Мирзиёевга таклифлар

uzbek4. Дунё ўзбеклари конгрессини чақиринг!

Ўзбекистонда янги давр бошланди. Мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги ўзбеклар Сизга катта ишонч билдирдилар. Сайловдаги ғаланбангизни қутладилар. Ўзингиз ҳам буни ҳис этганингиз ва ишончни оқлаш учун хизмат қилишингизни айтганингиз, кўпчиликда келжакка умид уйғотди.
Аҳли некбинлар биладики, энди Сиз ўзбекнинг лидерисиз. Ўзбек дунёнинг қаерида яшамасин, юрагининг бир четида ватанини сақлайди. Сиз ана шу Ватанда бугун лидерсиз! Демак, бу катта маъсулият ва катта юкдир!
Бугун ўзбеклар дунёнинг турли бурчакларига тарқаб кетдилар. Бир томондан ёмон, иккинчи томондан яхши. Ёмонлиги улар ўз ихтиёрлари билан кетмадилар. Ҳаёт ташвишлари, қийинчиликлар, муаммолар уларни шунга мажбур қилди. Яхшилиги эса бугун Ўзбекистоннинг дунёнинг ҳамма бурчида тамсилчилари, кўнгилли элчилари бор.


Сиз катта марраларни кўзлаб, катта йўлга чиқаётганингизни бот-бот айтмоқдасиз. Халқимизда катта йўлга чиқиш олдидан қилинадиган машваратнинг маъниси катта, дейилади. Дунё илмининг замини ҳам шунга қурилган. Динимиз, маданиятимиз ҳам шунга чақиради.
Бу ҳақда жуда кўп мисоллар келтириш ва хўп гапларни ёзиш мумкин. Лекин ҳаммаси сизга аён.
Гапнинг мухтасари шуки, жаҳон ўзбекларининг кўзга кўринган вакилларини, делегатларини Тошкентга тўплаб, машварат ўтказсангиз, уларни мамлакатнинг келажагида иштирок этишга чақирсангиз, уларни ҳам эшитсангиз, уларнинг таклифларига ҳам қулоқ тутсангиз!
Бугун мамлакатни ана шу ўзбекларнинг иштирокисиз, бу қудратли куч иштирокисиз оёққа қўйиш мушкул. Чунки Ўзбек элининг кўплаб зиёлилари, олимлари, мутахассислари, табдиркорлари, ишчи-деҳқонлари, забардаст ёшлари хорижда. Ўзингиз эътироф этганингиз каби, кадрлар етишмаётгани ана шундан. Бугун дунёнинг юзлаб олийгоҳларини битирган зукко ўзбеклар мамлакатга қайтмай, четда ишламоқдалар. Мана Сизга кадрларнинг олтин фонди!
Хуллас, қолган гаплар машваратга қолсин. Сиздан даъват ва ҳукуматдан ташкилотчилик бўлса, бас!
Зотан, ўзбекнинг лидери дунёга ёйилган ўзбекларни жамлаб гаплашмаса, ким гаплашади? Тўғри, бу бир кунда бўладиган иш эмас. Улуғ айём Наврўзни гиналарни унутиш ва ҳаётни қайта бошлаш байрами, деймиз. Агар Сиз ҳозирданоқ бир Фармон берсангиз, бу машварат Наврўзга қадар ҳозирланиши мумкин ва дунё ўзбекларининг бирлашуви билан мамлакат келажагининг янги саҳифасини очасиз!

Жаҳонгир Маматов,
“Ўзбекистонликлар Конгресси”нинг раиси

Advertisements
%d bloggers like this: