“Конгресс кундалиги” китобидан боблар

Bаҳсларга бошлаган сўқмоқ йўл…

2005 йил. 24 Июн. Шу кунларда ҳамманинг хаёлида битта савол айланмоқда: “КАРИМОВ ҚАЧОН КЕТАДИ?”.  Кимдан хат олмайин шу савол бериларди. Лекин ёшлар бу ҳақда очиқ бир нарса ёзмас, интернетдан чўчир, баҳсдан узоқ туришга интилар эдилар. Уларни баҳсга тортиш учун  шу мавзуда бир кичик мақола ёздим. Кутилмаганда қизғин муҳокама бошланди. Баҳс кўпроқ диний мавзуга бурилди. Ўша пайтда айтилган гаплар бугун ҳам такрорланаётгани “Биз бир нуқтада музлаб қолдикми?” ёки “Бу мангу баҳсми?” деган фикрга ҳам олиб боради.

Мана ўша кичик мақола ва баҳсни ўқиб кўринг, “Кеча қаерда эдик?” ва “Бугун қаердамиз?” деган саволларга жавоб топсангиз, зора.

“КАРИМОВ ҚАЧОН КЕТАДИ?”

Андижон воқеалари ва кейинги жараёнлардан кейин жуда кўп ўқувчилар “Каримов қачон кетади?” деб сўрамоқдалар. Кўпчиликда гўё яқин кунларда жиддий бир ўзгариш бўладиган кайфият пайдо бўлган. Бу бир жиҳатдан яхши ва иккинчи жиҳатдан ёмон.

Шунинг учун яхшики, бундай кайфият Каримов режимини истамаганларни бирлаштиради. Шунинг учун ёмонки, ҳеч нарса бўлмаётганидан қаттиқ тушкунлик туғилади.

АҚШ ҳали Каримов режимига нисбатан аниқ сиёсат белгилаб олган эмас. Белгилаганда ҳам ҳали Каримовни Саддам ёки Лукашенко “курсиси”га ўтқазгунига қадар қанча сувлар оқиши керак. Ҳали ҳам АҚШда Каримовдан кейин мамлкатни ким ва қандай кучлар идора эта олиши мумкинлиги борасида кескин хулоса йўқ. Мухолифатни Каримов мамлакат ичида заифлаштиргани ва унинг сиёсий куч сифатида шаклланиши учун вақт керак деб ҳисоблашади.Бу қайси бир маънода тўғри ҳамдир.

Каримов режими мамлакатни ички низолар ва парчаланиб кетиш таҳликаси билан рўбарў қилиб қўйгани боис ҳам бундай ноаниқлик пайдо бўлиши табиий. Бугун қатағонларга қарамасдан, гарчи оз бўлсаларда радикал гуруҳлар деморатик кучларга нисбатан яхшироқ шаклланган. Бу эса Ўзбекистонда ҳам радикал гуруҳлар демократик кучларни қўлланиб, кейин уларни Эрондаги каби босиб юбориши, мамлакат издан чиқиб кетиши мумкин деган ташвишларга асос яратмоқда.

Қолаверса, Каримов яна бир марта тўнини тескари кийиб, демократия ўйини қилиб, вақтни узайтириши ҳам мумкин. Россия ўз манфаатлари йўлида Каримовни қўлланмоқда. Хитой ҳам бундан фойдаланиб қолмоқчи. БМТ ва Авропа Иттифоқи ҳам ҳали “Каримов кетиши керак!” деган нуқтага етганлари йўқ.

Шундай шароитда ўзбек демократлари нима қилишлари лозим, деган табиий савол туғилади. Улар Украина, Гуржистон, Қирғизистонда рўй берган инқилоблар жараёнидаги каби “Тамом, ана энди бизда ҳам ҳамма нарса ўзгаради” деган оний, кўзбоғловчи эйфорияларга берилмасликлари керак. Аксинча битта платформа, яъни демократияга тарафдор, диктатурага қарши ғоя атрофида бирлашиб, шошмасдан, апал-тапалллик билан хатоларга йўл қўймасдан 2007 йилги сайловни кўзлаб ҳаракат қилишлари зарур.

Бу уларнинг стратегик мақсадлари бўлиши керак. Тактик мақсадлар эса, Андижон қатлиоми юзасидан халқаро миқёсда натижага эришиш, Каримов режимининг умрини қисқартирадиган ҳар қандай демократик, сиёсий имкониятлардан фойдаланиш, режимнинг кирдикорларини фош этиб бориш, демократик партия, ҳаракатларнинг тизимларини мустаҳкамлашдан, жаҳон жамоатчилиги ва айниқса, халқимизнинг ишончини тўла қозонишдан иборат бўлиши керак.

Каримов режими тинчлик билан ҳокимиятни алмаштиришнинг ҳар қандай йўлларини бекитиб ташлаган ва ҳар қандай уриниш қон тўкилишига, зулмнинг кучайишига олиб келиши турган гап.

Шундай шароитда демократик кучлар умумий ғоя атрофида бирлашиб, фаолиятларини мувофиқлаштириб ҳаракат қилмасалар ўлим олдидан жазаваси тутган юҳонинг қурбонига айланиб кетадилар. Жаҳонгир Маматов, 24 Июн, 2005 йил.

Буни биз биламиз

Жараёнларни кузатиш, воқеаларни фаол иштирокчиси бўлган ҳар бир ўзбек демократи Каримов қачон кетади деган саволга мен биламан деб жавоб бериши мумкин.

Аслида савол сал нотўғри қўйилган, Каримов қачон кетади деб эмас, Диктатурага қачон барҳам берамиз десак тўгри бўларди менимча.

Мақолада Ироқ  ҳақида сўз юритилган.

Ушбу давлатнинг АҚШ таъсири остида қандай ҳолга келганини бутун ҳалқлари йиллаб тараққиётдан ортда қолиб кетаётганини демократик кучлар олий қадрият деб биладиган сўз ва фикр экинлиги бугун АКМ (Калашников)овози остида қолиб кетгани бирдек ҳаммага аён.

Яна АҚШ масаласида шуни аниқ биламанки бу давлат ҳеч қачон Каримовга давлати миқёсида Ироқ, ҳеч бўлмаганда Беларусчалик таъсир ўтказа олмайди. Қўшма штатларнинг Ҳонобод базаси ушбу давлатнинг минтақадаги муҳим иншооти ҳисобланар экан, АҚШ Россия билан геосиёсий ойинда ютқазиб Ўзбекистондан қувилишни ҳеч қачон ҳоҳламайди.

Радикал кучлар масаласи бугун менга Каримов режимиданда хафли кўринади, У ўзини демократ ҳисоблайди. Радикал исломчиларнинг эса қонун қоидаси бошқача. Эрондаги инқилобда асосий ролни исломий гуруҳлар ойнаган экан, ким буюртма берса ўша рақсга деганларидек бўлади.

Бизда шароит ўзгачароқ бугун ҳар бир қатағон қилинган муслим ўзини жабрланган ҳисоблар экан ўзида ҳар қандай демократдан кўра кучлироқ нафрат туяди. Ўлдирилган, қамоқдан келиб ўлган ака-укаси, фарзанди, отасини қасоси учун ёнади.

Бундан ташқари сиёсий қатағонлар ва демократик парокандалик натижасида халқни демократик етакчилари йўқ. Уламолар эса минглаб инсонларни етакловчи кучга эга бўлиб бормоқда.

Андижонда воқеаларни яқиндан кузатган холис сифатида аслида исённинг ядроси диндорлар эканлигини кузатдим. Агар воқеалар исёнчилар назарда тутгандек ривожланганда бугун биз реал ислом давлати ҳақида гапираётган бўлардик.

Кўпчилик яқинларим агар ана шу ерда автомат кўтарган экстремистлар йўқ бўлганда албатта ҳалқ қўзгаларди биз ҳам ҳалқ билан бўлардик дейишди.

Каримовнинг кетиши тарих ривожининг бир бўлаги бўлади ва албатта у ўлимга маҳкум ҳар бир Аллоҳнинг бандаси каби.

Режим эса ўзидан каттакон мерос қолдиряпти.

Бу узоқ вақт сиёсий онгсизликда ушлаб турилган ҳалқ.

Бу кўзи қонга тўлган диний мухолифат.

Бу иқтисоди талон тарож қилинган давлат.

Бу Россияда, Қозоқда хор бўлиб юрган ватандош.

Бу Сиз билан Мен – нўноқ мухолифат.

Бу минглаб турмада ётган репрессия қурбонлари.

Ана шундай тарихий қийин ва Ўзбек демократиясининг кейинги умри хафв остида турган пайтда баъзи ватандошларнинг қайсидир сиёсий етуклик ҳақида гапираётгани ҳаммага алам қилади.

Мен агар бугун демократик инқилоб бўлган тақдирда ҳам мана шу мухолифат қўлига отган ҳокимятни бошқариш агар бирлашмаганларида қийин бўлишига ва бошқа демократиянинг дўсти бўлмаган кучлар тамонидан  яксон этилиши мумкинлигини истисно этмайман.

Шундай қилиб мен саволга мана бундай жавоб бераман.

Қачон мухолифат бирлашар экан ўшанда Каримовдан ҳам, унинг режимидан ҳам ОЗОД БЎЛАМИЗ деб жавоб бераман. Эҳсон.

 МАҚСАДНИ БИЛОЛМАДИМ

Қизиқ, жуда қизиқ мақолалар…Айниқса, Эҳсонбек исмли муҳолифатдаги биродаримизнинг фикрлари…

У киши қанчалик диндорлар ўртасидаги муҳитдан хабардорлар, билмадим, лекин у кишини фикрларига ман қўшилолмайман…Ҳозир дин ва демократия ўртасидаги фарқни гапирадиган пайт эмас, буни кўтариш керак эмас дейман-у, лекин бунақа мақола чиққан экан, балки фикрларни айтиш керакдир…

1)Андижондаги воқеаларда диндорларни алоҳида кўрсатишлари нотўғри…Чунки майдонга оддий халқ чиққан эди… Аҳолининг 95 % мусулмон бўлган ҳудуд…Агар аҳоли мусулмон бўлса-ю, диний талабларни кўтариб чиқмаган бўлса, буни диний давлат қуришга интилиш деса бўладими? Бу Каримов айтаётган гап…”Агар воқеалар исёнчилар назарда тутгандек ривожланганда бугун биз реал ислом давлати ҳақида гапираётган бўлардик.” деган гап” …Улар Фарғона воҳасида халифатлик қурмоқчи эди.. ” деган гапни такрори…Бу фикрни сиз тадиқламасангиз керак?

2)Диндорлар диктаторликдан кейинги келажакдаги иккинчи хавф эмас…Агар Имом -домлаларнинг орқасидан минглаб одамлар эргашаётган бўлса, Эҳсонбек ўзларига савол берсинлар “Нима учун минглаб одамлар бу имомларнинг гапига қулоқ солаяпти? ” -, деб. Ёки ўша минглаб одамлар ахмоқ, ҳеч нарсани фарқигаа бормайдиган гўл одамлар, ёки имомларда нимадир бор эргаштирадиган…Ўзини томоғини, тинч ҳаётини ўйлаб юрган сохта имомларга 1-2 одамдан бошқа одам эргашмаяпти, ҳамма имомлар ҳам минглаб эргашувчиларига эга эмас…

3)Диндорларнинг кўзи қонга тўлган, лекин улар кимдан қасос олишни билади…Четда юрган мухолифат бундан хафвсирамаса ҳам бўлади…Тўғри келган биринчи одамдан қасос олиш уларнинг одати эмас…Баъзи диндор, илимли одамлар Ўзбекистонда диндорлардан бошқа одамлар ҳам борлигини билади ва улар билан муроса қилиш кераклигини ҳам билади…

4)Диндор одамлар сиёсатга аралшишга ҳақли одамлар…Керак бўлса ўз партияларини ҳам қуришлари керак…Ким билади эртага парламент яна “ўқиш ва иш жойларида ҳижобликлар кўринмасин” деб қолсалар…Ёки “намоз ўқиганлар иш вақтига риоя қилмаяптилар” деб қолинса…Демократик Исроилда деярли ҳамма диндорлар ҳукумат тепасида ва ҳамма диний қоидалар ҳисобга олинган ҳолда иш юритилади…

Демократик АҚШ ҳукуматида ва Парламентида християнлар бор ва ҳамма христианлик қоидалари ҳисобга олинган. Буни кўпчилик билади…Нима учун диндорлар Ўзбекистон сиёсатига аралашиши керак эмас?

Эҳсонбекнинг мақоласи қайси мақсадда чоп этилди, билмадим… Полвон.

Радикал гуруҳлар

Ассалому-алайкум Жахонгир ака. Мақолангизда келтирилган қуйидаги фикрларингизни ўз фикримни билдирмоқчиман.

«Бугун қатағонларга қарамасдан, гарчи оз бўлсаларда радикал гуруҳлар деморатик кучларга нисбатан яхшироқ шаклланган. Бу эса Ўзбекистонда ҳам радикал гуруҳлар демократик кучларни қўлланиб, кейин уларни Эрондаги каби босиб юбориши, мамлакат издан чиқиб кетиши мумкин деган ташвишларга асос яратмоқда».

Бунда кайси кучлар ҳакида айтмокчи бўлгансиз? Эронда, Америка демократик кучларни қўллаб-қуватлагани, оқибатда аксига олиб Оятулла Хумайний бошлигидаги диндорлар келганлигини, якин тарихдан хисобга оладиган бўлсак ва Ўзбекистонда ҳам шу сенарий руй бериши мумкинлиги айтмакчимисиз?

Жаҳонгир ака, агарда шундай демокчи бўлсангиз, бу фикрингизга кушила олмайман. Балким мен Сизни нотуғри тушингандирман.

«АҚШнинг Каримовга нисбатан Андижон фожиасидан кейин хам аник сиёсат белгилаб олмаганлгига, айнан Эрондаги хатосини такрорламокчи эмас»,- деб фикрлаётган бўлсангиз бу фикрга қўшиламан. АҚШ хукумати ҳақиқатан шундан кўрмокда ва хато қилмоқда.

Аммо, мен Узбекистонда шундай кучлар бор деб хисобламайман. Диний окимлар буйича камалганларнинг судларида ва улар хакида куплаб мониторинг утказдик. Шу мониторинг натижаларига кура, уларни мен Узбекистонда бир потенциал куч деб хисобламайман. Бундай потециал куч бор деб айтиш Каримов учун керак булганлигини мендан кура яхши тушинасиз.

Мен Жиззах буйича «Хизбут-Т-Тахрир» лидери билан 1999 йилда анча сухбатлашдим. Сухбатда очикдан-очик тан олдики фаолиятини бошлагандан бир оз утиб кулга тушган ва фаолиятини янада давом этдиришни у МХХ томонидан мажбур этилган. МХХ ундан копкон сифатида фойдаланганлар ва окибатда менинг хисобим буйича 50 якин копконга тушган болалар камокда озоб чекиб ётибди. Энг ачинарлиси улар орасида хатто бир мартагина хизбутчи билан бирга мачитда номозда булганлар купчиликни ташкил этади. Майли уларни бир куч деб хисобга олайлик хам, ахир уларни халкимиз кобул килмайд-ку. Тарихимизда хам шундайку. Бизни Эрон революцияси руй берган вактдаги мухит билан асло тенглаштириб булмайди.

Дустлик туманидаги Бунёдкор кишлогида 29 март куни хукук химоячиси Эгамназар Шаймановни химоя килиб 400 га якин халк, асосан ёшлар кузголон килганига якинда деярли 3 ой булади. Шу муносабат билан биз мониторинг утказдик. Мониторинг хулосаси тугриси бизни хайрон колдирди. З ой мабойнида халкка 2 йиллик ойликлар берилган. Бир миллиондан беш миллионганча «туполончи» фермерларга кридетлар берилган. 80 якин оилаларга участка ерлари берилган ва бошка куплаб узгаришлар килинган. Э. Шайманов кишлокга борса купчилик учун байрам булиб кетади. Аммо мени бошка нарса хайрон колдирмокда, яъни, кишлокдаги ёшларнинг хамжихатлиги. Бу ёшларнинг нималар килганлигини «Севишганлар фожиаси» деган маколамда хам келтирганман.

Кишлокдаги ёшлар хатто алохида гурух тузишган. Лидерлари хам бор. Улар хукук химоячисини вахшиёна урган кишиларнинг ва кишлокдаги бойларнинг руйхатитни хам килиб чикишибди. Улар якинда собик хужалик раиси Анвар Шербековни фермер хужалигидан олиб кетаятган «КАМАЗ» машинасини куппа кундуз юлга труба куйишиб, тухтатиб машинадаги барча бугдой донини талон-тараш килишган. Яна бир фермернинг еридан комбайин машинасини кувуб чикаришган, бунган карши куйилган 6 та миршабларни уриб фермер майдонидан кувиб чикаришган. Дарров ушбу гурух вакиллари билан   учрашдик. Хукук химоячиси Шаймановга «Сизни урганларни судга бермасангиз, Сизга хам яхши булмайди», -дейишди. Уларга бундай юл билан курашиш окибати яхшилик билан тугамаслигини анча тушунтиришга харакат килдик.

Бундай ноконуний харакатларни хеч ким кулламаслигини тушинтирдик. Мен дарров Дустлик туман хокимиятига кунгирок килиб халкни йигиб, биргаликда тушунтириш ишларини олиб боришни таклиф килдим. Минг афсуски, хатто эшитишни хам хохламади. Бу фожиа ахир. Жахонгир ака бунда балким учунчи кучларнинг куллари бордир деган фикирга хам бормокдаман. Бунга нима дейсиз? БАХТИЁР ҲАМРО.

 Менга қонни сув билан ювишни ўргатишган

Гап бевосита Каримовнинг качон кетиши устида борар экан, бунда биргина сабаб килиб мухолифатнинг бирлашишини ечим деб карамаган булардим. Чунки бу ерда амалга оширилиши лозим булган бошка факторлар хам бор. Уларни унутсак, гафлатда колишимиз табиий.Магарки, хатти-харакатлар мухолифатни бирлаштириш булса, максад тайин, хокимиятга чикиш!

Мен каби шу мамлакатнинг ёш бир фукаросининг истаги хокимият эмас! Мен учун мана шу улкада асл демократиянинг карор топиши. Бирок кейинги пайтларда демократия айтишганидек, ок, галстукли ва албатта,костюм-шим кийган холда намоён булмокда. Лекин вилоятларда ахвол бошкача.

Сиз Ирокдан гапирдингиз, лекин Ирок борасида хали хулоса килиш ярамайди, чунки партизан урушлари давом этмокда. Тобут ортилган самолётлар хамон АКШга томон учмокда ва умуман Ирок ёки бошка бир малакат билан Узбекистонни таккосламаслик тарафдориман…

Аввало касбий фаолиятимдан келиб чикиб, мамлакатда ОАВни ривожлантириш чораларини уйлаб топиш мухим масалалардан бири эмасмикин? Сизу бизнинг интернет оркалигина муносабага киришимизнинг интихосини куриш мушкул… наф чикишига хам тула кафолат беролмасак керак.

Менимча мухолифатнинг хукумат тепасига келиши “Кирол улди! Яшасин кирол!”дан бошкаси эмас. чунки 15 йилдан бери на аммаю, на хола булган мухолифатга бугунги халкнинг осон-осон хайрихох билдириши мубохасали мавзу.

Энди, рухсатингиз билан баъзи бир фикрларингизга муносабат билдирсам.

-Режим еса ўзидан каттакон мерос қолдиряпти.

-Бу узоқ вақт сиёсий онгсизликда ушлаб турилган ҳалқ. Фикри ожизимча, сиёсий онгсизликни факат жорий хукумат билан богламаслик лозим. Ҳакикатдан хам биз айни дамдаги хукумат ва унинг вакиллари билан узаро бахсга киришмокчи булсак, аввало, вокеликка яна-да тугрирок бахо беришимиз лозим.

-Бу кўзи қонга тўлган диний муҳолифат.

Мухолифат “диний”,”сиёсий” каби синфлантирилмаслиги керак, менимча. Мухолифат бу – мухолифат! узларини бугунги хукуматга мухолифат деб эълон килганлар уз динларига эътикодлари мустахкам булиши, бу уларнинг диний мухолифат эканликларини акс эттирмайди ва айни дамда мухолифатнинг бугунги хукуматга карши курашида диний юлдан бориши хам нохуш окибатга олиб келади ахир, окибатда,биз нимага эришамиз? На хукумату на мухолифат билан иши булмаган, бетараф булган диндор хам бемалол намозини укиёлмай колди-ку!

-Бу иқтисоди талон тарож қилинган давлат.

Бу фикрингизга кушилишим мумкин, чунки 15 йилда иктисодни бемалол тикласа буларди. Афсуски, бугунги хукумат, гарчи унинг тепасида иктисодчи одам турса-да, мамлкат иктисодини огир ахволга солиб куйди.

-Бу Россияда, Қозоқда ҳор бўлиб юрган ватандош.

-Бу Сиз билан Мен нўноқ муҳолифат.

-Бу минглаб турмада ётган репрессия қурбонлар.

Охирги бу вариантларингизга кушиламан.Менимча, Узбекистон бир пуст ташлаши керак! Лекин пустни мажбурлаб олиб ташлашимиз унчалик хам тугри юл булмаса керак. Чунки курол эвазига халкка осойишта хаётдан ваъда бериш мантиксиздир.2007 гача куч йигишга имкониятимиз бор! Унгача сабр килмай радикал харакат килинса, менимча, бошбошдоклик ниш уриши мумкин. Насроний миссионерлари уз динларининг таргиботида ислом динидан нусха кучиришган эди. Яъни, мулойимлик билан тушунтиришлар олиб боришарди. Нега биз хам шу усулни куллаб курмаймиз. Махсус гурух тузиб, Узбекистонда узимизга хайрихох тарафдорларни тупламаймиз? икки йилда жуда катта куч булишимиз тайин. Навбатдаги сайловда шундай харакат килинадики, бугунги хукумат шок холатини яшашга мажбур булади. Бир пайтлар менга отам конни сув билан ювишларини ургатишган эди… Баҳодир.

ФАРҚНИ АНГЛАМОҚ КЕРАК

Баҳодирхон, аслида бу фикрлар Жаҳонгир Маматовнинг бир мақоласи туфайли туғилган эди  шуни бошкаларга хам жунатдим жавобларингизни укиб фикрларимиз орасида жиддий фарк юклигини курдим лекин фикр фикрни уйготар экан…Бугун ватандошларнинг холатимизга беэътибор эмаслиги хаммамизни кувонтиради.

Фикрларигизни укиб туриб Бехбудийнинг “Хак олинур, берилмас” деган пур хикмат сузлари ёдимга тушди. Агар ушбу инсоннинг хикматини магзини чаксангиз хакикат хеч качон куш куллаб  бериб куйилмайди балки уни куч билан тортиб олинади. Бугун халкнинг озодлиги, эркинлиги, хукуклари олиб куйилган экан уни албатта куч билан ушлаб турилганини куриш мумкин.

Буни сунги вокеалар хам аввалгилари хам тасдикламокда. Шундай экан озодликн олиб куйилганлигини эътироф этган хар бир эркин фикр сохиби уни кайтариб олишга хакки бор. Инсон хукукларига риоя килиш, эркин суз ва эътикод масалаларида мен демократия одатлари, кайсидир декларацияда  ёки конвенция,  конституцияда шундай ёзилгани учун унга амал килиши керак деб деб хисобламайман балки шундай инсонийлик содда килиб айтганда одамгарчилик учун амал килиниши керак деб хисоблайман.

Агар юкоридаги сузларимни инкор килмасангиз, уз хохишимиз  билан бугун шу боткокда ётибмиз демасангиз, эркинлигимиз куч билан кафасда ушлаб турилганига ишонсангиз манимча режимни факат куч билан яъни намойиш ва митинглар юли билан қулатишимиз мумкинлигига хам ишонишингизга шубхам юк.

“Мен каби шу мамлакатнинг ёш бир фукаросининг истаги хокимият эмас! Мен учун мана шу улкада асл демократиянинг карор топиши.” Ушбу фикрларингизга тулик кушиламан кимдир мен хокимятга эришиш учун мухолифатчи булдим деса хато килади. (Улар Н.Бонапартнинг инкилобчилар хакидаги фикрларидан бехабар зотлар) Лекин шуниси борки хозирги хукуматга даъвогарлар орасида факатгина хориждаги мухолифатчилар сиз айтган демократияни ваъда килмокдалар. Бошкалар хакида гапирмай оддийгина “Серкуёш Узбекистоним” коалицияси хозирги шароитда демократия хакида гапириш эрта эканлигини даъво килмокдалар.

Вилоятлар масаласида мен хам вилоятликман, вазият сиз айтгандан хам ёмонрок. Лекин биз террорист эмасмизки кимдандир айникса халкдан чучигани миллатнинг орзу умиди хакки ва хукуки, эркинлиги учун курашаётган инсонларни узбеклар кулламайди десак хато килган булардик.

Ирокда хамон партизанлик уруши давом этаётгани хакида жуда тугри аслида террор хам партизанликнинг бир куриниши тенгсиз кушинга бир усул билан кураш. Лекин бу Ирокда партизанлик уруши хеч кимнинг галабаси булмаганидек, тобутларнинг америкага учиши хам хеч кмни хурсанд килмаса керак.

Ирокни нима учун таккосладим, Ирокдаги сингари партизанлик кураши Узбекистонни кутиб турган хавф булиши мумкин сабаби кундан кунга кучайиб бораётган экстремистик куларни эртага халк хам куллаши мумкинку!

Андижондаги турмага бостириб кириш каби йирик харакат хали хеч каерда кузатилмаганди. Бу хўрланган ва мол мулки талон тарож килинаётган ва экстремистлашаётган кучларнинг бугунги салохиятига бахо беришга етарли эмасмикан.

“Мухолифат “диний”, “сиёсий” каби синфлантирилмаслиги керак, менимча мухолифат бу – мухолифат! Ўзларини бугунги хукуматга мухолифат деб эълон килганлар уз динларига эътикодлари мустахкам булиши, бу уларнинг диний мухолифат эканликларини акс эттирмайди. Ва айни дамда мухолифатнинг бугунги хукуматга карши курашида диний йўлдан бориши хам нохуш окибатга олиб келади. Ахир, окибатда, биз нимага эришамиз? На хукумату на мухолифат билан иши булмаган, бетараф булган диндор хам бемалол намозини укиёлмай колди-ку!”

Фикрларингиздаги мана бу сизнинг сузларингиз узингизга жавоб булади деб умид киламан. “бугунги хукуматга карши курашида диний йўлдан бориши хам нохуш окибатга олиб келади”.

Диндор булиш бошка, хокимиятга динни дастак килиб сиёсий хокимятга интилиш бошка, бунинг фаркини содда килиб Жахонгир Мухаммад хам диндор, Тохир Юлдош хам диндор, дегандек гап, шундай тушунтирган булардим. Лекин бу икки шахснинг фикрларидаги фаркни солиштириш узи катта тасаввур талаб килади.

Манимча мухолифатни эртага халк куллаши хакидаги фикрингизга жавоб бердим. Махсус гурух хакида оддий макол ошинг халол булса кучада е шунга амал килиб сиз ва мен каби инсонлар хар доим судларда айтиладигандек хакикатни ва яна хакикатни сузласа махфий гурухларга хожат булмайди. Нима учун жорий хукумат НҲТ ни ёмон куради сабаби оддий улар хаётга узгача фикрлашни ургатади.

2007 йилдаги сайловга заррача ишонмасамда лекин бир шоир айтгандек охирги дакикаларгача умид килмаган ким бор. Эҳсон.

Диндор учун энг яхши жой демократик давлат

Менинг мақоламга жавобан ёзилган “Мақсадни билолмадим” мақоласини жўнатилган куни ололмадим, сабаби сайтга қўйилган блок бунга имкон бермади. Ҳозирда йўлини қилиб хабардор бўлдим. Жавобга кечикканимнинг сабаби мана шу билан боғлиқ.

Ўзбекистондаги ҳозирги ОАВ учун шароит ҳаммага аён бўгани ҳолда www да баҳсга киришар эканмиз, масалага ҳар тамондан назар солиш халақит қилмайди. Буни “Биз биламиз”даги фикрларга бир дўстимизнинг мулоҳазаларига жавобимда баҳс юритилаётган мавзу бўйича мақсадларимизни аниқлаштиган эдим.

Мақолада Андижондаги воқеаларда оддий диндорлар асосий фигура бўлганлиги рост. Буни минтақамиздаги хоҳлаган жойида бўлган, бўлаётган намойишларга ҳам ишлатиш мумкин.

Шуни яхши англаб олмоғимиз лозим-диний эркинлик учун талаб бошқа, динни дастак қилиб сиёсий интилиш бошқа. Андижондаги воқеаларда шуларнинг ҳар иккаласи талаб қилинди. Лекин қайси йўл билан.  Воқеаларда асосий рол ўйнаган қуролли гуруҳ тан олиш керак,  яхши қуролланган тўда эди.

Кимдир бошқа фикрдадир мен воқеаларни ўз кўзи билан кўрган гувоҳ сифатида тўла ишонч билан айта оламанки, тунда кўчага қўлида қурол кўтариб чиққан одамлар демократ эмасди. Бу ҳаёт ҳақиқати, тан олмасдан бошқа иложимиз йўқ. Улар маҳаллий милитсия билан тил  бириктиргани ҳақида бугун бемалол гапириш мумкин. Акрамийларнинг пировард мақсади ислом ҳалифати эмасми.

Ўша жойда тинч митинг иштирокчилари инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида гапиришди, лекин асл мақсад Каримов олдига қўйилган талабда аён бўлдику.

Яна шуни яхши биламанки, инсон ҳуқуқи ҳимоячиси собиқ милисия ҳодими Ортиқ исмли шахсни халқнинг кўзини олдида отиб ташланиши менимча кўпчиликка малум эмас.

Яна шуни яхши биламанки, Бобур ҳайкали тагида нутқ сўзлаганларни кўпчилиги диний эркинликлар ҳақида эмас, иқтисодий қийинчиликлар ҳақида нутқ сўзлади. Бу шуни англатадики бу жойда қуролли гуруҳ ва намойишчилар ўртасида тушунмовчилик бўлди. Майдонда турган ёшларнинг қайси бири Ислом халифалиги тарафдори бўлиши мумкин?

Мен Жаҳонгир аканинг диндорлар учун энг яхши жой 911 (АҚШ) эканлиги ҳақидаги фикрига 100% қўшиламан. Сиз менимча диндор билан экстермист-радикал исломчилар фарқини чалкаштириб юборяпсиз. Мен хавфсираётган нарса маҳалламиздаги имом домламиз эмас буни ўзингиз биласиз. Шунчаки факт учун айтаяпнман майдонда айни намойиш пайтида, жума намозида шаҳардаги масжид имомлари “акрамийлар адашганлар” эканлиги уқтиришган эди.

Мен назарда тутган радикал исломийлар ўзига ислом давлат қуришни мақсад қилар экан сиз билан бизга у ерда демократия ҳақида гапиришга ҳаққимиз бўладими?

Мана шу ерда мухолифатни ўрнини такидламоқ лозимки, омма сиёсий талабини бугун дин орқали қондирмоқчи. Мухолифатни ўрни эса қаердалиги номалум бўлиб қолмоқда.

Четда юрган мухолифат ҳақида. Мухолифат қаерда бўлмасин мухолифат, сабабки, улар ҳам бошқалар каби ювиндихўрлик қилиши мумкин эди-ку!

Муроса қилиш масаласида, қўлида автомат кўтарган террорчиларнинг қайси бири билан ким муроса қилади?

Яхши билайлик, воқеаларни  илмли уламо эмас, Андижондаги мол-мулки талон тарож қилинган бир гуруҳ аламзадалар содир этди. Келишув масаласида тўлароқ малумот учун Эрон тарихига ва бугунига қаранг.

Мен шахсан демократ сифатида сиёсий интилишларини дин орқали амалга оширишга интилаётган ҳар қандай гуруҳни қоралайман.

Дунёдаги энг катта урушлар ва низолар диний ва миллий асосда вужудага келар экан, ислом давлатида виждон эркинлигига риоя қилинишига заррача ҳам ишонмайман.

Охирги сўзларингизга яна бир бор диндор учун энг яхши жой демократик давлат деб жавоб бераман.

Андижон воқеаларида минглаб одамлар отиб ташланди буни қоралайман ва қотилларни лаънатлар эканман бу ҳолат инсоннинг нозик туйғулари иймон ва эътиқодидан фойдаланиб кимга қарши бўлса, ҳам динни дастак қилиб ҳокимятга интилишини қоралайман.

Агар эртага кимдир ислом халифалиги қуруш талаби билан қўлида қурол кўтариб чиқар экан, мен инсон ҳуқуқи ва эркинлигининг таъминоти  учун ҳам уларга қарши курашаман. Эҳсон.

Келинглар, холис бўлайлик…

“Каримов қачон кетади?” номли баҳс ҳали ҳам давом этаётган екан, бу баҳсни имкон қадар фойдали томонга буриш ва шу баҳс асносида бирлашган мухолифат вакиллари учун , ҳамда  озодликталаб халқ учун манфаати тегадиган фикрларни ўртага олиб чиқиш мақсадга мувофиқ иш бўларди…Катта қийинчиликлар билан бугун мухолифатдагилар бир-бирларининг фикрларини ешитиб турибдилар, уларни яна гуруҳларга бўлиш ва  қайта-қайта урғу бериш бу мақсадга тўгри келмайди…

Мен демократ эмасман. Ўзининг эътиқодини ҳурмат қиладиган ва бошқаларнинг ҳам фикрларини ҳурмат қиладиган диндор одамман. Шу жумладан демоктарларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қиламан ва демократияни анчагина камчиликларга  ега бўлган тизим деб биламан…

Ҳозир Ўзбекистонда диний, шаръий давлат қуришни  вақти эмас деб билсамда, келажакдаги ҳукуматнинг таркибида диндорларнинг иштирок этишини қатъий ҳимоя қиламан. Сиз ҳоҳлайсизми ёки йўқми халқнинг сиёсий актив қисмида диндорлар мавжуд ва уларнинг Ўзбекистон сиёсатига аралашишлари уларнинг инсоний ҳуқуқлари. Буни демократияга ҳам қарши жойи йўқ. Миллати, дини, ирқидан қатъий назар халқ бошқарувида қатнашиши ҳар бир фуқоронинг ҳақ-ҳуқуқидир.

Холислик-ҳеч қайси томонларга ён босмасдан, воқеани қандай содир бўлган бўлса шундайлигича қабул қилишлик, ўз манфаатларига қарши бўлсада ҳақиқатни тан олишликдир.

Холислик билан адолат юзага келади. Холислик билан баҳс-мунозаралар манфаат топади…

Келинглар, ушбу баҳсда ҳам  холислик  асосий мезон бўлсин…

Қуйида Эҳсонбек биродаримизнинг баъзи фикрларига мен ўз муносабатимни билдирмоқчиман:

Андижон воқеаларида диндорларни айблаш  билан Каримов режими ўзининг қилган ишларини оқлашга ҳакат қилиб келди ва бугун ҳам шу фикрда турибди. Бутун дунёга “экстримизм ва терроризм билан курашаяпмиз”,- деб жар солаяпти. Еҳсонбек биродаримиз “Биз биламиз” номли мақолаларида “Агар воқеалар исёнчилар назарда тутгандек ривожланганда бугун биз реал ислом давлати ҳақида гапираётган бўлардик”,- деган фикрни айтган эдилар. Биз эътироз билдирган эдик. Чунки юқоридаги гап “Яхшиямки Каримов уларни тўхтатди” деган маънони берарди. Биз диндорларни алоҳида таъкидламасликни сўраган эдик. Лекин тирик гувоҳ сифатида яна диндорларга урғу берибдилар.

Мен Эҳсонбекка савол бермоқчиман.

1) Тақсир, сиз:”Кўпчилик яқинларим агар ана шу ерда автомат кўтарган экстремистлар йўқ бўлганда албатта ҳалқ қўзғаларди биз ҳам ҳалқ билан бўлардик дейишди”, – деяпсиз. Хўп, халқни Бобур хиёбонига чиққанини ўзи халқни қўзғолгани эмасми? Ўша халқ сиз айтаётган диндорларни ҳимоя қилиш учун келган одамлар эмасмиди? Уларни иш билан таъминлаган одамлар экстримистлар эдими?

2) Сиз айтаяпсизки: “Шуни яхши англаб олмоғимиз лозим-диний эркинлик учун талаб бошқа, динни дастак қилиб сиёсий иунтилиш бошқа. ”Андижондаги воқеаларда шуларнинг ҳар иккаласи талаб қилинди. Лекин қайси йўл билан.  Воқеаларда асосий рол ўйнаган қуролли гуруҳ тан олиш керак,  яхши қуролланган тўда эди” .

Журналист ва “Уруш ва Тинчлик” Халқаро ташкилотининг Тошкент бўлими директори Галима Бухарбаева ва бир қанча журналистлар ўша жойда бўлган ва воқеаларни кузатган холис инсонлар.  Журналистлар Бобур майдонида ҳам бўлган, ҳокимият биноси ичида ҳам бўлиб , ишончиларни бошлиқлари билан ҳам учрашган, лекин уларнинг айтишларича: ҳеч қанақа диний талаблар қўйилмаган. Ҳеч қанақа “Аллоҳу Акбар” садолари ҳам янграмаган экан. Қолаверса кечаси турмага хужум қилган инсонлар ҳам исломий экстримистлар нари турсин, оддий фуқоролар эканлиги ҳаммада шубҳа  уйғотаяпти. Бунга бир қанча далиллар бор.  Сиз ҳам бунда ҳукуматни қўли борлигини инкор этмаяпсиз…Келинглар, холис бўлайлик, Андижон воқеаларида қанчалик исломий экстримистлар иштирок этган?

3) “Акрамийларнинг пировард мақсади ислом ҳалифати эмасми?”.

Мана сиз Жаҳонгир аканинг кўпгина фикрларини тасдиқлайсиз ва гапларингизда илова қиласиз. Айтингчи , Жаҳонгир аканинг фикрини тасдиқловчи  ҳамма  одамларни жамлаб:

”Сизлар битта уюшган гуруҳсизлар” десак тўғри гапирган бўламизми??

4)”Яна шуни яхши биламанки, Бобур ҳайкали тагида нутқ сўзлаганларни кўпчилиги диний эркинликлар ҳақида эмас, иқтисодий қийинчиликлар ҳақида нутқ сўзлади.” Саломат бўлинг , биз ҳам шунақа демоқчимиз…

“Бу шуни англатадики бу жойда қуролли гуруҳ ва намойишчилар ўртасида тушунмовчилик бўлди.” Яъни биргалашиб иш олиб боришган ва кейин бир-бирини тушунмай қолган демоқчисиз-да? Бу тушунмовчилик ҳақида гапираётган биринчи одамсиз…

“Майдонда турган ёшларнинг қайси бири ислом халифалиги тарафдори бўлиши мумкин?” . Биз  ҳам шуни айтаяпмиз. Ҳамма иқтисодий муаммоларга кўмилиб ётган пайтда, кимга  ҳалифалик керак?

5) “Мен назарда тутган радикал исломийлар ўзига ислом давлат қуришни мақсад қилар екан сиз билан бизга у йерда демократия ҳақида гапиришга ҳаққимиз бўладими?”

Битта олтин қоида бор. Агар бирор нарсага тўсқинлик қилинса, у яширинча ҳолда давом этади. Диний ҳаракат ҳам шундай. Агар диндорларга партия тузишга ва  сайловларда иштирок этишга имкон берилса, уларда радикаллик руҳи қолмайди. “Диндор гуруҳларнинг фаолиятини шаффофлаштириш керак” деган фикрларга  мен қўшиламан. Мен аввалги гапларимда  диндорларни сиёсатга аралашувига имкон бериш ҳақида гапирган эдим, лекин халифалик ёки исломий давлат қуриш ҳақида гапирмаган эдим. Демократия нима ўзи? Ҳукуматни халқ томонидан бошқаруви. Бунда ҳамма фуқороларнинг иштирок этиш ҳуқуқи бор, нима учун мусулмон диндорлар иштирок этмасин…

Илгари АҚШда қора танлилар сайлаш ҳуқуқига эга эмасдилар.Курашлар уларга бу ҳақни олиб берди. Ҳуқуқлар оёқ-ости қилинар экан талаб қилиш давом этади…Худди шундай , диний оқимларга сиёсатга йўл берилмас экан, улар яширинча усулда иш олиб боришади. Енгиб чиқса унда кўрасиз, нима бўлишини…

Холислик нуқтаи назаридан айтиш керак, Ўзбекистонда радикал қарашдаги кичкина гуруҳлар бор, сиз айтаётгандек урғу бериладиган даражадаги катта кучга эга эмаслар…лекин улар йирик уламолар таъсирида ҳам эмаслар. Агар юртимиздаги йирик уламоларнинг фаолиятларига қаршилик қилинмаганда хар-хил гуруҳлар юзага келмасди… . Лекин ҳозирги Каримов режими Катта уламоларни сиқиб,  Ҳизбут Таҳрирга ўхшаган гуруҳларни кенгайишига йўл очиб бераяпти.

6)“ислом давлатида виждон эркинлигига риоя қилинишига заррача ҳам ишонмайман.”

Бунга ишониш учун сиз дин тарихига яхшилаб назар солинг. Кейин холисона баъҳо беринг. Хўп, ислом давлати инсониятга нима берди?

1.Байтул мол ташкил қилиб, уни халқ манфаати учун ишлатишни йўлга қўйди.

2.Давлатни маслаҳат усулида бошқарилишни йўлга қўйди. Мажлисул шўро дейилади.

3.Биринчи умумий даволанадиган жойни ташкил этди. Ҳозир  касалхона дейилади.

4.Ҳар бир шаҳарда умумий аҳоли учун текин кутубхона ташкил этди.

5.Умумий ювуниш жойларини ташкил этди, ҳалигача шу нарса учун Европа миннатдор.

6.Ёш болалик оналарга доимий ёрдам пулини беришни ташкил этди.

7.Қариб қолган одамларга ойлик доимий нафақа берилишини йўлга қўйди…

Бу рўйхат анча давом этади. Мен битта сўз билан, жамиятни адолат билан бошқаришни  йўлга қўйди дейман…

7) “Охирги сўзларингизга яна бир бор диндор учун энг яхши жой демократик давлат деб жавоб бераман.”

Холислик юзасидан айтиш керак, ҳа, ривожланган давлатларда диндорлар эркин ибодат қилаяптилар. Лекин халқни фикри ўзгарса, тўгрироғи парламентдаги одамларнинг фикри ўзгарса вазият тезда ўзгариши мумкин экан… ҳуқуқлар топталаверар экан… Сиз Франсияда бўлаётган воқеаларни, Германияда бўлаётган вақеаларни ва Туркияда бўлаётган воқеаларни қандай баҳолайсиз? Булар демократик мамлакатлар. Лекин муслима қизлар ўқишга ҳижобда киролмайдилар. Бу нимаси? Эркин таълим олиш уларни ҳуқуқлари-ку?? Демократия шароитида виждон эркинлиги тўсилмаяптими?

Барчамизни Аллоҳ Ўз ҳидоятига бошласин… Полвон.

Мана “Кеча қаерда эдик?” ва “Бугун қаердамиз?” деган саволларга жавоб топдингизми, йўқми билмайман.

Лекин ўзбек интернет сайтлари оммалашмаган ва ватандошларимиз очиқ фикр айтишда ҳали ҳассос бўлмаган бир пайтда бу муҳим воқеа эди. Қолаверса, биз эркин фикр айтиш учун 2001 йилдан бери юритган сайтлар баҳс минбарига айланганини кўрсатувчи учқундир бу. Бошқача айтганда катта баҳсларга томон бошлаган сўқмоқ йўл…

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: