Жаҳонгир Муҳаммад: 60нинг 60 лаҳзаси (Реалистика)

1993 yil.Istanbul.Eminonu.Yeni jami yonida. E'tibor qiling, eshik yopiq.

1993 yil. Istanbul .Eminonu.

Учинчи фасл

31.Би-Би-Си

Таниқли адиб Ҳамид Исмоил Би-Би-Сининг Ўзбек хизматни тетепоя қилдираётган пайт эди. Бир куни Истанбулга сим қоқиб, ҳамкорликка даъват этди.

Ўша кезда “Озодлик”да “Жаҳонгир Муҳаммад” номи билан чиқиб турар эдим. У пайтда бу икки хизмат рақобатчи ва бири билан ҳамкорлик қилган одам иккинчисида чиқмасди. Шу боис Би-Би-Си учун “Муҳаммад Турон” деган тахаллусни танладим.

Вазифам асосан Туркиядаги муҳим хабарларни узатиш ва Лондондан сим қоқишганда ҳар куни рўй берган воқеаларни шарҳлаб туриш эди.

Ёзганларим ёқди шекилли, шартнома тузишди. “Озодлик”даги чиқишларим асосан сиёсий қарашларим билан боғлиқ эди. Би-Би-Сининг ўзбек хизматида эса ҳамкор-мухбир, шарҳловчи бўлганим учун сиёсий қарашларимни чегаралашга мажбур эдим. Бу орада “Туркия” газетасининг ташқи хаб арлар бўлимида ҳам ишлардим. Ҳафтада икки марта Коч университетига бориб дарс ҳам бериб келардим.

Шунга қарамай Би-Би-Сида деярли ҳар куни битта, баъзан эса иккиталаб материалим эфирга кетарди. Соат фарқи бўлгани учун ярим тунда ҳам, тонгда ҳам материал узатишга тўғри келарди. АҚШга жўнаб кетгунимга қадар – тўрт йил ҳамкорлик қилдим. Меҳнат оғир эди. Лекин ҳузурбахш. Ҳар кун бўлмаса ҳам кун ора лондондагилардан мақтов эшитиб турардим.

Ҳамид Исмоилнинг самимияти доим руҳлантирарди. Бўлимда ишлаган Дилором Иброҳим, Луиза Искандарий, Шоҳида Ёқуб ва бошқаларнинг бирор бир жойда қандайдир муҳим воқеа юз бериб, шарҳлайдиган одам топа олишмаса, “Жаҳонгир ака сиз бизнинг ўт ўчирувчимизсиз” деб, ҳазил қилиб, сим қоқишлари илҳом берарди. Уларга шу нарсадан хабарсизман демаслик учун тинмай ўқирдим ва изланардим. Анчагина ёзганларим Би-Би-Сининг бошқа хизматларига ҳам “ўтиб” кетган. Хабарлардан олдин юрганим учун Ҳамид Исмоилнинг ширали сўзларини кўп эшитганман.

Масалан, бир куни икки туркияликни Саудия Арбистонида ўлимга ҳукм қилишди. Бу ҳақда хабар тайёрлаб, воқеага Туркия ҳукумати бефарқ қарамаслиги, бу ҳатто икки мамлакат муносабатларини жуда ёмон нуқтага олиб бориши, Саудия Арабистони уларни барибир озод этажагини ҳам шарҳ сифатида илова қилгандим. Материал эфирга кетди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Туркия ва Саудия орасида шу масалада келишмовчилик бошланди. Анқара керак бўлса, Саудия Арабистонига нисбатан энг кескин чораларни кўришга ҳозир эканини билдирди. Саудия ортга чекинди ва маҳбусларни озод этди. Воқеа дунё матбуотида, жумладан Би-Би-Сида ҳам бош мавзуга айланди.

Шунда Ўзбек хизмати бу ҳақда бир неча кун олдин материал бергани ўртага чиқди. Ўшанда Би-Би-Сининг бир нечта хизматларига суҳбат беришга тўғри келганди. Шундай воқеалар бир неча марта бўлган.

Хуллас, Би-Би-Си Ўзбек хизматидаги тўрт йиллик фаолиятим журналистлик тарихимда энг лаззатли саҳифалардир дея оламан.

Яна бир воқеани албатта айтишим ва Би-Би-Сига раҳмат дейишим керак. “Америка овози”да ишлардим. Опаларим ва синглимни қамашди. Ўшанда Би-Би-Си Ўзбек хизматининг истеъдодли журналисти Паҳлавон Содиқ битта савол билан Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини “тўрга туширган”ди. Генералнинг иқрори туфайли АҚШ Тошкентга босим қилиб, опаларим ва синглим озод этилгандилар. Журналистнинг мана шундай қудратли кучи ҳам мавжуд!

32. МУСТАҚИЛЛИК

Америкада мустақиллик байрами мамлакатнинг деярли ҳамма жойида бир хил нишонланади. Ҳатто энг кичик қишлоқларда ҳам мушакбозлик бўлади. Қишлоқни қўяверинг, кўчама-кўча ҳам мушаклар отилади.

Лекин пойтахт Вашингтонда миллионлаб одам йиғилади ва бу ердаги мушакбозликни таърифлаб бўлмайди. Уни кўриш керак. Илк бор янги олинган машинага болаларни миндириб, пойтахт остонасига келдик. Туш пайти. Машиналар жойидан жилмайди. Ҳамма тўхтаб қолган. Одамлар жуда эрта келиб, жойларни эгаллаб олишаркан. Бир неча соат деганда Пентагон тепалигига етиб олдик. Машинани ўша ерда, йўлнинг четига тўхтатдикда бошқалардан ўрнак олиб устига чиқдик. Болалар учун қизиқ. Қандайдир мўъжизани кутишмоқда.

…1776 йилдан буён 4-июл куни Америка халқи чин дилдан байрамга, сайлларга, томошгаоҳларга чиқади.

Бу халқ – дунёнинг турли бурчакларида турли сабаблар билан ўз ватанига сиғмаган одамлар жамоаси.

Бу халқ – юзлаб тилларда гаплашадиган юзлаб элатлардан барпо топган воҳид улус.

Бу – ҳамма, ҳатто ҳақиқий америкаликлар деб айтиладиган қизил танлилар ҳам бошқа жойдан келган замин.

Маълумки, Америка Буюк Британия Қироллигини тарк этиб, ўзини мустақил ўлка деб эълон қилган. Шу кундан бери ҳеч кимга тобе эмас. Ўтган даврда дунёнинг юрагига айланди. Бу кимгадир ёқиши ёки ёқмаслиги бошқа масала. Факт эса факт. Уни ҳар қанча ёмон кўрганлар ҳам у билан ҳисоблашадилар.

Бу ерда зако, илм ва қудратнинг шажараси вужудга келган. Бу Бермуда учбурчаги эмас, балки бу Парламент, Ижро ҳокимияти ва Суд бошқаруви учбурчагидир. Бошқача айтганда халқ ҳокимияти, халқ бошқаруви-демократия замини.

Баъзи динни билмаган диндорлар демократияни ёқтирмайдилар. Ваҳоланки, демократик Америка дин энг эркин бўлган мамлакатдир. Бу ерда ҳақ дин ҳисобланган ҳар уччала динга берилган эркинликни ҳали дунёнинг бошқа бирор бир мамлакатида тополмайсиз. Мана ман деган Авропа давлатлари ҳам бу даражага етган эмас.

Ким нимага қизиқса ўшанга ишонади. Биз мўъжизаларга, ишоратларга ишонадиган халқмиз.

Америка мустақиллик тарихида ҳар кимга ҳар турли фикр берадиган жуда қизиқ ҳодисотлар мавжуд.

Масалан, Мустақиллик декларациясини имзолашда қатнашган, асосий рол ўйнаган сиёсатчилар Жон Адамс ва Томас Жеферсон кейинчалик шу мустақил мамлакатга президент этиб сайланганлар. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Мустақиллик декларацияси қабул қилинганининг 50 йиллик юбилейида – 1826 йилда, яна ҳам қизиғи айни мустақиллик байрами куни жон таслим қилишган.

Кимлардир буни “Уларни шу муборак кунга етишдек муродлари охирги сонияларга қадар оёқда сақлади” дейишга ҳақли. Бошқа бировлар эса “Бунинг хосияти яхши эмас” дейишлари ҳам мумкин. Бу сўз эркинлиги. Америкада ўша кезда берилган сўз эркинлиги ҳалигача кучда.

Лекин биринчи фикр ҳақиқатга яқин. Чунки Жон Адамс ўлган пайтда 91 ёшда экан. Томас Жеферсон эса 83 ёшда. У пайтда бугунги каби умрни чўзадиган “дори-дармонлар” оз бўлган. Демак, уларни кучли бир умид шу байрамга қадар ушлаб турган. Бошқа бир президент – Жеймс Монро ҳам 4 июл куни жон берган. Фақат 1831 йилда, 73 ёшида. 1872 йилга келиб, бу силсилот бошқа томонга ўзгарди. Шу куни – 4 июлда Американинг бошқа бир президенти Калвин Куллиж туғилган.

Кимдир буларни тасодифлар ҳам дейди. Бу ҳам бежиз эмас. Ўтган йилларда қанчадан қанча тасодифлар рўй бериши турган гап. Лекин биз илоҳий қудратга, унинг тарозиси тенглигига ишонамиз, воқеалар унинг измидан ташқарида рўй бермайди, деймиз, шундай эмасми?

Бошқа бир нокамтарона тасодиф ҳам бор. Камина Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси матнини парламентга тайёрлаган “бешлик”ка кирганман ва туғилган куним Ўзбекистон Мустақиллик кунига тўғри келади. Лекин ўз ватанидан қувилиб, дунё муҳожирлари ватани фуқаросига айландим.

Энди келажакда муродни Мустақиллик декларацияси қабул қилинган куннинг катта юбилейларигами ёки Мустақиллик кунининг томошларигами, қайси бирига қараб тикиш ҳам савол остида. Дарвоқе, Ўзбекистонда савол остида бўлмаган нима бор?

Америкада мустақиллик чинори яна ҳам кучланиб, қучоққа сиғмай бормоқда, Ўзбекистонда-чи? Келажакда нима бўларкин? Бу саволларга жавоб бериш кундан кунга оғирлашиб бормоқда.

Шуларни ўйлар эканман, атрофни гумбурлаган саслар ва кўкни мушаклар босиб кетди. Машина устида ўтирган болаларим бошқаларга қўшилиб қичқира бошладилар. Мен ҳам уларга қўшилдим. Эркин дунёга қўшилиб кетдик.

33. ОҚ УЙ

Бир куни Тошкентдан келган меҳмон билан Вашингтонни айланар эканмиз, у икки гапнинг бирида Оқ уйни кўрмоқчи эканини эслатарди. Ниҳоят Оқ уйнинг ёнига келганимизда, у ажабланиб қолди:

-Бу Салимбойваччанинг уйидан ҳам кичик-ку?

-Салимбойваччанинг уйини кўрганим йўқ, аммо Оқ уй ташқи томондан кичик кўрингани билан, ичкариси жуда катта,-дедим.

Меҳмон кулгандек қаради-да:

-Бутун дунёни мана шу каталакдан бошқаришадими, менимча давоми бошқа жойда бўлса керак?-деди.

Унга Американи ҳали яхши билмаганимда юз берган бир воқеани айтиб бердим.

Ўшанда ишдан қайтиб, хабарлар дастурини кўриш учун телевизор қулоғини бурадим. Беш-олтита хабардан кейин Синсинати деган шаҳарда ёшлар, аксари қора танлилар намойишга чиқиб, кўчаларда машиналарни ёқиб юборишаётгани, дўконларни ағдар-тўнтар қилишаётгани ва миршабларнинг орасида талафот борлигини айтиб қолди.

Бу хабарни кечикиб олишгани учун биринчи бўлиб бермади деб ўйладим ва телевизор олдидан жилмадим.

Хаёлимда президент аллақачон учқичга миниб, ўша томона кетаётган, Оқ уйда фавқулодда ҳолат, ҳамма оёққа турган бўлса керак, деган фикрлар айлана бошлади.

Хабарнинг давомини беришмаётгани эса, фикрларимни яна ҳам чалғита бошлади. Бошқа каналларни қидира бошладим. Кошки каналнинг сони кам бўлса?! Мингга яқин. Орадан ярим соат ўтди ва ҳамма каналларда хабарлар қайтадан бошланди. Яна ўша гап.

Ҳайрон эдим. Худди ҳайронлигимни билгандек, Си-Эн-Эн (CNN) ўша жойдан жонли кўрсатув бошлаб юборди. Кўчаларга миллий гвардиянинг аскарлари олиб чиқилган ва улар қалқонларини пеш қилиб, оломонни бурчакларга сиқиб бормоқдалар. Ҳарбий машиналардан ўқдай отиладиган сув билан одамларни қулата бошлатишди. Исёнчилар ҳам бас келишмасди.

Лекин Оқ уй ҳақида, Президент ҳақида гап йўқ. Яна бир-икки соатдан кейинги хабарларда президентни кўрсатиб қолишди. У чет элдан келган бир меҳмон билан ҳангома қилаётганди. Худди ҳалиги воқеа бошқа бир мамлакатда юз бермоқда, президентнинг эса хабари йўқдек эди.

Кейин ҳам бу воқеа ҳақида президент ёки Оқ уй номидан сўз айтилмади. Ҳукуматнинг шошилинч мажлислари ўтказилмади. Бирор киши ишдан бўшатилмади. Таниқли шоир чиқиб, бу итваччаларнинг бошини сапчадек узиб ташланг, деб миршаббошига дарс бермади. Ёзувчилар халққа мурожаат қилишмади. Газеталарда огоҳликка даъват ҳақида мақолалар ҳам кўринмади. Ҳамма жойда қўзғолончиларни қоралаш кампанияси бошланиб кетмади.

Фақат баъзи телеканалларда исён қилганлар, уларнинг қариндошлари билан суҳбатлар, исён сабаблари таҳлил қилинарди. Ҳуқуқ-тартибот мутахассислари-олимларнинг бу воқеа юзасидан фикрлари эшитиларди.

Ҳукумат исён қилган бу ёшларнинг қариндош уруғларига босим ўтказса керак деб ўйлагандим, қаёқда, ҳукуматнинг бу масала билан иши ҳам йўқ эди. Ҳатто маҳаллий ҳукумат ҳам масалани ҳуқуқ соҳасига ҳавола қилиб, шаҳар тозалаш билан овора.

Дарҳақиқат, демократик давлатда вазифалар тақсимланган ва ҳамма ўз ишини бажаради. Юқоридаги каби исёнлар Оқ уйнинг иш рўйхатига кирмаган. Уларни маҳаллий ҳукуматнинг, аниқроғи маҳаллий ҳуқуқ идораларининг ўзи ҳал қилади. Бу уларнинг вазифаси.

Ҳатто шундай ҳолат Оқ уйнинг ёнида ёз берса ҳам, бу билан Вашингтон шаҳри шуғулланади. Президентнинг эса Конституция ва қонунларда белгиланган бошқа вазифалари бор. У ҳамма нарсага бурнини суқмайди, агар суқса, бурнидан ажралиб қолади.

Аслида Оқ уй маҳаллий ҳокимиятнинг ишига деярли аралаша олмайди. Губернаторларни, мерларни партиялар ва аҳоли сайлайди, улар ўз ҳудудида ўз қонун чиқарувчи идораларига ҳам эга. Ўз қоидаларини ўзлари белгилашади. Ўзларини ўзлари бошқаришади. Зотан демократиянинг суврати ва сийрати ҳам мана шунда!

Президент бирор губернатор у ёқда турсин, ҳатто туман раҳбарини ҳам бўшата олмайди. Шунга қарамай Оқ уйнинг ўрни АҚШда ва дунёда жуда баланд. Ҳамманинг орзуси-Оқ уй! Дунёдаги қайси давлатнинг раҳбарида Оқ уйда меҳмон бўлиш орзуси йўқ дейсиз? Американи тинмай ёмонлаб турганининг ҳам юрак тубида Оқ уй деган орзу ётади. Таклиф қилса, эмаклаб бўлсада етиб келади.

Оқ уйнинг биноси баланд бўлмагани билан қадди, мавқеи, обрўйи баланд. Балки бу баландликнинг сири ҳам ҳаммма ваколатни ўз гарданига олмаганидадир?!

Шу ва бошқа гапларни айтиб берганимдан кейин, тошкентлик меҳмон яна менга кулимсираб қаради-да:

-Йўқ, бизга бунақасига кетмайди,-деди киноя билан.

ХХХ

Ўзбек зеҳнияти бўйича ўтакетган айёр ва маккор одам тулкига қиёсланади. Ёмон одам ҳақида “Тулки каби тумшуғидан илинди” дейишади ёки “Кўзбўямачи тулки бўлади, халқ ичида кулги бўлади”, деган каби ўнлаб мақоллар бор. Айниқса, бировни ерга урмоқчи бўлишса, “Ит олган тулкидек шумшайганига қаранг”, деб сўкишади.

Америкада эса, тулки ақли ўткирлик, зукколик рамзи. Ҳатто энг катта миллий телевидениелардан бирининг номи Тулки (Fox ТВ) ва бу номдан ифтихор қилишади. Азалдан буни исм софатида ҳам ишлатиб келишади.

Ана шу Fox ТВнинг ҳам ўзбекча, ҳам америкача айтганда, бир тулки бошловчиси бор. Исми шарифи Бил Оралли. Ҳар куни кечқурун соат саккиздан тўққизга қадар экран уники. Унча-бунча демократнинг бу дастурда “бўйра устига” чиқишга юраги бетламайди. Чунки тулки бошловчи бир лаҳазда унинг ёқасини йиртиб, шармандасини чиқариб қўяди. Ҳамма инсон каби у ҳам баъзан ҳақ, баъзан ноҳақ.

Демократлар ундан нафрат қилишади ва рейтинги ошмасин деб дастурини томоша қилишмайди. Муҳофазакорлар уни ақлли тулкимиз деб билишади ва унинг дастурини қочирмасликка уринишади. Менга эса журналист сифатида бу дастур жуда қизиқ ва деярли ҳар куни томоша қиламан.

Бир куни у Оқ уйнинг собиқ матбуот котибини “бўйра устига” чақирди. Даҳанаки жанг бошланди׃

-Сен Бушга хиёнат қилдинг!- деди тулки бошловчи.

-Гап Буш ҳақида эмас, ундан ҳам катта нарсалар бор, Америка бор, Америка халқи бор. Демократия, сўз эркинлиги Бушдан анча ва анча юқорида. Мен ана шу қадриятларга хизмат қилиш учун қўлимга қалам олдим.

-Сен Бушга сўз билан суиқасд қилдинг, сўз билан уни яксон этдинг!

-Йўқ! Мен Бушнинг одам сифатидаги томонлари ҳақида эмас, унинг фаолияти ҳақида ёздим.

-Сен Бушни Ироқ уруши, Катрина фалокати, Оқ уйдан рақиблари ҳақидаги махфий маълумотлар матбуотга сизиши ва бошқа масалаларда халқни алдади, деб айблаб, унинг сўл қанотдаги душманларига озуқа бердинг. Улар сени ишлатмоқдалар, буни биласанми?

-Мени сен ҳам ишлатишга уринмоқдасан. Лекин мен ўз фикримни, билганларимни ёздим, Америка халқига бор гапни очиқ айтдим.

-Ахир Буш сени ўз командасига олганди, сенга иш берганди, нон берганди…

-Мен гадой эмас эдим… Агар мен керак бўлмаганимда, қўлимдан иш келмаганида у мени командасига олармиди? Садоқатга қараб олганда мана сени олган бўларди. Америкада Бушга энг садоқатли одамлардан бирисан.

-Сен ҳам садоқат ҳақида кўп гапирган эдинг. Ахир Буш одам сифатида ёмон инсон эмас-ку?!

-Мен Бушнинг шахсий томонлари ҳақида эмас, унинг фаолияти ҳақида ёздим деб неча марта айтишим керак!

-Шунча гапни билар экансан, Ироқ масаласида у хато қилган бўлса, нега унинг матбуот котиби сифатида уни ҳимоя қилдинг ва нега ўша пайтда айтмадинг?

-Касб ахлоқи деган нарса бор. Қолаверса, кўп нарсани аста-секин тушундим ва аста-секин ўргандим. Мен ўша пайтда маош олиб вазифа бажардим. Аммо бир кун бажара олмаслик даражасига келдим ва кетдим. Кейин ҳам бу юкни елкамда кўтариб юра олмадим ва Америкага айтишга қарор қилдим.

-Йўқ, сени ноширларинг йўлдан урган. “Агар Бушни ёмонласанг бу китоб кўп сотилади ва сен кўп пул қиласан” дейишган. Китобингни нашр этганлар Бушнинг душмани бўлган Жорж Соросга яқин одамлардир.

-Наҳотки билмасанг? Ахир Бушни мақтаб ёзилган бир неча китобни ҳам шулар нашр этишган…

Хуллас, тулки ютқиза бошлаган бу тортишув қирқ дақиқа давом этганини ҳам билмай қолибман.

Гап қандай китоб борасида деб сўрашингиз табиий. Бу Америка президент Бушнинг собиқ матбуот котиби Скотт Маклелланнинг “Нима бўлганди. Бушнинг Оқ уйидаги ҳаёти ва Вашингтондаги алдов маданияти” деб номланган китоби ҳақида.

Қирқ ёшли муаллиф ҳақида гапириб, юқоридаги каби уни “хоин” деган тулкилар бор. Аммо у президент Буш вазифадан кетгандан кейин эмас, балки ҳали мансабда эканида ёзгани уни хоинликда айблаганларнинг ҳандалаги сапча эканини кўрсатади.

Чунки мансабдаги президент ҳақида алдовлар билан мақтаб китоб ёзиш халққа нисбатан хоинликдир! Унинг кирдикорлари ҳақида у ҳали мансабда бўлганида китоб ёзиш эса қаҳрамонлик!

ХХХ

Оқ уйда ҳамма президентларнинг суратлари осиб қўйилган. Ҳаммаси ҳар турли. Ораларидан фақат баъзиларининг номлари жуда машҳур ва баъзиларининг номларини эса биров билмайди ҳам. Кимдир фавқулодда хизматлари билан тарихда қолган бўлса, кимдир мураккаб шароитлардаги мураккаб фаолияти туфайли тилга тушган.

Бизнинг авлод энг кўп эшитган ном-Кеннеди. 1963 йилнинг 22 ноябрида Техасда суиқасд қурбони бўлган АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди ҳақида жуда кўп ёзилган ва жуда кўп гапирилган. Сабаби у америкаликлар севган президентлардан бири ва ҳалига қадар ўлими ортидаги сирлар очилган эмас. Қамалганлар бор, тахминлар бор, ҳужжатлар тиқилиб кетган, ўнлаб филмлар қилинган ва юзлаб китоблар ёзилга н – лекин ҳақиқат очилмаган.

Қолаверса, Жон Кеннеди Куба буҳрони боис Совет Иттифоқи билан АҚШ ядровий урушга киришига саноқли дақиқалар қолганда бунинг олдини олган президент сифатида ҳам машҳур.

Кеннеди Америка католикларидан чиққан биринчи президент. Унинг ирланд авлодлари учун Америкада оёққа туриш осон бўлмаган. Ирландлар ички курашлар гирдобидан чиқиб, бугун Американинг катта кучига айланишган. Биргина Кеннедилар оиласининг ўзини Американинг тўртта устунидан бири деса муболаға бўлмайди.

Акасининг ҳукуматида Бош прокурор, кейин сенатор бўлган Роберт Кеннеди бундан 40 йил олдин Жон Кеннедининг изидан бориб, Демократик партиянинг президентликка номзоди сифатида курашга кирган.

Аммо сайловнинг энг қизғин палласида-1968 йилнинг 5-июн куни Лос Анжелесда суиқасд қурбони бўлган. Фаластинлик Сиран деган шахс қотилликда айбланган. Лекин бу воқеа ортидаги сир ҳам ҳалига қадар баҳсларга боис. Роберт ёшлигидан Исроил тарафдори бўлиб танилгани учун бир фаластинликдан фойдаланилган деган шубҳалар ҳам бор.

Умуман Кеннедилар оиласида жуда кўп фожеали воқеалар юз берган. Вертолет ҳалокатлари ва авариялар уларнинг танилган шахсларини олиб кетаверган.

Кейинги йилларда бу оиланинг энг танилган шахси Эдвард Кеннеди эди. У ҳам бир неча марта ҳалокатга учраган ва ўлимдан қутулиб қолиб, ногирон бўлишига қарамай қирқ йилдан кўп сенаторлик қилган.

АҚШда таълим тизимини ислоҳ қилишда етакчи рол ўйнаган бу сенатор кейинги пайтда рак касалига қарши катта кампания бошлатган эди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, унинг ўзи мия ракига билан оламдан ўтди.

Бу оила мансублари ҳар икки партиянинг ҳам “танкларига” айланган.

ХХХ

Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас, деган гап бор. Албатта бу бўрттирилган ибора. Лекин Жон Маккейн (John McCain) учун эмас. Ёши етмишдан ошганига қарамай қайта-қайта президентлик учун сайловга кирган бу сенатор барибир Бош қўмондон бўлолмади.

У асли ҳарбий учувчи бўлган. Ветнам уруши пайтида энг жанговар ҳужумчилардан бири бўлганига қарамай учқичи уриб туширилган ва оғир ярадор ҳолида асирга олинган.

Олти йил Ветнам қамоқхоналарида чекмаган азоби қолмаган, қийноқ ва таҳқирлашнинг ҳамма турини кўрган. Ундан пропаганда учун ҳам фойдаланишган ва ўз мамлакатини қоралган баёнотларга имзо оттиришган.

Бу ҳақда гапирганда Маккейн׃ “Ҳар инсоннинг синиш нуқтаси бўлади ва меники ҳам бўлган” дейди.

У урушнинг бутун даҳшатларини кўрган ва оқибатлари нималарга олиб келишининг ҳам идрокида.

Зотан 2008 йилги сайлов жараёнида унинг ўзи қатнашган теле-рекламада “Мен олти йил уруш асири бўлганман, уруш нималигини биламан ва урушга қаршиман” деган гаплари ўрин олган.

Тақдир тақозоси билан бир неча марта бу сенатор билан юзма-юз келдим. Ҳар сафарги учрашувдан кейин кўнглимдан кечгани – бу одамнинг фитрати ҳарбийлигича қолган ва сенаторлик даврида ҳам ўзгармаган, деган ўй бўлган.

Оқ уй тарихини ўрганганлар яхши билишади, бу жойни эгаллаш учун сайловга кирган ғурурли сиёсатчилар ютқиздиларми четга чиқишган ва майдонни бошқаларга бўшатиб беришган.

Маккейн 2000 йили Бушга рақиб бўлганди. Рақобат жуда кучли эди ва Буш унинг ҳарбий тарихини савол остига қўйишгача етиб борганди. У ҳам Бушни ҳарбий учувчиликда лаёқатсиз бўлган дея камситганди.

Оз қолсин улар бир-бирларини кўрганда ёқа йиртадиган даражага келиб қолгандилар ва Буш сайловда ютиши билан у орқага чекинди. Чекиндигина эмас, залворли сенатор сифатида Бушнинг энг яқин мададкорига айланди.

Кечаги икки рақибнинг яқинлиги шу даражага етиб бордики, 2004 йилги сайловда ҳам у Бушни қўллади. Яъни Бош қўмондоннинг садоқатли капитани вазифасини бажарди.

Бушнинг муддати битаркан у яна сайловга кирди.

Ана шундай сиёсат майдонида оғир тўпга айланган одамни 2005 йил Тошкентда ҳеч ким қабул қилмай, шармандали тарзда чиқариб юборишганди. Бу унга жуда алам қилган ва буни Ўзбекистон бўйича берган баёнотларида ҳам кўриш мумкин.

Агар у сайланганда Америка тарихида Ўзбекистоннинг ички вазиятини бевосита биладиган ва Тошкентда қабул қилинмасдан таҳқирланган ҳамда бу режимнинг кетишини бевосита истаган илк президент бўларди.

2006 йилда Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан ўтган анжуманда׃ “Бир йил олдин биз Ўзбекистонга борганимизда Ўзбекистонда мустақил ахборот воситалари ёки мухолиф партиялар йўқ эди. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли ва сиёсий ҳуқуқлар қандайлиги деярли номаълум эди. Ҳукумат исломий терроризмга қарши кураш баҳонасида кўпинча ўзига қарши бўлганларни таъқиб қилар эди. Баъзан улар қўлга олиниб, қийноққа солинар эди. Орадан бир йил вақт ўтди. Вазият янада ёмонлашди” деган Маккейн ғаззаб билан:

“Тошкент расмийларининг хатти-ҳаракати бизнинг хавфсизлик манфаатларимизга зиддир. Улар хорижда эркинлик ва демократияни рағбатлантириш йўлидаги уринишимизни синовга тутмоқда” деди.

Тошкентдан қайтгач, беш конгрессмен АҚШ Давлат департаменти ҳамда Мудофаа вазирлигига мактуб йўллаб, АҚШ Ўзбекистон билан алоқаларни қайта кўриб чиқиши керак, деган талабни қўйишди ва мактубда биринчи бўлиб Маккейннинг имзоси турганди.

Лекин Америкада ва умуман хорижда яшаган антикаримовчиларнинг аксарияти уни қўлламадилар, балки Барак Обама учун “ура-ура” қилдилар.

ХХХ

2008 йилнинг 4 март куни АҚШ президенти Жорж Буш (George Bush) ва вице-президент Дик Чейни(Dick Cheney)ни “Конституцияга қарши жиноят қилганликлари” учун қамоққа олиш борасида Вермонт штатининг икки шаҳарчаси – Браттлеборо и Малборода сайлов ўтказилганди.

Вермонт ўзининг либераллиги билан машҳур. Илгари бу ердаги маҳаллий парламент Ироқдаги урушни тўхтатиш ва Буш ҳамда Чейнега ишончсизлик (импечмент) эълон қилиш ҳақида қарор олганди. Бундай ҳол бошқа шаҳарларда ҳам учрайди ва бу оддий халқнинг ўз фикрини эркин ифодалашига бир мисол.

Вермонтдаги воқеага Оқ уй ҳеч қандай муносабат билдирган эмас. Чунки Оқ уйдагилар билишадики, фақат АҚШ конгрессидаги ишончсизлик уларнинг курсиларини қимирлатиши мумкин, холос.

Аммо АҚШ Конгрессида ҳам бир неча йилдирки, бу масала кун тартибига келади ва қўлловчилар оз бўлгани учун унутилиб кетади. Масалан, конгресмен Деннис Кусинич Дик Чейнига ишончсизлик билдириш масаласини икки марта кун тартибига олиб чиқди, аммо дастак топмади. Кимлардир бундай ҳол АҚШнинг обрўйига путур етказади дейишади. Менга қолса, бу АҚШ демократиясиянинг ютуқларидан биридир деган бўлар эдим.

Бундай демократик жараён 1797 йилда Теннеси сенатори Уилям Блант(William Blount)ни қизил танлиларни алдаб, Англияга жосуслик қилди деган айб билан импеч қилишдан бошланган. 1868 йилда Президент Эндру Жонсон (Andrew Johnson) va 1999 йилда Бил Клинтон (Bil Clinton)га ишончизлик билдирилганини эса кўпчилик яхши билади.

Бундан бир неча кун олдин эса, ўша оҳаёлик конгресмен Кусинич президент Бушга ишончсизлик билдириш ҳақида Конгресга резолюция киритди. Президент Буш ва унинг маъмурияти Ироқ масаласида Сенатни алдади ва мутлоқ асоссиз урушни бошлатди деган иддаода конгресмен. Унинг Дик Чейни ҳақидаги таклифи каби бу ҳам бир четда қолиши мумкин. Гап бунда эмас. Гап одамларнинг ҳуқуқлари кафолатланганидадир.

Қолаверса, Оқ уйга келадиган раҳбарларнинг ҳам зеҳниятида бунга тайёрлик борлиги диққатга сазор.

Қани Ўзбекистонда бирор депутат бу масалани кўтарсин-чи? Ёки бир шаҳар кенгаши шундай қарор олсин-чи?

Демак, Америкадан ва америкаликлардан ўрганадиган кўп нарса бор.

ХХХ

Президент Буш ва хотини, собиқ президент Билл Клинтон ва умр йўлдоши, Оқ уйни эгаллашга даъвогарлар – Барак Омаба ва Жон Маккейн, демократлару республикачилар, мустақиллару яшиллар, хуллас ҳамма сиёсатчиларни битта воқеа бирданига бирлаштирди.

Бир-бирига душман кўзи билан қарайдиган телевидение каналлари ва радиолар ҳам бирданига дастурларини бекор қилиб, битта воқеа ҳақида гапира бошладилар. Рақобатдош газеталардан тортиб, уларнинг интернет сайтларига қадар ҳаммасида шу воқеа асосий ўринни эгаллади.

Шу куни Эн-Би-Си(NBC) телевидениесининг жасоратли шарҳловчиси, таниқли журналист Тим Рассерт (Tim Russert) 58 ёшида тўсатдан вафот этиб қолганди.

Тим Рассертнинг ҳафта сўнгида эфирга узатиладиган “Танишинг, Матбуот” (Meet the Press) деган дастурини кўрардим ва Тим Рассерт мен энг қойил қоладиган, энг ҳурмат қиладиган журналист эди. У ўзи ишлайдиган телекомпаниянинг сиёсатидан юқори тура оладиган, унча-бунча қарашга тобе бўлмайдиган шахс эди.

Уни жонсиз рақамларни тилга киритадиган, рақамлар жозибасини кашф қилган журналист деб билардим. Ҳеч ким рақамларни унинг каби маъноли тарзда таҳлил қила олмасди. У рақамларнинг “юрагини” кўра биладиган қобилиятга соҳиб эди.

Тим Рассерт ким билан мулоқот қилишни билар, уни салмоқли саволлар билан тентиратиб қўйишга йўл топа олар, ҳар қандай сиёсатчининг кимлигини бир нечта савол билан очабилар қобилиятга эга, жуда ақлли журналист эди.

Унинг тўсатан ўлиб қолганига асли ишона олмасдим, жуда хафа бўлдим. Худди Америка ҳувиллаб қолгандек туюлди.

Бир оздан кейин англадимки, фақат камина эмас, бутун Америка хафа экан. Бу энди мени ҳайратга солди.

Чунки унинг президент Буш билан суҳбати кўз олдимда. У Бушни жуда қийин аҳволга туширганди. Саволлар қаршисида қизариб-бўзариб кетган Буш дастур охирида “уф” деб юборганди.

Унинг Давлат котиби Колин Павелни камера қаршисидан қочиб кетишга олиб келган кучли саволларини ҳам унутганим йўқ.

Оқ уйнинг собиқ маликаси Ҳиллари Клинтоннинг кўзига қараб: “Сиз учун сайлов битди, нега бунча ҳам ўзингизни, ҳам бизни, ҳам Американи овора қилмоқдасиз?” деганига ҳам ҳали кўп бўлган эмас.

У Оқ уйнинг жуда кўп одамларини суҳбатга тортган ва ҳатто Оқ уйдан махфий маълумотлар сизгани ҳақида махсус суд бўлганда ҳам унинг кўрсатмаси ҳал қилувчи қарор ҳисобланиб, вице президент Дик Чейнининг ўринбосари жиноятга тортилганди ва ҳоказо.

Ана шунга қарамай у қора терга ботирган сиёсатчилар кўзда ёш билан уни хотирлаб, ҳамдардлик билдираётган эдилар.

Табиийки журналистлар уларга Тим Рассерт қаршисида қийин аҳволга тушганларини, сирлари очилиб қолгани ва ҳатто у билан суҳбат туфайли сиёсий мағлубиятга юз тутганларини эслатишарди. Уларнинг ҳаммаси “Тим жуда ақлли журналист эди ва бизга савол бериши унинг иш вазифасига кирарди, у вазифасини ҳалол бажарарди, бу унинг Америкага хизмати эди, бу унинг бизга ҳам хизмати эди, чунки биз бир куни унинг қаршисига чиқиб қолишдан чўчиб хато қилмасликка уринардик”, дейишарди.

Ўзбек журналистикасида Тим Рассертлар борми? Бу орзу. Фалакнинг гардиши билан битта-иккитаси кўриниб қолса, бирор амалдорнинг камчилигини очса, бу одамни ғаламис, иғвогар, тош отувчи ва ҳоказога чиқаришади. Кейин қувғин қилишади, қамашади, йўқотишади…

Журналистнинг қадри бўлмаган жамиятда журналист қолмайди. Журналист қолмаган жамиятда эса ҳақиқат қолмайди.

ХХХ

Қaндай нашр бўлмасин, Оқ уйда ўз мухбирини сақлаши мумкин ёки бу ердаги ҳар қандай анжуманга истаган одамини юбора оларди. Аммо 2001 йилнинг сентябридаги террор ҳужуми дунёнинг аравасини бошқа йўлга солгани каби бу масалада ҳам ўзгариш қилди.

Энди Оқ уйга кирадиган мухбирлар махсус текширувдан ва рўйхатдан ўтадиган бўлишди. Лекин шунга қарамай Оқ уй изн берган мухбирлар салмоқ ва сифат жиҳати бўйича дунёдаги бирорта мамлакатнинг бошқарув идорасида йўқ.

Президент Вудро Вилсон (Woodrow Wilson) доимий матбуот конференциялари ўтказишга қизиққанидан кейин 1914 йилнинг 25 февралида Оқ уйда қўним топган мухбирлар ўз уюшмаларини тузадилар. Орадан ўн йил ўтиб эса улар ўзларининг йиллик анжуманларини – зиёфат кечасини ўтказишни ва унга Оқ уй ҳокимларини ҳам даъват қилишни бошлайдилар.

Бугунга келиб ана шу зиёфат кечаси аския оқшомига айланган. Ҳар йилнинг баҳорида ўтадиган бу кечада минглаб мухбирлар ва таклиф қилинган меҳмонлар билан бирга Президент ҳам оиласи билан қатнашади. Бир қанча телеканаллар бу аския анжуманини жонли тарзда олиб кўрсатадилар.

Дастлаб Бил Клинтон қатнашган аския оқшомини кўргандим. Қараб турсам, Президент ўз камчиликлари устидан кулиб, ўзини ўзи аския қилмоқда. Яъни бугунга қадар мухбирлар унга эслатиб, танқид қилган нуқталарини у энди ҳажв билан мухбирларга эслатмоқда.
Мухбирлар ҳам, томошабин ҳам қорнини ушлаб куладиган вазият.

Тасаввур қилинг, Бил Клинтон Мониканинг бир ишвасига эриб қолган Президентнинг устидан кулмоқда.

“Ҳилларига тенг келадигани йўқлигини билардинг-ку!”

Бу худди ўзбек аскияси каби коса таги ним косаси билан. Ана қийқириқ, ана кулги!

Шундан кейин ҳар йили томоша қиладиган бўлдим. Бушнинг хотини чиқиб, эрининг камчиликлари устидан кулгани, уни аския қилгани ҳам бу анаъна тарихида янги саҳифа очганди.

Буш ўзини масхара қилган умр йўлдоши ва вице-президентнинг камчиликлари устидан куларкан, сайлов кампаниясини ҳам четда қолдирмади.

Барак Обама эса аскиячиларнинг “учига чиққани”.

Энди тасаввур қилинг, ўзбек Президенти халқнинг олдида минбарга чиқиб, ўзининг пўстагини қоқди – “Жинни бўлибди” деймиз. Кейин қизиқчи чиқиб, Президентни “қизартириб-бўзартиб” юборди. “Жонидан тўйибди” деймиз ва хато қилмаган бўламиз.

ХХХ

Оқ уй тарихан Туркистон (Ўрта Осиё – Марказий Осиё) билан жиддий қизиқмаган. Баъзи сиёсатчилар бунга Буюк Британиянинг Жанубий Осиёдан мағлубона қайтиш тарихи сабаб десалар, баъзилар ҳатто гапни Искандарга қадар олиб бориб боғлайдилар.

Менимча, минтақа Оқ уйнинг манфаатлари доирасига тушмаган, холос. Агар тушганда эди, бирор натижага эриша олмаган Афғонистондаги каби Ўрта Осиёни ҳам назардан чета қолдирмас эди.

Оқ уйнинг манфаатлари – бу биринчи галда Америка халқининг, Америка давлатининг мафаатларидан келиб чиқади. Қандайдир шахс ёки қандайдир гуруҳларнинг манфаатлари давлат даражасига кўтарилиши Америка шароитида камдан-кам учрайдиган ҳол.

Иқтисод ва хавфсизлик стратегик манфаатлар доирасининг асосий чизиқларидир. Ички ва ташқи сиёсат ана шу доира чизиғига қадалган ўқлар ва қолган тактик манфаатлар ҳам шундан туғилади. Демократия эса бу манфаатларнинг замини. Бу замин бўлмаса балки манфаатлар ҳам бошқача бўлиши мумкин, диктатуралардаги каби.

Ўрта Осиёнинг баъзи нуқталари Оқ уйнинг манфаатлари доирасига яқинлашмоқда. Хусусан, Қозоғистон ва Туркманистон. Бу ҳам қайси бир бой ёки бойларнинг истаги билан эмас, балки Америка халқининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда.

Оқ уйда ким ишламасин, у халқ манфаатларига ҳамоҳанг ҳаракат қилишга мажбур. Албатта, халқ дейилганда мамлакатнинг бутун аҳолиси эмас, балки кўпчилик (majority) назарда тутилмоқда. Демократияларда кўпчиликнинг овози ҳал қилади.

Совет Иттифоқи даврида Оқ уйнинг асосий манфаатлари доирасида қизил чизиқ билан ажратилган масала – бу коммунизм таҳликаси масаласи бўлган. Шунинг учун ҳам СССР йиқилгандан кейин Оқ уй МДҲ давлатлари билан қисман шуғуллана бошлади. Аммо Давлат котиби Жеймс Бейкер(James Baker)нинг минтақага бориб қайтиши билан Оқ уй Ўрта Осиёнинг жиловини Туркияга беришга ва коммунизм ўрнига демократияни Туркия орқали олиб киришга ҳаракат қилди.

Катта оғасиз юришни эплолмайдиган бўлиб қолганларни энди турк оғага тоширсак поезд юриб кетади деб ўйлашди. Аммо Туркия бу ишни уддалай олмади. Гарчи ҳамма жиҳатдан яқин бўлишига қарамай Анқара Ўрта Осиёни тушуна билмади.

Аввалига ҳукуматларни қўллаб, туркий давлатлар бирлигини тузмоқчи бўлди. Кўрдики, коммунист раҳбарлардан иш чиқмайди. Мухолифатга қўл узатиб кўрди. Энди коммунист раҳбарларнинг жаҳли чиқди. Бошқа йўлларни синади. Масалан, Сулаймон Демирал Тошкентнинг қўлтиғига кириш учун бир неча кишининг қўлига қурол тутқазиб, Туркияда очиқ машқлардан ўтказиб, буни филмга тушириб, Тошкентга олиб борди ва мухолифатингиз давлат тўнтариши қилмоқчи дея дўст кўринди, вақтинча оға бўлиб юрди.

Аммо бунақа ўйинларнинг пардасини йиртишга уста Тошкент Анқарани онасининг орқасидан тентираган бузоқ ҳолига туширди. Бугунга қадар ҳам Анқара Тошкентни тушуна олган эмас. Чунки аслида ўзи ўзини тушуна оладиган даражада эмас׃ ички ўйинлар гирдобида доим.

АҚШ Марказий Осиё тақдирини Анқарага ташлаб қўйиб, катта хато қилган эди. Бу минтақа 2001 йилдан кейин манфаат доирасига яқинлашиб қолишини тахмин қилмаган-да!

Энди Оқ уйнингбошини оғритган масала терроризм масаласидир. Бошқача айтганда, радикал исломий гуруҳларнинг таҳликаси.

2001 йилдан кейин Ўзбекистон худди ана шу масалада Оқ уй манфаатлари доирасига тушди. Оқ уйда Ўзбекистон асосан ана шу масалада эсланади, холос. Бу борада Оқ уйдагиларда аниқ фикр шаклланиб бўлган. Улар Ўзбекистондаги мавжуд радикал гуруҳларни уддалай оладиган демократик куч йўқ деб ҳисоблайдилар. Яъни ҳокимиятни қўлга олиб, бошқарадиган алтернатив кучлар – демократик сиёсий куч сифатида шаклланмаган.

Оқ уй Ўзбекистон билан жиддий шуғулланиши, Ўзбекистонни биринчи галдаги масала деб билиш учун ё унинг манфаатлар доирасида ўзгариш юз бериши керак ёки Ўзбекистон фавқулодда бир йўл билан Оқ уйнинг манфаатлар доирасига кириб қолиши лозим.

ХХХ

Америка ажойиб диёр. Истасам президентни мақтайман ёки танқид қиламан, истасам ҳукуматни. Агар танқидий фикрим бўлса, истасам ўзбек тилида ёзаман, истасам инглиз тилида ёзиб миллий телевидениелардан бирига электрон хат қилиб жўнатсам, шу куниёқ ўқиб беришади. Ўзбекистондаги каби биров келиб таъқибга олмайди ёки нега ҳурматли юртбошини танқид қилдинг деб қувғин этмайди. Юрагингдаги гапни очиқ айтишга нима етсин!

Ана шу эркинликдан фойдаланиб янги президентимизнинг (шу мамлакатда доимий яшаганимдан кейин президентимиз дейишга ҳақлиман-ЖМ) даври хатолар билан бошланганини айтмоқчиман.

Аввало рамзий хато ҳақида. Қасамёд маросимида айтиладиган сўзлар қонуний калималарга айланган ва улардан биттаси унутилса ҳам қасам қабул бўлмайди. Барак Обама Олий Суд раиси томонидан қасам ичдирилди. Суд раиси сўзларни айтиб ва Обама такрорлаб турди. Суд раиси унутган калимани Обама ҳам унутди. Бу дарҳол кўпчиликнинг диққатини тортди ва Америка тарихида илгари ҳам икки марта шундай ҳол юз берганини эслатишди. Яъни қасам чала бўлди.

Матбуот дарҳол бу ҳақда жар солди. Йўли ҳам дарҳол топилди. Суд раиси Оқ уйга ташриф буюриб Обамани қайтадан қасам ичдирди. Шундай қилиб, сиз кўрганингиз эмас, Оқ уйдагиси ҳақиқий.

Энди президентнинг биринчи кундаги қилган ишларидан хато деб ҳисоблаганим ҳақида. Аввалдан айтиб қўяй, бу одим жуда кўпчиликка ёқди ва Обамани сайлов олдидан айтган сўзини бажараётганликда мақташга ҳам асос бўлди. Лекин каминага ёқмади.

Гап Обаманинг Оқ уйда ишловчи юқори лавозимли мансабдорлар маошини йилига 100 минг доллардан оширмаслик борасидаги қарори ҳақида.

1990 йилда биз Ўзбекистон Олий Кенгашининг илк сессияларида мансабдор кишиларнинг имтиёзларини чеклаш масаласини ҳар куни муҳокама қилардик ва буни жуда муҳим деб ҳисоблардик. Лекин кейинчалик бу борада хатога йўл қўйганимизни тушунганман. Чунки мансабдор кишига ҳукуматнинг ўзи шароит қилиб бермаса, у ўзига шароит яратиш йўлига ўтади. Иш бир четда қолиб кетади.

Ҳали бундан икки йил аввал президент Бушнинг матбуот котиби Тони Снов вазифасидан истеъфо берди. У олган маоши боласини ўқитишга ва ўзини даволашга етмаётганини, шунинг учун бошқа иш қилишга қарор берганини айтди. Орадан кўп ўтмай бу 54 ёшлик журналист оғир касалликдан вафот этди.

Яқинда унинг хотини билан суҳбатни кўриб қолдим, у боласининг олийгоҳдаги ўқишини бир йилга орқага ташлаганлари ва иқтисодий йўқчилик ичида эканликларини айтди.

Кимгадир бир йил учун 100 минг долларлик маош кўп кўриниши мумкин. Лекин яхшироқ олийгоҳда бир талабанинг бир йиллик ўқиши 30-40 минг доллар эканлиги ёки Вашингтонда бир йилда ижара учун 20-30 минг доллар тўлаш зарурлигини айтишнинг ўзиёқ бундай юқори лавозимда ишлаган кишилар учун бу жуда оз маблағ эканлигини кўрсатади.

Яхши иш биладиган одамга ҳамма жойда эҳтиёж бор. Шунинг учун ҳам хусусий секторда бундайларнинг бир йиллик маошлари миллионлар билан ўлчанади. Шундай экан, агар Президент яхши маслаҳатчини истаса унга яхши ҳақ бериши ҳам керак. Акс тақдирда у вақтини Бош қўмондон ва Америка учун эмас, ўзи учун сарфлашга мажбур бўлади.

Америкада йилига 100 минг долларлик маошни орзу қилганлар жуда кўп дейишингиз мумкин. Лекин президент маслаҳатчиси даражасига етсалар бу пул жуда озлик қилади. Масалан, Америкада аксар талаблар олийгоҳни битирганда, илмий иш қилган даврда асосан қарзга яшайдилар. Кейин тўлай бошлайдилар. Бу жуда катта миқдордаги пул бўлади.

Қолаверса, оддий одамда танлов жуда катта. Бу дўкондаги нарса ёқмаса, вақтини сарфлаб арзонроғини топади. Президент маслаҳатчиси навбатларда турса, дўконма дўкон югуриб юрса, у ёқдан-бу ёқдан пул топиш билан овора бўлса охири нима бўлади? Охири-порахўрлик. Охири-ишларнинг ўлда жўлдалиги.

Совет даврида партия идораларида ишлаганларнинг маоши хўжалик идораларидагидан оз бўларди. Аммо улар бошқалардан бой эдилар. Чунки улар партия учун, халқ учун эмас, ўзлари учун яшашга тиришардилар.

Шу жиҳатдан Обаманинг бу ҳаракати Совет даврини эслатди. Бу ҳаммага социалистик тенг қарашдир. Ҳукуматнинг қуйи мақомларида бир соат ишлаб, етти соатни ўзига сарфлайдиган такасалтанг ҳам йилига 100 минг доллар олса ва дунёнинг масъулиятини елкасида кўтариб, ҳаётидан кечган киши ҳам шунча пул олса? Бу жуда оддий қилиб айтганда инсофсизлик!

Обама бу ҳаракатини ахлоқий жиҳатдан ҳар қанча оқлаши ва кўпчилик буни дастаклаши мумкин. Лекин қўшилмадим. Бунинг ўрнига энг ақлли, иш биладиган кишиларни маслаҳатчиликка олиб, “сен фақат ишни ўйла, пул керак бўлса мана мен бераман, ўзингни мамлакатга бағишла” деса, балки ҳафталаб Яқин Шарқда қолиб кетадиган маслаҳатчиси оила ташвишларини эмас, дунё келажагини ўйлармиди?

Хуллас, нима бўлганда ҳам Американинг ва дунёнинг келажаги нуқтаи назаридан бу шунчаки популистик одим ва хато.

Қани эди Ўзбекистонда яшаётган бир киши ҳам президент ҳақида ана шундай очиқ ёза олса?!

Шундай кунлар келармикан? Қийинга ўхшаб кўринмоқда.

Президент бўламан деганларини танқид қилсангиз балога қоласиз-ку, ҳалики президентни!

ХХХ

Америкада сайлов кампанияси давомида ҳамма номзодлар “Мен президент бўламан!” дейдилар. Бу оддий ҳол. Аммо кимдир “Бу сайловда фалончи ютиб чиқади” деса, “У масхарабозликни бўйнига олибди” дейишади.

Чунки икки номзоддан биттаси ютиши аниқ ва “Фалончи президент бўлади” деганнинг гапи тўғри чиқиши учун эллик фойизлик замин бор. Масхарабозлар ҳам эллик фойизлик заминда иш кўришларини билган одамлар кимнинг президент бўлишини олдиндан башорат қилганларнинг ҳам устидан кулишади.

Зотан диктатура шароитида кимнинг президент бўлиши ҳали сайлов кампанияси бошланмасдан олдин аниқ бўлади, аммо демократияларда сўнгги дақиқада ҳам ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин. Демократиянинг ўзига хосликларидан бири ҳам шунда.

Айниқса, АҚШдаги каби мураккаб сайлов тизими бўлган демократик давлатда сайловчиларнинг кўпчилик овозини олиб ҳам Ал Гор каби Оқ уйнинг четида қолиб кетиш ёки Жорж Буш каби камроқ овоз билан президент бўлиш ҳоллари учрайди. Бу АҚШ учун янгилик эмас ва тарихда ҳам икки президент сайловчиларнинг эмас, балки сайловлардан кейин вужудга келадиган Вакиллар кенгашининг қарори билан Оқ уйни эгаллаган.

Сайловларда барча штатларнинг манфаатлари четда қолмаслиги назарда тутилиб, 1845 йилда Вакиллар кенгаши (Electoral college) деган тизим жорий этилган. Сайлов куни номзодларга овоз бериш билан бирга ҳар штатдан вакиллар танланади. Ана шу вакиллар ўз штатларида кимга кўп овоз берилганидан келиб чиқиб, ким президент бўлишига қарор берадилар. Албатта, тарихда ўз штатига, сайловчиларига хиёнат қилганлар ҳам яккам-дуккам бўлган, аммо уларнинг сиёсий келажаги шу жойда битган. Бугунга келиб бундайлар учун махсус жазо ҳам жорий этилган.

34. СИМФОНИЯ

2003 йилнинг ёз кунлари. Конгресс билан Оқ уй орасидаги кенгликда “Регистон майдони” пайдо бўлди. Бир томонда “Шердор”, унинг қаршисида “Улуғбек” ва ўртада “Тиллакори”…

Албатта, бу Самарқанддаги Регистоннинг макети эди. Аммо баландлиги ва кенглиги ҳақиқий Регистоннинг ярмидан зиёдроқ.

Вашингтонда қўлбола ясалган “Регистон” ҳовлисида саҳна қилинган ва ўртада Жўрабек Набиев куйламоқда. “Фарғона тонг отгунча”ни тинглаб бўлишимиз билан созандалардан бири ўрнидан туриб׃

-Ассалому алайкум Жаҳонгир ака,-деб олдимга келди.-Худонинг қудратидан айланай, сизни қандай топаман деб ўйлаб тургандим, ўзингиз келиб қолдингиз.

Танимадим. Буни ўзи ҳам сезди, шекилли׃

-Соат Мусаев тоғам бўладилар, сизга салом айтиб юбордилар ва “ИАК” деган китобингиздан бир нусха истадилар. Элбек тоғамни ҳам танийсиз?

-Албатта, у киши билан бирга ишлаганмиз…

-Китобингизда тоғам ҳақларида ҳам ёзган экансиз, у киши ўқиб кўрмоқчилар.

Элбек ака инсон сифатида ажойиб одам, аммо баъзи фаолиятлари китобимда танқидга учраган. Соат ака билан эса, “Тошкент ҳақиқати” газетасида бирга ишлаганмиз. Жуда маданиятли ва ақлли журналист эди.

Хуллас, бу одам дуторчи Абдураҳим Ҳамидов экан. У АҚШнинг ”Смитсониан институти” ва халқаро Оғахон фонди биргаликда уюштирган “Ипак йўли фестивали”га келибди. Бу фестивалга шунчаки одамларни олиб келишмайди. Фавқулодда бир томони бор ва ўз соҳасининг дунёдаги билимдонлари диққатига тушган киши бўлиши керак.

Бироз гаплашиб, унинг мусиқа тарихи ва бугунги вазият ҳақидаги фикрлари соғломлиги, соҳасининг устаси эканлигини англаб оласиз.

Ўша кун кечқурун афғонистонлик ўзбеклардан бири меҳмонга чақирди. Борсак, Жўрабек Набиев ва Абдураҳим Ҳамидовни ҳам даъват этган экан. Бир неча соат суҳбат, мусиқа ва қўшиқ тинмади. Тошкентга кўчиб ўтган Жўрабек Набиевнинг ҳам дардлари дилига сиғмай турган экан. Унинг Ўзбекистон ва Тожикистон орасида сунъий равишда пайдо қилинган душманлик ҳақидаги фикрлари, айниқса, кишини ўйлантириб қўярди.

Эртасига уларнинг иккаласини “Америка овози”га даъват этиб, суҳбатлар ёзиб олдим. Кечқурун эса, меҳмондорчиликни бизнинг уйимизда давом эттирдик. Ана шу қисқа вақтда амин бўлдимки, Абдураҳим Ҳамидов сиёсий қарашлари ўзгачалигидан ташқари фавқулодда талантли дуторчи экан.

У дуторнинг торларини шундай йиғлатадики, кўзингиз ёшларга ҳокимлик қилолмай қолади. Ўзбекистондан чиқиб кетганида беш ёшда бўлган эгиз фарзандларим ҳам бу одамнинг икки симдан симфония яратишини кўриб, анча вақт ҳаяжонланиб, фахрланиб юришди.

Бундай пайтда ўзбекдан шундай истеъдодли мусиқачилар чиққанига қувониб кетасиз.

Абдураҳим ака Тошкент Косерваториясида дарс бераётгани учун ҳам у билан бугунги санъат ва унинг муаммолари ҳақида истаган қадар гаплашиш мумкин эди.
Унга озгина ҳадя олгандик, кетар пайти қўлига берар эканман׃

-Ака, ҳақиқий санъаткор хор бўлди. Биз ҳадя ҳам олиб келолмадик,-деди у.

-Сизнинг мусиқангиз буюк ҳадя, уни тингламоқ, ундан ҳузурланмоқнинг баҳоси борми? Сиз фарзандларимиз дилига мусиқани бир умрга муҳрладингиз,-дедим.

Ана шундай гаплар билан ўзбекчасига бир-биримизни овутиб хайрлашдик. Орадан икки йил ўтиб, бир кун телефоним жиринглаб қолди׃

-Мен Абдураҳимман…

Бориб, уни уйга бошлаб келдим. У каминага деб тўн олиб келган экан. Тўн учун қуллуқ қилдим. Кетар чоғи у олти ойга виза олиб келгани ва ёш йигитлар билан бирга туриб қурилиш, ошхоналарда хизматкорлик қилиш ниятини айтди.

Унга вақтинчалик виза билан келиб, ноқонуний ишлар қилиш хавфли эканлигини тушунтирган бўлдим.

Қолаверса, унинг бармоқлари бетон қўпориш эмас, танбур чертиши лозимлиги ҳақида гаплашдик. У шароит қийинлигидан сўз очди. Санъаткор хор бўлганини айтди. Меҳмон қилиб, кузатиб қолдик. Кейинги йил эшитсам у яна келган ва Вашингтон, Балтимор, Ню Йорк орасида юрган экан. Қидириб тополмадим.

2006 йилнинг Май ойи. Телефонимга “Бу қамоқдан, қабул қиласизми? деган овоз келди.

Олсам, Абдураҳим ака׃

-Мен яна Америкага келгандим, бу сафар ҳукуматдагилар билан келишмай қолдик. Уларга қарши бир-икки қаттиқроқ гаплар айтгандим, қувғинга олишди, қочиб келдим, лекин аэропортда ушлашди ва депортация қиладиган жойга олиб келди. Агар жўнатиб юборса, Ўзбекистонда қамаб қўяди, саломатлигим яхши эмас, биласизку?-деди.

Ҳақиқатдан ҳам охирги кўрганимда у шимининг белини икки марта қатлаб олганди.

-Қисқа вақтда 20 килограммга озиб кетдим, қандим борга ўхшайди,-деди.

Адвокат топиб, ҳукумат идораларига боғландик ва депортацияни тўхтатдик. Ҳукуматга кафолат хати ёзиб бердим. У қамоқдан чиқди. Телефонлашдик. Кейин ишини суд кўрди. Бошқалардан ҳам хатлар олибди. Бошпана беришди.

Кутилмаганда Абдураҳим ака 61 ёшида оламдан ўтди. Жуда хафа бўлдим. Ўзбекнинг бир истеъдодли фарзанди энди яхши кунларга етаман деганда оламни тарк этди.

35. СОҒИНЧ

Бир кун бошқа бир мамлакатда истиқомат қиладиган дўстим меҳмонга келди. У билан бир неча кун дардлашдик. Меҳмондорчилик ҳам қарий бошлади. Кетар чоғи унга:

-Сизни ўзбеклар очган  ва менга ёққан  бир “Чойхона”-ресторанга олиб бормоқчиман,-дедим.

Меҳмон нима десин? “Уйимда еганим ўзбек таомлари, сизнинг уйингизда ҳам айниси, яна мени ўзбек ресторанига олиб борасизми?” десинми? Бундай пайтда бир нима дейиш мушкул, мезбоннинг кўнглига қаралади. У индамай рози бўлди.

Йўлга тушдик. Кошки яқин бўлса? Йўл юрсак ҳам мўл юриб, бир неча соат деганда бошқа бир шаҳарга етиб келдик.

Битта бурчакда кичкинагина бинонинг пештоқига “Чойхона” деб ёзилган. Меҳмон ҳайрон эди. Наҳотки, шунча йўлни шунинг учун босиб ўтдик? Лекин ҳазил-ҳузул билан гапнинг учини чиқарса ҳам менинг дилимни оғритмаслик учунми тилини тишларди. Чойхона кичкина бўлсада виж-виж одам. Овқат буюриш навбати келганда маълум бўлдики, биз анча кеч қолибмиз ва ресторанда қозоннинг таги кўрина бошлаган экан.

-Ўзбекча сомса…

-Ҳозир… бир зум… сўраб кўрайчи…

Бу “тамом бўлибди” дейишдан олдин ишлатиладиган ибора. Орадан бир зум ўтмай бу ибора ишлатилди ҳам.

Хуллас, зиёфат бир икки сих шашликдан нарига ўтмади. Ярим тунда йўлга чиқдик. Уйга етиб келганимизда тун тунаб қолганди, биз ҳам ухлашга қарор бердик.

Балки меҳмон нимага бунча йўлга бориб-келганимизнинг жумбоғини ечолмай ухлаб қолгандир?

Мен эса Америкадай олис бир ўлкада “Чойхона” деган сўз балки ўлаётган соғинчни тирилтирармикан, деб борганимизни англата олмаганимни ўйлайвериб ухлай олмадим.

Дарвоқе, соғинч ҳам ўладими?

Ҳа, ўлар экан. Мен буни биздан олдин хорижга чиққанлардан эшитиб, ажабланардим. Энди ўзим ҳам сезаяпман. Ўзбекистонни тарк этганимга 20 йилан ошди. Йиллар кемирувчи… Бугун гапларимга ажабланганлар бир кун келиб Ўзбекистонни соғинмай қолаяпман, дея ташвишга тушишлари мумкин…

Дўстларни соғинардим олдин. Ҳозир дўстлар ҳам, қариндошлар ҳам шу ерда ёки келиб-кетишмоқда.

Суҳбатларни, баҳсларни соғинардим. Ҳар бир кун суҳбатлардан, ҳар бир кун баҳслардан иборат бўлиб қолди.

Баъзан замонавий ўзбек филмларига назар ташлайман. Жуда примитив. Бир аср ортда қолиб кетган каби. Сунъий ва кулгили. Ҳаёт бошқа, филм бошқа. Гаплар ҳам, ижро ҳам кулгили туюлади.

Ўзбекча китоблар, газеталар, ТВ, радио… Ўзбекистонники Совет давридагидан ҳам хароб. Бу ердаги ташкил этилган ТВ, Радио кабисини у ерда тополмайсиз.

Тўйларни соғинардим… Ню Йоркда ўзбеклар шунчалик кўпайдики, ўзбек тили Бруклин ва Кувинсда рус тилидан кейин иккинчи “давлат тили”га айланиб қолай деди. Ҳафтада бўлмасада ойда икки марта тўй бор…

Бу ерда тўйхоналардан қабристонларча пайдо бўлиб бўлди…

Дунё кезаверсангиз, Ўзбекистондаги биноларнинг дилингизга кўмилган салобатини ҳам йўқотар экансиз…

Йиллар ўтгани сайин бу туйғунинг ҳукмронлиги кучаймоқда. Бу мени қўрқувга солмоқда. Ўзбекистонга бориб яшай олмай, қайтиб келаётганларни кўраяпман… Бу яна ҳам аянчли.

Келган одамнинг кетгиси йўқ. Раҳматли амакимнинг 70 ёшли қизи Хосият опам “гринкард” ютиб, бу ерда яшаётган ўғлиникига бир ойга келиб, олти ой кетолмадилар… Ҳозир яна қайтиб келмоқчи эканлар…

Бу ерда миршаблар пора сўраб сизни таҳқирламайди… Ўзингиз қоидани, қонунни бузмасангиз уларнинг сиз билан ишлари йўқ.

Бу ерда суднинг остонасида адолат истаб ойларни йилларга уламайсиз…

Гап-гаштакнинг ҳам ками йўқ. Ўзбек ресторанларию дўконларининг саноғига етмай қолаяпмиз.

Ўзбекистондаги ҳар қандай таом, ҳар қандай мева-чеванинг турфасини қишин ёзин топасиз бу ерда. Ҳатто дарахтнинг устида қуриб қоладиган “Жопазак” ўригининг туршаги, Боғизоғоннинг қуритилган қовуни, Тошканнинг қази-қартаси, Сурхонда пишириб жўнатилган “Тандир”, Варганза анори, Боғибаланд анжири…хуллас, Ўзбекистонда нима етиштирилса, нима ишлаб чиқарилса, энг сифатлиси шу ерда…

Мен бўлсам “Чойхона” соғинчни тирилтирар деб овораю-совора бўлиб, ҳатто дўстимни ҳам у ерга олиб борибман. Аслида соғинч кушандаларидан бирини зиёрат этибмиз.

Шуларнинг ҳаммасига қарамасдан Ўзбекистонга боргим келади. Аммо йўллар берк. Ўзбекистон мени соғинмай қўйган..

Ана шу ҳақда ёзиб ўтиргандим, бир танишим сим қоқди. Қиз кўрибди. Исмини эса Соғинч деб қўйибди. Тасодифни қаранг! Бу дунёнинг сирларини тушунмай ўтиб кетамиз, шекилли?

Балки хорижда туғилган фарзандига Соғинч деб исм бераркан танишим ҳам соғинчни соғина бошладимикан ёки соғинчни унутмайин, деб биринчи фарзандига шундай ном бердимикан?

Балки соғинч сели остида қолдими у?

Бу саволлар хаёлимдан ғувиллаб ўтар экан унга:

-Соғинчни умри билан берган бўлсин, умри узоқ, ризқи фароқ бўлсин,-дедим.

36. КИТОБ

Дaн Браунниг “Йўқолган символ” деган китобини варақладим. Жуда қизиқ ёзилган ва унинг олдинги асарлари каби бу ҳам баҳс-мунозаралар уйғотди. Фақат сирли масонларгина эмас, ҳатто ҳукумат ҳам бу мунозара ичида. Жумладан, биринчи бўлиб, АҚШ Марказий Разведка бошқармаси баҳсга қўшилди, лекин китобдаги фактларни рад этмади.

Зотан китоб шу идорнинг асрори билан бошланади׃

“1991йилда бир ҳужжат МРБ сейфига қулфланди. Ҳужжат ҳали ҳам ўша ерда. Унинг сирли матнида номаълум ер ости жойи ҳақида гап боради. Ҳужжатда жумладан, шундай ибора бор׃ Бу нарса ўша орада кўмилган…” .

Бу сатрларни автограф ўрнида берган муаллиф ўқувчини бир зумда китобнинг ичига бошлаб кетади.

АҚШда ҳар кимнинг ўзи бориб турадиган ёки ўзи аъзо бўлган дўкони бўлади. Биз Костко (Costco) деган дўконга аъзомиз. Ҳамма нарсани шу дўкондан оламиз. Кийим кечакдан озиқ-овқатга қадар. Машинанинг бензинидан балонларигача. Уйнинг томидан гаражнинг эшигигача… хуллас нима истасангиз бор. Ҳам сифатли, ҳам нархи ёмон эмас. Фақат аъзолик бадали тўлаб турасиз. У қадар кўп эмас. Уни ҳам харид миқдорига қараб қайтиб беради. “Йўқолган символ” китобини ҳам шу дўкондан олдим. Олдиму ўша жойнинг ўзида ўқишга бошладим.

Китобдан бошимни кўтарганимда Аҳмаджон Мухторов ёдимга тушди. У киши Самарқанд вилоят газетасининг муҳаррири эди.

Бу улуғ зот ҳақида журналист Абулфайз Баротов ва ёзувчи Абулқосим Мамарасулов жуда кўп нарсаларни ёзгандилар.

Аҳмаджон ака кунига 16-17 соат мақола ёзарди ва таҳрир қиларди, кейин қайта-қайта ўқиб ҳам берарди. Ана шу ишнинг орасида тинмай китоб ҳам ўқирди. Ҳатто ярим тунда уйига қайтаётганда ёки саҳарлаб ишга келаётганда ҳам машинада қўлида китоб бўларди.

Бир куни хонасига кирсам, одатдагидек китоб ўқимоқда. Китобни маълум бир жойга етказишини кутмоқчи эдим. У киши ўқиётган саҳифасида битта бармоғини сақлаб, китобни ёпган бўлдида, менга қаради ва׃

-Ватанабени ўқиганмисиз?-деди.

-Йўқ,-деб жавоб қилдим.

-Унда ҳозир қайси китобни ўқияпсиз?

Шу яқинда Анатол Франснинг “Пингвинлар ороли” китобини ўқиб битирганимни айтдим.

-Ким дедингиз?

-Жак Анатол Франсуа Тибо…

-Бу ана у Горкийнинг танқидига учраган ёзувчи эмасми?

-Ўша!

-Китоб нима ҳақида?

-Буржуа инқилоблари ҳақида сатирик тилда ёзилган асар. Дунёга фалсафий назар билан қарашни ўргатадиган китоб…

Эртасига эрталаб Аҳмаджон ака хонамга кириб келди ва қўлидаги китобни столим устига қўйди׃

-Мен битирдим. Навбат сизга.

Китоб япон ёзувчиси Ватанабенинг “Иссиқ ёмғир” деган асари.

Раҳмат айтдим.

Кейинги кун Аҳмаджон ака яна хонамга кириб келди׃

-Ватанабени тугатдингизми?

-Эллик саҳифасини битирдим.

-Бунақасига кетмайди. Китобни бугун қайтаришингиз керак эди. Бўпти, эртага оларман,-деб чиқиб кетди.

Эртасига у киши кириб келганда  китобни ўқиб битирганимни айтиб, қайтиб бердим. У киши эса׃

-Буни ўқиб чиқдим. Кучли китоб экан,-деди Анатол Франснинг китобини кўрсатиб.-Энди Банопартнинг пўстагини қоққан китобини ҳам ўқимоқчиман…

Қани эди раҳматли “Йўқолган символ”ни ҳам ўқишга қадар етганда…

37. ҚИРОЛ

1982 йилда танқидий мақолларим, фелъетонларим СССР Журналистлар уюшмасининг мукофотини олди. Ғолибларни Авропа сафарига йўллашди. Бир ой давомида Полша, Чехославакия, Можаристон, Олмонияни кездик. Олмониянинг Веймар шаҳрида Бухенвалд концлагерига бордик. Ҳитлер бу ерда қарийб олтмиш минг одамни сақлаган экан. Ўша кунлардан икки “нуқта” ёдимда қолган.

Биринчиси, Ҳитлер концлагерларда Б-52 газини қўлланиб, одамларни ўлдирганини айтишганди. Ўша пайтда Ўзбекистонда айни газ ғўзанинг баргини тушириши учун дефолиант сифатида осмондан сепиларди. Бу пайтда касалахоналар сариқ касалидан азият чеканлар билан тўлиб кетарди.

Камина кейинчалик депутат бўлиб сайланган Жомбой туманида оналарнинг 52 фойизи шу касалликка учраганди. Сайлов арафсида масалани Москвага қадар олиб чиққандик. Марказий телевидениеда менинг ҳам иштирокимда махсус кўрсатув берилганди. СССР халқ депутатларининг дастаги билангина бу газни қишлоқ хўжалигида қўлланиш таъқиқланганди.

Лекин “мустақиллик шарофати” – таъқиқ ўз кучини йўқотган ва кейинчалик яна қўлланила бошлабди.

Ёдимда қолган иккинчи “нуқта” шуки, Бухенвалд 1958 йилда музей ҳолига келтирилганда бир кекса одам келиб, 20 йил давомида ҳар кунги сайёҳларга “Ҳитлер қийноқлар қироли, у менинг ўғлимни ҳам қийнаб ўлдирган” дер экан.

Унга музейдан маош тайинласалар олмас, аммо ҳар куни меҳмонларга Ҳитлер ҳақида гапиришни ҳам канда қилмас экан.

Шу одам Бухенвалднинг темир дарвозаси ёнида ўлиб қолган экан.

Мазкур воқеани ўйларканман, Ҳитлер-инсофсиз, Каримов эса Ҳитлердан ҳам инсофсиз, деган фикр хаёлимдан ўтади. Чунки Ҳитлер ўша одамнинг ўғлини қийнаб ўлдириб, ўзига тегмаган. Каримов эса, нафақат боласини, балки отасини ҳам, онасини ҳам қийноққа солмоқда.

“Ҳе, бунча Каримов, Каримов дейсиз, унда нима айб? Унинг шахсан ўзи мана бундай қилиб қийнайсан, деб ўргатмайди-ку?” дегувчи ҳам топилади. Подшолар “мана бундай қиласан” деб айтмайдилар. Ишора қиладилар. Аммо Каримов айтади.

Эсингиздами, у телевидение орқали “Ота-оналар қаёққа қарамоқда, бундан кейин боласи жиноят қилган ота-онадан ҳам сўраймиз” деди. Шундан кейин бир айбни кимнингдир елкасига илиш керак бўлса, унинг кўз олдида отасини қийнаш ёки онасини зўрлаш учун камерага олиб кириш одат бўлди. Агар энди ҳам боғланиш топа оламасаниз, у ҳолда ҳолимизга вой!

Ироқда Аби Ғрейиб (аслида балки Ғаройиб бўлса керак-ЖМ) қамоқхонасида америкалик бир аёл аскар эркак маҳбусларнинг устидан “кулгани”, уларни қийнагани бутун дунёнинг диққатидан тушмади. Аёл аскарни қамашди. Лекин бугунга қадар ҳамма демократик давлатларда шу ҳақда эсланади. Мусулмон давлатларининг матбуоти эса ҳар куни бу ҳақда ёзадилар, раҳбарлари бу ҳақда тинмай гапирадилар, муллалари маърузани шундай бошлайдилар.

Лекин Ўзбекистонда эркак миршаблар аёл маҳбусларни исканжага солишлари, иззат-нафсларини, номусларини топташлари далиллар билан ўртага қўйилса ҳам бировнинг иши йўқ. Ҳатто унча-бунчага овозини чиқармайдиган БМТнинг вакили бориб, бу мамлакат сурункали қийноқлар ўлкаси экан, деб қайтса ҳам биров пинагини бузмайди.

2006 йилнинг 3 сентябрида АҚШнинг “Вашингтон пост” (The Washington post) газетасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Kreg Murrey(Craig Murray)нинг каттагина мақоласи чиқди. У Ўзбекстонда маҳбусларни қандай қийнашлари ҳақида ёзганди. Шунда Ўзбекистон билан яқиндан қизиқадиган америкалик бир кекса одам׃

-Бу сайлов олди ўйини,-деди,- ҳозир бутун мусулмон матбуоти Ироқ масаласида бизни “урмоқда”. Бизникилар кун тартибини ўзгартириш учун бу мақолани чиқаришган. Энди бутун мусулмон дунёси одамларни тириклайин қайнатаётган Каримовга ҳужум бошлайди.

Кулдим ва׃

-Адашасиз…-дедим.

-Ҳа, ўқиганман,-деди у.-Ўзбекистонда қийноқнинг инсон боласи хаёлига келтира олмайдиган турлари бор экан. Каримовнинг мухолифларига у мақталган шеърларни ёдлатишаркан. Диндорларга эса Каримовнинг китобига сажда қилишни буюрармишлар. Уларни шарманда қилиш учун уятли деб билинган касалликларни юқтиришаркан. Лекин ёшим саксонга етиб, тирик одамни қайноқ сувда қайнатишлари ҳақида эшитмаганман. Бу даҳшат-ку! Инсоният бунга қандай чидаши мумкин?

-Инсоният чидай олмаслиги мумкин, аммо “мусулмон давлатлари” деб аталадиган мамлакатлар чидайдилар, чунки уларнинг ўзида ҳам айни ҳол. Ҳар бирида биттадан Каримов ўтирибди,-дедим.

-Менимча Каримов уларнинг қироли бўлса керак!-деди чол киноя билан.
Бу киноя ортида “Каримов қийноқлар қиролидир!” деган гап бор эди

38. УРУШ

Урушни бошлаганлар ютқазадилар деган гап бор. Тарих бунга кўп маротаба гувоҳ бўлган. Лекин ютқазганда ҳам қандайдир аҳмоқ лидерларнинг аҳмоқона амбициялари учун минглаб бегуноҳ инсонларнинг умрлари барбод бўлган.

Сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади. 1941 йилнинг 7 декабр куни Япония АҚШнинг Зумрад оролчаси – Пёрл-Ҳарбор(Pearl Harbor)даги ҳарбий флотига кутилмаган ҳужум қилди. Бу АҚШнинг иккинчи жаҳон урушига қўшилишга ва япон халқининг асрий азобларига йўл очган воқеадир.

Аслида японлар бу ҳужум учун 1941 йилнинг 26 ноябр куни йўлга чиққанлар. Афсуски, амалиётни мутлоқ сирли тайёрлаган вице-адмирал Нагумо ва флот қўмондони Исороку оқибатни тахмин қила олмаганлар.

Японлар олтита йирик кораблда 441 та бомбардимончи учқичлар  билан амалиётга чиққанлар. Иштаҳаси карнай бўлган япон императори Жанубий Осиёни босиб олмоқчи бўлган ва бунинг учун аввало АҚШнинг Ҳавайидаги флотини тор-мор этиш керак деган хулосага келган.

7 декабрда АҚШ аскарлари уйқуда эканида кутилмган ҳужум билан японлар Оаҳу оролини олов кўлига айлантиришган. Пёрл-Ҳарбордаги корабл ва кемалар сувга ғарқ қилинган. 188 та учқич темир-терсакка айланган, яна 159 таси ишдан чиқарилган. 2403 нафар АҚШ аскари ҳалок этилган.

Биргина “Аризона” линкор-корабли портлатилишининг ўзиёқ минг кишининг ўлимига ва мингдан зиёд кишининг оғир жароҳат олишига сабаб бўлган. Олти ой давомида Пёрл-Ҳарбор ярадор шер каби ўзи билан ўзи олишган. Бу эса Япониянинг Ҳонкконг, Бирма, Сингапур, Филиппин ва бошқа давлатларни босиб олишига йўл очган.

Совет даврида биз АҚШнинг Японияга бомба ташлагани ҳақида кўп ўқирдик. Ҳиросима ва Нагасаки даҳшати учун Америка қораланарди. Бу қарорни бугун ҳам оқлаш мумкин эмас.  Лекин атом бомбасини ташлашга қадар бўлган тарихни ҳам унга қўшиб билишимиз керак.

Коалиция кучлари Потсдам шартномаси (1981 йилда Олмония сафари доирасида Потсдамга боргандимда шу ҳужжат имзоланган тарихий жой- бугунги музейда ҳам бўлгандим-ЖМ)  билан Япониядан урушни тўхтатишни талаб қилишган. Ўжар император рози бўлмаган. Бунга жавобан Япониянинг ўнлаб шаҳарлари ўққа тутилган. Лекин императорлик халқни эмас, ўз амбициясини ўйлаб қаршиликни давом эттираверган. Бу орада Олмония таслим бўлган, лекин Япония босиб олган жойларида ваҳшат сочаверган.

Япон йўлбошчиларининг бундай ўжарлиги халқининг бошига бало бўлди. Нафақат урушни ютқазди, нафақат босиб олинган ерлардан қувилди, балки Ҳиросима ва Нагасаки каби шаҳарлари ўлим ёмғири остида қолди. Бир даҳшат бошқа даҳшатларни бошлаб келди…

Урушни бармоқ билан саноқли аҳмоқлар бошлайдилар, лекин урушда сон-саноқсиз ақллилар  ҳалок бўладилар. Бу сафар ҳам шундай бўлганди.

Японлар 1941 йилда ўзлари Пёрл-Ҳарборда  аёвсиз ўққа тутган “Миссури” кораблида таслим ҳужжатига имзо қўйишга мажбур бўлдилар.

Бу воқеа 1945 йилнинг 2 сентябр куни Япония вақти билан соат 9:02да Токио бўғозида юз берган. Бу иккинчи жаҳон урушининг ҳам битиши эди. Ана шундай тарихий воқеанинг гувоҳи – “Миссури” корабли бугун Ҳавайида сув устидаги улкан қалъа каби мағрур турибди.

2009 йилнинг августида Пёрл-Ҳарбордаги ана шу тарихий кораблда бўлганимда таслим ҳужжатини ҳам кўриб, урушга кирмаслик бундай шармандаликдан осонроқ эди-ку деган хаёл кечди кўнглимдан.

АҚШнинг турли бурчакларидан келган уруш фахрийлари, тарихчилар бу корблда туриб, келган сайёҳларга айтиб берган ҳикояларни тинглаш учун бир кун камлик қилади. Лекин уруш даҳшат эканини англаш учун бир кун ҳам етарли. Иккинчи кун учун бу руҳий оғир юк бўлади.

Бу куннинг хулосаси шу бўлди: урушни бошлаганлар барибир ютқазадилар, шармандаларча таслим бўладилар! Ютқазмаслик учун, шармандаи шармисор бўлмаслик учун эса бошламаслик керак! Бу шунчалик оддий, содда ҳақиқатдир!

39. РУСТАМ

Учқичлар, поездлар, автобуслар тўлиб кетаверади, бўшаб қайтаверади… Бу ўзбекнинг кундалик ҳаётидаги доимий манзарага айланиб қолмоқда. Кетганлар қайтмайди. Дунёнинг турли бурчакларида ўзбек маҳаллалари пайдо бўлмоқда. Бир пайтлар кўчманчиликдан ўтроққа айланган халқ бугун яна кўчманчиликка қайтмоқда. Ихтиёрий эмас, албатта.

2010 йилнинг саккизинчи март байрами арафасида Ню Йоркда иккита тўй бўлди. Бири шанба, иккинчиси якшанба оқшомида. Бораётиб бу шаҳарда яшайдиган танишларга телефон қилдим. Агар тўйдан хабарлари бўлса кўришамиз демоқчи бўлдим. Жавоблар турлича׃

“Биз дўстлар билан тўпланиб паркка чиқдик. Шашлик пишиб қолди..”

“Биз хотин-қизлар куни олдидан ресторанга тўпландик. Келинг, бизга қўшилинг, Аёллар баҳона, байрам ғанимат!”

”Табрикланг, ўғилчалик бўлдик. Мана учинчи фарзандимиз ҳам туғилди бу ерда!

Хуллас, кимга сим қоқмайин қаердадир байрам қилишмоқда ёки байрамга йўл олишмоқда. Узоқ давом этган оғир қишдан кейин ҳаво бирдан исиб қолгани учун ҳам ҳамма ўзини ҳар томонга урган.

Танишларимдан фақат биттаси тўй ҳақида хабардор экан. Тўйлардан бири мамлакатдан “яшил кард” ютиб келганларнинг никоҳ кечаси. Бошқача айтганда янги америкаликларнинг тўйи.

Иккинчиси, АҚШга беш-олти йил олдин келган ва бугун Ню Йоркда ўзининг мустақил ишига эга бўлган ва оёққа туриб олган Акмал исмли укамизнинг тўйи эди. У Ўзбекистондан икки йил олдин келган қизга уйланди.

Ҳар иккала тўйда ҳам ресторан ўзбеклар билан тўла. Ўзимни худди Ўзбекистонга бориб қолгандек ҳис қилдим. Айниқса, Акмалжонннинг тўйида тўлқинланмай илож йўқ эди. Ресторанни Ўзбекистонда хизат кўрсатган артист-ҳофиз Рустам Ҳожимамадовнинг фавқулодда кучли овози титратмоқда эди. Унинг Навоий, Бобур, Зебунисо сўзлари билан айтиладиган мумтоз қўшиқлари нафақат бутун ресторанни балки қалбларни ҳам ларзага солмоқда эди.

Овозининг сирли оҳанги билан аллақачон Ню Йорк ресторанларининг доимий хонандасига айланган ҳофизни бу ерда Рустам Самарқандий дейишар экан.

Дунёнинг торлигига қаранг. Рустам ёнимизга келиб ўтирди ва׃

-Сиз билан қўшни эдик,-деди .

-Таний олмадим.

-1985-1986 йилларда Самарқанднинг Сўғдиёна массивида яшагандингиз…

-Ҳа..

-Биз домда қўй боқардик!

Энди эсладим. Чунки бу фавқулодда ҳодиса эди-да! Улар бизнинг қаршимиздаги домда яшашар ва квартираларининг орқасини фермага айлантириб олишганди. Ана шу кичик фермада юрадиган йигитча ёдимга тушди. Қаранг, у Ўзбекистонда танилиб, икки йилдан бери Ню Йоркда машҳур ҳофиз Абрам Толмасовлар билан бирга концертлар берар экан. АҚШда қўшиқчининг кимлигини ресторанлар белгилайди. Шу ерда тонгга қадар тинмай жонли айта олган ва ҳурмат қозонган қўшиқчини ҳақиқий санъаткор дейишади.

Бундан бир неча йиллар олдин ёзганларимда “Биз ҳаётимиз таҳликага тушгани учун ватандан кетдик, сиз ватанни ташлаб кетманг”, деб бот-бот такрорлардим. Кейинчалик қарасам юзлар, минглар, миллионларнинг ҳаёти таҳлика билан юзма-юз бўлиб қолди. Энди “Имконингиз бўлса кетиш керак, сизнинг ҳам яхши яшашга ҳаққингиз бор” деб ёза бошладим. Вақт ва шароит менинг қарашларимни ҳам ўзгартириб юборди.

Мана энди икки тўй баҳонасида Ўзбекистон қанчалик ғариблашиб қолганини, болаларини кутаётган муштипар онадек ёлғизаниб турганини ҳис қилдим.

Акмалжоннинг тўйида собиқ давлат арбоблари, собиқ депутатлар, таниқли олимлар ва Ўзбекистонга қўл-оёқ бўла оладиган кўплаб ақли расоларни кўрдим. Наҳотки, Ўзбекистон шунча бойликларидан айрилди?

Бу вақтинча деб мени ҳам, ўзингизни ҳам овутманг. Мана қарийб 20 йилдирки ўзимни овутаман. Лекин 20 йил олдин ҳам.. бугун ҳам “Кетганлар қайтмайди” деган гапим юрак остига ботиб туради.

Мана ўзбекистонликлар аллақачон Ню Йоркда ватан солишибди. Ўзбекистон ҳар жиҳати билан бу ерга кўчган гўё. Санъати, таомлари, бир пайтлар Бухорода пишира олишмаган Самарқанд нонлари… Ҳатто “Ўзбегим” деган радиоси 24 соат тинмайди. УзТВси ҳам бор.

Тўйни бир нечта операторлар суратга олмоқдалар. Улардан бири – қўқонлик экан. Ўзини таништириб, бизнес картини узатди, Исми Илҳомжон. УзТВ (UzbekNewYorkTV)нинг директори экан. Камералардан бирида оператор Элдор деган йигит.

-Ака, бу ерда ўзбек тилини жонлантириш керак, асосий мақсад шу,-дейди улардан бири.

Бу йил АҚШ ҳукумати аҳолини расман рўйхатга олмоқда. Дастлабки эълон қилинган маълумотларга кўра бугун озчиликда бўлган муҳожирлар 40 йилдан кейин кўпчиликни ташкил этишар экан. Улар орасида туғилиш катта.

Шунинг учун ҳам келин-куёвни қутлар эканман, ажабмас, бир куни ўзбекдан ҳам президентлар чиқса, деган фикримни айтдим ва ёшларга модомики бу ерни ҳам ватан қилибсизлар, мардкорликдан бир қадам… икки қадам… олдинга кетиб, болаларингизга илм беринг деб илтижо қилдим.

Бугун ўзингизни оёқлар остига ташлаб, азоблар эвазига ватанга юбораётган пулингиз зулмни оёқда тутиб туришга хизмат қилмоқда. Етар, болаларингиз келажаги оёқда туриши ҳақида ҳам ўйланг!

Кетиб қолган поездар…

Учиб кетган учқичлар….

Бугун бўш қайтмоқдалар. Агар сиз болаларингизга илм берсангиз, улар бир кун бургут бўлиб ватанга учиб борадилар. Учиб кетган бургутларнинг учиб қайтган бургутлари бўлиб!

40.ОРИФЛАР

Одамки оёқда бир касб дурустдир,

Ҳамсуҳбат бўлмоққа ҳамкасб дурустдир.

Дарҳақиқат, қўлида бир касби бор инсон дунёнинг ҳеч қаерида хор бўлмайди деганлари каби одам боласига қизғин, маъноли мулоқот унинг ҳакасблари билан суҳбатидир. Бу ёзилмаган қонун, аммо амалдаги қонун.

Ўзимдан биламан. Журналистлар билан бир-биримизни тез англаймиз. Шунинг учунмикан журналист меҳмонга келган кун мазмунли кунларимдан бири бўлади.

Ўзбекнинг иқтидорли журналисти ва ёзувчиси Абулқосим Мамарасуловдан мактуб олдим, унда Вашингтонга келаётгани, фермерларнинг ҳақ-ҳуқларини ҳимоя қилиш бўйича форумда, Эркин матбуот куни мажлисларида қатнашажаги ва камина билан учрашмоқчи эканлиги битилганди. Севиндим. Сафарда эдим, уйга қайтдим. У келадиган куни меҳмонхонага телефон қилсам, ўзбекнинг бошқа бир иқтидорли журналисти Абдураҳмон Ташанов олди гўшакни.

Ҳар икки истеъдодли йигитлар билан кўп мактуб алмашганмиз. Айниқса бирор байрам йўқки, Абдураҳмон табрик йўлламаган бўлсин. Унинг турли қарашлар, турли кучлар орасида муроса йўлини топа олишига қойил қолардим. Навоий ҳазратлари “Лайли ва Мажнун” да шундай дейдилар׃

Бўлуб қаро ер тубига юрмоқ,

Бўлмас Араб ичра бош чиқармоқ.

Бу пурҳикмат сатрларнинг битта маъноси – ернинг қаърига кириб кетиш мумкин, аммо Араб дунёсида ном чиқармоқ мумкин эмас, дегани. Бугун ўзбекнинг иқтидори ва мухолифлари ичида аҳли-аксар билан тил топишмоқ ҳам ана шундай қийин. Абдураҳмон бунга интилиб юрганга ўхшайди.

Мана у билан уйимизда суҳбат қуриб ўтирибмиз. Самимий, беғараз йигит. Кўнглидагини дангал айтиб қўя қолади. Бошқаларнинг унинг қусри деб билган гапларини ҳам кулгига буриб, гўзал бир тарзда баҳолайди. Бу ҳам санъат.

Ўша кун кечқурун Абулқосим ҳам келди.

У қадам босган жойга нур ёғилар, кулги, қаҳ-қаҳа кириб келаркан. Эгасини эшитиши билан гапнинг кесимини айтиб қўя қолади. Ўзбекнинг дарғалари Одил Ёқубов севган ёзувчи, Аҳмаджон Мухторов қадрлаган журналист ҳақиқатдан ҳам адабиётнинг нури, журналистиканинг дури.

Аскиялар билан яшаган ўзбек қайғулар гирдобида қолиб, кулишни ҳам унутиб юборди, деб ўйлардим. Абулқосимнинг жарангдор қаҳ-қаҳаси бу фикрни чил-парчин қилди. Ўзбек ҳали қаҳ-қаҳани унутмабди. Демак, ҳали оёқда.

Унинг самимий кулгиси шу қадар тиниққи, орадан кун ҳам ўтмай бу тиниқликни соғина бошлайсиз. Насиб этиб Ўзбекистонга тезроқ йўллар очилса Тошкентга борсам, қиладиган ишларимдан биттаси Жиззахга ўтиб Абулқосимнинг аскияларини тинглаш, унинг қаҳ-қаҳаси билан кўнгилни равшанлатиш бўлади.

Модомики Абдураҳмон ҳақида гапириб ҳазрат Навоийдан мисол келтирдик, улуғ зотнинг қадрдон дўстлари ҳақидаги асарлари – “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”даги қуйидаги сатрлари Абулқосимга туғдек ярашиб тушганини ҳам айтмоқ керак.

Ўзидин элга дарё-қатра осо,

Вале элдин ўзига қатра осо.

Китоблари ҳақида гаплашар эканмиз, Абулқосим элга бераётганини қатрадек билиб, элдан ўзига келаётганини дарёдек ҳисоблаган йигитлиги дарҳол кўзга ташланди.

Бу гапларни мақтов ёки хушомад учун ёзмадим. Чунки бу йигитларнинг ўзларига айтганимдек, бугунги Ўзбекистондан кутган мақсадим йўқ. Орзуларим келажакнинг Ўзбекистонида.

Гапларим бу икки ориф йигит, бу икки ҳамкасб журналист каминанинг дил бўстонига эккан ниҳоллари ҳақидаги бир эътирофдир.

41. ИНОМЖОН

2009 йилнинг 25 сентябри. Эрталаб электрон почтамни очасам, собиқ депутат танишимнинг мактуби ва у мустақиллик учун кураш йилларида топган дўстларимиздан бири-Ўзбекистон халқ депутати бўлган Иномжон Турсуновнинг тўсатдан оламдан ўтгани ҳақида ёзибди.

Вужудим ларзага келди. Сафдошинг, дўстингни йўқотиш ҳар доим оғир. Жойи жаннатда бўлсин! Тангри уни махфират айласин! У миллати учун куйиб ёнган курашчи, адиб эди.

Иномжонни 1990 йилдан бери танирдим. Илк бор уни Ислом Каримовни сессияда президент этиб тайинлашаётган куни пайқадим. Жуссаси кичик бир йигит ўртадаги микрофон олдида оёқда туриб гапира бошлади. Унинг қўлида бир даста қоғоз бор эди. Унинг товуши нозик бўлсада ўша кезда зални титратиб юборганди.

-Сизлар кимни президентликка сайлаяпсизлар? Бу одам қўшиб ёзишга аралашган. Мана ҳужжатлари…

У жуда катта рақамларни айта бошлади ва Анишчев бошчилигидаги Москва “десантлари” уни сақлаб қолганини айтди.

Ўша кезда бундай гапларни айтиш катта жасорат талаб қиларди ва баъзилар учун бу қўрқинчли эди, шунинг учун ҳам залдаги кўпчиликнинг дами ичига тушди.

Раислик қилувчи дарҳол микрофонни ўчирди. Иномжоннинг товуши эшитилмай қолди. У кейин президиум томонга қараб юрди ва қўлидаги ҳужжатларни раислик қилувчига узатди.

Аммо ўша кунлари у турган Тошкент меҳмонхонасига бостириб кирган миршаблар уни дўппосладилар. Муттаҳамликни қарангки, жуссаси кичкина бу йигитни миршабларни урди деб айблашди. Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик!

Иномжон Турсуновни Тошкент меҳмонхонасида миршаблар дўппослаганини эшитганимизда дарҳол қўмитанинг мажлисини чақирдик. Аммо Эркин Воҳидов:

-Бу масаланинг бизга дахли йўқ, қонунчилик қўмитаси кўриши керак,-дедилар.

-Улар ҳам кўришсин, аммо биз ҳам ўз муносабатимизни билдиришимиз зарур,-дедим.

Қўмита тўпланадиган кун Эркин аканинг умр йўлдоши Гулчеҳра опа телефон қилиб:

-У киши касал бўлиб қолдилар,-деди.

Мажлисга ўзим раислик қилдим ва матбуот воситаларидан вакиллар чақириб масалани ёритишни сўрадик. Лекин кечқурун телевидение ҳам, радио ҳам, эртасига газеталар ҳам қўмита мажлиси ўтгани ҳақида хабар берган бўлсаларда Иномжон Турсунов масаласини четлаган эдилар. Радиотелевидение қўмитаси раиси Ганжа Ёқубовга телефон қилдим:

-Эркин акам билан гаплашсангиз бўлармиди, кеча хабарни у кишининг ўзлари таҳрир қилиб берганлар,-деди у.

-Кеча у киши ишга чиққанлари йўк-ку?!

-Бунинг учун ишга чиқишнинг кераги йўқ, уйдан туриб ҳам рухсат бериш мумкин…,- деди Ганжа Ёқубов ва курашимиз осон кечмаслиги ҳақида гапирди ҳамда телевидениеда “депутат минбари” рукнини ташкил қилиш ҳақида таклиф қилди.

Шундан билдим-ки, у одам ҳам ислоҳотлар тарафдори ва хабарни таҳрир қилиш унинг ташаббуси эмас.

Хуллас, Иномжонни қамашди. У бизнинг “Ташаббус” депутатлар гуруҳнинг аъзоси эди. Гуруҳимиз унинг озодлиги учун кўп курашди.

1991 йилдаги 7 – сессияда бизни ғазабга келтирган омиллардан бири Иномжон Турсуновнинг олти ойдан бери судсиз-терговсиз қамоқда ётгани ва энди Шовруқ Рўзимуродовни ҳам ҳибсга олишгани ҳам бўлганди.

Иномжон бир неча йил қамоқда ётиб чиққандан кейин ўзи аъзоси бўлган “Эрк” партияси ичида демократия ўрнатиш учун курашди. Кейин инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида курашини давом эттирди. Иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан жуда оғир кунларни бошидан кечирди.

Мана энди тўй қилиб, элга ош бераман, деб юрган кунлари унинг юраги бирдан уришдан тўхтади.

42.ТУШ

Баъзи одамлар кўрган тушларини тўла “олиб туролмаслик”ларини айтишади. Менда акси. Худди филм каби “кўз пардаси”дан ўтиб туради. Лекин бир неча кундан кейин ўчиб кетади.

Битта туш эса ҳеч хаёлимдан кўтарилмади. “Тушингни аввал сувга, менинг тушим эмас, пайғамбарларнинг туши, яхшиликка бўлсин, деб айт”, дейишингиз мумкин. Бу туш ана шу талаблардан ҳам ўтган ва кўп танишларимга ҳам айтиб берилган. Шунда ҳам унут бўлмади.

…Хуллас, тушимда уммоннинг соҳилида ўтирибман. Теппадаги қуёш кўз қамаштиради. Ундан қочиб, соябон остида ўтирсам, қуёш ўчакишгандек сувга санчилиб, сув орқали менинг кўзларимга ниш қадар эди. Шунинг учун ҳам ёнимга келиб ўтирган одамни сезмай қолибман.

-Нега бунча хаёл сурмоқдасан?

Чап томонимга қарасам, оппоқ либосда кекса бир одам ўтирибди. Унинг сочлари, қошлари, соқоллари ҳам оқ. Ўзига жуда ярашган. Чеҳраси ҳам жуда самимий. Сўзларидан ҳам самимият таралар эди. Балки шунинг учун ҳам унинг саволларига жавоб бера бошладим:

-Ватанни ўйлайман-да! Бечора одамлар зулм остида эзилмоқдалар. Битта одам бир неча миллион кишининг додини бермоқда. Лекин унинг жазосини берадиган йўқ. Тангри ҳам унга узоқ умр бергани, доим унинг йўлини очгани мени ҳайратга солади…

-Одамлар Тангридан кўп нарса кутадилар. Аммо “Тангри менинг томонимда эмас, мен Тангрининг томонида” деб ҳукм чиқармайдилар. Агар улар Тангрининг томонига ўтганларида кўп нарсалар бошқача бўлар эди. Ҳатто унга чин дилдан ишонганлар ҳам унинг томонида эмас. Ҳув ана у томонга қара…

Оқсоқол шундай деб ўнг томонни кўрсатди. Қарасам, уммон устида бир хона. Унча ёруғ бўлмаган хонада бир неча киши. Бир одам нина тиғлик гиламчанинг устида чалқанча ётиб, китоб ўқимоқда. Хона бурчагида бир аёл ўтирибди. Бошида ҳижоб. Қўлида Китоб. Олдида ҳазориспандга ўхшаган нимадир тутамоқда. У қора тутунни мен томонга пуфламоқда ва дуо ўқиб, номимни айтиб, Тангридан менга жазо сўрамоқда. Аёлнинг гезарган юзи танишга ўхшади.

-Танидингми уни?

-Танишга ўхшаяти, аммо эслай олмаяпман.

-У илгари бошқа динга ишонган. Кейин яхшигина мусулмон бўлиб олди. Эрини ҳам ўз йўлига солди. Бошқа ишонмаганларни ҳам ишонтирди. Унга куч берилган, одамларни ишонтира олиш кучи. У баъзиларни руҳан ва баъзиларни жисмонан ҳам доволайдиган кучга эга. Агар у чин дилдан истаса, Тангри унинг истагини эшитиши мумкин. Лекин у кучини нотўғри томонга йўналтирган, яъни қора ниятига ишлатаяпти.

Оқсоқол шундай деб яқинлашиб қолган қора тутунни кафти билан орқага қайтарди. Тутун бориб ҳалиги аёлга урилди. Бирдан унинг ёнидаги кишининг тишлари дув этиб тўкилди ва қўрқинчли одамга айланди.

Лекин аёл ҳали ҳам мени қарғаётган эди. Қора тутунни яна мен томонга пуфлаяпти. Бутун нафратини сочиб, Тангридан менга жазо тиламоқда. Наҳотки унинг истаклари ижобат бўлса?!

Қора тутун яна яқинлаша бошлади. Шу пайт ўнг томонимдан бир қўл бу тутунни орқага қайтарди. Қарасам, ўнг томонимда ҳам айни ҳалиги оқсоқолга ўхшаган киши ўтирган экан. Тутун қайтиб, аёлнинг юзига урилди. Бирдан чалқанча ётган кишининг китобидан варақлар узилиб кета бошлади. Унинг остидаги ниналар эса баданига санчилди. Аммо қон чиқмади. Унинг юзи йўқликка айланди.

Аёл эса яна кучини тўплаб, қўллари билан ҳаракатлар қилиб тутунни мен томонга пуфларди.

Ўнг томонимдаги оқсоқол майин овозда׃

-Тангри билгувчидир. Тангри сенинг ҳам, унинг ҳам дилингиздагини билгувчидир. Агар шундай бўлмаганда бундан ўн беш йил олдин сен балога йўлиққан бўлардинг. Чунки бу аёл бугун эмас, ўн беш йилдан бери қора тутунни сен томонга пуфлайди,-деди.

-Унга нима ёмонлик қилибманки, у бу қадар ғаззабда?

-Ҳамма гап шунда-да. Унга ёмонлик қилганинг эмас. У номи чиққанларнинг ҳаммасини қарғайди, ҳаммасига қарши тутун пуфлайди, уларни қулга айлантириш учун интилади. Унинг олдида фақат сенинг эмас, сенга ўхшаган бир неча кишининг сурати бор эди. Қул бўлганларнинг сурати йиртилиб, сувга оқди. Сеники эса турибди.

-Агар унинг ҳунари ўтмаётган бўлса, сиз нега бу ҳолатни менга кўрсатаясиз?

-Бу ерда гап сен ёки у аёлда эмас. Гап кўпчиликда. Демоқчиманки, одамларнинг бир гуруҳи ана шундай кучга соҳиб бўлгани ҳолда, буни зулмга қарши эмас, зулмга қарши бўлганларга ишлатишади. Улар буни фақат ўзлари учун эмас, балки эрлари, оталари, яқинлари, ўйнашлари ёки жуда кичик манфаатлари учун ҳам қиладилар. Иккинчи бир гуруҳ эса, Тангрига эмас, шундайларга қул. Яна бир гуруҳ бўлса, золимга чин дилдан узоқ умр тилайди. Бошқаси сўзда Тангрини улуғлаб, амалда золимнинг хизматида. Яъни Тангрининг номини сотиш билан овора. Ўзга бир гуруҳ бир-бирини алдаш билан банд. Шундай экан, Тангри одилдир. У ҳамманинг кўнглига ва истагига қараб иш тутади.

-Бу билан нима демоқчисиз?

-Хулосани ўзинг чиқариб ол!

Оқсоқол билан энди баҳсга киришаман деб турган эдим, умон бирдан кўтарилиб, соҳилга урилди ва сувнинг остида қолдим. Сув шу қадар тиниқ, оромбахш эдики, бу роҳат билан бўлиб ёнимга ҳам қарамабман. Оқсоқолни ҳам унутибман…

Уйғонсам тонг отмоқда экан…

Ана шу туш ҳали ҳам мени безовта қилади, хаёлларимни, дилимни тарк этмайди. Бу жуда оғир бир юк каби елкамдан босиб туради. Балки бу кўрган тушимнинг эмас, чиқарган хулосамнинг оғирлигимикан?!

Яқинда ана шу тушнинг давомини кўрибман. Ҳалиги аёл тинмай чинқирмоқда. Кунлар, ҳафталар давомида қўлини кўкка чўзиб, оғриқ, азоблардан фарёд солмоқда. Аммо яратаган унинг жонини олмаяти. У шунчалик қийналмоқдаки, инсон боласи бунга дош беролмайди.

-Тангрим, унинг гуноҳларини авф эт!,-деб додладим. Аёлнинг чинғириғи тинди. Кўзларини юмди. Жони узилди. Азоблардан қутулди.

Уйғониб кетдим. Шунчалик енгил тортдимки, ярим тунда компютер олдига келиб, ушбуни ёзиб қўйдим.

43. МАНСАБ

“Америка овози”да ишлардим. Радиони “феодал давр”дан бугунги замонга ўтказаёган пайтимиз эди. Ўзбекистонда кўпчилик бу радиони ҳам тинглай бошлашди. Президентнинг собиқ қудаси билан суҳбатлар, Гулнора Каримованинг сирли миллионлари ҳақида далиллар, тарихий еттинчи сессиянинг ёзувлари каби шов-шув устига шов-шувли маетериаллар берилаётган эди.

Шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Америкага телефон қилиб:

-Сизни сенатор этиб тайинламоқчилар,-деди.

“Йўқ” демадим. Фақат буни тайинлаш билан эмас, балки эркин сайлов билан қилишга изн берилса, боришга тайёрлигини айтдим. Ўшанда у Каримовни мақтаб, иккита мақола ёзишни ва Ўзбекистонга қайтаверишни айтганди.

Шундай қилмаганим учун бугун ифтихор туйғуси билан яшаяпман, десам мақтаниш бўлмайди.

1990 йилларда ҳукумат томонида бўлган бир танишимга оғирроқ гапирганимда у:

-Агар менинг ўрнимда бўлганингизда ўзингиз ҳақингизда нима деб ўйлардингиз? Менинг вазиятимга тушиб, четдан ўзингизга бир баҳо бериб кўринг-чи?,- деди.

Аввалига бу жуда осондек кўринди. Лекин кейин ўйлаб кўрсам, у жуда қийин саволга тутган экан. Чунки ўзимни унинг ўрнида тасаввур қила олмадим.

У ўша кезда ҳукуматга яқинлашишни мақсад ва мансаб олишни буюк бахт деб қараган. Каминда ҳеч қачон мансабга иштиёқ бўлмаган ва ҳукуматга яқинлашишни бахт деб билмаганман. Унга буни айтсам, у асло ишонмайди. Ким ҳам ишонарди?

Уни тушунаман. Ўзимни унинг ўрнига қўя олмаганимдек, у ҳам ўзини менинг ўрнимга қўя олмайди. Воқеа ва ҳодисаларни ҳар ким ўз ўлчови билан ўлчайди ва ўз қараши билан баҳолайди.

Мансабга интилмадим, лекин мансаб қувиб юрди. Ислом Каримов мени, Шавкат Мирзиёев ва Эркин Халиловни Ўзбекистоннинг келажаги учун танлаганини айтганида ишонмаганимни ёзгандим. Балки ёзганимни ўқиб ҳам кимлардир ишонмаган бўлиши мумкин. Ахир ким ҳам мансабдан ўз ихтиёри билан узоқлашади? Лекин вақт ҳақ эканлигимни кўрсатди. Эркин Халилов нима бўлди? Мирзиёевнинг ҳаёти ҳам жаннати эмас.

1992 йилнинг февралида 12 бандлик истеъфонома ёзиб чиқиб кетганимда, кўпчилик “Бу аҳмоқ экан..” деб қараб қолганини ҳам энди тушунаяпман.

Ўзбекистон Олий Кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари эканман, ҳатто кабинети, минадиган машинаси бўлмаган ва ҳали маоши тайинланмаган вазифа – Ўзбекистон журналистлар уюшмасига раис бўлиш учун номзодимни қўярмидим? Ўшанда ҳам кимлардир “Ақлини еб қўйган…” деб ўйлаганини бугун англаб турибман. Ҳатто ҳукуматнинг битта содиқ хизматкори “Жаҳонгир ўшанда мансабсиз қолмаслик учун шундай қилган”, деб ҳам ёзди.

21 ёшимда республика газетаси – “Қишлоқ ҳаёти”да  масъул котиб ўринбосари эдим.

26 ёшимда катта бир хўжаликда маданият масалалари бўйича директор ўринбосари, 27-29 ёшимда вилоят газетасининг “Қишлоқ хўжалиги” ва “Партия турмуши” бўлимларига мудирлик қилдим. Балки мансаб деган нарсадан ўшанда безгандирман.

30 ёшимда “Совет Ўзбекистон” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири эдим. Вилоят партия қўмитасининг раҳбарлари минадиган “Волга“да юрар ва бюро мажлисларида ўзимнинг махсус ўрним бор эди. Ана ўшанда эркинлик нима эканлигини тушунганман. Раҳбарим йўқ эди, аммо ўзим сидқидилдан ишлардим ва беш йил давомида мингдан зиёд танқидий ва муаммоларни таҳлил қиладиган мақолалар ёзганман. Биров “Буни ёз!” демаган. Ўзимдан билиб, ҳаммадан бир қадам олдинда борганман.

Лекин Самарқанд вилоят бўйича мухбирлик давомида мансаб деган нарсанинг бир тийинга қиммат эканлигини тушунганим аниқ.

Гдлянчилар Самарқанд вилоятини титратиб турган ҳалол  инсон Назир Ражабовни кўзимнинг ўнгида қўлига кишан солиб, олиб кетишган. Идеология котибаси Фароғат Шукурованинг “Энди навбат бизгами?” дея ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаганига гувоҳ бўлганман.

Мен ҳурмат қиладиган Назир Ражабовнинг аҳволини кўриб, ер ютсин мансабни демаган бўлсам ҳам бу юрагимда чуқур из қолдирган.

Ўзим қадрлаган таниқли раҳбар Владимир Қодировни заҳарлаб ўлдиришгани ҳақида китоб ёзиб, мансабнинг уйи куйсин деганимда бу фикр шууримга ерлашган, шекилли.

Ундан олдин ярим тунда Шароф Рашидовнинг қабрини ковлашганида Тошкентда эдим. Тошкентга журналист дўстимни зиёрат этгани келгандим. Воқеа газеталар жойлашган бинонинг ёнида юз берган. Ҳамма ёқни ўраб олишган ва тунда бизни йўлимиздан қайтаришганди.

-Нима гап?- деб сўрадик бир миршабдан.

-Қаттан сила?-деб сўради у биздан.

-Самарқанддан,-дедик биз.

-Ҳе онасини… мана гўрдан отадиган кун ҳам келди иблисни…, -деди у бизга нафрат билан қараб.

Ўшанда Рашидовни шу куйга туширган бўлса падарига лаънат мансабнинг деб ўйламаган бўлсам ҳам бу руҳимда ўз таъсирини қолдирган.

Беш йил давомида вилоят партия қўмитасида ойига камида икки марта, бўлмаса бир неча марта бюро мажлиси бўларди. Ҳар бир мажлисда камида бир-икки киши ишдан қувиларди. Ҳар сафар журналист бўлганимга ва мансабдор бўлмаганимга қувониб, чиқиб кетардим.

Баъзан, балки кўп ҳолларда одамлар адолатсиз жазо олардилар. Мухбир бўлганим учун дардларини айтардилар. Юзлаб мансабдорларнинг йиғлаганини кўрганимда балки мансаб деган нарсадан нафрат қилгандирман?

Кейин ҳам ҳеч қизиқмадим. “Америка овози” да Ўзбек хизмати раҳбари бўлмасам ҳам хизмат раҳбарининг ишлари менга қолганди. Дастурларни таҳрир қилишдан тортиб, ҳамкорларни ишга олишгача ҳаммасини қилардим. Балки раҳбарнинг шу ишни қил, деб бошимда турмагани учун ўзимдан билиб қилгандирман. Буни истамасдим. Аммо иш ишлаган одамни қувар экан. Хизмат ёпилиш арафасида катта иш ваъда қилишди. Аммо бир араб бошлиқнинг битта гапига жаҳлим чиқиб, бу таклифга “ўт қўйдим”.

Бугун ишлайдиган жойимда ўзимга ўзим раҳбарман. Ишга истаган соатда келишим ва истаган соатда кетишим мумкин. Аммо кунига 12 соат ишлайман. Бошимда туриб “ишла” дейишмагани учун ишлайман. Агар биров бошимда туриб, “ишла” деганда балки бу ишдан ҳам воз кечардим.

Мансабни обрў, эътибор эмас, балки оғир хизмат ва тақдир таҳқири деб ўйладим. Шунинг учун ҳам мансаб келганда ҳеч қачон қувонмадим. Умуман ишлайман деган одам мансабсиз ҳам кўп иш қилади.

Умр бўйи интилган, мансабни қувган одамларга мансаб жуда қийинчилик билан келади. Каминага эса акси. Ўзбекистон президенти девонида камина учун Депутатлар билан ҳамкорлик бўлими очилган ва кетишим билан қисқартирилган. Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитасида янги ўринбосар штати очилган ва кетганимдан кейин қисқартирилган.

Президент девонидан телевидениега кетар эканман, таниқли бир журналист:

-Одамлар бу даргоҳга келиш учун нималар қилишмайди, сиз бўлсангиз қувониб-қувониб кетаяпсиз, бу ерда туриб истаган жойга таъсирингизни ўтказа оласиз, аммо телевидениеда бош оғриғидан бошқа нарсани билмайсиз,-деган эди.

Хуллас, илгари ҳукумат томонида бўлган танишимнинг ўрнига ўзимни қўйиб, ўзимга унинг кўзи билан баҳо беролмадим. Балки шунинг учун ҳам ўзимга ортиқча баҳо бериб юбордим?!

Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси эдим. Унча-бунча иш қилиб тургандик. Биз астойдил ёрдам бераётган инсоннинг аёли:

-Сиз кексалар мансабни севасизлар, мансабга миниб олгансизлар, мансаб қурсин-а мансаб, ёшларга йўл бермайсизлар,-деб қолди.

Бу гап қаттиқ таъсир қилди, хато қилганимни англадим ва бу “мансаб”ни дарҳол ёшларга топширдим. Лекин бу “мансаб” йўқолиб кетди.

Ҳозиргача мансабим йўқ. Нақадар эркин ва нақадар бахтлиман!

ХХХ

АҚШда ҳукумат таркибидан истеъфо бериш оддий ҳол экан. Ўзбекистонда эса ҳалига қадар ўзи истеъфо берганлар орасида биринчиси бўлиб қолаётганим жуда ачинарли ҳолдир.

Ўзбекистон телевидениесининг раҳбари лавозими ҳукумат Вазирлар маҳкамаси таркибига кирарди ва бу лавозимга келадиган раҳбар Вазирлар маҳкамаси раиси – Президент фармони билан тайин этиларди. 1992 йил февралида бу вазифадан истеъфо бердим.

Ўзбекистон тарихида ҳукумат раҳбарлари орасида турли сабаблар билан вазифасини тарк этганлар кўп. Лекин буни сиёсий норозилик тарзида амалга оширганлар оз.

Шунинг учунмикан, 37 ёшимда ёзилган истеъфонома 60 ёшимда ҳам кўзига “олов”дек кўринади.

ИСТЕЪФОНОМА: “Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида рўй берган фожеа юртимизда ошкоралик, ростсўзлик йўқлиги, инсон ҳуқуқларини топташ ҳали бери барҳам топмаслигини исботлади. Мен раҳбар бўлган жумҳурият телевидениесидан кўрсатувлар олиб қўйилди. “Муносабат” рукни билан ҳозирланган махсус кўрсатув экранга чиқарилмади. Ошкоралик учун кураш йўллари бекитиб ташланди. Мени истеъфо беришга ундаган сабаблар қуйидагилардир:

1.Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани;

2.Паркент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани;

3.Яна яккаҳокимлик, диктатура бошлангани. Халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш, алдаш билан банд бўлинаётгани;

4.Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани;

5.Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани;

6.Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув қуйиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига унинг авж олдирилаётгани;

7.Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани;

8.Мухолифатдаги партия, ҳаракат ва уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани;

9.Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.

10.Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани…

Ана шу ва бошқа сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб, бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир…”

Ўшнда аризасини кўпайтириб, бир нусхасини Президент ёрдамчиси Крайновга, яна бир нусхасини Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга бердим.

Олий кенгашга келсам, Эркин Воҳидовнинг хонасида Муҳаммад Солиҳ ва яна икки-уч киши ўтиришганди. Салом-аликдан кейин бўлган воқеаларни гапириб бердиим. Эркин ака бош чайқаб қўяркан, Муҳаммад Солиҳ:

-Биз газетамизда нашр эттирамиз,- дея бир нусхасини олди.

Бу аризамни “ЭРК” газетасининг биринчи саҳифасига қўйишган экан. Газетанинг биринчи саҳифсида катта ҳарфлар билан “Телевидение раҳбари истеъфо берди” деган сарлавҳа қолибди, аммо ёзув “оқариб” турибди Цензура аризани олиб қолибди….

44.ШОВРУҚ

“Америка овози”да ишлардим.

2001 йилнинг 6 июл куни нохуш хабар олдим. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, собиқ Ўзбекистон Халқ депутати, “Бирлик фаоли” Шовруқ Рўзимуродов ўлдирилди. Юрагим увишиб кетди.

…1990 йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Олий кенгаши тўққизинчи чақириқ биринчи сессиясида Аҳмаджон Мухторов нутқ сўзлаб: “Демократик жараёнларни янада ривожлантириш, сиёсий ўзгаришларни чуқурлаштириш, конституцион тузумни, фуқароларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ва хавфсизликларини мустаҳкамлаш, бошқарув олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш мақсадида президентлик бошқаруви жорий этишни”таклиф қилди.

Бу таклифга қарши чиққан фалсафа фанлари номзоди Тойиба Тўлаганова Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президент “таши” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди. У демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди.

-Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор,- деган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, КПСС МК сиёсий Бюросининг аъзоси Ислом Каримов Тойиба Тўлагановани очиқчасига камситди.Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга интервью берар экан “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди. Унинг гапига қўл силтаб кетганлардан бири Шовруқ эди.

Президентлик лавозими ҳақидаги қарорни қабул қилиш ва Каримовни сайлаш бошланганда Шовруқ сўз сўради. Лекин дўппини салла қилиб кўрсатиш даражасида устамон бўлган мажлис раиси Мирзаолим Иброҳимов:

-Ука, сиз эмас, ёнингиздаги дўппили одам гапирсин,- деди.

Дўппили одам эса сўз сўрамаганини айтишга хижолат чекар экан, Шовруқ ўрнидан туриб гапира бошлади. Унга микрофон керак эмас эди. Унинг гуриллаган товушини мажлислар залининг ҳар жойидан ҳам эшитса бўларди. Шовруқ: “Мен бу одамни Қашқадарёдан биламан. Бу одам президентликка лойиқ эмас. Агар президент бўлса ҳаммангиз пушаймон бўлиб қоласиз ҳали…” деди.

Шовруқ қўли билан минбарга ишора қилиб гапирар экан Каримов қизариб кетди. Микрофонни жаҳл билан олдига тортди. Лекин нимадир эсига тушган кишидек яна микрофонни раиснинг олдига сурдида “Бас қилинг майнавозчиликни” деди. Раис дарҳол бас қилди. Музокаралар тўхтатилиб “бир овоздан” президентлик лавозими ташкил қилинди ва “бир овоздан” Каримов сайлаб юборилди.

Шовруқ кечаги кунни кўриб, келажакни айтаётганди. Кейинчалик Каримовнинг Қашқадарё вилоят партияси биринчи котиби бўлган пайтида қўшиб ёзиш, кўзбўямачиликлардан бошлаб яна бошқа жиноятларига қадар ҳужжатларни Олий кенгаш ҳайъатига тақдим этган халқ депутати Иномжон Турсунов қамалди.

Каримов билан юзма юз бўлиб камчиликларини юзига айтган Самандар Қўқонов умрбод турмага тиқилди.

Каримов билан Қашқадарёда тортишган ва сўнгра бу курашни Олий мажлисга ташиган Мурод Жўраевнинг ўн гулидан бир гули очилмаган ўғли ўлдирилди, ўзи зиндонбанд этилди.

“Нега жиноятчилар ҳукумат бошига келмоқда, нега мафия ҳукуматни қўлга олмоқда?” деган Мели Қобулов темир панжаралар ортига жўнатилди. Ва ҳоказо ва ҳоказо…

Шовруқ буларни олдиндан кўра олганди. Ўша куни танаффусда Аҳмаджон Мухторов билан гаплашиб турганимизда Шовруқ олдимизга келди.

-Сиз билиб қўйинг ,- деди у Аҳмаджон акага,- Бу одам рафиқини ҳам, рақибини ҳам кечирмайди!

Аҳмаджон аканинг кўзи ёниб кетгандек, бўлди. Дарҳол дафтарига бу сўзларни ёзиб олди. Кейин:

-Укажон Москвада Гдлянчилар билан курашда яккаланиб қолаяпмиз. Депутатлар партиядан қўрқишади. Президентлик ташкил қилинса партиянинг таъсири камайиши мумкин. Мен ҳозир бу одамдан бошқа лидерни кўрмаяпман, кейинчалик балки бошқа кадрлар чиқар- деди. Аҳмаджон ака ўша кезда Каримовга сидқидилдан ишонарди.

Шовруқ унинг Қашқадарёда одамларга зулм қилгани, Ўзбекистон Компартиясининг Москвадан юборилган иккинчи котиби Анишчев билан биргаликда кўп одамни қаматиб юборгани, Гдлян тўдаси билан ҳам алоқаси борлигини айтар экан Аҳмаджон ака:

-Укажон деворнинг ҳам қулоғи бўлади, бу гапларни менга айтдингиз бошқага айтманг, бундай гаплар учун кечирмайди бу бадбахтлар,- деди.

-Халқ бу гапларни айтиш учун мени мажлисга юборган ,- деди Шовруқ.

Кейинчалик Фарғона воқеаларини босди – босди қилиб юборгани, Паркентда оддий одамларни отишга буйруқ берганини, атрофидагиларни ҳақоратлаб дўппослагани ва бошқа “ҳунарлари”ни кўргандан кейин Аҳмаджон ака ҳам Каримовни таниди. Шу боис ҳам у ўзи бош муҳаррир бўлган газетада танқидий мақолалар ва таҳлилий чиқишларга йўл очди. Аммо Каримов уни қувғинга олди. Кекса журналистга иш бердиртирмади. У сарсон саргардонликда юриб миясига қон қуйилди…

Каримов Тойибани ҳам кечирмади. Уни Олий кенгашдаги ишидан қувдирди. Дорилфунунга қайтганди у ерда ҳам таъқибга олди. Тойиба ҳам орамиздан эрта кетди.

Шу ўринда кичик бир чекиниш: Иосиф Сталин тарихни ўзи ёздиргани каби қолдиришни истаб гувоҳларни йўқотишга киришганини бугун гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Лекин тарихнинг у бекитган саҳифалари бугунга келиб очилди. Сталин даврида ўлдирилганлар ҳақидаги маълумотларга қарасангиз, бирига “Қамоқда ўзини осди”, бошқасига “Миясига қон қуйилди”, кейингисига “Оғир хасталикдан ўлди” деган хулосалар қўйилган. Лекин уларни ўлдиришганди…

Каримов ўзини кечирмаслигини Шовруқ яхши биларди. Зотан депутатлар орасида калтак биринчи бўлиб унинг бошида синганди. Каримов 1990 йилнинг 24 март куни президент бўлган бўлса, орадан бир ҳафта ҳам ўтмай Шовруқни тўртми, бешми боласи бўлган бир аёлга уй олиб берганликда айблашди. Яъни депутат бунақа ишларга аралашмаслиги керак экан. Бир ойдан кейин, Май ойида эса норасмий митинглар ва бошқа бўҳтонлар билан қамоққа олишди.

Олий кенгаш ҳайъати уни қамашга сиртдан изн бериб юборганини эшитиб, қўмита раисларига норозилик билдирдик ва масалани сессияга олиб чиқажагимизни айтдик. Каримов Мажлис раисига: “Уни олиб келиб президумда муҳокама қилиб, депутатликдан чиқаринглар, қолганларга дарс бўлсин” деб айтибди. Раисга “Бу гапимни ҳам айт” деган бўлса керакки у “Оқсоқол шундай дедилар” деб қўрқмасдан айтганди бу гапни.

Биз қўмита раисларига бу қақшатгич зулмнинг илк одими, уни тўхтатиш қўлларингизда” деб Шовруқни сақлаб қолиш масаласида тазйиқ ўтказдик. Улар ўзлари бир нарса қила олмасликларини, лекин бизларни ҳайъат мажлисига киритиш учун овоз беражакларини айтишди. Қўмита раисларидан, шоир Эркин Воҳидов эса “Бизга олдиндан қўл қўйдириб олишган, муҳока қилиш расмиятчилик, холос, барибир бир нарсага эриша олмайсизлар”, деб ҳайъат мажлисига кирувчиларнинг шаҳдини синдирди. Бу масалани тортишиб турганимизда миршаблар Шовруқни олиб келишди.

У халқ томонидан сайланган парламентга миршаблар қуршовида, қўлида кишан билан келаётган эди. Кийимлари ғижим. Соқоли ўсиб кетган. Кўзлари чўкканди. Биз унга пешвоз чиқдик.

-Буларнинг кучи етмади. Олиб келган янги кийимларини ҳам киймадим. Соқолимни олиш ҳақидаги буйруқларини ҳам бажармадим,- деди у.

Уни мажлисга олиб киришди. Миршабларга топшириқ бериб, ҳозир президент келажагини ва ичкарига ҳеч ким олинмаслигини айтишди. У пайтда ҳали миршабларнинг кўзида бир оз бўлсада қўрқув бор эди. Бизнинг йўлимизни тўса олмадилар. Ичкарига кирдик. Раис дарҳол мажлисни тўхтатиб, “Мен пастга, президентни кутиб олишга бораяпман” деб чиқиб кетди. У ҳам, Президент ҳам келишмади. Шовруқни эса олиб кетишди.

Биз масалани сессияда кўтардик. Каминанинг Шовруқ ҳақида айтган гапларимни ўшанда кўпчилик эшитган. Сессия мажлисини телевидение орқали намойиш қилишга эришгандик: ”Бугун Шовруқни қамашган бўлишса эртага навбат бошқаларга келади. Бугун калтак, эртага қамоқ ва индин ўлдиришгача бориб етишади. Буни бугун тўхтатмасак эртага кеч бўлади” дегандим. Минг афсуски тўхтата олмадик ва кеч бўлди.

Бугун Шовруқни… Шовруқларни йўқотиб турибмиз…

Ана шу дард билан президент девонида ишлаётган эски дўстлардан бирига сим қоқдим. Унинг ҳам дарди ичида экан. Ўзи тинч бир жойдан телефон қилажагини айтди. У билан узоқ гаплашдик. Анчайин қўрқмаслигидан президент девонидаги вазиятни ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Ҳатто унинг хорижга кетиб қолишга кўнгли бордек туюлди менга.

Унга кўра Ўзбекистон Исломий ҳаракатини қўллаганлардан бири Иброҳимбек “қўрбоши”нинг невараси, хорижда яшаётган Ҳожи Жамшид Тилав ўғли Азимий Қашқадарёлик бўлиб, ҳаракат унинг истаги билан шу зоналарга ҳужум қилиши мумкин, деган хабар олинган. Бунинг устига Қашқадарёда Ҳизби – ат Таҳрирнинг фаолияти ҳам кучайган. Каримов маслаҳатчиларидан бирига топшириқ бериб Қашқадарёда жиддий тадбирлар олишни буюрган. Ички Ишлар вазири Зокир Алматов дарҳол Қашқадарёга юборилган. Қайтиб келгач маслаҳатчи билан бирга вазият ҳақида ҳисобот тайёрлашган.

Каримов ўзи таниганларининг номини эшитса жазавага тушишини яхши ўрганиб олишгани уcун ҳисоботда асосан Шовруқ ҳақида сўз юритишган:

Шовруқ Сурхондарёдаги кўчманлар билан алоқага кирган. У ердаги гапларни бутун дунёга овоза қилди…

Шовруқ Ҳизбу- ат Таҳрирнинг варақаларини компютерда ёзиб, кўпайтириб бермоқда…

Шовруқ Москвадаги “Мемориал”га аъзо бўлган ва бу ташкилотнинг раҳбарларидан бири Виталий Понамарев Ўзбекистонни ёмонлаб гапираётган ҳамма гапларни у етказиб турибди. Понамарев Ўзбекистонга келганда ҳам у олиб юрган. Олмониядан келган “Фокус” журнали мухбирларини ҳам Сурхондарёдаги лагерга у олиб кирган ва ҳоказо.

Ҳисоботни эшитган Каримов дарҳол Шовруқни ушлаб келишни ва у билан ўзи ҳисоб-китоб қилишини айтган. Зокир Алматов бу ишни асли қашқадарёлик бўлган полковник Маҳмуд Бекмуродовга топширган. Шовруқни 2001 йилнинг 15 июн куни кўчада ушлаб Тошкентга олиб келишар экан, маҳаллий миршабларга “ҳужжатларни” тўғрилаб қўйиш буюрилган. Миршаблар унинг Яккабоғ туманининг Олақарға қишлоғидаги уйини босишган.

Манбанинг айтишича, “хумордан чиқиш” ва таниганларини дўппослаб келиш учун Ислом Каримов Ички Ишлар вазирлигининг ертўласига бориб туришини президент девонидагилар яхши билишар экан.

Агар 1991 йилнинг кузида Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошевни тепкилагани, ўшанда Савдо вазири бўлган Мираброр Усмоновни ургани ва Бош вазир ўринбосари Бахтиёр Ҳамидовни дўппослаганини кўрмаганимда бу гапларга ишонмаган бўлардим.

1993 йил 17 апрел куни мени ушлаб Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерел Тўхтевнинг хонасига олиб келишганда аввал президент маслаҳатчиси Темур Алимов унга телефон қилиб эрталабгаcа йўқотиш ҳақида буйруқ берилганини айтгани, генерал вақт сўрагандан кейин президетнинг ўзи телефон қилиб бақирганига гувоҳ бўлмаганимда ҳам шубҳага боришим мумкин эди.

Бунинг устига уларнинг “Шовруқ ўзини осиб қўйди” деган баҳоналари ҳам қинғир ишнинг қийиғини кўрсатиб турибди. Шовруқ ўзини осадиган даражада заиф эмас эди. У ҳам жисмонан, ҳамда маънан жуда кучли инсон эди. Унинг акаси Шавкат Рўзимуродовнинг “Укаминг вужудида задаланмаган соғ жойи қолмаганди” деган гаплари ҳам кўп нарсанинг далолати. Бошидаги жароҳат излари эса унинг зулмга бўйинсунмагани белгисидир.

У зулмга бўйсунмас ва қўрқмас эди. У ҳеч кимдан, айниқса Каримовдан қўрқмас эди. Қўрқоқлар кучлари етмаганда ё туҳматга бошлайдилар ёки жирканч қиёфага кириб номардлик қиладилар.

Хоинларга қўрқмас йигит ўлмаслигин кўрсатдинг,
Ёлғон-ботқоқ, бу йўллари йўлмаслигин кўрсатдинг,
Ўзбек авом, бу халқ билмас ўзлигини, деганга
Шовруқ каби лочинлари гўлмаслигин кўрсатдинг!

45. МУҲОКАМА

Китоб ёзадиган мавзулар кўпайиб кетди. Қайси бирига ҳам улгуради, киши? Бунинг устига интернет одамларани қисқа нарсаларни ўқишга ўргатмоқда.

Шунинг учун хаёлимда айланган китобларнинг сарлавҳаларини хатга туширдим ва эълон қилдим.

Икки қисмли сарлавҳалар… Манимча ёзганларимдан энг қизғин муҳокама бўлгани ҳам шу. Ўқувчилар икки қутбга бўлиндилар. Каминани ёқтирмаганлар буни сайтларига кўчириб олиб, “муҳокама”ни роса обориб, олиб келишди. Каминани ёқтирганлар аксини қилишди. Лекин гап каминада эмаслигини ўзим ҳам, улар ҳам яхши тушуниб тургандик Нима бўлганда ҳам муҳокамалар авжга чиқиб кетди.

Кейинчалик кузатсам ҳатто ҳақорат қилганлар ҳам шу мавзуларда ёза бошладилар. Демак, арининг уясига эмас, инсонларнинг дилидаги дардига тегиб қўйибман.

Мана ўша икки қисмлик мавзулар. Балки бу сизга ҳам бир нарсалар ёзишга туртки бўлар!

“Ўзбекчилик” нима?

1.Ўзи қилолмаган ишни бошқалардан талаб қилиш.
2.Ақл ўргатишга усталик, ўрганишга нўноқлик.
3.Халқ деб, ҳалқумни тушуниш.
4.Майда гапларнинг қули бўлиш.
5.Ош учунгина бирлашиш.
6.Саволни “Унга қандай ёрдам, далда бера олдим?” деб эмас, “Нега у менга ёрдам, далда бермади?” шаклида қўйиш.
7.Ўзини осмоннинг устуни деб билиш.
8.Бойга бўйин эгиш.
9.Ўз тарихи, ўз кимлигини билмай миллатчилик қилиш.
10.Қўрқоқлик.
11.Яхшилик қилганга ёмонликни раво кўриш.
12.Бир-бирини кўролмаслик.
13.Одий одамни тиригида тепиб, ўлгандан кейин улуғлаш.
14.Қаттиқўл раҳбарни севиш.
15.Худога ишониб, лекин ердагиларни ундан устун қўйиш.
16.Топган-тутганини тўй ва уй қуришга “инвестиция” қилиш.
17.Меҳмонни отасидан улуғ деб билиш.
18.Одамларга ақл-заковатига қараб эмас, уй-жойига қараб баҳо бериш.
19.Дўст сақлаш қоидаларини билмаслик.
20. Бошига иш тушган одамдан юз буриш.
21.”Менга нима?” шиори билан яшаш.
22.Хато қилишни оддий нарса, кечирим сўрашни ўлим билан тенг кўриш.
23.Йиқилганни яна бир марта тепиш.
24.Манфаат учун дўстни, миллатни, Худони ва бутун борлиқни осонгина сотиб юбориш.
25.Билим олишда кимўзарлик қилиш эмас, чаласаводлик пойгасига кириш.
26.Баҳслашиш маданиятини билмаслик.
27.Сўкинишда “Ой”, “Марс” ва “Плуто” ни забт этиш.
28.Бугуни, келажаги ҳақида эмас, ўтмиши, тарихи ҳақида гапириш.
29.Фақатгина ўз гапини ҳақ деб билиш.
30.”Ҳап сеними, кўрасан ҳали?” хаёли билан яшаш.
31.Мансабдорни тиригида оёғини ўпиб, ўлгандан кейин гўрига тош қалаш.
32.Буларнинг ҳаммасини ўқиб ё эшитиб, “Шу ҳам гап бўлдими?”, дейиш.
31.Ўзига ёқмайдиган ҳақиқатни рад этиш.
32.Ўзига ёқадиган ёлғонга ишониш.
33.Юзинг бурилдими, орқадан гапириш.
34.Бетига айтгандан хафа бўлиш.
35.Танқидни “Душманнинг иши”, иғво деб билиш.
36.Мақтаса шайтоннинг ҳам шериги бўлиш.
37.Туҳматга мойиллик.
38.Китоб ўқимаслик.
39.Маишатни севиш.
40.Машваратсиз иш қилиш.
41.Тахтга ёки тахтсимон жойга миниб қолса, тобутга мингунча тушмаслик.
42.Кўчада ётган чўпдан ҳам шубҳа қилиш.
43.Бировдан бир нарса ундиришга уста бўлиш.
44.Ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик.
45.Ёмонлик қилишдан ҳузурланиш.
46.Кўнглида тан олиб турганини ҳам тилида писанд қилмаслик.
47.Бировга нон бермасдан уни нонкўрликда айблаш.
48.Гуноҳини хаспўшлаш учун гуноҳ қилиш.
49.Соқоли ўсган сайин ақлим ҳам ўсмоқда, деб ўйлаш.
50.Гап тагидан гапча қидириш.
51.Давлатни савлатим деб билиш.
52.Пулнинг ҳиди келса, оғизни бекитиб олиш.
53.Бировни ёмон кўрса, ўлаётганда ҳам ўшани қарғаб ўлиш.
54.Айтилган жойга айтилган вақтда бормаслик.
55.”У ким бўлибдики?” саволини тез-тез такрорлаш.
56.Пора бериш ва пора олишни билиш.
57.Пора олмайдиган ва пора бермайдиган одамни порахўр деб айблаш.
58.Қарз беролмаган дўсти ёки танишидан юз ўгириш.
59.Халқни, айниқса аёлларни ёппасига айблаш-ёппавийлик.
60.“Ўзингга ақл ўргатсанг-чи?” деган ҳукмнинг ҳукмдори бўлиш.

“Америкачилик” нима?

1.Уй, машина ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни қарзга олиб, бир умр ана шу қарзни тўлаш учун ишлаш.
2.Одамгарчиликдан ишни афзалроқ деб билиш.
3.Ўз шахсини ҳаммадан, барча яқинларидан ҳам устун қўйиш.
4.Фикри мансабдорга, бойларга қарши бўлса ҳам чўрткесарчасига  айтиш.
5.Ҳафта давомида Худонинг йўқлигини исботлашга уриниб, ҳафта охирида бола-чақаси билан ибодатгоҳдан чиқмаслик.
6.Ёшлигида ота-онасини менсимай, ёши бир жойга етганда уларнинг хизматкорига айланиш.
7.Аввалдан келишилмай келган меҳмонни маданиятсиз ҳисоблаш.
8.Ҳамма жойга, ҳамма учрашувга илгаридан вақт олиб, олдиндан бориб, кутиб туриш.
9.”Навбатда тур”, дейилмаган жойда ҳам навбатда туравериш.
10.Дунёдаги катта воқеалардан Ҳолливуддаги кичик ҳангомаларни устун қўйиш.
11.Чақалоқнинг тагини тозалаш, қозон-товоқни, кир кийимларни ювиш, уйни пилесос қилиш, овқат пишириш каби юмушларни эркакнинг бўйнига қўйиш.
12.Аёлнинг ҳамма вақт ҳақ бўлиб чиқиши.
13.Боласини урган ота-онанинг бир умрга боласидан айрилиши.
14.”Арзон” деб ёзилган, лекин ўз нархидан ҳам қиммат нарсаларни сотиб олиш.
15.Ёмонликни тезда унутиш.
16.Қуролни қучоқлаб ётиш. Уйига тушган ўғрини “пақ-пуқ” отиб ташлаш.
17.Эр-хотиннинг пули, ҳисоб-китоби айрилиги.
18.Ресторанга тўпланган ҳар кимнинг ўзига ўзи ҳақ тўлаши.
19.Тўйга борганда тўй ҳақини бериш.
20.Бировдан қарз сўрашни қабоҳат, қарз беришни эса аҳмоқлик деб билиш.
21.Дунёнинг бошқа четидаги мингта одамдан битта америкаликни устун қўйиш.
22.Бўш вақтини ҳосил бермайдиган томорқасида ўтказиш.
23.Узоқ яшаш учун тупроқни витамин деса ҳам ишониш.
24.Овқатини асосан ресторанларда ейиш.
25.Душманига ҳам тиржайиб туриш.
26.Бола-чақа деб эмас, ўзи учун яшаш.
27.“Миллатим”, “Халқим” деганларни эшитганда энсаси қотиш.
28.Ўз сирини ўзи очиб ташлаш.
29.Пулни бахтнинг калити, деб билиш.
30.Ҳамма нарсани “одноразовий”га айлантириб юбориш.
31.Яхшилик қилишни жаннат учун чипта деб билиш.
32.Дилида эмас, уйида ит ва мушук сақлаш.

(Давоми бор).

%d bloggers like this: