Ҳодисот:Емиш

22 апрел, 2011 йил

Хитой  Тожикистонни “ишғол” қилиб, энди Ўзбекистонга кириб келмоқда. Ҳудуд нуқтаи назаридан бу биринчи ҳол эмас. Узоқ тарихда Хитой бу минтақани босиб олиб, кучли ассимиляция ўтказгани ҳақида илмий китоблар мавжуд.

Доим шундай бўлган, катта миллатлар кичик халқларни “еб” юборишга интилишган. Бугун ҳам айни ҳол.
Тожиклар Урусиятга кетган бир пайтда Тожикистонда минг-минглаб хитойлик мардикорлар ишлашмоқда ва уларнинг ерли қизлар билан оила қуриб,  доимий фуқарога айланаётганлари ҳақида  хабрлар кўп. Яқин келажакда тожиклар орасида хитой кўринишли янги авлод етишиб чиқиши ҳам турган гап.

Ўзбек қизларининг Корея, Россия ва бошқа жойларга турмушга чиқиб кетаётгани анъанага айланиб қолган бугунги кунда Хитойнинг Ўзбекистонга катта сармоя билан кириб келиши оқибатларини тахмин қилиш мумкин.

Бундан бир  неча йил олдин Тожикистонга катта сармоя киритган Хитой ўзи қурадиган ва сармоя қўядиган жойларда ўз фуқароларини ишлатишни талаб қилган ва бунга эришган.

Ўзбекистонда ҳам яқин келажакда хитойлик мардикорлар пайдо бўлса, ажабланмайман. Уларнинг келиши бор, аммо кетиши йўқ. Россиянинг Хитой билан чегараси томонлардан руслар аллақачон қочиб, минтақа мардикорлар қўлида қолди. Бу Хитойнинг катта сиёсати эмасмикан? Бу борада ички тажрибаси ҳам етарли. Йиллардир Шарқий Туркистонда катта қурилишларни баҳона қилиб у ерга ханларни жойлаштирди ва бугун уйғурлар ўз юртларида озчиликка айландилар. Уйғурларнинг бир қисми ханлар билан жиддий равишда қўшилиб ҳам кетмоқда. Қон тўкилиш билан якунланган жанжаллар ҳам буни тўхтата олмади.

Туркистон, Турон бирлиги унутилган заминда бошқа нарсалар ўз-ўзидан унутилади ва кичик халққа айланиб қолганлар катта миллатларнинг “емиши” бўладилар.

ЖМ

Leave a comment