29 Апрел, 2011 йил
Бугун телевизорда “Ҳайвонот олами” дастурида силовсин ҳақида қизиқарли дастурни кўрдим.
Раҳматли амаким хўп доно инсон эканлар, орадан 20-30 йил ўтиб ҳам у кишининг атрофдаги воқеалар ҳақидаги гаплари тез-тез ёдимга тушади. Мана шу силовсин ҳақидаги дастурдан кейин ҳам у кишининг гапларини эсладим. Ҳар икки гапдан сўнг “Алҳамдуллилоҳ” деб ўз мусулмонлигини пеш қиладиган, Аллоҳнинг номини айтиб, кейин ёлғонларни қалаштириб, орқасидан, “Адашган бўлсам ўзинг кечир, инсон адашгувчидир” деб қўйгувчи бир кишини “Силовсин” дер эдилар.
-У илгари ғирт арақхўр эди, мансаб деса онасини, ака-укасини ҳам сотарди, Горбачев шамоли туфайли давр келиб қолдию бир думалаб мусулмон бўлди, агар яна бошқа давр келса, у бошқа нарсасини ҳам сотиб, ўша даврга мосланади, бундай одамларни ажратиш мушкул эмас, Худойим бундай силовсинларни таниб олиш учун ўз ишоратларини беради,-дегандилар.
Силовсин-мушуксимонлар оиласига мансуб йиртқич.
Қадимда юнон шоҳлари силовсинни аравалари атрофида олиб юриб, халқни қўрқитар эканлар. Шундан бўлса керак “алабўжи” дейилганда силовсинни назарда тутишган.
Силовсин ҳар қандай шароитда ҳам жон сақлаб қолишнинг йўлини топадиган, ўз боласини ҳам қопқонга илдириб, ташлаб қочишга ва тепаликлардан сакраб, ўққа чап беришга уста йиртқич экан. У доим ўзини ҳамлага тайёрдек кўрсатсада “ширт” этган товушдан кейин “лип” этиб ғойиб бўларкан. Одамлар унинг терисига ишқибоз, чунки ялтироқ.
Ҳақиқатдан ҳам амаким айтган ўша “силовсин” одам Каримов даврида Худони унутиб, золимга сиғинди. Ҳозир пенсияда. Яна “Алҳамдулиллоҳ” деб юрибди экан, чунки кичик бир қишлоққа мулла экан, Каримовга хизматини шу йўсинда давом эттириб, халқни эса алдов обеъкти деб биларкан. Халқни нега алдайсан дейишса, у халқ – мавҳумият, умумий бир тушунча эканлигини айтиб, мавҳумликни ҳам алдаб бўладими деб кесатаркан.
Дарвоқе, бундан хулоса чиқариб олсак, демак агар кимдир ўз дўстини, устозини, оиласи, ака-укаларини халқ деб ҳисобламаса, демак у бошқаларни умуман назарга олмайди, уларни ҳайвон даражасидан ҳам пастга қўяди. Бу энг даҳшатли нарса, ўзини ҳаммадан устун қўйиш касалининг метазтаза ҳолига келганидир бу!
Ўзининг оний, ҳиссий манфаати учун дўстлари, сафдошлари, ака-укалари, қариндошларини қурбон қилган ва кейин икки гапнинг бирида буни “кузир” қилиб ишлатган одам эса, керак бўлса ўз манфаати учун халқнинг қолган қисмини ҳам қурбон қилади.
Бундай одамлар ҳар икки гапнинг бирида “Алҳамдуллилоҳ” дейишдан ҳам, Худонинг номини сотишдан ҳам қайтмайдилар. Керак бўлса, ўзларини қайта-қайта сотишга тиришадилар, бозор кўтарган кунда.
Лекин “Бир марта бозордан қайтган мол яна қайтиши мумкин” деган гап ҳам бор.
ЖМ








Leave a comment