ЖАҲОНГИР Маматов: Кулмаган элнинг бахти ҳам кулмайди
латифалар
Сўз боши ўрнида
Кейинги асрларда Ғарб мамлакатларида, жумладан русларда ҳам сиёсий латифа жуда катта жанрга айланди. Ҳокимиятнинг қусурлари ва ўзига ярашмаган ҳаракатлари устидан кулиш бу жамиятларнинг муҳим бир қисми бўлиб қолди. Масалан, Америкада ҳар куни деярли барча умуммилий телеканалларда тунги сатира кўрсатувлари намойиш этилади. Уларда Конгресс аъзолари, Президент ва машҳур кишиларнинг шу кунги гаплари ва ҳаракатлари сиёсий латифаларга асос қилиб олинади. Бу кўрсатувлар мамлакатдаги энг рейтинги баланд дастурлар ҳисобланади. Уларнинг бошловчилари ҳам жуда машҳур бўлиб кетишган ва бутун ҳокимият тизимлари уларнинг кулги аралаш танқидларига жиддий қарашади.
Ҳатто йилда бир марта Оқ уйда Президентнинг ўзи қатнашган кулги кечасида унинг ҳаракатлари, фаолиятидаги камчиликлари устидан куладилар ва унинг ўзи ҳам ўзини сиёсий латифа қаҳрамонига айлантириб журналистларга табассум ёяди.
Бу бизда ҳам азалдан бўлган, аммо кейинги асрларда қатағонга учраган. Амир Темур ҳақидаги латифларни эсласак, бу жанр бизда нақадар кучли илдизга эга бўлганини кўрамиз. Ҳар қандай шоҳлар устидан ҳам кулишган ва уларни танқид қилиб, сиёсий латифалар яратишган.
Совет даврида руслар бу борада олдинда эдилар. Қайта қуриш йиллари улар халқ оғзида юрган сиёсий латифаларни тўплаб бир неча китоблар нашр этишди. Сталиндан Брежневга қадар ҳамма золимлар сиёсий латифа “қаҳрамони”га айлантирилганди.
Бизда ҳам бор эди. Амммо жуда оз ва улар тўплаб нашр этилмади, аксинча Каримов пайтида бу жанр деярли ўлди.
Биз талаба эканимизда жуда кўп сиёсий латифалар бор эди.
Масалан׃
Автобусда бир кишининг оёғини иккинчиси босиб турган экан. Оёғи босилган одам׃
-Ака сиз Самарқандданми,-деб сўрабди.
-Йўқ…
-Акажон бўлмаса сиз Жиззахданми?
-Йўқ..
-Ҳе, ифлос, бўлмаса нега оёғимни босасан!
Ўшанда милициянинг каттаси Самарқанддан ва Партиянинг раҳбари Жиззахдан эди.
Бугун ҳам халқ орасида сиёсий латифалар жуда кўп. Чунки халқ қайнар чашма. Менинг қилган ишим эса кундалик сиёсий воқеаларга муносабатни озгина ҳажвий йўл билан ифода этиш бўлмоқда, холос.
Бу кўпчиликка маъқул келди. Орада бир неча маротаба тўхтатганимда бу рукни тиклашни талаб қилишди. Демак, халқимиз кулишни истайди.
Зотан кулмаган элнинг бахти ҳам кулмайди.
МУАЛЛИФ.
ЎТИШ
-Кеча телевизорда кўриб қолдим, судда бир аёл мухолифатчи динсизларнинг китобини кўтариб турганди, нима бўлди, сизларда ҳамма бошқа динга ўтмоқдами?-деб сўради Нурсултон Алдаркўсадан.
Алдаркўса парво қилма дегандек қўл силтади-да:
-Ҳа, уми? У биз томонга ўтди!-деди.(27-01-2006)
ҚАМОҚХОНА
-Иттифоққа аъзо бўлдинг, энди чегараларни очасанми?-деб сўради Нурсултон Алдаркўсадан.
-Иштаҳанг баланд-ку, нима халқингни бизнинг ҳисобимиздан боқмоқчимисан?-деди Алдаркўса.
-Йўқ, мени нотўғри тушундинг, сен очмоқчи бўлсанг, мен қочмоқчиман!-деди Нурсултон.
-Нега қочасан?-дея ажабланган Алдаркўсага Нурсултон киноя қилди:
-Фараз қил, қамоқхонанинг эшиги бирдан очилса, нима бўлади!(28-01-2006)
БИТТА ОДАМ
-Телевидениени ислоҳ қилиб, якка шахс кўринишидан қутуламиз деб айтибсанми?-деб сўради Алдаркўса ТВ раисидан.
-Ҳа, ҳозир экранда фақат битта шахс кўринади, шундан қутулмоқчимиз!
-Нима дединг, ярамас? Кимдан қутулмоқчисан?-дея бақирди Алдаркўса.
Раиснинг нафаси ичига тушиб кетди:
-Битта дикторни иккита ёки учтага алмаштирмоқчи эдик…
Бу гапни эшитиб Алдаркўса жаҳлидан тушди ва:
-Ҳа, бу яхши гап, доим экранда битта одамни кўравериш жонга тегиб кетар экан!-деди.(29-01-2006)
АФАНДИ ВА ЭШАГИ
-Туғилган кунингиз билан қутлайман,-деди шоирлардан бири Алдаркўсага.
-Яна қаланғи-қасанғи шеърлардан олиб келдингми?
-Йўқ, бу сафар яхшисини ёзиб келдим…
-Ўтган йил ҳам шундай деган эдинг, ҳали келаси йил ҳам шундай дейсан, афанди,-деди Адаркўса шоирни камситиб.
-Келаси йилга Худдо пошшо!-деб жавоб қилди шоир,- халқимизнинг келаси йилгача ё афанди ўлади, ё эшаги деган гап бор, тақсир.(30-01-2006)
СОВҒА ва ҒОВҒА
-Туғилган кунимда тушган совғаларни нима қилдинг?-деб сўради Алдаркўса хотинидан.
-Тирибди. Нима қилардим? Бунча очкўзсиз, нима, сабил қолгур совғаларни гўримга кўтариб кетармидим?-дея жаҳл қилди хотини.
Бундан овсар Алдаркўсанинг жаҳли чиқди ва:
-Э, бунча ноз қиласан? Сен кўтариб кетмасанг, ўзим кўтариб кетаман,-деди.(31-01-2006)
СИНМАГАН БЎЙИН
-Мухолифат орасида нима гап?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчисидан.
-Бўйинсунмаслик ҳаракатини бошлаймиз, дейишмоқда,-деб жавоб қилди маслаҳатчи.
-Ундай бўлса, санлар бўйинсиндириш ҳаракатини бошланглар,-деди Алдаркўса.
-Синмаган бўйин қолмади ҳисоб,- деди маслаҳатчи ва Алдаркўсани назарда тутиб қўшимча қилди:
-Манимча, фақат битта қолди…
-Ўша биттани ҳам синдирларинг!- дея бақирди овсар Алдакўса.(1-02-2006)
ВИРУС
-Мухолифларимиз “Демократия душманлари” деган китоб ташкил қилишибди,-деди Алдаркўсага янгиликлар ҳақида маълумот берган маслаҳатчи.
-Сен дарҳол “Демократия дўстлари” деган китоб чиқар,-деб
буюрди Алдаркўса.
-Уни ҳам мухолифат чиқармоқда…
Бу гапни эшитиб, Алдаркўсанинг жазаваси қўзиди:
-Ахмоқ, мухолифат чиқарса сен қараб турасанми? Сен ҳам чиқар, кўрсат!
Ана Интернетга чиқар, кўрсат! Ҳалиги, компютермиди, оти нимайди-я, ўша асбобингни ишга сол!
-Тақсир вирус тушиб у асбоб ишламай қолган,-деди маслаҳатчи.
-Бўлмаса, ана меникини ол!
-Сизникига ҳам тушган,-деди маслаҳатчи.
-Нима деб валдираяпсан?-дея яна қаттиқроқ бақирди Алдаркўса.
Маслаҳатчи тутоқиб кетди:
-Тақсир, менинг асбобимга вирус тушгандан кейин, сизники соғ қолармиди!( 2-02-2006)
ҒЎДДАЙИШ
-“Демократия душманлари” китобига ёзиш учун нега мени номзод қилиб олишибди? Қандай асослари бор экан?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-17 йилдан бери ҳокимиятни бошқага бермаяпти, шунинг ўзи демократияга душманлик, дейишмоқда,-дея жавоб қилди маслаҳатчи.
-Нега мухолифатни олишмайди? Унинг “лидер”лари ҳам мендан қолишмайди, нима улар демократияга риоя қилишмоқдами? Ёки демократияда бир умр раислик деган гап борми?
-Бор бўлса керак-ки, улар демократик давлатларда қаерга боришса, ўша ерда ғўддайиб туришибди…
-Улар ғўддайиб туришган бўлишса, биз ҳам бир умр ғўддайиб ўтираверамиз,-деди Алдаркўса.( 2-02-2006)
ЙЎЛ
Алдаркўса Путинга сим қоқди:
-Афғонистон бизга яқин келишини истамаймиз дедингиз, яхши гап, энди биргалашиб шунинг чорасини қилсак, дегандим.
-Бу ишни биргалашиб қилиб бўлмайди,-деди Путин.
-Ундай бўлса, йўлини кўрсатсангиз ўшанга қараб иш тутардим…
-Йўли шуки, Афғонистон бизга яқин келгунча, сен Афғонистонга кетақолсанг бизга яхши бўлади,-деди Путин.(4-02-2006)
АБЛАҲ
-Тақсир, мана бу шоиримиз сизни “пайғамбарим” дея шеър ёзди,-дея маслаҳатчи қўлидаги қоғозни Алдаркўсага узатди.
-Уни дарҳол жавобгарликка тортинглар,-деди Алдаркўса қоғозни улоқтириб,- у келгусида менинг суратларим ва расмларим ҳеч қаерда эълон қилинмаслигини назарда тутганга ўхшайди. Вой, аблаҳ-ей!(5-02-2006)
МАЛАЙ
-Душманларимиз яқин орада давлат тўнтариши бўлиши мумкин, дея миш-миш тарқатишмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Жуда ҳам яхши, энди “Давлат тўнтаришига уриниш” деб атрофни яна бир тозалаб чиқларинг, бутун дунё ишонади-қўяди.
-Унақада бу ишни олдиндан билган экан деб душманларимизнинг обрўйи ошиб кетмайдими?
-Ахмоқ, давлат тўнариши ташкилотчилигини ўша душманларга юклайсан, қолганларни эса уларнинг малайлари дейсан!
-Яна малайлар десак қандай бўларкин?
-Нима малак дейликми? Мана сен кимсан? Малайсан? Ҳамма ҳам кимгадир малай! Малай бўлмасанг яшай олмайсан, бадбахт!
Шу пайт Оқпошшо телефон қилиб қолди, Алдаркўса маслаҳатчига “тез чиқиб кет” ишорасини қилиб, ўзи ўрнидан турди-да, қўлини кўксига қўйганча саволларга юмшоқлик билан жавоб бера бошлади.(6-02-2006)
ДЕМОКРАТ
-Баъзи оғзига кучи етмаганлар Амир Темурни сўка бошладилар, Рашидовга тош отмоқдалар,-деди маслаҳатчи Алдакўсага.
-Нима қипти?-
-Олдини олсакмикан?
Овсар Алдаркўса маслаҳатчига бақира кетди:
-Нима, сен демократияга қаршими? Сўз эркинлигини буғмоқчимисан? Нима ишинг бор, кимни сўкади? Истаса Амир Темурга, истаса Рашидовга тош отсин! Бизга тегмаса бас!(7-02-2006)
ҚЎШИЛИШ
-Дунёда нима гап?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Дунё мусулмонлари Данияга қарши норозилик билдирмоқдалар. Пайғамбар ҳақида расм чизиб, ҳажв қилишганини қоралашмоқда,-деди маслаҳатчи.
-Биз нима қиламиз?
-Улар кейинги пайтда сизни ҳам ҳажв қилиб келишмоқда-да,-деди маслаҳатчи.
Бу гапни эшитиб, Алдаркўсанинг авзойи бузилди:
-Дарҳол бир баёнот бер, биз ҳам мусулмонларга қўшилдик.(8-02-2006)
“ҚАЧОН?”
-Хавфсизлик Кенгашига кирасизми?-деди Оқпошшонинг вакили Алдаркўсага.
-Кирмасак нима бўлади?-деди Алдаркўса ялтоқланиб.
-Кирмасангиз ўзимиз итариб бўлса ҳам киргизиб қўямиз,-деди вакил.
-Қачон?(9-02-2006)
ОНА ТИЛИ
-Четдан инвестициялар келиши камайиб кетибдими?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Четдан келиш камайгани билан четга кетиш камайган эмас,-деди маслаҳатчи.
-Қандай қилиб баланс сақлаяпсан?-дея қизиқди Алдаркўса.
-Eмоқнинг қусмоғи бор, давримизда бой бўлганлардан ҳақимизни олаяпмиз.
Алдаркўса маслаҳатчига дашном берди:
-Ахмоқ санлар она тилини ҳам билмайсанлар, биринчидан, “давримиз” эмас, “даврингиз”, иккинчидан эса “ҳақимиз” эмаc “ҳақингиз” дейилади!(10-02-2006)
ТАЙЁРГАРЛИК
-Нурсултоннинг келишига яхшилаб тайёргарлик кўринглар. Ҳаммаёқ тозалансин, йўлларда қатнов бўлмасин, зиёфатларда бўлмаган нарсанинг ўзи бўлмасин, совға-саломлар кўзни қамаштирсин, кутиб олиш ва кузатиш энг олий даражада бўлсин,-деди Алдаркўса маслаҳатчисига.
-Ундан бўлса, кутиб олишга ўзингиз ҳам чиқасизми?-дея сўради маслаҳатчи.
Алдаркўсанинг авзойи бузилди:
-Ахмоқ мени ким деб ўйлаяпсан!(11-02-2006)
ВАЗИЯТ
-Бозорларингизда одам камайиб кетибдими?-деб сўради Нурсултон Алдаркўса билан шаҳарни айланар экан.
-Сен ўз юртингдаги вазиятдан бехабарга ўхшайсан, шекилли,-деди Алдаркўса.
-Нима бўпти менинг юртимга?-ажабланди Нурсултон.
-Бозорларингизда одам кўпайиб кетганини кўрганингда менга бу саволни бермасдинг-да!(12-02-2006)
СЕВИШГАНЛАР
-Эртага севишганлар куни экан, байрам қиламизми?-деб сўради хотини Алдаркўсадан.
-Севишганинг бор бўлса байрам қилавер, мен эса қилмайман.(13-02-2006)
ДАРС
-“Кучишлатар вазирликларни Парламент назорат қилиши керак”, деган гапингизни Сенатдаги баъзилар жиддий олганга ўхшайди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Улар жиддий, яъни мўмай олиб ўрганган, энди бу вазирликлардан ҳам олишмоқчими? Уларга ножиддийлик ҳақида жиддийроқ дарс бериб қўй!(14-02-2006)
ҲОЗИРГИ ЗАМОН
-Бишкекда бир учқичда қизларимизни Дубайга олиб боришмоқчи бўлишганда ушлашибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Бало борми Бишкекда, ана ўзимиздан юбормайсанларми?!-деди Алдаркўса жаҳл билан.
-Ўзимизда учқич етмай қолаяпти экан…
-Ана меникини ишлатларинг!
- Маслаҳатчи паст овозда қўрқа-писа гапирди:
-Бир кор-ҳол юз берса меники дарҳол учиб кетишга шай турсин дегандингиз-да!
-У ўтган замон эди, сен ҳозирги замонга қайт!(15-02-2006)
УСТОЗ
-Олимпиада қатнашчиларимизнинг одимлари қандай?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Яна боксчиларимиз олдинда…-деди маслаҳатчи.
-Оффарин уларга, мактаб яратишмоқда, мактаб! Дунёга ана шундай мушт билан дарс бериш керак!-дея хурсанд бўлди Алдаркўса.
Ҳамма нарсани Алдаркўсанинг номи билан боғлашга ўрганиб қолган маслаҳатчи:
-Мактабни ўзингиз яратиб қўйгансиз, улар фақат шогирддирлар,-деди.(16-02-2006)
МИЛЛАТ
-Покистон чегарасида бизга оид икки кишини ушлашибди, улар..-дея гап бошлаган маслаҳатчининг гапини Алдаркўса бўлди ва:
-Тез разведка бошлиғини топ, қандай қилиб бизга оид одамлар қўлга тушади? Мен уларни яхшилаб тайёрлаб, кейин юбор демаганмидим?-деди.
-Кечирасиз, бизга оид деганда миллатини назарда тутгандим, аммо..- яна Алдаркўса маслаҳатчини жеркиб ташлади:
-Ахмоқ биласанку мени миллат-пиллат қизиқтирмайди!(17-02-2006)
“МУСТАҚИЛ…”
-Телевидение ҳақидаги қонун тайёр бўлдими?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Деярли тайёр бўлди, фақат “Мустақил телевидениелар” деган иборани қўшайликми йўқми деб ўйланиб турибмиз,-дея жавоб қилди маслаҳатчи.
Овсар Алдаркўса дарҳол маслаҳатчига “маслаҳат” берди:
-“Мустақил Ўзбекистон” деган ибора ҳаммага ва ҳамма нарсага тааллуқли. Нима, энди яна ҳар бирини мустақил қилиб чиқиш керакми?(18-02-2006).
ҲАЛОКАТ
-Қаердадир верталётга бир бало бўлибдими?-дея сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Ҳа, битта верталётимиз ҳалокатга дуч келиб, қулаб тушди,-деди маслаҳатчи.
Овсар Алдаркўсанинг хаёли қочди ва:
-Ҳалокат! Қаёққа қараётган эдинглар! Қандай қилиб у ҳалокат бизнинг ҳаво ҳудудимизга кириб қолади? Тез айбдорни топиб жазола!-деди.
-Экипаж аъзолари ҳалок бўлган дейишмоқда…
-Дейишмоқда деганинг нимаси? Тез бориб хабар ол, ҳали ўлмаган бўлса жазолашга улгурасан!(19-02-2006).
ТАҚСИМОТ
-Қирғизиларни иккига бўлиб, тақсимлаб, бўлиб олсак, шунга нима дейсан?-деди Алдаркўса Нурсултонга.
-Яхши гап, бўпти, теппа қисми бизники, пасти эса сеники!- деб жавоб қилди Нурсултон.(20-02-2006).
ОЛДИН ва КЕЙИН
-Сенга нима бўлди, сайловдан кейин мухолифларингни бир-бир ўлдираяпсан? Ютқиздилар-ку, қўй, юраверишсин, -деди Алдаркўса Нурсултонга.
-Сайловдан олдин мухолифларимни ўққа тутганимда шармандаи шармисор бўлардим-да!-деди Нурсултон.(21-02-2006).
КУРАШ
-“Озодлик”ни қўлга олдингми?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчисидан. Нима дейишини билмаган маслаҳатчи:
-Қўлга олгандик, лекин яна чиқиб кетадиганга ўхшайди,-деди.
-Агар курашни бой берсанг, ўзинг ҳам эшик қолиб деразадан чиқиб кетасан,-деди Алдаркўса.(22-02-2006).
ВАҚТ
-Ҳамма асарларингизни 12 та дискка тўпладик, энди ўзингиз ўлсангиз ҳам асарларингиз ўлмайди,-деди маслаҳатчи овсар Алдаркўсага.
-Санлар жуда эгосит бўлиб кетибсанлар,-деди Алдаркўса.-У асарлар меники эмас, ҳаммасини ўзларинг ёзиб берган, мен фақат ўқиб берганман. Демак, мени эмас ўзларингни ўйлаяпсанлар. Мени ўйлаганларингда асарларни эмас, ўзимни ўлмайдиган қилишларинг керак эди…
-Сизни қачонлардир ўлади дейишганди, бунинг устига тезроқ ўлсин деб қарғаганлар қанча, лекин сиз ўлмаяпсиз, ўлмас раҳбарсиз,-деди маслаҳатчи.
-Шундай экан, нега бўлмаса асарларимни дискка жойлаб юрибсан!-дея ўдағайлади Алдаркўса. Маслаҳатчининг энсаси қотди ва :
-Э, нима қилай, тобутга жойлайми? Унинг ҳам вақти келар!-деди.(23-02-2006).
ҚИЗИЛ КИТОБ
-Мана “Қизил китоб”нинг ҳам янги нашри чиқди,-дея маслаҳатчи насли йўқолиб кетган ҳайвонлар ҳақида нашр этилган янги китобни Алдаркўсага узатди. У китобни қайтиб маслаҳатчининг ўзига берди-да:
- Янги чиққан ҳар бир китобнинг қаерида исмим бўлса ўша жойига қоғоз қўйиб олиб келардинг, кўришим учун осон бўларди. Биласан, вақтим кам, нега бунга қўймадинг?-деди.
-Бу ерда ҳали исмингиз йўқ-да.
-Ҳали деганинг нимаси!
Овсар Алдаркўса ҳеч нарсани тушунмаганидан фойдаланган маслаҳатчи:
-Келажакда албатта киритамиз,-деди.(24-02-2006).
ҚИЗЛАР
-Бишкекда Дубайга фоҳишабозлик учун олиб кетилаётган 45 та қиз қўлга тушибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Мана революция, инқилоб, мана демократиянинг натижаси, давлатни бошқаролмай қолишди, баттар бўлишсин,-деди овсар Алдаркўса.
-Лекин улар бизнинг қизларимиз экан…
-Балки сенинг қизингдур! Менга бунақа даъво қилма, менинг қизим икки йилдан бери Дубайга бормай қўйган!(25-02-2006).
БЎШАТИШ
-Устозингизни бўшатиб юборганимиз яхши бўлмадими, дейман-да,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Биринчидан, сен эмас, мен бўшатиб юбордим, иккинчидан, бўшатиб юборгим келганда ўзимни тутиб туролмайман, бу соғлиғимга зарар.(26-02-2006).
АЙНИГАНХЎР
Ўзи тарафида бўлган “мухолифат”чи сайтлардан бирини кўриб ўтирган Алдаркўса:
-Одам калтак еб калласи айниб қолса, нима бўлади?-деб сўради маслаҳатчисидан.
-Айниган сосиска сотувчи бўлади,-деди маслаҳатчи.
-Нега?-дея қизиқди Алдаркўса.
-Калласи айниган одамнинг айтгани ҳам, ёзгани ҳам айниган бўлади-да!-деди маслаҳатчи Алдаркўса ўқиб ўтирган сайтга ишора қилиб.
-Ундай бўлса, одамлар нега унинг сотганини ейишади?
-Пули куйган қозоқ совунни егандан кейин, истаган одам айниган сосикани ҳам ейди-да!-деди маслаҳатчи ва қўшимча қилди:-Ўзингиз нега ўқиб ўтирибсиз?(27-02-2006).
НОСИР ЗОКИР
-Носир Зокир озодликка чиқибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Қачон чиқибди, нима дебди?-дея ҳаяжонини яширолмади Алдаркўса.
-Қамоқдаги муддати битиб, озодликка чиқибди,- дея маслаҳатчи айтган гапига изоҳ берди.
-Худога шукур-э, -деди Алдаркўса,- мен эса у яна радиога чиқибдими дебман!(28-02-2006).
БИЗДА
-Дунёда нима гап?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Бизда семитизм бор деб ёзишмоқда,-деди маслаҳатчи.
Алдаркўса қувониб кетди ва:
-Мен ҳам шундай деб юргандим. Мана ниҳоят ўзлари тан олиб, “Бизда семитизм бор” деб ёзишибди. Кўрдингми, Худо тилларидан тутиб беради.(1-03-2006).
“ДЕМОКРАТИЯ”
-Ҳалиги аёлнинг ёш болалари бор экан, суд ўн йил берди, қамалиб кетаверсинми?-деб сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан.
-Демократияни мен эмас, улар исташди. Демократияда аёл ёки эркаклигига қарамайди. Жиноят қилдими, қамалиб кетаверади. Агар диктатура бўлганда эди, мен бир телефон қилиб, уни бўшатиб юборар эдим,- деди Алдаркўса.
-Судя адвокатга “Агар кассация тартибида ариза ёзсангизлар, балки қайта кўрармиз, деганмиш…
Бу гапни эшитиб Алдаркўсанинг жаҳли чиқди:
-Дарҳол телефон қил, судянинг ўша кўрадиган кўзини ўйиб қойишсин!(2-03-2006).
АМОЛОТ
Алдакўса ўзининг буйруғи билан очилган янги веб сайтларни кўриб ўтирар экан:
-“АМОЛОТ” дегани нимаси,-деб сўради маслаҳатчисидан.
-Бу ёшларнинг янги саҳифаси, КОМСОМОЛ, э, кечирасиз, КАМОЛОТ ташкилотиники,-деди маслаҳатчи тутила-тутила.
-Ундай бўлса “К”си қани?
-Ана, барглар билан чизиб қўйишган, қўшиб ўқиш керак…
-Қўшув белгиси бўлмаса мен қандай қўшаман! Ёки қўшув белгиси ҳам кўринмай қолганми? Балки ҳар икки ҳарфдан кейин қўшув белгиси қўйиб чиқишим керакдур?(3-03-2006).
ТОҒ ва …
-Озгина ўпкангни босиб ол, ҳали ёзга чиқиб оч қолсанг, нима ейсан, бор бутинг тоғ, тоғни ейсанми? Оёғимга бош уриб келасан ҳали,-деди Алдаркўса қирғиз ҳамкасбига.
Қирғизни жаҳли чиқиб турган экан:
-Мен оёғингга бош қўйганим билан тоғни есам, сен менинг оёғимга бош қўйсанг, нимани ейсан?-деди.(4-03-2006).
ТАЙВАН
-Америка Тайванни мустақил деб ҳисобламоқда. Хитой эса меники деб билмоқда. Биз нима дейлик?-дея сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан.
-Ҳаммаси бекор айтибди, Тайванчик мана меники,-деди Алдакўса.(5-03-2006).
МУТТАҲАМ
-Ана у “Ўтюрак” деган аёлнинг суди нима бўлди?-дея сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Ҳукм олдидан савол пайдо бўлиб қолди: “Агар бировни муттаҳам деб сўкса, бу жиноят бўладими ёки бу гапни кечириб юбориш керакми?” деган. Шунга ўзингиз аниқлиқ киритиб берсангиз.
-Гап ўша мутаҳҳамнинг эгаллаб турган лавозимига боғлиқ,-деди Алдаркўса.-Агар оддий одамни шундай деган бўлса, бу жиноят, агар каттароқ ишда ишлаган одамни шундай деган бўлса, бу ҳақиқат. Катталарнинг ҳаммаси муттаҳам!
-Ундай бўлса у аёлни озод қилиб юборишимиз керак экан-да!-деди маслаҳатчи.
-Ҳаммангни мутаҳҳам деган бўлса, ҳақ гапни айтибди, чиқариб юборларинг, сенларга ҳақ гап ёқмайди,-деб жаҳл қилди Алдаркўса.
-Лекин… у сизни айтган-да!
-Ундай бўлса, нега тилини кесмадинг, муттаҳам!(6-03-2006).
БОЛАЛАР ДАВРИ
-Менинг даврим тугаяпти, демак мухолифат “бошлиқлари”нинг ҳам даври битаяпти, чорасини топларинг,-деди Алдаркўса маслаҳатчига. Аллақачон ишни бошлаб юбордик, ўринларига болаларини етиштираяпмиз. Аввалига “Ёшлар клуби”га раис, кейин мухолифатга. Буни ўзларининг қўллари билан бутун дунёга тарғиб ҳам қилаямиз.
-Ишни параллел олиб борларинг, менинг қизимни ҳам унутмаларинг!-деди Алдаркўса.
-Ўлибмиз-ми унутиб,- деди маслаҳатчи талтайиб,- унутсак хазина бошқаларга ўтиб, биз қуруқ қоламиз-ку?!(7-03-2006).
ТАБРИКЛАР
-Бугунги почта қани?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Бугунги почтанинг ҳаммаси қизингизга экан,-деб жавоб қилди у.
-Нега қизимга бўлади?- ажабланди Алдаркўса.
-Ахир бугун 8- Март-да!- деди маслаҳатчи.
-Вой аблаҳлар-ей, аллақачондан юракларида мени ишдан бўшатиб қўйибдиларда-а? Қани олиб кел-чи, унга нималар деб ёзишибди экан…
-Олиб келардиму лекин уялиб кетасиз-да,-деди маслаҳатчи.
-Нега уяламан, қачондан бери уяладиган бўлиб қолдим?- дея ўшқирди Алдаркўса.
Маслаҳатчи бироз ўйланиб турди-да, кейин:
-Чунки табриклар асосан Дубайдан-да!-деди.(8-03-2006).
ЯНА БИР МАРТА
-Ҳаммангизни яна бир марта табриклаб, қўлтиғимнинг тагига босиб, маҳкам қучаман,-деди Алдаркўса хотин-қизларни байрам қилан қутлар экан.
-Ходога шукур-е,-деди бир аёл,- демак келаси йил яна бир марта қучиб, шу билан даф-мўминон бўлар экан-да!
Буни эшитиб ўтирган дугонаси:
-Бундай мажлисга мен ҳар йили келаман, сизнинг биринчи марта келишингиз, шекилли,-деди.(9-03-2006).
МУШТОҚЛАР
-Наврўзга тайёргарликни бошладингларми? Нега айтмасам унутасизлар,-деди Алдаркўса маслаҳатчига,- Ахир бу Янги кун дегани, Янги даврнинг бошланиши дегани…
-Албатта,-деб жавоб қилди маслаҳатчи,- Чунки ҳаммамиз бошланадиган Янги даврга муштоқмиз!(10-03-2006).
ТУЗАТИШ
-Булар нималар деб вайсашмоқда?- Алдаркўса шундай деб 8-Март ҳақида ёзган газеталарни маслаҳатчининг олдига отди:
- Нега энг кўп табрик менга эмас, қизимга келади? Ким бу ерда раҳбар? Алдаркўсанинг бузуқ авзойидан қўрқиб кетган маслаҳатчи:
- Сиз…Йў… Йўқ… Улар хато қилишган, энг кўп табрик сизга келган, бугуноқ тузатиш берамиз,-деди.( 11-03-2006).
НАРХ
-Нурсултон қора дори оларкан-ми?-дея сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Олмаганда халқни эзиб ўтирмаган, ўрнини бўшатиб қўйган бўларди-да,-деди маслаҳатчи.
-Нега ундай хулоса қилаяпсан?-дея сўради Алдаркўса.
Маслаҳатчи товушини ичига ютиб:
-Билмасам, ўзингиз шу жувонмаргни нархи ошиб кетмаганда, пенсияга чиқиб олган бўлардим, деган эдингиз-да…,-деди.(12-03-2006).
ОШНАЛАР
-Алдаркўса, мени кутишга тайёргарлик қилаяпсан-ми?-дея ошнасига сим қоқди Нурсултон.
-Тайёрагарликни мен эмас, сен қилишинг, керак,-деди Алдакўса.
-Ҳалиям, мен қилишимни биламан, лекин сен ҳам тайёр туришинг керак-да,-деди Нурсултон Алдаркўсанинг яна қовун туширганидан фойдаланиб.(13-03-2006).
ПУЛ
-Нима гаплар бор?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчисидан.
-Америка бизга қарши 180 миллион долларлик ишларни амалга ошириш бўйича қонун тайёрламоқда экан?
-Кимга берармиш бу пулни?-дея қизиқди Алдаркўса.
-Кимки бизга қарши бўлса…
Маслаҳатчининг гапини кесган Алдаркўса буйруқ оҳангида деди:
-Ундай экан, дарҳол уларга етқаз, ўзимиз ўзимизга қарши!(14-03-2006).
ОЧЛИК ва ТЎҚЛИК
-Биздан борган биттаси Вашингтонгда очлик қилаётган эмиш, шуни хабар қилиб матбуотга бериб юборсакми-кан?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Кимга қарши очлик қилмоқда?-дея жаҳл қилди Алдаркўса.
-Демократияни бўғаётганларга қарши…
-Бунақа хабарларнинг қизиғи йўқ, оч одамга очлик ҳақида эмас, тўқлиқ ҳақидаги хабарлар ёқади!-деди Алдаркўса қорнини силаб.(15-03-2006).
ГЎШТ
Нурсултон Алдаркўсага телефон қилди:
-Борсам ош дамлайсанми?
-Қозоқсанда-а? Шуни ҳам сўрайдиларми?-деди Алдаркўса киноя билан.
-Сўрамас эдим-ку, лекин бугун газетада бир мақола ўқиб қолдим, сарлавҳаси “Ўзбек халқининг ош пиширишга гўшти ҳам йўқ” экан. Шунинг учун гўштини ўзим олиб борайми, дея телефон қилаётгандим,-деди Нурсултон.
-Бўлмаса бўлмас,-деди Алдаркўса,- Бизнинг Ўзбек халқи билан нима ишимиз бор! Худога шукур, бизнинг ўз гўштимиз етарли.
Нурсултон яна киноя қилди:
-Демак ўз гўштингни ўзинг еб ўтирган экансанда-а!(16-03-2006).
“УСТА”
-Биз қидириб юрган қорини сен саккиз йилдан бери яширибсан, жа, яширишга уста экансан!-дея Нурсултонга арз қилди Алдаркўса.
-Ҳа, устаман, -деди Нурсултон,-қара, Андижон воқеаларини ҳам яшириб ўтирибман.
-Андижонга нима қипти? Уни санга нима алоқаси бор?-дея Алдаркўса овозини баландлатди. Нурсултон ҳам паст келмади:
-Ҳа, қорига нима қипти, унининг санга нима алоқаси бор?
-У мени йўқотмоқчи эди…-деди Алдаркўса.
-Шундай кучи бор эдими?-деб сўради Нурсултон.
Алдаркўса жаҳл қилди:
-Бор бўлмаса қидирармидим?
Нурсултон чуқур тин олиб:
-Э, аттанг, уста эмас эканман, олдинроқ билганда уни чет элга юбормас эдим, шундай қулай имкониятни қўлдан чиқариб юборибман-а!-деди.(17-03-2006).
ТАҲЛИКА
-Менинг боришимдан олдин Хафсизлик кенгашининг ёпиқ мажлисини ўтказибсан, тинчликми?-деб сўради Нурсултон Алдаркўсага телефон қилиб.
-Тинч келиб-кетгин деб хавфсизлик чораларини кўриб қўйдик-да,-деди Алдаркўса.
-Нима, менинг боришим ва кўчаларга чиқиб сен билан бирга юришимда бирор таҳлика борми?-дея гап отди Нурсултон.
-Сенга таҳлика йўқ, аммо менинг сен билан бирга юришим таҳлика,-деди Алдаркўса нима деяётганини ҳам билмай.
Нурсултон эса яна “узиб олди”:
-Жуда соз, таҳлика бўлмаса, асосий вақтимни кўчаларда ўтказишни режалайман!(18-03-2006).
ДУМ
-Сен баъзи супер кучлар билан кўп ҳам яқин бўлма, кейин сенга ҳам думларини кўтариб, ҳамла қилиб қолишлари мумкин,-деди Алдаркўса Нурсултонга.
-Уларни яхши танийман,-деди Нурсултон, - сунбулага кирган итнинг фалсафасини биладилар ва ким думини кўтарса ўшанга ҳамла қиладилар.(19-03-2006).
ОВОЗА
-Ўқиб турибсанми, Интернетда фақат сен ҳақингда ёзадиган бўлиб қолишди, ҳаммаёққа овоза бўлдинг-деди қозоқ Нурсултон ўзбек Алдаркўсага.
-Нима, фақат сен ҳақингда ёзишсинми?-деди гердайиб Алдаркўса.
-Мен латифалар ҳақида гапираяпман,-дея гапига аниқлик киритди Нурсултон.
-Ҳа, латифаларми? Парво қилма, ўзбекчани, бунинг устига лотинда ёзилган ўзбекчани ҳамма ҳам ўқий олмайди,-деди Алдаркўса бамайлихотир.
-Мен фақат овсар Алдаркўса ҳақидаги латифаларнигина назарда тутаётганим йўқ,-дея яна изоҳ берди Нурсултон.
Алдаркўсанинг кўзи ўйнаб кетди:
-Сен ўзбекчани қаёқдан биласан?(20-03-2006).
ЧИГИРТКАЛАР
-Чегарадан ўтиб қайтишларни ҳам кўриб чиқсак,-деди Нурсултон Алдаркўсага.
-Сенга нима бўлди, дўстим, қариб қолдинг шекилли, нимага қўл қўйганингни ҳам дарров унутдинг. Ахир “Чигирткаларга қарши биргаликда кураш” ҳақидаги шартномага ҳозиргина имзо чекдинг-ку, ҳаммаси ўша ерда ёзиб қўйилган,-дея жавоб қилди Алдаркўса.
-Мен чигирткалар ҳақида гапираётганим йўқ,-деди Нурсултон.
Алдаркўса ошнасига жаҳл қилди:
-Жа, қизиқсан-а, фарқи нима?!(21-03-2006).
САФАР
-Нурсултон, сафаринг қандай бўлди?-деди Алдаркўса қозоқ ошнасини
кузатиб қўяр экан.
-Худога минг қатла шукур, тугади,-деди Нурсултон.
-Нега бундай деяпсан?-Алдаркўса ажабланганини яшира олмади.
-Менга ҳеч тугамайдигандек кўринганди-да,-деди Нурсултон.(22-03-2006).
БИР ЙИЛДА
-Бир йил олдин келганингда кутиб олиш бошқача бўларди, деб айтдинг, нимани назарда тутдинг?-деди Нурсултон Алдаркўсага.
-Бир йил олдин бўлганда, итдай келиб, итдай кетардинг,-дея жавоб қилди Алдаркўса.
-Энди-чи?- дея қизишмасдан яна савол берди Нурсултон.
-Энди тескариси,-деди Алдаркўса хафақон оҳангда.
Нурсултон жилмайди-да:
-Ўзим ҳам аккиллашингга ҳайрон бўлиб тургандим!-деди.(23-03-2006).
СЎЗ ЭРКИНЛИГИ
-“Демократия бизга тўғри келмайди” деб айтдинг, одамларнинг олдида индамадим, лекин энди ўзингга айтишга мажбурман, сенга қачон ваколат бердим-ки, “менга” демасдан “бизга” дединг. Ўзбошимчалик ҳам эви билан-да!?-деди Нурсултон Алдаркўсага.
-Сенга демократия керакми? Ундай бўлса, айтганларим учун қизишма, бу сўз эркинлиги, бу демократия,-деди Адаркўса(24-03-2006).
“ҚАНИ ЭДИ…”
-Мени танқид қилувчилар ҳам борми?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчисидан.
-Ҳа, мақтаганлар ҳaм бор,-деди маслаҳатчи.
-Мен нима десам, сен нима дейсан-а? Сен ўзи рост гапиришни била
