Олтинчи қават (Қисса)

jangПрезидент  тансоқчисининг кундалиги

11.Халта

Қўрқув инсоннинг қонида бор дейишади. Кимдир ҳалокатдан қўрқса, кимдир фалокатдан.

Президент самолётнинг тўсатдан қалқиб кетишидан қўрқди. Буни бир қарашда сезишингиз мумкин эди. Ранги оқариб, қўллари титраб қолди.  У бирор нарсани тутаман деб жой тополмаётган кўр одамга ўхшарди. Бу қанча давом этди, билмайман. Балки бир сония, балки кўпроқ. Лекин тезда эски ҳолига қайтди ва ҳеч нарса бўлмагандек жойига  ястаниб олди. Нафасини ростладида:

-Нима гап?-деб бақирди. Овози шунчалар кучли эдики, қулоқларим қанғиллаб кетди. Унинг бояги қўрқув ҳолати менга кўчди. Ўзим билмаган ҳолда титраётгандим. Нима бўлганини қаёқдан биламан? Нега менга бақиради? Хайриятки, ичкаридан командир югуриб чиқди ва:

-Ўртоқ Президент, кечирасиз, самолётга қўйиладиган зинанинг мотори тўхтамаган кўринади, шиддат билан келиб урилди…,-деди.

-Аблаҳ, шунга ҳам ақлинг етмадими, буни атайлаб қилишган…  Кўрмаяпсанми, қозоқнинг ўзи йўқ, ўрнига ана у уйғур чиққан.

-Тошкентга боришганда биз ҳам…

-Санларда фақат гап бор… Қўлларингдан (…) ҳам келмайди!

Орқадан бир чиройли қиз сув олиб келди. У Президентнинг сўкинишга парво қилмади. Президент ҳам ҳеч нараса бўлмагандек сувдан қулига олдида юзини ҳўллади. Кейин ўрнидан турди. Ҳалиги қиз унинг костюмини кийгазиб, бўйинбоғини тўғирлади. Президент  қизнинг орқасига битта шапатиладида жилмая бошлади. Менга қараб ҳам жилмайди. Тушунмадим. Шу куйи дадил одимлар билан чиқиш эшиги томонга қараб юрди. У ўзини ўзи бошқаришга уста экан. Тайчида ҳам  ҳатто ихтиёринг қўлингдан олиб қўйилганда ўзингни ўзинг бошқаришинг керак.

Бизни тўғри мажлис бўладиган жойга олиб боришди. Ҳамма бир кун олдин келиб бўлган экан.

-Сиз ҳам Борис Николаевичга ўхшаб самолётда ухлаб қоладиган бўлдингизми? Туртмасак уйғонмайсиз!,-деди бир киши. Ҳаммa кулиб юборди. Аския бошланди.

-Пастга қарасам ҳамма бир хил, қайси бири Нурсултан Абишич экан деб ҳайрон бўлиб кутиб қолдим,-деди “батя”.

-Шуни билганимиз учун ҳам орқадан туртиб ўзимизни танитиб қўйдик…

Президентлар худди болалардек қийқириб кула бошлашди. “Батя” қизариб кетди. Нимадир демоқчи бўлди. Лекин “Нурсултон Абишич” тўхташни билмасди:

-Бизникиларнинг ҳаммаси ўзимиздан, шунинг учун бир хил, сизники каби термагул эмас!

Тағин кулги бўлди.

-Илтимос қилсалар ўзларига ўхшаганлардан бир-иккита ташлар эдик,-деди қорақош киши.

-Ҳамма гапирса ҳам сен жим тур, Имомчик, ўзингни у томонга мен ташалагану энди сен бу ёққа ташлайдиган бўлдингми?-деди “батя”.

-Ташла ташлашни мажлисдан кейин кўрамиз!-деди у.-Тағин ташлаб қочманг!

-Мажлисга кирмасак шу ерда ҳам ташлаб юборасизлар!-деб Путин олдинга қараб юрди. Қолганлар унга эргашдилар.

Путин ҳақида кўп қизиққандим. Негадир уни биринчи кўришим бўлсада ҳаяжон босмади.  Унинг кураш услуби ўзига хос. Ҳеч бир рақиби уни енгиш учун майдонга тушмайди. У енгилишни истаган одамни енгишга уринади. Биз ҳам Тайванда устага енгилишни истардик. Чунки ундан қўрқардик. У аста-секин биздан ана шу қўрқувни силиб олганди.

Президентлар кула-кула ичкарига киришди. Биз эшик ёнида қолдик. Фотомухбирлар кириб чиқишгандан кейин бир киши келиб биттадан тансоқчи бориб орқада ўтирсин деди.

“Отарчи”нинг тансоқчисини шу ерда кўрдим. У тинмай менга қарарди ва масхара қилгандек тиржаярди. Унинг гавдаси меникига қарийб иккита келади. Қўллари ҳам оёққа ўхшайди  Бўйни ҳўкизники каби семириб, елкаси билан бошининг орасида жой қолмаган. У кўпроқ оғир тош кўтарувчини эслатади. Балки бокс ҳам тушар, каратени ҳам билар, аммо тайчидан хабари йўқлиги аниқ.

Тайчининг бошқа Узоқ Шарқ ўйинларидан фарқи кўп. Курашга киришдан олдин бошингдан кўринмас ип билан кўкка боғланасан. Оёқларинг ерга осилган. Бутун вужудинг халта. Осиб қўйилган халта. Ана шуни ҳис қолган ҳолатда ўзингни бошқаришинг керак. Бир зумда халтадан одамга, одамдан Тайчи курашчисига айланишинг лозим.

“Дунёда миллионлаб одамлар турли курашларни ўрганадилар. Лекин миллионтадан биттасигина Тайчини ўргана олади” дерди уста Вун.

Тайчи инсоннинг кўзга кўринмас қувватини ишлатадиган иқтидор. Энг кўп энергия чақалоқда бўларкан. Инсондаги бу қувватнинг гавдага, мускулларга алоқаси йўқ. Уни ишга солиш учун каллада бошқарув иродаси бунёд этилиши керак. Шунинг учун ҳам чақалоқ бу қувватни ишга сололмайди.

Тайчининг иккинчи қоидаси шуки, душманнинг қувватини ҳам ўзига қарши ишлатиш даркор. Унинг ҳаракатларини ўрганиб, қуввати келадиган йўналишга кириб олиб,  кучни ўзига қайтариш туфайли зарбани икки карра кўпайтириш мумкин.

“Отарчининг” тансоқчиси халта. Унда бу халтани курашчига айлантириш қобилияти йўқ. Қобилияти бўлганда бунчалик беписанд қараб, тиржайиб, масхара қилмаган бўларди.

Ҳар қандай енгилмас одамни енгадиган бошқа енгилмас одам бўлади.  Ҳар қандай кучдан устунроқ куч бор. Тайчининг бу фалсафасини билган киши рақибини масхара қилмайди. Ҳатто унинг қанақа “ёнғоқ”лигини чақиб кўрган бўлсамда ҳисларимни яширишим керак. Шунинг учун унга қарамай қўйдим.

Путиннинг орқасида ўтирган тансоқчи диққатимни тортди. Кексароқ, аммо ҳамма нарсани биладиган. Жуда босиқ, бировга парво қилмайдиган, ўзига ишонадиган одам. У курашчидан ҳам кўпроқ устага, тренерга ўхшарди. Қараб турганимни сезди ва “диққатинг президентингда бўлсин” дегандек қошини қимирлатиб қўйди.

Жаҳонгир Муҳаммад

(Давоми бор).

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: