Савол-Жавоб

“Қувғин” ҳақидаги саволларга жавоблар

“Қувғин” тарихий романининг қисман янги таҳрирдаги нашридан (Китобнинг бу 2011 йилги нашрини тўлалигича jahonnoma.com сайтида ўқиш мумкин) кейин бир қанча ўқувчилардан мактублар олдим ва уларнинг баъзиларига қуйида жавоб бермоқчиман, қолганларига ҳам келгусида тўхталиш ниятим бор.

САВОЛ: “Қувғин”даги Миртемир ўзингиз бўлсангиз керак. Нега уни бунча мақтаб юборгансиз, яъни ўзингиз ўзингизни?(Нодирбек Латипов).

ЖАВОБ: Аввало шуни айтишим керакки, “Қувғин”да бадиий романчиликдаги ижобий ва салбий қаҳрамон деган эски усул асосида йўлга чиқилган. Бундан 17 йил олдин бугунги қарашларимда бўлганимда бошқача йўл тутган бўлардим.

Ислом Каримов тарихда мавжуд шахс, ҳаётда бўлгани каби романда ҳам у салбий қаҳрамон, Миртемир эса тарихда бор бўлган шахсларнинг умумлаштирилган ва давр учун типик бўлган образидир.

Агар Миртемир образи тўлалигича менинг ҳаётимдан олинганда уни Миретмир эмас, балки “Мен” деб атаган бўлардим. (Зотан, “ИАК”да асосан ўзимнинг ҳаётим билан боғлиқ воқеаларга ўрин берилган.) “Қувғин” ва “Ассасин” романларидаги Миртемир 1990 йилларда демократия, халқ озодлиги учун курашган саноқли депутatларнинг умумлашган образидир. Аммо бу образнинг яратилишида менинг шахсий ҳаётим кўпроқ ўрин эгаллаганини инкор этмайман.

Китобни охирги маротаба кўздан кечирганимда, унинг ёзилганига 17 йил ва воқеалар кечган жараёнга эса 20 йил тўлганди. Ўша даврда ўзимдаги, сафдошларимдаги жасорат нақадар кучли бўлганига бугун ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Бугунги авлодга кимдир ҳар куни мажлисларда золим президент билан очиқ тортишганини айтсангиз ё ишонмайди ёки “қулоққа лағмон осаяпти” деб устингиздан кулади. Лекин бундан 20 йил олдинги даврда бу бўлган воқеа эди. Ўшанда ҳам буни ҳамма қила олган эмас. Бу саноқли депутатларгагина хос бўлган фазилат ўлароқ тарихда қолди.

Демак, Миртемир Каримов деган золимга қарши чиққан саноқли шахсларнинг умумлашма характеридан ташкил топган ижобий қаҳрамондир. Албатта менинг ҳам, сафдошларимнинг ҳам камчиликларимиз бўлган ва шунинг учун ҳам золим режим биздан устун келган. Биз чин юракдан ватанни севганмиз, халққа хизмат қилмоқчи бўлганмиз, аммо озчилик, сарой ўйинларини тушунмаганмиз, асосан юрагимизга қулоқ солганмиз, атрофимиздаги ўйинчиларни самимий инсонлар деб ўйлаб уларнинг гапларига алданганмиз ва ҳоказо.

Китоб ёзилганда мен уни кинофилм яратиш мақсадини кўзлаб қаламга олган эдим. Лекин давр ва шароитлар бунга йўл бермади. Аммо келажакда менинг бу орзуим амалга ошади деган ишончим бор.

САВОЛ:Нима бўлганда ҳам “Қувғин” Каримов ҳукмдорлиги пайтида унинг қилмишларини очиб ташлаган илк асардир. Шундан кейин ҳам шу мавзуда кўп нарсалар ёзилди. Шу ёзилган нарсалар сизга китобни қайта ёзиш керак деган фикрни бермадими?(Аҳмад Собиров).

ЖАВОБ: Йўқ. Айтганингиздек, кейинги йилларда кўп ёзилди ва ҳали яна кўп ва хўп ёзилади. Лекин шу нарса диққатга сазоворки, бугунга қадар ёзилаётганларда “Қувғин”, “Ассассин” тарихий ва “ИАК” автобиографик романларининг таъсирини аниқ кўриб турибман. “Қувғин”нинг баъзи нуқталарида воқеликни кенгроқ очиш учун тўқимага ҳам ўрин берилган. Кейинги йилларда ёзилаётган асарлар ёки мақолаларда ана шу тўқималарни бўлган воқеа ёки одамлар ўзларининг кўрган кечирганлари каби талқин этишларини кўрдим. Бир томондан, тўқималарга ўрин бермаслигим керак эдими, деб ўйласам, иккинчи томондан, шу тўқималар ҳаётий экан, балки бошқалар ростдан ҳам шундай тўқимадаги каби жараённинг гувоҳи бўлган бўлишлари мумкин, дея қувонаман ҳам.

Қолаверса, асл тарих баъзан четда қолиб, жуда кўп тарихий романлардаги воқеаларни биз чин тарих деб юрамиз. Бу бир неча юз йиллардир давом этаётган ҳол. Худди мана шунинг учун ҳам “Қувғин”да “Ассассин”га нисбатан тўқимага жуда оз ўрин берилган.

Албатта, вақт китобни қайта ёзиш учун туртки бўлмади, балки китобга кирган ҳақиқий шахсларнинг аниқ исмларини очиқ айтиш керак ,деган хулосага олиб келди ва бу охирги нашрида амалга ошди.

САВОЛ: Нега “Қувғин”ни тарихий роман деб атагансиз?(Эркин Толипов).

ЖАВОБ: Аслида “роман” сўзининг адабиётга кириб келиши “тарихни халқ тилида ифодалаб бериш” англами билан боғлиқ. Лекин кейинчалик бу англам романтик, севги-муҳаббат устун бўлган асарлар ва тарихий-воқеликка таянган икки йўналишга айрилди. Тарихий романлар туфайли биз бугун дунёда ё салбий ёки ижобий из қолдирган сон-саноқсиз саркардалар, сиёсий лидерлар ва донғи чиққан шахслар, урушлар силсиласи ҳақида тасаввурга эгамиз. Бадиий романда деярли ҳамма нарса тўқима атрофига қурилади. Ҳатто воқелик ҳам тўқима учун хизмат қилади. Тарихий романчиликда эса акси -бадиийлик ёки тўқима воқеликни англатиш учун ишлайди.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиладиган бўлса, “Қувғин” романи воқеликнинг, мавжуд тарихнинг инъикоси.

29 нобярю 2011 йил

turonzamin.com

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: