Сиёсат жуда мураккаб ўйин
САВОЛ: Америка бошчилигида Европа давлатларининг бош мақсади исломга/ислом давлатларининг бирлашмаслигига қаратилган. Исломни ўзларига энг катта хавф деб билишади. Олиб бораётган уруш сиёсати ортида фақатгина ўз манфаатлари ётади(нефт,ресурслар,стратегик жойлашув). Ва ўзида ядро қуроллар бўла туриб, бошқаларнинг ички сиёсатига аралашишини қандай тушунтирасиз. Патриотизмни четга суриб, хаққоний жавоб берсангиз. Хитойнинг бир маромда, ишонч билан ривожланишини ҳисобга олсак, тез орада дунёга ўз сўзини ўтказиши эҳтимоли қанчалик. (Шавкат Муҳаммад).
ЖАВОБ: Битта савол ичига бешта саволни “зип”лаганингиз учун “давнлод” қилгандан кейин уларни ”опен”лаштириб, алоҳида файлларга бўлиб мухтсар (Акс тақдирда бу масалаларга жавоб битта китобга ҳам сиғмайди) жавоб қилмоқчиман. Бу сизнинг менга жуда ҳам ёққан ҳажв ёзиш услибингиздегидек кириш қисми эди.
Энди жиддий.
“Америка бошчилигида Европа давлатларининг бош мақсади исломга/ислом давлатларининг бирлашмаслигига қаратилган. Исломни ўзларига энг катта хавф деб билишади.”
Мен бундай деб ҳисобламайман. Дунёда мафкуравий кураш доим бўлган ва бугун ҳам бор, Бундан кейин ҳам асло тўхтамайди. Шунинг учун доим ўртада информацион жанг мавжуд. Илгарилари бу варақалар, китоблар ва маърузалар ҳолида бўлса, бугунга келиб қирралари технология жабҳасини ўз ичига олиб, кўпайиб кетди. Уни тушиниш ва ажратиб олиш жуда қийин.
Россия ёки Хитойда, Саудия ёки Покистонда ёхуд шу каби бошқа бир ўлкада яшасангиз истасангиз истамасангиз Америкага қарши бўлиб қоласиз. Ҳар кун, ҳар соатда шунақанги ишонарли, инкор этиш жуда қийин маълумотлар билан миянгизга информация қуйиладики, сиз барибир қисман бўлсада бунга ишонасиз.
Масалан дунёнинг бир қанча жойларида миллионлаб одамлар 2001 йилда Нью Йоркда юз берган воқеаларни АҚШнинг ўзи уюштирган деб ишонадилар. Уларнинг орасида бармоқ билан санарли бўлсада ҳатто америкаликлар(идеологик мафкура “қилич”лари) ҳам бор. Уларга ачинаман. Чунки улар манипуляция қурбонидирлар.
Бундай дея олиш учун Американинг ички сиёсатини билиш керак. Америка бу Россия ёки Ўзбекистон эмаски бир кишининг буйруғи билан қандайдир сирли ишлар қилиниб, бу сирлигича қолсин. Бу ерда икки партия мансублари доим бир-бирларининг “тагларини ковлайдилар” ва агар сирли бир иш қилинса бу уларга рақибларини сиёсий саҳнадан кетказиш учун миллион тонна олтиндан ҳам азиз нарса бўлади. Бушнинг ёлғонлари фош қилингани каби.
Агар Америкада асосий халқ ва асосий куч исломга қарши бўлганда Обамани сайлашмас эди. Бундан 15-20 йил олдин исломнинг энг яқин дўсти ва ҳимоячиси Америка эди. Лекин бугун исломий радикал кучларга қарши курашга Американи унинг халқи эмас, балки ўша кучларнинг ўзлари мажбур қилдилар ва қилмоқдалар.
Америка мономиллат – монохалқдан иборат эмас. Америка ўз ватанидан турли сабаблар билан қувилган, бадарға этилган инсонларнинг ватани. Бу ерда ҳамма мамлакатлардан миллионлаб одамлар бор ва Американинг манфаати бутун дунёнинг манфаати деган тушунчанинг асоси мана шундадир. Чунки бу ерда яшаётган олти миллион мусулмон дунёдаги бошқа мусулмонларга ёмонликни раво кўрмаганидек, миллионлаб хитой, покистон, ҳиндистону фарангистонликлар ва аҳолининг қарийб ярмини ташкил қиладиган испанлар ҳам қаеридадир ўзларининг яқинлари яшайдиган дунё учун тинчликни истайдилар.
Ҳа, энди катта бойлар, катта индустриялар, уларнинг моддий манфаатлари бор ва бу бошқа масала. Уларга кимдир қўғирчоқ бўлса, бу ўша қўғирчоқнинг фожиасидир. Айни пайтда Американинг жуда катта бойлиги арабларнинг қўлида эканлиги ҳам факт.
“Ва ўзида ядро қуроллар бўла туриб, бошқаларнинг ички сиёсатига аралашишини қандай тушунтирасиз”
Нега Покистонга қаршилик қилмаганди? Чунки у ерда ҳокимият битта ожиз қўлда эмас.
Эрон масаласида мен ҳам қаршиман. Чунки бутун Эрон бойликларини аллақачон ўз бойлигига айлантирган бир неча мулла оиласи Ер куррасини ўз ўқидан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас. Улар билан Каримовнинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Андижон воқеаси каби бир ҳодиса юз бериб муллалар ҳокимиятни бой беришга кўзлари етиб қолса, улар бутун дунёни йўқотиб юборишдан қайтмайдилар.
Бошқаларнинг ички сиёсатига аралашмаслик керак бўлса, у ҳолда нега дунё Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволидан кўз юммоқда деб айтамиз. Худо битта, Ер курраси битта ва ҳар бир мусулмон бошқа мусулмонни биродарим дегани каби дунёдаги ҳар бир инсон бир-бири учун биродар ва хатарли кезда уни ҳимоя қилиши керак.
Каримовнинг манфаати ўз тахтини ҳимоя қилиш ва Американинг манфаати бутун дунёда тинчлик бўлишидир. Бу унинг бутун дунё халқларидан ташкил топган кучли қудрат бўлганидан келиб чиқадиган йўлидир.
“Патриотизмни четга суриб, хаққоний жавоб берсангиз”.
Патриотизм деганда ўзбекчасиними ёки америкачасиними назарда тутгансиз билмайман. Америкада ҳар қандай ёлғонни очиб ташлаш ва қўрқмаслик патриотизмдир. Бу дунёда баъзан “булар ўз сирини ўзи очиб ташламоқда” деган кулгига ҳам сабаб бўлади.
Ўзбекчаси эса ўзингиз биладиган патриотизмдир. Мен ўзбекча патриотизмдан жуда узоқман. Кўнглимда нима бўлса шуни айтаман. Бу хато бўлиши мумкин. Лекин бу менинг фикрим ва менинг мулкимдир.
Шунинг учун ҳам Америкага келиб қолганман (:D).
“Хитойнинг бир маромда, ишонч билан ривожланишини ҳисобга олсак, тез орада дунёга ўз сўзини ўтказиши эҳтимоли қанчалик.”
Хитой бугун катта кучга айланган ва дунёга ўз сўзини ўтказишга уринмоқда. Агар Американинг ролини Хитой олса ана унда кўрасиз томошани. Лекин Хитой иқтисодда эркинлик бермоқда халқига. Худди мана шу нарса узоқ келажакда Хитойни парчалайди. Қолаверса, Хитой иқтисоди Америкага ичдан боғланиб қолган ва бир кун Америка у ердан оёғини тортиб олса, ҳар икки томоннинг дунёси алғов-далғов бўлиб кетади.
Хулоса шуки, агар уйингизда битта олма дарахти бўлиб, унинг ўн дона ҳосили бўлса, Америка мен шуни қўриқлаб бераман ва биттаси доимийга меники, қолгани сеники дейди. Россия, Хитой ва бошқа суперсимон кучлар эса, тўққизтаси меники, биттаси сеники дейди. Қолганларнинг танловдан бошқа чоралари йўқ.
Кейинги 50 йилдирки, дунёда учинчи жаҳон уруши бормоқда. Бу информацион урушдир. Бу уруш биринчи ва иккинчи жаҳон урушларидан узоқ давом қилмоқда ва кўпроқ талафот билан тугаши мумкин.
Манимча, бу талафот Ер куррасини зарраларга айлантириб юбормаслиги учун тадбир олиш дунё мамлакатларининг зиёли қатламидан тузилган Американинг зиммасига тушади. Бу эса осон иш эмас.
Кўрдингизми бу жуда катта сиёсат ва мураккаб ўйиндир. Бир кун юзма-юза гаплашсак, бу ҳақда соатлаб фикр алмашамиз ва ўшанда бир-биримизни аниқроқ тушунишимиз мумкин.
ЖМ.
Filed under: Kundalik, Savol-Javob |
Leave a Reply