Девоналик шунақа…

ТОБУТ
Тобут ҳам ўзича қўяр йўталиб,
Бир ёнда одамлар бир ёнда лаҳат,
Не не жасадларни кўрди кўтариб,
Кимнинг кимлигини билолмай фақат.
Тобут ҳам тарихдир ўз дунёсида,
Гоҳида елкада, гоҳи чанг босган.
Уйқуга кетганда шум рўёсида,
Баъзан ўз-ўзини дорларга осган.
Тобут ҳам титрайди туҳмат дастидан,
“Силкиниб борар” деб айтсалар магар.
Тобут тош қотади ўлим шастидан,
Одамлар силкинар, елка силкинар…
Тобут ҳам ўлади ўз маконида,
Уни кўтаргувчи тобут топилмас.
Ё ёнар ё ётар ўз арконида
Кафан не устига бўз ҳам ёпилмас.

***

Баъзан бошимни унутиб,
ёшимни унутиб,
Сену ўйлайман.
Баъзан рўёни унутиб,
Дунёни унутиб
Сени ўйлайман.
Баъзан сўзимни унутиб,
Ўзимни унутиб,
Сени ўйлайман.
Баъзан йўлимни унутиб.
Ўлимни унутиб
Сени ўйлайман.
Бегоналик шунақа,
Девоналик шунақа,
Баъзан бегонаман,
Баъзан девона.

Вашингтон, 2002 йил
Жаҳонгир Муҳаммад

Leave a comment