга қарши жиноят қилганликлари” учун қамоққа олиш борасида Вермонт штатининг икки шаҳарчаси- Браттлеборо и Малборода сайлов ўтказилганди.

Вермонт ўзининг либераллиги билан машҳур. Илгари бу ердаги маҳаллий парламент Ироқдаги урушни тўхтатиш ва Буш ҳамда Чейнега ишончсизлик (импечмент) эълон қилиш ҳақида қарор олганди. Бундай ҳол бошқа шаҳарларда ҳам учрайди ва бу оддий халқнинг ўз фикрини эркин ифодалашига бир мисол.

Вермонтдаги воқеага Оқ уй ҳеч қандай муносабат билдирган эмас. Чунки Оқ уйдагилар билишадики, фақат АҚШ конгрессидаги ишончсизлик уларнинг курсиларини қимирлатиши мумкин, холос.

Аммо АҚШ Конгрессида ҳам бир неча йилдирки, бу масала кун тартибига келади ва қўлловчилар оз бўлгани учун унутилиб кетади. Масалан, конгресмен Деннис Кусинич Дик Чейнига ишончсизлик билдириш масаласини икки марта кун тартибига олиб чиқди, аммо дастак топмади. Кимлардир бундай ҳол АҚШнинг обрўйига путур етказади дейишади. Менга қолса, бу АҚШ демократиясиянинг ютуқларидан биридир деган бўлар эдим.

Бундай демократик жараён 1797 йилда Теннеси сенатори Уилям Блант(William Blount)ни қизил танлиларни алдаб, Англияга жосуслик қилди деган айб билан импеч қилишдан бошланган. 1868 йилда Президент Эндру Жонсон (Andrew Johnson) va 1999 йилда Бил Клинтон (Bil Clinton)га ишончизлик билдирилганини эса кўпчилик яхши билади.

Бундан бир неча кун олдин эса, ўша оҳаёлик конгресмен Кусинич президент Бушга ишончсизлик билдириш ҳақида Конгресга резолюция киритди. Президент Буш ва унинг маъмурияти Ироқ масаласида Сенатни алдади ва мутлоқ асоссиз урушни бошлатди деган иддаода конгресмен. Унинг Дик Чейни ҳақидаги таклифи каби бу ҳам бир четда қолиши мумкин. Гап бунда эмас. Гап одамларнинг ҳуқуқлари кафолатланганидадир.

Қолаверса, Оқ уйга келадиган раҳбарларнинг ҳам зеҳниятида бунга тайёрлик борлиги диққатга сазор.

Қани Ўзбекистонда бирор депутат бу масалани кўтарсин-чи? Ёки бир шаҳар кенгаши шундай қарор олсин-чи? Биргина шоир Юсуф Жума президентнинг истеъфосини талаб қилгани учун унинг бошига нелар келганини кўрдик.

Куни кеча АҚШ Олий суди Буш маъмуриятининг талабларини рад этиб, Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслар АҚШ маҳкамаларида адолат излашлари мумкин деган қарор чиқарди. Президент Буш бу ўзига ёқмагани, аммо Олий суднинг ҳукмига риоя этишини айтди.

Диққатга сазовор жойи шундаки, Олий суд аъзоларининг кўпчилигини тайинлаш Бушга ва унинг партиясидан чиққан бошқа президентга тўғри келган. Яъни ўзининг одами бўлишига қарамай қонунни садоқатдан усутун қўйишди.

Демак, Америкадан ва америкаликлардан ўрганадиган кўп нарса бор, ҳали.

13 июн, 2008 йил.

7. Журналистнинг қадри

13 июн куни Президент Буш ва хотини, собиқ президент Билл Клинтон ва умр йўлдоши, Оқ уйни эгаллашга даъвогарлар – Барак Омаба ва Жон Маккейн, демократлару республикачилар, мустақиллару яшиллар, хуллас ҳамма сиёсатчиларни битта воқеа бирданига бирлаштирди.

Бир-бирига душман кўзи билан қарайдиган телевидение каналлари ва радиолар ҳам бирданига дастурларини бекор қилиб, битта воқеа ҳақида гапира бошладилар. Рақобатдош газеталардан тортиб, уларнинг интернет сайтларига қадар ҳаммасида шу воқеа асосий ўринни эгаллади.

Шу куни Эн-Би-Си(NBC) телевидениесининг жасоратли шарҳловчиси, таниқли журналист Тим Рассерт (Tim Russert) 58 ёшида тўсатдан вафот этиб қолганди.

Гапнинг очиғи Эн-Би-Си телевидениесининг миллий каналини ҳам, кабелдаги каналини ҳам деярли томоша қилмайман. Жуда ҳам сўлчи ва жуда ҳам бир ёқлама. Шунинг учун ҳам ҳамма каналлар билан доим жанжал ҳолатида.

Аммо Тим Рассертнинг ҳафта сўнгида эфирга узатиладиган “Танишинг, Матбуот” (Meet the Press) деган дастурини доим кўрардим ва Тим Рассерт мен энг қойил қоладиган, энг ҳурмат қиладиган журналист эди. У ўзи ишлайдиган телекомпаниянинг сиёсатидан юқори тура оладиган, унча-бунча қарашга тобе бўлмайдиган шахс эди.

Мен уни жонсиз рақамларни тилга киритадиган, рақамлар жозибасини кашф қилган журналист деб билардим. Ҳеч ким рақамларни унинг каби маъноли тарзда таҳлил қила олмасди. У рақамларнинг “юрагини” кўра биладиган қобилиятга соҳиб эди.

Тим Рассерт ким билан мулоқот қилишни билар, уни салмоқли саволлар билан тентиратиб қўйишга йўл топа олар , ҳар қандай сиёсатчининг кимлигини бир нечта савол билан очабилар қобилиятга эга, жуда ақлли журналист эди.

Мен унинг тўсатан ўлиб қолганига асли ишона олмасдим, жуда хафа бўлдим. Худди Америка ҳувиллаб қолгандек туюлди.

Бир оздан кейин англадимки, фақат мен эмас, бутун Америка хафа экан. Бу энди мени ҳайратга солди.

Чунки унинг президент Буш билан суҳбати кўз олдимда. У Бушни жуда қийин аҳволга туширганди. Саволлар қаршисида қизариб-бўзариб кетган Буш дастур охирида “уф” деб юборганди.

Унинг Давлат котиби Колин Павелни камера қаршисидан қочиб кетишга олиб келган кучли саволларини ҳам унутганим йўқ.

Оқ уйнинг собиқ маликаси Ҳиллари Клинтоннинг кўзига қараб: “Сиз учун сайлов битди, нега бунча ҳам ўзингизни, ҳам бизни, ҳам Американи овора қилмоқдасиз?” деганига ҳам ҳали кўп бўлган эмас.

У Оқ уйнинг жуда кўп одамларини суҳбатга тортган ва ҳатто Оқ уйдан махфий маълумотлар сизгани ҳақида махсус суд бўлганда ҳам унинг кўрсатмаси ҳал қилувчи қарор ҳисобланиб, вице президент Дик Чейнининг ўринбосари жиноятга тортилганди ва ҳоказо.

Ана шунга қарамай у қора терга ботирган сиёсатчилар кўзда ёш билан уни хотирлаб, ҳамдардлик билдираётган эдилар.

Табиийки журналистлар уларга Тим Рассерт қаршисида қийин аҳволга тушганларини, сирлари очилиб қолгани ва ҳатто у билан суҳбат туфайли сиёсий мағлубиятга юз тутганларини эслатишарди. Уларнинг ҳаммаси “Тим жуда ақлли журналист эди ва бизга савол бериши унинг иш вазифасига кирарди, у вазифасини ҳалол бажарарди, бу унинг Америкага хизмати эди, бу унинг бизга ҳам хизмати эди, чунки биз бир куни унинг қаршисига чиқиб қолишдан чўчиб хато қилмасликка уринардик”, дейишарди.

Ўзбек журналистикасида Тим Рассертлар борми? Бу орзу. Фалакнинг гардиши билан битта-иккитаси кўриниб қолса, бирор амалдорнинг камчилигини очса, бу одамни ғаламис, иғвогар, тош отувчи ва ҳоказога чиқаришади. Кейин қувғин қилишади, қамашади, йўқотишади…

Журналистнинг қадри бўлмаган жамиятда журналист қолмайди. Журналист қолмаган жамиятда эса ҳақиқат қолмайди.

16 июн, 2008 йил.

8. Аския оқшоми
2001 йилдан олдин қaндай нашр бўлмасин, Оқ уйда ўз мухбирини сақлаши мумкин ёки бу ердаги ҳар қандай анжуманга истаган одамини юбора оларди. Аммо 2001 йилнинг сентябридаги террор ҳужуми дунёнинг аравасини бошқа йўлга солгани каби бу масалада ҳам ўзгариш қилди.

Энди Оқ уйга кирадиган мухбирлар махсус текширувдан ва рўйхатдан ўтадиган бўлишди. Лекин шунга қарамай Оқ уй изн берган мухбирлар салмоқ ва сифат жиҳати бўйича дунёдаги бирорта мамлакатнинг бошқарув идорасида йўқ.

Оқ уйда фаолият кўрсатадиган мухбирларнинг ўз уюшмаси ҳам тузилган.

Президент Вудро Вилсон (Woodrow Wilson) доимий матбуот конференциялари ўтказишга қизиққанидан кейин 1914 йилнинг 25 февралида Оқ уйда қўним топган мухбирлар ўз уюшмаларини тузадилар. Орадан ўн йил ўтиб эса улар ўзларининг йиллик анжуманларини – зиёфат кечасини ўтказишни ва унга Оқ уй ҳокимларини ҳам даъват қилишни бошлайдилар.

Бугунга келиб ана шу зиёфат кечаси аския оқшомига айланган. Ҳар йилнинг баҳорида ўтадиган бу кечада минглаб мухбирлар ва таклиф қилинган меҳмонлар билан бирга Президент ва Вице-президент ҳам оиласи билан қатнашади. Бир қанча телеканаллар бу аския анжуманини жонли тарзда олиб кўрсатадилар.

Мен дастлаб Бил Клинтон қатнашган аския оқшомини кўргандим. Қараб турсам, Президент ўз камчиликлари устидан кулиб, ўзини ўзи аския қилмоқда. Яъни бугунга қадар мухбирлар унга эслатиб, танқид қилган нуқталарини у энди ҳажв билан мухбирларга эслатмоқда.
Мухбирлар ҳам, томошабин ҳам қорнини ушлаб куладиган вазият.

Тасаввур қилинг, Бил Клинтон Мониканинг бир ишвасига эриб қолган Президентнинг устидан кулмоқда.
“Ҳилларига тенг келадигани йўқлигини билардинг-ку!”

Бу худди ўзбек аскияси каби коса таги ним косаси билан. Ана қийқириқ, ана кулги!

Шундан кейин ҳар йили томоша қиладиган бўлдим. Ўтган йили Бушнинг хотини чиқиб, эрининг камчиликлари устидан кулгани, уни аския қилгани ҳам бу анаъна тарихида янги саҳифа очганди.

Бу йилги аския кечаси 26 Апрел оқшомида бўлди. Президент Буш ўтган йил ўзини масхара қилган умр йўлдоши, Вице-президентнинг камчиликлари устидан куларкан, сайлов кампаниясини ҳам четда қолдирмади.

Бугун бу ерда Ҳиллари хоним йўқлигини айтар экан, “У ўқлар визиллаши остидан ўта олмаган!” деди.

Қийқириқ кулги. Чунки Ҳиллари Клинтон сайлов кампаниясида ўз хотираларини гапирар экан, бир пайтлар Боснияга борганда аэропортда снайперлар отган ўқларнинг визиллаши остида аранг ичкарига ўтишганини айтганди. Мухбирлар дарҳол архивни ковлашди. Уни ва қизи Челсини аэропортда гул кўтарган болалар иштирокида катта тантана билан кутиб олишган экан. Ҳиллари хоним сайловда чарчаб, хато қилдим дегани билан ҳатто Буш ҳам унинг устидан кулди.

Барак Обаманинг ҳам бу ерда йўқлигини айтган Буш “У черковда!” деди. Яна қийқириқ. Чунки Обаманинг черковдаги руҳонийси Америка Худонинг қарғишига грифтор каби ахмоқона гаплари билан матбуот назарига тушган ва Обама қийин вазиятда қолган пайт эди.

Аския оқшомида бошқа номзод – Жон Маккейн ҳам йўқлигини айтиб, у мени ташлаб кетди, ҳатто қизим ҳам мени ташлаб кетмоқда, дер экан, Буш мухбирларни яна кулдирди.

Бу бир неча кундан кейин бўладиган қизининг тўйига ишора бўлсада, аслида кейинги пайтда Бушни Оқ уйдаги сафдошлари бирин-кетин ташлаб кетишларига имо эди ва кулгининг сабаби ҳам шу бўлди.

Оқ уйдан кетганлар ҳақида гапирар экан, у Ал Горнинг Нобел мукофотини олганини эслатиб, мен кетгач, фақат лоторея ютуғига умид қилишим мумкин, деди ўзининг рейтинги тушиб кетганлигини масхара қилиб.

У қанчадан-қанча нутқёзарлар ва маслаҳатчиларининг гапига амал қилиб, жон-жаҳди билан ўзидан кейин минбарга чиқадиган аскиячига мавзу қолдирмасликка уринарди. Аммо шу анжуман арафасида АҚШ фуқаролигини олган аскиячи уни ҳам, Чейнини ҳам шундай қизартирди-ки, улар ухалмай чиққан бўлсалар керак?

Албатта, ухламай чиққан бўлсалар керак, деганимиз, бу ўзбекча зеҳният бўйича айтилган гап. Балки улар елкаларидан тоғ қулаб кетгандек, мазза қилиб ухлаган бўлсалар-чи? Ҳар ҳолда воқеаларни бу ернинг мантиқ тарозисига солганда, шуниси ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди.

18 июн, 2008 йил.

9. Манфаатлар доираси

Оқ уй тарихан Туркистон (Ўрта Осиё – Марказий Осиё) билан жиддий қизиқмаган. Баъзи сиёсатчилар бунга Буюк Британиянинг Жанубий Осиёдан мағлубона қайтиш тарихи сабаб десалар, баъзилар ҳатто гапни Искандарга қадар олиб бориб боғлайдилар.

Менимча, минтақа Оқ уйнинг манфаатлари доирасига тушмаган, холос. Агар тушганда эди, биров натижага эриша олмаган Афғонистондаги каби Ўрта Осиёни ҳам назардан чета қолдирмас эди.

Оқ уйнинг манфаатлари – бу биринчи галда Америка халқининг, Америка давлатининг мафаатларидан келиб чиқади. Қандайдир шахс ёки қандайдир гуруҳларнинг манфаатлари давлат даражасига кўтарилиши Америка шароитида камдан-кам учрайдиган ҳол.

Ҳозир иқтисод ва хавфсизлик стратегик манфаатлар доирасининг асосий чизиқларидир. Ички ва ташқи сиёсат ана шу доира чизиғига қадалган ўқлар ва қолган тактик манфаатлар ҳам шундан туғилади. Демократия эса бу манфаатларнинг замини. Бу замин бўлмаса балки манфаатлар ҳам бошқача бўлиши мумкин, диктатуралардаги каби.

Мана бугун Ўрта Осиёнинг баъзи нуқталари Оқ уйнинг манфаатлари доирасига яқинлашмоқда. Хусусан, Қозоғистон ва Туркманистон. Бу ҳам қайси бир бой ёки бойларнинг истаги билан эмас, балки Америка халқининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда.

Оқ уйда ким ишламасин, у халқ манфаатларига ҳамоҳанг ҳаракат қилишга мажбур. Албатта, халқ дейилганда мамлакатнинг бутун аҳолиси эмас, балки кўпчилик (majority) назарда тутилмоқда. Демократияларда кўпчиликнинг овози ҳал қилади.

Америка бугун нефтга боғланиб қолган. Баъзилар у ўз нефтини сақлаб қўйиб, бошқаларникига кўз олайтиради, деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Мана куни кеча президентликка номзод Жон Маккейннинг талаби билан президент Буш океан соҳилларида нефт қазиб олиш учун қўйилган мараториумни бекор қилишни сўраб Конгрессга мурожаат қилди.

Бунга биринчи бўлиб Барак Обама қарши чиқди. Зотан республикачилар бир неча йилдан бери Аляскада нефт қазишни бошлайлик дея ўртага ташлаган лойиҳаларни демократлар тўхтатиб келишмоқда. Уларга кўра, бу табиат мувозанатини издан чиқаради, глобал иссиқлашувни тезлаштиради ва республикачи бойларнинг янада бойиб кетишига йўл очади. Демократлар маблағни бунинг ўрнига алтернатив ёқилғи топиш учун сарфлаш керак деган қарордалар.

Хуллас, бугун нефт Американинг биринчи даражали қизиқишининг асосини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса нефт ўзига етмайди.

Ўзбекистондаги қолган бойликларнинг Америкага умуман олганда қизиғи йўқ. Қандайдир компаниялар олтин каби нарсалар билан қизиқишлари мумкин. Аммо бу давлат сиёсати даражасига етиб бормайди.

Совет Иттифоқи даврида Оқ уйнинг асосий манфаатлари доирасида қизил чизиқ билан ажратилган масала – бу коммунизм таҳликаси масаласи бўлган. Шунинг учун ҳам СССР йиқилгандан кейин Оқ уй МДҲ давлатлари билан қисман шуғуллана бошлади. Аммо Давлат котиби Жеймс Бейкер(James Baker)нинг минтақага бориб қайтиши билан Оқ уй Ўрта Осиёнинг жиловини Туркияга беришга ва коммунизм ўрнига демократияни Туркия орқали олиб киришга ҳаракат қилди.

Ката оғасиз юришни эплолмайдиган бўлиб қолганларни энди турк оғага тоширсак поезд юриб кетади деб ўйлашди. Аммо Туркия бу ишни уддалай олмади. Гарчи ҳамма жиҳатдан яқин бўлишига қарамай Анқара Ўрта Осиёни тушуна билмади.

Аввалига ҳукуматларни қўллаб, туркий давлатлар бирлигини тузмоқчи бўлди. Кўрдики, коммунист раҳбарлардан иш чиқмайди. Мухолифатга қўл узатиб кўрди. Энди коммунист раҳбарларнинг жаҳли чиқди. Бошқа йўлларни синади. Масалан, Сулаймон Демирал даврида Тошкентнинг қўлтиғига кириш учун бир неча кишининг қўлига қурол тутқазиб, Туркияда очиқ машқлардан ўтказиб, буни филмга тушириб, Тошкентга олиб боришди ва мухолифатингиз давлат тўнтариши қилмоқчи дея дўст кўринишди, вақтинча оға бўлиб юришди.

Аммо бунақа ўйинларнинг пардасини йиртишга уста Тошкент Анқарани онасининг орқасидан тентираган бузоқ ҳолига туширди. Бугунга қадар ҳам Анқара Тошкентни тушуна олган эмас. Чунки аслида ўзи ўзини тушуна оладиган даражада эмас׃ ички ўйинлар гирдобида доим. АҚШ Марказий Осиё тақдирини Анқарага ташлаб қўйиб, катта хато қилган эди. Бу минтақа 2001 йилдан кейин манфаат доирасига яқинлашиб қолишини тахмин қилмаган-да!

Оқ уйнинг нефтдан кейин бошини оғритган масала, (балки нефтдан олдин бўлиши ҳам мумкин-ЖМ), терроризм масаласидир. Бошқача айтганда, радикал исломий гуруҳларнинг таҳликаси.

2001 йилдан кейин Ўзбекистон худди ана шу масалада Оқ уй манфаатлари доирасига тушганди. Бугун ҳам Оқ уйда Ўзбекистон асосан ана шу масалада эсланади, холос. Аммо бу борада Оқ уйдагиларда аниқ фикр шаклланиб бўлган. Улар Ўзбекистондаги мавжуд радикал гуруҳларни уддалай оладиган демократик куч йўқ деб ҳисоблайдилар. Яъни ҳокимиятни қўлга олиб, бошқарадиган алтернатив кучлар – демократик сиёсий куч сифатида шаклланмаган. Қуруқ гаплар кўп. Аммо у гаплар Оқ уйга қадар етиб келмайди.

Қолаверса, Ироқ, Афғонистон тажрибаси ва Туркманистон воқеасидан кейин Оқ уй Ўзбекистонда ҳокимият ҳокимиятдагилардан бирига ўтишидан қисман манфаатдордек кўринади.

Хуллас, Оқ уй Ўзбекистон билан жиддий шуғулланиши, Ўзбекистонни биринчи галдаги масала деб билиш учун ё унинг манфаатлар доирасида ўзгариш юз бериши керак ёки Ўзбекистон фавқулодда бир йўл билан Оқ уйнинг манфаатлар доирасига кириб қолиши лозим.

20 июн, 2008 йил.

10.ОҚ УЙГА  ОБАМА КИРАДИ

Президентликка номзод Барак Обама сўровлар ва олдиндан овоз бераётганларнинг, матбуотнинг хулосаларигакўра Оқ уй остонасида. Остонадан ким ичкарига кириши ҳақида узил кесил айтилишга 11 кун қолди.

Тимсоли эшак бўлган Демократик партия ҳам, тимсоли фил бўлган Республикачилар ҳам аслида демократлардир. Яъни партиянинг номидаги “Демократ” сўзи фақат Обама тарафдорлари демократ деганини англатмайди. Аслида ҳар икки партия ҳам бир-бирига яқин. Фақат биттаси демократиянинг чап томонида ва иккинчиси ўнг томонида. Шунинг учун ҳам баъзан Демократик партияни сўлчилар ва Республикачи партияни ўнгчилар дейишади.

Ҳар икки партиянинг орасидаги тафовутлар бугун бармоқ билан санарли. Улар энг кўп такрорлаётган мана бу гаплардан ҳам буни кўрса бўлади:

ДЕМПАРТИЯ׃Бойларданкўпроқсолиқолиб, ўртасинфвакамбағалларгаберамиз.

РЕСПУБЛИКАЧИЛАР׃ Бу социалистик қараш ва биз солиқни камайтирамиз, бой-камбағални ажратмаймиз.

ДЕМПАРТИЯ׃Биз кўп нарсага ҳукумат масъул бўлишини истаймиз.

РЕСПУБЛИКАЧИЛАР׃ Биз катта ҳукуматга ва ҳукуматнинг ҳамма нарсага аралашувига қаршимиз.

ДЕМПАРТИЯ׃ Хотин-қизларнинг ҳомилани аборт қилиш ҳаққи бор!

РЕСПУБЛИКАЧИЛАР׃ Худо яратган болани аборт қилиш бу уни ўлдиришдир.

ДЕМПАРТИЯ׃ Аёл билан аёл ва эркак билан эркак оила қуриши мумкин.

РЕСПУБЛИКАЧИЛАР׃ Оила фақат эркак ва аёл ўртасида бўлади.

ДЕМПАРТИЯ׃ Ҳомосексуаллар ва лезбиянларни очиқ тан оламиз. Бу ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоясидир!

РЕСПУБЛИКАЧИЛАР׃ Ҳар ким билганини қилиши мумкин, лекин ҳомосексуаллар ва лезбиянларнинг ҳуқуқлари ҳақида қонун қабул қилинишига қаршимиз.

ДЕМПАРТИЯ׃Дунёдаги энг золим диктаторлар билан ҳам олий даражада юзма- юз ўтириб гаплашиш, диалог қилиш керак.

РЕСПУБЛИКАЧИЛАР׃ Биз золим диктаторларни рад этамиз ва масалалар чиқса олий даражада эмас, қуйи дипломатик даражада гаплашиш тарафдоримиз.

Мана шундай ва балки яна бир нечта тафовутларни айтмаса, ҳар икки партиянинг ҳам умумий дастури бир-биридан фарқ қилмайди.

Хуллас, Обама бир учрашувда “Бас энди, филнинг орқасига тепамиз, Оқ уйга “эшак” кирадиган замон келди” деган эди ва филнинг танбаллигини айтиб, эшакнинг меҳнаткашлигини мақтаганди. Шунақага ўхшаб турибди.

24 октябр, 2008 йил.

11. Американинг тарихий куни

Ниҳоят АҚШда сайловлар тугади ва Демократик партиянинг номзоди Барак Обама қора танлилардан чиққан биринчи президент бўлди.

Бу илк навбатда америкаликларнинг зеҳниятида жуда катта ўзгариш бўлганини исботлади ва уларни қора танлиларга нисбатан адолатсизлик қилиб келаётганликда айблаётганларга кучли зарба бўлди.

Америка имкониятлар ўлкаси. Бу ерда африкалик оддий муҳожирнинг боласи ҳам эркин сайловлар йўли билан энг олий мақомга сайланиши мумкин.

Америка халқи демократия бобида яна бир марта дунёга дарс берди.

Лекин бугунги оғир шароитда ва Бушдан қоладиган култепа меърос билан Обаманинг нима қила олиши мумкинлигини айтиш мушкул. Шунингдек, унинг Ўзбекистонга яқин орада ва амалий таъсир қилишини ҳам тахмин қилиш мумин эмас.

Келаси йилнинг январ ойидаги қасамёддан кейин ишга бошлайдиган янги президентни унинг рақиби Жон Маккейн ғалаба билан қутлади ва Америка бу кунни байрам қилмоқда.

Шуни илова қилиш керакки, бутун Конгрес ҳам Демократик партия назоратида ва АҚШда битта партиянинг тўла ҳукмронлиги даври бошланмоқда. Бу эса бугунги иқтисодий мушкулотлар даврида уларнининг ҳокимиятлари кейинги сайловда ҳамма камчиликларнинг балогардони бўлиши ҳам мумкинлигидан дарак.

5 ноябр, 2008 йил.

12.Бу ҳам бир фикр

Америка ажойиб диёр. Истасам президентни мақтайман ёки танқид қиламан, истасам ҳукуматни. Агар танқидий фикрим бўлса, истасам ўзбек тилида ёзаман, истасам инглиз тилида ёзиб миллий телевидениелардан бирига электрон хат қилиб жўнатсам, шу куниёқ ўқиб беришади. Ўзбекистондаги каби биров келиб таъқибга олмайди ёки нега ҳурматли юртбошини танқид қилдинг деб қувғин этмайди. Юрагингдаги гапни очиқ айтишга нима етсин!

Хуллас, ана шу эркинликдан фойдаланиб янги президентимизнинг (шу мамлакатда доимий яшаганимдан кейин президентимиз дейишга ҳақлиман-ЖМ) даври хатолар билан бошланганини айтмоқчиман.

Аввало рамзий хато ҳақида. Қасамёд маросимида айтиладиган сўзлар қонуний калималарга айланган ва улардан биттаси унутилса ҳам қасам қабул бўлмайди. Барак Обама Олий Суд раиси томонидан қасам ичдирилди. Суд раиси сўзларни айтиб ва Обама такрорлаб турди. Суд раиси унутган калимани Обама ҳам унутди. Бу дарҳол кўпчиликнинг диққатини тортди ва Америка тарихида илгари ҳам икки марта шундай ҳол юз берганини эслатишди. Яъни қасам чала бўлди.

Матбуот дарҳол бу ҳақда жар солди. Йўли ҳам дарҳол топилди. Суд раиси Оқ уйга ташриф буюриб Обамани қайтадан қасам ичдирди. Шундай қилиб, сиз кўрганингиз эмас, Оқ уйдагиси ҳақиқий.

Энди президентнинг биринчи кундаги қилган ишларидан мен хато деб ҳисоблаганим ҳақида. Аввалдан айтиб қўяй, бу одим жуда кўпчиликка ёқди ва Обамани сайлов олдидан айтган сўзини бажараётганликда мақташга ҳам асос бўлди. Лекин менга ёқмади.

Гап Обаманинг Оқ уйда ишловчи юқори лавозимли мансабдорлар маошини йилига 100 минг доллардан оширмаслик борасидаги қарори ҳақида.

1990 йилда биз Ўзбекистон Олий Кенгашининг илк сессияларида мансабдор кишиларнинг имтиёзларини чеклаш масаласини ҳар куни муҳокама қилардик ва буни жуда муҳим деб ҳисоблардик. Лекин кейинчалик бу борада хатога йўл қўйганимизни тушунганман. Чунки мансабдор кишига ҳукуматнинг ўзи шароит қилиб бермаса, у ўзига шароит яратиш йўлига ўтади. Иш бир четда қолиб кетади.

Ҳали бундан икки йил аввал президент Бушнинг матбуоткотиби Тони Снов вазифасидан истеъфо берди. У олган маоши боласини ўқитишга ва ўзини даволашга етмаётганини, шунинг учун бошқа иш қилишга қарор берганини айтди. Орадан кўп ўтмай бу 54 ёшлик журналист оғир касалликдан вафот этди.

Яқинда унинг хотини билан суҳбатни кўриб қолдим, у боласининг олийгоҳдаги ўқишини бир йилга орқага ташлаганлари ва иқтисодий йўқчилик ичида эканликларини айтди.

Кимгадир бир йил учун 100 минг долларлик маош кўп кўриниши мумкин. Лекин яхшироқ олийгоҳда бир талабанинг бир йиллик ўқиши 30-40 минг доллар эканлиги ёки Вашингтонда бир йилда ижара учун 20-30 минг доллар тўлаш зарурлигини айтишнинг ўзиёқ бундай юқори лавозимда ишлаган кишилар учун бу жуда оз маблағ эканлигини кўрсатади.

Яхши иш биладиган одамга ҳамма жойда эҳтиёж бор. Шунинг учун ҳам хусусий секторда бундайларнинг бир йиллик маошлари миллионлар билан ўлчанади. Шундай экан, агар Обама яхши маслаҳатчини истаса унга яхши ҳақ бериши ҳам керак. Акс тақдирда у вақтини Обама ва Америка учун эмас, ўзи учун сарфлашга мажбур бўлади.

Америкада йилига 100 минг долларлик маошни орзу қилганлар жуда кўп дейишингиз мумкин. Лекин президент маслаҳатчиси даражасига етсалар бу пул жуда озлик қилади. Масалан, Америкада аксар талаблар олийгоҳни битирганда, илмий иш қилган даврда асосан қарзга яшайдилар. Кейин тўлай бошлайдилар. Бу жуда катта миқдордаги пул бўлади.

Қолаверса, оддий одамда танлов жуда катта. Бу дўкондаги нарса ёқмаса, вақтини сарфлаб арзонроғини топади. Президент маслаҳатчиси навбатларда турса, дўконма дўкон югуриб юрса, у ёқдан-бу ёқдан пул топиш билан овора бўлса охири нима бўлади? Охири-порахўрлик. Охири-ишларнинг ўлда жўлдалиги.

Совет даврида партия идораларида ишлаганларнинг маоши хўжалик идораларидагидан оз бўларди. Аммо улар бошқалардан бой эдилар. Чунки улар партия учун, халқ учун эмас, ўзлари учун яшашга тиришардилар.

Шу жиҳатдан Обаманинг бу ҳаракати Совет даврини эслатди. Бу ҳаммага социалистик тенг қарашдир. Ҳукуматнинг қуйи мақомларида бир соат ишлаб, етти соатни ўзига сарфлайдиган такасалтанг ҳам йилига 100 минг доллар олса ва дунёнинг масъулиятини елкасида кўтариб, ҳаётидан кечган киши ҳам шунча пул олса? Бу жуда оддий қилиб айтганда инсофсизлик!

Обама бу ҳаракатини ахлоқий жиҳатдан ҳар қанча оқлаши ва кўпчилик буни дастаклаши мумкин. Лекин мен қўшилмадим. Бунинг ўрнига энг ақлли, иш биладиган кишиларни маслаҳатчиликка олиб, “сен фақат ишни ўйла, пул керак бўлса мана мен бераман, ўзингни мамлакатга бағишла” деса, балки ҳафталаб Яқин Шарқда қолиб кетадиган маслаҳатчиси оила ташвишларини эмас, дунё келажагини ўйлармиди?

Хуллас, нима бўлганда ҳам Американинг ва дунёнинг келажаги нуқтаи назаридан бу шунчаки популистик одим ва хато деб биламан.

Қани эди Ўзбекистонда яшаётган бир киши ҳам президент ҳақида ана шундай очиқ ёза олса!

Шундай кунлар келармикан? Қийинга ўхшаб кўринмоқда. Президент бўламан деганларини танқид қилсангиз балога қоласиз-ку, ҳалики президентни!

22 январ, 2009 йил.


%d bloggers like this: