Ҳодисот: Бирлашиш ҳақида

Робия Қодир ва Жаҳонгир Муҳаммад

28 Апрел, 2011 йил

“Озод Осиё” радиосида ишлайдиган танишим – Набижон Турсун келиб қолди. Жуда ақлли ва мулоҳазаси чуқур йигит. Дунёнинг “у бурчидан кириб, бу бирчидан чиқдик”.

Гаплашган мавзуларимиздан бири уйғурлар ҳақида эди. Биз Туркияда яшаганимизда уйғур гуруҳлари орасида жанжаллар, бир-бирини айблаш, бўлмаган мансаблар учун талаш бор эди.

“Хитойда уйғурларнинг исёнидан кейин ҳам аҳвол ўзгармадими?” деб сўрадим ундан.

Мени хурсанд қилган нарса хориждаги уйғурлар бугун битта лидер – Робия Қодир атрофида бирлашибдилар. Робия Қодирни танийман, анжуманларда учрашиб турамиз, ҳақиқатдан ҳам лидерларнинг лидери. Кейинги ой Вашингтонда унинг раҳнамолигида Бутун дунё уйғурларининг анжумани бўлади.

Набижон уйғурлар ҳақида гапирар экан, ўзбекларнинг вазиятини ҳам кузатиб бораётганини айтди.
-Бизда сизларга ўхшаган битта лидер атрофида бирлашиш мумкин эмасдек ҳолга келинган,-дедим мен.
-Бизнинг шароит бошқа,-деди у.-Уйғурларда ташқи душман бор. Улар мустамлакага қарши бирлашган, хитойларга қарши бирлашган. Сизларда бундай имконият 1990 йилларнинг бошида бор эди. Лекин ўшанда ҳам бирлаша олмагансизлар. Бундан кейин ҳам бирлашиш дегани мағлубиятни бекитиш учун баҳона ролини ўтайди. Балки уйғурлар ҳам озод бўлишса, уларда ҳам шундай бўлинишлар юз бериши мумкин ва бунга табиий ҳол деб қараш керак.

Ўзбек жамиятида қайси гуруҳ тўғри йўлни танлаб қадамба-қадам муваффақиятга эришиб бораверса, бирлаш демасангиз ҳам ҳамма ўшанинг атрофига тўпланади.

Баъзилар “Бу ўзбекнинг зеҳниятида бор,-дейдилар,-куч қаёқда бўлса, ўша томонга интилади”.

Баъзилар “Бу фақат ўзбекнинг эмас, умуман инсон зотининг зеҳниятидир”, дейдилар.

Баъзилар эса, “Бу-бутун борлиқнинг қонунияти” эканлигини айтадилар.

Балки?

Бунга савол қўйишимнинг сабаби эса, биз Каримов ва режимининг кучини тан олмай, унга ёпишмай, уни ташлаб кетдик-ку? Қайтишимиз учун Каримов биздан бор йўғи битта мақтов кутди, ҳали ҳам кутмоқда. Лекин ҳаётимиз мутлоқ боша йўналишга бурилиб кетган бўлса ҳам Каримовга қўшилмадик, унинг режими билан бирлашмадик.

Шунинг учун бугун мен билан бирлаш деб тўти каби такрорлайверадиган одамларга сизни Каримовдек қаттол, разолат ботқоғи деб ҳисоблаганлар агар ҳаётлари издан чиқиб кетса ҳам сизга яқин йўламасликларини англашингиз керак, демоқчиман.

Менимча, бирлашиш ҳалоллик ва ҳақиқат, адллик ва адолат атрофида бўлади. Демак, энг аввало ана шунга эришиш керак. Бу эса жуда қийин эришиладиган масала. Бошқачароқ айтганда, бу жуда қийинчилик билан бўлса ҳам эришиш мумкин бўлган масала.

ЖМ.

Leave a comment