Mитти роман

jm_2014-05Сажда

-Ҳей, чамандар, яна хаёлга берилдингми? Давай, давай, тезроқ ишла! Бугун бу йўлдан сани Президентинг ўтар экан. Битта хас ҳам қолмасин. Агар қолса, ялатаман!
Бу аблаҳ Петка. Ҳар кун уни сўкади. У парво қилмай, хаёлига кўмилиб ишлайверади.
Тонг. Шаҳар ухламаган. Лекин табиат ўлик. Ислом ўзини “табиат гўркови” деб билади. Барглар қуриб, тўкилаверади. Ислом супуриб кетаверади. Умри кўчада ўтади. Ўтмаса, олислардаги ота-онасининг насибаси узилади. Уларни кўрмаганига ҳам анча бўлди. Онаси касалхонадан чиқса, отаси киради. Синглисини узатишди. Унинг ҳам нони ярим экан, бутун қилиш учун Туркияда.
Исломнинг Президентга ҳурмати баланд. Уни отам, деб билади. “Бечора, жонини жабборга бериб бўзлайди, ёнидагилар бажармайди”. Ҳаммасига атрофидагилар айбдор, деб ўйлайди.
Уруснинг телевизорида унинг номини эшитиб қолса, қувониб кетади. Танқид қилишса, жаҳли чиқади: “Ахир бизга ватан берган, мустақиллик берган, илм берган зотни нега танқид қиласан, чўчқанинг авлоди!”
Ислом олийгоҳни битириб, ишга кирди. Топгани тутганига етмади. Онаси хаста. Дўхтирларга кўп пул керак. Бу орада бир қизни севиб қолди. Норван қиз. Қўлдан кетмасинга олиб, совчи қўйдирди, лекин қизнинг онаси осмондан келди. Афранжда йўқ нарсаларни сўради. Шундан кейин чориқни этик қиламан, деб Московга йўл солди.
“Тўйга!” деб юборгани кўкка учди. Ота-онаси кутмасдан, қизини бошқага бериб юборибди. Ёнди, куйди, кўникди… Севги селдай келиб, селдай кетди.
“Йигитнинг боши омон бўлса, дўппи топилади. Тинчлик бўлсин, болам!” Дўппи топилди, аммо қиз топилмади. Ҳа, майли, “зато” бугун кўчасидан Президент ўтади. Қувонч қувиб келса, қалбинг торлик қилади. У ҳаяжондан сомон қопдай семирди. Тангбаста йигит. Ғурурга чўмилди. Қуёш эриб тўкилаётгандек, бошидан тер тўкилиб, ижтиҳод билан ишлади. Лекин Петка келиб, барибир камчилик топди. Индамади. Нима бўлсада, президентим ўтади бу ердан, деб севинди.
Нохосдан пайдо бўлганлар уни ҳам, Петкани ҳам ушлаб машинага тиқишди. Кўп ўтмай гўрдан дайди итлар тортқилагандек чиқариб ташлашди. Президент ўтиб кетибди. “Ўҳ” деб қолди. Петка эса “мат-мат”лади. Ҳали сенми, Президентимга “мат” дейдиган, ўзингни мат, отангни мат” деб оз қолсин, Петкани эмаклатарди.
Уйига ошиқди, телевизорни қўйди, бир пайт Президенти гапирди:
-Ватандан қочиб бу ерга келганлар, дангaсалар, шарафсизлардир! Ўзим кўрдим кўчаларни. Ҳатто шу ерда ҳам ишлари тоза эмас.
“Ҳа, энангни эммагурлар, ушлаб, машинага тиқиб қўймаганингизда бу гаплар бўлмасди! Худо хохласа, кейинги келишида олдиндан бораман, кечаси билан ухламай, уни пойлайман, йўлини ялаб бўлса ҳам тозалаб қўяман. Э, тўхта, балки эрталаб шу йўлдан қайтар?” У хаёлига келган қўққис фикрдан шодланди.
Ислом бир қарашда девонасифат бўлса-да, аслида акси. Отасининг лақаби “Время” эди. Мустақилликдан кейин “Ахборот” дейдиган бўлишди. Ҳамсоянинг уйига ўт кетса ҳам у “Ахборот”ни кўрмаса, чиқмасди. Ўғли туғилганда севина-севина Ислом деб исм қўйди. Бу исмни қўйгани учун тумандан битта гилам ҳам юборишди. Ислом отасига эргашиб, ана шу гиламнинг устида ўсди. Унга “Ахборот” мултфилм, “Ахборот” болалар дастури… Боғчага бормасидан қўлини кўксига қўйиб, “серқуёш”ни айтарди. Мактабнинг аълочиси, олигоҳни пешқадами, Президент берган ватанни жон-дилидан севган бир йигит.
Дадасидан эшитгани, узоқ туриши керак бўлган “ватан хоинлари” билан интернетда юзлашадиган бўлди. Ишдан ҳўл латтадек қайтса ҳам, ярим тунгача улар билан олишиб, хатоларини исботлашга уринади, кўр кўзларини очмоқчи бўлади.
Бугун ҳам нажмлар ҳали кўкда экан у кўчага чиқиб, қаттиқ ишлади. Бир пайт ҳолсизландими, нима бўлди, билмайди. Ўзига келса, бошида миршаблар:
“Президентим ўтдиларми, ишимни кўрдиларми?”
Миршаблар уни судраб, машинга отишди.
Тақ-тақ. Вуз-буз. Учоқнинг силкиниши. Орадан қанча ўтди, номаълум.
Совуқ камерада тарсакидан ўзига келди.
-Нима қилаяпсиз? Мен Президентим ўтган кўчани тоза…
-Тилингни тий, ҳали сенми Президентга супурги отадиган?
-Нима?
Шунда у эслади. Чарчаб супургини елкасига қўйганда, политсия машиналари кўринди. У Президентимни кўраман, деб йўлнинг ўртасига юрди. Қаттиқ зарбдан учиб кетди. Қолгани эсида эмас.
Яна бир тонг. Ташқарида атроф ишармоқда, ичкарида Исломнинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Қовоқлари шишиб, шум боланинг юзига айланган. Кўз юзнинг ичида йўқолиб қолган. Қўл-оёғида занжир. Ҳар куни калтак ейди.
-Президентга суиқасд қилганингни тан ол, қутуласан,-дейишади. У ҳатто қийноқ остида ҳам бунга рози бўлмайди. Қандай суиқасд қилиши мумкин? Отасига-я?
Бир кун қўшни хонадан қичқириқ эшитди:
-Бадбахтлар, боламни нима куйга солдинглар, онасини единглар, мени ҳам енглар, болам террорист эма..ас! Ўғлим мани “дада” деса, Президентни, “отам” деб юрарди! Президентга бораман, санларни кунингни кўрсатади!
Таниди, отасининг товуши. Лекин “дада” деёлмади. Лаблари тилини аждардек бўғиб олганди.
Кейин кимдир ўшқирди:
-Боланг ўша Президентга суиқасд қилди, уни ўша Президентнинг ўзи ушлаб келди, билдингми?
Миршаблар камерага кирганда, Ислом чўккалаганча бошини саждага қўйиб, ингранарди.
-Айтгандим-ку, мана, бу намоз ҳам қиларкан!
Ислом томондан “иҳ” деган овоз аралaш, енгил шамол эсди.
Тунда миршаблар уни ими-жимида кўмиб келишди.
Зулмат вақтнинг камарига илинган, яна бир тонг уялиб, бўзариб келарди. Ислом ётган гўрнинг ичини ёрита олмаслигини билгани учун ҳам ўзини ожиз билиб, уяларди.

Жаҳонгир Муҳаммад

17 август, 2016 йил.
Вашингтон.

 

Advertisements
%d bloggers like this: