Мустақил журналистиканинг ўзи йўқ
САВОЛ: Кимларни мустақил журналистлар деб айта оласиз ва қайси нашрлар мустақилдир?(Комил).
ЖАВОБ: Журналистика ҳеч қачон мустақил бўлмаган. Чунки инсониятнинг қарийб ҳаммаси мустақилликдан кўра тобелика мойилдир. Бу унинг фитратига жо этилган туйғу. Жуда оз одамлар борки, улар тобе эмас, балки бошқарувчилардир. Лекин улар ҳам барибир ўз яратувчисига, қандайдир мафкурага, қандайдир кучга бўйсунадилар.
Бирор бир динга мансуб шахслар ёки гуруҳлар томонидан бошқариладиган журналистика ҳеч қачон ўша динга қарши бош кўтармайди.
Бирор мафкурага оид журналистика ҳеч қачон бошқа мафкурани қўлламайди.
Бирор куч томонидан яратилган журналистика ҳеч қачон бошқа кучнинг қуролига айланмайди. Мумкин, лекин ўлади, ўлдирилади, йўқотилади.
Бугун дунёнинг барча матбуот воситалари кимларгадир хизмат қилади-мустақил эмас. Улар “Бизнинг вазифамиз ҳақиқатни ҳимоя қилиш, ҳақиқатни айтиш, борни бор ҳолича кўрсатиш” деб айтадилар. Бу уларнинг маскаси. Бу маскани уларга тепаларидаги кучлар кийгизган. Журналистлар ана шу масканинг остида ишлашга мажбурлар.
Мустақилликни даъво қиладиган дунё бўйлаб машҳур CNN телеканалида Рик Санчез деган журналист ишларди. Талантли, қобилияти зўр эди. Лекин кунига минг марта ўзининг мустақил эканлигини урғуларди. Бир кун нима бўлди-ю, CNN раҳбарларини танқид қилиб қўйди. Ўша кун ишдан ҳайдалди. Шундан бери дом-дараксиз. Кейинги 20 йилда хорижда яшаб бундай мисолларни жуда кўп ва жуда кўп кўрдим.
Хаёлингиздан интернет чиқиши билан мустақил журналистика пайдо бўлдику деган гап кечиб тургани аниқ. Йўқ, мустақил бўлган эмас. Интернет ҳам ТВ ва газеталар каби катта пулдорларнинг қўлида. Пул бермасангиз жой беришмайди. Сизни алдаб, ўзларига ўргатиш учун вақтинча жой беришади, лекин маълум бир нуқтага етгандан кейин сизни жиловлаб олишади ва ўз йўлларида қулга айлантиришади. Интернетда очилган сайтлар ҳам мустақил эмас. Қайси бир гуруҳ, оқим… ёки шахсга оид. Ўзига ёқмаган ёки ўзига қарши бўлса ёзмайди, чиқармайди. Баъзан ўқувчини алдаш учун ўйинлар қилинади. Бу энди оми ўқувчилар учун.
Аслида эса мустақил журналистика ва мустақил журналист йўқ. Чунки ҳар қандай журналист ҳам шу дунёнинг, шу муҳитнинг одами. Бу дунёда эса манипуляция доирасига тушмаган инсон йўқ. Инсон динлар, мафкуралар, режимлар, ҳукуматлар, фикрлар, пул, манфаат… томонидан бошқарилади. Бу миллион йиллардир шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади. Демак, инсоннинг ўзи асли қул экан, қандай қилиб журналист ёки журналистика мустақил бўлиши мумкин. Бугун биз баъзиларини мустақил деймиз-бу нисбийлик назариясининг оқибати.
Лекин ҳаётда жуда оз сонда мустақил шахслар бўлади, улар ўз мустақилликларини кўрсатган кунлари ё жиннига чиқаришади ёки йўқотишади. Шунинг учун ҳам биз уларни билмаймиз.
Мустақиллик ҳақидаги қолган гапларнинг ҳаммаси афсона… йўқ, хато қилдим, афсона эмас, пул ёки манипуляция ҳосиласидир.
ЖМ.
Filed under: Kundalik, Savol-Javob |








Leave a comment