БАЙРАМ ҚИЛИШГА САБАБ ТОПИЛДИ!

Ҳазил аралаш табрик

Ўзбекистон ичида қолаётганлар яхши билишса керак, мустақиллик байрамини нишонлаш у қадар тўғри ҳисобланмагани, нишонлаган тақдирда ҳам гўё бир-биримизнинг устимиздан кулаётгандай туюлгани учун, байрам деярли нишонланмайди.

Жуда бўлмаганда бирор бошқа сабаб топиладида, байрам қилинади, энг муҳими ўша, сабаб дегани топилиши учун, санага қадар астойдил ҳаракат қилинади.

Хуллас, ҳаммаси ана шу кўринишда бўларди.

Бу сафар ҳам сабаб қидиришга тушдик, аммо негадир ўхшамади. Ҳамма ўзи билан овора, боз устига, ҳар хил гап-сўзлар, «кетмасмуш», «бермасмуш», «қолармуш» деган башоратлар, ёқмайдида бундай пайтлари.

Кечга яқин уч-тўрт дўстлар билан қупкуруқ дастурхон атрофида йиғилдик, билган, эшитганларимиз ҳақида фикр алмашдик, тегишли томонларгага тегишли сўзларни рамзий СМС қилгандан сўнг, бир дўстимиз ёнидан икки бутилка ҳалигини чиқардию, секин жилмайиб, «аммо зўр сабаб ҳам бор», деб қолди.

«Қулт» этиб иштаха билан ютиндигу, «қандай сабаб», дея қизиқдик. Аммо, дастлаб икки-уч ёшларни анави суюқлик кетидан албатта, ошқозон сари йўналтириш шарт бўлган қўшимча «сийлов»ларга юбордик. Хуллас, қандай сабаб экан.

-Бугун, Жаҳонгир аканинг туғилган куни экан, ахир буни нишонламасак, точно гуноҳ иш қилган бўламиз, деган фикр билан, манавиларни ола келдим, – деди шеригимиз жилмайиб.

Қовоқларимиз осилди. Дўстимиз ҳайрон, ўзбек эмасми, анави бутилкаларни секин ортига яшириб, нигоҳларини ерга қадади, ҳатто бир нималар деб мингирлади ҳам.

-Содда-ей, афтидан кечирим сўради…

-Гуноҳ қилибсану ўрток, -деди даврамиз каттаси, – ахир Жаҳонгир ака учун ўн киши иккитани ағдарсак уят бўлмайдими, ағдаролмай қолиптию булар, демайдими? Тамом, сени ўртоқлик судига тортамиз…

Дўстимиз тиржайиб ортга яширганини олдимизга қўйдида, «гуноҳ ўтибди, узр», деб ерга омонатгина ташлагани попкасидан яна иккита анавиндан чиқарса бўладими.  Завод бўлиб кет-э, дедик кулиб.

Закуска келди, анави қурғурлар йиқитилди. Сумкада қолган яна учта ҳам (ростдан ҳам нақ заводнинг ўзгинаси) уларнинг кетидан йиқитилди, кейин яна бир нечта йиқитилгач, ўзимиз ҳам…

Энди ўша куни, «йиқитиш» кампанияси пайтида битилган табрик матнини ўқиб эшиттирсак. Агар хато учраса кулмайсиз деб умид қиламиз, зеро қандай ҳолатда битилганини билдириб ўтдик.

«Ҳурматли Жаҳонгир ака! Ҳиқ, сиззи туғилган кунингиз билан, ҳиқ, табриклаймиз. Умуман олганда уже табриклаб бўлдик, айримиларнинг ҳатто тили буралмай қолди, афсус орамизда ана шундай нозиклар бор, ҳиқ.

Аммо, йиқилмай қолган уч-тўрт… вой кечирасиз, тўрт ҳам уже йиқилибди, демак йиқилмай қолган уч йигит, майдонга келдик. Ўша ерда туриб, мана шу табрик матнини ёзаябмиз… Одамлар жуда ҳам кўп. Байрам қилгани келишган, аммо миршабларнинг чуррр-чурри туфайли байрамни тушунмайроқ юришибди. Ёнимизга чақириб, анави, ҳиқ, дан қуйиб бердик, кўтаришдию, байрамона кайфиятга эга бўлишди, ҳатто чуррр-чурррлар томонга оғзаки, аннақа СМС жўнатишди, қойил… руҳлантириб юбордингизда ака, ҳиқ.

Бир соат ичида нақ, ҳиқ, йигирма ё ўттиз кишига қуйиб бердик, қаёқдан келаётгани ўзимизга қоронғию, аммо, қуявердик, қуявердик… ҳиқ, бирров мустақиллик монументи ортига ўтиб қайтдик ҳам, кечирасизу, у ер бундан бошқа сабаб учун ярамайди, ҳиқ.

Хуллас, сиз сабаб анча-мунча одамда байрамона кайфият пайдо бўлди. Президент сабаб бу кайфият деярли йўқолиб улгурганди, э-э… ҳиқ…ни, ўшанинг…

Шунча одамга, ҳиқ, кайфият улашганингиз учун ҳам сизни яхши кўрамиз, ҳиқ… айримлар шу ерда бўлатуриб бу ишни эплай олмаяпти, сиз эса эпладингиз, қойил, ҳиқ.

Туғилган кунингиз муборак бўлсин, келаси туғилган кунингизни шу ерда, мана шу майдонда, ўзингизнинг иштирокингизда кайфият улашиб ўтказайлик, ҳиқ. Таклиф маъқулми? Унда кўтардик…»

Ўша пайтдаги ҳолатимиз ана шундай эди, шу боис матнда ҳам бу кайфият муҳрланиб қолган…

Энди мутлақо жиддий: Юсуф Жума׃

-Ўкинма дунёни уққан,
Бу номард қавмдан зинҳор.
Битта бўлса ҳам эр туққан
Жаҳонгир Муҳаммад бор.
Чида ғаним билан буғса,
Қарғама бу ғаддор халқни.
Битта бўлса ҳам эр туғса
Бундай эл яшашга ҳақли,

деб ёзибдилар.

Шоир тўғри айтганидай, миллатни бугунги кўринишидан мутлоқ тушкунликка тушмаслик керак, чунки унинг Жаҳонгири бор.

Мана шу, у бир маҳаллар умид билан яратган сайт, бугун қанчалар одамлар учун кўнгил изҳори майдонига айланди. Қанчалар овози бўғилган, бадном қилинган инсонлар бу минбар орқали ўз сўзини айтиб келаяпти.

Қараб туриб ўйланасан киши, ахир биз орзу қилган кунлар, ана шу майдон сингари эркин, тирик ва ҳар бир ватандошимиз учун яқин бўлиши керак эмасмиди?

Мана шу ерда қолиб, минглаб ёлғон ичида яшаб, кичиккина имконият туфайли, ана шу ҳақиқат минбаридан баҳраманд бўлаётган юртдошлар номидан Жаҳонгир ака сизни самимий қутлаймиз. Ғайратингиз сўнмасин, қаддингиз доимо тик бўлсин, зеро мамлакат чиндан ҳам аллакимларга онасининг маҳри ўлароқ тушган эмас, у бизники, ва биз унда албатта бирга, озод ва эркин яшаймиз.

Нидои Мазлум,

Тошкент.

2007 йил.

%d bloggers like this: