Китобдан боблар

ТУРКИЯДА ТЎРТ ЙИЛ

Муҳожирнома

Бу тўрт йил нафақат менинг келажагим, қарашларим, одамлар ҳақида фикрларим, дунёга муносабатимни балки Ўзбекистоннинг, бу заминда яшаган халқларнинг ҳам келажагини ўзгартириб юборди. Шунинг учун ҳам бу  муҳожирномани ўқиб чиқсангиз бугунгача сизга жумбоқ бўлган кўп саволларга жавоб топасиз. Муаллиф.

1.БОКУ

Боку худди тоғлар ва адирлар устига жамланган тарихий эртаклар мажмуасига ўхшайди. Биноларга қараб-қараб кетаверасиз ва донишманд бир буви қулоқларигиз остида эртак сўзлаётгандек бўлади. Бу ҳикоялар узоқ тарих билан яқин ўтмишни бир-бирига шундай боғлайдики, чегарани тополмай қоласиз.

Шаҳар дунёнинг энг кўп шамол эсадиган жойи десам лоф бўлмас. Чунки “тўполончи” Ҳазорнинг шамол қочадиган соҳилида. Денгиздан келган шамол шаҳарни тинимсиз “супуриб” туради. Оёқ остидан кўтарилган тўзон истайсизми, истамайсизми йилнинг уч фаслида асабингизни ғичирлатади.  Ёзда эса акси.  Ҳазор соҳилида кезсангиз, худди жаннат шамолидан симираяпман, деган бир ҳис кечади кўнгилдан.

Тўрт йилнинг бир йили Боку-Ашгабат-Туркия орасида ўтди.

Ўша кезда Боку Туркиянинг катта бир вилоятига айлангандек эди. Ҳокимиятга Абулфайз Элчибей бошлиқ туркчилар келгани учун бутун ҳаёт “турклашган”ди. Рус тилида гапиришга барҳам берилган, лотин алифбосига ўтилган, турк ишбилармонларига ҳамма йўллар очилган, президентнинг маслаҳатчиларидан тортиб, вазирликларда ҳам турклар ишлашар, шундай ҳам Туркия туркчасига жуда яқин бўлган озар тили  Истанбул лаҳчасига дўна бошлаганди.

Бозорлардан телевидениегача ҳамма жойда Туркия нафасини сезиш мумкин эди. Ички ишлар вазирига қадар ўзини бўзқурт деб айтар ва ҳатто кабинетида бўрининг ҳайкали бор эди. Марказий Осиёга интилган Туркиядаги турли тариқатлар ҳам марказларини шу ерга жойлаштиргандилар.

Бокунинг қишдаги совуқ шамолини севмаган бўлсамда, меҳри иссиқ одамларини шу қадар севдимки, ҳалигача кўнгли очиқликдан, бағри кенгликдан, саховатпешаликдан гап очилса, кўз олдимга Боку , унинг ажойиб одамлари келади. Аммо ана шу халқ ҳам жуда қийналди, азоб чекди, ватанни севиб ватансиз бўлди, урушнинг қонли кўчаларида қолди… Минг-минглаб ёшларининг умри Шаҳидлар хиёбонида тугади.

Туркия ҳукумати негадир туркчи Элчибейни коммунист Алиевга “сотиб юборди”, худди Иккинчи жаҳон уриши тугаганда немислар қўлида бўлган озарбайжонлар Туркиядан бошпана сўраганлари ва Анқара уларни Сталинга тошириб юборгани каби…

…1993 йил 17 апрел куни Самарқанд зиндонидан қочгач, жуда кўп саргузаштлардан кейин 21 апрелда Бокуга етиб келдим.

Бу уйда 1992 йилда ҳам бир неча кун қолгандим. Ўшанда Бокуда Турк дунёси қурултойи бўлиши керак эди. Ўзбекистондан бир неча киши келгандик. Жумладан, “Бирлик”дан Абдураҳим Пўлат ва “Эрк” дан мен  ҳам бор эдим. Озарбайжон президенти Элчибей ва Туркия раҳбарлари Қурултойни Анталияда ўтказишга келишиб қўйишган экан.

Абулфайз Элчибей махсус учқич ажратди ва биз Анталияга учдик. Бу Туркияга иккинчи бор келишим эди. Бундан тўрт йил олдин СССР Журналистлар уюшмасининг ғолиблари гуруҳида бир ой Туркияни айлангандим ва “Ёпиқ эшикларнинг очилиши” деб номланган туркум мақолалар ёзгандим.

Анталияда бир неча кун қурултойда қатнашдик ҳамда турк дунёсининг таниқли одамлари билан танишдик.

Ўша ерда устоз Боймирза Ҳайит Туркиядаги Туркистонликлар жамиятининг раиси Аҳад Андижон билан таништирдилар. Аҳад ака ва Боймирза ота билан чойлашиб, анча суҳбатлашдик. Аҳад ака визит карточкасини бериб, “Қачон Истанбулга ўтсангиз сим қоқинг, мамнун бўламан”, деди.

Хуллас, Бокуга қайтганимиздан сўнг Ёдгор аканинг уйида турдим. Бу жой Ёдгор акага Озарбайжон жабҳачилари (Халқ жабҳаси ҳаракати) томонидан берилган эди.

Мана энди Бокуга иккинчи марта келаяпман ва бу сафар ҳам тезда қайтаман, деган илинж бор кўнгилда.

Аэропортдан метрога қадар қатнайдиган “Икарус” автобусига миниб, Ёдгор аканинг уйига келдим. Ёдгор ака қучоқ очиб кутиб олдилар ва бир бурда нонларини баҳам кўра бошладик. Биргаликда жабҳага бориб-келиб юрдик. Озарбайжон Халқ жабҳаси ҳаракатининг марказий биносини “жабҳа” дейишарди. Жабҳада  “Туркистон” бўлими ҳам очилган бўлиб, у ер бошқа жумҳуриятлардан келган мухолифат вакилларининг қароргоҳига айланганди.

Бу жойга олдинги сафар ҳам келгандим. Ўшанда жабҳага яқин парк ёнидаги газета дўкони ёнида тўхтадик. Дўконнинг ичи газетага тўла эди. Сўрасак,  600-700 та газета чиқаркан. Фақат бир нечтаси ҳукуматда бўлган  Элчибейнинг тарафдорларига тегишли, холос. Қолганларининг илдизи Нахичевнага бориб  тақалар экан.

Нахичеванда эса  совет қаттол тузумининг “хўроз”ларидан бири бўлган Ҳайдар Алиев раҳбар. Унинг Бокуга келишини чеклаб қўйишган, аммо қўллари – газеталари ҳамма ёқни эгаллаган.

Ўша кун  “Бу кетишда яқин орада Алиев Элчибейни ағдаради” дедим. Шеригим кулиб қўйди ва ҳазиллашиб: “Биров эшитиб қолмасин бу гапингизни” деб жабҳа томонни кўрсатди.

Элчибей инсон ўлароқ дунёдаги энг яхши одамлардан биттаси бўлса керак. Камтар, ақлли, бағри кенг, соф ниятли, ростгўй… У катта файласуф эди, аммо жангчи эмасди. У кучли олим эди, лекин замонга мос сиёсатчи эмасди. У ўта раҳмдил эди, жойи келганда бешавқатлик, қаттиққўллик қилолмасди.

Агар Америка каби бир давлатда шундай одам президент бўлиб қолса, бу нафақат Американинг балки бутун дунёнинг бахти бўлади. Лекин Озарбайжон каби уруш оловининг қоқ ўртасида турган, миллат гуруҳларга айланиб кетган, мамлакатнинг қарийб ярми араманилар томонидан босиб олинган бир ўлкада бундай одамнинг ҳокимият тепасига келиши жуда кўплар учун бахтсизлик, ҳатто унинг ўзи учун ҳам омадсизлик эди.

Бокуга иккинчи марта келганимда бу фикрим яна кучайди. Бу ҳақда кейинроқ.

Хуллас, Бокуга келгунимча оёқларимнинг пошна қисмида пуфакча(мазол)лар пайдо бўлган ва тузалмай ярага айлана бошлаган эди. “Авроосиё” ташкилотини тузган адиб дўстим Умуд Мирзоев менинг оқсоқланиб юрганимни кўриб, сабабини сўради. Айтишга уялдим. У менга кескин оҳангда:

-Туфлингни чиқар!- деди.

Умуд билан Анталияга бирга борган ва дўст бўлиб қолгандик. У ҳам Элчибейни севар, ҳурмат қилар, аммо ўта юмшоқлигидан қисқа вақтда иқтидорни йўқотади деб ўйларди.

Улар Элчибей “бей” деишарди.

-Бей раис бўлолмади, бўлолмаяти, кетади, шармандали тарзда кетади,-деб афсус чекарди.

Шунинг учун ҳам ўзини ҳукумат ишларига урмади. Мустақил қолишни истади.

Фикр яқинлиги одамларни дўстлаштиради. Бейнинг иқтидори ҳақидаги айни фикрдалигимиз бизга соатлаб суҳбатлашиш имконини берарди. Бошқача айтганда, Бей ўзи билмаган ҳолда Умуд ва мени бир умрга дўстлаштириб қўйганди. Биз у билан ака-укага айлангандик.

Хуллас, оёғимдаги яраларни кўриб Умуд тутоқиб кетди.  Бир зумга қаергадир чиқиб келдида:

-Кетдик,-деди.

Унинг идораси Озарбайжон президенти биносининг ёнида эди. Ўша ерда айланиб юрган ҳарбий кийимдаги жабҳачининг ёнига бориб бир нарсалар деганди у дарҳол битта машина тўхтатиб берди.

Умуднинг уйи Карл Маркс майдони яқинида эди. Бу жой шаҳарнинг Бинагади туманига қарарди.  Умуд кўп қаватли бинода яшарди. Уйига чиқсак, хотини эшикни очиб турибди. Хона ўртасида битта тоғора ва ичида қип-қизил сув. Сувга марганцовка солинган экан. Тоғоранинг ёнига стул ҳам қўйилган. Демак, Умуд уйига сим қоққан экан.

Хотини мени дарҳол стулга ўтқазиб, оёқ кийимимни еча бошлади. Ўзим ечаман десам ҳам кўнмади. Секин ярага ёпишган пайпоқни ечиб олдида, ҳол-жонимга қўймай оёғимни илиқ сувга тиқиб, юва бошлади. Кейин сочиқ билан артиб, дори қўйди.

-Сен менинг қардошим, бу  эса синглинг!-деди Умуд ўзимни ноқулай ҳис қилганимни кўриб.

То оёқларим тузалгунча у мени уйида сақлади. Ҳақиқатан ҳам Умуд менинг қардошим, умр йўлдоши синглим ва бир-биридан гўзал болалари эса жиянларим эди. Унинг Қорабоғ биқинидаги Фузулий туманида яшовчи ота-онаси эса менинг ҳам ота-онам қадар меҳрибон эдилар.

Ўзбекистондан бизни ушлаш учун одам юборилганда Умуд мени икки ҳафтага Фузулий туманига, ота-онасининг уйига олиб бориб қўйди. Ўшанда Озарбайжон ва арманилар орасида уруш бораётган ва  жанглар  бу жойларга ҳам яқинлашиб қолганди. Биз кечалари отишмалар овозини эшитиб чиқардик.

Умуд мени Фузулий туманининг ҳокими Озарбайжон халқ қаҳрамони унвони олган Навҳал исмли йигит билан таништириб қўйди. У ҳолимиздан хабардор бўлиб турди. Навҳал миллати учун жонини тиккан йигит эди. Лекин Ҳайдар Алиев ҳукуматга келгач, уни қаматиб юборганини эшитиб хафа бўлдим.

Ёдгор акани эса Паноҳли деган дўсти олиб кетди. Икки ҳафтадан кейин Каримовнинг одамлари  Бокудан қайтгач, биз ҳам ўз жойимизга келдик.

Ўша кезлари Ўзбекистондан мухолифатчиларни ушлаб келиш учун Туркманистонга 2-3 марта ва Озарбайжонга ҳам 3-4 марта одам юборилган. Лекин улар доим “қўли қуруқ” қайтишган. Бизни яратганнинг кучи қўриқлаган десам лоф бўлмайди.

ЖМ

(ДАВОМИ БОР).

2 Responses

  1. Hurmatli Jahongir aka!
    Adolatni zulm ustidan qozongan g’alabasi kunida Sizni ham ushbu bayram bilan tabriklayman.
    “Fashistik mafkuralar”ning yer yuzidan supurib tashlashdagi fidokorona ishlaringizga omad tilayman.
    Hurmat bilan…

    • Самимий гапларингиз учун раҳмат…
      Аслида байрам қиладиган кун. Лекин негадир байрам қилолмайман.
      50 миллион одамнинг руҳи бошим устида чинқириб айланаётгандек…

Leave a reply to JM Cancel reply