ХАЛҚ ЭМАС, ДИКТАТУРА АЙБДОР!
САВОЛ: Халқимиз нега бунча тебранмас бўлиб қолди? (ИСМСИЗ).
ЖАВОБ: Бундан бир неча йил олдин диктатура фитрати ҳақида ёзганимда, бу режим берадиган “маҳсулот”лардан бири халқни лоқайд этиши ва жамиятни маънан бузиши эканлигини айтгандим. Назаримда шу нуқтага келганга ўхшаймиз. Яъни диктатура ўз мақсадига эришгани бугунги чиқишларда ҳам кўзга ташланмоқда.
Бундай шароитда миршабдан бошлаб ўқитувчига, ҳокимият идорасидаги ходимдан бошлаб мамлакат ичидаги режим мухолифига қадар ҳаммадан бир нуқс топиш қийин эмас. Уларни бефарқликда ёки маънан бузилганликда айблаш ҳам осон.
Режимни ўзгартириб бериши керак дея бутун халқни айблаш ўзимиз ҳам диктатуранинг қармоғига илина бошлаганимиздан дарак бўлади.
Ҳатто чет элдаги дўстларимиз ҳам халқ Каримовни йиқитиб беришидан умидвор.
Ҳар доим режимларни халқнинг жуда кичик бир қисми, шу режимга мухолиф бўлган зиёли қисми ўзгартирган.
Лекин диктатура режими кучайгандан кучайиб ана шундай иддаодагиларни ҳам умумий карвонга солди.
Андижон воқеаларидан беш кун олдинги радио мулоқотида халқ кўчаларга чиқса, режим бостиради, отади, танклар билан мажақлайди дегандим. Андижон қатлиоми бу гапни исботлади.
У ҳолда нима қилиш керак? Йўллар битмагани ва диктатурани қон тўкмасдан ағдариш мумкинлиги ҳақида эса, бир муддат олдин ёзган эдим.
Одамларнинг бузилиб кетганидан шикоят қилаётган дўстларимга эса шуни эслатмоқчиман. Демократия бу халқ бошқарувидир. Бу режим пайтида халқнинг ўзи жамиятни бошқаради.
Дунёнинг ҳамма жойида одамликни унутган миршаблар ва бошқа мансабдорларни топиш мумкин. Ҳатто Америкада ҳам маҳбусларни қийнайдиган миршаблар чиқиб туради. Аммо жамият уларни жамиятберун қилади, жазолайди, тарбиялайди. Диктатурада эса бундай одамлар рағбатлантирилади.
Бу билан зеҳниятимизда ҳам иллатлар йўқ демоқчи эмасман. Ошиб тошиб ётибди. Уларни даволаш учун демократик замин зарур.
Бугун Ўзбекистондаги вазиятга қараб одамларга раҳмим келади. Улар ёппасига диктатуранинг қурбонига айланмоқдалар. Диктатура тарқатган ва тарқатаётган “эпидемия”лардан қочиш, сақланиш жуда қийин. Бундан қутулишнинг уддасидан чиқа олганлар қолганларни ҳам қутқариш учун даво топишлари керак.
Бугун кўпроқ ана шу ҳақда гапиришимиз лозимга ўхшайди.
ЖМ.
Filed under: Kundalik, Savol-Javob |
Leave a Reply